ҚЎШ БЎЛИБ ҚАЙТГАН БАХТ

Siyob bozori           Толиб  ЁҚУБОВ

МУЛЛА  РАЙИМ

(Техник хатоликлар тузатилди)

              Мулла Райимнинг ҳовлиси бизнинг уйдан кўриниб турарди – оралиқ нари борса юз метр келарди. Мулла Райим қишлоғимиз мактабида географиядан дарс берарди, тожик тилини қишлоғимизда ҳеч ким билмаса-да, у мукаммал биларди. Мулла Райим диний билимга ҳеч қандай алоқаси бўлмаса ҳам, унинг зукколиги, билимдонлиги, моҳир ўқитувчилиги учун одамлар олдида ‘Райим ака’ ёки ‘Райим’, орқасидан эса ‘мулла Райим’ дейишарди. Мулла Райимнинг хотини Невара ая тожик бўлиб, кўриниши, қадди-қомади ва гапириши бобида қишлоғимизда ягона эди. Дадам (раҳматлик) юмшоқ феълли, хушқомад қиз ҳақида бирор нарса айтмоқчи бўлсалар “фалончанинг хамирдай қизи бор” деган жумладан бошлардилар. Невара ая ана шундай, яъни ‘хамирдай’ хотин эди. Невара ая ўзига ярашган семизгина этли аёл эди, ўзбекча гапида тожикча оҳанг сезилиб турарди, қишлоқнинг бирорта аёлу-эркаги билан уришиш у ёқда турсин, ҳатто оддий можарога бормаган инсон эди.

              Мулла Райимнинг мендан 5-6 ёш катта Олимжон деган ўғли бор эди. Менинг (1941 й.) туғилганимни мулла Райим бир ўтиришда, маю-маишат авжга чиққан пайтда ‘мулла Ёқуб ака ўғилли бўлибди’ деб эшитибди ва ширакайф йўлга тушибди. Тўғри бизнинг уйга келиб, паст қилиб қурилган деразага ўмганини ташлаб, чақалоқни йўргаклаётган доя кампир Майрам онага бир гапни такрор-такрор айтаверибди:

Майрам ая, неварангизнинг отини  Толибжон қўясиз, келинингиз Невара тўрт кун олдин қиз туғди, ўғил туғса Олимжонга  монанд қилиб отини Толибжон қўймоқчи эдим – бўлмади. Яна қиз туғди. Майрам ая, неварангизнинг отини Толибжон, деб қўясизми-йўқми? Қўйсангиз ҳам қўясиз, қўймасангиз ҳам қўясиз, хайми?

Албатта қўяман. Менинг келиним ҳам неччи қиздан кейин толиб-толиб ўғил кўрди, отини Толибжон қўйганим бўлсин, айланай, – дебди Майрам она.

Мулла Райимнинг етти қиз ва икки ўғли бор эди. Битта қизининг исми Раъно бўлиб, қолганларининг исми ‘М’дан бошланарди – Мукаррам, Малика, Муниса, … Мулла Райим қизларини жону-дили билан яхши кўрарди. Икки қизи эрга тегиб узоқ Душанбега кўчиб кетишганда ўзи бош бўлиб жойлаштириб келди ва аёли иккаласи дамба-дам хабар олиб туришди.

Жиззахликлар тую-ҳашамларига бирор ноёброқ нарса харид қилмоқчи, пахта, зиғир ёки бошқа бир маҳсулот сотмоқчи, ёки оддий тамошога бормоқчи бўлсалар Самарқандни афзал кўришарди. Самарқандда жиззахликлар қўнадиган ўз карвонсаройлари бор эди. Менинг отам ва акалари Маллабойнинг савдо-сотиқ орқасидан бир оёқлари Самарқандда бўларди.               

              Ёшлигимда эшитган ҳикояларнинг энг қизиғи ва энг мутъаасири бу Мулла Райимнинг гўдаклик чоғида йўқолгани ва узоқ йиллар ўтиб, ҳамма уни унитиб бўлганда, туйқусдан топилиб қолгани эди. Мен бугун ўша эшитганим  воқеани имкон қадар хотирамда тиклашга ва уни Сиз азиз ўқувчилар билан баҳам кўришга жазм этдим.

 

Воқеа 1920 йиллар арафасида кечади.

