КОММУНИСТИК ЧИДАМСИЗЛИК ВА ҚАСД ОЛИШ

             Tolib Yoqubov 74 yoshda Ҳурматли ўзбекистонликлар! 

              2015 йил 8-9 июль кунлари Женева шаҳрида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комитети аъзолари Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг ФУҚАРОВИЙ ВА СИЁСИЙ ҲУҚУҚЛАР ХАЛҚАРО ПАКТИ бўйича мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятига бағишланган навбатдаги ҳисобот (доклад)ини тинглашади ва муҳокама қилишади. Бундай тадбир биринчи марта ўтказилаётгани йўқ – мустақил Ўзбекистон ҳаётидаги бу каби тадбир биринчи марта 1998 йилда БМТнинг Қийноқларга қарши комитетининг сессиясида бўлиб ўтган ва мен унда Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) номидан альтернатив доклад билан иштирок этганман.БМТ Комитетлари эшитувлари ва Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ)нинг йиллик маждисларида Ўзбекистон делегациясини деярли ҳамма вақт бошқарган Акмал Саидов бу сафар Женевага келмайди – у олдинги сессияда негадир Комитет аъзоларига бақира бошлади. Чамаси, у залда Ўзбекистон Олий Мажлиси депутатлари ўтиришибди, деб ўйлади, шекилли. Залда ўтирганларнинг бири унга “Жаноб Саидов, Сиз уйингизда сақич чайнаб ўтирган хотинингиз ва қизларингизга бақиришингиз мумкиндир балки, аммо БМТ Комитетининг аъзоларига бақиришга ҳаққингиз йўқ” деган бўлиши мумкин. Мен Ўзбекистондаги ахволни муҳокама қилган БМТ Комитетлари ва ЕХҲТнинг бир қатор йиғилиш (тинглов)ларида қатнашганман (Женева, Вена, Варшава, Нью-Йорк ва б.). Акмал Саидов, Сайёра Рашидова ва бошқалар ўз нутқларида ёлғонни бўйинча қилиб кийиб олганларига гувоҳ бўлганман. 

              Мен Женевада бўлажак тингловга бағишлаб  8 (саккиз) қисмдан иборат бир материал тайёрладим ва уни Фейсбукка қўймоқдаман.  Ўзбекистон махсус хизматлари Фейсбук каби барча ижтимоий тармоқларни изчиллик билан кузатишини билганим ҳолда бу материални Женевага борувчи Ўзбекистон делегацияга етказишига ишонаман. Фейсбукда қатнашадиган ватандошларни менинг мазкур материалимни муҳокама қилишга чақираман.

Ҳурмат ила Толиб ЁҚУБОВман. 

 

КОММУНИСТИК  ЧИДАМСИЗЛИК  ВА  ҚАСД  ОЛИШ 

(“Тарихимиз” сериясидан) 

I-қисм 

КОММУНИСТИК  ЧИДАМСИЗЛИК ШИОРИ – ҲЕЧ НАРСАНИ УНУТМАСЛИК  ВА СЎЗСИЗ  ҚАСД  ОЛИШ. 

XIX-аср ўртасида Германияда коммунистик ғоя билан бирга “пролетариат диктатураси” тушунчаси пайдо бўлди. Бу ғояга кўра барча соҳада (сиёсат, иқтисод, маданият ва ҳ.) аҳолининг бир қисми – ишчилар синфи – илғорлик қилиши ва ўз ҳукмини ўтказиши (диктатурасини ўрнатиши), аҳолининг қолган қисми эса (шу жумладан, зиёлилар ҳам) сўзсиз, кўр-кўрона унга бўйсунуши лозим экан. Бу ғоя Германиянинг ўзида ҳам, Европанинг маданийлашган (цивилизациялашган) бошқа қисмида ҳам амалга ошмади, халқ томонидан қўллаб-қувватланмади. Бу ғоя Владимир Ульянов (Ленин) бошчилигидаги рус марксист-террористлари томонидан қолоқ Россия империясида қўллаб-қувватланди ва 1917 йилда инқилоб натижасида Россияда биринчи марта коммунистик давлатга асос солинди – давлат бошқаруви коммунист-большевиклар қўлига ўтди. 1917 йилгача Россияни битта одам бошқарган, у царь (подшоҳ) деб аталарди ва ҳокими-мутлоқ даражасида эди. Унинг ҳукумати, министр (вазир)лари, парламент (Дума) ва губернаторлари бўлган, бироқ улар подшоҳдан ўтиб бирор нарсани ҳал эта олмаган. Подшоҳнинг дунёда етакчи махсус хизматлари (“царская охранка”) ва армияси бўлган – биринчиси Россия ичида, иккинчиси Россия ташқарисида тинимсиз урушлар олиб борган – биринчиси подшоҳлик тузумини ички мухолифат ва ўзга миллатлар норозилигини бостириб қўриқлаб келган бўлса, иккинчиси колониал урушлар олиб борган. Коммунистик ғоя олиб кирилгач Россияда нима ўзгарди? Бирор нарса ўзгардими? ЖАВОБ: 1) Ҳеч нарса ўзгармади, дейиш ҳам; 2) Катта ўзгаришлар бўлди, дейиш ҳам мумкин!

