МУЛЛА ЁҚУБ

Толиб Ёқубов 

1-қисм. МТоlib akaен учун буюк сиймо 

          Ҳар қандай шахс ўзи учун улуғ сиймо деб ҳисобловчи инсон бўлади, дейишади. Мен учун бундай инсон отам мулла Ёқубдир. Отам узоқ ва сермазмун ҳаёт кечириб, мўътабар уч кам юз ёшда 1992 йил 14 март куни бу фоний оламни тарк этдилар ва Аллоҳ ҳузурига йўл олдилар. Отамиз жон таслим қилаётган пайтларида укам Ғанижон иккаламиз у кишининг олдиларида ўлтирган ва ҳеч қийналмай вафот этганларига шоҳид бўлганмиз.

 

Жиззахни одамлар баъзан «Ўн икки ариқ» ҳам дейишарди. «Фалончини Жиззах танийди» дейиш ўрнига «Фалончини Ўн икки ариқ танийди» деб ҳам айтишар эди. Отамни Ўн икки ариқ танирди, десам муболаға бўлмас, деб ҳисоблайман. У киши фақат саводли ҳамда Қуръони карим оятларини кучли ва ширин овоз билан ўқийдиган мулла бўлганлари учунгина эмас, балки юқори малакали ва пок қассоб, кучли ва ёқимли овозга эга бўлган ҳофиз, катта ва моҳир деҳқон, омадли ва саховатли савдогар, лаззатли овқатларни моҳирлик билан пиширувчи ошпаз, ва ниҳоят, турли ва беҳисоб кўп бошдан кечирган ва эшитган воқеаларни усталик билан сўзловчи ҳикоянавис инсон бўлганлари учун ҳам катта кўпчилик таниган бўлса керак, деб ўйлайман.

 

Отамнинг кўпчиликдан фарқли бир ҳислатлари бор эди-ки, бу ҳақда ҳикоямнинг бошида ва алоҳида айтиб ўтишни лозим деб биламан. Отам ёмонлик қилган одамларга ҳеч қачон ёмонлик қилмас ва ҳар сафар «Аллоҳга солдим» деган ибора билан чегараланар эдилар. У кишига нисбатан ёмонлик қилган одамлар Аллоҳ томонидан бешафқат жазоланганини мен ўз кўзим билан талай марта кўрганман. Шулардан иккитасини келтириш билан чегараланаман, холос.

 

1956 йилнинг бошларида бизнинг колхозга янги раис келди. Жўрақул Имомов асли ўқитувчи бўлиб, ўша йили туман раҳбарларининг таклифи билан бизнинг колхозга раис этиб сайланган эди. Янги раис ўзини олдинги раислардан тамоман бошқача тутди ва ишни ҳам бошқа усуллар билан олиб борди. Гарчи раис учун колхознинг «Победа» машинаси хизмат қилса-да, Жўрақул Имомов машина минганини одамлар камдан-кам кўришар эди, чунки у нуқул от миниб дала айланар экан. «Бу раис ухлайдими, йўқми?», – дея одамлар бир биридан сўрашар, кечалари ҳеч ким кутмаган жойларда пайдо бўлишига ҳайрон бўлишар эди.

 

Колхоз қассобхонаси идора олдида бўлиб, раис бўлиб келган дастлабки кунларнинг бирида Жўрақул ака идора қоровули Аҳмад амакига (бу киши «Аҳмад-ёлғончи» лақаби билан машҳур эди): «Тўрақул-қассоб амакидан сўраб келинг, бирор коса овқатлари бормикин?», деб илтимос қилган. Тўрақул-қассобнинг жавоби ўта қўпол ва ҳақоратли бўлган, бироқ қоровул жавобни раисга оқизмай-томизмай етказган. Ғазабланган раис Аҳмад амакига: «Тоқчилиқ ва Раваллиқ элларида бирор покиза қассоб борми? Бўлса, дарҳол менинг олдимга олиб келинг», – дея уни ўз отига миндириб жўнатган. Чамаси, Аҳмад амаки раисга отамнинг исмларини айтган бўлса керак, чунки у киши тўғри бизнинг уйга қараб йўл олган.

 

Бу воқеа менинг яхши эсимда қолган. Ўша кунлари чигит экиш пайти бўлиб, кун иссиқ, отам от қўшилган сеялка билан чигит экиб юрар эдилар. Аҳмад амаки келишларидан бироз аввал отам тамоман чангга ботган, фақат кўзлари ялтираб турган ҳолда тушликка келган ва ювинаётган эдилар. Овқатланиб бўлишгач, Аҳмад амаки отамни отга мингаштириб, раис ҳузурига олиб кетди. Раис отам билан танишгач (у киши Жиззахнинг бошқа жойидан эди), дарҳол қассобхонани қабул қилиб олишни буюрган. Ишдан бўшатилган Тўрақул-қассобда отамга нисбатан адоват пайдо бўлган.

