ЕЛЕНА УРЛАЕВА: “БИЗ ҲАР ДОИМ СТРЕСС ҲОЛАТДАМИЗ …”

Elena Urlayeva3 декабрь 2014 йил

Ўзбекистонда ўзининг кундалик ҳаётининг ташқарисида юз бераётган воқеаларга ҳеч бўлмаганда озроқ қизиқадиган ҳар бир одамга бу аёлнинг исми маълум. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи энг жасур шахслардан бири, норасмий “Ўзбекистон ҳуқуқбонлик уюшмаси” раҳбарининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида журналист Сид Янишев ундан батафсил интервью олди.

***

Елена Урлаева, Тошкент, 2007 йил

Бизнинг сўҳбатимиз унинг ўз оиласи билан яшайдиган ва  оғир ахволга тушиб қолган одамларга ёрдам берадиган “қайноқ” телефон линияси кеча-ю кундуз ишлайдиган “штаб-квартира”сида бўлиб ўтди.  

Елена Михайловна, ўзингиз, яқин одамларингиз ҳақида бироз гапириб беринг…

– Мен 1957 йилда Андижонда туғилганман, отам қурувчи, онам эса болалар боғчасида тарбиячи бўлишган. Мен икки ёшда бўлганимда ота-онам Тошкентга кўчиб ўтишган, ўшандан бери биз шу шаҳарда яшаймиз. 1980 йилда мен аэролог-радиотехник мутахассислиги бўйича Харьков гидрометеорологик техникумини битирдим, 1981 йилдан бошлаб 19 йил давомида Ўзбекистон телевидениесида электромеханик, яъни суратга олувчи аппаратурани созловчиси бўлиб ишладим. Менинг Лариса исмли синглим бор, у медик, ҳозир Харьковда яшайди. Мендан етти ёш кичик, сиёсий қочқинлик мақомини олган Василий исмли укам эса АҚШда яшайди.

Ёшликда сиз нималарга қизиққансиз?

– Мен спорт билан, дастлаб енгил атлетика, кейинроқ тоғ туризми ва альпинизм билан фаол шуғулланганман. Ҳозир ўз истакларини қондириш учун ҳам, ишлаш учун ҳам булар билан менинг ўғлим шуғуллаяпти – у саноат альпинисти ва қутқарувчи (Денис – AsiaTerra).

Дарвоқе, болаларингиз ҳақида: англашимча, сизнинг фақат битта ўз ўғлингиз бўлса керак?

– Ҳа, Денис Урлаев, у ҳозир 30 ёшда. У ўзининг оиласи – хотини ва уч ёшли қизи Алиса билан менинг 86 ёшли онам билан яшайди. Мен ўзимнинг ягона неварамни жуда яхши кўраман, бироқ, тўғрисини айтсам, уни тарбиялашга вақтим етмайди – ишдан қўлим бўшамайди.

10 ёшли Мухаммад кимингиз бўлади?

– У эрим Мансурнинг синглисининг ўғли.

Билишимча, сизлар расман никоҳдан ўтмагансизлар?

– Ҳа, биз 20 йил бирга яшаётган бўлсак ҳам, у менинг фуқаровий эрим.

Нега шу пайтгача никоҳдан ўтмадингиз?

– Гап шунда-ки, у яқиндагина олдинги хотини билан ажрашди.

Эшитишимча, Мухаммаднинг онаси унчалик соғ эмас экан, айтишларича, у шизофрения билан касалланган экан.

– Ҳа, бу тўғри.

– Боланинг отаси ким?

– Уйланган бир одам бор эди, шунинг учун бизга Мухаммадни норасмий оталиққа олишга тўғри келди. 2010 йилда уни биздан ҳатто тортиб олишга, болалар уйига жойлаштиришга ҳаракат қилишди. Буни Мирзо Улуғбек туман хокимияти қошидаги махсус комиссия қатор йиллар давомида бизга ифлосликлар қилиб келган, бироқ ўзини ҳуқуқ ҳимоячисиман деб айтиб юрган бир фитначи аёлнинг аризасига кўра қилди. Бола учун кураш бошланди, мен Мустақиллик майдонида пикетлар ўтказдим. Бизнинг шикоятлар ва пикетларимиздан кейин ҳамма нарса тинчиди.

