ИККИ КАТТА ТАФОВУТ

ИККИ  КАТТА  ТАФОВУТАНТОН ОРЕХЪ

 

12 декабрь  2014 й.

Россия телевидениесини кўриш заруратидан мен ўзимни четлатганим учун бахтиёрман, бироқ унда АҚШнинг Марказий Разведка Бошқармаси (МРБ) фаол қўллаган қийноқлар келтирилган доклад тўғрисида гапирганларини кўз олдимга келтира оламан …

Мен қўлимга келиб тушган материаллар билан қанчалик таниша олганимни сўрасангиз – даҳшатли воқеалар. Қўшиб-чатмаганимда ҳам – ноинсоний ҳатти-ҳаракатлар. Бу – айнан қийноқлар, қандайдир “суриштирув ва текшириш олиб бориш усуллари” эмас. Докладда айтилган нарсаларнинг баъзилари Ўртаасрларни эслатади. Баъзилари фашизмни эслатади. Баъзиларидан Лубянканинг бемаза ҳиди келади. Шу ерда мен тўхтамоқчиман.

Эркин жамиятнинг ноэркин жамиятдан қандай фарқи бор? Агар сиз эркин жамиятда инсоннинг элементар ҳуқуқлари бузилмайди, қийноқлар бўлмайди, Ўртаасрлар йўқ, деб ўйласангиз –  демак, сиз ўта содда одамсиз. Қаерда яшамасин инсонлар табиати ўхшашдир. Ҳар қандай мамлакатда инсон ҳайвонга айланиши мумкин. Ҳар қандай мамлакатда бутун бошли ташкилот маълум шарт-шароитда “ҳайвонлашиши” мумкин. Бироқ турли жамиятлар бунга турлича ёндошадилар. Бу –  эзгулик ва ёвузлик, мумкинлик ва мумкин эмаслик, ‘яхши’ ва ‘ёмон’ орасидаги фарқни тушуниш масаласидир.

Айтинг-чи, бу барча қўрқинчли тафсилотларни биз қаёқдан билдик? Сенатнинг текшириш ишлари олиб боргани туфайли билдик! Бу текшириш ишлари нега бошланди? Америка жамиятида азалдан одамларни қийнаш ‘ёмон’ деган кўзқараш борлиги, бундай нарсаларни яшириб, ёпиб юбориш мумкин эмаслиги учун бошланди.

Бироқ бу ёпиб юборишни хоҳлашмаган ёки ёпишга ҳаракат қилишмаган, дегани эмас. Текшириш ишлари дарҳол бошланди ва тез давом этди, дегани ҳам эмас. Бу – терговни ҳар қандай тўсиққа қарамасдан бошлашди ва ҳар қандай тўсиққа қарамасдан давом этдиришди, деганидир. Натижаси, ўлароқ – Докладни чоп этишди. Бу –  у ерда матбуотнинг имкониятлари ва жамиятда бундай нарсаларни қабул қилмасликни шакллантириш учун салоҳияти етарли экан, деганидир.

Ҳуқуқбонлик ташкилотларида ҳукуматга босим ўтказиш усуллари етарлича топилади. Бу  –  ҳатто дунёда энг қудратли бўлган махсус хизматларни ҳам назорат остига олиш ва ‘ақлини киргизиб қўйиш’ мумкин, деганидир. Бу –  юқори ҳокимият ўзининг турли тармоқлари ёрдамида махсус хизматларнинг ёнини ололмайди, деганидир, ва шунинг учун у шу ишни қилди ва баҳосини берди.

Энди ўйлаб кўринг, санаб ўтилганлар бўйича биз ўзимиз ҳақимизда нималар дея оламиз? Бизда матбуот ўз таъсирини етарлича ўтказа оладими? Ҳуқуқбонлар-чи? Ҳокимиятда текширув ўтказиш ва махсус хизматларни назорат қилиш истаги қанақа? Умуман олганда, жамиятнинг бундай нарсаларга муносабати қандай? Эзгулик ва ёвузлик,  ‘яхши’ ва ‘ёмон’ ҳақида тушунча қай даражада?