Амалда коммунистлар бутунлай бошқа нарсани –  коммунистик ғоя ва пропаганда (ташвиқот) устига қуриш йўли билан яккаҳокимликни Россияда сақлаб қолишни назарда тутишган бўлиб чиқди. 1917 йилгача Россияда кўппартиялилик шакллана бошлаган эди, В.Ленин асос солган ва бошқарган Россия социал-демократик ишчилар партияси (РСДРП) шуларнинг бири бўлиб, сон жиҳатдан эсэр (СР – социал революционер)лар партиясидан камида беш баравар кичик эди. 1917 йил октябрида бўлган социалистик инқилоб (революция)ни уюштириш ва амалга оширишда асосий куч аслида СРлар партияси бўлган бўлса-да, бироқ ўз сиёсатини террор устига қурган большевиклар инқилоб меваси (ҳокимият)ни улардан тортиб олишди. Ҳокимият тепасига келган В.Лениннинг қўйган биринчи қадами (1) РСДРПдан бошқа барча партиялар ва уларнинг нашрларини таъқиқлаш ва (2) царская охранка асосида ВЧК (Всероссийская Чрезвычайная Комиссия – Умумроссия Фавқулодда Комиссияси), яъни бўлажак КГБ (Комитет Государственной Безопасности – Давлат Хавфсизлиги Комитети)ни тузишдан иборат бўлди. Россияда ҳар қандай ҳурфикрлиликка қарши қатағон бошланди, мамлакатдан олимлар, инженерлар, ёзувчи ва шоирлар, ҳарбийлар қоча бошлади. Россияни ташлаб кетганлар сони бир неча миллионга етди. Ғарбга қочган ва ўз билимини бошқа мамлакатлар равнақи учун сарфлаган олим ва инженерлар жуда кўп бўлса-да, мен улардан фақат иккитасини эслаш билан чегараланаман. Иқтисодчи олим В.Леонтьевнинг изланишлари, ғоялари ва асарларига таянган ҳолда АҚШ иқтисодининг модели яратилди ва у Буюк Депрессиядан кейин АҚШ иқтисодини дунё лидери даражасига кўтарди. В.Сикорский АҚШда вертолётсозликни йўлга қўйди, у тузган компания ҳанузгача АҚШда олдинги позицияни эгаллаб турибди. Россияда Маркс таълимотига таяниб хусусий мулкчилик таъқиқланди, барча мулк “давлат” деган мавҳум бир “одам”га топширилди. Очарчилик ва унинг ортидан кенг кўламли ғалаён ва қўзғолонлар бошланди. Улар шафқатсиз бостирилди, юзминглаб одам судсиз-сўроқсиз отиб ташланди. Россия ва колониал ўлкалар асосида қурилган СССР 2-чи жаҳон урушидан олдин бир неча марта, урушдан кейин эса дарҳол даҳшатли очарчиликни бошдан кечирди – очликдан ўлганлар сони бир неча ўн миллион дейилса-да, бироқ аниқ фактлар ВЧК (ГПУ→ ОГПУ → НКВД → НКГБ → ГУГБ → МГБ → МВД → КГБ → ФСБ) архивларида сақланмоқда. Россия (СССР) эса яккапартияли, якка (коммунистик) ғояли ва яккадоҳийли тоталитар давлатга айланди.