 

1957 йилнинг тахминан январь-февраль ойларида (мен ўша пайтда 9-чи синфда ўқир эдим) прокуратура ва милиция ходимлари келиб отамни қамоққа олишди. Ўқишдан келиб, тушдан кейин отамнинг ювилган тоза кийимларини қассобхонага олиб борганимда қассобхона одамга тўлган, у ердаги нарсаларни прокуратура вакили ҳужжатлаштираётганини кўрдим ва дарҳол орқага қайтиб, уйдагиларга хабар бердим.

 

Отам фақат уч кун қамоқда ётдилар: раис отамни кафилликка олиб, қамоқдан озодликка чиқишларига эришди. Бу воқеадан олдин бир гурух одамлар Тўрақул қассобникида йиғилиб, отамга қарши фитна режасини ишлаб чиқишган экан. Йиғилган одамлар учун Тўрақул-қассоб қўй сўйган ва зиёфат уюштирган, йиғилишни эса қассобнинг прокурор ўғли (исми ёдимдан кўтарилган) бошқарган экан.

 

Тергов ва судда отамга қарши тил-адабиёт ўқитувчиси Нормурод Аҳмедов, ферма мудири Мамазоҳид амаки (эсимда қолганлари) ва бошқа бир неча одамлар кўргазма беришган. Чамаси, қўзгатилган жиноят иши тўҳматдан иборат эканлиги судгача ва суд пайтида ошкор бўлган, шу сабабли отам деярли ҳеч қандай жазо олмадилар. Ўз вақтида ва кўп марта отамнинг қўлларидан таом ейишган бу одамларнинг сотқинлигига отам: «Аллоҳга солдим» деб қўя қолдилар.

 

Маълум бир вақтдан кейин Тўрақул қассобнинг прокурор ўғли пора билан қўлга тушиб, саккиз йилга қамалиб кетди. Семизликдан ҳамма вақт пишиллаб юрувчи Нормурод Аҳмедов ўлаётган пайтида бадан териси йиртилиб, ситилиб кетган ва қаттиқ азоблар остида жон берган. Кўрган одамларнинг гапига қараганда ферма мудири ўлаётган пайтда молга ўхшаб бўкирган ва жон таслим этган. Отамни қассобхонадан қамоқхонага ҳайдаб кетган Ёқуб исмли милиционер ичкиликка берилиб кетиб, кўча-куйларда, ариқларнинг ичида юмалаб ётиб, у ҳам ўлиб кетди.

 

Бизнинг бир Аҳмад исмли (лақаби Аҳмадча эди) қўшнимиз бўлиб, мен Москва ва Кишинев шаҳарларида, укам эса Тошкентда ўқиб юрган пайтларимизда отамизга кўплаб ёмонликлар қилган. Бир сафар отам (ёз пайти) кечаси қассобхонада ухлаб ётган пайтларида, маст ҳолатда шу ердан ўтиб кетаётган Аҳмад ака отамнинг қаншарларига тош билан урган. Бу воқеадан хабар топган одамлар отамни дарҳол касалхонага етказишган. Кўп қон йўқотган отам уч суткадан кейин хушга келганлар. Тузалиб уйга қайтгач, у киши одатдагидек: «Аллоҳга солдим» – деб қўяқолдилар.

 

Аҳмад ака тўрт марта уйланган, бироқ фарзанд кўрмаган, охирги хотини ҳам кетиб қолганига анча вақтлар бўлган бўлиб, шу сабабли ўша кезларда у киши ёлғиз ўзи яшар эди. Юқорида айтилган кўнгилсиз воқеадан уч-тўрт ой ўтгач, Аҳмад акани тўрт кун давомида ҳеч ким кўрмаган. Тўрт кун ўтгандан кейин тоғасининг болалари хабар олгани келса, Аҳмад ака ўлиб ётган бўлган. Қишлоқ одамлари: «Аҳмадча ҳаром ўлди» – дея ўзларича ҳукм чиқаришди.