Балки сиз болани ўзингизнинг номингизга расман ҳужжатлаштириб олганингиз маъқул бўлар?

– Расман имконияти бўлмади: Мансур унга фақат тоға бўлади, суд эса мени ўзини идора қила олмайдиганга одамга чиқарган. Бир пайтнинг ўзида, Мухаммаднинг онаси – 51 ёшли Лилия – расман медицина томонидан соғ деб тан олинган. Мана шунақа парадокс.

У ўғли билан борди-келди қиладими?

– Ҳа, у биз билан яшайди ва унга ёрдам беради – расм чизишни ўргатади, бироқ Муҳаммаднинг тарбияси асосан Мансур икковимизнинг гарданимизда.

Бола Лилияни ўзининг онасидай қабул қиладими?

– Ҳа, бироқ барибир мени онам деб ҳисоблайди.

Мен Муҳаммадда мактаб масаласида муаммо бўлган деб эшитувдим, …

– Менинг ҳуқуқбонлик фаолиятим туфайли уни биринчи синфга олишни хоҳлашмади. Уни мактабга олишларини талаб қилиб пикетлар ўтказишга тўғри келди, ва ҳамма нарса яхшилик билан тугади. Бошида уни таъқиб қилишди, безори сифатида кўрсатишга ҳаракат қилишди, у анча қийналди, албатта. Устига устак, у бизнинг бир неча тадбирларимизнинг иштирокчиси бўлган.

Умуман, у сизнинг фаолиятингизга қандай қарайди, у бу пикетлар ва тадбирлар нима учун ўтказилишини, сиз билан бирга бўлган одамлар ким эканини тушунадими?

– Муҳими, у милициядан, ҳақиқатни айтишдан қўрқмайди. Эрим ҳам милициядан қўрқмайдиган бўлиб қолди, унинг айтишича илгари у милиционерларга маълум бир қўрқув билан қараган…

Бир пайтлар у улар билан ҳамкорлик қилади, деган миш-мишлар ҳам юрган…

– Йўқ, у зиёли одам, у ҳамма вақт улар билан маданий тилда гаплашади, холос.

У ҳам телевидениеда ишлаганми?

– Ҳа, у ҳозир ҳам, кўп йиллардан бери, телевидениеда ишлайди, илгари у “Ўзбектелефильм”да ишлаган, ҳозир эса –Миллий медиамарказда етакчи инженер бўлиб ишлайди. Дарвоқе, айнан телевидениеда икковимиз танишганмиз.

Урлаева – бу сизнинг қизлик фамилиянгизми?

– Йўқ, Урлаева фамилияси менга биринчи, вафот этган эрим Вячеславдан қолган – у билан мен аллақачон ажрашганим эдим. Денис, дарвоқе, икковимизнинг ўғлимиз бўлади. Менинг қизлик фамилиям – Евстигнеева эди.

Сиз Вячеслав билан неча йил турмуш қурдингиз?

– Мен Мансур билан танишганимга қадар биз беш йил бирга яшадик … Бироқ Вячеслав иккаламиз дўстлигимизни узганимиз йўқ, у ҳатто кейинчалик менинг дугонамга уйланди, у билан дугоналигимиз ҳозиргача давом этаяпти.

Сиз ҳуқуқбонлик ҳаракатига қандай қўшилдингиз?

– Ҳамма нарса, укам Василийнинг 3 ёшлик Василиса ва 7 ёшлик Настя исмли болаларини тортиб олишга ҳаракат қилганларидан кейин бошланди, ва укам уларни қутқаришга киришди…

Болаларни тортиб олиш ҳаракати – нега бирдан бу ҳаракат бошланди?

– Унинг собиқ хотини Гулнора ЎзР ИИВнинг секретариатида ишларди. Гулнора болаларини укамга ташлаб, ўзи кетиб қолди. Укам уч йил болалари билан бирга яшади, мен уларнинг тарбиясида унга ёрдам бериб турдим. Кейин укамнинг собиқ хотини ўзининг янги эри билан – у ҳам милиция ходими – Василийнинг уйини тортиб олишга қарор қилишди, бунинг учун болаларни ҳам тортиб олиши керак экан. Бу 1996 йилда бўлган эди. Бошида укам бир ўзи курашди, турли идоралар бўйлаб юрди, кейин бу ишга мен ҳам қўшилдим, ўша пайтда мен давлат идораси ва инсон ҳуқуқларини умуман билмас эдим.

