РОССИЯ  БУ  ҲОЛАТДА  2015 ЙИЛДАН ЎТОЛМАЙДИ

Андрей ЗУБОВ  –  фашист давлат, Улуғ Ватан урушининг чириётган ғолиблари ва яхши одамлар ҳақида

Андрей Зубов

Андрей Зубов

 

2014 йилда Қримни босиб олиш Россияни Украина билан жанжалга, дунё билан зидлашишга, халқаро санкцияларга ва иқтисодий инқирозга олиб келди.

Олдинги йил баҳорда Қримни босиб олишга қарши чиққанлиги учун МГИМО [Москва давлат халқаро муносабатлар институти]да профессор лавозимидан маҳрум этилган тарихчи Андрей Зубов 2015 йил Россия келажаги учун аянчли бўлади, деб ҳисоблайди ва кўз олдимизга келтира оладиган ўтмишда шундай ҳолатга тушган бирор мамлакат мисолини эслай олмаслигини айтади:

–  2014 йил давомида Россия ўраб турган бутун дунё, жумладан Белоруссия ва Қозоғистон каби ўзининг энг яқин иттифоқчиларига нисбатан душманлик муносабатини шакллантиришга улгурди, Европа ва АҚШ ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади. Россиянинг ҳатто Хитой билан юргазаётган муносабатини иттифоқчилик муносабати дейиш қийин. Хитой яқиндагина “энди иттифоқчилик бўлмайди, фақат ҳамкорлик бўлади”, деб баёнот берди. Бу ҳамкорликда эса Россия жуда манфаатсиз ҳолатни эгаллаб турибди. Россия бутун дунёдан мутлақо яккаланган ҳолга тушди. Бу – ақл бовар қилмайдиган воқеа. Россия, устига устак жуда кучсиз иқтисодли, ҳатто СССРнинг кейинги ўнйилликлар ҳаётидаги иқтисодига қараганда ҳам анча кучсиз бўлган мамлакат сифатида яккаланиб қолди. СССРда қандайдир диверсификацияланган иқтисод бор эди, сифати ёмон ва Европа аналогларидан анча орқада бўлса-да, жуда кўп нарсалар ишлаб чиқилар эди – қандай бўлмасин телевизорлар ҳам, машиналар ҳам, холодильниклар ҳам ишлаб чиқарилар эди. Ҳозир Россия техника соҳасида ҳам, озиқ-овқат соҳасида ҳам, яна, масалан, қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган уруғлар фонди соҳасида ҳам импортга тўлиқ боғлиқ. Россия, энг ёмони, тўлиқ нефть “игнаси” устида ҳам ўтирибди. Нефть нархи пасайиб кетди. Бу, – табиий, Россияга қашшоқлик ва жуда кенг оммавий иқтисодий инқирозни келтиради, у ўз навбатида, одатда кузатилгандай, Россияда 2014 йилгача бўлган шўбҳали фаровонликдан кейин ижтимоий тартибсизликларни келтириб чиқаради. Алексис де Токвилнинг бу қонуни бўйича инқилоблар ахвол ёмон бўлган пайтда эмас, аввал ахвол яхши бўлиб, кейин кескин ёмон бўлганда содир бўлади. Ҳозир Россияда айнан шундай ахвол. Шунинг учун  менга 2015 йилдаги Россия келажаги жуда қўрқинчли кўринмоқда. Албатта, мен пайғамбар эмасман, бу қандай шаклда юз бериши ҳақида мен ҳеч нарса айта олмайман. Бироқ, сўзсиз, Россия ўзининг ҳозирги ҳолатида узоқ яшаши мумкин эмас, яъни  2015 йилни ҳозирги ахволда ўтказа олмайди. У ё ўзини яна дунёга қайта очади, ёки қандайдир жуда чуқур ижтимоий тартибсизликлар гирдобига қулайди.

– Келинг, тарихий ўхшашликларни бошқа нуқтаи назардан ахтаришга уриниб қилайлик: Россия кейинги чорак асрда  ўтиш даври жамияти эди, у совет ҳукмронлигидан ҳозир юз бераётганларга ўтишни бошидан кечирди.