 

Отам 23 ёшда бўлганларида 13 ёшли Баҳринисо исмли қизга унаштиришган экан, бироқ тўй уч йилдан кейин, бўлажак онамиз 16 ёшга тўлганларида бўлиб ўтган, яъни келин бўлиб тушганлар. Ўша кезларда отам қишлоқдаги Соат бойвачча исмли бойнинг гумаштаси бўлиб, бойдан олган пулни ишлатган ҳолда савдогарчилик қилар эканлар. Юмушдан қайтаётган отам одатда от минган ҳолда қайнотасининг уйи жойлашган кўчадан ўтар эканлар. Онамиз ўша пайтдаги воқеаларни эслаб: “Отанг кўчадан ўтишларини тахминан билар эдик ва томга чиқиб пойлар, ҳамда отда ўтаётган отангни тамошо қилар эдик” – дея гапириб берар эдилар. Уларнинг тўйи ҳисоб-китобларга қараганда 1919 йилда бўлган.

 

Тўй учун пулни отамиз қандай топганлари тарихини эса у кишидан кўп марта эшитганмиз. Айтишларича, жиззахлик 27 савдогар Самарқанддан юк (нос талқон) олишиб, Тошкентга жўнашган. Савдогарларнинг бири отам бўлганлар. Ғаллаорол ҳудудида бир қароқчи одам бўлиб, савдогарларнинг бири билан ғашиққан ҳамда: “Ғаллаорол ҳудудидан қуш бўлиб учиб ўтсанг иложим йўқ, бироқ ер юзидан юриб ўта олмайсанлар” деб сўз айтган экан.

 

Йўлда, Ғаллаоролга яқинлашган сари савдогарлар безовта бўла бошлашган ва маслаҳат бошланган, бироқ йўл топиша олишмаган. Шунда отам: “Мен ўзим гаплашаман” деб қароқчининг ҳузурига кетганлар. Бироздан кейин гарданига милтиқ осган қароқчи ва отам савдогарлар олдига келишган. Қароқчи: “Ораларингда битта ўғил бола қарчиғай бор экан, мен қонларингдан кечдим” деб орқага от суриб кетган.

 

Савдогарлар Тошкентга етиб келишганда рўза бошланиб қолган. Бундай пайтда савдо деярли йўқ бўлиб, бир ой кутиш савдогарлар учун фойдасиз бўлган. Шунда отам 26 савдогарнинг юкини кўтара сотиб олганлар ва бир ой кутишга қарор қилганлар. Тошкентнинг Хадра маҳалласида отамнинг Асомиддин қори деган танишлари бўлган ва отам шу кишининг ҳовлисида бир ой меҳмон бўлганлар. Баъзан отамнинг ялангоёқ юриш одатлари бўлгани учун тошкентликлар отамни “Ялангоёқ бойвачча” деб аташар экан.

 

Рўза тугагач савдо қизиб кетган ва отам олиб қолган нос талқонни уч баравар фойдасига сотганлар. Бироқ Жиззахга қоғоз пул эмас, балки уни ўша пайтда муомалада бўлган кумуш пулга алмаштириб, танга кўринишида олиб кетганлар.

 

Тушган кумуш пул бир араби хуржуннинг икки кўзи лиқ тўлган даражада бўлган: “Ортсам – тушира олмайман, туширсам – орта олмайман. Йўлда фақат бир манзил (боққоллик)да тўхтаб, юкни отдан тушириб, отга дам бердим ва ўзим ҳам дам олдим. Отим жуда йўлгир эди; кўпинча мен олдинга энгашиб от устида ухлаб олардим; от йўлдан чиқиб кетмас эди. Йўллар нотинч эди, йўлтўсар қароқчилар кўп бўларди. Эгаримиз ёнида милтиқ бўларди. Бир қанча одамларни отиб кетганини кўрганмиз ёки эшитганмиз” дердилар отам.

 

Тошкентда кумуш пулнинг бир сўмини қоғоз пулнинг уч сўмига олинган, бироқ Жиззахда у ўн уч сўмга сотилган. Соат бойвачча: “Менинг 39 та гумаштам ҳам бир бўлди, сенинг ўзинг ҳам бир бўлдинг” деб отамга катта миқдорда пул берган экан. “Шу пулга онангни тушириб олганман” – дердилар отам.

 

Бир қишлоқда икки хушовоз ҳофиз

 

Қишлоғимизда отамнинг мулла Нормат деган дўстлари бор эди. Бу икки оғайни ўта хушовоз хонанда бўлишган. Нафақат қишлоғимизда, балки Ўн икки ариқ (яъни, Жиззах) ҳудудида тўйлар бу икки ҳофиз иштирокисиз ўтмас экан. Дадам: “Мулла Норматнинг овози менинг овозимдан уч баравар кучли эди” деб тан олар эдилар.

 

Бироқ отамнинг овозларининг кучига одамлар қойил қолишар эди. Бир куни бизнинг уйимизда гаштак (гап) берилган ва гап орасида бир баҳс келиб чиққан. Бизнинг уйдан камида 5 километр нарида Тошуйтепа деган тепалик бўлиб, ҳар йили баҳор-ёз-куз пайтларида Мамазоҳид деган одам ўша тепаликка чайла тикиб, оиласи билан кўчиб борар, тепалик атрофида деҳқончилик қилар экан.

