“МЕН АЙТА ОЛАМАН: Совет зиёлиларининг 90 фоизи давлат хавфсизлиги органларига ишлар эди”

Олег КАЛУГИНhttp://ehorussia.com/new/node/7718\

16 май, 2013 йил

 

Собиқ совет резиденти, ўтмишда СССР Давлат Хавфсизлик Комитети (ДХК, КГБ)си ташқи контрразведка бошқармаси бошлиғи, ҳозир АҚШда яшаётган КГБ генерали Олег Кулагин: “Пимендан бошлаб урушдан кейинги барча патриархлар билан мен танишман, Алексий – менинг собиқ дўстим, Кирилл эса эски қадрдоним, – мен ДХни назарда тутаяпман”.

 

Роппа-роса 10 йил олдин қувғин қилинган, давлатга хиёнат қилгани учун сиртдан 15 йилга қамоқ жазоси берилган, ҳарбий унвон ва 22 та мукофотдан маҳрум этилган совет разведчикачиси АҚШда сиёсий қочқин статусини олди ва унинг фуқароси бўлди. Баъзилар учун 78 ёшлик, бир пайтлар ўта сир тутилган ва жуда катта таъсир кучига эга бўлган бу одам –  “бир идишдаги” қўрқув билмас разведкачи Штирлиц ва Джеймс Бонд бўлса, бошқалар учун эса – айғоқчи-хуфъя, ватани ва чекист шон-шўҳратини АҚШ фуқаролигини олиш учун уч пулга сотган одамдир. Олег Калугиннинг совет суди кийиш ҳуқуқидан маҳрум этган, ҳамма регалиялари тақилган, тантаналар пайтида кийиладиган генераллик мундири энди Вашингтондаги Халқаро жосуслик. музейида осиғлиқ турибди.

Совет разведкасининг собиқ устаси Вашингтон яқинида, Мэриленд штатида яшамоқда. Уерда у москваликлар ўлчови бўйича кулгили бўлган 120 минг долларга коттеж сотиб олди. Унинг уйчаси унчалик ҳашаматли бўлмаса-да, бироқ деворларига (Калугиннинг ҳазилича “Эрмитаж”дан ўғирланган) картиналар осилган, одам хушлайдиган анчагина кенг хоналардан иборат. ДХКнинг хушланмаган бу генерал-майори қачонлардир ўз Питери ва Москвани қайтадан кўриши ҳамда ота-онасининг қабрини зиёрат қилиши даргумон – у  Россия тупроғига оёқ қўйган заҳотиёқ қамоққа олинади.

Бу одам мамлакат жар томон қулаётган пайтда Россияни 1995 йилда тарк этди – ўша йилларда қудратли, бутун дунёни қўрқитиб турган ва даҳшат гардиши билан ўралган бу ташкилот ўзини сақлаб қолиш учун ҳатто бармоғини ҳам қимирлатмади – фақат одамлар Дзержинский ҳайкалини ағдараётганини ва архивларни талон-тарож қилаётганини қўрқув билан кузатиб туришгагина қодир эди. Ўша пайтда ДХК ва ҳокимият структураларининг қочқинлари Ғарбга пода-пода бўлиб чиқиб кетишди – кўпчилиги ҳозиргача давлат сирларини жон-дили билан кўтара ва доналаб сотмоқдалар, бироқ негадир оммага уларнинг исмлари маълум эмас. Калугин эса очиқ юрибди – ўзининг жонажон КГБсининг Биринчи бош бошқармаси иши ҳақида китоблар ёзаяпти.

Унинг исми тилга олинган заҳотиёқ КГБ фахрийлари ва уларнинг ёш ўринбосарлари тишларини ғижирлатиб оғизларидан тупук соча бошлайдилар –  Олег Данилович афсонавий равишда совет контрразведкасининг омбирдай қўлидан чиқиб кетишга эришгани ва жазодан қутилиб қолганини балки улар ҳозиргача кечира олмаётгандирлар? Калугин америкаликларга ишлашини фахрийлар 1979 йилдан бошлабоқ гумон қилишарди-ку, ахир…

Айтиш керак-ки, бир пайтлар Вашингтон резидентурасида Олег Данилович билан бирга ишлаган, кейинчалик ўзининг “Марказий Разведка Бошқармаси (ЦРУ)нинг КГБ ичидаги суперкўрсичқони. Генерал Олег Калугиннинг 35 йиллик жосуслиги” китобини ёзган Александр Соколовга ишонилса, америкаликлар Калугинни 1959 йилдаёқ ўзларига оғдириб олишган – АҚШ контрразведкаси унга гўё ракеталар учун қаттиқ ёқилғи ихтиро этиш бўйича ҳужжатни бериши мумкин бўлган сохта “агент”ни тиркаб қўйишга эришишган. Зафарли “оғдириш” Олегни (у пайтда у ҳали Данилович эмас эди) биринчи “Фахрийлик белгиси” ордени ва совет разведкасининг мансаб пиллапояларида мисли кўрилмаган тез кўтарилишни таъминлади, бироқ натижада СССР Ҳарбий-Саноат Комплекси (ВПК)га жиддий зарар етказилган эди – илмий тадқиқодларга 60 миллион рубль сарфлаган бизнинг мудофаа институтимиз бу йўналиш боши берк кўчага олиб боришини тан олди (Калугинни “бошқараётган” одам (яъни агентнинг назоратчиси) ЦРУнинг директори Уильям Колбининг ўзи бўлган, деб Соколов ишонтиради).

