КОММУНИСТИК ЧИДАМСИЗЛИК ВА ҚАСД ОЛИШ (II-қисм )

Tolib Yoqubov 74 yoshdaII-қисм 

“ОТ  ЗВОНКА  ДО  ЗВОНКА”

Жорий йилнинг 29 апрелида менинг куёвим, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ)нинг Сирдарё вилояти бўлимини 2000 йил ёзидан 2006 йил 29 апрелигача бошқарган Азам Фармоновнинг қамоқда ўтирганига роппа-роса 9 (тўққиз) йил тўлди. Руслар бу ҳолатни, яъни суд белгилаган дастлабки муддатни қамоқда тўлиқ ўтказишни, “сидеть от звонка до звонка” дейишади. Хабарларга қараганда, икки ой илгари Қорақалпоғистон Республикаси жиноий ишлар бўйича Қўнғирот туман суди “от звонка до звонка” ўтирган Азам Фармоновни яна 5 йил-у 26 кун қамоқда қолдиришга ҳукм чиқарибди. Қамоқда “от звонка до звонка” ўтириб қамоқдан чиқмаганлар Ўзбекистонда жуда кўп. Уларнинг аксариятини диний мотивларга кўра қамалганлар ташкил этишади. Уларнинг исми-шарифи оммага таниш эмас, уларни фақат ўз оила аъзолари ва маҳалладошлари эслашади, холос. Бунинг бир неча сабаблари бор. Асосийси – ўтган асрнинг 90-чи йилларининг бошидан бошлаб мустақил Ўзбекистоннинг раҳбарияти, ҳуқуқ-тартибот ва суд органлари диндорларга нисбатан совет даврининг “террорист”, “экстремист”, “фундаменталист” каби атамаларини кенг қўллай бошлаганидир. Буни тушуниш қийинчилик туғдирмайди –  “мустақил” Ўзбекистон салкам беш йил, яъни 1995 йилнинг 1 апрелигача коммунистик  СССРнинг ҳуқуқий ҳужжатлари (Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Жиноят-ижроия кодекси ва ҳоказо) билан бекорга яшаган эмас. Бундан-да ташқари,  “мустақил” Ўзбекистон икки йилдан зиёд муддат, яъни 1992 йил 8 декабригача коммунистик Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси (ЎзССР) Конституцияси асосида яшади. Сабаби оддий – янги ташкил бўлган давлат бошида эски коммунистик лидер (ЎзССР Коммунистик партияси Марказий Комитети 1-чи котиби) Ислом Каримов қолган эди.

Юқорида айтилган даҳшатли тушунчаларни, яъни гўё-ки “жамиятда террорист, эксьремист, фундаменталист ва бошқа шу каби қўрқинчли унсурлар кўпайиб бормоқда, уларнинг мустақил Ўзбекистон эришаётган ютуқларини кўришга кўзи йўқ, улар жамиятни ўрта асрлар даражасига тушурмоқчи бўлишаяпти” каби бемаъни ташвиқодни халқ онгига сингдириш учун ҳукумат ўзининг барча ресурслари (ҳукуматпараст журналистлар, муҳаррирлар, матбуот, радио, телевидение ва ҳ.)ни кенг кўламда ишга солди, аҳоли миясини бу каби “ювиш” оммавий қамашлар, ўғирлаб кетишлар, ўлдиришлар билан “мустаҳкамланди”. Мана мисоллар.  “Ислом уйғониш партияси”нинг раиси Абдулла Ўтаевнинг ўз уйи олдида ўғирланиб дом-дараксиз кетганига 23 йилдан ошди. Андижонлик исломий олим Абдували Мирзаев ва унинг ёрдамчиси Рамазон Маткаримов Тошкент аэропортида, Москва шаҳрига учиш учун самолётга чиқишаётганда ўнлаб йўловчилар кўзи ўнгида ушлаб кетилгани ва бедарак кетишганига 2015 йил августининг охирида 20 йил тўлади. Порахўрлик, коррупция, фоҳишабозлик ва бошқа ижтимоий иллатларга қарши курашиш мақсадида 1990 йилда Наманганда халқ томонидан ташкил этилган “Адолат” ташкилоти қисқа вақт ичида шаҳарни ана шу иллатлардан тозалашда катта муваффақиятларга эришди – мен буни 1992 йилнинг мартида Наманганга борганимда ўз кўзим билан кўрганман. “Адолат” салкам икки йил милиция билан қўлни қўлга бериб ҳамкорликда ишлади, бироқ айнан 1992 йилнинг мартида ҳукумат мазкур ташкилотга қарши оммавий қатағон бошлади, унинг юзлаб аъзолари қамоққа олинди, раҳбари Ҳакимжон Сатимовнинг қамоқда ўтирганига 23 йилдан ошди.

