КОММУНИСТИК ЧИДАМСИЗЛИК ВА ҚАСД ОЛИШ (VIII-қисм)

Tolib Yoqubov 74 yoshdaVIII-қисм 

ЎЗБЕКИСТОН  –  ДУНЁДАГИ МАФИОЗ  ДАВЛАТЛАРНИНГ  БИРИ

Муҳтарам ўқувчи диққати ва ҳукмига ҳавола этилаётган ушбу мақоламда “одил суд”  деяётганимда мен нафақат суд системасини, балки прокуратура, милиция, МХХ ва жиноий, фуқаровий, хўжалик ҳамда маъмурий қонунбузарлик ишларини қўзғатиш ҳуқуқи берилган бошқа органларни ҳам назарда тутаётирман. Бутун дунёда суд ҳақида гапирилганда, у адолатлими, адолатсизми – қатъий назар, одил суд [русчаси “правосудие” – Т.Ё.] деб аташга келишилган. Ўзбекистондаги суд системасида одиллик ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмаслигини ҳисобга олиб, мен қуйида одил суд сўзини қўштирноқ ичига олиб “одил суд” кўринишида ёзишни маъқул кўрдим. Мен ҳозирги Ўзбекистондаги “одил суд”ни тўғридан-тўғри 1989 йилда ҳокимиятга келган ҳукмдорларнинг “боласи” деб, ъни айнан шулар мавжуд “одил суд”ни дунёга келтиришган, деб ҳисоблайман. Ҳозирги ҳукумат И.Каримов ҳокимият тепасига келган 1989 йилдан кейин ҳам, то 1995 йилнинг 1 апрелигача собиқ СССРнинг кодекслари бўйича “одил суд”ни амалга оширган. СССР “одил суди” эса тоталитар давлатнинг “одил суди” бўлиб, у миллионлаб одамларнинг бошини еган. Совет кодексларида мазкур сиёсий тузумларга мухолиф кайфиятда бўлган ҳар қандай инсонга “аксилинқилобчи” [контрреволюционный] шахс деб қаралган, ҳар қандай мухолиф фикр инкор қилинган, яъни давлат Конституцияси ва қонунлари, шу жумладан кодекслар репрессия (қатағон) руҳида ёзилган ва амалга киритилган. 90-чи йилларнинг бошида янги ҳукумат мамлакатнинг янги юридик ҳужжатларини, жумладан турли кодексларни ярата бошлади. Махсус комиссия тузилиб, у адлия вазири Муҳаммадбобур Маликов раҳбарлигида иш олиб борди.

 

Ўзбекистон кодекслари қандай яратилган?

Шу комиссия аъзоси, адвокат, Тошкент шаҳридаги адвокатуралар бирининг мудири Сергей Егошинни мен яхши танир эдим. Мустақил Ўзбекистоннинг одил суд соҳасидаги янги юридик ҳужжатларини яратишда, унинг айтишича, асос қилиб Россия Федерацияси кодекслари ва бошқа ҳужжатлари олинган ва дастлаб рус тилида таёрланиб, кейин ўзбек тилига таржима қилинган. Ўзбекистоннинг турли кодекслари [Жиноят кодекси (ЖК), Жиноят-процессуал кодекси (ЖПК), Жиноят-ижроия кодекси (ЖИК) ва б.] 1994 йил сентябрда қабул қилинган ва 1995 йил 1 апрелда кучга кирган. С.Егошиннинг айтишича, президент комиссия аъзоларини шоширган, натижада ўзбек тилига қилинган таржимада кўп хатоларга йўл қўйилган. Шулардан бирига мен қисқача тўхталаман.

ЖКнинг 1994 йилда нашрдан чиққан вариантида 141-моддаси (Фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини бузиш)нинг 1-қисми ушбу кўринишда эди:

“Жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ёки ижтимоий мавқеидан ҚАТЪИЙ НАЗАР, фуқароларнинг ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита бузиш ёки чеклаш ёхуд фуқароларга бевосита ёки билвосита афзалликлар бериш”. [кейин жазо келтирилади].

Шу модданинг (Нарушение равноправия граждан) анашу қисмнинг русча варианти эса ушбу кўринишга эга эди:

“Прямое или косвенное нарушение или ограничение прав, или установление прямых или косвенных преимуществ граждан В ЗАВИСИМОСТИ от их пола, расы, национальности, языка, религии, социального происхождения, убеждений, личного или общественного положения”.

