ЛИТВИНЕНКОНИНГ  ЎЛДИРИЛИШИ

Бен Эммерсон

Бен Эммерсон

Адвокат Эммерсон нутқи

              Александр Литвиненконинг ўлдирилиши бўйича жамоатчилик тергови очилишида Марина Литвиненконинг адвокати Бен Эммерсон нутқининг тўлиқ матни 

Лондон, 27 январь 2015 йил

Инглиз тилидан рус тилига “Литвиненко Фонди” таржима қилган

Бен Эммерсон

Сэр, маълумингизким, Литвиненко хоним кўп йиллар давомида бугунги кун – эрига нисбатан 2006 йил 23 ноябрь куни Лондонда амалга оширилган сиёсий қотиллик бўйича жамоатчилик терговининг очилиш куни келиши учун астойдил курашди – чунки кўз кўриб-қулоқ эшитмаган ёвузлик актини, яъни Александр Литвиненконинг аста-секин, бироқ оғриқли ўлимидан даҳшатлироқ ўлимни инсон кўз олдига келтириши қийин. Бундан ташқари, бу акт катта шаҳар кўчаларида содир этилган, кўп бошқа одамлар ҳаётини хавф остига қўйган ядровий терроризм акти эди.

Университет коллежи касалхонасида ётган Литвиненконинг охирги кунларининг бирида туширилган машҳур тасвири билан бутун дунё таниш: у касалхонанинг зангори яктагини кийган ҳолда ўтирибди, радиация таъсирида унинг сочлари тўкилиб кетган, унинг ҳаёти тугаб бораяпти. У 23 кун қийноқли ғарғарани бошидан ўтказди, унинг кучи аста-секин йўқола бошлади, ички органлари ишдан тўхтай бошлади. Ўз ҳолатининг ёмонлаша боршани сари Литвиненко ўлаётгани ва Россия давлати содир этган сиёсий қотилликнинг қурбони бўлганини тушунди.

Бу даҳшатли қотилликнинг қиймати у бевосита таъсир этган одамлар доирасидан анча ташқарига чиқади. Сиз айтганингиздай, бу акт мамлакатда ва чет элларда жиддий хавотирларни келтириб чиқарди, чунки британиялик фуқарони чет эл агентлари томонидан пойтахтимиз кўчаларида билиб туриб, пухта тайёрланган режа асосида, полоний-210 радиоактив изотопидан фойдаланган ҳолда ўлдириш содир этилган эди.

Литвиненко хоним ҳамма вақт фақат ҳақиқатни юзага чиқариш истагида эканини гапирган эди. У эрини ким ва нега ўлдирганини аниқламоқчи бўлган ҳар қандай бошқа бева каби ҳаракат қилди, холос. Бироқ унинг изланишлари мамлакатимиз ва бутун дунёда кенг жамоатчилик қизиқишини уйғотмоқда – гап Россия давлатининг қоқ юрагида бўлаётган жиноятларни фош қилиш ҳақида кетаяпти. Кремль ва бутун дунёга тарқалган россиялик жиноятчи синдикатлари орасида алоқа шунчалик яқин-ки, амалда улар ҳасан-ҳусанга ўхшашлиги тергов давомида намоён бўлмоқда. Бу терговда далиллар билан тасдиқланган ҳайратли ҳақиқат шундан иборат-ки, Россиядаги уюшган жиноятчилигининг катта қисми бевосита Кремль офисларидан бошқарилишидир. Владимир Путин Россияси мафия давлатидир.

Александр Литвиненко президент Путиннинг энг яқин атрофи шуғулланаётган ялмоғиз коррупцияни фош этишга ҳаракат бошлаганда ўлдирилди. У Россиядаги уюшган жиноятчилик синдикатлари ва уларнинг Кремль билан алоқасини текшираётган бизнинг мамлакатимиз, Италия ва Испаниянинг лавозимли шахсларига маълумотлар бериб турган. У шахсан жаноб Путин томонидан ёки унинг буюртмаси билан содир этилган қатор жиноятларни фош қилди. У йўқ қилиниши керак эди – у Россия давлати ёки рус халқининг душмани бўлгани учун эмас, Владимир Путинни ўраб турган ва унинг коррупциялашган режими оёқда туришини таъминлаётган жиноятчилар тўдасининг душманига айлангани учун йўқ қилинди.

Айнан шунинг учун Литвиненко хоним эрини ким ўлдирганини ва бунга Москвада ким буйруқ берганини тугал ва ишончли аниқлаш учун барча далилларни, шу жумладан британиялик махсус хизматлар тўплаган махфий материалларни ўргана оладиган мустақил тергов ўтказишга эришмоқчи эди. Ўлаётган пайтда Литвиненко бу ишда шахсан Владимир Путинни айблади. Биз гувоҳлик берамиз – далиллар унинг ҳақлигини тасдиқламоқда.

