КОММУНИСТИК ЧИДАМСИЗЛИК ВА ҚАСД ОЛИШ (IV-қисм)

Tolib Yoqubov 74 yoshdaIV-қисм 

ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ҲУҚУҚ-ТАРТИБОТ ВА СУД СИСТЕМАСИНИНГ АХВОЛИ

ёхуд

И.КАРИМОВНИНГ  “ЖАВОБ БЕРМАЙСАН”  СИЁСАТИ 

Мен Ўзбекистондалигимда қатор жиноий ва маъмурий-ҳуқуқбузарлик ишларида ҳимоячи сифатида иштирок этганман ва бу структураларни яхши ўрганганман. И.Каримовнинг ўзбек жамияти олдидаги кенг кўламли ягона “хизмати” репрессивлиги совет даврининг худди шу системаси юргизган сиёсатдан репрессивроқ ҳуқуқ-тартибот ва суд системасини яратганидир. Бу система 95 фоизи мутлақо ҳуқуқий-юридик билимга эга бўлмаган депутатлардан иборат парламент ишлаб чиққан репрессив қонунлар асосида оғишмай ишлади ва натижада жамиятни эзиб-янчиб руҳан қул даражасига олиб келди, аҳолида ҳукумат олдида мисли кўрилмаган қўрқувни шакллантирди. На иқтисодда, на ижтимоий масалаларда ва на жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида И.Каримов бунчалик жон куйдириб арзугулик иш қилган эмас. Ҳуқуқ-тартибот ва суд системаси Ўзбекистонда жамиятни босиб туришини мен бир варақ қоғоз шамол пайтида учиб кетмаслиги учун устига катта ғишт бостириб қўйганига ўхшатардим. Ҳуқуқ-тартибот ва суд системаси мавжуд қонунчиликни менсимаслиги, фуқароларнинг шикоят-мурожаатларига жавоб бермаслиги, ҳар қадамда кўриб-билиб туриб оқни қора, қорани эса оқ дейиши, мазкур системаларда коррупция очиқдан-очиқ рағбатлантирилиши, пора ҳар қандай масаланинг ечимига айлантирилганлиги – буларнинг бариси жамиятни ҳукумат олдида ожиз бир тўдага айлантирди.

Давлат идораларининг биринчи навбатли вазифаси халқ мурожаатларига қулоқ тутишдир, чунки бу идораларда ишлаётган ходимлар ё халқ томонидан тўғридан-тўғри сайланган, ёки сайланган вакиллар томонидан тайинланган (ва, демак, барибир халқ томонидан сайланган!) ходимлардир. Шунинг учун ҳам давлатнинг қонунчилик органи парламент томонидан энг аввал қабул қилинадиган қонунлардан бири “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида” номли қонундир. Мамлакат бўйлаб ҳар куни давлат идораларига минглаб (баъзи пайтларда ўнминглаб) хат бориб тушади. Биз, ҳуқуқбонларнинг асосий вазифаларимиздан бири “Давлат идоралари халқ мурожаатларига қанчалик изчиллик билан қулоқ тутади ва халқнинг муаммоларини қонунлар асосида ҳал қилади?” деган саволга жавоб излаш эди. 90-чи йиллар ўртасида бир нарса аниқ бўлди – Ўзбекистонда одамларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ўта паст, уни ошириш учун ҳукумат атайлаб бирор чора-тадбир қилмас, адвокат ёллаш серхаражат бўлгани сабабли улар ўз хуқуқлари учун деярли курашмас экан. Мас., 90-чи йилларнинг ўртасида қама-қамалар кучайиб кетганда одамлар учун Жиноят ва Жиноят-процессуал кодекслари китоб магазинларида анқонинг уруғидек бўлиб қолди. Оталари, ака-укалари, болалари қамалаяпти. Тергов органлари атрофи 3 (уч) метр баландликда бўлган темир панжаралар билан ўраб қўйилган. Эрталабдан-кечгача сарғайиб турсанг ҳам олдингга бирорта одам (давлат ходими) чиқмайди. Қамалганларнинг ота-онаси ўғли қанақа айб билан қамоққа олинганини ҳам билмайди. Бу ҳолат давлат томонидан халқнинг ҳуқуқларини ОММАВИЙ бузиш эди.