 

Баҳс пайтида отам: “Мен овозимни Тошуйтепагача етказа оламан” деганлар. Орада гаровга, яъни катта бир маишат уюштиришга келишилган. Отам томга чиқиб: “Мамазоҳид, чироғингни ўчир!” деб бақирганлар (ўша пайтларда 10-чи, 20-чи, 40-чи давра чироқлар ишлатилган). Тун бўлгани учун отам билан томга чиққанлар чироқ ўчганлигини кўришган. 3-4 дақиқадан сўнг отам: “Мамазоҳид, чироғингни ёқ!” деб бақирганлар – чироқни ёқишган. Буни текшириб кўриш учун бир одам от миниб Тошуйтепага жўнаган ва Мамазоҳиддан: “Нимани эшитдингиз?” деб сўраган. Мамазоҳид: “Мулла Ёқуб чироғингни ўчир деди, ўчирдим, ёқ деди, ёқдим” деб жавоб берган.

 

Мулла Норматдан фарқли отам дуторни моҳирона чертар эдилар. Отамнинг дуторлари бўлиб, узоқ қиш кечалари илтимосимизга биноан бизга дутор машқ қилиб берардилар. Мулла Нормат дутор чалишни билмас ва бирор тўйга таклиф этишса у ерга отамсиз бормас эдилар. Чамаси, 1936 йили бўлса керак, ўзбек филармониясини ташкил этган Муҳиддин Қориёқубов отам ва мулла Норматни Тошкентга, филармонияда ишлашга таклиф этган. Мулла Норматда Тошкентга кетиш иштиёқи катта бўлган, бироқ отамнинг отаси Жалил бобо бу таклифга бутунлай қарши бўлганлар ва у амалга ошмаган.

 

“Буни назм айлади Абдулвали, асли ўзи Зоминдандир”

 

Отамнинг ашулачилик касблари билан боғлиқ бир ҳодисани у кишидан кўп маротаба эшитганмиз. Колхозлаштириш бошланганда отам бир неча йил колхозга кирмай яккадеҳқончилик билан шуғулланганлар. 30-чи йилларнинг бирида (қайси йиллиги аниқ эсимда йўқ) “Сен давлат фойдасига пахта экмай, қовун-тарвуз эккансан” деб отамни қамашган. Воқеанинг буёғини отамнинг тилларидан келтираман:

 

Эрталаб маҳбусларни ишга олиб кетишар эди, кечқурун ҳориб-чарчаб қайтар эдик. Эркаклар қамоқхонасидан сал нарироқда аёллар қамоқхонаси бор экан. Кечки овқатдан кейин ўша ёқдан ўта хушовоз бир аёл ашула қилар эди. У тугатгач, мен ўз ашуламни улаб кетар эдим. Барибир, ашула бобида мен ўша нотаниш хонанда маҳбус аёлни енга олмадим.

 

Биз билан зоминлик Абдували деган йигит қамоқда бирга эди. Зўр шоир йигит эди. У шеър ёзарди, мен уни куйга солардим. Унинг бир шеъри: “Буни назм айлади Абдулвали, асли ўзи Зоминдандур” деган сатр билан тугар эди. Унинг бу шеърини мен ашула қилиб кўп марта айтганман.

 

Тўрт ойдан кейин менга оқ хат келди, мен озодликка чиқдим. Абдували ва бошқаларнинг тақдири нима бўлганини билмайман. Орадан анча вақт ўтгач, бир иш билан Зоминга бордим. Зоминда бир ошнам бор эди, тўғри бориб шу ошнамникига тушдим. Кечга томон ошнам: “Мулла Ёқуб, бугун мен сизни бир хонадонга олиб бораман. У ерда 5-6 та одам йиғилган, мени ҳам таклиф этишган. Бир отамлашиб келамиз” – деди.

 

Борган хонадонимизда катта бир хона одамга лиқ тўла бўлиб, базму-жамшид ҳукм суриб турган экан. Ошнам секин менга таништира бошлади. Йиғилганларнинг деярли барчаси районнинг лавозимли амалдорлари (прокурор, милиция бошлиғи ва ҳ.) экан.

