ПУТИН НОМЛИ БОШИБЕРК КЎЧА

Boshi berk ko'cha29 октябрь, 2014 йил,

 

Алексей КОНДАУРОВ

Мухолифат сафида Қримни “қайтиб бериш-қайтиб бермаслик” ҳақидаги кейинги кунларда бўлиб ўтган баҳс, президент Маъмурияти бошлиғининг ўринбосари Володиннинг Россия Путинсиз тамом бўлишининг муқаррар эканлиги ҳақида очиқ айтгани ва, ниҳоят, Россия президентининг “Валдай клуби” мажлисидаги нутқи Россия боши берк кўчада турганлигини, бу кўчадан осон чиқиш йўли йўқлигини очиқ-тиниқ намойиш этди.

Ҳақиқатан, Қримни Украинага қайтариш — россияликлар психикаси учун ёмон, қайтармаслик эса — халқаро ҳуқуқни бузишни давом эттириш бўлиб, ўша россияликларнинг ахлоқий соғлиғи, украин халқи ва Ғарб демократиялари билан муносабатлар учун ёмон.

Путин ўзининг Сочидаги нутқи ва саволларга берган жавобларида Қрим мавзуси бўйича баҳсларга вақт сарфламоқчи эмаслигини, санкцияларга қарамасдан, агар АҚШ ўз низоми билан ўзга монастирга суқулиб кирадиган бўлса. биринчи навбатда АҚШ билан тарафкашликка тайёр эканини очиқ айтди.

Володин агар Путин, Худо кўрсатмасин, Кремлдан кетса, ядровий қуролли мамлакат парчаланиши билан қўрқитди. Қўрқита туриб, унинг ўзи ҳам қўрқаётгани кўриниб турибди, чунки у системанинг кучсиз томонларини ичидан билгани учун, мувозанати мустаҳкам иқтисодий фундамент, ҳокимиятнинг бўлиниши, ривожланган демократик институтлар, мукаммал бошқариш системаси ва сиёсий кўпхиллилик устига қурилган эмас, балки президент рейтингини сунъий шишириш, ташвиқот, коррупцион-корпоратив ва полиция-прокурор-суд занжири билан боғланган ҳолда ушлаб турилган давлат конструкцияси Путинсиз қаттиқ силкина бошлашини тушунади.

Ғарбчилар ҳали саросимага тушганлари йўқ. Германия канцлери Меркель Путин чиқишининг эртаси куниёқ санкцияларни давом эттириш кераклини айтди. Давлат департаментининг расмий вакиласи Псаки АҚШ Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга урғу беражагини давом эттириши ҳамда Европа ва Шимолий Америка хавфсизлиги асосланган принциплар бўйича келишувга бормаслиги руҳида баёнот берди. Ундан сал илгари Польша президенти Комаровский Rzeczpospolita газетасига берган интервьюсида “бутун ғарбий дунё” санкцияларни бекор қилиш шарти сифатида Қримни қайтариш талабини қўйди, деди.

Айни пайтда санкциялар сиртмоғи рублнинг қулаши, инфляциянинг кучайиши, капиталнинг мисли кўрилмаган даражада қочиши, аҳоли даромадларининг пасайишида ўзини кўрсатмоқда. Нефть нархларининг бемаҳал пасайишининг содир бўлиши эса Россия иқтисодига яқин келажакда бирор бир яхши нарса олиб келмайди.

Мамлакат кириб қолган ва бемалол кўриниб турган боши берк кўча шароитида Россияни парчаланишдан олиб қолиш учун жавобгарликни ўз гарданига олишга тайёр экани ҳақида очиқ баёнот бера оладиган ва жамиятга ҳаракатларнинг батафсил программасини тақдим эта оладиган унча-мунча жипслашган демократик мухолифатнинг йўқлиги муаммоси қолаверади. Бироқ унинг лидерлари режимнинг чириши ўнйилларга чўзилиши мумкин, деб ўйлашда илгаригидай давом этмоқдалар ва шунга яраша секин силжийдиган “кичик ишлар” тактикасини танламоқдалар.