Эсимда, 2000-чи йиллар бошида Тошкент шаҳри ва вилояти, Жиззах, Фарғона, Самарқанд ва Қорақалпоғистон Республикасида биз “Ҳукумат идораларига ёзган шикоят-аризаларингиз бўйича сизга жавоб беришадими?” деган савол билан сўров ўтказдик. Ташкилотимиз аъзолари ва волонтёр (ўз хоҳиши билан ёрдамга келган)лар уйма-уй, кўчама-кўча, маҳаллама-маҳалла  юриб, 10 кун давомида одамларга шу савол билан мурожаат қилишди. Натижа бизни ҳайратга солди – ҳукумат идоралари ўрта ҳисобда 90 фоиз хатга жавоб беришмас экан. Биз шундай хулосага келдик – “Жавоб бермайсан!” деган умумий топшириқ илгаридан, энг юқори органдан келмаган бўлса эди, идорага келиб тушган 10 та хатдан фақат биттасига жавоб ёзишга қуйи идораларнинг “духи етмас” эди! Сабаби оддий – репрессив сиёсат қонунларни бузмасдан яшай олмайди. Бошқача айтганда, давлат идораси томонидан қонун безбетларча бузилганидан шикоят қилсангиз буни тан олиши (яъни, хатингизга тўғри жавоб бериши) учун давлат мулозимлари камида безбет бўлмасликлари лозим. Репрессив сиёсат давлат мулозимларини биринчи навбатда безбетликка ундайди, ўргатади ва рағбатлантиради.  Ўзбекистонда юз берган феноменни тушуниш учун И.Каримов қандай қилиб давлат бошлиғи лавозимини эгаллади, деган саволни қараб чиқиш керак.

Умумхалқ сайлови нималигини кўпчилик билади, мабодо муҳтарам ўқувчилар орасида билмаганлар бўлса – билганимча тушунтираман. Инсонларнинг ҳар қандай жамияти бошқарилмаса, бу жамиятда анархия (тартибсизликлар, енгил ва оғир жиноятлар, хусусан қотилликлар) келиб чиқишининг эҳтимоли катта бўлади. Жамиятни бошқаришда ҳар бир вояга етган ва соғлом салоҳиятга эга бўлган инсон қатнашиши лозим, чунки ҳар бир одам ёки оиланинг ўзига яраша хослиги ва эҳтиёжлари мавжуд. Бироқ бунинг (яъни, ҳамма бошқарувда қатнашишининг) иложи йўқ – жамиятни қизиқтирган, ечилиши жамият учун зарур бўлган масалани муҳокама қилиш ва унинг тўғри ечимини топишда ҳамманинг қатнашишини таъминлаш ўта қийин иш. Инсоният ўз тарихи давомида бу масалани ҳал қилишнинг турли йўл ва усулларини излаган, бу ишга жамиятдаги зукко ва инсонпарвар одамларни жалб қилган, катта-кичик жамиятларни қилич кучи билан бошқарган ҳукмдорлар ҳам кўп бўлган. Бироқ кейинги асрларда одамлар ўз манфаатидан келиб чиқиб партия (гуруҳ)ларга бирлашишни маъқул кўришди ва партиялар ўз тарафдорларининг манфаатини ҳимоя қила  бошлашди. Партиялар орасидаги манфаатлар кураши эса умумхалқ сайлови тушунчасини келтириб чиқарди – партиялар илгари сурган номзодлардан халқ танловини ўтказиш шаклланди. Бу тадбирни уюштириш ва ўтказиш қийин эмас – ҳар бир вояга етган ва соғлом салоҳиятга эга бўлган инсонга танлаш ҳуқуқи берилди. Шундай қилиб, САЙЛОВ – жамиятга хизмат қиладиган, давлат ишларини бошқарадиган инсонни, яъни давлат бошлиғини ЁЛЛАШ жараёнига айланди.