ҚЎШ БЎЛИБ ҚАЙТГАН БАХТ

(Ҳикоя)

Кунларнинг бирида Зоҳид ака хотини Ойниса ая ва беш яшар ўғли Райимни поездда, ‘ўйнатгани’ Самарқандга олиб жўнади. Самарқандни улар кўп ва хўб айланишди, зиёратгоҳ жойларга боришди, таниш-билишлариникида меҳмон бўлишди. Охирги куни уйга у-бу харид қилгани Регистон бозорига боришганда кутилмаганда даҳшатли воқеа юз берди – Райим йўқолиб қолди.

Зоҳид ака олдинда, бўзлаб йиғлаган Ойниса ая орқада, кечгача, бозор тарқагунча, бозор ичини айландилар, сўраб-суриштирмаган дўкон, боққоллик, чойхона-ю нонвойхона қолмади. Эртаси куни ҳамма таниш-билишларининг хонадонларига кириб чиқишди, бироқ Райимдан дарак чиқмади. Руҳан эзилган, йиғидан юзи заъфарон бўлган эр-хотин Жиззахга қайтишди. ‘Дараги чиқса хабар берамиз’ деган таниш-билишлардан хабар келавермади. Зоҳид ака бир неча йил ўғлини излади, Самарқандга ўнлаб марта бориб келди – Райим топилмади. Йиллар ўтиб ота-она Райимсиз хаётга ҳам кўникишди…

Бироқ Райим тирик ва соғ-саломат эди. У ўша куни ота-онасидан адашиб, бозорни кечгача айланди. Кейин, бозорнинг атрофидаги кўчаларни кезди. Энди қаерга боришини билмай йиғлаб юрганида, бир тожик эру-хотин уни юпатиб, уйига олиб кетишди. Бир неча кун улар болани олиб, бозорга катнадилар. Лекин, қисмат  болани топиб олганларга уни излаб, суриштираётганларни дуч қилмади…

Хуллас, Райим шу оилада қолди. Бошида ота-она соғинчи уни жуда ўртади. Баъзан кўп йиғлаганидан кўзлари ич-ичига уриб кетарди. Қанчалик меҳрибонлик кўрсатишмасин, бегона, боз устига ётзабон бу одамларга кўникиши қийин кечди. Лекин, шу оиланинг уч яшар қизчаси Невара унинг жонига аро кирди. У фақат Невара билан ўйнаб овунар, фақат унинг тожикчасини тушинишга интилар, ўзи ҳам тожик тилида кизчага нималарнидир уқтиришга интиларди. Бошқалар билан мулоқатда эса у хамон ўзини худди ёввойи мушукдай тутарди.

Инсон боласи ҳамма нарсага ўрганади, чидайди, эсдан чиқаради. Райимда ҳам шу нарса содир бўлди – у тожикчани мукаммал ўзлаштирди, янги оилага кўникди, ўқиди, ўрганди, вояга етди. Ёнида ‘хамирдай’ Невара гўзал қизга айланди. У Райимни ‘ака’ дерди, Райим эса аҳён-аҳёнда негадир унга суқланиб боқарди. Орадан ўн олти йил ўтиб Райим йигирма бирга, Невара эса ўн тўққизга тўлди. Райим оилада ‘бош бола’ эди ва, табиий, Самад ака ва Моҳинур ая уни уйлантириш ишқига тушиб қолишди. Райим ‘ўғлинг борми’, деганда баралла ‘бор’ дейдиган йигит бўлгани учун совчилар ҳар қандай қизлик оиладан қуруқ қайтмаслиги аниқ эди.  Бироқ Моҳинур ая бошқача фикр юритди. ‘Райим ҳам ўзимизники, Невара ҳам ўзимизники. Неварани Райимга беришимизга рай берадиган нарса борми? Йўқ! Демак,  Неварани Райимга берсак иккови ҳам олдимизда бўлади’ деб тушунтирди у эрига. Самад ака ҳам шуни ўйлаб юрган эканми – дарров кўна қолди.