Ташвиқотчилар учун ҳозир Американи лаънатлаш осон, жозибали ва қулай, чунки жавобан бизнинг махсус хизматларнинг ҳозирги жиноятларини очувчи бешак гувоҳликларни келтириш қийин бўлади. Нима, бундай жиноятлар йўқми? Бизда қийноқлар йўқми? Ҳа, расман йўқ. Ҳа, омма учун йўқ. Чунки, оддий қилиб айтганда, что по большому счету деярли ҳеч ким бу билан шуғулланмайди ва қизиқмайди –  бир-иккитаси бонг уради, бу  қўнғироқларнинг овози кўпроқ мобиль телефонларга рингтон ўрнига ўрнатилган қўнғироқчаларни эслатади.

“Дальний” ИИБдаги ақлдан озганлик каби оммалашиб кетган баъзи воқеаларнинг резонансли бўлиши бениҳоя ноинсоний ёвузлик қилинганлиги ва бундай ишларни яширишга имкон беришмаган журналист ҳамда фаолларнинг бениҳоя қаттиқ ҳаракати туфайли бўлди. Бироқ бу камдан кам учрайдиган воқеа –  у ягона воқеа бўлгани учун эмас, балки бу воқеа ошкор қилингани ва ҳеч бўлмаганда қандайдир текширув олиб борилгани ягона бўлгани учундир.

Совет Иттифоқида, эслайман, авариялар ҳам, ҳодисалар ҳам “бўлмаган”. Улар ҳақида ҳеч қачон гапиришмасди ва “нима нарса ҳақида гапирилмаса –  у нарса мавжуд эмас” деган принципга асосланиб иш кўришарди. Биздаги коррупция, ўғирлик, сайловларни сохталаштириш, судларнинг порахўрлигида ҳозир ҳам шундай –  шу жумладан қийноқлар масаласида ҳам.

Шунинг учун –  ҳа, америкача хунук ишлар мисоллари бизда ҳозир тиқилиб ётибди, бироқ бизники эса дунё миқёсида унчалик кўринмайди. Бироқ, ҳеч қандай назорат бўлмаган, жиноят деганда аниқ тасаввур йўқ бўлган ва ҳатто махсус хизматлар энг зарур пайтда ҳам қилишга журъат топа олмаган жойда –  яъни, инсоннинг оддийгина ҳуқуқлари бузилган жойда бундай нарсалар ҳар қандай “америка”га қараганда фақат кўпроқ бўлади.

Мана мен Сталиннинг жаллодлари ҳақида эсламоқчиман. Қаранг, ҳатто бир неча ўнйилликлардан кейин ҳам уларга қатъий баҳо берилмади ва уларни айнан жалод ва қотил, деб аташмади. Эътибор беринг, масалан, “Охирги манзил” тадбири давлат лойиҳасига эмас, бефарқ бўлмаган баъзи фаоллар ишига айланди. Эркин ва ноэркин жамиятлар орасидаги фарқ ана шунда. Бу – икки жуда катта тафовутдир.

 

ЛЎҒАТЧА

ДальнийИИБдаги ақлдан озганлик –  Татаристон пойтахти Қозон шаҳридаги “Дальний” ички ишлар бўлимида содир этилган жиноят ҳақида гап бормоқда;  бу ИИБда Сергей Назаров исмли шахс милиция ходимлари томонидан ўласи қилиб келтакланган ҳамда орқа чиқарув тешигига шампань виноси шишаси тиқилган;

Резонансли –  акс-садоли;

Авария –  табиат, транспорт, саноат ва бошқа соҳаларда содир бўладиган ҳалокат;

Лубянка – Москва шаҳридаги кўча;  Россия махсус хизмати Федерал Хавфсизлик Хизмати (ФХХ)нинг асосий идоралари шу кўчада жойлашгани учун ФХХни ҳам одамлар ‘Лубянка’ деб аташади;

Охирги манзилтадбири –  Лубянка кўчасидаги ‘Соловецк’ қора тоши олдида 30-чи йиллар охирида уюштирилган сиёсий қатағонлар қурбонлари хотирасини Москвадаги ‘Мемориал’ ҳуқуқбонлик ташкилоти томонидан ўтказиладиган эслаш тадбири.

 

Толиб  ЁҚУБОВ  таржимаси

 

14  декабрь,  2014  йил;                  Франция

 

Categories: ТАРЖИМАЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.