КОММУНИСТИК ЧИДАМСИЗЛИК ВА ҚАСД ОЛИШ (V-қисм)

Tolib Yoqubov 74 yoshdaV-қисм

ЎЗБЕКИСТОНДА КОММУНИСТИК  ҚАСД  ОЛИШ  КЎЛАМИ 

СССРнинг Европага кирувчи ҳудудларида ва Россиянинг Москва ва Ленинград шаҳарларида ҳали коммунистик тузум “гуркираб” турган пайтлардаёқ бу тузумнинг моҳиятини тушуниб етган ва унга қарши тинч кураш бошлаган одамлар бор эди. СССР назорат қиладиган Германия Демократик Республикаси (ГДР), Чехословакия ва Польшада коммунистик истибдодга қарши кураш анча юқори эди. СССРнинг Европа қисмидан фарқли ўлароқ унинг Осиё қисми “кўлмак сув”га ўхшаш турғун ҳолатда эди.  Ўзбекистон каби “кўлмак”ка коммунистик истибдодга қарши кайфиятСССР парчаланмасдан сал олдинроқ кириб келди – ўша пайтларда СССРнинг Европа ҳудуди ва Россиянинг ўзида оламшумул ўзгаришлар содир бўлаётган эди. Ўзбекистонда илғор зиёлилар – олимлар, ёзувчи ва шоирлар, иқтисодчилар ҳамда халқ ичидан чиққан оддий одамлар юқорида, мақоланинг I-қисмида айтилгандек, демократик кайфиятдаги “Бирлик” Халқ Ҳаракати, олдинма-кейин “Эрк” ва “Бирлик” партиялари, коррупция ва бошқа адолатсизликларга қарши курашиш учун тузилган “Адолат” ва “Одамийлик ва инсонпарварлик” ташкилотларини ташкил қилишди. Бироқ, “коммунизм”га ишониш аҳоли орасида кучлироқ бўлиб чиқди – бунга бутун оммавий ахборот воситалари, айниқса радио ва телевидение коммунистик ҳукуматнинг қўлида бўлганлиги, сотқин журналистлар муттасил коммунистик лидер И.Каримовни кўкларга кўтаришлари мавжуд тузум учун айни муддао бўлди.

1989 йил июнида Қашқадарё вилоят компартиясининг 1-котиблигидан Москва И.Каримовни Ўзбекистон ССР (давлат) бошлиғи қилиб қўйганда у саросимага тушиб қолди – бир томонда ҳокимиятни эгаллаши мумкинлиги билан таҳдид солаётган “Бирлик” ХҲ, иккинчи томонда унинг бевосита хўжайини  қудратли Москва турибди. И.Каримов ҳар иккала кучдан ўлгудек қўрқарди. Тукигача руслашган И.Каримов вақтни чўзиши, “Бирлик” ХҲга нималардадир ён босиши ва бу орада ўзига тўлиқ бўйсунадиган Олий Кенгаш (ўша пайтдаги парламент)ни шакллантириши керак эди – у вақтдан ютиш мақсадида 1989 йил октябрида ўзбек тилини давлат тилига айлантиришга рози бўлди. 1990 йилда И.Каримовнинг қилган сиёсий қадамлари ўзи учун шармандали ҳам, ютуқли ҳам бўлди. Шу йили у икки марта умумхалқ референдумини ўтказди. Март ойида бўлган биринчисида халққа “Сиз СССРда қолишни истайсизми?” деган савол берилди, халқнинг 97% “Ҳа” деб жавоб берди. Декабрь ойида ўтказилган иккинчисида халққа “Сиз СССРдан чиқишни истайсизми?” деган савол берилди, 97% халқ эса яна “Ҳа” деб жавоб берди. Референдумлар натижаси коммунистларча қип-қизил қалбаки эканини ёш бола ҳам тушунди. 1990 йил мартида ўтган парламент сайлови унинг кўнглидагидай бўлмади – мухолифат парламентга демократик кайфиятда бўлган каттагина депутатлар гуруҳини ўтказишга муваффақ бўлди. Бироқ, СССР КГБсининг бир қисми бўлган Ўзбекистон КГБси И.Каримовни 100% қўллаб-қувватлаб турган эди ва у “Бирлик” ХҲни парчалашга эришди – иккига ажралган Ҳаракат мухолифатнинг кўзга кўринган икки раҳбари Абдураҳим Пўлатов ва Муҳаммад Солиҳ атрофида уюшган бўлса-да, мухолифат сезиларли кучсизланди. Бу – И.Каримовнинг биринчи жиддий ютуғи эди ва у уни секин-секин кучайтира борди.