Биз жавоб беришимиз лозим бўлган асосий савол ушбудир – мустақил терговда исботланган, аслида ҳамма биладиган нарса, яъни қотиллик Россия давлатининг юқори даражали мулозимлари, бошқача айтганда, Кремль томонидан буюртмаланган, деб ҳисоблашга етарлича асос борми? Рухсат этсангиз, мен бу савол бўйича қўлимиздаги очиқ далиллар ҳақида бир-икки оғиз сўзламоқчиман.

Мен гапни ижрочи шахслардан бошлайман. Жаноб Литвиненко Андрей Луговой ва Дмитрий Ковтун томонидан ўлдирилганига мисқолдек ҳам шўбҳа йўқ. Путин каби улар ҳам ФСБ [ФСБ – (русча: Федеральная Служба Безопасности) Федерал Хавфсизлик Хизмати – ТАРЖИМОН]нинг собиқ агентлари бўлиб, Луговой эса Путиннинг атрофи билан ҳам алоқада бўлган. Қотилликдан кейин Луговойнинг ўзи Россия Федерацияси (РФ) президенти маъмуриятида унинг зўр алоқалари борлиги билан очиқчасига мақтанган эди.

Бу икки одам полоний-210ни Лондонга Москвадан бир неча марта олиб келишганини, Москвага қочишдан олдин 2006 йилнинг 16 октябрь ва 1 ноябрида Литвиненкога бу ўта кучли заҳарни юқтиргандан кейин, улар қаерда пайдо бўлмасин, ўз ортидан радиоактив из қолдиришганини криминалистик экспертиза ўта ишончли исботлади. Александр Литвиненко сочларидан олинган намуналарнинг анализи олимларга заҳарланишнинг икки эпизоди учун икки вақт оралиғини аниқлашга имкон берди, ва улар унинг Луговой ва Ковтун билан бўлган икки учрашув саналари билан бир хил бўлиб чиқди. Бу икки нуқтадаги радиоактивлик таҳлилининг натижалари айнан шу икки нуқтада қотиллар энг кучли радиоактив ифлосланиш қолдиришганини кўрсатди. Улар қадам босган деярли ҳамма жойда – офислар, ресторанлар, меҳмонхоналар номерлари, ҳожатхоналар ва ҳатто Лондонга ва Лондондан учишган самолётларда ҳам излар қолдиришган.

Шундай қилиб, биз, жаноб раис, сиз ҳатто очиқ исботлар асосида бўлса-да, тўлиқ ишонч билан ФСБнинг бу икки собиқ ходимлари қотил эканликларини хулоса қилишингиз мумкин, деб ўйлаймиз. Яхши маълум-ки, улар қотилликда айбланишлари бўйича Лондон суди олдида жавоб беришлари учун Британиянинг бу икки одамни экстрадиция қилиш сўровини Россия рад қилди, ва Россияда тергов ўтказиш ёки жиноий ишда таъқиб қилиш учун бирор бир сезиларли чоралар кўрмади. Шундай қилиб, мазкур очиқ тинглов уларнинг айбини исботлаш бўйича мустақил қараб чиқиш ва асосли хулосалар чиқаришдаги ягона форумдир.

Луговой кейинги пайтларда Россия телевидениесида ўзининг тушунтириб бўлмас бойлигини мағрурона намойиш қилган ҳолда тез-тез кўриниш бераяпти. Литвиненкони ўлдиргандан кейин у Давлат Думасига сайланди, бу эса уни тергов ва жиноий жавобгарликдан холи қилади. У аъзо бўлган партия лидерини кўп ва очиқчасига Россиядаги уюшган жиноятчилик билан боғлашади. Таҳлилчининг айтишича – сиз унинг нутқини ўтадиган мажлисларнинг бирида эшитасиз –  бу даҳшатли қотилликни содир этган Луговой ва Ковтун энг юқори даражали сиёсатчиларнинг қўллаб-қувватлашларисиз юқори мансаб пиллапоялари бўйлаб кўтарила олмас эдилар. Турган гап, Кремль томонидан буюртма қилинган сиёсий жинояти учун Россия давлати бу одамларни судга топширишини кутиш мумкин эмас.

Энди мотив (манфаат, мақсад)лар ҳақида гаплашайлик. Бу қотиллик тасодифан бўлган эмас ва шахсий мотивлар туфайлигина амалга оширилмаганлиги ҳам равшан. Луговойда ҳам, Ковтунда ҳам Литвиненкони ўлдиришга ҳеч қандай шахсий сабаб бўлмаган. Ҳатто Ковтун уни биринчи марта заҳарлашга ҳаракат қилган пайтигача ҳеч қачон у билан учрашмаган. Мазкур қотиллик ортида фақат сиёсий мотивлар турганлиги шўбҳасиздир. Ўзининг ҳатти-ҳаракати билан жаноб Литвиненко Кремльда ўзига бир неча жуда қудратли душманлар орттирди. ФСБнинг собиқ офицери сифатида у жаноб Путин ва унинг сафдошлари томонидан қатор жиддий қонунбузарликлар содир этилганини фош этган.