Кейинроқ, 1998 йилда, биз болаларни бермаганимиз учун, бизга нисбатан жиноий иш қўзғатишди – укамни ҳам, мени ҳам суд қилишди. Ана шу таъқиблар ортидан мени телевидениедан ишдан бўшатишди. Турли идораларга фойдасиз кириб чиқишлардан кейин мен ишончлироқ ҳимоя чораларини излай бошладим. Ўшанда мен бизда Толиб Ёқубов бошлиқ “Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти” борлигини эшитдим. Мен бу ташкилотга ҳимоя учун мурожаат қилдим ва мамлакатимизда ҳуқуқбонлар борлиги, ва улар қандай ишлар билан шуғулланишларини кўрдим. Улар судимизга кузатувчи сифатида қатнашдилар.

Суд нима билан тугади?

– Укамни безорилик учун олти йилга қамашди …

Безорилик қанақа бўлган экан?

– Йўқ, ҳаммаси сохталаштирилган эди: милиция бизни калтаклади ва ўзимизга безориликни “осиб” қўйишди. Мени ҳам шу жиноий модда билан айбдор топишди ва беш йил қамоққа ҳукм чиқаришди. Бироқ, менга, аёл бўлганим учун амнистияни қўллашди ва суд залида озод қилишди, укам эса кейинчалик амнистияга тушиб Қарши колониясида уч йил реал ўтириб чиқди.

Биз болалар учун курашни давом эттирдик. Натижада, қийноқлар қўлланилган укамга нисбатан уч марта жиноий иш қўзғатилди. Битта иш бўйича судья уни оқлади, бошқалари нима билан тугагани ҳозир ёдимдан кўтарилган. Умуман олганда, иккита судни биз ютишга эришдик – балки шунинг учун бўлса керак-ки, биз барча суд жараёнлари бўйича БМТга Толиб Ёқубовнинг кўмагида шикоят ёзиб турдик.

Василийнинг ишга жойлашиш ҳақидаги аризаларига ҳамма жойда рад жавобини беришарди, унга қарши фитналар уюштириш давом этди, биз пикетлар уюштирдик, уларда унинг иккинчи хотини қорақалпоғистонлик Альфия ҳам иштирок этди. Хуллас, биз ҳаммамиз кутилмаганда инсон ҳуқуқлари учун курашувчиларга айландик.

Натижада, укам 2008 йилда Бишкекка кетди, ва БМТ қочқинлар иши бўйича Бош комиссари бошқармасининг маҳаллий бўлимидан сиёсий қочқинлик статусини беришни сўради. Уни АҚШ қабул қилди, кейинроқ унинг олдига хотини ва қизи Василиса боришди. 2012 йилда эса уларнинг қизи Мишель туғилди.

Бошида улар Мэн штатида яшадилар, кейин эса таъқиблардан қутулиш учун Баҳодир Чориевнинг ёрдами билан Миссури штатига ўтишди. Ҳозир Василий Альфия билан машина ҳайдовчилар курсида ўқишаяпти, ва, балки, Чориев каби узоққа юк ташийдиган ҳайдовчи бўлишлари мумкин.

У қанақа янги таъқиблар?

– Василий АҚШда кутилмаган муаммога дуч келди: АҚШда қочқинлардан болаларини тортиб олиш жуда осон экан – уларда ҳуқуқларнинг камлиги, тилни яхши билмаслиги, юқори малакали адвокатларга мурожаат қилишнинг имконияти бўлмаслиги катта тўсиқ экан. Гап шунда-ки, Мишель туғилганда вазни жуда кичик бўлган. Укам бунда врачларни айблади, улар эса гўё Альфия туғишдан олдин яхши овқатланмаган, деб ота – онасини айбдор қилишди.

Натижада Мишелни улардан тортиб олишди, Василисани ҳам тортиб олишга ҳаракат қилишди, бироқ укам оиласини олиб ўз вақтида бошқа штатга ўтиб кетди. Ҳозир Мишель масаласи судда кўрилмоқда – октябрь бошида укам суд мажлисига борди, бироқ у негадир бўлмади, ва энди у декабрда ўтиши кутилмоқда.

Мишель исмини қаёқдан олдиларинг?

– Гап шунда-ки, отамизнинг исми Михаил эди, унинг шарафига укам қизига шундай исм берди.