1991 йил охирида И.Каримов президентлик сайловини “ютгач” коммунистик ғоядан номига “воз” кечди, тўғрироғи, уни “сендан фақат ўлганимда ажрашишим мумкин” дегандай қалбининг энг тўрига суриб қўйди, бироқ давлат бошқарувидаги барча соҳаларда коммунистик бошқарувни сақлаб қолди. Унинг бошқаруви ҳар қандай ўзгача фикрга қарши чидамсизлик билан уруш очиш, ҳеч нарсани унутмаслик ва ўзгача фикр эгасидан албатта қасд олишга асосланди. У қасд олишни орқага суриб ўтирмади – президент сайловидан 18 кун ўтгач талабалар намойишини оттириб ташлади [мазкур мақоланинг IV-қисмига қаранг]. 1992 йил мартида давлат идораларида ҳакалак отиб кетган коррупция ва бошқа адолатсизликларга қарши курашган юзлаб (балки минглаб) наманганликлар ва қўқонликлардан ўч олди – уларни қамоққа ташлади. Қалбида коммунистик раҳбар зеҳнияти ўрнашиб қолган И.Каримов ўзига мухолифатда бўлган ака-ука Абдураҳим ва Абдуманноб Пўлатовлар, М.Солиҳ, Ҳазратқул Худойберди, Шавриқ Рўзимуродов, М.Жўраев, А.Ўтаев, Р.Усмонов, Юсуф Жумаев, С.Қўқонов, Норбой Холжигитов, Санжар Умаров, Турсинбой Ўтамуратов каби юзлаб мухолифат вакилларини, мачитларда халққа Аллоҳнинг сўзини айтган Абдували-қори Мирзаев, Обидхон-қори Назаров каби ўнлаб уламоларни унутмади – уларнинг ҳаммасидан коммунистик чидамсизлик билан қасд олди. Баъзиларини ўлдирди, баъзиларини қамоққа ташлади, баъзиларини изсиз йўқотди, баъзиларининг орқасидан қотил жўнатди, кўпчилигини эса ватандан қувғин қилди. И.Каримов негадир ўзбек халқини ёқтирмаслигини у Қашқадарёда ишлаб юрганидаёқ одамлар гапирганини эшитганман. Бу гап у президент бўлгач тўлиқ тасдиқланди – у иқтисодни шундай ташкил қилди-ки, миллионлаб одамлар оиласи очдан ўлмаслиги учун иш излаб бошқа мамлакатларга чиқиб кетишга мажбур бўлди. “Ислом Каримов ўзбек халқидан ўч олаяпти” деган фикрни мен қатор йиллар давомида одамлардан эшитиб юрдим. Ишонмаган ва ишонган пайтларим бўлди. Инсон инсонга душман бўлиши ва, ҳатто, инсон душманидан қасд олишини ҳам тушуниш мумкин. Бироқ, давлат бошлиғи ўз халқига душманлик қилиши мумкинлиги менинг ақлимга сиғмас эди.