 

Чамаси, гап ошнамдан чиқди, бироздан кейин кимдир: “Меҳмондан бир жуфт ашула эшитсак” деб қолди. Бироқ хонадонда дутор йўқ экан. Шунда бир йигитчани отга миндириб: “Фалончининг дуторини олиб кел!” дея йўлга солишди. Тиниқ дутор экан. Мен Абдувалининг шеърига ёзилган ашуламни айта бошладим. Бир ёнимда ғўладан келган бир йигит ўтирган эди. Ашулани тугатиб ўша йигитга қарасам, у юраги тўлиб “шўлқ-шўлқ” йиғлаб ўтирибди. Ёнимдаги ошнамдан: “Бу йигит нега йиғлаяпти?” деб сўрадим. Ошнам: “Қўшиғингиздаги Абдувалининг укаси бўлади” деб тушунтирди.

 

Мен йиғлаётган йигитга ўгирилиб: “Мен акангиз билан қамоқхонада бирга бўлганман. Бу шеърни акангиз ёзган. Мен ундан олдин чиқиб кетдим” дедим. Йигит ўрнидан туриб, мени ердан даст кўтарди, акасидай бағрига босди, бироқ йиғидан тўхтамади.

 

Абдувалининг укаси мени бир ҳафта ўз уйидан бошқа жойга қўймади. “Жон ука, мен Зоминга бир иш билан икки кунга келганман. Кетишим керак Жиззахга. Мана танишдик, яна келаман, сизлар борасизлар” десам ҳам: “Йўқ, кетмайсиз!” деб туриб олди.

 

Абдувалининг нима сабабдан қамалганини мен укасидан батафсил эшитдим. Уларнинг ниҳоятда гўзал 16 ёшли синглиси бўлган экан. Одамлар: “Унинг ҳусни етти иқлимда топилмайди” дейишар экан. Уч безори шу қизни ўғирлаб кетиб, номусига тегиб, уйига ташлаб кетишган. Номуси топталган қиз ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлади. Абдували синглиси учун қасд олишга аҳд қилади. У пойлаб юриб, бирин-кетин ҳалиги уч безорини калла қилади. Юқорида тафсилоти келтирилган зиёфатни Абдувалининг укаси акасининг тақдирини енгиллатиш учун уюштирган экан.

 

2-қисм. Самарқандда бир ой ҳофизлик

Машҳур ҳофиз мулла Абдулазиз Абдурасулов билан учрашув

 

30-чи йилларда Самарқанддан Жиззахга сургун қилинган уста Шоди деган одам аёли ва қизчаси билан бизнинг ҳовлида 3-4 йил яшаган. Сургун муддати ўтгач, уста Шоди Самарқандга қайтиб кетган, бироқ кўп йиллар бизнинг оила билан бориш-келиш қилиб турган.

 

Самарқанд чойхоналари Рўзи-Рамазон ойида кечки ифторликдан то оғиз ёпишга қадар чойхўр-емакхўрларни кўпроқ жалб қилиш учун таниқли ҳофизларни таклиф қилишар, улар билан шартнома тузишар экан. Катта бир чойхонага одатда машҳур ҳофиз мулла Абдулазиз Абдурасулов таклиф қилинар эканлар. Бироқ ўша пайтлар бул зот кексайиб қолган бўлиб, бундай кучталаб тадбирларда қатнаша олмай қолган эканлар.

 

Чойхоначининг дўсти бўлган уста Шоди менинг отам ва мулла Норматнинг таърифини роса келтириб, жиззахлик бу икки ҳофиз мулла Абдулазиз Абдурасуловдан-да кўпроқ одам йиғишга қодир, деб уни ишонтирган. Бироқ Жиззахда уста Шоди кутилмаганда тамоман тескари натижага эришган: отамнинг оталари ва мулла Норматнинг оталари ўз ўғилларини бир ойга Самарқандга жўнатишга рози бўлишмаган. Уста Шоди кетиш олдидан: “Мен ер усти билан келувдим, ер ости билан кетаяпман” деб кўзига ёш олган.

 

Бу гапни эртаси куни элнинг бошлиғи – элликбоши – эшитиб, ҳар иккала қария олдига келиб: “Нима қилдиларинг ўзи? Сизнинг фарзандларингизни Самарқанддай жойдан сўраб келишади-ю, сизлар ноз қилдиларингизми? Ҳозир дуойи-фотиҳа бериб йўлга чиқаринглар” деган.

 

Отам ҳикоя қиладилар.

Мулла Нормат билан Самарқандга бориб тушиб, Регистон бозорини бир айланиб, чой-пой ичиб, кейин чойхонани суриштирамиз, деб бозорга кирдик. Бир-икки расталарни айландик. Бир вақт қарасак, уста Шоди, бир қўлида бир коса нишолла, иккинчи қўли билан қизчасини етаклаган ҳолда ўтиб бораяпти. Унинг кўзи аланг-жуланг, атрофга қўрқиб қарар эди. У бизни кўрмади. Унинг олдидан биз уч марта ўтдик. Учинчи марта ўтаётганимизда унинг кўзи бизга тушди. У турган жойида қотиб қолди, қўлидаги коса ерга тушиб чил-чил бўлди. Унинг тили калимага келмас эди.

