УКРАИНА ва РОССИЯ  – ТАРИХИЙ УЗИЛИШ

ТАРИХИЙ  УЗИЛИШ4-қисм. Биринчи шахснинг қўрқуви ва даҳшати

16 январь 2015 й.

Владимир НАДЕИН

Арзимаган одатий эҳтиётсизлик қўлда кучли оғриқ пайдо қилди  ва у узоққа чўзилган оғриқ бўлиб чиқди. Шунда мен хафа бўлиб англадимки, журналистикадаги 57 йиллик узлуксиз ишим давомида  чап қўл билан ёзишни ўрганмаган эканман. Илгари фақат кўчма маънода, деб ўйлардим, бироқ, йўқ, тўғри маънода ҳам экан. Бажарилмаган ваъда ва мутоаланинг узилиб қолганидан ўнғайсизлик учун энди ўқувчилар олдида кечирим сўрашга тўғри келаяпти.

Бироқ яхшиликсиз ёмонлик бўлмайди. Йилнинг кейинги ҳафталарида учта буюк воқеалар содир бўлди. Биринчиси –  мамлакат ҳолати ҳақидаги президент йўлланмаси. Иккинчиси –  бош вазир Дмитрий Медведевнинг ватан телевизион интеллектуалларининг унча синчков бўлишмаса-да, борича сараланган гуруҳи билан стол атрофида суҳбати. Ва учинчиси –  Владимир Путиннинг бир неча минг журналистлар иштирокида ўтказилган матбуот-конференцияси. Бу воқеалар Россияда ҳукмдорлар бор, бироқ ҳукумат йўқлигини яққол кўрсатди. Бирорта янги ғоя чиқмади, бирорта ақлли таклиф бўлмади. Халқни тинимсиз чайқалиб туриши учун кучаяётган денгиз туфони тўлқинларига улоқтиришди.

Олдинги қисмларнинг мазмунини эслатишга рухсат беринг. Биринчисида биз (“Дранг нах Киев”) рус-украин уруши Европа беқарорлигининг бош фактори эканлиги масаласини қараб чиққан эдик. Иккинчисида (“Биродарлар урушининг руҳи ва алифбоси”) нима ёмонлигини – вайроналар ва дарё-дарё қон бўлмаслиги учун яқин-яқингача биродар бўлганларга таслим бўлишми ёки охиригача жанг қилиш керакмилигини таққослаган эдик. Учинчисида (“Демократия вертикалга қарши”) силлиқланган ва шаклланган Путин мустабидлигига қарши урушларда ёш ва қашшоқликдан тинкаси қуриган украин давлатчилигининг шанслари қандайлиги ҳақида фикр юритган эдик.

Бироқ, афсус, ҳатто кўп тортишувлардан кейин ҳам биз бош масалада  –  умуман бу уруш кимга ва нега керак бўлиб қолди? –  деган саволга ортиқча аниқлик кирита олмадик
Яна-да тўғридан-тўғри савол берса бўлади – Путинга бу ахмоқона, талончи, зимистонлик уруши нега керак бўлиб қолди? Савол ғалатидай эшитилади. Биз Майдон ҳақида ҳамма нарсани билгандаймиз. Ундан олдин нима бўлганини ҳам биламиз. Ундан кейингиларини ҳам. Украинасиз бир кун ҳам яшаганимиз йўқ. Янгиликлар бўйича Киев Питерни ортда қолдирди, Қрим Урални сиқиб чиқарди, Донбасс Волгабўйини тепкилаб ташлади.

Қўшни мамлакатда воқеалар кўз ўнгимизда содир бўлгани учун ҳозир ҳаммамиз украинлар ишида билағонмиз, деган муқим ҳис-туйғу пайдо бўлди. Бу –  одамни эсанкиратадиган адашишдир. Буюк демократик инқилобни фашистларнинг давлат тўнтариши деб атаяпмиз. Ақли ва матонатидан ўрнак олиш лозим бўлган қаҳрамонларга тупуриб, уларни лаънатланаяпмиз. Ҳатто асосий сабабчиси биз бўлган қўшниларимиздаги қийинчиликлар ва фожеаларга ёш болалар текин навватга суюнган каби севинаяпмиз. Биз ва украинлар орасидаги жарлик қўрқинчи тезликда кенгаймоқда, чунки шам икки учидан ёнмоқда –  украинлар ёруғлик томон аста-секин ўрмалаб кўтарилашаяпти, биз эса катта тезликда зулматга шунғияпмиз.

Бизнинг ҳуқуқбонларимиз ҳисоблаб чиқишди, 2014 йил апрелидан бошлаб Украинада 5,5 минг россиялик ҳарбий хизматчи ўлган, 10 минг йигитларимиз жароҳат олишган. 610 минг украиналиклар бизнинг пулларимиз ҳисобига, уларга буерда ҳам ширин ҳаёт бўлмаса-да, Россияга келиб жойлашишди,. Бу рақамлар тўғрими-йўқми? Биз билмаймиз. Уруш қурбонлари ва харажатлари ҳақида бизга ҳеч нарса айтмайдилар ва биздан ҳеч нарсани сўрамайдилар. Аслини олганда, Путиннинг ўзи бу уруш ҳақида нимани билиши ва у ҳақида нима деб ўйлаши – ҳозиргача бизга аниқ бир нарса маълум эмас. Ҳозирча у Россияни бутун инсониятнинг нафратига юзлатиб, ҳамма нарсани тўлиқ инкор этиб турибди.

БМТ маълумотларига кўра, апрелдан бошлаб ўтган муддат ичида 4,5 минг украиналиклар ўлган, 10 мингдан ортиқ одам жароҳатланган, 600 мингга яқин одам зудлик билан мамлакатнинг бошқа ҳудудларига кўчиб кетишган. Моддий зиён даҳшатли ва у миллиардлаб доллар билан ўлчанади. Ҳар икки томондан ҳарбий йўқотишлар кўлами Афғон урушидагидан кескин ортиб кетди.

Бизда ички фойдаланиш учун ҳам, ташқарига чиқаришга ҳам яроқли, Путин томонидан бир неча марта айтилган версия айланиб юрибди. Гўё Европа Украинани ютиб юборишни мўлжаллаган, Москва эса катта қийинчилик билан бўлса-да, ўғринамо, бироқ қонуний президент Януковични бу хавфли қадамдан қайтара олган. Ҳатто кўп пул ҳам берди. Бироқ Америка бошлиқ қора кучлар бу ерда давлат тўнтаришини уюштирди, ҳокимиятни фашистлар эгаллади, мамлакатнинг ярмига ўзининг рус тилисида гапиришни таъқиқлаб қўйишди, бунинг натижасида фуқаролар уруши бошланди. Россия, албатта, ҳамдардлик билдиради, бироқ бу урушга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Лекин, нима бўлсаям, Қрим — бизники.