Инсоният тарихида давлат бошига соф қароқчилар (йўлтўсарлар, денгиз қароқчилари (пиратлар)) келиб қолганлиги мисоллари учрайди. Африка қитъасида яқин-яқинларгача каллакесар авантюристлар бири қўйиб бири давлат тўнтариши уюштириб, ҳокимиятни эгаллагач то уни бошқа авантюрист тахтдан ағдармагунча халқни талаб яшар ва бойлик тўплар эди. Бу авантюрист-ҳукмдорлар ўз халқининг душмани бўлмай ким? Давлат ва халқдан беҳисоб бойликлар тўплаш мақсадида, давлат бошлиғи бўлиш учун курашиб амалга миниш йўлида авантюрист ёки қароқчи бўлиш шарт эмас. Украинанинг собиқ президенти В.Янукович сайловни ютиб давлат бошлиғи бўлди. Унинг асл мақсади украин халқи фаровон яшаши учун барча маҳоратини ишга солиш, жамиятни зарпечакдек қамраб олган коррупцияни йўқ қилиш, мамлакатни шундоққина биқинида жойлашган Европага яқинлаштириш эмас, давлат бойликларини ўзлаштириш бўлганини қурган қасрлари ва тўплаган олтинлари кўрсатди. Туркманистонда коммунист президент Сапармурод Ниёзовнинг ўйлагани ўзига ҳайкаллар ўрнатиш ва бойлик тўплаш бўлди, бироқ тўплаган бойликлари ўзига насиб этмади. Ундан нима қолди? У ўзндан кейин  коммунист Ким Ир Сен династияси бошқариб келаётган Шимолий Қурия халқидек қул туркман халқини қолдирди. С.Ниёзов туркман халқига, ота-бола-невара Кимлар корейс халқига дўстми? Йўқ! Қип-қизил душман! Мен 03.02.2011 да www.ferghana.ru информацион агентлигига берган интервьюимда “Каримов – ўзбек халқининг душмани” деб айтганман.  Халқ душмани мамлакат қаҳрамони бўлиши мумкинми? ЖАВОБ: мамлакат коммунистик давлат бўлса – мумкин! Мас., И.Каримов – Ўзбекистон қахрамони! Л.Брежнев бир неча марта СССР қаҳрамони бўлган. Охиргисини гапиролмай ғулдираб қолганда, бировларнинг кўмагида зўрға тетапоя бўлиб юрганда олган! Шимолий Қурия диктатори Ким Ир Сен уч марта, унинг ўғли Ким Чен Ир тўрт карра Қурия қаҳрамони бўлишган. АҚШнинг 45 та президентидан бирортаси ҳам АҚШ қаҳрамони эмас. АҚШ коммунистик партияси 1919 йилда тузилган бўлса-да, у АҚШ ҳаётида бирор сезиларли роль ўйнай олмаган. АҚШ президентлари мамлакат қаҳрамони бўлмаганлигининг асосий сабаби бу давлат коммунистик ғоя ва тузумга қарши курашиб келган. Францияда “Бизда Каримов Ўзбекистон қаҳрамони” десангиз қорнини ушлаб кулишади. Морис Торез бошқарган Франция коммунистик партияси йўқ бўлиб кетганига анча вақт бўлди – бизда қолоқ мамлакатнинг президенти қаҳрамон эканлигига французларнинг ҳайрон қолиши шундан бўлса керак.

Мен 1989 йилдан бери коммунистик тузум ва унинг коммунистик чидамсизлик каби жирканч жиҳатларини танқид қилиб мақолалар ёзиб келаяпман. Бу фаолиятим “Бирлик” ХҲда бўлганимда ҳам, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Бош котиби (1996-2001 йиллар) ва раиси (2001-2009 йиллар) бўлган пайтда ҳам давом этган. Бу орада мен мингдан ортиқ (балки бир неча минг бўлиши ҳам мумкин) хат, билдиришнома, мақола, баёнот, мурожаат, докладлар ёздим, радио, телевидение ва интернет-сайтларга интервьюлар бердим, ўнлаб халқаро конференцияларда чиқишлар қилдим. И.Каримов ва унинг одамлари бундан хабардор эди, чунки мен ҳар бир ҳужжатни тарқатишдан олдин уни даставвал ҳукумат идоралари (Президент аппарати, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва б.)га почта орқали юборганман. Халқаро конференцияларда сўзлаган нутқларимни И.Каримовнинг югурдаклари Акмал Саидов, Сайёра Рашидова ва бошқалари эшитишган. Депутат Ш.Рўзимуродов парламент минбарида туриб “Бу одамни президент қилиб сайлаб бўлмайди. Мен уни Қашқадарёда ишлаб юрганда билганман – у ҳаммангизни қамайди, ўлдиради, қувғин қилади” деб ҳайқиргани учунгина ИИВ подвалида қийнаб ўлдирилди, яъни И.Каримов ундан ўч олди. И.Каримов мендан ўч олишни мақсад қилиб қўйиши учун мен 2004 йил 7 январьда тарқатган, БМТ Қийноқларга қарши комитетининг қийноқлар бўйича махсус докладчиси Тео ван Бовеннинг 2003 йил февралида эълон қилинган, Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқлар кўламига бағишланган расмий доклади юзасидан ёзган “Ўзбекистонда қийноқлар феномени” номли докладим етарлидир [линки IV-чи қисмда келтирилган]. Мен бу докладда Ўзбекистонда биринчи бўлиб ўз ички сиёсатини қийноқлар асосида қурган И.Каримов ҳеч қачон Тео ван Бовен қийноқларни тўхтатиш бўйича таклиф қилган 70 та тавсияларини бажармаслиги, акс ҳолда уни Гаага Халқаро Жиноят Суди кутажагини ёзганман. Қийноқлар у ёқда турсин – унинг қўлланиши кўламини Ўзбекистонда аксарият одам билмайди ҳам, И.Каримов Андижонда аҳолини бутун дунё кўз ўнгида оттириб ташлаганини ҳам шу пайтгача тан олган эмас.

