ВЯЗЬМАГА  ДАРЧА

Алена СолнцеваАлена Солнцева  бир-бири билан нотаниш икки Россия ҳақида 

09 февраль  2015 й.

Мақола  www.gazeta.ru  сайтида чоп этилган

Маршруткада эшитиб қолиб давлат сирини ошкор қилгани учун давлатга хоинликда айбланиб қамоққа олинган вязьмалик кўпболали онага ҳамдардлик билдираётган пойтахт кўчаодамлари аёлнинг кундалик ҳаётининг тафсилотларидан хабар топгач даҳшатга тушишди. Етти бола, иккитаси жиддий касал, учта каттасининг онаси оилани ташлаб кетган, эр ишламайди… Журналистлар Вязьмага бориб келишди, оила ўта қашшоқликда яшаётган уйда олинган суратларни чоп этишди – мебель йўқ, фақат кроватлар қўйилган, кечги овқатга болалар бир бўлак гўшт билан бир бурдадан нон ейишади, уй подъезди ифлосланиб кетган, деразадан кўринган манзара эса хафагазак ва умидсиз.

Светлана турмушининг шароитлари шок ҳолатни келтириб чиқарди, ҳатто аёлни қоралаётганлар ҳам унинг оилавий вазиятини салкам руҳий касаллик белгиси, деб ҳисоблашди, ва мен профессионал юрист аёл болаларни зудлик билан давлат қарамоғига олиш учун оиладан олиб қўйиш керак, деб ЖЖ [Живой Журнал – ТАРЖИМОН]да талаб қилиб ёзган постини ўз кўзим билан ўқидим.

Бироқ аёлга ҳамдардлик билдираётганларга ҳам унинг оиласининг ҳаёти ҳаёлга сиғмайдиган бир нарсадай кўринди – энди кўнгиллилар унинг болаларига ёрдам учун пул йиға бошлашди. Вязьмалик Светанинг ҳаёти бундан буён яхшиланиб кетишига жуда ишонгинг келади – айбловни ҳам олиб ташлашади, пулдан ҳам ёрдам қилишади, болаларига врачлар ҳам топиб беришади. Бироқ, одамни бошқа бир нарса ҳайратга солади –  провинция чангалзорларига кутилмаганда қилинган экскурсия пойтахт фуқароларини шок таассуротига келтирди.

Мен аллақачон унутилган ивановолик “нашистка”, бироқ ўз вақтида “анча яхши кийинаётганини” айтиб кўп одамларни жунбушга келтирган бутунлай бошқа Светанинг тарихини эсладим. Ўшанда пойтахт журналистлари Ивановога, у ердан эса янада нарига, Светанинг ватани Приволжскга бориб келишди, ва у ерда онасининг етти ярим минг рубль маошини, сувараклар изғишиб юрган ётоқхлналарни, дабдаласи чиққан йўлларни, провинциал ва анча ювиқсиз Россияни кўриб даҳшатга тушишган эди.

Ёки кронштадтлик, сариёғ ўғирлашда адолатсиз айбланган қария кампир билан содир бўлган бахтсиз ҳодисани олайлик. Ҳамма полициянинг ваҳшийлигидан норози бўлиб турган бир пайтда ваҳшийликни асосан магазиннинг қўриқчи ва ходимлари қилганлари маълум бўлди, қўриқчиларнинг маоши эса кампирнинг нафақасига тенг. Агар магазинда ўғирлик содир этилса, уларнинг маоши икки баробарга қисқатирилади. Касса аппаратлари олдида кассир аёллар памперс тақиб 14 соат қимирламай ўтиришади. Ва, табиий, бу ҳаёт уларни ҳайвонлаштиради. Бироқ, журналистлар анашундай тармоқли магазинлардаги бундай бемаъни эзиб ишлатиш шароитлари ҳақида тасодифан билиб қолишади. Айтганча, ҳали ишлаб турган пайтларда вязьмалик Светанинг эри айнан шундай қўриқчи бўлиб ишлаши мумкин эди.

Асосийси эса —  пойтахт фуқароларининг сезгир юракларини эзаётган бу ҳаётда аслида ҳеч қандай ноёблик йўқ – у  мамлакатимизнинг катта шаҳарларга вахтага, заводларда қўриқчи ёки ишчи бўлиб ишлашга борадиган, ойига етти минг рубль маош олиш одатий маош ҳисобланадиган, шўрвонинг қайнатилган гўшти эса ажойиб соғлом овқат бўлиб кўринадиган, ҳали бекор қилинмаган электричкаларда, кўпроқ автобусларда юрадиган аҳолисининг катта кўпчилигига ўрганиш бўлиб қолган. Бу одамларнинг катта қисми бизнинг газета ва журналларимизни ҳеч қачон ўқишмаган, улар, ҳатто, биз, яъни фейсбукнинг ичидан чиқмайган ва театр ҳамда клуб кафеси жазманлари бўлган одамлар мавжуд эканимизни билишмайди ҳам. Москвада Путин ва Пугачёвадан ташқари телевизорга қарашни хушламайдиган, ҳозиргина сиқиб олинган шарбат ичадиган, болаларига китобларни “Нон-фикшн”дан харид қиладиган, ит ва мушукларни қутқарадиган, қариялар уйларида кўнгилли бўлиб ишлайдиган, фитнесга абонементлари бўлган, артхаус кино кўрадиган ва ҳатто бульварлар бўйлаб норозилик сайилларига чиқадиган яна ўн минглаб ғалати одамлар яшашини уларга ҳеч ким гапириб бермаган. Буларнинг бири иккинчиси билан учрашмайди.