Моҳинур ая Неваранинг яқин бир дугонасидан сўраб, Неваранинг Райимда кўнгли борлигини билиб олди, Райим эса Неварани севишини унинг бир ўртоғи тасдиқлади.  Тўйни ҳам ўзлари бичдилар, ‘қуда томон уни берсин, буни берсин’ деган гаплар ҳам бўлмади, одатдагидай ‘ҳай етди, ҳув етди, икки қуда тўй битди’ ҳам ўз ҳовлиларидан нарига чиқмади. Тўй ўтгандан кейин Райим ва Невара эру-хотин бўлиб яшайверишди, бир йилдан кейин эса уларнинг бош фарзанди Раъно туғилди. Тўйдан икки йил кейин Самад ака хотинига: ‘Моҳ, ана-мана деб неваралик ҳам бўлдик, вақт тез ўтади, биз қариймиз. Кўзимиз тириклигида Райимнинг ота-онасини излайлик, топсак икки қўллаб уларни боласи билан уларга топширайлик. Шунда Худо ҳам биздан рози бўлади. Нима дейсан?’ деди.

— Нима дердим, мен ҳам шуни ўйлаб юрибман. Сиз нима десангиз шу-да, деб жавоб берди Моҳинур ая.

— Райимни топган кунимиз, у Жиззахни айтувдими, эслайсанми?

— Ҳа, эслайман. Оғзидан Жиззах сўзи чиқувди.

Райимни олиб, таваккалига, Жиззахга бориб келмаймизми?

— Майли, бориб келайлик.

Райимнинг кайфиятини пойлаб эру-хотин бир куни уни олдиларига ўтқазишди ва Жиззахга бориб келиш, унинг асл ота-онасини излаш зарурлигини тушунтиришди. Райимга бу гап маъқул келди ва учовлон поездга ўтитиб Жиззахга жўнашди. Жиззахда поезддан тушгач, Райим у ёқ, бу ёққа аланглади ва индамасдан ‘менинг орқамдан юраверинглар’ дегандай олдинга ўтди. Жиззах темирйўл вокзалидан уч юз метрча нарида дала ва унда пиёда ва от-арава юрадиган тупроқли йўл бошланарди. Райим ўша йўлни адашмай топди, ҳатто тўхтаб у ёқ, бу ёққа қараб ҳам олмади. Тупроқ йўл уч километрча давом этгач, улар йўлни кесиб ўтган, устига арава ўтадиган ночор кўприкка дуч келишди. Кўприк олдида Райим негадир тўхтаб қолди.

— Дада, уйимизга борадиган йўл шу. Шу ергача эсимга тушди, бу ёғини билмайман, – деди Райим.

— Анави хонадондан сўрайқолайлик, балки йўл кўрсатворишар, – деди Самад ака.

Кўприкдан ўнг томонда қуруқ дала эди, кўприкдан ўтгач чап томондаги биринчи ҳовли Нуритдин карис деган одамники эди. Ташқаридан овоз беришганда кўчага Нуритдин аканинг ўзи чиқди. Саломлашгандан кейин Самад ака секин гап бошлади:

— Шу қишлоқда бундан ўн саккиз йил илгари ўғли Самарқандда йўқолиб қолган оила борми?

— Бор, бизга қўшни бўлади, Зоҳид аканинг ўғли, ҳаҳ, оти нимайди, отини унутибман, ўғли йўқолган Самарқандда. Уйи ана, биздан икки уй нари. Ҳозир мен чақириб чиқаман, деб Нуритдин карис қўшни томон югуриб кетди.

Ҳовлиққан Зоҳид ака олдинда, юзида ҳайронлик қиёфаси акс этган Нуритдин карис орқада югуриб кела бошлашди. Салом-аликдан кейин Зоҳид ака Райимга тикилиб қолди ва … таниди. Райимни бағрига босиб Зоҳид ака зорланди:

— Райимжон, ўғлим, сенмисан? Сенинг йўлингга қарайвериб аянг адойи-тамом бўлди. Сени қандай фаришталар олиб келишди? Сиз кимсиз, ака? – деб у Самад акага юзланди.

— Бир соя жойга ўтирайлик, ҳаммасини гапириб бераман. Анча пиёда йўл юрдик, кун иссиқ экан, ташналигимиз ҳам қийнаяпти, – деди жавобан Самад ака.

— Вой эсим қурсин, уйга таклиф қилиш ўрнига сизларни кўчада савол-жавоб қилиб ўтирибман. — Қани, уйга юринглар, – деб Зоҳид ака меҳмонларни уйга чорлади.

