МУЛЛА ЁҚУБ

Тоlib aka(давоми) 

Мен “давоми бор” луқмаси билан тамомлаган “Мулла Ёқуб” номли қиссамни давом эттириш ниятида иш бошлаганимда, яхшилаб ўйлаб қарасам, отамнинг номи ва ҳаёти қишлоғимиз, гузаримиз, илгари ўтган инсонлар ва воқеалар билан  чамбарчас боғлиқ эканини сездим ва қисса давомига уларни киритишга аҳд қилдим. Мен 1941 йилда туғилганман, баён этилаётган воқеалар эса XIX-асрнинг 60-70-чи йилларига бориб тақалади. Табиий, бу воқеаларни мен тарихга қизиқувчи турли қишлоқдошларим, хусусан отам мулла Ёқуб ва онам Баҳринисодан эшитганман. Пайти келганда айтиш керак, қишлоғимизда Жиззах тарихини икки одам – уста Усмонқул Эшонқулов ва геология-минералогия фанлари номзоди Абдували Абдураҳимов [мен “Бир ўзбек аскари изидан” қиссамда тилга олинган поччам Абдуғани Абдураҳимовнинг укаси] яхши билишарди – мен ўз вақтида уларнинг сўҳбатларини олганман.

Мен ҳикоямни давом этар эканман, яна бир нарсага урғу бермоқчиман. Жиззахлилар шевасида “бобо” сўзи “бова” дейилади. Ҳозир ҳам мен билан Францияда яшаётган учта неварам мени “бова” деб чақиришади. Шу сўз менга яқин ва қулай бўлгани учун мен кейинги баёнларимда шу сўзни ишлатавераман.

МУЛЛА  ЁҚУБ 

3-қисм.  Мулла Ёқуб – от шайдоси 

Мен эсимни таниб, дунёни таний бошлаганимдан бошлаб бизникида от бўлганлигини биламан. Отам отга ўзига хос меҳр билан қарардилар. Қизғиш-малларанг отимизнинг бир одатини кузатганман – у отамни узоқроқ бир фурсат кўрмаса, отамга кўзи тушган ҳамоноқ кишнаб юборарди. Отам отга гапирардилар – қўлларида қашовуч билан отнинг олдига келиб, тинмай илиқ гаплар айтиб отнинг баданини қашлашга тушардилар. Менга от отамни тинглаётган ва гапларини тушунаётгандай туюларди. Ҳовлимиз атрофида уч жойда еримиз бор эди. Отам ҳар йили шу ерларнинг бирига, навбати билан беда уруғини сочардилар – йил ўн икки ой оғилимиздан қуритилган, даста қилиб боғланган беда аримас эди. Гарчи отам арпа экмасалар-да, от учун бозордан арпа сотиб олар, каламуш ораламаслиги учун ярим белигача тунука қопланган, фанердан ясалган катта яшикда сақлар эдилар. Ўша пайтларда от ўғрилари кўп бўларди. Бир куни ҳовлимиздан сал нарироққа боғлаб қўйилган отимизни кимдир кечаси ими-жим еталаб кетибди. Отам бир неча кун деярли ухламасдан отни изладилар, бироқ отдан дарак чиқмади. 15-20 кундан кейин отамнинг бир танишлари “Ёқуб ака, мен отингизни Қуёвбоши қишлоғида, фалончанинг ҳовлисида кўрдим” дебди. Куёвбоши Жиззах-Фориш йўли устида, бизнинг қишлоғимиздан камида ўн километр наридаги қишлоқ бўлиб, унда отамнинг бир неча таниш-билишлари бор эди. Отам дарҳол Куёвбошига жўнадилар, у ерда бир танишлари билан от турган хонадонни топиб борганлар.

Отамнинг айтишларича, отамни кўргач, от кишнаб юборган. Хонадон эгаси отни яқинда бозордан сотиб олганини, сотган одамни танимаслигини айтган. Хонадонга қишлоқ оқсоқоллари таклиф қилинган ва музокара бошланган, бир-икки одам хонадон эгаси отни ҳақиқатан ҳам бозордан сотиб олганини тасдиқлаган, бироқ масала ечими топилмаган. Шунда отам ўз таклифларини киритган – “Отни ечиб юборайлик, у шу ҳовлидан чиқмаса, от шу ҳовлиники бўлади. От ўз хоҳиши билан шу ҳовлини тарк этса, у қаёққадир йўл олади. Ундан 50 метрлар орқада қишлоқ оқсоқоллари ва мен кузатиб бораверамиз, бирортамиз чурқ этмаймиз. Қани, кўрамиз, от қаерга бориб тўхтаркин”. Отамнинг таклифи ҳаммага маъқул келган ва отни ечиб юборишган. От ҳовлидан чиқиб йўлга тушган, орқасидан отлиқ ва пиёда одамлар эргашган. От бирор жойда тўхтамаган, атрофдаги ўт ва сувга қарамаган ва ўз йўлида кетаверган ва Тоқчилиқ қишлоғига кириб борган, тўғри бизнинг ҳовлимиз томон йўл олган ва … отхонада, ем ейдиган охурининг олдида тўхтаган. Отам уйдан янги бир тўн олиб чиқиб куёвбошилик хонадон эгасига ёпганлар, қолганларга шойи белбоғлар улашилган.