Бетакрор шоир, зулмни ўлгудай ёмон кўрадиган бухоролик Юсуф Жумаев қаттол ҳукумат ва унинг бошлиғини қўрқмасдан ўз шеърларида танқид қилар, ҳукумат эса унинг ўғилларини қамар эди. 2007 йил декабрнинг бошида у бутун оиласи билан И.Каримов истеъфосини талаб қилиб пикетга чиққанда ўзини ҳам қамашди ва “Жаслиқ” қамоқхонасига жўнатишди. Машҳур ҳуқуқбон, жиззахлик Бахтиёр Ҳамраевнинг фаолияти учун унинг ўғли Ихтиёрни қамоққа ташлашди. Исломий олим Обидхон-қори Назаров ўз маърузаларида Қуръони карим асосида коммунистик тузумнинг жирканч томонларини очиб берар эди, бироқ И.Каримов шахсини хақоратловчи бирор бир сўз айтган эмас. Олим унинг коммунистик уяда тарбия топганини ҳисобга олмадилар. И.Каримов махсус хизматининг одамлари домланинг ўғли Хусниддинни ўғирлаб кетишди – унинг қаердалигини ҳеч ким билмайди, ва унинг йўқолганига 11 йилдан ошди. И.Каримовнинг “Ўзига тегинмай тур, ўғлини қама” сиёсатига мен ҳам дуч келдим. Машина тузатадиган уста, темир-терсакдан бошқа нарса билан иши йўқ менинг ўғлим Олим Ёқубовга нисбатан уч марта маъмурий ҳуқуқбузарлик айби ва бир марта жиноий айблов билан иш қўзғатишди. Тергов ва судларда ўзим уни ҳимоя қилдим ва қутқариб қолдим. Мен уни чет элга чиқиб кетиши лозимлигини тушундим ва у 2006 йил 9 февралда Ўзбекистондан чиқиб кетди. Бироқ, И.Каримов қасд олмагунча тинчимайдиган одам. 2006 йил 29 апрельда, яъни ўғлим чет элга чиқиб кетгандан икки ярим ой ўтгач куёвим Азам Фармонов қамоққа олинди. Бу жоҳил ҳукмдор учун инсоннинг ҳеч қандай қадр-қиммати йўқ – қасд олиш мақсадида у мутлақо айбсиз инсонни ҳам қамаб юбораверадиган одам. Куёвимга нисбатан қўзғатилган ж/и-да икки инсон – Азам Фармонов ва Алишер Караматов – айнан шундай инсонлар эди. Ҳуқуқ-тартибот органига мурожаат қилган Ўктам Маматқуловнинг аризасида фақат менинг куёвимнинг номи бор, холос, А.Караматовнинг исми-фамилияси эса бир марта ҳам учрамайди, бироқ у 6 (олти) йил қамоқда ўтириб чиқди.