Кўриниб турибди-ки, икки тилдаги вариантлар диспозициялари бир-бирига 180 градус зид (қарама-қарши)! 1997 йили менга хоразмлик аъзоларимиз иккита ҳукм олиб келишди. Мазкур ҳукмларда уч одамга битта 141-модда билан айб қўйилиб, қамоқ жазоси берилган экан. Уларни ўқиётиб мен тасодифан шу модданинг ўзбекча ва русча вариантларини ўқидим ва зиддиятни кўриб ҳайратландим, қайта-қайта ўқидим: бир модда икки тилда бир-бирига тамоман қарама-қарши маънода ифода этилган! Шу модда билан ҳукумат одамларни қамаётган экан! Бу вариантларнинг қайси бири тўғри, иккинчиси нотўғри бўлишидан қатъий назар қамалган одамлар дарҳол озодликка чиқарилиши керак. Мен Бош прокурорга мурожаат қилиб учта хоразмликни дарҳол озодликка чиқаришни талаб қилдим. Жавоб бўлмади, маҳбуслар озод қилинмади.

Мен икки марта инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси вакили (Омбудсмани) Сайёра Рашидова қабулига бордим, қабул қилмади. Шу масалада мен “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий маркази”нинг директори, юридик фанлари доктори Акмал Саидовга учрашдим. А.Саидов ўз кабинетида, менинг олдимда шкафдан ЖКни олди ва 141-модданинг икки тилдаги вариантларини ўқиб чиқди ва у ҳам ҳайратга тушди. Хуллас, ЖК 2001 йил 18 октябрда қайта нашр қилинди. Кейинги нашрда 141-модданинг 1-чи қисмининг диспозицияси тузатилди ва у ушбу кўринишда баён этилди:

“Жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ёки ижтимоий МАВҚЕИГА ҚАРАБ, фуқароларнинг ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита бузиш ёки чеклаш ёхуд фуқароларга бевосита ёки билвосита афзалликлар бериш”. [Олдингиси билан солиштириб кўринг]. Бироқ, 1995 йил 1 апрелдан 2001 йил 18 октябрга қадар Ўзбекистон “одил суди” қанча инсонни 141-модда билан қамаб улгурди – бизга маълум эмас.

 

Ўзбекистон кодексларининг ҳозирги аҳволи қандай?

Инсон тақдири инсон ҳуқуқларини давлат томонидан бузилиши билан чамбарчас боғлиқдир. Бу эса қонунларнинг, хусусан кодексларнинг сифати ва софлиги ҳамда давлат мулозимларининг, хусусан судьяларнинг ўз ишига муносабати ва масъулияти билан ўлчанади. ЖКдаги 141-моддани тузатиб ҳукумат кодексларни мукаммал кўринишга келтирдими? Асло! Ҳали ҳам барча кодексларда ва, ҳатто, Конституцияда хатолар, инсон ҳуқуқларини паймол қиладиган жиҳатлар тиқилиб ётибди. Улар орасида репрессив, одил судни одиллик ва адолатдан узоқлаштирувчи, одил судни фақат жазолаш маҳкамасига айлантирувчи моддалар етарлича. Вақти келганда мен ЖКнинг 151, 159, 216 (ва б.), ЖПКнинг 49 (ва б.) моддалари ҳақида ўз фикримни билдираман.

Мана яна битта жиноий ишни Ўзбекистон “одил суди” қандай ҳал қилганлиги ҳақида маълумот.

2007 йил 18 декабрда жиноий ишлар (ж/и) бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси А.Қодиров ўзининг ҳукмини ўқиб эшиттирди. Бу – совет давридан бери энг йирик матлубот (савдо-жамғарма кооператив) жамиятининг собиқ раиси Маринбой Бекчоновнинг ж/и юзасидан чиқарилган ҳукм бўлиб, Бош прокуратура М.Бекчоновга Ўзбекистон Республикаси (ЎзР) Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-чи қисмининг “а” ва “б” бандлари; 207-моддасининг 1-чи қисми; 175-моддаси 2-чи қисмининг “б” банди; 170-моддаси 2-чи қисмининг “б” ва “в” бандлари; 209-моддасининг 1-чи қисми; 232-моддасида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айб эълон қилган, тергов органлари эса уни 4.760.000.000 (тўрт миллиард еттиюз олтмиш миллион) сўм [тўрт миллион АҚШ долларига яқин]ни ўзлаштиришда айблашган.