Бизда битта тил, битта валюта, битта давлат, битта президент бўлса-да, биз бир-биримизни танимаймиз. Қора турмуш, сўкиниш ва зерикишдан иборат бўлгани учун уни ҳеч ким кўрмайдиган янги рус киносини ҳисобга олмаганда, провинциялик оддий йигитнинг оддий ҳаёти эътиборга лойиқ деб қаралмайди. Мана, кундалик ҳаётимизнинг қаҳрамони шансон товушлари остида қоронғу, қилт этган ёруғ тушмаган ватан кенгликларида машинада кетмоқда. Мана у автовокзалнинг дабдаласи чиққан, “Арсен олдида” деган павильон деразачасида провинциялик, жингалак сочи бақлажон рангли, мудраб ўтирган хонимча кўринган майдонига кириб бормоқда. Мана у спортчилар кийимида, беш қаватли уйдаги онаси, синглиси ва бувиси яшайдиган ўзининг икки хонали уйига клеёкалик тўрвасини кўтариб кириб келаяпти, диванга ўтириб “Уч қутича” деган сухарик билан “Арсенальное” деган пиво  ичмоқда. Бироқ у пойтахтлик хипстёрлар велосипедлар йўлакчалари ташкил қилиш йўли билан унинг ҳаётини ўзгартирмоқчи бўлишаётганини ҳаёлига ҳам келтира олмайди.

Тўғрисини айтганда, унинг учун Приволжск, Заволжск ёки Пучежда яшаш умуман шарт эмас. Новокосино, Подлипки, Подольск ёки Гольяновода ҳам фуқаронинг ҳуқуқлари ҳақида ҳам, мажбуриятлари ҳақида ҳам бирор нарса билмасдан яшаса бўлади, бироқ у яхшиси ўғлимни милиционерликка ўқитсам, қизимни эса маҳаллий маъмурият бухгалтериясига ишга жойлаштириб қўйсам, деган ўй билан яшашни истайди. Бизнинг турмуш тарзимиз ҳар хил, таъбимиз ҳар хил, ғояларимиз ҳам ҳар хил. Биз эркинлик, ҳар хиллилик, шаънимиз ҳурмат қилинишини хоҳлаймиз. Биз овқат, ўйин-кулгу, сиёсий лидерлар, қандай мусиқани тинглаш, кийим стилини танлашни истаймиз. Чет жойларимизда булар ҳақида умуман ўйламайдиган одамлар тиқилиб ётибди. Уларнинг ўз қадриятлари, жинниликлари, қўрқувлари бор.

Улар бизга қараганда анча кўп. Биз улардан бироз қўрқиб турамиз, улардан ўзимизни четга оламиз, уларни сезмаслик ёки ҳисобга олмасликни маъқул кўрамиз. Улар ўз муаммоларини куч билан ҳал қилишга ўрганишган, нархи арзон бўлса умумий вагонларда ҳам улар қийналмасдан кетаверадилар, ёмон ҳидларга ҳам кўникиб кетишган. Уларнинг эстетик сезгиси шаҳар уйларининг бебурдлигидан оғринмайди. Россия эстрадаси, қайнатма ё дудланган колбаса, гриль товуқ ва шаурма, ҳамда Америка бизнинг нефть бойликларимизга хасад қилишини ва бошқа қадриятларимизни оддийгина тушунтириш уларни бемалол қаноатлантиради.

Улар  ўзининг яқинига муҳаббат билан қараш бобида Исога ўхшаш бўлиш учун эмас, батюшка “одобли бўл, ҳайвон ҳолатига тушгунча ичма”, деб буюришини эшитиш учун черковга боришади —  боришса, албатта. Улар Николай-угодникдан қалбларини тинчлигини сўраб эмас, эри дўппосламаслиги, ўғли ўзига-ўзи наркотик укол қилмаслиги, қизи эрга тегишини сўраб мурожаат қилишади. Яхши ёки ёмон, тўқ ёки оч бўладими –  бугун бу дунё адолат ва қонун устиворлиги ҳақида ўйланаётган кўпчиликка бегона. Светлана Давидова, айтганча, КПРФ аъзоси бўлган, эри эса ҳозиргача “Справедливая Россия” партиясининг аъзоси, бироқ ўн минглаб фейсбук ўқувчилари имзо чеккан петицияни эса президент маъмуриятига гўдак қизалоқнинг партиясиз онаси, кўнгилли ва оддийгина яхши одамлар олиб боришди. Етти бола отасининг эса партиянинг Москва бўлимидаги партиядош ўртоқларининг мазкур воқеага бўлган муносабати ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса эшитмади.