Бундай дейиш ўринли – Литвиненконинг ўлдирилиши  қисман у эълон қилган баёнотлари учун сиёсий ўч олиш, қисман бошқаларнинг “кўзини очиб қўйиш”, қисман эса Испанияда очилган бир жиноий ишда уюшган жиноятчиларнинг бир гуруҳи билан президент Путиннинг алоқаси борлигини кўрсатувчи гувоҳ сифатида кўрсатма беришини олдини олиш мақсади билан боғлиқ. Собиқ бош прокурор лорд Макдональд айтганидай, бу қотилликда давлат жиноятининг барча белгилари мавжуд.

ФСБда хизмат қилган пайтларда Александр Литвиненко Россиядаги уюшган жиноятчилик бўйича фаолият юргизган турли ташкилотларда ишлаган. У бу соҳа ҳақида кўп нарсаларни билган. Литвиненко билган нарсалари ҳақида дунёга айта бошлагач, у кўп нарсадан яхши хабардор ва ишончга сазовор гувоҳ, айтаётган одамларига улкан зиён етказиши мумкин бўлган ўта хавфли маълумотлар манбаъсига айланди. Шунинг учун уни тўхтатиш лозим эди.

Унинг ўлимидан кейин Кремль Литвиненкони Россияда жамият манфаатлари учун ҳаракат қилаётган фош этувчи шахс эмас, ватан хоини, ўлимга лойиқ одам сифатида тасвирлаб юзсизларча қоралаш кампаниясини бошлаб юборганини кўришимиз мумкин. Шак-шўбҳасиз, жаноб Литвиненко президент Владимир Путин режимининг танқидчиси эди, бироқ у ҳамма вақт, то ўлимига қадар, ўзини ватанпарвар деб ҳисобларди. У ўз ватани ва халқига содиқ эди, ва бу содиқлик унинг охирги ёрқин баёнотида ўз аксини топди. Ўзининг ўлимида Путинни айблаб, у ушбу сўзларни айтди: «Менга қилган – нафақат менга, менинг севган Россиям ва унинг халқига ҳам қилган ёмонликларингиз учун Худо сизни кечирсин».

Кремлнинг Литвиненкога бўлган нафрат уруғи унинг ўлимидан 8 йил олдин сепилган эди. 1998 йилда у ФСБда Борис Березовскийни ўлдириш мақсадида тузилган фитна ҳақида маълум қилди. Шу йилнинг ноябрида у матбуот-конференциясида иштирок этди, ва унда ФСБнинг ноқонуний фаолиятини, хусусан одамларни судсиз таъқиб қилиш амалиётини очиб ташлади. У ФСБнинг ички фаолияти ҳақида гапирмаслик анъанасини бузди. Таҳлилчиларнинг хулосасида ана шу пайтдан бошлаб у ўлимга маҳкум этилганига ишора этилган.

Бошида соф россияча усуллар билан унинг овозини ўчиришга мажбур қилиш ҳаракати бўлди. Икки марта унга қарши жиноий иш қўзғатилди, ва у икки марта ҳам оқланди. ФСБ ходимлари, агар у овозини ўчирмаса, ўзи ва оиласи ўлдирилиши билан таҳдид қилишди. Сизнинг диққатингизга Россия спецназининг ўқ отиш машқларида Литвиненко тасвиридан нишон сифатида фойдаланганини кўрсатувчи далиллар, шу жумладан видеотасвир келтирилган. ФСБнинг уни ўлимли қасос объекти қилиш нияти бўлганлигининг бундан-да ишончлироқ исботи мавжудлигини кўз олдимизга келтиришимиз қийин. Охир оқибат, 2000 йил сентябрида, унга қарши учинчи жиноий иш қўзғатилганда, жаноб Литвиненко ўз оиласи билан Россиядан қочиб бизнинг мамлакатимизга келган ва бошпана сўраган.

Британия ҳукумати унинг ҳаётига Россия ҳукумати томонидан хавф солинганини тан олди ва жаноб Литвиненкога бошпана берди. У ва унинг оиласи бўлиши кутилган таъқибдан шу қадар хавфсирашган-ки, улар исмларини ўзгартиришди. Уларнинг шахсий ҳаёти яширин кечди. Бироқ жаноб Литвиненко Кремльнинг жиноий алоқаларини фош этувчи очиқ-оммавий чиқишларида ўзининг ҳақиқий исмидан фойдаланишда давом этди. У ФСБнинг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўйича мутахассиси ва собиқ офицери бўлгани учун унинг сўзи жуда обрўли эшитиларди.

Мамлакатимизга келгандан кейин Литвиненко (ҳаммуаллифликда) ўзининг биринчи ва энг машҳур асари –  «ФСБ Россияни портлатмоқда» номли китобини ёзди. Бу китобда 1999 йил сентябрида ФСБ агентураси Россия шаҳарларида аҳоли турар-жой биноларини портлатишда махфий қатнашгани фош этилади. Бу портлашларда чечен бўлғинчилари айбланди, бироқ аслида портлашлар ФСБ буйруғи билан содир этилган бўлиб, Рроссиянинг Чеченистонга ҳарбий аралашувига баҳона топиш учун уюштирилган эди. Чеченистонга бостириб кириш ўз навбатида Владимир Путинни ҳокимиятга олиб келди.