Воқеаларнинг Путин баёнининг ҳаммаси ёлғондан тикиб чиқилган –  бу ҳақда украинлар билишади, русларнинг эса хабари йўқ. Бироқ Путин ҳамма нарсани билади, чунки бу бўтқани унинг ўзи пиширган. Асосий сохталаштириш Россиянинг президент Януковичнинг қулашидан тортиб уруш бошлашгача бўлган ролига тегишли.

“Нью-Йорк таймс” газетаси ўзининг шу йилнинг 3 январь сонида “Украина президенти ағдарилмасдан илгарироқ мағлубиятга учради” номлм катта журналистлик текширувни чоп этди (“Ukraine leader was defeated even before he was ousted”). Инкор этиб бўлмас ҳужжатли маълумотлар, Украинанинг собиқ ва ҳозирги намоёндалари билан ўтказилган кўпгина сўҳбатлар асосида газетанинг мухбирлари Эндрю Хиггинс ва Эндрю Крамер Украинада “фашистик” ҳам, оддий тўнтариш ҳам бўлмаган, деган хулосага келишган. Януковичнинг командаси вакиллари ўзбошимчалик вақти тугагани ва ҳар бири ўз қилмишига яраша жавоб беришига тўғри келишини англаганини сезган заҳотиёқ қўрқоқларча қочишди. “Улар Януковични ва унинг ҳукуматини ҳимоя қилиш эмас, ўзларининг хавфсизлигидан кўпроқ хавотирда бўлганлари туфайли қочишди”, — дейилади газета мақоласида.

20 февралда Киевнинг асосий “Жуляни” аэропортининг автомобиль тўхтагич майдони қимматбаҳо “мерседес” ва “бентли”лар билан тўлиб-тошган эди. Улардан қўлида кучукчаларини кўтариб олган нозик табиатли аёллар ва ҳеч кимга ишонмай, баҳайбат чемоданларини ўзлари судраб келаётган эркаклар тушишди. Ўша куни аэропортдан илгари ҳеч кузатилмаган миқдорда кўп, 60 та рейсдан ортиқ шахсий ва чартер самолётлар учиб кетди. Ўша куни Украинадан юзлаб миллион долларлик нақд валюта ва қимматбаҳо нарсалар олиб чиқиб кетилди.

“Нью-Йорк Таймс” Харьков вилояти собиқ губернатори Михаил Добкиннинг Украина бошқарув элитасининг қочгани ҳақидаги сўзларини келтиради: “Лидер лидерликдан маҳрум бўлганда ёнида бўлган ҳамма одам уни ташлаб кетади. Қоида шундай. Ўз вақтида сотқинлик қилиш —  бу сотқинлик эмас, балки олдиндан кўришдир”.

Сотишга-ку сотишди, лекин ҳаммаси негадир бир томонга учиб кетишди. Украинада президентнинг ўзи ҳам, унинг кўпчилик ҳукумат аъзолари ҳам, кўпгина молиявий чайқовчилар, прокурор ва судьялар, генералитет ва махсус хизматлар ҳам ўзларида икки муҳим сифатни бир-бирига узвий боғлаган эдилар –  улар Украинанинг беҳаё ўғрилари ва Россиянинг пуллик агентлари бўлганлар. Уларнинг қўли билан Кремль Майдонни бостирди. Янукович ҳамма вақт Москва жилови билан бўйсундирилган эди, ва унинг Москва отхонасига қочиши Украинадаги кўпйиллик Путин сиёсатининг тўлиқ барбод бўлганини очиқ-ойдин кўрсатди.

Кремль Януковичга Европа билан эркин савдо ҳақида шартнома имзолашга йўл қўйганда Россия учун қандайдир даҳшатли бир нарса юз берармиди? Ҳеч нарса бўлмасди! Януковичнинг одамлари бизнинг  полицияда ўтказилган медведевча “ислоҳот”га ўхшаш суд системасининг ислоҳотини амаллашарди. Ўғриларга ўғриларни тинчитишни, Москва агентларига Москва агентларининг ватанпарварлигини ўлчашни топширишарди. Имконсиз украин-рязань шевасида гапирувчи қориндор совет генералитети эса Ғарб маслаҳатгуйлари билан шундай мулоқот сеансларини ўтказишарди-ки, НАТО даҳшатда бошини ушлаб Эльбагача қочиб борарди.

Бугун бор-йўғи бир ярим йил илгари, 2013 йилнинг ёқимли “аёллар ёзида” минглаб одамлар бахтсизлик остона ортида турганини ҳаёлига ҳам келтирмай Украина шарқида ҳар кунгидай ҳаёт кечиришганига ишонгинг келмайди. Доллар саккиз гривен эди. Россияда Американинг “кўки” ишонибқираб 30 рублга ёндошарди, Олимпиада олдида Сочи ўзини даканг хўроздай тутарди, Путин Меркель билан эса ўзаро фойдали, деярли таржимонсиз мустаҳкам дўстлик ўрнатишган эди.

Бўлажак бахтсизликларнинг ҳали кўринар-кўринмас биринчи учқуни Россиянинг ғалати бир намоёндаси — академик, иғвогар ва бузғунчи, бир қатор ахмоқона ғоялар муаллифининг тошга уриб учқун чиқарадиган тутатқичидан учиб чиқди. Сергей Глазьев, президент Путиннинг махсус ёрдамчиси мақомида, у пайтда сўзсиз украинларники бўлган Ялтада ўтказилган халқаро форумга келди ва унда ҳаммани кулдирди.

АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтон ва унинг хотини, собиқ Давлат котиби (балки бўлажак президент) Хилари Клинтон, Буюкбританиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр, Исроил президенти Шимон Перес, Польшанинг собиқ президенти Александр Квасьневский ва яна кўпгина таниқли ҳар хил одамлар кулишди. Чунки москвалик академик украиналик мухолиф билан бўлган оғзаки тортишувда калтакланган мушукдай эди.

Тортишув бутун Украинага телевидение орқали кўрсатилган эди, ва шу туфайли, ўзининг ақл-фаросатига қараб оддий халқ ҳам кулиб ўтирди. Илгари, чақирилмаган меҳмон бўлса-да, Украинага тез-тез бориб турган Сергей Глазьев кейин Украинада бир марта ҳам кўринмади. Европа Украинани ўлдиради, деган унинг қўрқинчли башоратлари унутилди. Ҳаёт давом этаверди.

Путиннинг чопари устидан эса, украинлар ўлчови бўйича бой ҳисобланган, бироқ мулозимлик даражаси унчалик юқори бўлмаган одам кулган эди. У биринчи қаторларда ўтирган эмас, чунки у “Олий Раданинг блокларга кирмаган депутати” эди, холос. Яъни оддий депутат. 450 тадан биттаси. У Петр Порошенко эди.