Демак, давлат бошлиғи халқ томонидан ёлланган инсон бўлиб, у “давлат  – халқ” муносабатида асосий рольни ўйнайди: у ҳукуматни, давлат идораларини, турли хил хизматларни шакллантиради. Давлат бошлиғи давлат идоралари ва халқ орасидаги муносабатларни қандай шакллантиришига қараб давлат ё репрессив, ёки халқпарвар давлатга айланиши мумкин. Бу – кўп жиҳатдан давлат раҳбарининг шахсига, ниятининг тозалигига боғлиқ. Баъзилар халқни алдаш, одамларнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириш, турли интригалар ишлатиш, сайловни сохталаштириш йўли билан сайловни ютади ва ўзининг кейинги фаолиятида имкон қадар халқдан узоқлашиш, берган ваъдаларини бажармаслик, халқнинг барча эркинликларини буғиш, сиёсий майдонни тозалаш мақсадида мухолиф фикрли одамларни йўқ қилиш йўлини танлайди – бунга мисоллар жуда кўп. Биттаси худди шу йўл билан 1991 йил 29 декабрда Ўзбекистон президенти лавозимини эгаллаган Ислом Каримовдир. У аслида 1989 йил июнида Ўзбекистон ССР раҳбари (ЎзССР Компартияси Марказий Комитетининг 1-Котиби) лавозимига умумхалқ сайлови натижасида эмас, балки Москванинг қарори билан шу лавозимни эгаллаган – у пайтда советлар тартиби шунақа эди. СССР пайтида умумхалқ сайловига битта номзод қўйиларди, чунки сиёсий майдонда коммунистик партиядан бошқа партия йўқ эди. 1989-91 йилларда СССРнинг бир қисмида (Болтиқбўйи республикалари, Украина, Грузия, Арманистон, Молдавия ва Россия) кучли демократик ҳаракатлар кетаётган, биринчи марта сайловлар альтернатива асосида ўтказилаётган, бўлажак умумхалқ сайловида эса И.Каримов буни ҳисобга олмаслиги мумкин эмас эди.

Ўзбекистонда 1991 йил 29 декабрда ўтказилган биринчи умумхалқ сайлови альтернатива асосида ўтди (мазкур мақоланинг II-қисмига қаранг). Бу билан И.Каримов демократга айланиб қолдими? Йўқ, албатта! Сайловдан 18 кун ўтгач Тошкент Талабалар Шаҳарчасида бўлиб ўтган талабалар митинги отиб ташланди. Яна икки ойдан кейин Наманган ва Қўқонда кенг кўламли қама-қамалар бошланиб кетди. Унинг кетидан эса “Бирлик” ХҲ ва “Эрк” партиясига ҳужум бошланди ва бу ташкилотлар сиёсий майдондан йўқ қилинди. Бу мисоллар И.Каримов аввалдан Ўзбекистонда репрессив давлат яратишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганини яққол кўрсатади. Репрессив давлат характеристикаларидан бири ҳукумат билан халқ орасига минг қичқирсанг ҳам товуш ўтмайдиган улкан девор қуриш, яъни аҳоли шикоятларига жавоб бермаслик ёки “отписка” ёзиш (маъмурий фирибгарлик)дир. И.Каримов ана шу деворни иккиланмай қурди. Бундай ҳолат, яъни аҳоли шикоятларига жавоб бермаслик (ёки отписка ёзиш) давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ҳатто совет тузуми пайтида ҳам бўлган эмас! Гапим қуруқ бўлмаслиги учун муайян мисоллар келтираман.