Илгари Жиззах музофотида, хусусан Тоқчилиқ-Раваллиқда тез-тез кўпкарилар бўлиб турарди, ўзига тўқ хонадонлар ўғил болаларнинг хатна тўйларида элга кўпкари берарди. Баъзи отлар улоқ ташланган тўдага ўзини уриб тўдани ёриб кириш қудратига эга бўлган ва устидаги чавандозининг қўли улоққа етишига ёрдам берган. Шундай отлардан бири қишлоғимизнинг машҳур чавандози Қобил амаки (халқ уни негадир Тиллақавил деб атарди)нинг оти эди – бу от шиддат билан ҳар қандай тўдани ёриб кирарди. Тўдани ёриб кириш ва улоқни тўда ичидан олиб чиқиш бошқа, уни марра (ялов)га етказиш бошқа! Бунда отдан чопқирлик ва бошқа отларга чап беришни билиши ҳам талаб қилинган. Чавандоз улоқни тақимига қистириб ялов томонга от солганда кўп чавандозлар унинг йўлини тўсиб чиқишади, улоққа қўли етгани уни тортиб олишга ҳаракат қилади, чавандоз улоқни ўзида сақлаш учун жон-жаҳди билан курашаётган пайтда оти унинг биринчи ёрдамчисига айланади – у чопқир бўлса, бошқа отларни ортда қолдиради, йўлни кесиб чиққан отларга чап беради, бироқ яловни назардан қочирмайди. Тиллақавилнинг оти тўдани ёрувчи бўлса-да, чопқир бўлмаган экан.

Тўдани ёриб киришни хушламаган, бироқ ҳар қандай отни ортда қолдириб кетадиган от Худойберди жавақида бўлган. Худойберди амакининг боғи бизнинг боғимиз билан туташиб кетган эди. Майда-чуйда болалари кўп бўлгани учун халқ унга “Жавақи” деган лақаб берган эди. Худойберди-жавақи овози момақалдироқдек гулдираган, узун бўйли, қотма бўлса-да, бироқ йирик одам эдилар. Жавақи амаки умр бўйи подачилик қилган одам бўлиб, камбағал яшар, бироқ бисотидаги ягона бойлиги ажойиб учқур оти эди. Отам, жиддийми-ножиддийми, билмайман – Худойберди акамнинг отининг икки қўлтиғида нафас оладиган иккита тешиги бор” дердилар. Ўша пайтларда, ҳозир спортнинг кўп турларида бўлганидек, кўпкариларда ҳам ғирромлик бўларди. Мас., Тиллақавил Худойберди жавақига “Мен тўдага кириб улоқни ташқарига олиб чиқаман, сиз мени кўздан қочирмай атрофда айланиб юрасиз. Мен улоқни сизга узатаман, сиз эса уни яловга етказасиз – мукофотни арра қиламиз” дер экан. Шу йўл билан икки чавандоз кўп мукофотларни бўлишиб олишган. Кейинчалик одамлар буни сезиб қолиб, бир неча чавандоз Худойберди жавақини қуршовда олиб юришган, дейишарди.