Айтиш лозим-ки, буларнинг барчаси ҳужжатлаштириб бўлмайдиган фол очиш ва тахминлар эди, қулоғи динг чекистлар эса рад қилиб бўлмайдиган фактларга эга эмас эдилар. Шунинг учун 1990 йилда Горбачёв биринчи марта Калугинни генераллик унвони ва 150 долларлик нафақадан маҳрум қилганда, у КПСС Марказий Комитети бош котиби Горбачёв, бош вазир Рижков ва КГБ раиси Крючковни судга берди. Безбет нафақахўрнинг шикояти, табиий, рад қилинган бўлса-да, унинг ҳатти-ҳаракати намойишкорона кулиш ва “қўлингдан нима келарди” дегандай каби қабул қилинди.

Сиз СССР КГБси генерал-майорисиз, ташқи разведканинг устасисиз ва авлоддан авлодга ўтган чекистсиз – сизнинг отангиз ўз вақтида Ленинграднинг биринчи шахсларини қўриқлаган. Айнан кимларни, эслайсизми?

Масалан, Григорий Романовни қўриқлаган – шундай одам бор эди…, ундан олдин бошқа намоёндаларни ҳам қўриқлаган, бироқ отам бошлиқ даражасига чиқа олмаган. У оддий қоровул бўлган ва шу ишда ўзининг мансаб поғонасида тўхтаган. Нафақага чиққанда отам бор-йўғи капитан эди, чунки у еттинчи ёки саккизинчи синфни битирган эди, холос – у ишига жуда содиқ бўлган одам бўлса-да, ҳатто ўша пайтдаги совет стандартлари бўйича ҳам мансабда кўтарилиш учун бу етарли бўлмаган…

Қизиғи, мен Ленинградда мактабни тугатаётган пайтимда (мен шу шаҳарда туғилганман), КГБ ходими бўлмоқчиман, десам отам сакраб тушди: “Нима, ақлингни едингми?!”. – “Сенинг ўзинг 25 йил шу ишда ишлагансан-ку”, – ҳайрон бўлдим мен. “Шунинг учун ҳам сенга шу маслаҳатни бераяпман, – жавоб берди у, – бу жуда ифлос иш”. – “Бу иддао мени қароримдан қайтара олмайди, – раддия билдирдим мен, – қарорим бўйича иш тутаман”. Бу гап, ҳисобга олинг, 1952 йилда бўлган, ўртоқ Сталин ҳали тирик эди, Совет Иттифоқи эса тоғ каби яхлитдай туюларди. Вақт ўтиши билан бу тоғ парчаланиб кетади ва ундан фақат ҳозирги раҳбарият “Россия” номи остида  тиклашга уринаётган вайроналар қолади, деб ҳеч ким ҳатто ҳаёлига ҳам келтирмаган (Ғарбнинг энг жангари одамларидан ташқари, албатта).

50-чи йиллар охирида сиз Нью-Йоркнинг Колумбия уни­верситетида стажировкада бўлгансиз. У ерга қандай бориб қолдингиз?

У пайтларда – Худога шукр, ҳозир ундай эмас, –  чет элга чиқадиганларнинг ҳаммаси рухсат олишлари керак эди. Кимдан? Биринчи навбатда КПСС Марказий Комитети (МК)дан – у ерда чет элдаги кадрлар билан ишлаш ва чет элга чиқиш бўлими бор эди, бироқ у ДХКнинг тавсия ва санкциясисиз бундай масалаларни ҳал қила олмас эди. Бошқача айтганда, КГБ текшириш ўтказгандан кейин МК чет элга чиқишга рухсат бериш керакми-йўқми, деб ўз фикрини айтар эди. Шундан кейин партия МКи қарор қабул қилар эди. Студентлар алмашуви программаси бўйича совет студентлари гуруҳи таркибида мен АҚШга келдим – айтиш керак, бу сафар СССР-АҚШ муносабатлари тарихида биринчи марта ташкил этилган эди… Бизнинг гуруҳимизда 18 студент бор эди. Ҳозир бу энди сир эмас, уларнинг 10 таси менга ўхшаган ёш КГБ разведкаси ёки ҳарбий разведка ходимлари эди. Бир қисми эса КГБ билан ҳамкорлик қиларди (акс ҳолда улар қандай қилиб чет элга чиқиши мумкин эди?). Бу – Совет Иттифоқида одатий тусда бўлган. Гуруҳда КГБга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган ягона одам КПСС МК вакили Александр Николаевич Яковлев эди. Кейинчалик у Горбачёвнинг сафдошига айланди ва асосий ислоҳотчиларнинг бири, асосий идеолог, қайта қуриш меъмори ва “ошкоралик отаси” бўлди. Яковлев совет системасини бузиш эмас, янгилашга интилган бўлса-да, тарихга у совет системасига барҳам берувчиларнинг бири сифатида кирди.

Сиз Қўшма Штатларда ҳаёт қандай эканини (шу жумладан унинг астарини ҳам) кўрганингизда Совет Иттифоқи ҳақида нималарни ўйладингиз? Дунёда энг яхши мамлакатда туғилганингиз фикрида муқим эдингизми?