Давлатни 70 йил битта партия, партияни эса СССР Компартияси Сиёсий Бюроси деган кичик бир гуруҳ бошқарди. Сиёсий Бюрони бошқарган одам давлат раҳбари ҳисобланди ва доҳий деб атала бошланди. Ўлгунича амалда қолиш тенденцияси шаклланди (В.Ленин, И.Сталин, Л.Брежнев). Дунёдаги халқлардан “Биз доҳиймизни сенларнинг ҳам доҳийларинг, деб атайверсак розимисизлар” деб сўрамасдан В.Ленин ва И.Сталинни “дунё пролетариатининг доҳийси” дея улуғлаш, уларга сонсиз-саноқсиз ҳайкал ва ҳайкалчалар ўрнатиш, уларнинг портретларини ҳар қадамга илиш, китоб ва дарсликларга киритиш – коммунистик пропаганда (ташвиқот)нинг кичик бир қисми эди. Совет доҳийлари ўзларига қарши гапирган, танқид қилган, мақолалар ёзган одамларни унутмадилар ва улар қаерда бўлишидан қатъий назар ўч (қасд) олдилар – СССРда яшаганларни қамадилар, сургун қилдилар, ўлдирдилар, ташқарида яшаганларни ўлдириш учун қотиллар йўлладилар. Коммунистик Россия (СССР) террористик давлатга айланди. 1917 йилнинг октябригача амалда бўлган Россия империясининг муваққат ҳукумати бошлиғи Ф.Керенский В.Ульяновни яхши таниган (улар Ф.Керенскийнинг отаси директор бўлган лицейда олдинма-кейин курсларда ўқишган) умрининг охирида, Парижда журналистга интервью бераётиб, унинг “Сиз В.Ульяновни яхши билгансиз. У ҳақида бир оғиз гап билан нима дея оласиз?” деган саволига “Россия тарихида учта буюк террорист ўтган – Владимир Ульянов, Иосиф Жугашвили ва Лев Троцкий” деб жавоб берган. ХУЛОСА: Давлат террористик давлат бўлмаслиги учун унинг раҳбарлари террорист бўлмаслиги керак!

Террор, терроризм – жамиятни қўрқитиш манбаъсидир. Авторитар ва тоталитар давлатлар жамиятни доимо қўрқувда тутиб турсагина оёқда туради. Бунинг учун раҳбар ҳар қандай ҳурфикрлиликка чидамсиз бўлиши, ҳурфикрлилик манбаъсини эса ҳеч қачон кечирмасликка ўрганиши керак, яъни кечирмаслик унинг қонида бўлиши керак!. Бу аксиомани коммунистик лидерлар жуда пухта ўзлаштирдилар. Шунинг учун СССРда илгари кузатилмаган, жоҳилликда мисли кўрилмаган коммунистик ЧИДАМСИЗЛИК шаклланди ва у авлоддан авлодга ўтди. Ф.Керенский жавобини эса “Айнан шулар СССРда учта коммунистик муносабат-тартиб 1) ўзгача фикрга коммунистик чидамсизлик, 2) ўзгача фикр манбаъсидан албатта қасд олиш ва 3) ўлмагунча мансабдан кетмасликни шакллантирганлар, қолган коммунистик раҳбарлар шуларнинг издошларидир” деб ўзимиз тўлдириб қўйишимиз мумкин. Қизиғи, дунёда қайси мамлакатда марксистик тузум (диктатура) ўрнатилган бўлса, ўша мамлакатларнинг халқи коммунистик чидамсизликдан азоб чеккан, мамлакат раҳбари ўлмагунча мансабида тураверган – В.Ленин, И.Сталин, Л.Брежнев, Мао Цзедун, Пол Пот, И.Тито, Н.Чаушеску, Ким Ир Сен, Г.Алиев, С.Ниёзов, Ф.Кастро, Р.Мугабе, И.Каримов, Н.Назарбоев – булар ўлган ва ҳозирда тирик, бироқ умрбод коммунистик раҳбарликда қолишни истаётганларнинг баъзилари.

Коммунистик чидамсизлик ўта хавфли касалликдир. У нафақат сиёсатга, балки иқтисод, ижтимоий ҳаёт, маданият, маънавият ва жамият ҳаётининг барча бошқа соҳаларига саратон (рак) каби хуруж қилади ва издан чиқаради, инқироз томон етаклайди, охир-оқибат ўлдиради. Дунё бўйича марксизм ғояси устига қурилган, хусусий мулкчиликка йўл бермаган, коммунистик чидамсизликка урғу берган ҳамма давлатларда иқтисод ривожланмаган, очарчилик, ишсизлик, оммавий тушкунлик, коррупция ва бошқа ижтимоий иллатлар ҳакалак отиб бораверган. Хитой Мао Цзедун ўлгандан кейин ривожлана бошлади ва ҳозирги куннинг иқтисоди энг қудратли бўлган мамлакатларидан бирига айланди. Ўзбекистон мисоли жуда қизиқ. ИҚТИСОДИЙ АКСИОМАлардан бири бундай – “Мамлакатнинг табиий ва интеллектуал ресурслари етарли, ўз ватанида иш ўринлари ташкил этилган, эркин тадбиркорлик билан шуғулланиш имкониятлари яратилган, ҳукумат органлари коррупциядан тоза бўлса, инсонлар ҳеч қачон оммавий равишда пул топиш, ўз оиласини боқиш мақсадида бошқа мамлакатларга кетмайди”. Инсон қизиқувчи маҳлуқ, унда еб-ичишдан ташқари бошқа мамлакатларга сафар қилиш, дам олиш, тарихий жойларни зиёрат қилиш, бошқа халқларнинг ҳаёти билан танишиш каби иштиёқ мавжуд. Шу туфайлигина у бошқа давлатларга қисқа муддатли чиқиб келиши мумкин. Мустақиллик бошланиши билан эса Ўзбекистондан миллионлаб одамлар иш излаб ташқарига чиқиб кетди.