Аҳён-аҳёнда Жиззахнинг собиқ хон ўрдасида катта кўпкари бериларди. Катта кўпкарига буёғи Зомин, буёғи Фориш, буёғи Мирзачўлдан атоқли чавандозлар ва ҳатто қозоқ чавандозлари ҳам келишарди. Одатда кўпкарилар қиш фаслида ўтказиларди, шундай кунларнинг бирида Тиллақавил Худойберди жавақиникига келади ва “Ўрдада кўпкари бўлар экан, юринг борайлик, мен улоқни олиб чиқиб бераман, сиз уни қишлоққа қараб олиб қочасиз, кечқурун оғайниларни чақириб бир маишат уюштирамиз” дейди. Худойберди амаки оёқларини сандалга тиқиб ёнбошлаб ётган бўлган ва Тиллақавилнинг гапига “Кампирим иштонимни ювган эди, мен бора олмайман” деганига Тиллақавил “Тўпиққа тушадиган чопонингизни кийиб, белни белбоғ билан яхшилаб боғлаб юраверинг, биров очиб кўраяптими?” деб ўта содда Худойберди жавақини кўндиради. Эски шаҳарнинг Ўрдасида кўпкари қизигандан қизийди, Тиллақавил бир неча марта улоқни олиб чиқишга ҳаракат қилади, бироқ уддалай олмайди. Бир сафар омад юришиди ва улоқни ўша атрофда айланиб юрган Худойбердига етказади, қува-қув бошланади. Ҳамма биладиган бир факт – от ҳар сакраганда узангига оёқ тираган чавандознинг ҳам гавда (думба)си эгардан узилади. Худойберди жавақи юз метр ҳам қочиб улгурмасдан чопоннинг этаги орқага ялов бўлиб кўтарилиб кетади. Табиий, жон-жаҳди билан чопаётган от устида туриб чопон этагини йиғиштириб олишнинг имконияти мутлақо бўлмайди ва … Худойберди жавақининг барча ашғол-дашғоли ортда келаётган чавандозларга “кўз-кўз” бўлади. Отамнинг айтишларича, қуваётган чавандозлар бир зум жойида қотиб қолгандай бўлади, бир зум ўтгач, бир чавандоз “Қув энағар иштонсизни!” деб ҳайқиради ва камида юз чавандоз Худойберди иштонсизни қувишга тушади. Йўл олис, қишлоққача камида 10 километр, от устида йирик бир эркак ва катта сарка улоқ – от чарчай бошлайди, қуваётганлар таборо яқинлашаверади. Қишлоққача етиб боришига кўзи етмаган Худойберди жавақи улоқни ташлаб кетишга мажбур бўлади.

Худойберди амаки ҳақиқатан камбағал одам эди, саккиз-тўққизта боласи бўлган чўпон бирига етказса, бирига етказа олмай яшаган инсон эди. Икки ўғилини хатна қилидириш керак, 20-30 одамга яраша ош қилиши керак, тўй ошидан болалар ва хотин-халаж ҳам умидвор. Яхшиям-ки савзи-пиёз ўзидан чиқади – катта болалари ерига савзи, пиёз ва бошқа нарсалар экишган, бироқ гўштсиз ош – ош эмас, кичикроқ бир қўй сотиб олишга эса пул йўқ. Маҳалла оқсоқоллари Худойберди подачиникида йиғилишганда айни шу вазиятнинг устидан чиқишади. Қисқа муҳокамадан кейин эл ошини гўштсиз қилишга қарор қилишади. Оқсоқоллар орасида менинг бовам, яъни отамнинг отаси Жалил бова ҳам бўлган. Ошпаз энди қозонга мой соламан деб турганда от минган мулла Ёқуб кириб келади ва салом-аликдан кейин эл оши гўштсиз тайёрланаётганини эшитади. У ошпазга “Бир пас тўхтаб туринг, мен ҳозир келаман” деб, отга миниб чиқиб кетади.  15 минутдан кейин боғимиз томондан оёқлари боғланган ва эгар олдига ўнгарилган семиз қўй ортвоган ҳолда отам кўринади. Жалил бова қўйни танийди – мулла Ёқуб отасининг семиз қўйларидан бирини эгар олдига ўнгариб олиб келаётган экан. Жалил бова эса “Оббо баччағар-ей, анавини қаранглар, менинг қўйимни олиб келаяпти!” деб қолаверади. Отам қўйни тушириб, шартта калла қилган – ҳамма ёқни ёғ ва гўшт босиб кетган. 

4-қисм.  Талқанмас ва “Кал мачит”

Мен туғилиб ўсган Тоқчилиқ қишлоғи Талқанмас, Халфатўпи, Кўтарма гузарларидан иборат эди. Мамади, Қаҳҳор ва Диёр номли ака-укаларнинг ҳовлилари Талқанмаснинг ёнида бўлса-да, бироқ бир-бирига чатишиб кетган бу ҳовлиларни элда “Катта ҳовли” дейишарди. “Талқанмас” сўзи нимани билдиришини билмайман. Баъзилар уни “Тарқалмас” бўлса керак, деб тахмин қилишарди. Талқанмас машҳур гузар эди, унинг машҳурлиги эса шу гузарда яшаган еттита кал – Раҳмат, Аҳмад, Боймат, Самад, Жалил, Халил ва Ҳошим номи билан боғлиқ эди. Мазкур калларнинг дастлабки учтаси ака-ука бўлган дейишади, бироқ Самад, Жалил ва Ҳошимлар ака-ука эканини аниқ биламан, чунки кал Жалил менинг бовам, яъни мулла Ёқубнинг отаси бўлган. Фақат Халил кал олтита калнинг бирортасига ҳам қариндош бўлмаган. Баъзилар ҳазиллашибми, ёки камситиш мақсадидами, билмайман, Талқанмас-гузарни “Калтўпи” дейишгани ҳам бор гап. Эл орасида “Талқанмасда етти кал, зўравони Раҳмат кал” деган гап ҳам машҳур бўлган. Раҳмат бова гапини элга ўтказа оладиган, қаттиққўл, бироқ адолатли инсон бўлган ва Талқанмас гузарининг элликбошиси вазифасини ўтаган. Ҳар йили бир марта Талқанмас гузари эркаклари йиғилишиб қурултой қилишар ва унда элликбошини сайлашар экан. Отамнинг айтишларича, қурултой қизғин баҳсларда ўтар, элликбошининг камчиликлари очиқ-ойдин айтилар экан. Раҳмат бова масалаларни ҳамма вақт адолатли ҳал қилгани учун бўлса керак, деярли умрининг охиригача элнинг элликбошиси бўлган эканлар.

