КОММУНИСТИК ЧИДАМСИЗЛИК ВА ҚАСД ОЛИШ (III-қисм )

Tolib Yoqubov 74 yoshdaIII-қисм

ХАЛҚАРО  ТАШКИЛОТЛАР  ВА  УЛАРНИ  ОБРЎСИЗЛАНТИРИШ ҲАРАКАТИ 

              Даҳшатли 2-чи жаҳон урушидан кейин прогрессив дунё хавфсизликни сақлаш, тинчликни мустаҳкамлаш ва ривожланиш йўналишида ишлайдиган халқаро ташкилотлар тузиш заруратини англаб етди. 1945 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ), 1973 йилда эса Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) тузилди. Гарчи ЕХҲТ СССРнинг ташаббуси билан тузилган бўлса-да, унинг асосий душмани СССРнинг ўзи бўлиб қолди. Гап шунда-ки, СССРда зулм энг кучайган йилларда ҳам ўзгача фикрлилик ва коммунистик тузумнинг аксилинсонийлигини танқид қилишга журъат топган инсонлар бўлган. Табиий, уларда ўз фикрларини радио ва телевидениеда айтиш, газета ва журналларда чоп этиш имкониятлари бўлмаган.Шунинг учун улар ўз мақолаларини яширин равишда, турли йўллар билан (мас., элчихоналар, чет эллардан келган расмий журналистлар ва делегациялар орқали) чет элларда чоп этишга ҳаракат қилишган. Шулардан бири машҳур физик Юрий Орлов бўлиб, унинг ташаббуси билан 1976 йилда СССРда биринчи ҳуқуқбонлик ташкилоти – “Москва Хельсинки Гуруҳи” (МХГ) тузилган ва унинг асосий вазифаси қилиб инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ЕХҲТ ишлаб чиққан халқаро ҳужжатларга СССРда ҳукумат қанчалик амал қилаётганини мониторинг (кузатиш) ўтказиш экани белгиланди. Тез орада МХГга қарши КГБ таъқибларни бошлаб юборди – МХГнинг 8 аъзоси сургун қилинди ёки турли муддатларга қамалди, 6 аъзоси эса чет элларга чиқиб кетишга мажбур бўлди, уларнинг ҳаммаси  СССР фуқаролигидан чиқарилди, КГБнинг босими остида МХГ 1982 йилда ўз фаолиятини тўхтатди.

СССР парчалангач, ЕХҲТда “СССРдан чиққан янги давлатларни ташкилотга қабул қилиш керакми-йўқми?” деган масала кўтарилди. Бу масалада ўша пайтда ЕХҲТга аъзо бўлган давлатлар вакиллари икки гуруҳга бўлинди – биринчи гуруҳга кирувчилар “Йўқ, қабул қилиш керак эмас. Ташкилотимизга нодемократик, зулмкор ва инсон ҳуқуқларини сариқ чақачалик менсимайдиган давлатларни аъзо қилиб олиш демократия, инсон қадр-қиммати ва эркинликлари каби тушунчаларни қадрсизлантиради” деган позицияни эгаллашди. Иккинчи гуруҳ вакиллар эса “Қабул қилиш керак. Биз уларни тарбиялаймиз ва улар ўз мамлакатларида аста-секин демократияни шакллантиради, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ўрганишади” деган позицияда туришди. Узоқ давом этган ва кескин тортишувлар натижасида иккинчи гуруҳ ютиб чиқди. ЕХҲТга нафақат тўлтқ Европа минтақасида жойлашган собиқ совет республикалари Литва, Латвия, Эстония, Украина, Молдова, Беларусь, Грузия, Озарбойжон ва Арманистон киритилди, балки катта қисми Осиё минтақасида бўлган Россия Федерацияси, бир парча ғарбий ҳудуди Европага илинган Қозоғистон ва, ҳатто, Европага умуман алоқаси бўлмаган Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳам халқаро ташкилотга аъзо бўлишди.