Совет Иттифоқининг мақсадлари буюк ва уларга эришиш учун ҳали кўп ишлаш керак, мен бунга тайёрман, деб ўйладим. У пайтда Америка мен учун намуна ва маёқ бўлмади, яъни мамлакатимни Нью-Йоркда кўрганимча қўпол ва одобсиз кўринишда эмас, балки ҳақиқий цивилизацияга эришган ҳолга келтириш кераклигига ишонган ҳолда уйга қайтдим.

Қайта қуриш авж олган пайтда мухолифларингиз сиз Яковлев билан бирга Колумбия университетида стажировкада бўлганлигингиз ҳамда Яковлев ва сиз Нью-Йоркда АҚШ контрразведкаси томонидан оғдириб олинганларинггача билишганларини очиқ ёзишди…

Ҳа, бу фикр бизни КГБни Крючков бошқарган пайтда уюштирилган обрўсизлантириш кампанииясининг бир қисми бўлди. Юрий Владимирович Андропов пайтида – бу маълум нарса – мен фаворит эдим, бироқ менинг қисман дунёни яхшироқ билишга асосланган гапларим ва менга очиқ ёқмайдиган нарсани кўрсам индамай ўтиб кета олмаслигим менга эгри қарай бошлаганларига олиб келди…

1979 йилда Андропов менга: “Сен Америкада ҳаддан ташқари узоқ яшадинг, Россияни умуман билмайсан. Сен ажойиб ходим бўлсанг-да, ўзингнинг шаҳринг Ленинградга кетганинг маъқул, биз сени хафа қилмаймиз” – деди. Бир зумда мен КГБнинг Ленинград вилояти бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлдим.

Бизда ҳаммаси бўлиб, техник ходимлар билан олганда, деярли уч минг ходимимиз бор эди, ана ўшанда мен Таймс-скверни ҳам, Нью-Йоркни ҳам, ўзимнинг Москвадаги ҳаётимни ҳам эсладим ва шу пайтгача алоҳида шароитда бўлганлигим ва реал ҳаётни билмаганлигимни тушундим.

Мен чет эллар, яъни ташқи дунё иши билан шуғулланардим, бу ерда эса менга кўп нарсадан ҳафсаласи пир бўлган, норози, ўзгаришларни истаётган ўз ватандошларим билан тўқнашишимга тўғри келди. Менинг вазифамга эса танқидий кайфиятли одамларни аниқлаш, уларнинг фикрини қоғозга тушириш, сўнгра ё психиатрик касалхонага – бу  муаммони Андроповча ҳал қилиш варианти эди,… ёки Ғарбга сургун қилиш кирарди.

Ўз вақтида мен бир жанжалга айланган масалани муҳокама қилишнинг гувоҳи бўлганман –  Георгий Марковни ўлдириш масаласини назарда тутаяпман… Болгарлар ўшанда бизга ёрдам сўраб мурожаат қилишди. Андропов менинг олдимда Крючковга: “Мен сиёсий қотилликларга қаршиман” деди. Крючков ўнғайсизланди ва: “Биз у ҳолда Болгария контрразведкаси раҳбариятини ноқулай ахволга солиб қўямиз, улар ўзларига савол беришади: “Нима бу, ахир? Бизга совет чекистлари ишонишмас эканда?”. Биз қандайдир ёрдам қилишимиз керак”, деганда Андропов бош ирғатиб: “Унда уларга ишини битирадиган техник асбоб-ускуналар беринг, бироқ ўзларинг аралашманглар, бундан четда туринг” деди. Болгарларга ўша пайтда таклиф қилинган нарса эса… Япон зонтиклари сотиб олинган ва уларга заҳарли ампула жойлаштирилган бўлиб, кичкина бир тепкичани боссанг, ампулани ўқдай отарди. Айтишим мумкин, бу ерда, Вашингтонда, Халқаро жосуслик музейи (директорлардан бири менман) экспонатлари орасида ўша зонтикдан бор…

Александр Литвиненко Лондонда ўлдирилгандан кейин заҳарлар билан қилинадиган амалиётлар бутун дунёга маълум бўлди. Ўшанда Россия стандартлари бўйича анча мукаммал бўлган, мутлақо аниқлаб бўлмайдиган, деб ҳисобланадиган восита қўлланилган эди –  унинг изларини топиш мутлақо мумкин эмас эди. Шундай бўлса-да, ўлим тафсилотларини ўрганган британиялик мутахассислар профессионалроқ бўлиб чиқишди. Уларнинг бири Лмивиненко қонида қандайдир радиоактив модда борлигини аниқламоқчи бўлиб проба олишга қарор қилган – ана ўшанда полонийнинг борлиги тасдиқланган. Бу – катта халқаро жанжалнинг боши бўлди. Бироқ шу усулда бошқа одамлар ҳам йўқ қилинди, – масалан, Юрий Шчекочихин.

Юрийни кўмишаётганда, милиция ходимлари қабрни ўраб олди ва ҳеч кимни унга яқинлаштирмади, ўзлари ҳам яқинлашганлари йўқ. Кейинчалик улар полоний билан заҳарланишдан қўрққанлар, деган тахмин илгари сурилди. Шчекочихин, кўринишдан, Литвиненко каби ўлим топган. Бу версия чоп этилди, ва ҳозирги Россияда буни, афсус-ки, эсдан чиқаришни афзал кўрсалар-да, мен ҳаммасини яхши эслайман. (“Новая газета” бош редактори ўринбосари Сергей Соколовнинг айтишича, Шчекочихин “икки ҳафта ичида қари чолга айланган, сочлари тутам-тутам тушиб кета бошлаган, баданидан деярли ҳамма териси тушиб кетаверган, бирин-кетин ички органлари ишдан чиққан”).