Путиннинг ўзи эса ўша пайтда ақлсиз биродарларни князь Владимир ва гопаклари учун истар-истамас мақтаб, ҳали Украинага бирор нарса билан хавф солмаётган эди. Бироқ тез орада, Майдон гулханларининг аччиқ тутунлари эндигина таралаётган пайтда, Глазьев Украина ўлимини башорат қилганда ҳеч нарсани ичидан тўқимаганлиги маълум бўлди. Кулгига қолган академикни саҳнадан супириб ташлаб, Путин унинг ахмоқона гапларини президент ультиматуми тилига ўтказди. У Ассоциация ҳақидаги шартномадан, гўё Украина контрабанда йўли билан иқтисодимизни бузмоқчи бўлаяпти, деган айблов ясади. Украинанинг сифатнинг европача стандартларини қабул қилиш истагидан сездирмасдан душман томонга ўтиб кетиш режаси борлигини ўйлаб топди.

Асосий айблов эса – гўё, Украина-Европа Иттифоқи ўзларининг икки томонлама музокараларида Россияни тенгкучли учинчи томон сифатида олмай уни кечириб бўлмас даражада ҳақорат қилишди. Улар музокараларни гўё-ки яширин, сотқинларча, ҳеч нарсадан шўбҳаланмаган ва ишонувчан Путин орқасида туриб олиб боришган. Бу ҳақда унинг ўзи оғриқ ва аччиқ алам билан такрор ва такрор айтган эди. Ассоциация ҳақидаги музокаралар президент Юшченко пайтида бошланган ва Россиянинг Европа Иттифоқидаги доимий вакили бу ҳақда тўлиқ коммюникелар олиб турган бўлса-да, Путин ҳозир ҳам ўша гапларни айтаяпти.

Яқиндагина эса португалиялик сиёсатчи, Европа Иттифоқини салкам ўн йил давомида бошқарган Хосе Мануэль Баррозу Германиянинг “Ди вельт” газетаси журналистлари билан бўлган сўҳбатда “Россия ҳукумати ва шахсан Путиннинг ўзи  беш йил давомида ЕИ ва Украинанинг ассоциация масаласидаги келишуви ҳақида яхши тасаввурга эга бўлган”лигини тасдиқлади. Баррозу “Путин бугун Украинада бўлаётган воқеалар ривожидан даҳшатга тушдим, деяётган бўлса, бу ёлғон” деди,

Украиналиклар жанжалкаш шарқий биродарни тинчлаштириш учун қўлидан келган барча ишларни қилишди. 2013 йилнинг сентябридан декабригача Янукович, унинг бош вазири Николай Азаров, яна Европа Иттифоқининг таниқли намоёндалари ҳам Москвага ўнлаб сафарлар қилишди. Сиз бизсиз Хитой билан ШОС ҳақида, Бразилия билан БРИКС ҳақида музокара олиб борган эдингиз, энди биз ҳам Брюссель билан ўзимизнинг муаммоларимиз ҳақида сўҳбатлашамиз, деган тенгҳуқуқликни талаб қилиш Янковичнинг ҳаёлига ҳам келмагани ўз-ўзидан маълум. Йўқ, бундай бетгачопарликни бирорта киевлик ўзига муносиб кўрган эмас. Илгаригидай биродармиз, деб ишонишар эди. Келажакда ҳам ўзимизни яхши томондан кўрсатамиз, деган нарсага урғу беришарди. Россия Ассоциация мамлакатлари билан эркин савдо ҳудудида олди-сотди соҳасида бой ва қимматли тажрибага эгалигини эслатишарди. Финляндия, масалан, 25 йил шу ҳудудда савдо қилган, ва бу Россияга фақат фойда келтирган. Туркия, Исроил, Норвегия ва яна ўнлаб мамлакатлар бир пайтнинг ўзида Ассоциация иштирокчиси ҳам, Россиянинг илгаридан синалган савдо ҳамкорлари ҳам бўлишган. Бироқ Москва Киевнинг барча иддаоларига қулоқ тутмай келди.

Душманлик кучайиб борди, бироқ у ҳали катта қон тўкилишигача етиб келган эмас эди. Ҳатто Қримнинг босиб олиниши биродар халқлар орасидаги 300 йиллик тинчликка раҳна солмади.  Россия парламенти депутатларининг эҳтиросли қарсаклари остида Путин томонидан эълон қилинган ҳамда Украинани парчалаш ва йўқ қилишга тўғридан-тўғри қаратилган “Новороссия” деган ўта бемаъни программа керак бўлди. “Ҳа, бу энди уруш” дейиш ҳаммага равшан бўлиши учун Донбассга қароқчиларча босқин, аноним танкларда келган псковлик “таътилчилар”, донецклик президентлар креслоларида ўтирган бетамиз москвалик Гэ-Бэчилар керак бўлди.

Бу урушни “аралаш” уруш деб аташди, бироқ уни оддий қилиб Путин уруши дейилса аниқроқ бўларди. Бундан ҳам аниғи эса Иккинчи Чечен ва Биринчи Грузин урушидан кейинги Учинчи Путин урушидир. Мазкур учинчи уруш олдингиларга қараганда ўзининг бош ташаббусчиси ва асосий нафланадиганининг шахсини янада юқорироқ даражада акс эттиради. Россия томонидан очилган учинчи уруш олдинги икки урушга қараганда янада қўпол, “текис жойда”, анча кучсиз душман томонидан очиқ хавф солинмаган, халқаро қонунлар ва инсоний виждонийликни янада безбетроқ бузилган ҳолда олиб борилаяпти.

Яна бир муҳим томони. Норасман Иккинчи Чечен уруши Ельцин бошқарувининг энг охирги пайтида, яъни “Ельцин пайтида” бошланди. У пайтда Путин яримҳечким, Кремлдаги булут, шунча-ки атрофлича “вазифасини бажарувчи” эди. Президент в.б., партия лидери в.б., “WhoisMr.Putin?” кўринишдаги халқаро машҳур зот в.б. [в.б. – “вазифасини бажарувчи” иборасини билдиради – ТАРЖИМОН]. Биринчи Грузин уруши ҳам икки йилча президент Медведевнинг штандарти остида бўлди. Турган гап, булар штандартни тортиб олганларича, Медведевнинг ўзини эса бирданига кўзи очилган бир гуруҳ генераллар президентликка ўзини ўзи тайинлашда айбламаганча бўлиб ўтди.

Биринчи Украина уруши эса, яъни Учинчи Путин уруши сўзсиз ва ҳаммуаллифсиз шахсан Россиянинг бош ҳукмдорига тегишлидир. Бу унинг уруши эканлиги яна шундан иборат-ки, Россияда ҳеч ким унга аралашишга ҳаққи йўқ. Мудофаа вазири Шойгу ўзини бу ердан ўтиб кетаётган йўловчи одамдай тутади. Ташқи ишлар вазири Лавров қаёққа учиш буюрилса ўша ёққа боришга тайёр, бироқ гапирганда эски пластинка чизиғига тушиб қолган каби битта нарсани такрорлайверади. Бош вазир Медведев бир куни кутилмаганда бирдан соддалашди. Ҳукуматдаги барча бошқа одамлар умуман “тана”га яқинлашишга имконияти йўқ, шунинг учун ҳам ҳар қандай “ассаломга” қўрқа-писа олазарак бўлишади ва фақат телевизордан Соловьевнинг навбатдаги тутуруқсиз гапларини эшитгач, юзларига қизил югуради.