“Тарбияловчи” иккинчи гуруҳ баҳсларда ютишга ютди, бироқ охир-оқибат ЕХҲТ тўлиқ ютқазди. “Тарбияловчилар” тарбиялаган давлат раҳбари ўз фуқароларининг зўр-базўр кун кечираётганларини кўриб турса-да, пойтахт марказига ўзининг соф олтиндан ясалган ҳайкалини, барча вилоят ва туман марказларида бронза ҳайкалчаларини ўрнатишга буйруқ берадиган бўлиши (Туркманистон), ўз меҳнаткашлиги билан тўқ яшаётган аҳолининг бир қисмини текинхўрликка ўрганган катта иккинчи қисми геноцид қилиши (Қирғизистон), минглаб иш ўринларини яратган 23 тадбиркорни қамаб, уларнинг ҳимоясига тинч митингга чиққан ўнминглаб шаҳарликларни отиб ташлаши (Ўзбекистон), тўлиқ бўлмаган ўн йил ичида митти Чеченистонга икки марта уруш очиб, унинг пойтахти Грознийни самолётлардан бомбалаб ер билан яксон қилиши (Россия), ЕХҲТга бир йил раислик қилиб, кейинги йил ўз талаблари билан майдонга йиғилган Жанаўзен шаҳарчаси ишчиларини аёвсиз ўққа тутиши (Қозоғистон), еб-тўймас оиласи учун катта даромадни кўзлаб, Россиядан тортиб Европанинг энг чекка ўлкаларигача етиб борадиган Афғонистондан келаётган наркотиклар оқимига ўз давлати ҳудудларини кенг очиб қўйиши (Тожикистон) мумкин экан. Балки “тарбиялаймиз” деганларнинг нияти тоза бўлган бўлиши мумкин, бироқ “тарбияланишга” рози бўлганларнинг нияти асло тоза бўлган эмас, яъни уларнинг нияти занглаб чириб кетган михдан ҳам ночор бўлган. Коммунистик тарбия ва чидамсизлик нималарни қилмаган дейсиз! ЕХҲТ ўз структураларида ишлаш учун 1992 йилда собиқ совет блокидан чиққан давлатлар ташқи ишлар вазирликларидан вакиллар таклиф қилди. Шу баҳона ЕХҲТни махсус хизматлар вакиллари эгаллади, дейиш мумкин. Мас., ЕХҲТнинг “Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари Бюроси” (ДИИҲБ, русчаси “Бюро по демократическим институтам и правам человека” – БДИПЧ) ташкилотининг “Жамоат ташкилотлари” бўлимини Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигида ишлаган, МХХ полковниги Жаҳонгир Азизхўжаев бошқарди. Инглиз ва рус тилларини мукаммал билган бу йигит Ўзбекистон президентининг давлат маслаҳатчиси Алишер Азизхўжаевнинг жияни (акасининг ўғли) эди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бошқача айтганда, дунёнинг энг нуфузли ташкилотларидан бири нодемократик давлатлар махсус хизматлари [Россиянинг ФСБси, Ўзбекистоннинг МХХси, Қозоғистоннинг КНБси ва ҳоказо] нинг тўлиқ назорати остида эди. БМТ ҳам шунақа ташкилот. Яқинда НАТО структураларида Россия ФСБсининг жосуслари ишлаётгани ҳақида маълумот эълон қилинди.