– Россия қандай тузумга ўтганлиги тушунарсиз. Биз Шарқий ва Марказий Европа жамиятлари нимага ўтганларини мутлақо аниқ кўриб турибмиз. Улар тоталитар жамоат мулки режимидан демократияга, демократик эркинликлар шароитидаги хусусий мулкчиликка, хусусий-эгалик тадбиркорлигига ўтдилар. Бу уларга чорак аср давомида бирлашган Европанинг ҳам, хавфсизликнинг Атлантик системасининг ҳам бир қисми бўлишга имкон берди. Бу ерда ҳамма нарса аниқ ва тушунарли –  бу транзиция, яъни бир тузумдан бошқасига ўтиш. Унгача, худди шундай, Германия хусусий мулкчиликни сақлаган нацист тоталитар режимдан демократияга ўтди ва у эркин ғарбий дунёнинг бир қисмига айланди. Россия охирги 25 йил ичида тоталитар жамоат мулкчилигига асосланган иқтисодий тузумдан демократик, бозор иқтисодига асосланган либерал жамиятга ўтиши, Европа ва Атлантик дунёнинг бир қисмига айланиши керак эди. Бироқ бундай нарса юз бермади, яъни Россия ҳеч нимага ўтмади. Ҳамма гап шунда. У қандайдир тушунарсиз, оралиқ ҳолатда осилиб қолди. У бу ўтишни 90-чи йилларда анча-мунча самимий амалга оширишга уринди, бироқ тез орада ҳамма нарса ортга қайтди. Бу уринишлар қадамба-қадам бўлмади. Марказий Европанинг барча мамлакатлари ўтаган коммунизм ғоясидан воз кечиш жараёнини Россия ҳатто бошламади ҳам. Мулк реституцияси ҳам, олдинги режим даврида айбдор бўлган шахслар люстрацияси ҳам, коммунистик тузумгача бўлган тажрибадан ҳуқуқий мерос олиш ҳам, тарихий парадигмани ўзгартириш ҳам амалга оширилмади. Натижада Россия нимадан чиқиб кетган бўлса, яна ўша тузумга қайтди. Ҳа, бизда ҳозир социалистик мулк йўқ, бироқ бу мулк, Марказий Европа мамлакатларида бўлгани каби, жамиятнинг кўп аъзолари ўртасида умуман диффузияланмади. Бу мулк бир неча юз оила қўлида тўпланган. Бизда совет давридагидек баҳайбат пролетарлашган аҳоли рўпарасида катта даромад келтирадиган мулк тор доирага кирувчи шахслар орасида тақсимланган реал олигархик ҳокимият пайдо бўлди. Бизда инсон ҳуқуқлари, демократия, яъни қандайдир либерал давлат асослари йўқ. Шунинг учун ҳам биз Атлантик ҳамжамиятда ҳам, Европада ҳам эмасмиз. Турган гап, биз Осиёда ҳам эмасмиз –  биз ҳеч қаерда эмасмиз. Россия яна монополиялашган мулкли, тоталитаризмга мойил авторитар мамлакатга айланди. Тоталитарлик кайфият, афсус-ки, ҳозирча кучайиб бораяпти. Ҳозир бизда пайдо бўлаётган давлат коммунистик давлат эмас, мулк ва динга муносабат соҳасидаги ўзгаришларни эътиборга олинса, ҳойнаҳой, у фашистик, Муссолини Италияси кўринишдаги давлатдир. Бироқ бу атрофдаги мамлакатлар, Европа, дунё ва, биринчи навбатда, Россиянинг ўзи учун жуда хавфли воқеъликдир. Муссолини ХХ-чи аср 20-чи йилларининг биринчи ярмида ана шундай давлат тузумини таклиф қилганида, ва кейин бу тузум Италияда Биринчи жаҳон урушидан кейин юз берган чуқур ижтимоий ва иқтисодий инқирознинг кўп муаммоларини ҳал қилиб муваффақиятли ривожланганда, Европанинг кўп мамлакатларига ва, айтмоқчи, Лотин Америкасига ҳам, бу тузум жуда ёқиб тушди. Европада ҳам ирқий сиёсатга асосланган нацизм кўринишидаги эмас, айнан фашистик кўринишдаги анча кўп корпоратив давлатлар пайдо бўлди. Демократияни миллатчилик ғоясига асосланган айнан шундай ўрта асрларга ёки деярли ўрта асрларга хос корпоратив давлат билан алмаштирилди (Муссолинининг ғояси айнан шундай эди). Сўзсиз, бунинг ҳаммаси барҳам еди, бу йўл келажаксиз бўлиб чиқди. У қисқа муддатли самара беради, босқинчиликка ва босқинчиликдан эса муваффақиятсизликка олиб келади. Италия учун булар Абиссиния ва Ливияга қарши босқинчилик, Германия босқинчилигида иштирок этиш эди, натижада эса Италия фалокатга учради. Менинг ўйлашимча, Италияда бошланғич кўрсаткичлар анча яхши эди. Унинг иттифоқчилари кўп бўлиб, 1940 йилгача уни Европа ҳамжамиятининг бир қисми сифатида кўрилар эди. Ҳозирги Россияда буларнинг бирортаси ҳам йўқ. Шунинг учун режимнинг ривожланиши ва шаклланиши биз тўлиқ яккаланган пайтимизга тўғри келди. Иқтисод ҳам бизда мавжуд эмас. Италияда “Фиат” заводлари, Ливорнода кемасозлик заводлари бор эди. Бизда нима бор? Бизда ҳеч нарса йўқ. Шунинг учун келажак жуда аянчли. Қўрқаман-ки, гап бу ерда ўн йилликлар ва ҳатто анча йиллар ҳақида бораётган эмас, балки анча қисқа муддат ҳақида бормоқда.