Яккамаховлик —  яккаҳокимликнинг стандарт юкидир. Барча муаммоларни ўзинг ечишингга тўғри келади. Ўз атрофидан Путин ҳақиқий маслаҳатни ололмайди. Бугун маддоҳлари унга қанақа янги нарса ҳақида маслаҳат беришлари мумкин? Фақат ундан кеча эшитганларини айтишлари мумкин, холос. Ҳокимиятнинг мустабид моделида ғоялар ҳаракати орбитал космик станциядаги суюқлик каби ёпиқ цикл бўйича боради –  бугун сийсанг эртага ўшани ичасан.

Турган гап, агар яккаҳоким бўлган бошлиқ оммавий умумхалқ олқишидан ақлдан озган бўлса, у ҳолда чет эллардан келган акс-садо унга жудаям ёқиши мумкин. Келган хатларнинг маддоҳларча таржимаси эмас, аслиси бўлгани яхши. Бунда Путинга омад чопди. Украина жанубий-шарқида танк-артиллерия дуэллари гумбура-гумбурлари қанча қаттиқ бўлса, Америка ва Европанинг юксак шахслари Москвага шунча тез-тез қўнғироқ қилиб туришадиган бўлишди. Агар Ангела Меркель Кремлга қилинган халқаро қўнғироқлар учун ўз ҳамёнидан тўлаганда эди, янги йилда бундестаг ГФР канцлери маошини камида икки баробар оширар эди.

Яна Вашингтон, Париж, Брюссель, Рим, Лондондан ҳам қўнғироқ қилиб туришди. Вазир Лавров ҳам ғарблик ҳамкасблари билан ўнлаб учрашувлар ўтказди. Путин, камроқ бўлса-да, у ҳам Украина ва ўзи ҳақида ширингина сўҳбатлашиб турди. Путиннинг эҳтиётли, синчков, пишиқ немис канцлеринаси билан ўтказган, узоқ давом этган, тинкани қуритадиган икки сўҳбати алоҳида аҳамиятга эга.

Уларнинг биринчиси Миланда бўлиб ўтди. Путин, унинг шарафига (арзон газ олиш илинжида) республика юбилей парадини икки кунга сурган Белграддан учиб келаётган эди. Меркель сўҳбатдошини кеч соат саккизга кутган эди, бироқ Путин ярим тунда учиб келди. Агар Путин хафа ва ғазабланган канцлерина уни ёқимсиз тушунтиришлардан халос қилиб ухлаш хонасига кириб кетади, деб умид қилган бўлса, унинг умиди пучга чиқди. Немис аёл россияликни ҳеч нарса бўлмагандай қаршилади, сўҳбат эса тонги тўртгача давом этди.

Икки кундан кейин Меркель президент Обамага Россия президенти бошқа параллель дунёда яшаётгандай, ҳар қандай гап-сўзлар учун ўзини кар ва кўрдай тутаётганидан арз қилди. Шундай бўлса-да, сўҳбатдошлар саволларга чарчатувчи жавоблар беришга тўғри келган, ўшандай узоқ тўрт соат давом этган яна битта сўҳбатни Австралияда, Брисбенда шаҳрида ўтказишди. У ҳам мутлоқ арзимас натижа билан тугади.

Сиз билан биз, муҳтарам ўқувчи, қачонлардир президент ва канцлер бўлишимиз даргумон, шунинг учун биз уларнинг этигини ўзимизга сиғиш-сиғмаслигини ўлчаб кўришимизнинг маъноси йўқ. Ўта юқори бошлиқлар баъзида шундай серҳашам ва пинҳона ғамхўрлик кўрсатишади-ки, сиз билан биз умримизнинг охиригача тушуниб ҳам ета олмаймиз. Бироқ бу —  унақаси эмас. Бунда президент ва канцлер ўзаро алмашган ва бир-бирига деярли тўлиқ мос келган асосий ғояларни намоён қилишга биз кучсизмиз.

Меркелнинг мақсади тушунарли –  Украинада қолишдан кўра, ундан кетиш манфаатли эканини унга, Путинга, англатиш. Путиннинг мақсади –  у кета олмаслигига Меркельни ишонтириш. Ҳамма нарсани қилишим мумкин, фақат буни эмас. Ана шу, вассалом.

Меркельда ишонтириш воситалари мана булар. Унинг қўлида учта қудратли – дипломатик, иқтисодий ва разведка-тахлилий федерал хизмат бор. Бундан ташқари, немис таҳлилчилари Америка, ЕИ мамлакатлари ва Япониядаги ҳамкасблари билан кўпгина келишув ва ноформал контактлар орқали боғланганлар. ГФР ҳукумати бошлиғи билан бўладиган дискуссияларда Путин, оддий тилда айтилганда, статистик текшириладиган ёки рад этиладиган ҳақиқий маълумотларга суяна олмайди. Ўтмайди.

Мана, масалан, оғзини очолмайдиган, ватанпарварлик эзиб ташлаган россияликлар олдида тез-тез фойдаланадиган Путиннинг важини олайлик. Гўё-ки Украина, ҳали Европа Иттифоқига аъзо бўлмасдан туриб, эркин савдо ҳудудига кирибоқ, назоратсиз ва Европанинг арзон товарлари контрабандасининг оқими пайдо бўлиши мумкинлиги туфайли Россиянинг ички бозорига дарҳол хавф пайдо бўлар эмиш. Немис канцлерига бу важ таъсир этмади. Меркель хонимда Украина ЕИ билан эркин савдо алоқаларига ўтгандан кейин Украина-Россия савдо олди-бердиси Россия учун фақат манфаатли бўлишини исботловчи юқори ҳурматга сазовор халқаро экспертизанинг рақамлар ва графиклар билан тасдиқланган таҳлилий баёнлари бор эди.

Ёки андозаларга бўлган фисқу-фасодга тўла эътирозларни олайлик. Европа савдо ҳудудига кирар экан, Украина биринчи бир неча йил мураккаб ва оғриқли, кўп жиҳатдан қолоқ, ишлабчиқаришга тўсқинлик қиладиган совет моделидан европача андозалар системасига ўтишни бўйнига олади. Бунда ҳам Россия учун нуқул манфаатлар бўлиши аниқ мавжуд. Ахир Россия ҳам эскирган кўрсаткичлар ахлатидан воз кечишга мажбур бўлади-ку. Украинларнинг муваффақияти ҳам, муваффақиятсизлиги ҳам Россия ҳамда унга иттифоқчи Белоруссия ва Қозоғистонга ҳам карвонбошининг хатоларини такрорламасдан вақт ва маблағни тежашга имкон беради-ку.