Жаноб Литвиненконинг баёнотлари Владимир Путинга катта сиёсий зиён келтирди. Ҳатто қўрқув ҳукм сурган мамлакатда ҳам унинг китоби катта сиёсий таъсир ўтказди. 2002 йил апрелида ўтказилган ижтимоий фикрларни ўрганиш умумроссия сўрови  40% га яқин аҳоли уйларни портлатиш ҳақидаги Литвиненконинг иддаолари тўғри деб ишонишганини кўрсатди. Бу китобни чоп этиб Литвиненко – балки, ўзи тушунган-тушунмаган ҳолда – ўлимига яна бир қадам яқинлашди.

Кейин жаноб Литвиненко унинг китоби асосида олинган «Россияга суиқасд» ҳужжатли фильмни яратишда қатнашди. Мазкур фильмда қатнашиб ўзини хавф остига қўйган фақат Литвиненко эмас эди. Бу фильмни ташвиқод қилган ва Литвиненкога қўйилган айбни тергов қилишга уринган Россия парламентининг уч аъзоси ўлдирилди ёки тушунарсиз ҳолатларда вафот этдилар. Бугун биз тушуниб турибмиз – ўша кунлардаёқ Литвиненконинг куни битган бўлиши мумкин бўлган.

Бироқ у тинчланмади ва «Лубянка Жиноят Гуруҳи» номли яна битта китоб ёзди. Бу китоб Россия ФСБсининг уюшган жиноятчилик билан алоқасини фош этувчи янада яққолроқ фактларни қамраб олган эди. У шахсан Владимир Путинни Тамбов-Малишев уюшган жиноятчилар гуруҳи (УЖГ) билан алоқаси борлигида айблади. Бу УЖГ 1990-чи йиллар ўртасида, жаноб Путин шаҳар мэри ўринбосари бўлган пайтда, Петербург жиноятчилик дунёсида устунлик қилган. Бу гуруҳ Афғонистондан олиб келинадиган героинни Петербург портидан юк ташувчи пункт сифатида фойдаланиб Европанинг мўлжалланган турли ҳудудларига жўнатиш билан шуғулланиб келганлиги айтилади.

Литвиненко ўз китобида жаноб Путин Тамбов-Малишев УЖГ билан бевосита ва билвосита алоқаси бўлганини ёзади. Яна ўшандай, Литвиненконинг ФСБда хизмат қилгани ва унинг Россиядаги уюшган жиноятчиликни яхши билганлиги туфайли бу фикрлар жуда ишонарли ва ҳурматга сазовор эди. Китоб ФСБнинг юқори даражали мулозимлари шаънига қаратилган кескин танқидларни ўз ичига олган эди. Махсус хизматлар, турган гап, Путиннинг сиёсий базаси ҳисобланади. Жаноб Путиннинг уюшган жиноятчилик билан алоқасини фош қилар экан, Литвиненко, ўзини қурбон қилувчи парвона каби аланга томон учиб борганини биз ҳозир тушунамиз. Балки, у ҳаётини хавф остига қўяётганини тушунмагандир? Нима бўлганда ҳам, у коррупия ботқоғига ботган россиялик мулозимларга қарши қаратилган очиқ-оммавий баёнотлар беришда давом этди. Масалан, 2006 йил октябрида, ўлимидан сал олдин, у Путинни журналист Анна Политковскаяни ўлдиришга буйруқ берганликда очиқ айблади.

Ушбу тергов давомида, сэр, сизга Литвиненко ўлдирилишидан олдинги йилларда унинг шаънига йўналтирилган дўқ-пўписалар далиллари тақдим этилади. Бироқ россиялик коррупционерларнинг Литвиненкога бўлган муносабати, эътибор қилинг, уларнинг қотилликка бўлган реакциясидан яхшироқ кўринади. 2006 йил 24 ноябрьда, Литвиненко ўлимининг эртаси куни, унинг ўлдирилиши ҳақида Россия Федерациясининг Давлат Думасида муҳокама бўлди. Сергей Абельцев –  ЛДПР партиясидан депутат бўлиб сайланган. Бу кейинчалик Луговой учун Думада жой ва, демак, суд таъқибига учрамаслик ҳолатини ташкил қилган ўша сиёсий партиядир. Кўрайлик-чи, жаноб Абельцев нима деган экан?

«Сотқин қилмишига яраша жазо олди. Аминман, улар қаерда бўлмасинлар бу даҳшатли ўлим барча турдаги сотқинлар учун жиддий огоҳлантириш бўлади. Россияда сотқинлик кечирилмайди».