Келинг сизнинг ЎИҲЖ билан ҳамкорлигингизга қайтайлик …

Ўша пайтда, штаби Толиб Ёқубовнинг квартирасида жойлашган ЎИҲЖда менга ҳамма нарса ёқарди. Барча регионлардан ҳуқуқбонлар келишарди, ўша пайтда жуда таниқли бўлган ҳуқуқбон Толиб Ёқубов бизни ҳуқуқбонликдаги кўп ишларга – одамларни қандай ҳимоя қилишни, ҳуқуқларни қанлай талаб қилишни ўргатар эди. Жамиятнинг расмий регистрацияси бўлмаса-да, бироқ унинг ташкилоти юқори даражада эди. Бизда ҳатто ўзимизнинг юристларимиз ҳам ишлашар эди. Ташкилотимизнинг республика қурултойи қандай ўтганини эслайман …

Қатнашувчилар кўпмиди?

– Саксонталарча одам – ўша пайтда ҳар бир регионда ҳукумат томонидан таъқиб қилинган ўзининг фаоллари бор эди.

Балки, ўша пайтда бу нарсалар юмшоқроқ бўлгандир?

– Йўқ, уларни таъқиб қилиш миқдорда ҳам,  ёвузликда ҳам ҳозиргига нисбатан кам бўлган эмас. Эсимда, фаолимиз Шовриқ Рўзимуродов бор эди. 2001 йил эди, шекилли, у қаёққадир кетаётган бўлганми, қурултойгами, қандайдир конференциягами, ҳозир аниқ эслай олмайман, уни йўлда ушлашган, кейин ИИВ подвалида қийнаб ўлдиришган.

Ўша пайтда Ўзбекистонда ЕХҲТ, “Фридом Хаус” ташкилотлари ишларди, Тошкентда Би-Би-Си, Рейтерснингофислари бор эди – уларнинг ҳаммаси бизни қўллаб-қувватлашарди. Эсимда, мен ЕХҲТнинг тренингида иштирок этдим. Ҳозир республикада бунга ўхшаган бирорта нарса бўлаётгани йўқ ва ҳамма жойда бўшлиқ ҳукм сураётгандай туюлади, ўша пайтда эса ҳамма нарса қайнаб тошарди.

Ўша пайтда биз пикетларни доимий уюштирардик – ойига бир неча марта. Эсимда, дастлабки пикетларнинг бири 90-чи йилларнинг охирида Тошкент шаҳар ҳокимияти биносининг олдида ўтказилди. Унга, менимча, тўсиқлардан ўтиб фақат тўртта ёки бешта одам етиб келишга эришди. Толиб Ёқубов бизга ўзимизни қандай тутишимиз – индамасдан туриш ва бирорта фитнага учмаслик – ҳақида кўрсатма берди.

Биз мусулмонларни ҳимояси учун, президент Каримовнинг истеъфосини, қийноқларни, уйларни ноқонуний бузишларни тўхтатишни талаб қилиб пикетлар ташкил қилардик… 2001 йилда, мени кузатиб боришга қарор қилган онам билан пикетга борётганимизда, мени биринчи марта ҳибсга олишди ва биринчи марта психиатрик касалхонага ётқизишди. У ерда менга шизофрения деган диагноз қўйишди, ҳамда мен жамият учун ижтимоий хавф туғдирадиган одам эканлигимни айтишди. Яъни, ўша вақтлардаёқ ҳукуматдагилар бундай методдан ҳуқуқбонларнинг овозини ўчириш мақсадида фойдаланишди. Мен билан бирга психушкада бизнинг бир неча ҳуқуқбонларимиз – Лариса Вдовина, Лариса Конакова ҳозир чет элда яшашаяпти – ўтириб  чиқишди, уларга ҳам шу диагнозни қўйишди, кейинроқ Жамшид Каримов ҳам психушкага ташланди… У пайтларда бу – ҳукуматнинг ўзгача фикрлайдиганларга нисбатан одатдаги амалиёти эди.

2001 йилда сизни нимага асосланиб психушкага жойлаштиришди? Суд қарорига кўрами?

– Йўқ, аввал мени Тошкент трактор заводи олдидаги милициянинг таянч пунктига олиб боришди. У ерга психиатрия бригадасини чақиришди, менинг қўлларимни боғлаб психиатрик касалхонага олиб боришди.