Пишиқ немис аёлида яна талай важлар бор. Бироқ Путин ҳам қуролсиз эмас. Устига устак, мунозара синчков, майдакаш рақамлардан тубсиз қалб торларига сакраб ўтганда у енгилмасдир. Сиз, немислар, бизнинг ўрнимизда бўлганларингда Қримни босиб олмасмидиларинг? Ҳа ёки йўқми – бу сизларнинг ишингиз. Шунинг учун ҳам сиз немисларсиз. Биз эса — руслармиз. Биз — бошқамиз. Греклар учун Херсонес нима бўлса бўлаверсин, биз учун эса у рус шон-шўҳрати шаҳри ҳисобланади. Херсонессиз бизнинг томоғимиздан овқат ҳам ўтмайди. (Айтгандай, бу “овқатга қарши санкцилар”ни тушунтириш учун қулай ибора).

Ундан кейин эса ўта чопқир уч от қўшилган чана йўлга тушди. Муқаддас князь Владимир оқ йўл тилади бла-бла-бла. Буюк Екатерина Новороссияни тузди бла-бла-бла. Маст Хрушчев кайф устида украинларни бизнинг Киев Русига тиқиб қўйди бла-бла-бла. Мана, Путин томонидан усталик билан халқаро ҳаётга олиб кирган буюк ноу-хауси нимадан иборат! Сўҳбатдошга очиқ чеҳра ва дўстона табассум билан, уни тушунгандай оҳангда, кўзига синчковлик билан тик қараб, Путин бориб турган бемаъни гапларни айтади. Ва, ҳар қандай кўтаринки руҳда айтилган унинг бемаъни гапини мантиқан рад қилиб бўлмайди.

Икки қўлинг билан бошингни ушлагинг, томир уриш пульсини ўлчагинг ва тинчлантирувчи дори ичкинг келади. “Бунинг бўлиши мумкин эмас!” – деб бақирасан. Ўз қўлинг билан, бир йил бўлмасдан, оғир меҳнат билан топган ҳамма нарсани йўқ қилсанг-а! Қишки Олимпиадада бирорта маъно бўлган бўлса — ҳаммаси йўқ бўлди. Ельцин “катта еттилик”га аъзо бўлиш учун қанчалик кураш олиб борган эди, эслайсизми? — уям тамом бўлди. Санкциялар рубльнинг оёғига болта урди, у қадрсизланиб кетмоқда, қимматчилик, дўкон пештахталари бўшаб бормоқда, Қрим дунёдан узиб қўйилган, Донбасс маддалаб турган ярага ўхшайди, Малайзия “Боинг”и қурбонлари Россия бўйнида осилиб турибди, Украина НАТОга қараб одим ташлаяпти, Литвада Америка базалари, Хитой Сибирнинг буғзидан ушлаб турибди, Беларусь дўст ҳам эмас, душман ҳам. Шунча-ки ўзича… Бу рўйхатнинг узунлиги одамни чарчатади. Россия фахрли кўкрак кериб, олға қадам ташлаб кирган лабиринтдан фақат битта чиқиш йўли кўриниб турибди, холос – кўтни қисиб тескари томонга ҳаракат қилинади.

Муҳими – нега бу ишлар қилинди? Бундай қурбонлар кимга керак эди? Ҳаёт кутилмаган ҳеч бир нарсани рўпара қилмовди-ку! Юз берган барча нарсалар ҳақида Путинни кўп одамлар кўп марта илгаридан огоҳлантиришган эди. Негадир ишламади. Ва бу “нега” —  энг янги тарихнинг бош топишмоғидир. Дунё бўйлаб жавобнинг бир неча варианти кезиб юрибди. Европа ҳукуматини 10 йил бошқаргандан кейин Баррозу Кремль ҳатти-ҳаракатининг бош мотиви сифатида “Россия ўзининг дунёга таъсирини йўқотди ва ўзини камситилгандай сезмоқда, бир вақтлар Россия икки буюк давлатнинг бири эди, бугун у бундай эмаслиги туфайли Путин ғазабга тўлиб тошган”лигида кўришини айтди.

Ҳамма нарса шундай бўла қолсин-у, бироқ нега бу ғазаб шунча кеч ва шунчалик “ўз оёғига ўқ узиш” каби бемаъни кўринишида қўзғади? Нега Украина ва ЕИ орасидаги зерикарли “савдо” музокараларига беш йилдан ортиқ мутлақо бефарқ қараган Россия ҳукумати тўсатдан икки урушни –  Украинада “аралаш” урушини ва дунё кўламида янги “совуқ” урушни бошлашга  қарор қилди? Президент Кучма даврида Украинага Европа эшикларини сал очишган 2007 йил билан Россия Қримни безбетларча босиб олган 2014 йил орасида халқаро келишувлар тизимини бузиб ташлашга сабаб бўлган қандай муҳим бир нарса юз берди?

Умуман олганда  анча нарса юз берди. Бу оралиқда Америкада иқтисод йилига ноль фоиз ўсишдан шарафли беш фоиз ўсиш даражасига кўтарилди, сланец нефть ва газини қазиб олиш эса омадли тажрибадан қудратли, гуллаб-яшнаган индустрияга айланди. Европа ўз бойликларини беҳуда еб қўйган Испания ва Ирландия муаммоларини ҳал қилди. Яқин Шарқни “араб баҳори” титратди.

Келинг, муҳтарам ўқувчи, мен сизни ҳозирча дунёнинг буюк воқеаларини ўз диққатингизнинг бир чеккасида қолдиришингизга ундаб турай. Давлат ягона одамга тегишли бўлса, биринчи шахснинг фикри бутун дунё тортилиш қонунидан кучлироқ бўлади. Мамлакатнинг сиёсий йўли, чегараларининг тинчлиги, миллионлаб фуқароларнинг тинчлиги ва турмуш даражаси биринчи шахснинг ноодатий қарашлари ва унинг ошқозон-ичак тракти фаолиятидаги бузилишига қараганда планеталар ҳаракати каби унчалик муҳим эмас.

Учта воқеа Путин қалбида узуқ-юлуқ чандиқ қолдирди. Жонсиз юзида қора тешик бўлган Муаммар Қаддофий. Улар бир бирини ёқтиришарди. Эркакларча қучоқлашарди. Ливия полковниги 42 йил ўз мамлакатини узлуксиз бошқарди. Путин қадрлаган ҳамма нарса –  куч, ҳокимият, пул – унда бор эди. Оддий одамлар Қаддофийни севишарди. Бироқ америкаликларнинг доҳий тагкурсисини салгина туртворишлари оддий севувчилар уни тилка-тилка қилиб ташлашлари учун етарли бўлди. Путиннинг бундан сабоғи –  Ғарбга ишонма.

Путиннинг иккинчи аччиқ кўнгил қолиши Медведев билан боғлиқ. Путин ўзининг қўрқоқ котибини ҳукмдор тагкурсисига ўтқазаётиб, у бор-йўқ мухолифатнинг данагига айланишига қодир бўлишини ҳаёлига ҳам келтирган эмас эди. Бироқ айланди-ку! Хоҳлаган бўлмаса-да, бироқ айланди. Ва ҳатто норозиликлар тўлқинини келтириб чиқарди. Бу билан у огоҳлик учун яна бир муҳим сабоқ берди – ҳокимиятни бир зум ҳам қўлдан чиқариб бўлмас экан. Ҳатто ҳазиллашиб ҳам. Унга, Путинга, қасдма-қасд баъзи дўстлари қувонч билан орзиқиб кутилган президентликни исталган нотовоннинг қўлига топширишлари мумкин.