Талқанмаснинг ўз мачити бўлиб, унга “етти кал” асос солгани учун, у ҳам “Кал мачит” номи билан машҳур эди. “Кал мачит” қишлоқ мачити сифатида, қурилган замонига нисбатан ўта салобатли, баланд қилиб қурилган мачит эди. Унинг тагкурсиси (фундаменти) салкам одам бўйи баравар келарди, устунларида (сони эсимда йўқ) моҳир усталар томонидан нақшлар ўйилгани яққол кўриниб турарди. Тагкурси қалинлиги 5 см, ён томонлари 30 см бўлган квадрат пишиқ ғиштдан ишланган эди. Айтишларича, қишлоқдаги барча от аравалар Жиззахнинг Эски шаҳаридаги хумдонларидан бир неча кун давомида ғишт ташиган. Мачитнинг ички саҳнидан ташқари икки томонлама катта айвони ҳам бор эди. Мачит томидаги кичикроқ гумбаз мачитга янада салобат қўшиб турарди. “Кал мачит”га охирги чизгини бериш учун у XIX-асрнинг 60-70-чи йилларида қурилганини айтиб ўтиш етарли, деб ўйлайман. Тоқчилиқ қишлоғининг бошқа бир этагида яна битта мачит бўлган, бироқ мен шу пайтгача тушунмаган ягона савол “Унчалик катта бўлмаган бир гузар учун кал боваларимиз нега шундай салобатли мачит қуришган?” деган савол бўлиб келмоқда.

“Кал мачит” билан боғлиқ бир ҳикоя ҳеч эсимдан чиқмайди. Олдинги аср 20-чи йилларининг бошларида отам мулла Ёқуб “Кал мачит”га юз метрлар чамаси етмасдан берироқда боққоллик (чойхона, ошхона ва қассобхона битта бинода бўлган) очганлар. Боққоллик билан мачит орасида ҳатлаб ўтиш имконсиз бўлган, кўприксиз катта ариқ бор эди. Мачитга борувчилар ариқдан ўтишлари учун унинг устига бир ғўла (йўғонроқ дарахтнинг ходаси) ташлаб қўйилган бўлиб, ўтадиган одам бир оёғини ғўланинг устига қўйиб кейин сакраса бемалол ариқдан ўтиб кета оларди. Отам бир куни акаси Маллабойга “Ака, мен 2-3 кун сафарда бўламан, шу кунларда боққолликни юргизиб туринг” деганлар. Малла амаки ўта ҳазилкаш, қув ва чаққон одам бўлганлар ва амакилари Самад бова бомдод номозига ҳаммадан илгари боришларини билар эканлар. Боққолликда туришларининг биринчи куни азонда амакилари мачитга келаётганларини сезганлар. Калласига “Амакимни ариққа бир чўмилтириб оламан” деган шум ҳаёл келади  ва югуриб бориб ходанинг бир учини ариқнинг бир қирғоғига омонат қилиб тираб келади. Самад бобонинг кўзлари хиралашиб қолгани учун ҳасса таяниб юрган пайтлари бўлган ва юрган йўлларида

“Эй ёрим, сени не замонлардан буён излайман-о,

Онадан айрилган бўталоқдай бўзлайман-о!”

деган ашулаларини ҳиргойи қилиб юрар эканлар. Самад бова боққолликка яқинлашгач “Ёқубжон, ҳо Ёқубжон!” деб овоз берганлар. Маллабой қаршиларига чиқиб “Э, амаки, сизмисиз? Ёқуб 3-4 кун сафарга кетди, ўрнига мени ташлаб кетган. Киринг, киринг, анча совқотиб ҳам қолибсиз, шекилли, исиниб олинг, бир пиёла чой ичинг” дейди. Самад бова ичкарига кириб қўлига бир пиёла чой олганда жияни “Амаки, бугун бомдодга бироз ҳаяллаб қолибсизми? Одамлар бомдоднинг икки ракатини ўқиб бўлган бўлса керак” дейди. Самад бова шоша-пиша ўрнидан туриб мачит томон йўл олади. Ариққа етгач, чап оёқларини хода устига қўйиб сакрамоқчи бўлганларида ходанинг омонат учи ариқ ичига тушиб кетади, Самад бова ҳам ариққа ағдарилади. Буни кузатиб турган Малла “Ҳа, нима бўлди”лаб югуриб боради ва салкам ярим белигача сувга ботиб турган амакисини тортиб олади. Бу ҳодисага Самад бованинг муносабати “Оббо, қизталоқнинг бехосият мачити-ё-ё-ё!” деган ҳайқириқдан иборат бўлади.