М.Бекчоновга нисбатан ж/и.ни уч ташкилот – Тошкент шаҳар Юнусобод тумани прокуратураси, ЎзР ички ишлар вазирлиги Тергов Бошқармаси ва Бош прокуратура – қўзғашган бўлса-да, у бирор марта ҳам терговга келмаган, уни хибс этиш уёқда турсин, ҳатто бирор марта қисқа муддатли ушлаб турилган ҳам эмас. Унга бир марта қидирув эълон қилинган бўлса-да, бироқ у ўша пайтда ўзининг Тошкентдаги қаср уйида бемалол яшаб турган. Судья А.Қодиров ҳукмни ўқиб берди: “… М.Бекчоновни 14 йилга озодликдан маҳрум этилсин, бироқ ЎзР Сенатининг амнистиясини қўллаб қамоқ муддати 8 йилгача камайтирилсин”. Бироқ суд залида жумбоқ пайдо бўлди, яъни бир нарсага суд залида ўтирганларнинг боши қотди – судья ҳукмни кимга ўқиб берди? Тирик бўлса судланаётган шахс (фигурант) ҳукм ўқилаётганда суд залида қора курсида ўтириши керак-ку! Бироқ ж/и.нинг асосий фигуранти Маринбой Бекчонов суд залида йўқ эди! У қочиб кетган экан! Тўғрироғи, унга қочишга йўл очиб беришган экан! Роппа-роса бир ярим йилдан кейин, 2007 йил 18 декабрьда, бетакрор ўзбек суди ЎзР ЖКнинг олтита моддаси билан айбланган ва салкам 5 (беш) МИЛЛИАРД сўм пулни ўзлаштириши иддао қилинаётган, Тошкентнинг энг йирик бойларидан бири Маринбой Бекчоновни 14 йил қамоқ жазосига ҳукм қилиб, дарҳол амнистияни қўллаб қамоқ муддатини 8 йилга туширди. Қизиғи, Маринбой Бекчонов қамалмади, у “қочиб” кетди – одамларнинг айтишича у Хоразмга “қочган”, у ерда ҳам унинг қаср уйлари бор экан.  Ўзбекистон “одил суди” лўттибозлигининг чеки-чегараси йўқ! Коммунистик чидам (тоқат)сизлик фақат лўттибозликни яратиши мумкин.

Ўзбекистон “одил суди” лўттибозликларига қойил қолмасликнинг иложи йўқ! 

Ижтимоий хавфи ва оғирлигига қараб жиноятлар: (1) ижтимоий хавфи катта бўлмаган; (2) унча оғир бўлмаган; (3) оғир; (4) ўта оғир, дейилади. Ижтимоий хавфи ва оғирлиги турлича бўлган икки жиноят бўйича чиқарилган суд ҳукмлари қандай бўлиши керак? Иккита ж/и-ни таққослаганимизда у бундай кўринди. ЎзР ЖК 15-моддаси (Жиноятларни таснифлаш) бўйича ЎзР ЖКнинг фақат битта моддаси (165 – Товламачилик) билан айбланиб суд қилинган ва гўёки 600.000 (олти юз минг) сўм ундирмоқчи бўлган Азам Фармонов ва Алишер Караматовга қўйилган айб оғир жиноят, ЎзР ЖКнинг камида олтита моддаси билан айбланган, 4.760.000.000 (тўрт миллиард еттиюз олтмиш миллион) сўмни ҳақиқатан ўзлаштирган Маринбой Бекчоновга қўйилган айб ўта оғир жиноят ҳисобланади.

Юқорида ҳар иккала ҳуқуқбон пул ундириш учун товламачилик қилмаганлиги, уларни жиноят устида нақд ушлаш операцияси ўтказилмаганлиги, “жабрланувчи” Ў.Маматқуловдан пул олиш факти бўлмаганлиги, ҳуқуқбонлар Гулистон шаҳрининг турли нуқталарида ушланиб шаҳар ИИБга олиб борилганлиги ва, ниҳоят, шундан кейингина терговчилар қалбаки ҳужжат тайёрлай бошлаганликлари фақат тергов ва суд ҳужжатлари (!!!) асосида исботланди – четдан бирорта ҳам ҳужжат излашга ҳожат бўлмади! Азамат ўзбек “одил суди” ЖИНОЯТ СОДИР ЭТМАГАН икки ҳуқуқбоннинг ҳар бирига 9 йил (!!!) қамоқ жазоси белгилади – бири 6 йил ўтириб чиқди, иккинчисининг қамоқда ўтирганига 9 йилдан ошди.