1917 йилда биз ҳалокатли йўлни танладик. Немислар 1945 йилда нацизм 12 йил давомида нималар қилганини тушунишмагандай, биз ҳам ўз кулфатимизни ҳозиргача тушунганимиз йўқ.

–  2015 йилда Улуғ Ватан урушидаги ғалабага 70 йил тўлади. Совет халқи ўзини адолатли ғолиб деб ҳисоблаган (бу кўп ҳолларда фахрийлар тақдирига эътиборсизлик қилиш билан уйғунлиги ҳайратли бўлган), ва бу билан совет, кейин эса Россия халқида бу ғалаба олиб келган кулфатлар учун бирорта ҳам айб ҳисси йўқлиги боғлиқдир. Бу кўпинча  сталинизм ва совет ҳукмронлигининг кўп зулмларини оқлаш учун хизмат қилади. Сиз қандай ҳисоблайсиз, Россия халқида ўзининг гуноҳсизлик ҳисси абадий қолаверадими?

–  Урушдаги ғалаба ва у билан боғлиқ, баъзи томонлари билан нацизмга қараганда ҳатто даҳшатлироқ бўлган тоталитар режимни Марказий Европага тиқиштириш масалалари ҳақида халқимиз жиддий ўйлаб кўриши керак –  бу масалаларнинг биттаси, холос. Гап биз йўлни ўзимизга ўзимиз танлаганимиз ҳақида бормоқда –  Худога ҳамд айтиш бир матнида буни “ўзи тўқиган барбодлик” деб яхши аталган. Такрорлайман, 1917 йилда биз ҳалокатли йўлни танладик. Бу йўл, ўйлашимча, рус жамиятини, рус халқини барбод этди. Миллионлаб одамларни жисмоний йўқ қилди, деярли барча одамларни маънавий йўқ қилди, маънавий синдирди, уларни иқтисодий эзиб ташлади. Немислар 1945 йилда нацизм 12 йил давомида нималар қилганини тушунишмагандай, биз ҳам ўз кулфатимизни ҳозиргача тушунганимиз йўқ. Немислар ҳатто урушдан кейин ҳам 2-3 йил давомида Гитлерни Германиянинг энг буюк сиёсатчиси, деб ҳисоблашган. 1956 йилда Франкфуртда ўтказилган сўров бўйича Ғарбий Германия аҳолисининг тахминан учдан бир қисми агар у уруш бошламаганда, 1939-1940 йилда ҳамма нарсани тинчлик билан ҳал қилганда Гитлер Германиянинг энг буюк сиёсатчиси бўларди, деб ўйлашган. Бизнинг халқимиз ҳам шу таҳлидда ўйлашни давом эттирмоқда. Бу катта фожеа. Бир пайтлар Виктор Астафьев, қарилик чоғида, “Тушунишимиз, англашимиз керак-ки, биз ҳозир Владивостокдан ғарбий чегараларимизгача бўлган ерларимизга кўмилган, суякларга тўла қоплар устида яшаяпмиз, ва бу суякларни инсонларча қабрга бериш керак. Агар биз буни тушунсак, кейин янгиланиш бошланади. Биз бундай жинниликдан, ҳозир биз тушган зулмат ва бўшлиқда осилиб туриш ҳолатидан чиқамиз” деган эди. Биз ишни онгли равишда, босқичма-боқич, шошмасдан, бироқ айни пайтда жуда қатъият билан коммунизмдан воз кечишни бошлашимиз керак. Агар биз бу йўлдан бормасак, у ҳолда биз маъносиз доира ичида қолаверамиз. Ва бу маъносизликнинг белгиси фахрийларимизга бўлган муносабатимизнинг ўзгинаси бўлади. У ҳамма вақт жуда ёмон бўлган, у ҳеч қачон яхши бўлмаган. Урушдан кейин, 1946-1947 йилда Сталин совет пойтахтлари кўринишини бузаётган барча қўлсиз, оёқсиз уруш мажруҳларини махсус уйларга – мажруҳлар уйларига жўнатди. Шундай уйлардан бири Валаам монастири эди. Мен болалигимда, 60-чи йилларда, бу бахтсиз, ичкиликка берилган одамларни кўрганман. Уларни кўп ишлашга, албатта, мажбур қилишмасди. Уларга ароқ беришарди. Улар у ерда ўзларининг табиий ҳаётидан узоқда чиришарди. Уларга ҳеч ким янги протезлар тайёрлаб бермас эди. Ҳеч ким уларни ижтимоий ҳаётга тортишга ҳаракат ҳам қилган эмас. Уларга фақат тамоман чириб ва ўлиб кетишга имконият яратишди, холос. Бизларнинг ҳозир эришганимиз, –  совет халқининг қаҳрамонлигини куйлаётиб уруш одами, уруш қаҳрамонига тўлиқ бефарқлик билан қарашдан иборат. Бу, айнан, барча ички синишимиз, ўзимизни ўзимиз маънавий оёқости қилишимиз, жамиятда 1917 йилда бошланган, ҳозиргача тузатилмаган ва ҳатто номланмаган фожеанинг натижасидир. Бутун дунё билан қарама-қаршиликдаги мағлубиятдан неокоммунистик чиқиш йўли бўлиши мумкин, миллатчилик, ва, ҳатто нацизм томон чиқиш йўли бўлиши мумкин.