Агар  Путинни қўллаб-қувватлаётган бемаъни-бетаъсир 84 фоизнинг жузъий томонларини қўятурсак ва атрофга диққат билан қарасак, Қрим бўйсундирилгандан кейин, 2018 йилгача бўлган оралиқдаги Новороссиянинг бир бурдасини тортиб олишдан келиб чиққан ларзалар эҳтимоли анча ўсди. Кремлда ҳам ҳозирги ҳокимият учун воқеалар ривожланиши салбий манзара касб этишини эҳтимолдан узоқ эмас, деб қаралаётганининг белгисини, қанчалик ҳайратли бўлмасин, Володиннинг Россия Путинсиз тамом бўлади, деган“яхши хабари”дан кўриш керак.

Иқтисод штопор [Штопор – бошқариши йўқолган самолётнинг осмондан пастга тик қулаши – ТАРЖИМОН]га кираётгани, ҳатто санкциялар бекор қилинганда ҳам Путин-Медведев командаси уни штопордан яқин йиллар ичида олиб чиқиб кета олмаслиги ҳаммага, жумладан юқори мансабли мулозимларга ҳам, маълум. Тажрибали биржа аналитиклари ва амалиётчилари Слава Рабинович ва Степан Демура Россия ўта оғир молиявий зарбаларга учрашини башорат қилишмоқда.

Форс-мажор [Форс-мажор – кутилмаган ва енгиб ўтишнинг иложи бўлмаган тўсиқ – ТАРЖИМОН ] шароитда ҳукумат жамиятда тарангликни кучайтириб хато устига хатоларни қалаштира бошлайди. Ҳозирги ҳукумат координаталари системасида, ҳамма нарса иқтисодни деярли тушунмайдиган битта одамнинг иродасига боғлиқ ва у дунё ривожланиши тренд [Тренд – сиёсий, иқтисодий ёки ижтимоий жараёндаги асосий йўналиш – ТАРЖИМОН ]ини тескари тушунадиган автократ бўлса, ундан бошқача нарсани кутиш қийин.

Ҳатто ҳалокат бўлмай, фақат узоқ чўзилган кризисга тушиш бўлганда ҳам, фуқароларнинг, айниқса рефлексия [Рефлексия – инсоннинг ўз-ўзини танқидий таҳлил қилиш қобилияти – ТАРЖИМОН ]га мойилларнинг психологик барқарорлигига ўта кучли зарба берилади; бошқарув тўдасида асабийлашиш ва бўлиниш кучаяди.

Яшаш минимуми чизиғидан ташқарида умргузарон қилувчи, сони яқинда юз минглаб, балки миллионларгача кўпайиши аниқ бўлиб турган 15 миллионли аҳолини ҳеч ёққа йўқотолмайсан. Уларни янги ҳудудларни қўшиб олишдан бошқа бирор нарса билан овутишнинг иложи бўлмайди. Бироқ, ўйлашимча, бир-икки йилдан кейин халқаро судлар Россияга кўп миллиардли даъвони илгари сурганларида Қрим ҳам томоққа калтак тиқилиб қолгандай бўлади.

Новороссиядан қайтган “қуролли одам”га ҳам уйида иш топилмайди. Бу “қуролли одам” Рублёвкада яшовчи одам эмас, балки ватанида кўнгилсиз ҳаётдан бошқа ҳеч нарса кутмаётган 15 миллионли қашшоқлар вакилидир. Бироқ у милтиқ найзасини ерга санчиб қўйишдан ҳазар қилмай, омочни бошқараётган деҳқон Григорий Мелехов эмас.

Бундай одамнинг қўлига қурол тутқазиб, ундан, ўлимдан қўрқмаган одамдан, энди қуролини тортиб олишга ҳаракат қилиб кўр-чи. Албатта, навбатдаги “озодлик келтирувчи уруш”ни собиқ СССР кенгликларида унинг учун ўйлаб топиш мумкин, бироқ урушаётган қашшоқнинг кўзи тез орада очилади ва у синфий сезгига эришади. Мана Донбассда ҳам одамларни фақат “рус дунёси” учунгина ўлдираётганлари йўқ, қўшимча маҳсулотни Россияда юз йил илгари каби ҳозир ҳам ўзгармаган адолатли тақсимлаш учун ҳам ўлдиришмоқда. Қишни очлик ва совуқдан титраётган Донецк ва Луганскда ўтказишни исташмайди, ва қуролланган одам Россия томон йўл олади, ҳамда автоматини бир муддатга, билинмайдиган жойга кўмиб қўяди.