Ўз вақтида Швейцариядаги резидент ёрдамчиси бўлган Виктор Суворов (биз иккаламиз соатлаб сўҳбатлашганмиз), агентларни сотиб олиш учун Совет Иттифоқидан Швейцарияга пуллар юкланган бутун-бутун самолетлар учиб келарди, деб менга айтган эди. Агентларни оғдириб (сотиб) олишда  пул муҳим рольни ўйнайдими?

Суворовнинг бу версиясини мен батамом инкор этаман – пуллар  бутунлай бошқа йўллар билан бериларди… Агар компартияларга бериладиган бўлса масала бошқача ечилган. Масалан, АҚШ компартияси раиси Москвага келса, у ерда ҳамма нарса ҳақида келишиб олинар эди, жумладан керакли суммани қандай жўнатиш усулини ҳам топишарди. Буни КГБ бажарган. Умуман олганда, Бош Разведка Бошқармаси (ГРУ) сиёсий партияларга, юзаки қаралганда, алоқаси бўлмаган. Яъни ҳарбий разведканинг бундай одамлар орасида реал агентлари бўлган бўлиши мумкин ва бўлган ҳам, бироқ унинг асосий вазифаси ҳарбий-техник комплекснинг давлат структураларига кириб олиш бўлса, КГБнинг вазифаси эса биринчи навбатда сиёсий разведка, иккинчи навбатда эса контрразведка бўлган, яъни барча мамлакатларнинг хавфсизлик ва разведка органлари ичига кириб олиш, фақат учинчи навбатда эса илмий-техник разведка бўлган. У бизда фақат учинчи ўринда турарди, чунки… ГРУ айни маънода анча фаол бўлган.

Виктор Суворов муҳим агентга эга бўлиш учун унинг ҳамкасблари турли лўттибозликларни ишлатишган, деб менга айтган эди. Масалан, агар объект аёлларни ёқтирса, унга гўзал қизларни, агар (аёл) эркакларни ёқтирса – чиройли эркакларни иккиқўллаб олиб келишган…

Ҳаммаси тўғри: совет разведкаси ва контрразведкаси бу иш билан шуғулланган ва, айни гапни айтиш керак, бизнинг совет аёллари… Бу соҳада бизникилар жуда илғор эди. Москвада улар, тўғрисини айтса, ўнлаб дипломатларни ҳам, ҳарбийларни ҳам, ва элчихоналарнинг оддий қоровулларини ҳам – яъни турли одамларни шу тузоққа туширишган. Айнан совет, рус қизчалари…жон куйдириб ишлашарди… , бироқ бу, айтиш керак, кўпроқ совет ва Шарқий Европа разведкаларига хос эди. Америкада бундай система кам ривожланган – бу кўп ҳолларда, мен ўйлайман-ки, аёлларнинг бошқача роли, яъни уларнинг эркинлиги ва мустақиллиги билан боғлиқ бўлган.

Агар сир бўлмаса, ички контрразведкада сизнинг вазифангиз доирасига нималар кирган? Сиз қачон унда ишлай бошладингиз?

Мен реал совет зиёлилари билан шуғулланганман. Ким бизда аксилҳукумат гапларга мойил бўлган? Станок олдида ишлаётган, ниманидир арралаётган, болталаётган ишчилар синфи эмас-ку, … Архив материалларидан аниқлашимча, айни зиёлилар сафсата юргизишни яхши кўрадилар –  Ленинградда мен ДХКнинг вилоят бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари эдим ва архив билан ишлашга, барча ҳужжатларни олишга ҳаққим бор эди, ва шундай қилганман. Биринчи навбатда мени умумиттифоқ, умуммиллий аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар қизиқтирарди – мен  уларда КГБ агентлари эканликларини гумон қилиш мумкин бўлган одамларнинг фамилияларини топдим, ва улар шундай эканликлари мутлақо аниқ бўлганларини аниқладим. Мен бемалол айта оламан: 90 фоиз совет зиёлилари КГБ органларига ишлаган.

Баъзилари cоф мансаб пиллапояларида ўсишни ўйлаб, баъзида – пул учун ҳамкорлик қилишган, бироқ кўпчилик КГБ буюк мақсад йўлида ишлаяпти, шунинг  учун органларга ёрдам бериш керак, деб ўйлашган. Менинг чўнтагимда ҳозир бир ғаройиб рўйхат бор, лекин мен уни кўрсатиб ўтирмайман. Фақат бутун дунёга таниқли икки фамилияни эслатиб ўтаман, чунки улар ҳақида мен илгари очиқ гапирганман: булар – РСФСРнинг собиқ халқ депутати Сергей Бабурин, бошқаси эса ҳозир ҳам фаол ишлаётган Жириновский Володя – ҳозиргача сиёсий майдонда лўттибозлик қилаяпти…

Сиз ижодкор зиёлилар ҳақида гапираётган экангиз… Марҳум Михаил Козаков менга КГБга ишлагани, чет эл разведкачиларига қарши курашиш учун шу йўлга тортилгани, берилган вазифа бўйича маълумот олиш учун америкалик журналист аёл билан бир тўшакда ётгани, бир марта америкалик элчининг котибини чув туширгани, яъни маст қилиб, қандайдир ҳужжатларни ўғирлаганини айтган эди. Людмила Марковна Гурченко эса, у ҳам марҳум, ўзининг қалб нафрати – 1957 йилда Москвада ўтган ёшлар ва студентлар фестивали олдида уни КГБга чақиртиришгани ва: “Олдинда фестивал, сиз ишлашингиз керак” дейишган. У ҳайрон бўлиб: “Қанақа иш?” деб сўраган. – “ Чет элликлар билан бир тўшакда ётасиз” дейишганини… менга ҳикоя қилиб берган эди,

Ҳа, мен буни биламан.