Ҳовли бўйлаб чўзилган, баланд қилиб кўтарилган ҳусайни узумлар токи сўриси тагига қўйилган ёғоч калавотда кўрпача-ёстиқ ташланган жой ҳам тайёр экан. Қисқа қилиб ўқилган фотиҳадан кейин Самад ака лўнда қилиб, тўрт оғиз гап билан ўн саккиз йил илгари Регистон бозорида йиғлаб юрган болани топиб олганини гапириб берди. Масала ойдин бўлганча, ‘подадан олдин чанг чиқармасдан’ кампири Ойнисани чақирмай турган Зоҳид ака яна Райимни бағрига олди ва ичкари ҳовлига қараб бақирди:

— Ойниса, бу ёққа чиқ, ўғлимиз Райимжон топилди.

— Вой, нима деяпсиз, қанақа Райимжон? A, Райимжон? Қани у?

— Мана!

— Вой, деди-ю, чопиб келаётган Ойниса ая қоқилиб кетгандай олдинга қараб йиқилди ва ҳушидан кетди. Ичкари ҳовлидан югуриб чиққан хотин-халаж Ойниса аянинг устига ёпирилди. —Улар Ойниса аянинг юзига сув ургач, у ўзига келди ва олдида чўккалаб ўтирган Райимжонга кўзи тушди. Ранги қув оқариб кетган Ойниса ая ўғлини бағрига босиб юз-кўзидан ўпа бошлади…

Самад ака, Моҳинур ая ва Райим бу хонадонда бир ҳафта меҳмон бўлишди ва мезбонларнинг Самарқандга боришга ваъдаларини олиб ортга қайтдилар.  Ўн кун ўтгач, Зоҳид ака ва Ойниса ая совға-ю саломни ғамлаб Самарқандга кетишди.  Уларни Самад ака хонадони қанчалик шоду-хуррамлик билан кутиб олганини таърифлаш ўта қийин. Бу ташриф бир пасда бутун маҳаллага маълум бўлди, қўни-қўшнилар, Самад ака ва Моҳинур аянинг яқинлари кела бошлашди. Ҳовлига одам сиғмай кетди.  Самад аканинг ҳовлисига киргандан Зоҳид ака ва Ойниса аянинг тўрт кўзи неваралари жажжи Раънони изларди, Раънони эса рўмолининг учини тиши билаб тишлаб, бир чеккада, ҳовлига кириб келган қайнота ва қайнонасидан уялиб-ийманибгина турган Неварахон кўтариб турарди. ‘Невара, Раънони бувисига опкел!’ деб ҳайқирди Самад ака қизига.

Неварахон йўрғалаб бир зумда қайнота ва қайнонасининг олдига келди, эшитилар-эшитилмас товушда ‘ассалом’ деди ва Раънони қайнонасига узатди. Бошда бегонасираб турган Раъно қийқириб, қўлчаларини ўйнатиб бувисининг қучоғига ташланди. Неварасини бағрига босиб ўпаётган Ойниса аянинг кўзларидан севинч ёшлари маржон-маржон оқарди. Ойниса ая ва Зоҳид ака учун дунё тамоман ўзгариб кетган эди, улар ўзини бутунлай бошқа дунёда ҳис қилишарди. Тўғри-да, уларнинг бир неча кун илгари бир меъёрда ўтаётган ҳаётига тамоман кутилмаган шоду-хуррамлик – йўқолган ўғил, келин, невара, қуда-анда – кириб келишди. Аллоҳ уларга мисли кўрилмаган бахт инъом этган эди! Шундай катта бахт ўз оёғи билан кириб келган бўлса-я! Бу – фақат эртак-маталларда айтиладиган бахт эди! Жиззахнинг Тоқчилиқ элида бундан бошқа гаплашадиган мавзу ҳам топилмай қолди –  ёшу-қарининг оғзида фақат шу гап!