Коммунистик ғоя ва бошқарувни у ёки бу маънода танқид қилган инсонларни коммунистик лидерлар “халқ душманлари” деб атаб, уларни имкон қадар сиёсий майдондан йўқ қилишга ҳаракат қилишган – ишдан ҳайдашган, бошқа ҳудудларга бадарға қилишган, калтаклашган, қамашган, ўлдиришган. 1990 йилда Ўзбекистон бошқарувига келган раҳбарлар ана шу сиёсатни совет давридан калька сингари мустақил давлатга кўчирдилар – демократик тартиб ва бошқарувни орзу қилиб сиёсий майдонга чиққан кучлар вакиллари, зиёлилар, ҳуқуқбонлар ва журналистларни улар “халқ душмани”га чиқардилар. Мурод Жўраев шундайларнинг бири эди – у 1990 йилда, СССР қуламасдан илгари, Муборак шаҳар (Қашқадарё вилояти) ижроия комитетининг раиси лавозимида ишлаб турганда Ўзбекистонда биринчи бўлиб коммунистик партияси шаҳар бўлими фаолиятини тўхтатди. Ўша пайтда Ислом Каримов Қашқадарё вилоят коммунистик партияси комитетининг 1-чи котиби эди. Бошқача айтганда, М.Жўраев И.Каримов бошқариб турган вилоят коммунистик партияси комитетининг таркибий қисми бўлган Муборак шаҳар бўлими фаолиятини таъқиқлаб қўйди. Коммунистик лидер сифатида буни И.Каримов унутиши мумкинмиди? Йўқ, албатта! Мурод Жўраев 1994 йил 18 июнь, яъни салкам 21 йилдан бери қамоқда ўтирибди. У “от звонка до звонка”ни аллақачон ўтаб бўлган.

Ислом Каримовнинг коммунистик чидамсизлиги туфайли 90-чи йилларда Ўзбекистонда шаклланиб келаётган нафақат дунёвий ва диний мухолифат йўқ қилинди, балки СССР даврида умуман йўл қўйилмаган, ривожланган мамлакатларда “иқтисод мотори” деб тан олинган хусусий банк ташкил қилиш борасида Ўзбекистонда биринчи қадам қўйган (“Рустам-банк”), иқтисод фанлари доктори, иқтисодга оид 300 дан ортиқ монография, китоб ва мақолалар ёзган Рустам Усмоновнинг қамоқда ўтирганига 17 йилдан ошди, шу йилларнинг кейинги 6 йилини эса “Жаслиқ” қамоқхонасида ўтказмоқда. Горбачёв “қайта қуриш”и бошлангач, 90-чи йиллар бошида Ўзбекистонда хусусий бизнес билан шуғулланган тадбиркорлар синфи кескин кенгая бошлади. Ўзбекистонда даққиюнус (советлар)дан қолган иқтисод ўрнида асосини хусусий бизнес ташкил қилган, бозор муносабатларига асосланган иқтисод шакллана бошлаган эди. Шундай бизнесменлардан бири форишлик Самандар Қўқоновни халқ иккиланмай ўша пайтдаги парламент (Олий Кенгаш)га депутат қилиб сайлади. Бироқ, унинг депутатлик фаолияти узоққа чўзилмади – уни қамоққа ташлашди. Сабаби оддий – у “Эрк” демократик партиясининг аъзоси бўлгани учун Ислом Каримовнинг коммунистик чидамсизлигига дуч келди. Самандар Қўқоновнинг қамоқда ўтирганига 22 йилдан ошди.