              Актриса рад этган, чунки ўз вақтида қамоқда ўтирган унинг қайнонаси, отиб ташланган ёзувчи Пильнякнинг беваси: “Улар билан ҳеч қачон ҳамкорлик қилма” деган ва “Карнавал туни” киносида роль ўйнаган ва киноюлдуз ҳисобланган Гурченкони кўп йилларга ижодкорлик ҳаётидан ўчириб ташлашди. Унга шундай дейишган: “Ватанга хизмат қилишни хоҳламадингиз, нонга ёғ суриб ейишни истамаяпсиз? Энди бўқ ейсиз. Ер юзидан изингизни йўқотамиз! Бунақа фамилия бўлмайди!”…

Ҳа, унинг мансаб юксалиши барбод қилинди.

              Людмила Марковна: “Бошқа ҳамма актрисалар рози бўлишди – кейин эса чет элга тез-тез чиқиб туришди, кинода роллар ўйнашди” деган эди…

Тўғри: бу ҳамкорлик учун берилган ҳақ эди. КГБга ёрдам берган одамлар қандайдир хайриялар олишарди, масалан, мамлакат ташқарисида эркин юриш рухсат бериларди. Кўнмаса МК чет элга чиқармаслигини улар тушунарди. Ленинградга мени нисбатан катта лавозимга юборишганда чет элларга чиқиш бўйича партиянинг вилоят комиссиясининг аъзоси бўлганман, ёнимда эса менинг жуда яхши танишим Валентина Матвиенко ўтирарди. У ҳозир Россия давлатида учинчи шахс – Федерация Кенгаши раиси…

Валя комсомоллар лидери бўлиб, бу унинг партия-комсомол олдидаги бурчи эди, иккаламиз мажлисларда бирга ўтирардик ва, менимча, мутлақо очиқчасига гаплашардик… Мен айтганимга қайтаман: нима қила олардик? У пайтларда ҳатто хуфялар расмий рўйхатига киритилмаган бўлса-да зиёлилар ҳамкорлик қилишга мажбур эди… Улар бу ишни Матвиенко каби юксак партия-совет бурчи сезгиси ортидан қилишарди, бу эса охир-оқибат мансаб пиллапоялари бўйлаб ўсишга ёрдам берарди.

Сиз СССР КГБси ташқи разведкасини   бошқаргансиз-ку…

Контрразведкасини. Разведка – кенг  тушунча, унда давлат, партия, мамлакат раҳбарлари учун фойдали бўлган ҳамма нарсани йиғишади, ташқи контрразведканинг эса тўртта асосий функцияси бор. Биринчиси –  барча чет эл разведка, контрразведка, полиция органларига кириб бориш ва бу органлардан маълумот олиш (шўбҳасиз, АҚШ – биринчи номер, НАТО мамлакатлари – иккинчи номер нишон ҳисобланарди, иш қаерда қандай юришса, албатта).

Иккинчиси –  барча рус, арман, украин,… – ҳар қандай антисовет эмигрант ташкилотларига кириб бориш. “Озодлик Радиоси”, айтишим керак, кириб олишнинг асосий марказлардан бири эди. У жуда омадли бўлди – мен шахсан бу Радио бўлимларининг бирини бошқарадиган одамга раҳбар эдим.

Учинчи масала чет элдаги совет фуқаролари, яъни дипломатлар, журналистлар, узоқ масофаларга сузувчи денгизчилар, “Аэрофлот” экипажларининг хавфсизлигини таъминлаш эди. Уларнинг ҳаётини сақлашдан кўра, бошқа маънони кўпроқ тушуниш керак – биз уларнинг чет эл  махсус хизматлари билан алоқаси бор-йўқлигини, улар чет элликларга маълумот бераяптими-йўқми, бизнинг совет ҳаёт тарзимизга тўҳмат қилишаяптими-йўқмилиги бўйича кузатишимиз керак эди. Шундайлар бор эди…

Ва тўртинчиси, энг нозик вазифа –  чет эл махсус хизматлари билан алоқасининг мавжудлиги масаласида разведкадаги ўзимизнинг ходимларимиз ишини кузатишимиз, яъни бу ўз таркиби ва айниқса техник ходимлар – ёш қизлар ва ёлғизлар, аёлларга қизиқиш билдириши мумкин бўлган эркаклар (ёлғиз бўлиши шарт эмас)га йўналган контрразведка ичидаги разведка эди.

Совет даврида кўпларнинг телефон сўзлашувлари эшитилармиди?

Анча одамларнинг телефонлари эшитиларди, бироқ ундан-да кўпроқ телефонлар эшитилиши мумкин эди. Бунинг учун истак ёки сабабнинг йўқлиги тўсқинлик қилган эмас – ҳамма нарса  соф техник муаммоларга бориб тақалар эди. Мутахассислар ва эшитиш ускуналари етишмас эди, шунинг учун мамлакат бўйлаб минглабгина телефонлар эшитилар эди, холос…

Кўпларнинг орқасидан кузатилармиди?