Билмадим, Самад бованинг “бехосият” сўзи амал қилдими, ҳар ҳолда, 30-чи йилларда большевистик ҳукумат “Кал мачит”ни ёпиб ташлади, эшикларига отнинг келласидай қулфлар илиб қўйишди. Бир неча йилдан кейин ҳукумат буйруғи билан мачитнинг бир биқинини кавлаб одам бемалол ичида юрадиган ғор ясалди. Ғор ичининг деворлари ва шипини сомонли лой билан суваб чиқишди ва мачитни пахта қуритадиган сушилкага айлантиришди. Ўша пайтларда пахта терими тугагач, очилмай қолган кўсакларни териш бошланарди. Ҳар куни ҳар бир хонадонга бир арава (четан тикилган) кўсак тушириларди ва оила бола-чақаси билан ярим тунгача кўсак чувирди. Эрталаб аравалар яна келиб чувилган пахтани сушилкага олиб кетарди. Сушилка учун оилаларга ўтин солиғи солинарди. Шу туфайли бутун-бутун боғлар кесилиб кетар, ўтинини эса сушилка “ютар” эди. “Кал мачит” сушилка сезони тугагач, қушлар маконига айланарди. Бундай коммунистик ҳаёт кўсак чувийдиган комбайнлар ихтиро этилгунча давом этди. Сушилка сифатида “Кал мачит”га ҳожат қолмаган бўлса-да, совет ҳукумати уни тикламади ва 40-чи йиллар ичида бузиб ташлади.

Маллабой – сермазмун ҳаёт ва аянчли тақдир

Яна дадамнинг акаси Малла амакига қайтаман. Малла амакининг беҳисоб хислатлари бўлган, бироқ уларнинг қайсиси ижобий (яхши), қайсиси салбий (ёмон) айтиш қийин. Мас., Малла амаки ўта қизиқчи, сўзамол, ўйинчи одам бўлган. Ўша пайтларда тўйларда юрадиган “отарчи” артистлар бўлмаган, эл ичидаги таниқли ҳофизлар бармоқ билан саноқли бўлган. Шунинг учун Малла амакини тўйни бир-икки соат қиздириб бериши учун олиб кетишар экан. Малла амаки ўз латифалари билан одамларни “ичак узилди” қилиб кулдириб, икки қўлида қайроқ тошларни шақиллатиб ўйнаб тўйни тарк этар экан. Малла амаки ўзи билан дутор ҳам, ғижжак ҳам, дойра ҳам олиб юрмаган, унинг бирдан бир “музика асбоби” тўртта яполоқ (қайроқ) тош бўлган, холос. Малла амаки ўта чаққон одам бўлган. Одамлардан “Малланинг қўли бир нарсага илинса бўлди, у бир ҳаракат билан томга чиқиб кетар эди” деган гапни кўп эшитганман. Турган гап, у пайтлардаги уйлар ҳозирги уйлардан анча паст бўлган, бунинг устига, ўша пайтдаги уйлар болорларининг учи бир қарич ташқарига чиқиб турарди. “Малланинг шўҳлигининг чегараси йўқ эди, у кечаси деярли ухламасди, унинг ўйлаб топган шўҳликларидан одамнинг ақли шошарди” дейишар экан одамлар. Бири “Ҳай, эшитдиларингми, кечаси фалончининг аравасини ўғирлаб кетишибди”, деса, сал ўтмасдан иккинчиси қотиб-қотиб кулиб “Ўғирланган арава топилибди, у Халфатўпида Нозим ака уйининг томида турган эмиш. Буни Малла ва унинг жўралари қилган, улардан бошқа бу ишни ким ҳам қиларди” дер экан.