Қасд (ўч) олиш қасд (ўч) олишни чақиради 

Бутун умрини қасд олишга бағишлаган инсоннинг табиати маразлик билан тўлган бўлади. У танқидни тушунмайди ва ёқтирмайди, қулоғига чалинган ҳар қандай танқид унда ғазабни уйғотади, уни катта қийинчилик билан ичига ютади, бироқ танқид қилган одам унинг душманига айланади. Коммунистик чидамсизликка чалинган одамда бу касаллик умрбод давом этади. Агар у давлат бошлиғи бўлса, ўзининг барча репрессив системасини душманларидан ўч олишга сафарбар қилади. Мен уни ўлжасини пойлаб соатлаб қимирламасдан писиб ётган ҳашаротга ёки ҳайвонга ўхшатаман.  У шошмайди, бир йил бўлса ҳам, ўн йил бўлса ҳам кутади, бироқ қасд олишни унутмайди. Бундай давлат бошлиғи қўл остидаги мулозимларни “давлат душманлари”дан қасд олишга ундайди,рағбатлантиради, талаб қилади, бўйин товлаганни жазолайди, улардан жоҳил, ҳайвон табиатли, “одам ҳиди” ёқмайдиган садистларни тайёрлайди. Ўзбекистоннинг энг талантли ҳуқуқбонларидан Умида Ниёзова 2015 йил 28 майда www.ferghana.ru  сайтида  “Ҳуқуқбон Азам Фармоновнинг болалари ўз отасини ҳеч қачон озодликда кўрган эмас” номли мақола чиқарди. Унинг қизи отаси қамалганда 16 ойлик бўлган, ўғли эса отаси қамалгандан 6 кун ўтгач туғилди. Озодбек отасини биринчи марта “Жаслиқ” қамоқхонасида кўрди. (Мақоладан парча):  “Азам Фармонов ишида менга тушунарсиз нарса –  нега бунчалик зулм қилинмоқда? У ўша 250 долларни олганми ёки олмаганми –  ҳозир аҳамияти қолмади. У ўзининг тўққиз йиллик умрини қамоқда ўтқазди.  … Фараз қилайлик, бошқаларнинг кўзини қўрқитиш учун уни қамоқхонада ушлаб туришган бўлсин. Бироқ унинг иши Ўзбекистоннинг 100 фоиз аҳолиси учун номаълум бўлиб қолаверади-ку! Уни телевизор орқали кўрсатишмайди, халқ душмани каби қоралашмайди, ахир у – “оддий товламачи-ку”!.  … У ҳокимият асослари учун умуман ҳеч қандай хавф туғдирмаслиги  аниқ. Азам Фармонов – Ходорковский каби собиқ олигарх эмас, унинг умуман пули ҳам, таъсир кучи ҳам йўқ. У одамларни майдонга олиб чиқувчи ва инқилобга ундовчи таниқли сиёсатчи эмас”. (Парча тугади). Умида синглимизнинг ёзганлари мутлақо тўғри ва асосли, бироқ у И.Каримовнинг қасд олиш табиатига эътибор бермаганга ўхшайди. ҚАСД ОЛИШ – ҳар қандай жоҳил, ўзи ва оиласидан бошқа инсонларни сариқ чақачалик қадрламайдиган, ўз ҳокимиятини ўлгунча бировга беришни истамаган, қурол билан таҳдид қилган одамлар нарироқда туратурсин, ҳатто тил билан асосли танқид қилган одамни ўзига душман билган одамнинггина табиатида бўлади. И.Каримов МЕНДАН қасд олмоқда!

Баъзи халқларда “қонли қасд олиш” (кровная месть) удуми сақланиб қолган – бир одам иккинчи бир одамни ноҳақдан ўлдирган бўлса, ўлдирилган одамнинг яқин қариндошлари қотилдан қасд олишган – ё ўзини ўлдиришган, ё унинг яқинини ўлдиришган. Қотиллик энг оғир жиноятлардан биттаси бўлса-да, “қонга қон” қасд олишни тушуниш мумкин. Бироқ, сиёсий қасд олишни тушуниш қийин – И.Каримовнинг қасди айнан сиёсий қасд олишдан иборат. Сиёсий қасд олиш “қонга қон” қасд олиши эмас. “Қонга қон” қасд олиш икки оилани ўз домига тортса, сиёсий қасд олиш минглаб оилаларни ямлаб ютади, эзади ва тушкунликка туширади. Бу ҳали ҳалвоси. Миллионлаб одамлардан ҳам сиёсий ўч олиш мумкин – бунинг учун миллионлаб оила бошлиқларини иш излаб ташқарига чиқиб кетишга мажбур қилиш кифоя.  Тадбиркорлар ўз шаҳрида минглаб ишўринларини ташкил қилишса, камбағал оилаларни оталиққа олишса, оналари бемалол ишлашлари учун текин болалар боғчалари ташкил қилишса, бу тадбиркорлар халқнинг тилига тушса, улардан сиёсий ўч олса бўладими? Бўлади – буни И.Каримов Андижонда намойиш қилди. Нияти тоза раҳбар тадбиркорларга давлатнинг энг биринчи ёрдамчилари сифатида қарайди, нияти бузуқ бўлгани эса уларга “экстремист”, “террорист”, ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олмоқчи бўлган “акромист” деб қарайди ва сиёсий қасд олиш учун юзлабини қаматади, минглабини оттиради, минглаби қочиб қутилади.