Биринчи мисол.  Менинг блогим www.tolibyoqubov.wordpress.com га “Жиззах мухолифати” номли мақолам қўйилган. Мен мазкур мақолада қишлоғимизда яшаган, мактабда бошланғич синфларда дарс берган Мустафоқул Муқимовни тилга олганман. Қалами ўткир бу инсонга ариза ёздириш учун одамлар Жиззахнинг барча томонларидан келишар эди. “Ишим битмади” деган одамлар камдан-кам бўлар, хатларга жавоб келар ва аксарият ҳолларда масала ижобий ечилар эди. Мен Мустафоқул домланинг уйида СССРнинг кўп раҳбарларидан унинг хатларига келган, имзо чекилган жавоб хатларини кўрганман – мен 1963-64 ўқув йилида домла билан бир мактабда ишлаган пайтимни ёзаяпман.

Иккинчи мисол. Менинг аммамнинг ўғли Деҳқон Худойбердиев колхозда тракторчи бўлиб ишларди (бу ҳам 60-чи йиллар бошининг гапи). У тракторчилик жонига тегдими, ё бошқа касб ўрганмоқчи бўлдими, ҳар ҳолда раиснинг рухсатини олмай шаҳарга кетиб шофёрлик курсига ўқишга кирган. Баҳор пайти, Деҳқон ака томорқасига у-бу нарсалар эккан, палаклар барг ёзган, дарахтлар яшнаб турган эди. Раис бир тракторни юбориб Деҳқон аканинг томорқасини ҳеч нарса қолдирмай (дарахтларгача) ҳайдаб ташлаттирди, бир неча ойлик иш ҳақини бермади. Муқимов домла Деҳқон ака номидан Н.С.Хрушчёвга шикоят ёзиб жўнатди. Одамлар Н.Хрушчёвдан жавоб келганини юзида қони қолмаган, бошидан хуши учган раис Деҳқон аканинг ҳовлисига ҳовлиқиб кириб келганда билиб қолишди. Н.Хрушчёвнинг хатини аввал район бошлиқлари ўқиб, раисни чақириб салкам терисини шилиб олишган экан. Деҳқон аканинг пулларини раиснинг ўзи олиб келиб берди, томорқасининг зарарини ўз чўнтагидан тўлади. Деҳқон ака кўп вақтлар Н.Хрушчёв хатини ёнидан қўймай, ўтганга ҳам, кетганга ҳам мақтаниб кўрсатиб юрди.

Мен юқорида И.Каримовнинг Ўзбекистонда олиб бораётган “Жавоб бермайсан” сиёсати ҳақида ёздим. “Жавоб бермайсан” сиёсатини икки хил тушуниш керак: 1) У давлат идораларидан фуқаролар ёзган шикоятларига жавоб бермасликни талаб қилмоқда; 2) Давлат идоралари ходимлари “Жавоб бермайсан” иборасини “Жазоланмайсан” деб ҳам тушунишларига урғу бермоқда. Нега? Бу саволга жавоб ёзишдан олдин Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида” номли қонунига яна бир қараб олдим ва … менда уни бу ерга тўлиқ қўйиш истаги жўш урди, бироқ муҳтарам ўқувчи уни қийналмасдан интернетдан топиб ўқиши мумкин, деган фикр мени тўхтатди! Чиройли қонун! Салкам демократик қонун! Ўзбекистонни билмаган одам уни ўқиса, мамлакатимизга келиб яшашни истаб қолиши турган гап! Қонунда оддий фуқаро учун ҳамма нарса бор – мурожаат ва шикоятларни давлат мулозимлари томонидан кўриб чиқиш шартлиги ҳам бор, кўриб чиқиш муддати ҳам кўрсатилган, жавоб бермаслик ёки жавоб бериш муддатини сабабсиз чўзганлик учун жавобгарлик ҳам бор! Бироқ … Давлат мулозимлари 10 та шикоят ёки мурожаатдан 9 тасига жавоб бермайди! ЧУНКИ давлат мулозими қонунни бузгани учун жавобгарликка тортилмайди, жазоланмайди! Мулозимга –  “Фуқарога сенинг гапинг менинг фалоним!” деб тураверасан, биз эса сенинг бурнингни қонаттириб қўймаймиз,  деган УСТАНОВКА берилган!