 

Бориб кўришдик. Уста Шоди ўзига келди. Унинг шодлиги чексиз эди. У бир гапни икки-уч бор такрорлади: “Мени ернинг устига чиқардинглар. Жиззахдан қайтганимдан бери мен қочиб юрибман. Мен: “Олиб келсам ҳам олиб келаман, олиб келаолмасам ҳам олиб келаман” деб Жиззахга кетган эдим”.

 

Уста Шоди билан айтилган чойхонага бордик ва шартнома туздик. Чойхона катта, кўркам экан. Унинг ўртасида эни икки метр, узунлиги 25-30 метрлик суфа бўлиб, ҳофизлар қўлида тарелка билан ашула айтиб унинг у бошидан бу бошигача бориб келишар экан.

 

Ўша пайтда ҳам ҳукумат қитмирлик қилар эди. Баъзан текшириш учун одам юборар экан. Бироқ чойхоначининг ўзининг айғоқчилари бўлиб, улар текширувчилар келишаётганини кузатиб туришар ва аввалроқ хабардор қилишар эди. Улар чойхонага киришганда мулла Нормат иккаламиз ёзган ва ушбу сатр билан бошланадиган: “Ҳукумат раҳмат айлаб қурди шаҳримизда чойхона” деган ашуламизни айтиб турган бўлар эдик.

 

Табиий, кундуз кунлари чойхона ишламас эди ва биз бекор бўлар эдик. Шундай кунларнинг бирида мулла Нормат иккаламиз ҳофиз мулла Абдулазиз Абдурасуловни зиёрат қилгани у кишининг уйларига бордик. У киши анчагина оғир ётган эканлар, шу сабабли суҳбатимиз қисқароқ бўлди.

 

Бир ой ўтгач, чойхоначи биз билан ҳисоб-китоб қилди ва биз хайр-хўш қилдик. Уста Шодининг айтишича чойхоначи жуда мамнун бўлибди. Мулла Нормат билан бозордан ўзимизга янги усти-бош олиб ҳаммом томон йўл олдик. Жиззахга енгил ва яхши кайфиятда кириб бориш ниятимиз бор эди. Чўмилиш учун ечинганимизда баданимизда эт деярли қолмаганини кўрдик: бир ой бақириш натижасида одамдан эт қочиб кетар экан. Яна бозорга тушиб, ота-оналаримиз, бола-чақаларимизга совға-саломлар олиб, поездга чиқдик.

 

Комилжон Отаниёзов отам учун ашула айтганлар

 

Мен туғилиб ўсган Тоқчилиқ қишлоғини қўшни Раваллиқ қишлоғидан битта кўча ажратади. Шу кўчанинг икки томонида, бир-бирига рўпарама-рўпара колхознинг идораси ва маданий клуби жойлашган эди. 60-чи йиллар бошида қурилган ва кейинчалик 90-чи йиллар охирида таъмир этилган клуб ҳозир ҳам салобати билан ажралиб туради. 80-чи йиллар ўрталаригача клубнинг Жиззахдаги обрўси сўзсиз эди: Жиззахга гастроль билан келган ҳар бир атоқли артист ёки коллектив биринчи концертини албатта Тоқчилиқ қишлоқ кенгаши клуби саҳнасида ўтказар эди.

 

Юқорида ёзганимдек, колхоз раиси Жўрақул Имомов бўлиб, бу собиқ ўқитувчи ҳар икки қишлоқ қиёфасини кескин ўзгартириб юборди. Колхозчиларга уй-жой қуриш учун ер берилди, колхозда қурилиш бригадаси ташкил қилиниб, бу бригада колхоз учун клуб, идора, гараж, трактор парки, амбулатория, касалхона, мактаб ва бошқа иншаотлар қурабошлади. Толиб Носиров деган одам тинимсиз Россиядан вагон-вагон ёғоч ташир эди. Хуллас, 60-чи йиллар бошида Раваллиқ ва Тоқчилиқ қишлоқларида катта ўзгаришлар бўлаётган, аҳоли ўртасида кайфият юқори эди.

 

Шундай кунларнинг бирида (60-чи йиллар) Жиззахга гастроль билан атоқли қўшиқчи Комилжон Отаниёзов келдилар ва концертларини бизнинг клубда бошладилар. Концертнинг қанчалик шодиёна, муваффақиятли ўтгани ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бундай муваффақият ҳатто Хоразмда ҳам кузатилмаган бўлса керак.