Халқ орасида “ўч олиш ўч олишни чақиради” деган гап юради. Сиёсий ўч олиш, яъни қонуний йўл билан ҳокимиятга келиш курашида қатнашган, сиёсий тузумни асосли танқид қилган ёки норозилик билдирган одамлардан ўч олиш, адолатсизликнинг чўққиси ҳисобланади. Зукко одамларнинг айтишича, адолатсизлик – қарши ўч олишни келтириб чиқаради ва уни адолатли, деб ҳисоблашади. БИР ҲИКОЯНИ ЭШИТГАНМАН. Бир бой одам мутлақо ёмонлик қилмаган кўпболали оила бошлиғини уриб ўлдиради. Ўлганнинг болалари ёш, отаси учун қасд олишни ҳали билишмайди. Бироқ эри учун қасд олишни унинг аёли кўнглига тугиб қўяди. Аёл қишлоқдаги сартарошхонани супуриб-сидириб ишлаб турганда эркакларнинг соч-соқолини олишга ўрганади ва “Эримнинг қотили мени танимайди, бир неча йилдан кейин ҳамма нарса унутилади, бир кунмас бир кун, қачон бўлса ҳам қотил соч-соқол олдириш учун сартарошхонамга келади” деб сартарошхона очади. Аёл юрганда ҳам, ўтирганда ҳам ва, ҳатто, тушида ҳам Аллоҳдан эри учун қасд олишга йўл очишини сўрайди.  Ширинсўзли, хушмуомала аёл бўлгани учун унинг довруғи узоқ-узоқларга кетади. Ҳақиқатан, бир куни сартарошхонага қотил кириб келади. Аёл уни яхши кутиб олади. Сочини олади, мўйловини текислайди. Навбат соқолга келганда, аёл иякости мўйларни олаётганда қотилнинг томоғига паккини тортади ва кекирдагини узиб ташлайди. Маҳкамага аёлнинг ўзи боради ва ўзини маҳкамага топширади. Ўша пайтдаги маҳкама аёлни оқлайди ва болаларига қайтаради. (Тамом).

Сиёсий ўч олаётган одам ўзининг қўл остидаги давлат органларига ишонади  –  улар уни қўриқлайди, унинг қаҳрига учраган одамни ишдан ҳайдайди, сазойи қилади, қамайди, ўлдиради. Адолат учун ўч олаётган одамда бундай имконият йўқ ва у фақат Аллоҳдан мадад сўрайди. Ўзбекистонда сиёсий тузум қутурган (1998-2006) йиллари минглаб одамлар қийноқлар остида, ҳатто нимада айбланаётганини тушунмай, адолатсиз суд ҳукми билан кўп (10-20) йилларга қамалиб кетишди. Минглаб аёллар тул қолди, юзлаб оилалар бузилиб кетди, қамоқхоналардан юзлаб йигитларнинг ўлиги чиқди, минглаб болалар туғилмади, минглаб болалар ота тарбиясидан маҳрум бўлди, минглаби чет элларда дарбадар бўлди. Табиий савол туғилади  –  шунча жабру-ситамлар одамлар қалбида сиёсий режим ва унинг бошлиғига нисбатан қандай ҳис-туйғуни уйғотиши мумкин? Чексиз ҲУРМАТНИМИ, ёки чексиз НАФРАТНИМИ? Мен ва қатор бошқа ҳуқуқбонларнинг кузатишимизча, бу адолатсизликлар одамлар қалбида фақат нафрат уйғотди! Албатта, давлатдан мустақил бўлган бирорта ҳам газета-журнал, радио ва телевидение бўлмаган, барча оммавий ахборот воситалари фақат давлатга тегишли бўлган Ўзбекистонда ҳукумат қамалганларни тинимсиз равишда диний экстремист, халқаро террорист, контрабандист, товламачи дея ташвиқот юргизди. Бу ташвиқотга ишонганлар ҳам, ишонмаганлар ҳам бўлди. Ишонмаганлар орасида “Ўлдирилган отам (акам, укам, ўғлим) учун ўч оламан” деб аҳд қилганлар бўлиши мумкинми? АЛБАТТА! Бироқ улар ўз мақсадини ошкор қилмайди. И.Каримов ўз рақибларидан ўч олишни йиллаб кутгандай, ундан ўч олмоқчи бўлганлар ҳам ўз имкониятини йиллаб кутиши мумкин. И.Каримов буни тушунадими? АЛБАТТА! Қўрқадими? АЛБАТТА! [Мазкур мақоланинг III-қисмига қаранг] . ХУЛОСА: Ўлмаган қул Ўзбекистонда акс ўч олишни ҳам кўриши мумкин!

(Давоми бор)

 

Categories: МАҚОЛАЛАР, Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Метки: , , , , , , , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.