Бу гаплар – Ўзбекистондаги гаплар. Ўзбекистон “темир девор” билан ўралган, минг қичқир–қичқирма, овозинг  ташқарига чиқмайди ёки ичкарига кирмайди, яъни давлат идорасига етиб бормайди. Бироқ Ўзбекистоннинг демократик давлатларда анча-мунча ташкилотлари, хусусан элчихоналари бор. Хўш, уларда аҳвол қандай? 2014 йил 25 ноябрь куни менинг олдимга (Францияга) аёлим Турсуной Ёқубова келди. Аёлим “Дадаси, юраверасизми бу ёқларда? Қаридингиз, оғир касалсиз, нариги томон ҳам кўриниб қолди. Юринг, бирга қайтайлик Жиззахга” деди. Бу сўзлардан кейин жуда ватанга қайтгим келиб қолди, қайтишга аҳд қилдим ва декабрь ойининг ўртасида Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси жаноб Равшан Усмоновга хат ёздим (хат элчихонага топширилгани ҳақида билдиришнома (уведомление) ҳам бор). Роппа-роса ярим йил ўтди –  жаноб элчидан жавоб келмади! Мен “Элчихонамиз демократик давлатда фаолият қилаяпти, жавоб берса керак. Жавоб бермаса уят бўлишини элчи жаноблари тушунсалар керак” деб ўйлабман. Ростми-ёлғонми – билмайман, бир танишим ўйлаганим нотўғри эканини бундай деб тушунтирди: “Ўзбекистон элчихонасининг бошлиғи (элчиси) ҳеч қандай элчи эмас, у бешинчи-ўнинчи даражали масалаларни ҳал қилади. Ҳақиқий элчи – элчихонада ишлайдиган Миллий Хавфсизлик Хизматининг ходими ҳисобланади, барча муҳим масалаларни ўша ҳал қилади. Сенинг хатинг ўша куни МХХнинг Тошкентдаги идорасига жўнатилган. Равшан Усмонов расмий учрашувларда қатнашади, ўшандаям МХХ ходими ёнида юради”. Ишонса бўладиган гап!

Мен  “По законам какого государства работает посольство Республики Ўзбекистона  во Франции?» номли мақола ёздим ва уни француз тилига таржима қилиш учун таржимонга бердим. Бу мақолани мен Франциянинг учта етакчи газетаси “Le Monde”, “Libération” ва “Le Parisien”да нашр эттириш ниятим бор – мазкур газеталарнинг бош редакторлари менинг илтимосимни қабул қилишларига ишонаман. Парижнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон элчихонасининг ўз давлат қонунларига амал қилмаслигини французлар билиши керак! Танишимнинг юқорида айтилган гапига келсак, у тўғрига ўхшайди. Яқинда “Канадани МХХ бу мамлакатга муқим яшаш учун жўнатган ўзбеклар “эгаллаяпти”, Канаданинг анча-мунча расмий ташкилотлари уларнинг измидан чиқмай қолди, уларнинг айтгани-айтган, дегани-деган бўлиб қолган. Уларнинг асосий вазифаси бир пайтлар Канадага қочиб борган ўзбекистонлик мухолифатчилар ва ҳуқуқбонларни обрўсизлантириш, Канада фуқаролигини олишга тўсқинлик қилиш ва Ўзбекистонга депортация қилишга эришиш” эканлигини эшитдим. Айтишларича, МХХдан вазифа олган ўзбеклар тез-тез Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси олдига “маишат”га бориб туришаркан. Уларнинг сайти жуда машҳур эмиш. АҚШдаги МХХ томонидан жўнатилган ўзбеклар ҳам улардан қолишмас эмиш. Бироқ, бошқа гаплар ҳам бор, айтишларича, уларнинг бири “палағда” чиқибди ва АҚШда қамоққа олинибди. “Палағдалиги” шундан иборат экан-ки, у Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига қўшилиш учун Покистонга учиб кетаётганда йўлда АҚШ хавфсизлик кучлари томонидан қўлга олинибди. Чамаси, бу ягона воқеа бўлмаса керак ва, демак, МХХ ЎИҲ га баҳоли-қудрат ёрдам бериб турганга ўхшайди.СТОП! Мен чалғидим! Гап Ўзбекистоннинг ўзида ва чет элларда унинг мулозимлари давлат қонунларига тупуриб қўйишгани ҳақида бораётган эди. Шундай қилиб …