Бу ажабланарли эмас, чунки учта болтиқбўйи республикаларини ҳисобга олмаганда СССР парчалангач, янги постсовет давлатлари бошида яна ўша битта коммунистик уядан чиққан, битта коммунистик тарбияни олган, камида 70 йил СССРни демократик дунёдан ажратиб турган “темир девор” ичида яшашга ўрганган одамлар қолди. Оддий одамларга “темир девор” ташқарисига қочиб чиқишга ҳам имконият беришмади – чегарада билиб қолишса, қочмоқчи бўлган одамни сўзсиз-сўроқсиз отиб ташлайверишган – буйруқ шундай бўлган! Эсланг, 2-чи жаҳон урушидан кейин енгилган Германияни тўртта иттифоқдош давлат (АҚШ, СССР, Англия ва Франция) бўлиб олишди. Берлин тўлалигича СССР назорат қилган Шарқий Германия ҳудудида бўлгани учун халқаро келишувга асосан бу шаҳар ҳам тўртга бўлинди. АҚШ, Англия ва Франция назорати остидаги Ғарбий Германия ва ғарбий Берлин тез ривожланди, халқ эркин ва тўқ яшай бошлади. СССР назорат қилган Шарқий Германия ва шарқий Берлиндан немислар Ғарбий Германияга қоча бошладилар. Коммунистик СССР бу масалани соф коммунистларча ҳал қилди – Ғарбий Германия билан Шарқий Германия орасидаги чегара бўйлаб узунлиги 155 км бўлган баланд девор ўрнатди, уни қўриқлайдиган ҳарбий истеҳкомлар ташкил қилди, ҳарбий қисмлар жойлаштирди. Худди шундай девор Берлинда ҳам қурилди (узунлиги 43 км). Немислар энди девор оша қоча бошлашди, бироқ совет аскарларининг ўқига дуч келдилар. Бир ҳисоб-китоб бўйича отиб ўлдирилганлар сони 125, бошқа ҳисоб-китобга кўра 645 та бўлган. СССРнинг чегаралари “пашшани ҳам ўтказмайдиган” даражада қаттиқ қўриқлангани сабабли халқаро матбуот ва дипломатияда “темир девор билан қуршалган” ибораси ишлатилган. Камида 70 йил “темир девор” ичида яшаган, ҳар сонияда бир қисми коммунистик чидамсизлик бўлган коммунистик пропаганда муҳитида тарбия олган катта-кичик раҳбарлар инсонпарвар ва халқпарвар, демократик руҳдаги одам бўлиши мумкинми? Ҳеч қачон!

Дунё глобаллашиб ўзгариб бораяпти – ҳар куни миллионлаб одамлар турли мамлакатларга сафар қилишади, Ўзбекистонда эса чет элга чиқиш визаси ҳамон амалда турибди. Ташқарига чиқиш визаси амалда бўлган дунёда учта давлат қолди – Шимолий Қурия, Непал ва Ўзбекистон! Давлатимизнинг шерикларига қаранг! Мен баъзан И.Каримовни Шимолий Қурия раҳбари Ким Чен Ин (ёки унинг отаси Ким Чен Ир, ёки бобоси Ким Ир Сен) билан ҳаёлан таққослаб кўраман. Уларнинг кўп томонлари бирга-бир мос келади, Ким Чен Ин жаҳолат ва зулмда И.Каримовдан бир баҳъя олдинда кетаяпти – яқинда у мажлисда ухлаб қолгани учун қуролли кучлар вазирини зенит тўпдан оттириб ташлади. И.Каримов ҳали қуролли кучлар вазирларининг бирортасини ҳам оттиргани йўқ. Ўз халқини қул қилиш бўйича Ким Чен Ин И.Каримовдан бир қадам олдинда бораётган бўлса-да, шимолий қуриялик ёш раҳбар 78 ёшли ўзбекистонлик раҳбарнинг иссиқ, бироқ ҳансираган нафасини сезиб турибди. Аммо И.Каримов ўз халқини пул (нон) топиш учун миллионлаб ўзга юртларга кетишга мажбур бўлишга эришганини Ким Чен Ин тушида ҳам кўрган эмас. Бирор кор-ҳол бўлса И.Каримов Хитой ва Россия раҳбарлари олдига чопади, Ким Чен Ин эса ҳали улар олдига ялиниб боргани йўқ! Маоистик митти Непал раҳбарлари Худонинг қаҳрини келтирдилар чоғи, яқинда икки марта зилзиласини юбориб Непалнинг пойтахти Катмандуни ер билан яксон қилди. Бир йил илгари уларнинг сафида Куба ҳам бор эди. Шерикларига тикилиб қараб Куба уялди, шекилли – ўз фуқароларига “Истаган давлатингга бориб келавер!” деди ва чет элга чиқиш визасини бекор қилди. Ҳурматли Ислом Каримов тўртинчи сайловни қип-қизил “қонуний” ютганини ҳисобга олсак, бешинчи сайловгача четга чиқиш визаси бўйича Ўзбекистон дунёда яккамахов бўлиб қолиши ҳақиқатдан узоқ эмасдай кўринади – ҳозирча Ўзбекистон четга чиқиш визаси бўйича собиқ СССР ҳудудида яккамахов бўлиб турибди. Демак, “СССРдаги доҳийчалар ичида қайсиси “темир девор” таъсиридан қаттиқроқ, чуқурроқ ва баракалироқ маънавий озуқа олган?” деган конкурс ўтказилса, биринчи ўринни сўзсиз Ислом Каримов эгаллайди. Бизга ана шундай раҳбар насиб этди! Қип-қизил коммунист! Ўта-кетган чидамсиз! Ушлаган ерини кесадиган! Ҳеч нарсани унутмайдиган! Албатта ўч оладиган! Шундай одам Мурод Жўраев қилган ишни унута оладими? Йўқ, албатта. Шоир Юсуф Жума 2007 йил президент сайлови арафасида барча оила аъзолари билан Ислом Каримов истеъфосини талаб қилиб кўчага чиқди. Бу бебошликка Ислом Каримов кўз юмиб ўтиб кета оладими? Йўқ, кўз юма олмайди! Кўз юмадиган бўлса, “Жаслиқ” қамоқхонасини нега қуриб қўйибди?