Вазиятга қараб. Яна ўшанга ўхшаш етишмовчиликлар таъсир қиларди.

              Кўп эмас, яъни минглабгина одамлар орқасидан кузатиш бўлган, шундайми?

Минглабгина –  агар мамлакат бўйлаб, десангиз тўғри. Мана менинг отам, масалан (ўзининг мансаб пиллапояси охирида) айнан ташқи кузатув билан шуғулланган, Еттинчи бошқарма деб аталувчи ташкилотда ишлаган, одамлар орқасидан юрарди. Тўғриси, Москвада эмас, Ленинградда юрган, кейин эса, охирги этапда, нафақага чиқишдан олдин уни “Астория” меҳмонхонасига тайинлашди. Уерда у, биласизми, меҳмонхонага кираверишда…

…швейцар…

…бўлиб турарди. Буларнинг ҳаммаси кичик лавозимлар эди – каттароқ лавозимлар учун отамнинг билими етишмаган, ва у, тўғрисини айтганда, каттароқ лавозимларга ҳеч қачон даъвогар бўлмаган.

Киев ва бутун Русь-Укра­ина патриархи Филарет менга черковдаги у ёки бу даражада муҳим бўлган ҳар қандай лавозимга тайинлаш бирор марта ҳам КГБнинг иштирокисиз ўтмаган, черковнинг барча иерархлари КГБ билан у ёки бу маънода алоқада бўлганлар, деб гапирган эди…

Мутлақо тўғри. Дарҳақиқат, Пимендан бошлаб урушдан кейинги барча патриархлар билан мен таниш эдим, Алексий ва ҳозирги Кирилл эса менинг собиқ дўстларим бўлган, бироқ мутахассислигим бўйича мен улар билан ишламаганман.

Яъни улар билан кимдир бошқа одам ишлаган…

Ўз-ўзидан маълум. Бир марта Москвадаги қандайдир митингларнинг бирида мен очиқча иштиёқ билан ҳозир марҳум Алексий ҳақида “Ундан нимани кутиш мумкин? – у ахир органлар билан ҳамкорлик қилади-ку” дедим. Эртаси куни патриарх менга: “Менинг уйимга кела оласизми?” дея қўнғироқ қилди. Мен унинг қаср уйига борганимда ундан хафаликни, эътирозларни кутган эдим, у бўлса столга таклиф қилиб: “Ўтир. Кел, бироз у-бу нарса еб олайлик” деди. Дарров официант пайдо бўлди (кўринишидан, махсус таклиф қилинган), Алексий эса гапида давом этди: “Сен ёш одамсан, баъзи масалаларда яхши мулоҳаза юритасан… Мени одамлар ичида КГБнинг агенти дебсан, бироқ сен тарихни билмайсан-ку. Большевиклар ҳамма нарсани қўлга олганларида, православ черкови совет системасининг дастлабки қурбонлари бўлди – натижада рўҳонийларнинг учдан бири чет элга чиқиб кетди, учдан бири лагерларда йўқ қилинди ёки отиб ташланди, яна учдан бири православ динимизни қутқариш учун талабларга кўнди. Мен айнан шу одамлар сафига кираман, буюк мақсадлар илинжида сизнинг органларинг билан ҳамкорлик қилиб, православиени қутқаришга ёрдам бердим”. Мен бундай очиқ сўҳбатда биринчи марта иштирок этган эдим…

“Унда нега сиз бу ҳақда очиқ-ойдин айтмайсиз? – сўрадим мен. – Халқимиз тушунарди, чунки бизда кўпчилик кўп ҳолларда ўз хоҳиши, ўз иродаси билан ҳамкорлик қилмаган, тирик қолиш учун ҳамкорлик қилган, бундай шароитда сизда православ черковни сақлаб қолиш вазифаси ҳам бўлган”.

Мана, Кирилл – у бизнинг эски қадрдонимиз, мен “бизнинг” деганимда КГБни назарда тутаяпман. Айтмоқчи, унинг ҳозирги Россия раҳбарияти билан муносабати жуда зўр – уни қадрлашади, чунки у жуда ўқимишли. Айтиб ўтай, барча патриархлар билимдон одамлар бўлишган, Кирилл, менимча, учта чет тилини билади. У ёшлигидаёқ ўзини черков ишига бағишлаган…

Черков илгаригидай КГБ (ФХХ) билан ишлайдими?

Ҳа, сўзсиз, бу масалани умумлаштирувчи тасвир беришимни истайсизми? Совет ҳукумати учта китнинг устида турган: биринчиси – компартия, иккинчиси – КГБ ва учинчиси – ҳарбий саноат комплекси, бугунги Россия ҳукумати эса биринчи навбатда ФХХ ҳисобига тик турибди, чунки президент ҳам, баъзиларнинг уқтиришича, 70 фоиз юқори маъмурият вакиллари ҳам – ё  КГБнинг собиқ ходимлари, ёки мазкур хизматнинг ёрдамчиларидир, иккинчидан – сиёсатда керакли йўналишни олиб боришга ёрдам берадиган, жамоат норозилигини юмшатадиган, ва, керак бўлса, ҳукумат сиёсатини танқид қилувчиларнинг танобини тортадиган Рус православ черкови, ва учинчидан –  Березовский, Гусинский ва бошқалардан фарқли Кремль билан умумий тил топган Россия бизнесидир.