Ва, албатта, Болотная намойиши. Ўзининг юмшоқлиги, питербургча зиёлилиги туфайли Путин намойишчиларни эзиб ташлаш мумкин бўлган пайтни қўлдан чиқариб юборишига сал қолди. Худога шукр, ўз вақтида эс-хушини йиғиб олди. Бир ойдан кейин кеч бўлиши муқаррар эди. Юз минг норозиларни тарқатиб юбориш қийин, бироқ қилса бўлади. Миллионларга қарши ҳатто ОМОНда ҳам имкон йўқ. Бундан яна битта сабоқ олиш мумкин –    қонунлар ҳукуматга халақит бермаётган пайтга қадар ҳукумат  қонунларга амал қилиши керак, холос.

Путиннинг мансаб пиллапояларидан ақл бовар қилмайдиган кўтарилиши, тўлиқ бўлмаган тўрт йил ичида ҳақсиз-ҳуқуқсиз ишсиздан дунё сиёсатининг энг юқори осмонига кўтарилганини кўпчилик омад билан боғлашади. Путин “Везёт тому, кто везёт” [“Елкасида кўтариб кетаётганга омад чопади” – ТАРЖИМОН] мақолни такрорлашни бекорга севмайди –  у ҳақ, унинг елкасида катта юк бор. Заҳарли тилларнинг (бошқа манбаълар ҳозирча йўқ) айтишича, исёнкор генерал Рохлинни йўқ қилиш, “прокурор Скуратовга ўхшаш одамга” шармандали, бироқ салкам ўлимли ҳужум қилиш, Парламентдаги Ельцинни импичмент орқали ҳайдашга тайёр турган демократик кўпчиликни тугатиш масалаларида Ельцин айнан ундан қарздордир.

Россиянинг ўша беҳаловот пайтлардаги бешта бош вазирларидан (Черномирдин, Кириенко, Примаков, Степашин, Путин) фақат охиргиси Ельциннинг касал президентлигини оғирлаштирган муҳим муаммоларни қаттиққўллик ва шов-шувсиз ечишга эришди. Қандай воситалар билан? Ҳойнаҳой, ҳатто Ельциннинг ўзи бу ҳақда тушунгиси келмади, ва шунинг учун ҳам у ўша воситалардан хабари бўлмади.

Жуда катта одамларнинг бемаъни ишлари одатда фақат уларнинг кетиши (ўлими)дан кейин очилади. Бундай одамлар рўйхати узун – Сталин, Мао (ўлимидан кейин), Никсон, Коль, Ширак (ҳаётлик пайтида). Нафақат халқ ичида юрган гап-сўзлар, балки дунёдаги таниқли оммавий ахборот воситалари, шу жумладан ўз иззат-ҳурматини қадрлайдиган жуда салобатлиларининг ҳам ёзишича Путиннинг беҳисоб бойликларга эга эканини, аслида конституцияни бекор қилиб ҳокимиятни босиб олганини, номақбул шахсларни судсиз йўқ қилганини, инсон ҳуқуқларини ўтакетган қабиҳ кўринишда бузганини кўрсатади.

Бу ерда нима рост, нима ёлғон ва исботлаш чегараси қанчалик эканини биз билмаймиз. Устига устак, Путин мамлакатни бошқарар экан биз бунинг ҳақиқий томонини била олмаймиз. Бу – омадигап айтишларича, вариантсиздир. Бироқ олий шахсларнинг жинояти камдан кам изсиз содир бўлади.

Ҳозир рангсиз бўлиб қолган “Литературная газета”нинг гуллаб-яшнаган пайтида унинг энг ёрқин қалами, биринчи касби юристлик бўлган Аркадий Ваксберг эди. Қайта қуришдан кейин у Парижда яшади, ва у Анатолий Собчак билан ўша ерда тез-тез учрашиб турган. Петербург собиқ мэрининг сирли ўлимидан кейин Ваксберг ўзининг “Заҳарлар лабораторияси” номли китобини чоп этди ва унда гап Путин биринчи марта Россия президенти бўлган 2000 йилги президентлик сайловолди кампанияси билан боғлиқ сиёсий қотиллик ҳақида борганини исботлашга ҳаракат қилган.

“Бевосита далиллар йўқ, — деб ёзади ўзининг шўбҳалари оқимини тушунтираркан Ваксберг  —  бироқ биздаги жамоатчилик фикрида негадир фақат бевосита далилларни исбот деб қабул қилинган, бу эса суд исботи назариясига ва умуман криминалистика назариясига тамоман зиддир. Бевосита далиллар каби бир звено бошқаси билан уйғун келса билвосита далиллар тўплами ҳам шунчалик исбот кучига эгадир. “Акс ҳолда  жиноятчиларни суд қилиб бўлмайди. Агар билвосита исботлар худди шундай исбот қудратига эга бўлмаса 90% жиноятчилар жавобгарликдан қутилиб кетади” деган эди Кони.

“Мен фақат (қандайдир қўрқувдан эмас, аниқлик ва криминалистикага содиқлик учунгина) ким муайян буюртмачи ва ижрочи бўлиши мумкин, деган тахминни айтишдан ўзимни тийиб турибман — деб давом этади Ваксберг. — Бироқ бу тасодифий ўлим эмаслиги, юрак етишмовчилигидан келиб чиққанмаганига мен бир дақиқа ҳам шўбҳаланган эмасман”.

Худди шундай ишончни Собчакнинг беваси Людмила Нарусова Россия Федерацияси Кенгашидан ишдан ҳайдашганларидан кўп ўтмай билдирган эди.

— Людмила Борисовна, сўраётганим учун кечиринг, — дейди “Новая газета” муҳбири. — Эрингизнинг ўлимидан кейин бу қотиллик ўлими, деган сизнинг версиянгизни тасдиқлаган мустақил экспертиза ўтказдингиз.

—  Расман Собчак юрак тўхташидан ўлган. Бу инфаркт эмас эди. Юракдаги чандиқлар 97-чи йилда бўлган инфарктдан қолган эски чандиқлар эди. Юрак нега тўхтаган – бу энди савол.

— Нимаданлигини сиз биласизми?

 Нимаданлигини биламан, бироқ бу ҳақда гапириш, ўйлайман-ки, шарт эмас.

Сиз қўрқаяпсизми?

 Ўзим учун мен қўрқмайман.

— Ксения учунми?

 Табиий. Ҳақиқатни эшитишни истамаган одамлар нималарга қодир эканини мен кўриб турибман. Бироқ ҳамма ҳужжатлар чет элда, сейфда, сақланаяпти. Шунинг учун ҳатто менга бирор нарса бўлса ҳам, улар тураверади.

— Бу одамлар ҳозир ҳокимиятдами?

 Уларнинг бир қисми ҳокимиятдп.

—  Собчакни йўқ қилиш уларга нега зарур бўлган?