Қандайдир “бетайин-бетаъсир” одамлар Ислом Каримовнинг пушти-камаридан бўлган қизи Гулнорабонуни “бир неча миллиард доллар пулни ўз жиғилдонига урди” деб аю-ханнос солишмоқда. Буни эшитган Ислом Каримов жим ўтирсинми? Йўқ, жим ўтира олмайди! Чидолмайди! Бироз кутади, бироқ қамайди! Йўқ, адашаяпсиз, қизини эмас – қизини “ўғри” деганларни қамайди! Шу билан Ислом Каримов чегараланади, деб ўйлайсизми? Яна адашдингиз! У Гулнорабону ўзлаштирган пулларни ҳам қайтариб олишга ҳаракат қилади. Ҳозирча у пуллар Европа банкларида дам олмоқда. Халқаро юриспруденцияда бир қоида бор – агар битта иш бўйича бир неча давлат суди иш қўзғатган бўлса, охирги иш қўзғатган давлат судининг иши кучда қолиб, бошқа давлатлар суди қўзғатган ишлар ишюритувидан тўхтатилади. Гулнорабону иши бўйича Швейцария, Франция ва Швеция судлари ишюритуви бошлашди, Ислом Каримов эса тишини тишига қўйиб, қари тулкидай бир кўзини яримочиқ, иккинчисини яримёпиқ ҳолда, бир қўлини бошининг тагига, иккинчисини бошининг устига қўйиб анча вақт кутиб ётди. Пайти келганда, яъни “ҳа саними, қараб тур!” деган давлатлар суди иш очиб бўлгач, Ислом Каримов жонажон Ўзбекистон судини ишга туширди. Энди уч Европа давлати суди қўзғатган жиноят иши ишюритувидан тўхтатилиши аниқ – Гулнорабону ишини Ўзбекистон суди кўриб чиқади.

Нодемократик мамлакатда энг оғир лавозим президент лавозимидир. Ўзбекистонда мазкур лавозимнинг оғирлиги ишнинг кўплиги, мураккаблиги ва президентнинг қарилиги учун эмас, президентликдан кетиш ўта хавфли бўлгани учун И.Каримов яна президентликда қолишга қарор қилди. Хавф нимадан иборат? Эсласангиз керак – Шароф Рашидов ўлгач, уни ҳамма қатори қабристонга эмас, барча давлат расм-русумлари билан пойтахтнинг қоқ марказига кўмишди, кўп вақт ўтмай унинг жасадини кавлаб олиб Жиззахга жўнатишди. Бу ишни коммунистларнинг ўзлари қилишди – у пайтда “диний ва дунёвий мухолифат” деган гап йўқ эди. Юзлаб аъзолари ишдан ҳайдалиб оиласи барбод бўлган, чет элларга қочган, қамалган, ўлдирилган “Бирлик” ХҲ, “Эрк”, “Озод деҳқонлар”, “Ислом уйғониш” партиялари, коррупцияга қарши курашган “Адолат” ва “Одамийлик ва инсонпарварлик” ташкилотлари, минглаб қамалган, ўлдирилган, қочоққа айланган мусулмон эркак ва аёллар ҳамда уларнинг болалари ундан қандай бўлмасин ўч оламан деб юрган қасоскорлар Ш.Рашидов даврида бўлмаган, ҳозир эса бундайлар етарлича. Яна такрорлайман – Ш. Рашидовни қасоскорлар эмас, коммунист рахбарлар ердан кавлаб олишди. Ҳозирги раҳбарларга қийин бўлади ва буни уларнинг ўзи сезиб туришибди. И.Каримов мустақил Ўзбекистонда коммунистик чидамсизликни 25 йил оғишмай ишлатиб келди. Ёши 78 га ўтди, қариди, бироқ ноқонуний бўлса-да, яна 5 йил президент курсисида қолишга эришди. Нега? ҚЎРҚУВ КУЧЛИ! Президент сайловидан анча олдин мен бир-икки танишларим билан “Ким президент бўлади, И.Каримовнинг ўзи қоладими ёки давлат бошқарувига бошқа одам келадими?” деган масалани муҳокама қилдим. Менинг назаримда И.Каримов президентликка Рустам Азимовни олиб келса керак, деган фикр бор эди. Буни мен қуйидагича тушунардим.