Россия ишбилармонлари бир нарсани яхши билволишди – агар  маълум структуралар вакиллари билан дўстлашмасанг, ҳеч нарсага эриша олмайсан – ё бизнесингни дабдала қилишади, ёки… буёғини ўзингиз тушунасиз… Ельцин, гап орасида айтиб ўтай, жуда муҳим бир нарсани айтган эди – сизга бу маълумми-йўқми билмайман, бироқ у газетада чоп этилган. Ўлимидан сал олдин Москвада ундан интервью олишган,  соғлиқ-саломатлиги, нималар билан шуғулланаётганини сўрашган, ва ҳоказо, саволлардан биттаси бундай бўлган: “Ўтмишга қараб, ўз хатоларингизнинг қайсиси энг жиддий деб ҳисоблайсиз?”. У уф тортиб: “Уф-ф-ф, хатоларим шунчалик кўп бўлган-ки…”. – “Энг кўп афсуслантирадиганлари ҳақида айтиб бера қолинг”, Ельцин “Чеченистондаги уруш ва ворисни танлаш”, деб жавоб берган.

Сизнинг қўл остингизда ишлаган Владимир Владимирович Путинга ўтайлик: Сиз Ленинградда ишлаб юрганингизда уни танирмидингиз?

Мен фақат унинг юзини эслайман – у  кабинетларга сир чоралари билан боғлиқ бўлган қоғозларни тарқатарди. Хизмат бўйича бизнинг ҳеч қандай контактларимиз бўлмаган – Путин жуда кичик лавозимни эгаллар эди.

Бир интервьюингизда сиз Владимир Владимирович ҳеч қачон разведкада хизмат қилмаган дегансиз…

Ҳеч қачон!

Германия-чи?

Яшанг! Жуда яхши савол! Польша, Венгрия ва Чехословакиядагидек, Шарқий Германиядаги бўлимлар асосан ички органлар ҳисобига шакллантирилган – уларнинг ходимлари учун бу чет элда ишлашга тўғри келадиган дастлабки тайёргарлик эди, ГДР эса чет эл ҳисобланмас эди. Шунинг учун, Путин Дрезденда ишлай бошлаган пайтда, шартли равишда айтганда, бу унинг биринчи стажировкаси эди, бироқ у Дрезденда ўзини етарлича яхши кўрсата олмади. Бу биринчидан, иккинчидан эса Владимир Владимирович Ленинградга қайтганда олдинги иш жойида бўш ўрин топилмади, шундай бўлса-да, у Дрездендан ўзига ГДРда ишлаб чиқилган машина олиб келди…

Трабантми?

Ҳа, ”Трабант”. Мутлақо тўғри, ва у шу малолитражкасида яшаши учун пул ишларди – одам ташиш билан шуғулланарди. Мен олдин ҳам айтдим, яна эслатаман –  собиқ СССР халқ депутати, Ленинград-Санкт-Петербург мэри Анатолий Собчак билан менинг муносабатим жуда яхши эди. У Ленинград университетининг хўжалик ҳуқуқи кафедраси мудири эди, ва, эсимда бор, ислоҳотчилик кайфиятимиз заминида иккаламизнинг фикрларимиз бир жойдан чиққанда, у мутлақо яширмасдан сўради: “Менга қара, мэр сифатида менга сенинг собиқ идоранг билан алоқа қилишимга қандайдир одам керак – гаплашволишим учун сен бирортасини таклиф эта оласанми? Расмий эмас, оддий инсон инсон билан гаплашгандай”. Мен бош ирғадим: “Анатолий Курков деган ўринбосар бор – яхши йигит”. У бошини сарай-сарай қилиб: “Мен бу даражадаги одам билан гаплаша олмайман – ҳар ҳолда у раҳбарнинг ўринбосари, мен эса мэрман…”.

Фош қилувчи алоқа-да, шундайми?

“Менга мана бундайроқ биттаси керак” (у қўли билан пастроқ дегандай ишора қилди). Мен қўлларимни икки томонга ажратиб: “Ундай одамни айта олмайман” дедим. Бироқ у ўша кунларда ўзи, эсига тушганми ёки кўчада учратиб қолганми – билмайман, қаердадир Ленинград университетининг юрфакида ўқиган ўзининг собиқ студенти Владимир Путинни топиб олган ва уни мэрнинг турли масалалар, жумладан халқаро алоқалар бўйича ёрдамчи бўлишга таклиф этган. Шу билан Дрездендан қайтгандан кейин, охир-оқибат, Путин биринчи марта ишга жойлашди, тадбиркорлиги ва ташаббускорлиги туфайли эса у ўз ўрнини топди. Ўша пайтларда бутун Россия озиқ-овқат етишмовчилигини бошидан кечираётган эди, нафақат колбаса, балки кўпгина оддий озиқ-овқатлар учун ҳам чўзилиб кетган навбатлар турарди…

Ельцин бир куни сўраб қолган: “Бизда мана навбатлар кўп, одамлар норози бўлиб шовқин-сурон қилишаяпти, нега Ленинградда ҳамма нарса жойида – нон ҳам, колбаса ҳам бор?”. Ўшанда президент ишлари бошқармаси бошлиғи Бородин эди ва у “Уларда нефть ва нефть маҳсулотларини озиқ-овқатга алмаштириш программасини ишга туширишга эришган ақлли одам бор” деган. – “Нимаси бу? Бундай қимматли ходимни буёққа олиб келиш керак. Бўл дарров, тушундингми” – деган Ельцин. Дарров Путинни президент ишлари бошқармасига таклиф қилишди, ва у Бородиннинг ўринбосари, кейин эса, тезликда, Россиянинг чет элдаги мулки масалалари бўйича президент ишлари бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлди.