Қотилликдан мақсад нималигини бундан-да аниқроқ тушунтириш мумкинми? Қотилликка қўл урган Андрей Луговойнинг бўлажак сиёсий сафдоши жаноб Абельцев учун мақсад ўз-ўзидан равшан. Жаноб Литвиненко Кремль буйруғи билан йўқ қилинган эди, чунки у сотқин ва, демак, ўлимга лойиқ бўлган. У, айни пайтда, Британия давлати ҳимояси остида Лондонда яшаётган Британия фуқароси эканлиги аҳамиятга эга эмас. Қаерда яшамасин, барча турдаги сотқинлар йўқ қилиниши керак, чунки Кремль сотқинликни кечирмайди.

Мен айтиб ўтганимдай, жаноб Литвиненко сотқин эмас эди. У фош этувчи эди. Ўлдирилишидан бевосита олдин у Кремль билан боғлиқ уюшган жиноятчилик гуруҳларига қарши қаратилган тезкор-тергов тадбирларида консультант сифатида қатнашди. Айнан шу мақомда у Британия разведкасига маълумот берди. Унинг Мартин тахаллуси билан танилган МИ-6 [МИ-6 – Британия махсус хизмати – ТАРЖИМОН] даги назоратчиси бунинг учун муттасил унга, унинг банк ҳисоб-рақамига тушадиган, Кремль томонидан мафияни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги маълумот учун ҳақ сифатида гонорарлар юбориб турарди. Тингловчиларда гумон қолмаслиги учун мен алоҳида таъкидлашни истардим. Жаноб Литвиненко ФСБда ишлаган пайтда ёки бизнинг мамлакатга қочишдан олдин Британия разведкаси билан ҳеч бир шаклда боғлиқ бўлмаган. Унинг МИ-6 билан ҳамкорлиги 2003 йилда, бизнинг мамлакатга келгандан икки йил ўтгач бошланди,.

Жаноб Литвиненко ўзининг Британия разведкасига консультант сифатида ишлаганига қўшимча қилиб Испания хавфсизлик хизматига ва Испаниядаги Россиянинг уюшган жиноятчилиги фаолиятини тергов қилаётган испаниялик прокурорларга ҳам маълумот берарди. Мадриддаги АҚШ элчихонасидан сиздирилган, Тамбов-Малишев УЖГ фаолиятини тергов қилаётган испаниялик прокурорнинг хулосалари баён этилган хабар бунга далил бўлиб хизмат қилади. Бу, турган гап, жаноб Литвиненко айтган, Владимир Путин билан боғлиқ бўлган ўша УЖГдир.

Ўша пайтларда Тамбов-Малишев УЖГи Испанияда фаолият юргазаётган Россия УЖГларининг энг йирикларидан бири эканлиги айтилган. Катта прокурор Кремль ва, россияликларнинг чет элда фаолият юргазаётган УЖГ орасида чегара ўтказишнинг имконияти йўқ, аслини олганда иккаласи битта нарса, деган хулосага келган. Прокурор АҚШ ҳукуматига жаноб Литвиненко қилган таҳлил ҳартомонлама тўғри, деб ҳисоблашини ҳам билдирди. Жаноб Литвиненко ўзининг испаниялик терговчиларга берган кўргазмаларида Россия мафиясининг фаолияти ҳақида берган маълумотлари туфайли Испания ҳукумати Россиянинг уюшган жиноятчилигига қарши Европада бугунги кунда энг кўламли ҳисобланган амалиёт ўтказишга муваффақ бўлди. Келажакда жиноий судга тортилиши, жаноб Литвиненко балки унда гувоҳ бўлиши мумкинлиги, албатта, Путиннинг бу ташкилот билан алоқаси ҳақидаги маълумотнинг очиқланиши хавфи бор эди. Испанялик прокурор ҳам ўзининг мустақил маълумотларига таяниб Тамбов-Малишев жиноий тўдаси лидерлари юқори даражали россиялик мулозимлар билан «яқин хавфли муносабатда» бўлган, деган хулосага келган.

Буларнинг ҳаммаси, турган гап, жаноб Литвиненкони у фош этаётган одамлар учун биринчи рақамли душманга айлантирди. Уларнинг қаторига УЖГнинг Испанияда ишлаётган нафақат келиб чиқиши россиялик бўлган бошлиқлари, балки улар билан ҳамкорлик қилган Россия ҳукуматининг юқори эшелони вакиллари ҳам кирган.

Литвиненконинг қотилларидан бири Андрей Луговой жаноб Литвиненко бу алоқалар ҳақида Испания ҳукуматига маълумотлар бериб турганидан хабардор бўлганини биз биламиз. 2007 йил майида Москвада бўлган матбуот-конференцияси пайтида Луговой бу ҳақда эҳтиётсизлик қилиб валдираб қўйгани учун биз бундан хабардормиз. У бу ҳақда Британия полицияси ходимлари иштирокида Москвада ўтказилган тергов пайтида ҳам айтган. Жаноб Луговой томонидан бу маълумотни очиқлаш эҳтиётсизлик бўлди, чунки бу Литвиненконинг Испания ҳукумати билан ишлаши жамоатчилик диққатига узатилгандан олдин қилинган эди. Бу сўзсиз кўрсатиб турибди-ки, у қотилликка ундашнинг энг кўзга ташланарли белгиси бўлган маълумотнинг асл мағизи ҳақида ҳам хабардор бўлган.