Ўзбекистон  “одил суди”нинг табиатини тушуниш учун Ўзбекистонда турли мавқеъга эга бўлган уч шахс “қилмишлари”ни таққослашга эҳтиёж бор.

1-чи шахс – Азам Фармонов –  Ўзбекистон  “одил суди” Ўктам Маматқуловдан товламачилик йўли билан 600.000 сўм (ўша вақт курси бўйича тахминан 300 доллар) ундирмоқчи бўлган ва жиноят устида ушланган  деб иддао қилади. Бироқ, у нафақат товламачилик қилмаган, балки жиноят устида ушланган ҳам эмас – буни жиноий ишнинг учта ҳужжати айтиб турибди. Шундай бўлса-да, Азам Фармоновнинг қамоқда ўтирганига 9 йилдан ошди.

2-чи шахсМаринбой Бекчонов – Бош прокуратура, ИИ вазирлиги Тергов бошқармаси ва Тошкент шаҳарининг Юнусобод тумани прокуратураси томонидан 4.760.000.000 (тўрт миллиард еттиюз олтмиш миллион) сўмни [тўрт миллион АҚШ долларига яқин] ўзлаштиришда айбланган. Терговга бир марта ҳам келмаган. Суд 14 йил қамоқ жазосига ҳукм қилган, амнистияни қўллаб жазо муддатини 8 йилга туширган. Бир соат ҳам қамоқда ўтирган эмас!

3-чи шахс – Гулнора Каримова – Ўзбекистоннинг икки-уч карра ноқонуний президентининг қизи. Устидан Франция, Швеция ва Швейцария прокурорлари жиноий иш қўзғатишган. Бир неча миллиард долларни (!!!) пора сифатида ва бошқа жиноятлар йўлида олганликда айбланган. Ўзбекистон прокуратураси ҳали Гулнора устидан жиноий иш қўзғатган эмас, бироқ қўзғатилиш эҳтимоли бор. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари унга нисбатан жиноий иш қўзғатса, унинг жиноятларини фош қилиш учун эмас, балки Гулнора чет элда йиғган пулларини Ўзбекистонга қайтариш мақсадида қўзғатади (сабабини мен юқорида ёзганман). “Гулнора уй қамоғида ўтирибди” деган гап ЁЛҒОН!

Ўзбекистон “одил суди”нинг бу лўттибозлигини тушуниш қийин эмас. Маринбой Бекчонов Тошкентнинг энг бойларидан бири бўлгани юқорида айтилди. Энг бойлар эса сўзсиз бирорта мафия гуруҳига киради. Тошкентдай шаҳарда мафия гуруҳи битта бўлмайди. Мафия гуруҳлари орасидаги “олди-берди”, “таъсир доираси” (сфера влияния)ни тақсимлаш, “юқорининг улуши”ни белгилаш ва бошқа долзарб масала (низо)ларни ечиб берадиган “паханлар” Бош прокуратура, МХХ ва ИИВ биноларида ўтиришади. Мафия гуруҳлари ҳам бир-бирига қарши курашади. Қайси гуруҳ юқорига каттароқ оширса юқоридагилар ўша гуруҳни қўллаб-қувватлайди ва рақиб гуруҳга кирган бирор бойга нисбатан жиноий иш “қўзғатади”. Мақсад асло жиноятчиларни жазолаш эмас, балки “айбдор”дан имкон қадар кўпроқ ундириш бўлади.

Мафия “ҳукуматнинг душмани” ҳисобланган мухолифат ва ҳуқуқбонларга ҳам қарши курашади. Мас., Азам Фармонов ва Алишер Караматов фермерлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жараёнида фермерларга солярка берадиган АЗСлари (авто-заправочная станция – автомашиналарга ёқилғи қуйиш шаҳобчалари) мафиясига дуч келишди (Ўктам Маматқулов Жиззах вилояти Даштобод туманидаги шундай АЗСлар бирининг экспедитори бўлган). Бу бизнесни “кришевать” қиладиган прокуратура ўғри экспедиторни ҳимоя қилди ва ҳуқуқбонларни қамади.