 Мен бу ҳақда гапиришни истамасдим. Айнан шунинг учун унинг ўлимидан кейин ифлос лой парчаларини ота бошладилар …Сизга бундан-да кўпроқ нарсани айтишим мумкин. Собчакнинг ўлигини Калининградда биринчи бўлиб кўрган ва уерда нималар содир бўлгани ҳақида менга жуда кўп нарсаларни гапириб берган одам бир неча йил илгари машинасида жуда ғалати ҳолда ўлдирилган Шабтай Калманович эди. Шабтай эса жуда тажрибали одам эди …

“Бундай ҳужжатлар” — қанақа ҳужжатлар? Ҳокимиятдаги қандай одамлар улардан қўрқиши мумкин? Ҳозирги диктаторнинг асосий хомийси бўлган Собчакнинг беваси ва қизлари Путиндан бошқа кимдан қўрқиши керак яна? Россия Федерациясининг энг юқори доираларида йигирма йил айланиб юрган камчиликсиз аёлга қарши қанақа “нимадир” содир бўлиши мумкин? Аркадий Ваксберг Парижда вафот этди. Бой, ҳомий, яҳудий, Россия фойдасига жосуслик қилгани учун Исроил қамоқхонасида ўтириб чиққан Шабтай Калмановичнинг сирли ўлими ҳақида ёзадиган шундай даражадаги тадқиқодчи топилармикин?

Путиннинг ўлдирилган шахсларнинг кенг рўйхатига кирган ҳар бир инсон ҳақида катта ва, ҳойнаҳой, биттадан эмас, бир нечта китоблар ёзиш керак. Генераллар Лев Рохлин ва Александр Лебедь; сиёсатчилар Галина Старовойтова, Михаил Маневич, Сергей Юшенков; журналистлар Юрий Шчекочихин, Артем Боровик, Анна Политковская; қочқин олигархлар Борис Березовский ва Бадри Патаркацишвили; қочқин ГэБэ-чи Александр Литвиненко. Турли одамлар, турлича ўлдирилган. Уларни икки жиҳат бирлаштиради. Биринчиси – улар ё Путин ҳокимиятига хавфли деб ҳисобланган, ёки, бошқа ҳолларда хавф туғдириши мумкин, деб тахмин қилинган одамлардир. Иккинчиси –  жамоатчилик фикри учун уларнинг ўлими ўта юзаки ва ишончсиз текширилган.

Ҳозирги замон тарихчилари бу рўйхат тўлиқ, деб айтишлари амримаҳол бўлса-да, қотилликка алоқадор, деб гумонланувчи унинг ўзи, у алоҳида давлат имтиёзларидан маҳрум бўлган заҳотиёқ, дарҳол қамоққа олиниши учун етарли бўлади. Агар бу жиноятларга биз ҳаёлан Москвадаги портлашлар ва Рязан гексогени, Дубровка театри ва Бесландаги мактабда ўлган юзлаб гуноҳсиз одамлар, Чеченистон (иккинчи), Грузия ва Украина билан бўлган ғалати урушларни қўшсак, Россиянинг ҳозирги ҳукмдорининг жиддий жиноий таъқибдан қутилиши учун фақат битта шанси борлиги, яъни ўзининг охирги нафасигача мамлакатнинг бош ҳукмдори бўлиб қолиши кераклиги ўта ойдинлашади.

Бу –  қийиндай туюлса-да, аслида унчалик мураккаб эмас. Ўн йилдан ортиқ вақтдан бери мамлакатда Путиннинг ҳар қандай қарорига, бу қарорнинг бебурдлиги ёки ноинсонийлигига қарамасдан, қарши туриш кучига эга бўлган бирорта давлат институти юзага келмади. Парламент, Олий суд, ОАВ ҳатто декорация ролига ҳам ярамайди. Сайловлар худди очиқ товонга ўхшайди –  қитиқласа одамнинг кулгиси қистайди. Ҳукумат қўрқиб қолган, ва шу сабабли боридан ҳам субутсизроқ туюлади. Умрининг охиригача ҳокимиятда қолишига Путинга фақат иккита реал хавф қолди – сарой тўнтариши ва Москва аҳолисининг учдан бир қисми кўчага чиққан норозилик марши.

Таъқиблаш васвасаси —диктаторларнинг касбий касалидир. Сталин, кўрга ўхшаб, атиргулларни босиб ва минғиллаб шошиб қолган Хрушчев олдидан ўтди – “Мен тамом бўлган одамман, мен ҳеч кимга ишонмайман”. Гитлер ҳамма учун кутилмаганда ўзининг сафарлари жадвалини бузар эди. Мао ўн йиллаб Таъқиқланган шаҳардан бурнини чиқармаган.

Путин аллақачон ой остидаги дунёда таққослаб бўлмайдиган ёлғончилиги билан машҳур. Бироқ планетанинг махсус хизматлари у яна афсонавий қўрқоқ эканини ҳам билишади. Унинг суиқасдлар олдидаги даҳшати барча ҳаёлга келадиган чегаралардан ошиб тушади. У энг меҳмондўст аэропортда ҳам ҳеч қачон нон-туздан битта ушоғини ҳам оғзига солмайди. Банкетларда бокалга лабини теккизмайди. Қасоскор золимларни адаштириш учун у ҳамма жойга кечикиб боради, жумладан Рим папаси ва Британия қироличаси ҳузурига ҳам кечикиб борган. Аргентинага кетаётганда ҳеч кимга кераксиз, кутилмаганда, фақатгина белгиланган маршрутни ўзгартириш учун Никарагуага қўнади. Ўзининг Рождествосини ўтказиш учун ички ҳис билан кичик, ярим ташландиқ черковни танлайди. Яхшиси, боқиб олинган, тинтув қилишга осон бўлган болалар яшайдиган черков танланади. Ўзининг инаугурациясига у бўм-бўш Москва бўйлаб борди. Ва ҳоказо.

Николо Макиавелли, Иван Грознийнинг замондоши бўлса-да, ҳукмдорларга ўз хавфсизлигини соқчиларидан бошқа ҳеч кимга қайта ишониб топширмасликни тўғри маслаҳат берган. Европада қироллар аллақачон велосипедларда юришга ўтишган, президентлар эса иккита қўриқчи билан юришади. Бироқ бу Европада. Бизда эса Путин баҳайбат кортеж ичида, даҳшатли тезликда, қулоқни батанг қиладиган сиреналар товуши остида Россияда ўрта асрлар анъаналарининг ўзгармаганлигини намойиш этмоқда. У яна атрофга қараб олишга ҳам улгуради.

Украинадан эса маҳрум бўлишга эса сал қолди. Балки, агар даҳшатли юзида қора тешик бўлган Қаддофий ўлиги, сурбет бандерлогларнинг оқ ленталари ва Болотнаянинг қутурган планктонлари бўлмаганда, иштонсиз Украина Европага тўсиқсиз ўтиб кетиши мумкин бўларди. Ва бу – энди тушунарли – катта фалокат бўларди. Ҳатто марҳум социалистик лагернинг бориб турган қашшоқ шинавандалари Болгария ва Руминия ҳам Европага киргач, ўзларига зеб бериб ноз қилишмоқда.