Агар жаноб Луговой жаноб Литвиненко Испания ҳукуматига бериб улгурган маълумот ҳақида билса эди, у ҳолда у коррупциялашган, ўз ҳукмини ўтказа оладиган бир қатор одамлар фаолиятини жаноб Литвиненко фош қила олиши ва ҳатто улар ҳақида судда кўргазма бериш имкониятига эга эканини тушуниши лозим эди. Шунинг учун ҳам жаноб Луговой Литвиненкони йўқ қилиш учун жўнатилган, ўлим эскадронига киритилган икки одамнинг бири бўлгани ҳайратланарли эмас.

Энди менга полоний ва унинг келиб чиқиши манбаъси ҳақидаги масалага ўтишимга ижозат бергайсиз. Илмий текширишларнинг кўрсатишича, полоний бир неча жойда, масалан, бу икки одам тўхтаган меҳмонхона номерида топилган. Уларнинг бир ёки иккаласи полоний излари топилган бу жойларнинг ҳар бирида қандайдир бир муддат бўлишган. Луговой ва Ковтун Москвадан 2006 йил 16 октябрда келишгани ва улар тўғри жаноб Литвиненко билан учрашишга жўнашганини биламиз. Учрашиш пайтида уларда полоний-210 бўлган, чунки унинг излари ўша жойларда топилгани ҳам бизга маълум.

Агар Луговой ва Ковтун Литвиненкони ўлдириш учун полонийдан фойдалангани тан олинса, у ҳолда ягона ҳақиқатли тушунтириш улар полонийни ўзлари билан Россиядан олиб келгани бўлади. Криминологик экспертизага кўра Лондоннинг ҳар бир уч нуқтасида улар полоний-210 ни ўзлари билан олиб юришган, унинг излари улар Москвадан келишгандан кейин ўша нуқталарда дарҳол пайдо бўлган. Агар манбаъ ҳақида қўшимча далиллар зарур бўлса, у ҳолда радиоактив ифлосланиш Луговой Москвадан Лондонга 25 октябрда учиб келган самолетда ҳамда  етиб келганидан дарҳол жойлашган «Шератон» меҳмонхонаси номерида топилгани далиллари кўрсатмоқда. Шундай қилиб, полоний Лондонга Москвадан келган, деб хулоса қилиш мумкин.

Литвиненкони ўлдиришда фойдаланилган полоний фақат ядровий реакторда саноат ишлабчиқариши шароитида яратилган бўлиши мумкинлигини ҳам биз биламиз. Россияда ягона полоний ишлабчиқарувчи – бу Федерал атом энергияси агентлиги, РосАТОМдир. Полоний-210 РосАТОМга тегишли ядровий корхона «Авангард»да ишлаб чиқарилиши ҳам бизга маълум. «Авангард» Россияда полоний-210 ишлаб чиқарувчи ягона корхона эканини биз биламиз. Диққат марказимиз, шундай қилиб, анашу объектгача тораяди. Полоний-210ни «Авангард» корхонасида ишлаб чиқариш, ҳамма жойдагидек, тўйдириш, тозалаш ва хавфсиз ташиш учун ўрашдек мураккаб жараённи ўз ичига олади. Бу жараён фақат давлат ядровий лабораторияси шароитида амалга оширилиши мумкин.

Москвадаги атом саноати мулозимлари, кутилгандек, ишлаб чиқарилган полонийнинг тарқалиши қатъий назорат қилинади, деб очиқ баён этишган. Демак, полонийни ёки ҳар қандай бошқа ядровий объектни «Авангард»дан рухсатсиз олишнинг эҳтимоли жуда кам. Агар ҳатто полонийни «Авангарда»дан ўғирлаш юз берганда ҳам, бу, турган гап, у ердаги мулозимларга маълум бўларди ва бу нарса, шўбҳасиз, ҳукумат эътиборига етказиларди. Қизиғи, бирор бир россиялик вакил айтилаётган вақт оралигида «Авангарда»дан ёки бошқа ядровий корхонадан қанчадир миқдордаги полоний ўғирланди», деб ҳеч қачон айтмаган. Россия давлати мазкур терговда қатнашишга таклифнома олди, бироқ бундан улар бўйин товлашди. Бу – кўп нарсани англатади.