И.Каримов катта сиёсатда кўп томонларни тинимсиз алдади. Президентлигининг бошида у Саудия қиролларини алдашдан бошлади – Саудлар “Ўзбекистон мусулмон диёр, 130 йил кофирлар унга ҳукмронлик қилди, бу диёрда мусулмончиликни мустаҳкамлаш учун биз ҳеч нарсани аямаймиз, диний, молиявий ва бошқа йўналишларда ёрдам берамиз” деб ўйлашди ва ҳаракат бошлашди. И.Каримов Маккага таклиф қилинди, Каъбага кирди, саудиялик ўзбек бойлари билан учрашув ўтказди. Саудия қироли икки йил ўзбекистонликлар учун текин ҳаж уюштирди. Ҳаж сафарини марҳум Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф ҳазратлари бошқарди. Икки йил саудияликлар Ўзбекистонда мачитлар қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш учун мисли кўрилмаган кўп гиламлар ва бошқа нозу-неъматлар ҳамда пуллар беришди. Маккадан олиб келинган пул ва нозу-неъматларни МХХ вакиллари биринчи йил Хастимомдаги диний идорадан, иккинчи йили эса аэропортнинг ўзидан машиналарга босиб олиб кетишди. Саудия қироли Ўзбекистонга миллион нусха Қуръони каримни текин берди, бироқ бу муқаддас китоб Ўзбекистонда сотилди. Мусулмонлар кескин норози бўлишди ва Хастимом мачитига камида 5000 одам йиғилди ва саудияликлар совғаси ва Қуръони каримдан тушган пуллар учун ҳисобот ҳамда МСМЮ ҳазратларини муфтийликдан истеъфога чиқишини талаб этишди. И.Каримов уларни тинчитиш учун ўзининг давлат маслаҳатчиси Бахтиёр Назаровни юборди. Мачитни ўраб турган милиция назоратида Б.Назаров халқни “тинчитди”. И.Каримов коммунистик лидер ўлароқ азалдан ислом динидан қўрқар эди. Саудиянинг Ўзбекистонга муносабатини кўриб яна-да қўрқиб кетди. Ўзбек бойларига Маккада “Ўзбекистонга сармоя олиб боринглар” деган одам бир ўзбек бойи келганда уч кун аэропортдан шаҳарга чиқартирмади ва орқасига қайтариб жўнатди. Ўзбекистонда сиёсий режим зулмидан энг кўп азоб чекган аҳоли қатлами эса мусулмонлар бўлди.