Мана бу ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ АКСИОМА бўйича эса – “Мамлакатда демократик, диний ва бошқа эркинликлар таъминланган, инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинадиган, адолат ва одил суд системаси йўлга қўйилган бўлса, ҳеч бир инсон ватанини ташлаб ўзга юртларга бориб яшамайди”. Ўзбекистонда мустақилликнинг бошидаёқ Ўзбекистон “Бирлик” халқ ҳаракати, Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси, “Ислом уйғониш” партияси (Тошкент), “Адолат” (Наманган), “Одамийлик ва инсонпарварлик” (Қўқон), Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти раҳбарлари ва аъзолари, парламентдаги демократик позицияни эгаллаган халқ депутатлари, коммунистик чидамсизликка қарши бўлган юзлаб (балки минглаб) диний уламолар, тадбиркорлар, зиёлилар мисли кўрилмаган қатағонга учради – ишдан ҳайдалди, бизнеси тортиб олинди, сазойи қилинди, қамалди, ўлдирилди, чет элларга чиқиб кетишга мажбур бўлишди. Демократик, диний ва бошқа эркинликлар қаёқда дейсиз – 90-чи йиллар бошида ҳукумат ўзининг темир панжалари билан бу эркинликларнинг нақд кекирдагидан ушлаб буға бошлади, ҳатто совет даврининг охирги эркинликлари ҳам ҳалвога айланди, дунёвий мухолифат йўқ қилинди. 90-чи йилларнинг охирига келиб эса ҳукумат тамоман қутурди ва диний мухолифатни ҳам таг-томири билан қўпориб ташлади.

СССР даврида компартия аъзоси бўлмасангиз мансаб пиллапояларидан юқорига қараб кўтарилишнинг имконияти деярли бўлмаган. Шунинг учун ҳам мансабпарастларни партияга ғоя эмас, унинг мансабга эриштириш имкониятлари жалб этган. Компартия раҳбарлари бошдан-бош партия ҳаётининг икки жиҳатига – 1) коммунистик иерархия ва 2) доҳийчиликка алоҳида эътибор беришган. Коммунистик иерархия – партия қуйи поғонасининг раҳбари юқори поғона раҳбарига сўзсиз бўйсунунишни таъминлаган бўлса, доҳийчилик эса жамиятда шахсга сиғинишни шакллантирган. СССР пайтида компартиянинг Бош котиби СССР раҳбари, иттифоқдош республика компартияси 1-котиби шу республиканинг давлат бошлиғи бўлганини ҳисобга олсак, СССРда асосий доҳийдан бошқа яна 15 та маҳаллий доҳийчалар бўлган. Бундай тоталитар давлат ва давлатчаларда ҳокимият пирамида шаклида бўлиб, унинг учи (чўққиси) бош доҳийга, ундан пастдаги поғоналарни доҳийчалар ва мавқеъига қараб бошқа раҳбарларга, оддий халққа эса пирамиданинг энг пастки поғонаси берилган. Имтиёзлар-чи? Имтиёзлар, табиий, тўнтарилган пирамида шаклида бўлган – барча имтиёзлар пастдан юқорига қараб ошган ҳолда тақсимланган, жамиятнинг ягона имтиёзсиз қатлами эса халқ бўлган. Бизнинг И.Каримов гарчи қисқа вақт ичида СССР коммунистик партияси Марказий Комитети Сиёсий Бюросининг аъзоси даражасигача кўтарилган бўлса-да, бироқ мамлакатда коммунистик лидер сифатида Шароф Рашидов эришгандек доҳийча даражасига эриша олмади. У бу “камчилик”ни мустақил Ўзбекистонни бошқариш даврида бартараф этди ва қалбида ҳамда давлат бошқарувида коммунистлигича қолиб  миллий доҳийликка эришди.

(Давоми бор)

 

Categories: МАҚОЛАЛАР, Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Метки: , , , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.