УШБУ ХУЛОСАЛАР ЎЗ-ЎЗИДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИ ва уларни инкор қилишнинг иложи йўқ: 1) Ўзбекистонда давлат мулозимлари томонидан энг кўп бузиладиган қонун “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида” қонунидир; 2) И.Каримов даврида Ўзбекистонда қонунчиликка амал қилиш тоталитар совет тузуми давридагидан ҳам абгор ахволга туширилди. 3) “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг оммавий бузилиши жамиятни “Нима қиласан ўзингни қийнаб? Ҳукуматга шикоят ёзишнинг фойдаси йўқ” деган фикрга кўниктиришдир; 4) Бу эса ҳукумат мулозимларига истаган жиноятни қўрқмасдан содир этишга, яъни жиноятчиликни давлат сиёсати даражасигача кўтаришга имкон берди – Ўзбекистон криминал давлатга айлантирилди.

Аслида, оғир жиноятлар содир қилишни давлат сиёсати даражасига кўтарилиши мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ кузатилган. Мен Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг 2004 йил 7 январь куни тарқатган доклади ушбу жумла билан бошланади: “Многие годы Общество Прав Человека Узбекистана (ОПЧУ) доводило до сведения мирового демократического сообщества, демократических институтов во всем мире информацию о том, что пытки в пенитенциарных учреждениях Узбекистана не только применяются, но и возведены в ранг государственной политики” [“Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) қатор йиллар давомида дунё демократик ҳамжамияти, демократик ташкилотлар диққатига Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар нафақат қўлланилиши, балки давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ҳақидаги маълумотларни етказиб келди”].

(Докладнинг тўлиқ русча матнини билан https://huquqolami.wordpress.com/2015/04/13/%D0%B4%D0%BE%D0%BA%D0%BB%D0%B0%D0%B4-%D0%BE%D0%B1%D1%89%D0%B5%D1%81%D1%82%D0%B2%D0%B0-%D0%BF%D1%80%D0%B0%D0%B2-%D1%87%D0%B5%D0%BB%D0%BE%D0%B2%D0%B5%D0%BA%D0%B0-%D1%83%D0%B7%D0%B1%D0%B5%D0%BA%D0%B8/ линкда танишиш мумкин).