Нега сиз бунга қандайдир асос бердингиз?

– Йўқ, мен озод қилишларини талаб қила бошладим, холос. Мен ўзим ва бир касбдошим учун керак бўлган плакатлар солинган катта сумкамни олиб юрган эдим, ва мен касбдошларимни ёмон ҳолатга туширишни истамадим. Шундай қилиб, ўша пайтдан бошлаб мен “шизофреник” бўлиб қолдим – мени Чуқурсойдаги психушкада ҳам, 5-чи трамвай йўлидаги 1-чи касалхонада ҳам сақлашди …

Билишимча, сизни мажбурий даволаниш учун кўп марта ётқизишган.

– Ҳа, биринчи марта 2001 йилда, иккинчи марта 2002 йилда мусулмонларнинг ҳимоясига пикетга чиққанимизда содир бўлди. Ўша пайтда мен билан бирга психушкага Лариса Вдовинани ҳам ётқизишди. Бизни у ерда тўрт ойга яқин олиб туришди, бир неча марта кроватга боғлаб, психикага кучли таъсир қиладиган ҳар хил психотроп дорилар билан мажбурий укол қилишган. Эсимда, улардан ҳатто тил ишламай қоларди, гапириш жуда қийинлашарди

Учинчи марта мени психиатрик касалхонага 2005 йилда Андижон воқеаларидан кейин жойлаштиришди. Содир бўлган воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича бизнинг талабларимиз ҳамда Андижонда отилган қурбонлар хотираси жойи сифатида биз рамзлик равишда танлаган Тошкентдаги Матонат ҳайкали олдида уюштирган бир неча пикетларимиз бунга асос қилиб олинди. Шу пикетларнинг биридан кейин мени яна тўрт ойга – августдан декабргача – касалхонага ётқизишди.

Тўртинчи марта мен психиатрик касалхонага ўзимнинг нерв “тутқаноғи” туфайли тушдим – бу менинг Туркияга 2012 йил 27 мартдан 1 апрелгача бўлган сафаримдан кейин юз берди …

Муҳаммад Солиҳ таклифи билан Туркияга бориб, у ёқдан қайтганингиздан кейин, унинг хотини сизга бир нарса ичирганини айтган эдингиз. Сиз ҳозиргача шу гапда турибсизми?

– Унинг хотини – шифокор, менга у ерда ҳар хил ўтлар беришган…

Бироқ бу оддий ялпиз, тошчўп бўлиши мумкин-ку…

– Биласизми, ҳозир менга ўша пайтда менинг психикам ўз ишининг уддасидан чиқа олмагандай туюлади…

Ниманинг уддасидан чиқа олмади? Агар сиз бир одамникида, мусулмонникида, яхшими, ёмонми, аҳамияти йўқ, меҳмонда бўлсангиз, у сизни негадир заҳарлай бошлайди, деб ўйламайман. Ўйлайман-ки, сизга улар яхшигина меҳмондўстлик кўрсатишган, ёки йўқми?

– Ҳа, яхшигина меҳмондўстлик кўрсатишди, ҳамма нарса яхши бўлди, бироқ, биласизми, айни пайтда менга, менинг психикамга дин йўналишида босим бўлганини сездим …

Солиҳнинг хотини томониданми? Менинг эшитишимча, у динга мутаассибларча ёндошар экан.

– Ҳа, мутаассибларча, фақат угина эмас – Муҳаммад Солиҳ ҳам. Балки, бу яхшиликкадир, мен билмайман. Улар телевизор кўришмас экан, Қуръондан бошқа китоб ўқишмас экан.

Информацияни улар қаердан олишади – фақат интернетданми?

– Балки, бироқ уларда ҳамма нарса динга жуда кучли боғланган, ва мен бунга қандайдир берилдим ва ҳатто исломни қабул қилдим. Менинг бошимга нимадир кўндаланг туриб қолгандай бўлди. Менинг ишончим бўйича, мен қандайдир гипнозга берилдим…

Солиҳнинг хотини томониданми?

– Ҳа, ва, балки, Солиҳнинг ўзидан ҳам бўлиши мумкин, чунки иккаласи ҳам менга қандайдир таъсир кўрсатишди.

Бу таъсир нимада намоён бўлди?