Мамлакат аҳолисининг кўпчилиги учун, улар нормал даволаниш, болаларини ўқитиш, зулмдан ҳимояланиш учун ёрдамга муҳтож бўлсалар-да, ҳеч қандай партия, ҳеч қандай сиёсий дастур йўқ. Бироқ улар ўз муаммоларини ўзлари, баъзан анча кутилмаган, антиқа тарзда ҳал қилишади. Вязьмалик Света  оддий, бироқ ноҳақликка эътиборсиз бўлмаган одам бўлгани учун унинг воқеаси энг инсоний вариантдир. Ҳозир Донбассда бахтли келажак қураётган собиқ қўриқчиларга ўхшаш одамлар эса катта хавф туғдиришмоқда.

Ёшлигимизда ўқиган, улардан биз Россияда инқилобгача баъзи мулойим, ўқимишли одамлар жуда яхши яшаганини билиб оладиган ажойиб китобчаларни эсланг. Улар рождество арчалари ясатишган, Пасхага бўғирсоқлар пиширишган, ёзги театрларда пьесалар қўйишган, чой ичиб сўҳбатлар қуришган, инқилоб, эркинлик, инсон қадр-қиммати ҳақида гапиришган. Болалар денгизчиларнинг жажжи костюмчаларини кийиб юришар, қизчалар қўғирчоқ идиш-товоқ билан ўйнашар, ўғил болалар эса Швамбрания харитасини чизишар эди.

Ёнида эса бошқа ҳаёт бўлган, ва улар бу ҳақда – усталар қанчалик даражада аёвсиз муштлашишгани, ичишгани, хотинларини калтаклашгани, ўз яқинларини аямаганлари, уларнинг ҳозиргиси ва келажаги қанчалик лойқалик ва нурсиз бўлганини – ёзувчи Максим Горькийнинг “Болалик” китобини ўқиб билиб олишарди. Кейинчалик эса улар окопларда, фронтларда, лагерларда, бахт чопса эса коммунал уйлар ошхоналарида учрашдилар ва танишдилар. Биз битта мамлакатда яшаймиз, бироқ биз битта миллат эмасмиз, бизда азалгидай умумийлик жуда кам, ва хайриячилик билан иш битмаслиги аниқ. 

ЛЎҒАТЧА 

Провинция –  мамлакатнинг пойтахтдан узоқ, ривожланмаган вилоятлари, шаҳарлари, туманлари, қишлоқлари; 

Нашистка” –  СССР давридаги “комсомол” номли ёшлар уюшмаси ўрнида Путин томонидан тузилган “Наши” (ўзбекчада “Бизникилар”) номли миллатчи ташкилотнинг аъзоси (қиз);

Кронштадт –  Болтиқ денгизининг Фин кўрфазида, Котлин оролида жойлашган Россияга тегишли порт-шаҳар;

Вахта (вахталик иш) –  одамнинг кемаларда ёки узоқ жойларда маълум бир муддат ишлаб уйига қайтиши, келишилган вақт дам олгандан сўнг яна ўша ишга қайтиб бориши, ва бу борди-келди иш давомли бўлиши вахталик иш дейилади;

Хипстёрлар –  АҚШда ХХ-асрнинг 40-чи йилларида пайдо бўлган маданий оқим вакиллари;

Сухарик –  узоқ сақлаш мақсадида ноннинг юпқа кесилиб қуритилган кўриниши;

Батюшка –  (ўзбекчада – отахон) черковларда одамларни чўқинтирадиган руҳонийни руслар кўпинча шундай аташади;

Николай-угодник –   православ динида ажойиб, бетакрор нарсаларни яратишга қодир бўлган, одамлар сиғинадиган шахс (авлиё);

КПРФ –  Россия Федерацияси коммунистик партияси, Давлат Думасида ўз фракциясига эга бўлган қўғирчоқ партия;

“Справедливая Россия” –  КПРФга қаранг;

Петиция –  талабнома;

Рождество –  Православие динида Исо пайғамбарнинг туғилиш кунини нишонлайдиган байрам;

Пасха –  насронийлик динида Исо пайғамбар тирилишига бағишланган асосий байрам;

Швамбрания –  совет ёзувчиси Лев Кассильнинг 1928-1931 йилларда болалар учун ёзган китобининг иккинчи қисми шундай номланган; китобда Тинч океанидаги ҳаёлий Швамбрания мамлакати тасвирланади;

 

Толиб  ЁҚУБОВ  таржимаси

10 февраль, 2015 й.                         Франция

Categories: ТАРЖИМАЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.