Ўзига тўқ Украина, ўзининг 45 миллионли аҳолиси, бепоён қоратупроқли ерлари ва чуқур музламайдиган портлари, европача парламенти, виждонли суди ва эркин матбуоти, демократик сайланган президентлари ва жиловланган коррупцияси билан Путин учун даҳшатли хавф бўларди. Ғалаба қилган Майдон  урушдан ҳам, сарой тўнтаришидан ҳам ёмон. Энг ёмони, ёввойи, бўлмағур тасодиф туфайли ҳокимиятга келиб қолган, ахмоқроқ бўлса-да, бироқ жуда катта мамлакатни бошқараётган кичкина одамнинг тафаккури нимани ҳам тасаввур қилиши мумкин.

Мануэль Хосе Баррозу адашди. Унинг кўзи ўнгида Россия тўлиқ бўлмаган бир йил ичида омадли гўзал аёлдан ўз ихтиёри билан букчайган вайсақи кампирга айланди. Америкалик Обама ажабланган ҳолатга, португалиялик Баррозу шокка, немис Меркель даҳшатга тушиб қолган. Урушдан кейинги дунёвий тартибнинг бузилиши, Европа билан савдо ҳамкорликнинг барҳам топиши, минглаб украин ва россияликларнинг ўлими, ҳар иккала мамлакатда яшаш даражасининг даҳшатли пасайиши, рубль ва гривнанинг тик қулаши —  бу даҳшатли ўзгаришларнинг қандайдир ҳақиқий, жиддий, ишонч уйғотадиган сабаблари бўлиши керак-ку, ахир. Қачонлардир қуёш остида қовурилган ярим оролда скандинавиялик, кимнингдир мутлақо нотаниш уруғи бўлган қандайдир ювуқсиз, ўзини муқаддас салб билан тақдирлаган днепрлик князь туфайлигина қўшниларни ва ўзини жаҳаннамга жўнатиш керак эмас-ку, ахир. Маълум-ки, Путиннинг ўзи ҳам бенуқсон партия стажини тўхтатиб, Библияда келтирилган Иордан дарёси сувларида чўқинган эди. Чўқинган бўлса нима бўпти? Бундан – 1100 йилдан кейин Россия Федерациясининг узоқ авлодларида ана шу асосда Исроилдан Самариянинг ярмисини тортиб олиш, Хайфа шаҳрига эса навбатдаги Гиркин-Стрелковни жўнатиш учун қонуний ҳуқуқ пайдо бўлади, деган маъно келиб чиқадими? Бу – алжираш-ку, бориб турган ақлдан озиш-ку!

Совет Иттифоқи эса Путинга умуман керак эмас. Ҳеч ким танимайдиган КГБ ходимига Совет Иттифоқи нимаси билан жозибали? Унга генералларнинг тарсакиси, зиёли диссидентларга тузилган протоколлар, гарнизон ғийбатларини соғиниш ва  мансаб пиллапояларидаги ютуқнинг чуққиси бўлган Дрезден пивоси жозибали бўлди. Унинг барча лаззатли, маталлардагидек ҳаёти фақат Берлин деворининг қулаши билан бошланди.

Европанинг бошлиғи бўлиб хизматини тугатиб, ҳеч еимни ўлдирмай, заҳарламай, қамоққа тиқмай ўз хоҳиши билан нафақага чиққан португалиялик Баррозу чириган ижтимоий тузумни соғинишдан кучлироқ сезги борлигини тушуниш ҳолатида эмас. Бу сезги – қўрқувдир. Ақл билан назорат қилиб бўлмайдиган даҳшатга тушиш, кутилмаганда оёқларнинг пахтадай бўшашиб кетиши, қаншарингни эса совуқ тер босиши қўрқувнинг белгиларидир. Бундай ҳолат Гурьяноводаги уйларни портлатиб юборишни буюрган, кутилмаганда, э йўқ, бэ йўқ, Майдон тушига кирган одамда пайдо бўлади.

Аслида, ўзидан ўзи Майдон Путиннинг тушига киравермайди. Бу оддий ҳақиқатда Путин ва унга бўйсунмайдиган бошқа дунё орасидаги чуқур ўзаро бир-бирини тушунмаслик сабаблари яширинган. Бирорта ҳам жиддий тахлилчи Путин Украинага ҳужум қилади, деб башорат қилган эмас. Бу ҳужум уятли, ифлос ва жуда хавфли эканини билдирувчи ўта ойдин ва сўзсиз урғулар бор эди. Савол қўйилгандан уни муҳокама қилмасдан бундай ҳолни рад этган тахлилчилар кўнгилчан табассум билан “у ўзига ўзи душман эмас-ку!” —  дея жавоб беришарди дарҳол.

Бироқ бу нарса содир бўлди. Битта эпчил одам руҳига ўрнашиб олган таъқиб этиш қўрқуви урушқоқ ва сонсиз-сифатсиз Россия давлатининг ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишига айланди. Биринчи шахснинг енгиб ўтолмас қўрқувининг тамғаси иқтисодимиз, дипломатиямизнинг маъносиз алжирашлари, ошиб бораётган қамоқ муддатлари ва шарафли қуролли кучларимизнинг ўғринча ҳужумларида тез-тез мағлубиятга учраш ва ўпирилишларда намоён бўлаверади.

Балки, очиқчасига зарбалар берилар. Балки, Бош штабимизнинг бошлиғи номи айтилмаган олчоқларга бир неча бор дўқ-пўписа қилгандай, бизга ҳатто ядровий қуролни қўллаган ҳолда зарба берилар. Ақлсизликдан айтилган бу вариантларни ҳеч бўлмаганда уларнинг тўлиқ мантиқсизлиги ва оқибати номаълумлиги учун ҳам қараб чиқиш шарт эмас.

Бироқ, ҳатто мумкин бўлган вариантларнинг энг оромбаҳшиси ҳам тушунтириб бўлмас тахир таъмга тўла. Қрим бутунлай “ўзининг жонажон гаванига қайтди”, дея “крымнаш”лар ўзини овутаётган ҳаёллар ўринли дейиш қийин. Бироқ Украина қитъадаги “рус дунёси”дан узилиб тамоман Европага ўтиб кетгани — факт.

Бу факт Россияга қандай хавф туғдиради? Украинада ҳаёт қай томонга ўзгаради? Бир пайтлар биродар бўлган икки халқ бир бирига — “кўришгунча” деб хайрлашгани маъқулми ёки “хайр” деганими?

Биринчи шахснинг даҳшатларидан келиб чиққан ҳаракатлардан фарқли ўлароқ, икки қўшни халқлар муносабати асосли башоратларга мойил. Бунга сиз билан биз яқинда ишонч ҳосил қиламиз.

Толиб  ЁҚУБОВ  таржимаси

22 январь, 2015 йил         Франция

Categories: ТАРЖИМАЛАР | Метки: | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.