Малла амаки ўта қўрқмас одам бўлган. Одамларнинг айтишича, у фақат битта одамдан, қўшни Раваллиқ қишлоғида яшовчи машҳур Юнус полвоннинг бир неча одамларни калла қилган (ўлдирган) катта ўғлидан қўрқар экан. Шундай бир ривоят юради. Самарқандда жиззахлик савдогарларнинг карвон саройи (меҳмонхонаси) бўлган. Малла амаки савдогарларнинг бири сифатида бир оёғи ҳамма вақт Самарқанда бўлган. Савдогарлар ҳар куни навбатма-навбат ошпазлик қилишар экан. Кунларнинг бирида ош қилиш навбати Малла амакига келган ва у уч пахсалик девор ёнидаги ўчоқ бошида ош қилаётган бўлган. Шу пайт карвон сарой ҳовлисига Юнус полвоннинг қонхўр ўғли кириб келган ва кўзи Малла амакига тушгач “Малла, ҳалиям тирикмисан?” деган. Воқиф одамларнинг айтишича, Малла амаки бир сакрашда уч пахса девордан ошиб ўтган ва шу қочишда Жиззахдаги уйига кириб келган. Аслида Малла амакининг  эл ичида ва ҳатто ўша пайтларда урчиб кетган қуролли қароқчилар орасида “авторитети” жуда юқори бўлган. Олдинги асрнинг 20-30-чи йилларида чўл зоналарида йўлтўсарлик қилиб, савдогарларни шилиб, баъзиларини ўлдириб тирикчилик қилиб юрган қароқчилар кимнидир милтиқ ўқталиб тўхтатишганда ўша одам “Мен Малланинг одамиман” деса, унга тегинишмаган. Шу тахлитда кўп одамлар қароқчилар ўқидан омон қолишган ва Малла амакидан миннатдор бўлишган.

Малла амакининг аёли Хурсанд онани биз “Катта буви” деб чақирардик. Яратган уларга икки қиз фарзанд берди, холос. Уларнинг исми Фазилат ва Маҳфират эди. Малла амаки сермазмун ва асосан қувноқ, бироқ қисқа ҳаёт кечирган бўлса-да, унинг тақдири аянчли бўлди. Қизиғи, чаққонлиги ўзининг бошини еди. Малла амакининг ички ва ташқи ҳовлиси бор эди. Эрта баҳорда Малла амаки бола-чақаси билан ташқари ҳовлисига, аниқроқ айтилса, чордевор кулбачасига кўчиб чиқиб, катта бўлмаган ерида деҳқончилик қиларди. Отамнинг бир укалари ҳам бўлиб, Тожибой амаким шоп мўйловли, гавдали, ҳамма вақт от миниб юрадиган чиройли одам эди. Уч ака-уканинг ҳовлилари орасида катта тўртбурчак ҳовуз бор эди. Ҳовузнинг қарама-қарши икки қирғоғида икки баҳайбат тут дарахти ўсар эди. Тут пишган пайтда бутун маҳалла йигитлари тут қоқишга ҳашарга келарди. Тут қоқиш учун аёллар қаттиқ матодан эни-бўйи камида тўрт метр келадиган лўнг тикишган бўлиб, тут қоқилаётган пайтда йигитларнинг бир қисми ҳовуз ичида, ярим белигача сувда лўнг тортиб туришарди. Ҳовузнинг учинчи қирғоғи бўйлаб ариқ олинган бўлиб, ундан ҳовузга сув ёқалаб келинарди. Ҳовуз билан ариқни ажратиб турган уватда ҳеч кимга ҳалақит қилмаган баҳайбат терак ўсиб турган. Жалил бова ўғиллари Малла ва Тожибойга теракни кесиб ташлашни буюради. Ўғиллари “Ота, терак ҳеч кимга ҳалақит бераётгани йўқ, вақти-соати келса кесармиз” деганига Жалил бова унамайди. Ака-ука теракни кесишга бошлашган – Тожибой қуруқликда, Малланинг эса бир оёғи сувда (ҳовуз ичида) бўлган. Кесишдан олдин бир ўспирин бола терак тепасига чиқиб арқон боғлаб тушган – терак тўғри қулаши учун пастда бир-икки одам арқонни тортиб турарди. Онам бақувват аёл бўлганлари учун лақаблари “Полвон” бўлган. Онам “Ўшанда мен сенга иккиқат эдим, лекин арқон тортишга мени ҳам чақиришди” деб эслардилар. Терак Малла амакига қарама-қарши томонга қулай бошлаганда Малла амакининг чаққонлиги “тутиб” қолади ва ҳовуздан чиқиб қулаётган терак остидан ўтиб кетишга ҳаракат қилади. Улгурмайди – терак унинг гарданидан босиб тушади, Малла амакининг бир оёғи ариқ узра орқага чўзилган, иккинчи оёғи тиззадан букилган, тизза эса бурни олдига ёпишган ҳолда қолади. Ҳовлида хотин-халаждан бошқа деярли ҳеч ким бўлмаган. Бир болани катта йўлга чоптиришган – ўша пайтда колхозчилар далага ишга кетаётган бўлишган. Одамлар етиб келиб теракни кўтаргунча Малла амаки оғзи-бурнидан қон оқиб теракнинг тагида ётаверган. Онамнинг айтишларича, Малла амаки отаси Жалил бовага “Сиз менинг бошимга етдингиз” деб жон берган. Онамнинг айтишларича, бу таъна Жалил бовага қаттиқ таъсир қилган ва кўп ўтмай вафот этган.