– Мулоқот, сўҳбатлар, биз мачитларда юрдик … Негадир мен кутилмаганда мусулмонча рўмол ўрадим ва ҳатто телевидение учун кўрсатувда қатнашдим – мен Каримов режими ҳақида, ҳамма таъқиб остида эканини гапирдим … Психологик босим остида ўзим устимдан назоратни йўқотдим, ва қайтаётганимда, самолётнинг ичидаёқ ўзимни ёмон ҳис қила бошладим – бошим қандайдир илгаригидай фикрламай қолди.

 

Тошкентга етиб келганимизда, мен ўзимни тамоман ёмон сеза бошладим… Эсимда, мен намоз ўқий бошладим … Мен фақат Аллоҳ, ислом ҳақида ўйлардим, бирорта бошқа нарса ҳаёлга келмасди. Мен телевизорни ўчиришларини талаб қилардим, барча китобларни улоқтирдим…

Айтишларича, ўшанда сиз ҳатто ўзингизнинг барча ҳуқуқбонлик адабиётингизни деразадан ташқарига улоқтиргансиз.

– Мен ҳаммасини макулатурага улоқтирдим. Эсимда, эрим ишдалиги пайтида, қандайдир бомжлар келишди, мен уларга квартирамдаги ҳамма нарсани олиб кетишни таклиф қилдим, ва улар олиб кетишди, ва ҳатто квартирадаги мебельни ҳам олиб чиқишди, чунки улар эски эди, Туркияда эса уйда ҳеч қандай эски нарсалар бўлмаслиги, гўё мусулмонлар фақат янгисида ётиши керак, деб мени ишонтирдилар.

Ҳуқуқбон Баҳодир Намазов ва яна бир фаолимиз, кимлигини аниқ эслай олмайман, келишганда – мен мусулмон бўлганим учун энди эримсиз ҳеч кимни уйга киритмаслигим керак, дегандай – уларни квартирамга киргизмадим. Улар “Сизга нима бўлди? Ҳеч бўлмаса деразадан қаранг” дейишди. Мен рўмолда деразадан қараганимда, менда нимадир ўзгарганини улар тушунишди. Устига устак подъезд олдида менинг ҳамма мебелим – диван, креслолар – турарди.

Бироқ мебель натижада квартирага қайтарилдими?

– Йўқ, нималар деяпсиз, ҳаммасини олиб кетишди… Икки кундан кейин ўғлим Мухаммад Денисга қўнғироқ қилиб, онам ўзини тамоман ёмон ҳис қилаяпти, деди. Мен эса газни ёққан эдим – аниқ эслолмайман, газ билан боғлиқ бир нарса бўлганди, идиш-товоқни синдира бошладим ва “Аллоҳу акбар” деб қичқирардим… Эсимда, ҳуқуқбон Виктория Баженова келди, ва у ҳам мен ўзимни йўқотганимни тушунди. Кейин Денис, эрим Мансур келишди, ва улар биргаликда зудлик билан психиатрик ёрдам чақиришга қарор қилишди, чунки, айтишади-ку, мен ҳаёлдан тамоман мосуво бўлган эдим. Мен зомбига ўхшардим, ва бу жуда қўрқинчли эди. Яхшиям баъзи ҳужжатлар қолибди – мен деярли барча архивимизни ўз қўлим билан йўқ қилдим.

Психиатрик касалхонада мен бир ой ётдим, сал ўзимга келдим, уйга қайганимда эса уйда бирорта адабиёт қолмаганини тушунгач, мен яна ўзимни ёмон ҳис қила бошладим. Ўғлим: “Oна, биз сенга яна психиатрик ёрдам чақирамиз” деди… Мен кўндим, ва мени яна, бу сафар ўн кунга, касалхонага ётқизишди.

Яна бир марта – ўтган йили менинг олдимга ишончсиздай кўринган бир йигит келди ва иккаламиз турли кераксиз мавзуларда узоқ сўҳбатлашдик, асосан яна дин ҳақида – Будда билан боғлиқ нималарнидир гаплашдик …

У қаердан келиб қолди, нега сиз уни уйга киритдингиз?