Бошида Ўзбекистонга демократик дунё ҳам қизиқиш билан қаради. 1992 йил мартида АҚШ ва Туркия Тошкентда ўз элчихоналарини очишди. Эсимда бор, биз, 8 бирликчи, Ҳаракат газетасини ҳукумат расмий рўйхатдан ўтказмаганига қарши 1990 йили бошларида Ёзувчилар уюшмаси биносида жойлашган “Бирлик” ҳаракатининг штабида очлик эълон қилдик. Бу ҳақда Россия матбуотида эълон қилинган мақолани ўқиб АҚШнинг Россиядаги элчиси биз билан учрашгани Москвадан учиб келди. Ўша йили (эсимдан чиқмаган бўлса) февралида Тошкентга илк марта АҚШ Давлат Департаменти бошлиғи Бейкер келди ва мухолифат раҳбарлари Абдураҳим Пўлатов, Шўҳрат Исматуллаев ва Муҳаммад Солиҳ билан учрашди. У Ўзбекистон раҳбарлари билан учрашганда уларга АҚШ маъмуриятининг тўртта (учтаси аниқ эсимда бор!): “1) Ўзбекистон сиёсатда демократик ривожланиш йўлини танласа; 2) иқтисодда бозор муносабатларини йўлга қўйса: 3) қўшни давлатлар билан ҳудуд (территория) талашиб беқарорликни келтириб чиқармаса, унинг ҳукумати АҚШдан истаган иқтисодий ёрдамини олади” деган шартини етказган. Бироқ, И.Каримов даҳрий коммунистик дунёда туғилди, улғайди, ўқиди, мансаб пиллапоялардан юқорига кўтарилди. Бу дунё ислом дунёсига ҳам, демократик дунёга ҳам алоқаси йўқ эди, шунинг учун И.Каримов ислом дунёси ва демократик дунёдан оловдан қўрққандай қўрқар эди. У биринчисини Саудия Арабистони билан бўлган муносабатларда кўрсатди. Юқорида ёзганимдай, унинг демократик ташкилотларни таг-томири билан йўқ қилишни мўлжаллагани 1991 йил 29 декабрда бўлиб ўтган президентлик сайловидан кейин очиқ-ойдин билинди – мухолифат лидерлари чет элларга чиқиб кетишга мажбур бўлишди, 1993 йилнинг октябрида “Бирлик” ҳам, “Эрк” ҳам давлат рўйхатига олинганлиги ҳақидаги гувоҳномаларидан маҳрум қилинди ва амалан ўз фаолиятини тўхтатишди. Содда америкаликлар эса И.Каримовни демократияга тарғиб қилиб юришибди! Демократия йўлини у уч пулга, ислом йўлини икки пулга олмайди! Биринчиси – у коммунистик дунёда ўсгани учун, иккинчиси ҳам даҳрий тузум шарбатини ичгани учун!

Демократик Ғарб билан “ўйнашиш” ва уни алдаш 2005 йил майигача, Андижонда юзлаб (балки минглаб) одамлар отилганга қадар давом этди. Ундан анча олдин Ўзбекистонда бўлган терактлар ва ислом жангариларининг Тошкент вилоятининг тоғли Янгиобод ҳудудига, Сурхандарё вилоятининг тоғли Сариосиё ва Узун туманларига “кириб келиши”да бевосита мамлакат махсус хизматларининг қўли бўлса-да, И.Каримов ЕХҲТнинг Истамбул саммитида Ғарб давлатларидан “терроризмга қарши курашиш” учун пул сўради ва қатор йиллар Ғарбни “соғиб” турди. Андижон воқеаларидан кейин Ғарбнинг Ўзбекистонда элчихоналаридан бошқа барча демократик ташкилотлари мамлакатдан ҳайдалди. И.Каримов коммунистик чидамсизликни Ғарбга ҳам кўрсатиб қўйди – Ғарб алданганини тушунди. Ғарбнинг Ўзбекистонга қизиқиши бирмунча сўнгандай бўлди, бироқ сиёсатдаги фоҳишавий ўйинлар И.Каримовни инқироздан қутқариб қолди – 1) Андижон воқеаларидан бир неча кундан кейин И.Каримов Россия ва Хитой раҳбарлари қучоғига отилди. Бу эса глобал сиёсатда “АҚШ-ЕИ бирлигига қарши турган Россия-Хитой тандеми Марказий Осиёда ўз таъсир доирасини кенгайтирмоқда” деган хулосага олиб келди. Бошқача айтганда, И.Каримов дунёдаги ҳали фоҳишаликка қўл ура бошламаган янги сиёсатчиларга “Дўппи тор келганда менинг йўлимни тутинг” дегандай сиёсатда фоҳишалик нима эканини кўрсатиб қўйди; 2) Ҳозирги замон глобал иқтисодда дўст-душман бўлиш унчалик аҳамиятга эга эмас, фойда олиш эса – мақсаднинг боши бўлиши лозим! Афғонистонга юк ва аскар ташиш ёки олиб чиқиб кетиш учун Ўзбекистон темир ва ҳаво йўллари энг арзон эканлиги И.Каримов инқирозига малҳам бўлди ва сиёсий фоҳишалик давом эттирилди. ХУЛОСА: И.Каримов Ғарбни нафақат алдади, балки сиёсий режимни, айниқса унинг кучишлатар структураларини мустаҳкамлаш учун усталик билан унинг пулларидан фойдаланди ҳам.