5-қисм.  Тоқчилиқ эли қаердан келган? 

Зомин тумани Жиззахдан тахминан 40-50 км нарида жойлашган. Зоминнинг оромбаҳш ерлари ҳам кўп, чўлсифат ёки лалмикор ерлари ҳам кўп. Баъзан бир неча йил қурғоқчилик бўлгани учун очарчилик ҳам бўлган. Ём ва Тўқчи қишлоқлари бир-бирига яқин бўлиб, улар орасида қиз олиб, қиз бериш ҳам урф эди. Баъзи манбъаларда Ём қишлоғи Жом деб аталгани айтилади. Жиззах ичидан оқиб ўтадиган Санзар дарёсининг ҳаётбахш сувлари деҳқончилик қилишга катта имкон яратган бўлса-да, Жиззах ерларининг кўп қисми ўзлаштирилмай қолаверган. Жиззахдан шарққа қараб юраверсангиз Жиззах чўллари бошланади ва у Мирзачўлга улашиб кетади. Бу ерлар ҳам ҳосилдор ерлар бўлиб, сув муаммоси туфайлигина асрлар оша куч боғлаб ётаверган. Бир ривоятни эшитганман. Жиззах ва Зоминни сўраб турган, қиличидан қон томган Абдуллахон деган одам бўлган экан. Савдогарлар чўлу-бедиёнда ичишга сув топилмайди, ўзимиз ҳам, от-эшакларимиз ҳам қийналиб кетдик. Тақсири олам, карвон йўлида икки-учта сардоба қуриб беринг, деб мурожаат қилишган. Шундай сардобалардан бири ҳозиргача сақланиб қолган – бетонка бўйлаб Тошкент томон кетаётганингизда Пахтакор муюлишидан ўтгач, ўнг томонда, 200-300 метрлар чамаси ичкарида яримшар кўринишида қурилган сардобани кўрасиз. Ривоятга қараганда, Абдуллахон Жиззах ва Зомин аҳолисининг эркакларини Жиззах хумдонлари олдидан бошлаб то сардоба қурилиши мўлжалланган жойгача, ёнма-ён турган ҳар икки одамнинг орасини ғишт узатса етадиган қилиб тизилиб туришга буюрган. Жиззахнинг хумдонлар ишлаб турган эски шаҳаридан сардобагача камида 50 км деб олсак, сардоба қурилишига қанча одам сафарбар қилинганини кўз олдига келтириш қийин эмас. Хумдонлардан сардобагача ғиштларни одамлар бир-бирига қўлма-қўл узатиб туришган. Иссиқдан, касалликдан, сувсизликдан ва очликдан кўп одам ўлиб кетган. Буни ўз кўзи билан кўриб турган Абдуллахоннинг ўғли “Ота, халққа жуда зулм ўтказвордингиз” дейиши билан хон қиличи билан ўғлининг калласини узиб ташлайди. Сардоба қурилгач, бир одам сардоба қудуғидан сув тортиб ўша атрофга қовун экади. Қовун пишганда деҳқон сўйиб кўрса қовуннинг мағзи қизғиш эканини кўради. Ўша навли қовунни жиззахлилар “абдуллахон” дейишади. Сардобани мен олдига бориб кўрганман – унинг қудуғи ифлосланиб кетгани учун ёпиб қўйилган экан. Кейинчалик сардобага кириш эшигига темир панжара ўрнатишганини эшитдим.

Абдуллахоннинг зулмидан кўра минг чандон бераҳим зулм Жиззах аҳолиси бошига 1916 йил Жиззах қўзғолонидан рус колониал ҳукумати томонидан туширилган. Мен бу ҳақда ўзимнинг “Жиззах мухолифати” мақоламда ёзганман (мақолани мана бу линкда ўқиш мумкин: https://tolibyoqubov.wordpress.com/2012/09/21/%D1%82%D0%BE%D0%BB%D0%B8%D0%B1-%D1%91%D2%9B%D1%83%D0%B1%D0%BE%D0%B2-%D0%B6%D0%B8%D0%B7%D0%B7%D0%B0%D1%85-%D0%BC%D1%83%D2%B3%D0%BE%D0%BB%D0%B8%D1%84%D0%B0%D1%82%D0%B8/).