 

Концерт тугагач, Жўрақул Имомовнинг таклифи билан артистлар раиснинг хонасига келишди. Раиснинг хонасидан барча стол, стул, шкаф ва бошқа жиҳозлар олиниб, чиройли ёз дастурхони тайёрланган экан. Таомларнинг барчасини отам тайёрлаган эдилар – бизнинг уйимиз идорадан 200 метр нарида бўлгани учун мен буни яхши эслайман.

 

Овқатланиш ва сўҳбат чоғида Комилжон ака онда-сонда торини қўлга олиб, бирор ашулани айтиб берар эдилар. Орада отам ҳам келиб машҳур ашулачини кабинетдан ташқарида эшитиб турганларини раис сезиб қолган. “Мулла Ёқуб акани ичкарига олиб киринглар” деб буюрган раис. Отам ичкари кириб, тўхтаганлар. Шунда раис: “Комилжон ака, бу киши бизнинг қассоб ва ошпазимиз бўладилар. Жуда покиза инсон. Шу киши учун битта ашула айтиб берсангиз” деб илтимос қилган. Комилжон Отаниёзов қайси ашулани отамга бахшида қилганларини мен ҳозир эслай олмайман, бироқ отам умрларининг охиригача “Комилжон Отаниёзов мен учун ашула айтиб берганлар” дея эслаб юрганлари яхши ёдимда.

 

Отамнинг диний устозлари

 

Жиззах музофотида, хусусан Раваллиқ элида кўпгина атоқли диний уламолар ўтган. Жиззахнинг Эски шаҳар мавзесида жойлашган мадраса, фикримча, ўрта мактаб мақомига тўғри келади ва унинг ҳужраларида Жиззах ва атроф музофотлардан келган кўп ёшлар савод чиқарган. Отамга дарс берган, отам жуда юксак баҳолаган устозлари мулла Ҳусанбой домла бўлганлар.

 

Мен деярли ухламас эдим, кечаси билан китоб ўқиб дарс қилар эдим, деб эслар эдилар отам. Бомдоддан кейин йўлда, бозордан, иккита иссиқ нон ва бир коса қаймоқ олиб домламнинг ҳовлиларига кириб борар эдим. Домла кексайиб қолганлари туфайли ҳовли ишларини деярли бажара олмай қолган эдилар. Домла чой ичганларича мен беда ўришга тушар, ёки ўриб қуритилган бедани боғлар, экинларни тартибга туширар ёки суғорар (ва ҳ.) эдим. Баъзан ишдан сўнг, ювиниб-тараниб, домла билан чойлашиб, у кишининг сўҳбатларини тинглар эдим. Мадрасани тугатгунча домлага қўлимдан келгунча хизмат қилдим.

 

Шундан бўлса керак, мен Тошкентда педагогика институтида ўқиб юрганимда уйга келсам, отам биринчи навбатда ўқитувчиларимнинг тинч-омонлигини сўраб-суриштирар эдилар.

 

Отам Қуръони карим оятларини ўта кучли, таъсирли ва ширали овоз билан ўқир эдилар. Таъзия билан боғлиқ маросимларда отам пайдо бўлсалар бошқалар ўқишни тўхтатар эди. Отам камтарлик билан фотиҳа ўқиб ўтирган одамга: “Ўқинг, тақсир!” дердилар, бироқ у киши: “Ўзларидан” дер эди.

 

Раваллиқ қишлоғида истиқомат қилган мулла Аҳмаджон домла бутун Жиззах музофотида таниқли ва машҳур эдилар. Бул зот Бухорои Шарифда мадрасани тугатгач, у ерда ўқишни яна давом эттирганлар ва гўё-ки бу мадрасанинг “аспирантура”сини тугатганлар. Алоҳида қадриятли бундай одамларнинг баъзиларига умрининг охиригача Бухородан маош (стипендия, дакъя) келиб турар экан. Мулла Аҳмаджон домла шундайлардан бири эдилар.

 

Мулла Аҳмаджон домла одамларни Исломда йўқ нарсалардан қайтарар эдилар. Мас., банда вафот этганда йиғламаслик, ун (овоз) чиқармаслик, ортиқча сарфу-харажат қилмаслик, кўп кунлар ва кўпчилик бўлиб эшик очиб ўтириш ва бошқа удуму ҳатти-ҳаракатлар Исломда йўқлигини одамларга сабру-матонат билан тушунтирар эдилар.

 

Домланинг учта навқирон ўғиллари бўлиб, улар бирин-кетин вафот этишганда ҳам домла ун чиқармадилар. Охирги ўғиллари вафот этганда одамлар домланинг кўзларидан бир томчи ёш думалаганини кўришган. Бир одам юрак ютиб сўраган: “Сиз бизга бундай таълим берар эдингиз, бироқ ҳозир кўзингиздан бир томчи ёш оқди, домла. Нега?” Домла: “Фарзанд экан-да!” деган эканлар, холос.