И.Каримов алдамаган яна ким қолди? Унинг 1990 йилда Олий Кенгаш депутатлари олдида бош бармоғини юқорига кўтариб “Менга августгача вақт беринг. Августда ҳамма нарса “Во!” бўлади деган машҳур гапини эслайсизми? У Ўзбекистон халқини 25 йилдан бери алдаб келаяпти. У фақат давлат мулозимларини алдагани йўқ, десам кўпчилик мени қўллаб-қувватласа керак. У прокуратура, милиция, МХХ, суд ва ҳокимият ходимларини бирор марта алдадими? Йўқ! Ходимлари сони ҳакалак отиб кетган бу структуралар уни давлат бошқарувида ушлаб турган асосий куч-ку! Халқ емаса емайди-ки, унинг бу тиргаклари оч қолдирилмайди! 25 йил давомида прокуратура (милиция, МХХ, ҳокимият, …) ходимлари икки ойдан бери маошини ололмаяпти, деган гапни эшитганмисиз? Пенсионерлар нафақасини, ўқитувчилар, шифокорлар ва қурилиш ишчилари ойлик маошларини оломаётганини-чи? Фуқаролар йиғини бошлиғи ёш болали аёлни чақириб “Ўн кун ғўза чопиғига чиқасан, чиқмасанг болангга бериладиган давлат пулидан ажраласан!” дейиши ўзининг жоҳиллиги ёки сиёсати эмас – у И.Каримов ўрнатган давлат сиёсатини амалга ошираяпти! Бу сиёсат 25 йилдан бери ўзгаргани йўқ. Бир ўзбек сиёсатчиси ўзбек халқини “қорамол” ва “чўчқа” дейишга ўрганди, бироқ негадир қандай қилиб бутун бошли халқ шу ахволга тушгани сабабларини очиқламади. Ўзбекистонда давлат мулозимлари миллионлаб ва улар 25 йил давомида халқни “қорамол” ва “чўчқа” ҳолатига туширишга енг шимариб ишлаб келдилар. Уларнинг ёнига маош олиб ишлайдиган беҳисоб фуқаролар йиғини бошлиқлари, посбонлар ва бошқа югурдакларни қўшинг (улар ҳам миллионлаб) – мана сизга ҳақиқий ахвол! Ҳалиги сиёсатчининг ўзи Ўзбекистонни 1992 йилнинг декабрида тарк этган, ташкилотининг бор аъзолари сони ҳозирги кунда ўнтадан ошмайди ва бу “футбол” командаси миллионлаб мулозим ва югурдаклар ҳар куни қилаётган ишни тузатармиш! Бузиш осон, тузатиш қийин! Ўлдириш осон, тирилтириб бўлмайди! И.Каримовнинг иқтисод, қонунчилик, ижтимоий ҳаёт, маънавият, маданият ва сиёсатдаги 25 йиллик фаолияти ана шунга қаратилган!