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ҳибс этилиб милиция участкаси ёки МХХ ертўласига олиб борилган заҳотиёқ унга қарши қийноқ қўллана бошлайди –  участка киргани ёки ертўлага тушгани заҳотиёқ унга милиция ёки МХХ ходимларининг муштлари ёғилади, у сулайиб ётиб қолгунча уришади, ҳушига келиши учун устидан челак-челак сув қуйишади, ҳушига келгач яна уришади ва бу “меҳмондўстлик” у синмагунча давом этади – баъзилар биринчи дўппослашдан кейиноқ синади. Синган одамга исталган жиноятни ёпиштириш мумкин – синган одам ҳар қандай қоғозга имзо чекаверади. Ҳибс қилинмасдан олдин ҳеч қандай жиноят содир этмаган одам уни милиция участкаси ёки МХХ ертўласига олиб борганларигача ҳамда юзига биринчи мушт тушгунча ўзини айбсиз ҳисоблайди ва, табиий,  бундай “кутиб олиш”дан ҳайрон бўлади, биринчи марта ҳушига келганда ҳам у “тушунмовчилик бўлди”, деб ўйлайди. Ҳаёлида “жиноят қилмаганимни тушуниб адолат қилишса керак” деб умид қилади. Бироқ ҳеч ким ундан бу ҳақда сўрамайди ва уриш у синганча давом этади. Мен юзлаб шундай одамлар билан гаплашганман ва уларнинг ҳикоясида фақат калтакланган жойлари (участка ёки ертўлалар) ҳар хил, “кутиб олиш” ва тергов эса бир хил эканини англаганман. Мазкур ҳолат Ўзбекистоннинг барча милиция участкалари, тергов кабинетлари ва ертўлалари, қамоқхоналар (жазони ижро этиш муассасалари)да бир хил – оммавий тусда! Мен бунга нега бунча батафсил тўхталдим? Гап шунда-ки, ҳар қандай қийноқ давлат мулозими (милиция, МХХ ёки прокуратура терговчиси, қамоқхона назоратчиси) томонидан содир этилган жиноят ҳисобланади [ЎзР ЖКнинг 235-моддаси]. Демак, Ўзбекистонда қийноқлар давлат сиёсати даражасига кўтарилган – биз ҳамма вақт шу ҳақда ёзиб келганмиз. ХУЛОСА:  Ўзбекистонда ҚИЙНОҚЛАР ФЕНОМЕНИ ва ЖАВОБ БЕРМАЙСАН ФЕНОМЕНИ бир-бирини тўлдирувчи давлат сиёсатидир!

Мен мақоламнинг II-қисмида 2006 йил 29 апрелидан бери қамоқда сақланаётган куёвим Азам Фармонов ҳақида қисқача айтиб ўтдим. Азам Фармоновнинг 1-110/2006-сонли жиноят иши суд ишюритувида мен ҳимоячи бўлиб қатнашганман ва унинг мутлақо айбсиз эканини исботлаганман. Бироқ Ўзбекистон “одил суди” уни қамоққа тиқди. Айбсиз одамни қамаш – жиноят ҳисобланади [ЎзР ЖК, XVI-боб, 230-модда (Айбсиз одамни қамаш)] ва бу жиноятни давлат содир этди! Давлат мулозимлари бу жиноятни фақат битта усул билан яширишади – ШИКОЯТЛАРГА ЖАВОБ БЕРМАСЛИК билан! Мен ҳимоячи сифатида, қизим Озода Ёқубова эса айбсиз қамалган  Азам Фармоновнинг турмуш ўртоғи сифатида мазкур мудҳиш феноменга дуч келдик. Бизнинг шикоятларимизга президент И.Каримов ҳам, Бош прокурор Р.Қодиров ҳам, Олий суд раиси Б.Мустафоев ҳам жавоб беришмади. Жазони ижро этиш бош бошқармаси (ЖИЭББ) бошлиғи, Ички ишлар вазири ўринбосари А.Шодиев эса рекорд қўйди – у Озоданинг 10 (ўн)дан ортиқ шикоятининг бирортасига ҳам жавоб бермади! Ўзбекистон Республикаси Омбудсмани Сайёра Рашидованинг жавоби “Сизнинг шикоятингизни кўриб чиқиш учун Бош прокуратурага юборилди”дан иборат бўлди – бундай жавобни отписка, яъни маъмурий фирибгарлик дейилади.