Бир-икки йил иқтисоднинг ўтириши, қусуқли телеташвиқот, черковнинг ҳарбийлашган кайфияти, полиция режими, уятсиз ёлғон, юқори лавозимли шахслар томонидан айтилаётган қўпол ва ифлос анекдот ва разилликлар, шиддат билан қашшоқлашиб бораётган, атрофдаги Россия дунёсининг маънисизлигидан, маънилик келажак йўқлигидан дод солган ўрта синф шўбҳасиз катта шаҳарлар кўчаларига оқиб чиқиши тайин. Шундан кейин нима бўлишини тушуниш учун Майдонни эслаш етарлидир. Ҳаётнинг абгорлиги ва иложсизлиги туфайли насибадан узилган одамларнинг нафрати ташқарига отилиб чиқишидан кейин нима бўлишини тушуниш учун Яқин Шарқни эслаш кифоя. Донбасснинг ўзи ҳам ҳали кўз олдимизда турибди.

Агар халқнинг фаол қисмининг қайнаши-кўтарилишининг бошида демократик мухолифат ташкиллана олмаса, жозибали йўналишларни ифодалаб, таклиф қила олмаса, мамлакатни Путин биланми, ё усизми парчаланишдан сақлаб қолишга қодир бўлган профессионал команда туза олмаса, у ҳолда бўлажак сайловларда мухолифат “Единая Россия” партияси билан эмас,  “денгизбўйи партизанлари” билан блокпостларда омон қолиш учун “рақобатлашиши”га тўғри келади.

Россияда “Катта Новороссия”ни кутишдан кўра, у қисқа вақт ичида юз беради, деб ўйлаб кризис бошланиши муддатларида адашиш ва (иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва ҳ.) маъноларни  ишлаб чиқиш учун “мухолифатчи технократлар”ни тўплашга имкон қадар тайёр туриш учун шошилиш яхшироқдир.

Лўғатча

“Ўз низоми билан ўзга монастирга кириш мумкин эмас” – русларнинг мақоли; Православ черкови ташкил қилган монастирлардаги одамлар черков томонидан тайёрланган низом асосида яшашган; Мазкур низомни монастирга энди борган одам уёқда турсин, ҳатто подшоҳлар ҳам бузишга журъат қилишмаган; Шу ҳолатдан келиб чиқиб, бировнинг ёки бирор жамоанинг ишига асоссиз аралашган одамларга нисбатан мазкур мақол юзага келган;

Коррупцион-корпоратив муносабат (ККМ) – одатда авторитар сиёсий тузумларда давлатнинг турли структураларида коррупция осмонга ўрлагани учун уларнинг мулозимлари орасида ККМ шаклланади; Корпоратив муносабат – турли давлат структуралари (мас., суд, прокуратура, милиция, ҳокимият ва б.) вакиллари орасида корпоратив (умумий, ўзаро манфаатли) муносабатлар юзага келади – бир-бирини қўллаш, ўғирланган, талон-тарож қилинган, босқинчилик йўли билан топилган, порадан тушган (ва ҳ.) маблағ ва мол-мулкни “адолатли” бўлиб олиш шулар жумласидандир; Аҳён-аҳёнда баъзи мулозимларни жавобгарликка тортиш “хўжакўрсин”га қилинади – 1) ё ушбу мулозим “ўйин қоидалари”ни бузган бўлади, 2) ё бошқа бир гуруҳнинг “закази” бўлади.

“Капиталнинг қочиши” – мамлакат иқтисодий ёки сиёсий инқирозга учраган пайтда 1) мамлакатга ташқаридан сармоя ётқизиш кескин камаяди, баъзан тўхтайди; 2) йирик бизнес бошлиқлари ўз пулини мамлакат ташқарисидаги ишончли банкларга ўтказади, ёки бошқа мамлакатда бизнес ташкил қилади – натижада мамлакатдан катта миқдорда валюта “қочади” (чиқиб кетади);

Рублёвка – Москва вилоятининг Одинцово тумани ҳудудида Россиянинг энг юқори лавозимли мулозимлари учун қурилган ҳашаматли коттежли посёлкалар ва резиденциялар жойлашган ҳудуднинг норасмий номи;

“Денгизбўйи партизанлари” – 2010 йилнинг февралидан июнига қадар Россиянинг Приморск ўлкасида ҳаракат қилган, бир неча милиция ходимларини ўлдирган ва суд томонидан жазоланган  Сухорада-Савченконинг уюшган жиноятчилар гуруҳи;

 

Толиб  Ёқубов таржимаси

 

9 декабрь, 2014 йил;                       Франция

 

 

Categories: ТАРЖИМАЛАР | Метки: | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.