– Биз ҳаммани киритамиз, бу ерда ҳамма вақт эшик очиқ, биз ҳаммага ёрдам берамиз. Ўша йигит шуларнинг бири эди. Сезишимча, мен яна психологик босимга учрадим, ўзимни ёмон ҳис қила бошладим… Онам Мансурнинг ишхонасига қўнғироқ қилди, менинг ҳолатимни гапириб берди, ва уларнинг ёрдамида мен яна психиатрик шифохонага тушдим… Ҳозир мен одамларга анчагина диққат билан қарашга ва бирорта фитнага учмасликка интилаяпман.

Фикрингизча, янги “мия кетиб қолишлари” эҳтимоли қанча?

– Мен тушундим-ки, мен гипнозга осонгина бериладиган одамлар категориясига кирар эканман. Масалан, бир куни мен гипноз сеансида қатнашдим, гипнозчи ҳаммага қўлларни маҳкам сиқишни буюрди ва кимнинг қўллари очилмаса, у гипнотик таъсирга мойил бўлади, деди. Биласизми, менинг қўлларим очилмади. Умуман олганда, бу ерда, тушунтирилишича, табиатга боғлиқ экан, – бу ҳар қандай одамда ҳам бўлиши мумкин…

Мен ҳамма вақт руҳим жанговор ҳолатда бўлишига тиришаман. Масалан, икки йилча илгари, қатор “пахта” рейдларидан кейин, мен ўзимни кескин ёмон ҳис қила бошладим – менинг қон босими ошиб кетди, ҳатто ўрнимдан туролмай қолдим, ва эрим тез медицина ёрдами машинасини чақиришга мажбур бўлди. Менга укол қилишди, ва шундан кейингина енгил тортдим. Умуман, биласизми, ҳамма нарса ўзини кўрсатаяпти: иш ҳам, балки, ёш ҳам…

Соғлиқ масаласида сиз ўзингизни қандай сезасиз,?

– Мен ўзимни етарлича нормал ва адекват ҳис қиламан. Тўғри, баъзан менда нерв “тутқаноғи” бўлиб турган, ва, мен айтганимдай, бу тўғридан-тўғри ҳуқуқбонлик фаолияти билан боғлиқ, чунки биз муттасил стресс ҳолатда юрамиз, бир гап билан айтганда, таъқиблар у ёки бу маънода менинг соғлиғимга таъсир қилади.

Сид Янишев ёзиб олган

***

P.S. Интервью Ойдин Солиҳнинг вафотидан бир неча кун олдин олинган эди. Бу ҳақда эшитиб, Елена Урлаева интервью матнисини ушбу сўзлар билан тўлдиришни илтимос қилди: “Мен афсусдаман ва Светлана-Ойдиннинг қариндошлари ва яқинларига ҳамдардлик билдираман. У кўп одамларга ноанъанавий табобат йўли билан ёрдам берганини биламан. Одамлар унга қанчалик миннатдорчилик билан муносабатда бўлганларини мен кўрганман. Ер унга пардек юмшоқ бўлсин…”.

(Давоми бор)

Справка

Елена Михайловна Урлаева (қизлик фамилияси Евстигнеева), Андижонда 1957 йилда туғилган. 1980 йилда Харьков гидрометеорологик техникумини аэролог-радиотехник мутахассислиги бўйича битирган. 1981 йилдан бошлаб 19 йил давомида Ўзбекистон телевидениясида суратга олиш аппаратураларини электромеханик – созловчиси бўлиб ишлаган.

1998 йилда ҳуқуқбонлик фаолияти билан шуғуллана бошлаган, 2006 йилда унинг фаол иштирокида тузилган “Ўзбекистон ҳуқуқбонлик альянси” – ўзбекистонлик бир қатор ҳуқуқбонларининг ноформал уюшмасинннг раҳбари бўлди.

Ўз фаолияти туфайли кўп марта таъқиб остига олинган – кўп марта судланган, психиатрик касалхонага ётқизилган ва мажбурий даволанган, ҳибсга олинган ва калтакланган. 2010 йилда была объявлена Пер Ангер мукофотига сазовор бўлган.

Информацияни электрон почта орқали жўнатмалар кўринишида тарқатади.

Икки марта турмуш қурган, иккинчиси расмий ҳужжатлаштирилмаган. Биринчи эридан ўғли бор, ундан ташқари эрининг жияни  Мухаммадни тарбиялайди.

 

Толиб  ЁҚУБОВ  таржимаси

8  декабрь,  2014  йил;                    Франция

Categories: ТАРЖИМАЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.