Суд давлатнинг адолатни тикловчи охирги инстанция (идора)си ҳисобланади, яъни фуқаро шикоятини прокуратура (қонунларнинг бажарилишини назорат қилувчи орган) ва давлатнинг бошқа мутасадди органлари жавобсиз қолдирса ёки адолатсиз ҳал қилса, уни (адолатни) тикловчи давлатнинг фақат битта органи қолади, холос – СУД! Бу – бутун дунёда тан олинган аксиома! Агар суд ҳам адолатни тикламаса, у ҳолда бундай давлат мулозимлари қароқчилар тўдасидан иборат бўлади (Августин Аврелий, Рим, эрамизнинг IV-асри). Шунинг учун мен қуйида фақат битта шикоятни келтириш билан чегараланаман – бу мен, Озода, “Эзгулик” ҳуқуқбонлик ташкилоти аъзоси Абдураҳмон Ташанов ва Азам Фармонов номидан Олий суд раиси Б.Мустафоев номига ёзилган шикоятимиздир. Гап битта шикоят ҳақида кетмоқда! Мен жиноий ишда ҳимоячи бўлиб қатнашган бўлсам-да, менинг номимдан жўнатилган шикоятга ҳам жавоб келмади.

Озодага Олий суд шикоятлар ва фуқароларни қабул қилиш бўлимининг бошлиғи Қ.Мамараҳимовдан 2014 йил 24 февралда №13-1169-14 рақамли “Сиз жиноий ишда ҳимоячи бўлиб иштирок этмагансиз, шунинг учун сизнинг шикоятингиз қараб чиқилмайди” қабилида жавоб олди – юридик нуқтаи-назаридан бу иддао тўғри бўлса-да, бироқ бу жавоб маъмурий фирибгарликдир. Нега? Шикоят билан танишган суд раиси (ёки Олий суднинг бирор судьяси) унда келтирилган исбот ҳақиқатдан иборат эканига ишонч ҳосил қилса, у ҳолда у биринчи инстанция суди ҳукмини қайта қараб чиқиш учун ташаббус қилиши лозим. Бу – табиий ҳол, чунки ҳатто адолатли суд системаси ишлаб турган мамлакатда ҳам суриштирув, тергов ёки суд хатоси юз бериши мумкин. Адолатли ва адолатсиз суд системаларининг фарқи – биринчиси хатони тан олади ва дарҳол уни тузатишга киришади, иккинчиси хатони тан олмайди, шикоятларга жавоб бермайди ёки маъмурий фирибгарлик қилади.

Қамоқда ўтирган маҳкумнинг Олий суд раисига шикоят ёзиши амри-маҳол, Ўзбекистонда эса бунга йўл ҳам беришмайди. Шундан келиб чиқиб биз шикоятни Азам Фармонов номидан қайта ёздик. Шикоятни почта орқали Азам Фармонов ўтирган УЯ 64/71 жазони ижро этиш муассасаси (ЖИЭМ) бошлиғи подполковник Ботир Кенжаев номига юбордик. Қонун бўйича, Б.Кенжаев шикоятни олгач, ушбу ҳаракатларни амалга ошириши лозим: 1) Азам Фармоновни ўз кабинетига чақиради; 2) шикоятни овоз чиқариб маҳкумга ўқиб беради; 3) қайта ўқиб чиқиш ва имзо чекиш учун шикоятни маҳкумга беради; 4) маҳкум шикоятни ўқиб чиқади ва тегишли жойига имзо чекиб бошлиққа қайтаради; 5) бошлиқ ҳам шикоятга имзо чекади ва имзосини ўзининг (муассасанинг) муҳри билан тасдиқлайди; 6) бошлиқ почта ёки курьер (чопар) орқали шикоятни Олий судга жўнатади. Озода шикоятни қамоқхона бошлиғига 2014 йилнинг 12 февралида жўнатди. Шикоят жўнатилганига 15 ой бўлди, бу орада ЖИЭМ бошлиғи ўзгарди. 15 ой ичида Озода эрининг олдига камида 4 марта бориб келди. Маълум бўлишича, Азамжонни бошлиқлар бирор марта ҳам чақиришмаган, бирор ҳужжатга имзо ҳам чектиришмаган. Табиий, шикоят Олий судга етиб бормаган. Система битта – прокуратура, милиция, ЖИЭББ, суд – ва у қулларча юқорининг  ЖАВОБ БЕРМАЙСАН, деган буйруғини бажаради!

(Давоми бор)

 

Categories: МАҚОЛАЛАР, Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Метки: , , , , , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.