Самад аканинг ҳовлисига одам сиғмай турган пайтда қаёқдандир лўлиларнинг сайёр гуруҳи қарнай-сурнай, дойра-чирмандаси билан кириб келди. Лўлиларнинг бундай гуруҳлари қаерда тўй-тамошо бошланганидан ўз вақтида, бехато хабар топишарди ва гарчи тўй эгалари уларни таклиф этмасалар-да, карнайларини ‘ғат-ғат’латиб тўйхонага кириб келишаверишар эди. Олдинда, то ергача тушиб турган, турли рангли матодан тикилган шим кийдирилган баланд чўпоёқ устида бир ўспирин бола қўлидаги қайроқларини шақиллатиб, ўйнаб келарди. Ўйин ташқарида, Самад ака ҳовлисининг дарвозаси олдида бўлди, ичкарида тўпланганларнинг деярли ҳаммаси ташқарига чиқди. Гуруҳда қарсиллатиб дойрасини чалаётган, қотмадан келган, қоп-қора йигитдан бошқа нағорасини бўйнига осиб олган, икки таёқчаси билан унга гумбурлатиб ураётган бир ўспирин йигитча ҳам бор эди. Ҳовли эгалари уларга катта дастурхонга тугилган ‘тўй’ нозу-неъматларидан олиб чиқиб беришди, тамошобинлар эса ерга ёйилган чойшаб устига майда пуллар ташлашар эди.

‘Тўй’ кечгача давом этди, охирги қатнашувчилар шом номозидан олдинроқ тарқашди. Аср ва шом номозларини Самад ака, Зоҳид ака ва бир неча бошқа эркаклар бирга ўқишди. Самад аканинг ва Моҳинур аянинг энг яқин одамлари Зоҳид ака билан алламаҳалгача сўҳбатлашиб ўтиришди. Хотин-қизлар эса ҳовлининг нариги чеккасидаги хонада ўз сўҳбатлари билан банд эди. Яна икки соатдан кейин бомдод намозига туриш кераклигини фаҳмлаган маҳалладош меҳмонлар хайр-хўш қилиб ўринларидан туришди. Эртаси кунидан бошлаб Зоҳид ака ва Ойниса ая Самад ака ва Моҳинур аянинг қариндош-уруғлари орасида қўлма-қўл бўлиб кетишди – жиззахлик меҳмонларни бугун бир хонадон уйига таклиф қилса, иккинчи куни бошқа хонадон таклиф қиларди. Бир қарашда, таклифларнинг кети кўринмасди, бироқ Зоҳид ака ва Ойниса аяни Жиззахда ҳам интизорлик билан кутаётган қариндош-уруғ ва хонадонлар кўп эди. Шунинг учун бир ҳафтадан кейин ‘бўлди-бўлди’ қилишди.

Табиий, Зоҳид ака ва Ойниса ая қудаларга ‘Келинимизни, ўғлимизни ва неварамизни олиб кетамиз, берган тузларингга рози бўлинглар’ дейишди. Бироз самимий ‘тортишув’ бўлди, сохталиги билиниб турган ‘араз’ ҳам бўлди. Самарқандлик қудалар ‘Қудажонлар, шошманглар, биз бироз пуржамизни олволайлик, у ёқ бу ёғимизни йиғиштириб олайлик. Бизнинг ҳам ўзимизга яраша орзу-ҳавасимиз, дўсту-душманимиз бор. Райимжон, қизимиз Неварахон ва неварамиз Раъно энди сизларники. Бундан буён энди уларни кўргани Жиззахга биз борамиз. Уларни бошқариб сизлар ҳам келиб турасизлар. Бир йилдан кейин иззат-икромини қилиб болаларингизни ўзимиз олиб бориб сизларга топширамиз’, дейишди. Бу гап ҳаммага маъқул бўлди. Эрталаб вақтли Зоҳид ака ва Ойниса ая поездга чиқишди. Улар етиб боришганда маҳалла аҳлининг қулоғи динг бўлиб турган экан. Икки-уч кун ичида Зоҳид ака оиласи маҳаллага худойи оши беришди.

Кейинги йилнинг баҳорида, ҳамма ёқни гул-чечаклар қоплаган, ҳамма ёқни қиш заптидан қутилиб далаларга ёйилган қўй-қўзиларнинг баъраши тутиб кетган бир кунда Самад ака ва Моҳинур ая Райимжон, Невара ва Раънони, кўчи-кўрони билан Зоҳид аканинг хонадонига қўйиб кетишди. Атроф нуқул ўзбеклардан иборат бўлса-да, Невара ая умрининг охиригача тожикча оҳангли шевасидан қутила олмади.

16 декабрь, 2014 йил;                     Франция

Categories: МАҚОЛАЛАР, ҲУҚУҚБОН ИЖОДИ | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.