Борис Николаевичнинг шахсий муаммолари, бошқача айтганда, кўзга яққол кўриниб турган камчиликлари бор эди. КГБ раҳбарларини у тез-тез алмаштириб турарди, чунки улар ўзини у кутгандай тутмас эдилар. Ельцинга Бородин етарлича билимли йигит, ҳамма нарсани ташкиллаштиришни билади, деб Путинни таклиф қилди. Куёви (қизининг эри) жиноят билан боғлиқ бир ишга аралашиб қолганда Ельцин оиласида муаммолар пайдо бўлган эди. Прокуратура президент куёвига қарши иш қўзғамоқчи бўлди, бундан Ельцин, турган гап, ғазабланди, бироқ Бош прокурорни фақат Дума тайинлаши ва ишдан олишга ҳуқуқли бўлгани сабабли Ельцин уни ишдан четлатолмас эди. Нима қилиш керак? Скуратов жойида ўтирибди, уни осонгина кавлаб олиб ташлай олмайсан… Шунда Ельцин Путинга мурожаат қилган, ва у: “Бирор нарсани ўйлаб топармиз” деб ваъда беради.

Генпрокурорни ФСБ бир ойга ижарага олган Москвадаги бир квартирага таклиф қилишади. Уерда у иккита қиз билан кайфу-сафо қилади – буларнинг ҳаммаси видеопленкага туширилади ва бир ёки бир ярим ҳафтадан кейин Россия телевидениеда кўрсатилади. Шундан кейин парламент, турган гап, Скуратовни зудлик билан лавозимидан четлатишни талаб қилади. Ельцин “Мана бу ҳақиқий эркак! – бунга ишонса бўлади. У нимани ва қандай бажаришни билади” деган – Ельциннинг ана шу гапи Путинни энг юқори чўққига олиб чиқди.

Россияни бугун ФСБ бошқараяптими?

Ҳа, ҳозирги Россия, турган гап, анча ўзгарган давлат бўлса-да, уни ФСБ бошқараяпти, дейишим мумкин. Путин ҳокимиятга келгандан бери икки миллион россияликлар, асосан илмий-техник зиёлилар (ижодий зиёлилар камроқ) Россияни тарк этишди ва чет элларга чиқиб кетишди.

Россияда инглизлар brain-drain – дейдиган жараён, яъни “миялар чиқиб кетиши” юз бераяпти. Бу ҳақда, гап орасида айтиш керак, Россиянинг ҳозирги бош вазири, собиқ президенти Медведев ҳам (балки жудаям тушунарли бўлмаса-да, анчагина тиниқ) айтган эди. Путинда ҳам, балки, шундай фикр бўлса бордир, бироқ унинг олдида ҳозир муҳимроқ масала турибди –  ҳар қандай йўл билан ўзини ҳокимиятда сақлаб қолиш – Россиянинг нефть маҳсулотлари яхши харидоргир бўлиши, уларнинг нархи шу даражада муқим туриши, россияликларга ўз уйида яшаш ёқмай қолган тақдирда чет элга кетиш ҳуқуқи сақланиши – ана шулар Путинни сув устида чўктирмай ушлаб турибди.

Россия учун нархлар мақбул бўлмай қолса, бирор нарса ўзгариши мумкинми?

Сўзсиз. Болотная майдонида бўлиб ўтган зиёлиларнинг оммавий чиқиши ҳам, православ черковга қарши Надежда Толоконникованинг Pussy Riot гуруҳининг бошқа иштирокчилари билан уюштирган акцияси ҳам – буларнинг ҳаммаси яшириниб турган реал сабаб ҳақида тасаввур берадиган қандайдир чизгилардир, бироқ бугун яширин ҳолда тутаб чўғланаётган норозичилик ёйилиб кетиши ва ҳал қилувчи факторга айланиши мумкин.

Бошқача айтганда, ҳамма нарса нефть нархига боғлиқми?

Умуман олганда, жуда кўп нарса нефть нархига боғлиқ, агар Россия даромадининг 50 дан ортиқ фоизини бугун ёқилғи маҳсулоти бераётган бўлса, истаган пайтда федерал бюджетнинг ярми асфаласофилинга кетиши турган гап!

Тан олиш керак, Россияда ҳукумат, раҳбарлар олдида қулларча эгилиш элементлари ҳақиқатан сақланган, ва, ўйлайман-ки, уларнинг аксарияти асрлар давомида Россия бошидан кечирган чет эл истибдоти натижасидир. Октябрь инқилобидан кейин ҳам, янги даврлар бошлангандай туюлганда, советлар ҳокимияти эски крепостниклик ва қулчилик системсини янги, даҳшатлироқ –  шу сўзнинг тўғридан-тўғри маъносида – қанлайдир режимга алмаштирди. Бу – ўта даҳшатли эди ва аксар ҳолда русларнинг зеҳниятидаги ҳокимият олдида титрашни, у билан курашиш ва ниманидир ўзгартиришни истамасликни сақлаб қолди. Худога шукр, нон ва колбаса бор…

Интервьюнинг қисқартирилган варианти

Толиб  ЁҚУБОВ  таржимаси

18 январь, 2015 йил;                    Франция

 

 

 

Categories: ТАРЖИМАЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.