Қотиллик учун фойдаланилган юқори тозаликка эга полоний миқдори охирги фойдаланувчиларнинг коммерция бозорида сотиб олинганда эди, унинг нархи ўнлаб миллион долларга етиши илмий исботланган. Бундай кўламли коммерциявий олди-берди, табиий, сезилмасдан қолиб кетмас эди, ва ҳукукматга бу ҳақда маълумот етиб борарди. Бирорта шахс ёки жиноятчи ташкилот қотилликнинг бундай қимматга тушадиган усулини танламаслигини ўта аминлик билан айтиш мумкин. Бироқ полоний-210ни ўзи ишлаб чиқарадиган Россия давлати учун қотилликка сарф бўладиган харажат жуда юқори бўлмаслиги ҳам мумкин.

Ушбу жараёнга тайёргарлик кўриш доирасида, сэр, сизнинг командангиз кенг доирадаги мутахассислар, шу жумладан Венадаги Атом энергияси бўйича халқаро агентлик фикрини сўради. Дунёнинг бирорта ҳам ҳудудида полоний-210 қора бозорда ноқонуний сотилиши ҳақида бирорта ҳам маълумот йўқ. Луговой ва Ковтун бу материални мавжуд бўлмаган қора бозорда сотиб олишлари мумкин эмас. Уларнинг манбаъси анча яқинроқ бўлган.

Қўлимиздаги далиллардан ишонч билан хулоса қилиш мумкин-ки, полоний-210ни қотиллик қуроли сифатида қўллашга санкция берганлар ўлим сабабини ҳеч қачон аниқлаб бўлмайди, деб ҳисоблашган. У пайтларда касалхоналар альфа-нурланишни аниқлайдиган асбоб-ускуналар билан жиҳозланган эмас эди. Аслини олганда, ўлим сабабини тасодифан, Литвиненко ҳаётининг энг охирги кунида, полиция атомчи-олимларни жалб қилган пайтда топишди.

Литвиненко касалхона тўшагида ётган 23 кун давомида унинг ҳаётини сақлаб қоладиган қарши дори топиш ниятида врачлар уни заҳарлаган агент (дори)ни аниқлашга уринишди. 21 ноябрда тасодифан ҳаёлга келган фикр полицияни альфа-нурланишни текшириш учун сийдик нусхасини ҳарбий қисмнинг атомчи-олимларига юборишга ундади. Икки кундан кейин, 23 ноябрда, қотилликда полоний-210дан фойдаланилгани тасдиқланди. Жаноб Литвиненко эса сал ўтиб вафот этди.

Бу кашфиёт олимларни кейинги изланишларни ўтказишга мажбур қилди – полоний организмга оғиз орқали кирганлиги ва унинг миқдори сўзсиз ўлим билан тугашига олиб келишини кўрсатди. Ўлим сабаби аниқлангандан кейин полиция Лондоннинг турли жойларида полонийни излашни бошлади. Улар эришган натижалар, турган гап, Луговой ва Ковтунга қарши исбот базаси асосини ташкил этади. Аммо бизнинг мақсадларимиз учун муҳим томони шу-ки, бу – ҳеч қандай из қолдирмайдиган аниқ касбий қотиллик бўлган. Бу – одатдаги жиноятчилар томонидан киши бошига берилган қандайдир уқувсиз зарбаси эмас.

Айтишларича, агар хатога йўл қўймаса бирорта ҳам жиноятчи жазо олмайди. Хуллас, ҳатто касбий қотиллар ҳам баъзида валдирашар ва уларнинг валдираши ўзига далил сифатида қайтар экан. 2006 йил 30 октябрда Дмитрий Ковтун Гамбургда гувоҳ D3 билан гаплашади. Ковтун Литвиненко ҳақида гап бошлади ва уни ўлдиришга унга ёрдам бера оладиган кимнидир топиши кераклигини айтди, деб кўргазма беради D3. У Литвиненкони сотқин деб атаган ва унга Лондонда унинг овқатига жуда қимматбаҳо захар солиб беришга ёрдам берадиган бир ошпаз топиш зарурлигини айтган. Гувоҳ D3 кейинчалик бу сўҳбат ҳақида тегишли органларни хабардор қилган бўлса-да, бироқ қотилликнинг олдини олиш учун жудаям кеч хабар берган.

Булар, сэр, сиз кўриб чиқишингиз лозим бўлган очиқ далилий базанинг фақат баъзи муҳим элементларидир. Биз таъкидлаймиз-ки, улар сизни, шак-шўбҳасиз, Александр Литвиненкони Луговой ва Ковтун ўлдиришган ва буни улар Россия давлатининг олий мансабли шахсларининг буйруғи билан содир этишган, деган хулосага келишингизга етарли бўлади.

Бироқ очиқ далилларга қўшимча, сиз буни илгари ҳам очиқ-оммавий гапирганингиз, Россия давлатининг жавобгарлигига ишора қиладиган етарлича жиддий ёпиқ далиллар ҳам бор. Биз, турган гап, бу қанақа далиллар эканини билмаймиз. Бироқ эслатамиз –  сиз Британия ҳукумати органлари ихтиёрида бўлган бу ёпиқ далилларнинг ўзи ҳам Россия давлати мазкур қотилликка алоқаси бор, деган хулоса учун етарли, деб айтган эдингиз. Бу ҳатто мен баён этган очиқ далилий базасиз ҳам етарли жиддий далиллардир.