– Агар Россия дунё билан ҳозирги қарама-қаршиликда қандайдир шаклда мағлубиятга учрашини кўз олдимизга келтирсак, бу гаплар қанчалик қўрқинчли эшитилмасин, бу уни бирор сабоқ олишга ундай оладими,?

– Ўйлайман-ки, ундай олади, бироқ ҳамма нарса ким сабоқ беради, ўқитувчилар топиладими, деган саволга бориб тақалади. Бутун дунёга қарама-қарши туриш мағлубиятидан турлича чиқиш мумкин. Бу неокоммунистик чиқиш бўлиши мумкин, қандайдир миллатчилик, ҳатто нацизм томон чиқиш мумкин. Бизларда ўзимизга яраша рус фашистлари бор, ва улар етарлича кучли. Россия бошига қолган дунё ёрдамида жамиятимизни коммунизмдан, тоталитаризмдан воз кечиш жараёнини ўтказа оладиган, уни Европа, христианми ёки постхристианми – қандай бўлса ҳам, халқлар ҳамжамиятига қайтара оладиган ақлли ва нияти тоза одамлар келишини Худо кўрсатсин (шундайлар ҳам, табиий, бор). Бу масала жуда муҳим. Бироқ у очиқ турибди.

ЛЎҒАТЧА

              Диверсификацияланган иқтисод –  ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, иқтисодий фойда олиш, банкротликнинг олдини олиш мақсадида  ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури кўпайтирилган, сотилиш бозорлари кенгайтирилган, ишлаб чиқаришнинг янги турлари жорий қилинган иқтисод;

Аналог –  техник ечимлари, асосий хосса ва функциялари деярли бир хил предметлар (нарсалар), ҳодисалар ва ҳ.;

Нефть “игнаси”га ўтирган давлат –  нашаванд (наркоман)ларни одатда наркотик “игнасига ўтирган” дейилиши каби, бюджети асосан нефть ва газ сотишга асосланган давлат;

Алексис де Токвиль (1805-1859) –  француз тарихчиси ва сиёсатчиси, “Америка демократияси” китобининг муаллифи;

Тоталитар жамоат мулки –  хусусий мулкчиликка тамоман қарама-қарши, мулк фақат давлатга тегишли бўлган сиёсий тузумдаги мулкчилик формаси (мас., СССР ва бошқа коммунистик давлатларда мулкчилик айнан шу формада бўлган);

Мулк реституцияси –  тоталитар жамоат мулкчилигидан хусусий мулкчилик тузумига ўтилганда мулкни халққа адолатли бўлиб бериш;

Люстрация –  сиёсий тузум алмашганда олдинги тузумда давлат лавозимини эгаллаган ва бу даврда қатор жиноятларга қўл урган шахсларни давлат лавозимидан четлатиш (суд қарори асосида);

Тарихий парадигма –  (қадимги юнончада παράδειγμα – мисол, модель, намунани билдирган) – маълум бир тарихий даврда илмий тадқиқодлар

совокупность явных и неявных (и часто не осознаваемых) предпосылок, определяющих научные исследования и признанных на данном этапе развития науки, а также универсальный метод принятия эволюционных решений

Мулк диффузияси –  қандайдир мулкчиликка асосланган сиёсий тузум шароитида бошқа форма (шакл)даги мулкчиликнинг кириб келиши (жамиятда текис ёки нотекис тарқалиши) ёки аралаш мулкчилик;

Корпоратив давлат –  жамиятнинг энг элементар (содда) буғини алоҳида қаралган шахслар эмас, балки катта-кичик ижтимоий гуруҳлар ташкил этиши керак, деган сиёсий қарашга асосланган давлат;

Виктор Астафьев (1924-2001) –  совет ва Россия ёзувчиси;

 

Толиб  ЁҚУБОВ  таржимаси

28 январь, 2015 й.                           Франция

 

Categories: ТАРЖИМАЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.