Ака-ука Комил, Рашид ва Муҳаммад Бекжонлар қандайдир жиноят содир этганлари учун эмас, балки “Эрк” партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳнинг укалари бўлганлари учун 90-чи йиллар охирида қамалдилар. Уларнинг бири, Муҳаммад Бекжон, ҳанузгача қамоқда қолмоқда. 1991 йил 29 декабрда ўтган президентлик сайловида “Эрк” партияси ва унинг раиси альтернатив партия ва альтернатив номзод сифатида мазкур сайловда қатнашган эди. Гарчи М.Солиҳ буни “Ўзбекистонда давлат раҳбари лавозимига биринчи марта демократик сайлов ўтказилди. Биз халқимизни демократияга ундаш, ўргатиш учун сайловда қатнашдик” деган бўлса-да, аслида бу альтернатива Ислом Каримов учун “Мен мухолиф альтернатива қатнашган сайловни ютдим” деб баралла айтиш учун керак эди. Сайловни ўтказишни тўлиқ назорат қилган И.Каримов сайловни “ютгач”, у бу гапни ўзининг нутқларида такрор ва такрор айтди. Унга М.Солиҳ ва “Эрк” партияси эмас, унга альтернатива керак эди, холос. “Бирлик” халқ ҳаракати (БХҲ) раҳбари Абдураҳим Пўлатовнинг президентлик сайловида қатнашишда танлаган йўли бундан-да абсурд эди – сайловдан икки ой олдин у БХҲни эмас, “Бирлик” партиясини  давлат рўйхатидан ўтказишга юз фоиз имконияти бор эди. У эса талашиб-тортишиб БХҲни рўйхатдан ўтказтирди (бу фактни ўша пайтда Адлия вазири бўлган Муҳаммадбобур Маликов тасдиқлаши мумкин) ва сайловда қатнашиш учун кўпминг сонли имзо йиғиш йўлини танлади – бу йўлни чиппакка чиқариш И.Каримов одамлари учун ҳеч қийинчилик туғдирмади. Бироқ, ҳар бир тукигача коммунистик чидамсизликка ботган И.Каримов мамлакатда мухолиф партия ва Ҳаракат ҳамда уларнинг раҳбарлари яшашига йўл қўйиши мумкинмиди? Асло! Сайловдан кейин А.Пўлатов Ўзбекистонда бир йил, М.Солиҳ эса 1,5 йил яшай олишди, холос. Муҳтарам ўқувчига коммунистик чидамсизлик шиорини яна бир бор эслатаман – “Ҳеч нарсани унутмаслик ва албатта қасд олиш!”. М.Солиҳни Ўзбекистондан 1993 йил ёзида чиқиб кетгандан кейин ҳам И.Каримов тинч қўймади – унинг ўзини 15,5 йилга (сиртдан), укаларига эса турли муддатли қамоқ жазоси бердиртирди.

Мен юқорида бир неча инсонларни, жумладан Абдулла Ўтаев, Абдували Мирзаев, Ҳакимжон Сатимов ва Мурод Жўраевларни тилга олдим. Мазкур инсонларнинг иккитаси (А.Ўтаев ва М.Жўраев) сиёсий партиялар (“Ислом уйғониш партияси” ва “Эрк” демократик партияси) вакиллари бўлишган. Маълум-ки, ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай сиёсий партия ўз олдига давлат бошқарувига келиш масаласини қўяди, ўз дастурида давлатнинг сиёсий тузумини белгилайди, ўзининг иқтисодий, ижтимоий, илм-фан, маданий, спорт ва бошқа соҳаларда олиб боражак вазифа-мақсадларини очиқлайди. Демократик мамлакатларда бундай фаолият жиноят ҳисобланмайди, аксинча, у ўз программасига халқни ишонтира олса сайловларда уни жамият қўллаб-қувватлаши мумкин. Нодемократик давлат раҳбарияти эса, одатда, бундай партияларни ўзига душман деб ҳисоблайди ва уларнинг ҳар қандай фаолиятини “конституциявий тузумни ноқонуний ағдариш” дея баҳолайди. Коммунистик тузумнинг бошқа партиялар ва жамоат ташкилотлари фаолиятига чидамсизлиги СССР Конституцияси ва Жиноят кодексига тегишли репрессив моддаларни киритишга туртки бўлган ва миллионлаб бегуноҳ одамлар шу моддалар асосида бошқа жойларга кўчирилган, сургун қилинган, қамалган ёки ўлдирилган. СССР йўқ бўлгач, Литва, Латвия ва Эстония каби собиқ совет республикалари ўз ҳудудларида дарҳол демократик тартиб ўрната бошладилар, Грузия ва Молдовада бу жараён секин-аста амалга ошмоқда, яқиндан бошлаб Украина кескин демократия томон бурилди, бироқ Россия, Беларусь, Қозоғистон ва бошқа постсовет давлатлари, айниқса Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон ва Озарбойжон, демократик жамият қуриш йўлини танлашни исташмади. Бу давлатларда коммунистик ғоя амалда бўлмаса-да, ҳурфикрлилик, эркинлик (шу жумладан, диний эркинлик), илму-фанни ривожлантириш орқали аҳолининг саводхонлигини ошириш, мамлакатни иқтисоди ривожланган мамлакатлар сафигача кўтаришга интилиш борасида чет эл сармояларини изчиллик билан иқтисодга жалб қилиш каби ва бошқа ўзгаришларга ўта чидамсизлик сақланиб қолди ва у коммунистик чидамсизликдан кам бўлмади.

(Давоми бор)

 

Categories: МАҚОЛАЛАР, Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Метки: , , , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.