Агар сиз қайсидир бир онда Кремль мулозимлари Литвиненкони ўлдиришга буюртма берган, деган хулосага келсангиз, у ҳолда биз сизни кейинги қадамларни ташлашга таклиф этамиз ва, унинг барча сиёсий оқибатлари билан расмий санкцияланган бундай шаклдаги қотиллик чет давлат ҳудудида Владимир Путиннинг шахсан билмаслиги ва рухсатисиз ўтказиш мумкин эмас, деган хулоса қилишингизга умид қиламиз. Сиз тергов жараёни давомида сизнинг сўровингиз бўйича олинган, Кремль, ФСБ ва Россия мафияси ўртасида кўпсонли алоқалар мавжудлигини тасдиқловчи мустақил таҳлилий хулосани эшитасиз. Мазкур гувоҳ Путинни танқид қилувчи одамлар ўз ҳаётини хавф остига қўйишларига кўргазма беради, ва режимнинг очиқ танқидчиси бўлган кўпсонли одамларнинг ўлдирилиши ёки тушуниб бўлмас ўлимини санаб кўрсатади. Бу гувоҳнинг хулосасига кўра, бу қотилликларнинг баъзисига ФСБ жалб қилинганига ҳеч қандай гумон йўқ. Жаноб Литвиненко, турган гап, Борис Березовский атрофидаги лондонлик эмигрантлар гуруҳи орасида Владимир Путинни энг таниқли танқидчиларидан бири эди.

Жаноб Литвиненконинг очиқ баёнотлари ва асарларини ҳисобга олинса, ҳеч бўлмаганда у келажакда нималарни режалаштираётганини билиш учун унинг фаолияти Россия разведкаси томонидан диққат билан кузатилганини инкор қилиб бўзлмас даражадаги хулосага қелиш мумкин. Расмий структуралар РФ президентининг рухсатисиз уни йўқотиш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин эмас. Ҳар ҳолда, АҚШ давлат котиби ёрдамчисининг баҳоси шундай – дипломатик ёзишмалар сизиб чиқиб кетишининг натижаси ўлароқ аниқланишича, Россия махсус хизматлари Путиннинг ана шундай масалаларда майда-чуйдаларга ҳам диққат қилишини эътиборга олинса Путиннинг тўғридан-тўғри розилигисиз Литвиненконинг ўлдирилишини амалга ошира олмасликларини Франция вазирига хабар берган.

Биз барча очиқ ва ёпиқ далиллар биргаликда қараб чиқилгач, жаноб Литвиненконинг ўлимолди баёноти тўлиқ исботини топади –  полонийнинг изи нафақат Лондондан Москвага, балки тўғридан-тўғри жаноб Путин кабинетининг эшиклари томон йўналади, деб ҳисоблаймиз. Давлат бошлиғи кийимини кийган Владимир Путин у ёки бу маънодаги одатий жиноятчи сифатида фош этилиши керак.

Бу натижага эришиш, яъни очиқ тинглов ўтказишга эришиш учун Литвиненко хонимга муттасил ҳукуматни олға қадам ташлашга рағбатлантириб ва туртиб туришга тўғри келди. Сизнинг ўз баёнотларингиздан аниқ бўлгандан, ёпиқ далиллар бевосита Кремль томонни кўрсатаётгандан кейин, Литвтненко хоним сизга бу далилларни эътиборга олиш ваколати берилишига эришишга бўлган уринишларини тўхтатган эмас.

Унга ички ишлар вазирининг ушбу терговни ташкил этишни рад қилганини бекор қилишда суд даъвосини охирига етказиш учун ҳатто ўз уйини зарба остига қўйишга тўғри келди. Яъни унга Литвиненко ўлимини тергов қилиш учун бирор нарса қилмаган нафақат Россия Федерацияси ҳукуматига қарши, балки бу даҳшатли жиноят ҳақидаги ҳақиқатни аниқлашга бўлган интилишда россиялик мулозимларга қараганда ҳам юқорироқ қизиқиш билдирмаган Британия ҳукуматининг кучли қаршилигига ҳам қарши курашишга тўғри келди. Литвиненко хоним сиз ҳақиқатни излайсиз ва юзага чиқарасиз, деган мутлоқ ишонч билдирди ва мендан у бу жараёнга соф виждонли тайёргарлик кўришгани учун сиз ҳамда сизнинг командангизга ўзининг ташаккурини билдиришини сўради. Бироқ бу тингловни кузатиб бораётганларнинг бирортаси гумон қилмаслиги керак-ки, агар Литвиненко хонимнинг мардлиги ва кўпйиллик мардонавор уринишлари бўлмаганда, бирортамиз бугун бу ерда, бу машҳур тергов остонасида турган бўлмас эдик.

Толиб  ЁҚУБОВ  таржимаси

6 февраль, 2015 й.            Франция

Categories: ТАРЖИМАЛАР | Метки: | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.