Яна президент сайловига қайтаман. Менинг назаримда И.Каримов бу лавозимга ўзига энг яқин, энг содиқ мулозимлардан бири Рустам Азимовни ўтқазади, деб ўйлаганимни юқорида айтувдим. Адашибман! Менга бундай йўл мантиқли туюлган эди: И.Каримов 25 йил Ўзбекистонни ўта қаттиққўллик билан бошқарди. Ҳар йили у дунёдаги 10 та диктатор сафидан жой олади. Турли соҳаларда давлатлар рейтинги аниқланганда Ўзбекистон ҳар йили энг охирги ўринларнинг бирини эгаллайди. Шунинг учун ҳам у демократик дунёнинг кескин танқидларига учради. Қариди, куч-қувват ҳатто 90-чи йиллар охиридагидай ҳам эмас. Президентликнинг олдинги учинчи муддати ҳам ноқонуний эди, тўртинчиси эса инчунун ноқонуний бўлади. Агар шу сафар мансабдан кетса, одамлар ва демократик дунё кўп нарсаларни кечириб юбориши мумкин эди. Аммо у ўз ўрнида қолди. Табиий, бу масалада, яъни президентликни ноқонуний бўлса-да давом эттиришда, И.Каримовнинг бу танлови энг аввало ҚАСОСКОРЛАРДАН ҚЎРҚИШИДИР. Ким билади дейсиз, янги президент уни қўриқлашни илгаригидай ташкил эта оладими-йўқми?! Қўриқчиларга сарфланадиган баҳайбат маблағни янги президент топиб бера оладими-йўқми?! Ўлим барҳақ, бир кун ўлади. Янги президент ҳурматини жойига қўйиб дафн марсимини уюштира оладими-йўқми? Ва ниҳоят, бир куни унинг жасадини ҳам Шароф Рашидовникидай хўрлашмасмикин? Мантиқли саволлар!  Демак, президентликдан кетишга изн бермайдиган ва ечилиши долзарб бўлган унинг қандайдир ўта муҳим муаммолари бор экан. Қандай? Менинг назаримда у – 1) Гулнора ва унинг бойликларини сақлаб қолмоқчи; 2) Қасоскорлар кўплигини яхши билади. Обидхон-қори ва бошқа уламоларни киллер (қотил) юбориб ўлдирмоқчи бўлганинг билан қасоскорларни тугатиб бўлмайди. Шунинг учун у ўлгандан кейин уни Ш.Рашидов каби жасадини кавлаб хор қилмасликлари, Амир Темурга Самарқандда “Гўри Амир” мақбараси остида қурилган тош қабр каби бирор ҳашаматли бино остида тинчлиги бузилмай ётиши учун ўзига тош қабр қурдирмоқчи бўлгандир? Шунча йиллар И.Каримов Амир Темурни бекорга асраб-авайлаб, ардоқлаб келмади-ку!

Бу масалаларни янги президентга (барибир у бегона одам) ишониб топшириб бўлмайди – вақти эмас! Бу ишларни кўзининг тириклигида фақат ўзи қилиши керак! Янги президент масаласидаги адашганимга Тошкентдан келган бир маълумот аниқлик киритди – Юнусободда қурилган ҳашаматли “Минор” мачити остида (Амир Темур қабрига олиб тушадиган зинадай зина қурилиб) И.Каримов учун тош қабр тайёрланган ва у мачитга ўзининг одамини имом-хатиб қилиб тайинлаган, дейилади Тошкент шаҳридан бизгача етиб келган маълумотда. Пухта ўйланган иш! Мачит ҳамма вақт гавжум, яхши қўриқланади, мачит остига тушиш осон эмас, қасоскорлар бирор жўяли иш қила олиши учун вазият кескин ўзгариши керак, бунинг учун эса анча вақт (камида 10 йил) ўтиши керак бўлади, вақт эса кўп нарсага коррекция киритади, кўп нарсалар унутилади, ўлим натижасида қасоскорлар сони камаяди, қадриятлар ўзгаради. Қасоскорлар бирор амалиёт қилганларида ҳам тош қабрда жасад бўлмаслиги мумкин – жасад энг ишончли одамлар иштирокида яширинча мутлақо бошқа жойга кўмилиши, жасадни мачитга олиб келиниши эса оддий иммитация бўлиши мумкин. 25 йил давомида ислом ва мусулмонларни тинимсиз таҳқирлаб ва хўрлаб келгани етмагандай И.Каримов мусулмонларни яна бир бор лақиллатмоқчи, шекилли. Агар Тошкентдан келган маълумот тўғри бўлса, И.Каримов умрининг поёнида ўлими билан боғлиқ ўйлаб топган “ўйини” барча илгариги ишларига солиштирганда энг мудҳиш, энг … бўлади.

(Давоми бор)

 

Categories: Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Метки: , , , , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.