Менинг ўқувчим, математик Муҳиддин Ҳамроқулов маориф вазирлиги структуралари (туман халқ таълими бўлимлари ва вилоят халқ таълими бўлимлари)даги мафияга дуч келди. У вилоят халқ таълими бўлими ва Маориф вазирлигига шикоятлар ёзди. Натижа бўлмагач, Президент Аппарати (ПА)га мурожаат қилди. Оғир хасталик билан юрган Муҳитдин навбатдаги марта ПАга борганда ПАда ишлайдиган ходимлар уни калтаклашди. Муҳитдин тўшакка михланиб ётиб қолди. Мафия манфаатларини ҳатто Президент Аппарати ҳам ҳимоя қилди.

2006 йил апрелида менга Юнусобод туман прокурори ўринбосари А.С.Тойировдан хат келди. Хатида у мени прокуратурага чақирибди ва коммунал ва эксплуатация тўловларини тўламасликда айблабди. Мен унга иккита хат ёздим –  бирида мен давлатдан эмас, балки давлат мендан қарз экани исботланган бўлса, иккинчисида прокуратура ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари мафия билан ҳамтовоқ экани айтилган эди. Мен жаноб А.Тойировга ёзган иккинчи хатимдан бир парча келтираман. (Парча):

“Мен Юнусобод-4, 15-уй, 27-квартира манзилли хонадонни 1975 йил 18 январь куни олганман. Шу санага ҳам, мана, 31 йил бўлди. Шу уйда мен бола-чақалик бўлдим. Олдинги хатимда ёзганимдек, мен 2002 йилгача барча коммунал ва эксплуатация тўловларини тўлиқ тўлаб келганман. Мен бир нарсани аниқ биламан.  Мен пул тўлаб келган ЖЭК ҳар 3 (уч) йилда менинг квартирамда бир марта оралик (текущий), ҳар 10 (ўн) йилда эса капитал таъмирлаш ўтказиши шарт эди. Бироқ, 1975 йил 18 январдан то хозирги кунгача ЖЭК бирор марта (тагига чизган ҳолда айтаяпман!) на оралик ва на капитал таъмирлаш ўтказмаган. 30 йил ичида менинг квартирамни камида 10 марта оралиқ ва 3 марта капитал таъмирланиши учун ажратилган пул қаерга кетди?15-уйда 40 та квартира бор, бироқ нафақат менинг квартирам, балки бошқа квартиралар ҳам бирор марта таъмирланган эмас. Келинг, муҳтарам прокурор ўринбосари, иккаламиз (балки мутахассислар ёрдамида) фақат 15-уйнинг 30 йиллик ЖЭК ҳужжатларини ўрганайлик. «ЖЭКлар мафияси»ни эшитганмисиз? Яшанг! Бу – кучли мафия. Мафияга карши инсонлар курашганми? Албатта. Натижа нима бўлган? Яхши бўлмаган!”. (Парча тугади).

Мен иккала хатни почта орқали (уведомлениеси билан) А.Тойировга ҳам, Бош прокурорга ҳам (маълумот учун) юбордим. Хатлар адресатларга топширилгани ҳақида уведомление келди, бироқ жавоб келмади. Тамом. Овози ўчди! Нега овози ўчганини тушундингизми? Мафияни эслатганим учун ўчди! Улар мафиядан қўрқмайди – улар мафияни соғади, бироқ мафияга ҳам улушини қолдиради! Мафиянинг улуши ҳам катта! Ана шу нарсалар оммалашиб (халқ оғзига тушиб) кетишидан қўрқишади! Мамлакатда эркинлик бўлмаса, инсон ҳуқуқлари сариқ чақача ҳам турмаса, давлат бошлиғи Конституцияни оёқ-ости қилса ва оғзидан чиққани ёлғон бўлса, ўз фуқароларини чет элларга бемалол чиқиб келишга йўл қўймаса, суяги қотмаган болаларни далаларда ишлатса, миллионлаб одамлар иш излаб чет элларга чиқиб кетса, ёш аёллар бой мамлакатлар исловотхоналарини тўлдирса, адолатсизликка қарши курашган инсонлар қувғин қилинса ёки қамоқхоналарда ўтирса, адолатсизликни осмонга ўрлатганлар маишату-ишратда яшаса – БИЛИНГ-КИ,  бундай давлат МАФИОЗ ДАВЛАТга айланади. Афсус, Ўзбекистонимиз ана шундай давлат!

Categories: МАҚОЛАЛАР, Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Метки: , , , , , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.