Унинг қисқача мазмуни шундан иборат-ки, 1916 йили Жиззах аҳолиси (100 фоиз, яъни бешикда ётган гўдакгача) Тошкентдаги рус колониал ҳукумати томонидан Жиззах чўлларига (Жиззахдан 24-30 км нарига) Россия фойдасига қовун-тарвуз экиш учун ҳайдалган. Баҳордан октябргача бўлган сургун даврида чўлда минглаб одамлар (айниқса кексалар ва гўдаклар) ўлиб кетишган. Бу сургун Жиззах чўллари деҳқончилик учун айни муддао эканини кўрсатган. Хуллас, Жиззах воҳасининг ерлари азалдан одамларни ўзига жалб этиб келган. Менинг ҳисоб-китобим бўйича, Зоминнинг Тўқчи қишлоғи аҳолиси Жиззахга XIX-асрнинг бошларида (балки ундан-да олдинроқ) оммавий кўчишни бошлаган. “Тоқчилиқ” сўзи “Тўқчи” сўзидан келиб чиққан – “Қаерликсан? Тўқчиликман!” – Тўқчилик сўзи аста-секин Тоқчилиқ сўзига айланган. Бу – одамлар айтиб юрган ривоятлардан бири. Тўқчиликлар билан бирга Жиззахга бир неча ёмликлар ҳам кўчишган. Мас., Талқанмас гузарида истиқомат қилган Мамарашид амаки “Биз ёмликмиз” деганларини мен бир неча марта эшитганман.

Жиззахдан Зоминга кетаверишда, ярим йўлда Равот қишлоғидан ўтилади. Тўқчиликлардан анча кейин равотликлар ҳам Жиззахга кўчишган ва тоқчилиқларнинг ёнидан ўзларига макон қуришган, натижада Раваллиқ қишлоғи вужудга келган. Бу ном ҳам Тоқчилиқ каби “Қаерликсан? Равотликман!” – аста-секин Равотлик сўзи Раваллиқ сўзига айланган. Ҳозир Раваллиқ ва Тоқчилиқ қишлоқларини битта кўча ажратиб туради – кўчанинг бир томонида Раваллиқ қишлоғи, иккинчи томонида эса Тоқчилиқ қишлоғи жойлашган. XX-асрнинг 50-чи йилларигача бу икки қишлоқ бир-бирига ёвқараш муносабатида бўлган, ҳатто қиз олиб қиз бериш ҳам бўлмаган. Тоқчилиқдан Раваллиққа биринчи келин бўлган менинг Ўғилой исмли опам бўлди. Шундан кейин, кўп соҳаларда зиддият сақланган бўлса-да, икки қўшни қишлоқ орасида муносабат анча юмшади. Ҳозир эса “қиз олди – қиз берди” масаласида қайси қишлоқ илғор эканини айтиш ҳам қийин. Раваллиқ эли катта эл – бу эл сон жиҳатдан Тоқчилиқ элидан икки баравар кўп бўлса керак, деб ўйлайман. Раваллиқдан кўп атоқли уламо ва фузалолар чиқишган – мен бу ҳақда “Мулла Ёқуб” номли қиссамнинг дастлабки қисмларида ёзганман. Гарчи раваллиқлилар сон жиҳатдан икки баравар кўп бўлсалар-да, тоқчилиқлиларнинг раваллиқлилар олдидаги асосий имтиёзи бу заминга тоқчилиқлилар биринчи бўлиб кўчиб келишганидир. Шунинг учун бўлса керак, олдинги асрнинг 30-чи йилларида большевиклар икки ёнма-ён қишлоқ учун “сельский совет” (“сельсовет”) [ўзбек тилида “қишлоқ совети”] туза бошлаганларида бу тузилмани “Тоқчилиқ қишлоқ совети” деб аташган. Ҳозирги кунда у “Тоқчилиқ қишлоғи фуқаролари йиғини” деб аталади.

Менинг жияним, раваллиқлик Ғуломжон Сиддиқов билан политехника институтида бирга ўқиган Даштободлик Раҳмонқул деган йигит Ғуломжоннинг Жиззахдаги уйига ва менинг Тошкентдаги уйимга тез-тез келиб турарди. Бир куни у менга қизиқ бир гапни айтиб берди – “Толиб ака, яқинда мен Зоминдаги Ём қишлоғига бир дўстим билан тўйга бордим. Ёмда унинг бир таниши тўй қилаётган экан, икки кун қолиб кетдик. Биласизми, ёмликларнинг гапини эшитиб мен ҳайратга тушдим – уларнинг шеваси раваллиқлилар ва тоқчилиқлиларнинг шеваси билан бир хил экан! Заррача фарқи йўқ! Ҳатто аёлларнинг қарғаши ҳам бир хил экан”. Мен Раҳмонқулга Тоқчилиқ эли Зоминнинг Ём қишлоғининг ёнида бўлган, бироқ кўчиш натижасида йўқ бўлиб кетган Тўқчи қишлоғидан, Раваллиқ эли эса Равотдан кўчиб боришганини, бир неча сўзларни эътиборга олмаганда [мас., “олма” сўзини тоқчилиқликлар айнан шундай айтса, раваллиқликлар “алма” деб айтишади] бу икки элнинг шевасида фарқ йўқлигини ётиғи билан тушунтирдим.

ТАМОМ.

Categories: ҲУҚУҚБОН ИЖОДИ | Метки: | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.