 

Мулла Аҳмаджон домла ёзнинг ўртасида вафот этдилар. У кишининг таъзия ва дафнларида Жиззахнинг барча бўй етган эркак аҳолиси қатнашди, дейилса муболаға бўлмас. Домла қишлоқдан тахминан 3 (уч) километр нарида бўлган Хўжамозор қабристонига дафн қилиндилар. Одамларнинг айтишича тобут қабристонга етиб борганда одамнинг охири ҳали қишлоқ ичида бўлган. Дафн маросимида бўлган ушбу воқеани отам ҳикоя қилиб берган эдилар:

 

Мен биринчи сафда кетаётган эдим, ёнимда шаҳар ижроқўми раиси Маманазар Турсунов келаётган эди. Одам кўплигидан тобут илгари силжимас, уни одамлардан олдин олиб юришнинг иложи йўқ эди. Тобут анча орқада қолиб кетди. Мен 2-3 ўгирилиб қарадим: тобут гўё-ки тўлқин устида сузиб келаётгандай чайқалиб келаяпти экан.

 

Бир пайт Маманазар Турсуновнинг бошидаги сомондан тўқилган шляпаси олдинга отилиб, менинг тўғримга тупроққа тушди. Чамаси, орқадагиларнинг бири ҳазиллашиб унинг шляпасини улоқтирган бўлиши мумкин. Мен қадамимни секинлаштирмай, ўша тезликда юришни давом эттирдим. Шляпа ўнг, яъни ўнғай оёғимга тўғри келиб қолди ва мен уни шиддат билан тепиб юбордим. Шляпа чирпирак бўлиб айланиб, учиб бориб йўл четида ўсиб турган тутнинг шохлари орасига кириб осилиб қолди. Ҳеч ким уни олишга ҳаракат ҳам қилгани йўқ. Маманазар Турсунов иккаламиз ёнма-ён ҳеч нарсани кўрмагандай юришни давом эттирдик.

 

Гап Маманазар Турсунов ҳақида бораётган пайтда, гарчи асосий мавзуга тегишли бўлмаса-да, шу инсон ҳақида мен икки оғиз маълумот айтиб ўтиб кетмоқчиман. Жиззах шаҳар ижроия қўмитасининг раиси бўлиб ишлаган Маманазар Турсунов Тоқчилиқ қишлоғидан бўлиб, бу кишининг қизиқ бир хислати бор эди. Ўзи аскияни моҳирона айтган ҳолда Маманазар ака жиззахлик аскиячиларга меҳрибонлик кўрсатар эдилар.

 

У кишининг шахсий “Москвич” машиналари бўлиб, ҳар йили ёзда, дам олиш таътилига чиққанларида учта асл аксиячини олиб Фарғона водийсига кетар эдилар. Ҳамроҳларнинг барча харажатлари Маманазар аканинг гарданида бўлиб, у киши жиззахлик аскиячиларнинг водийлик аксиячилар билан бўладиган “жангу-жадалига” ишқивоз бўлганлар, холос.

 

Маманазар Турсунов “ижоди”дан бир ҳангома эсимда қолган. СССР даврида Сочи шаҳрида “Ўзбекистон” санаторияси бўлган ва унда фақат ўзбекистонликлар дам олишган. Санаторияда бир удум бўлган: ҳар куни эрталаб дам олувчилар залга қўйилган торозуда ўзларини торттирар, торозубонлик қилувчи одам ҳар куни навбати билан алмашиб турар экан. Бир йили Маманазар Турсунов шу санаторияга дам олишга борганлар. Навбатлари келганда у киши одамларни торозуда торта бошлаганлар. Торозуга Ўзбекистон халқ артисти, машҳур раққоса Мукаррама Турғунбоева чиққанларида Маманазар Турсунов: “66 кило” деб эълон қилганлар. Шунда раққоса: “И-е, Маманазар ака, торозу 70 ни кўрсатаяпти-ку!” деб ажабланиш билдирса, Маманазар Турсуновнинг: “Тўғри, Мукаррамахон, торозу 70 ни кўрсатаяпти, лекин мен 4 кило халтангизга чиқарвордим” деганлари катта кулгуга сабаб бўлган. Одамларнинг айтишича, энг кўп ва очилиб кулган одам раққосанинг ўзлари бўлган.

(давоми бор)

 

 

 

 

 

Categories: ҲУҚУҚБОН ИЖОДИ | Метки: | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.