МУРОЖААТНОМА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ВАЗИРИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ВАКОЛАТЛАРИНИ ВАҚТИНЧА БАЖАРУВЧИ

МИРЗИЁЕВ ШАВКАТ МИРОМОНОВИЧга

 

ФРАНЦИЯ РЕСПУБЛИКАСИДА ЯШОВЧИ

Толиб ЁҚУБОВнинг

——————————————–

16, rue Marcel Pajotin, Angers, 49000, France

 

МУРОЖААТНОМАСИ

 

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Мен қатор йиллар давомида, Сиз аввал Жиззаз ва Самарқанд вилоятларида ҳоким, кейин эса Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимларида ишлаган пайтингизда, Сизнинг ашаддий танқидчиларингиздан бири бўлганимни тан олган ҳолда, ўз мақолаларимни ёлғон фактлар ва миш-мишларга таяниб ёзмаганимни, иш ва ҳуқуқбонлик фаолиятим даврида ҳеч бир жиноят ёки қонунбузарлик содир этмаганимни айтиб ўтмоқчиман. Мен салкам 30 йил Низомий номли Тошкент давлат педагогика институтинингматематика факультетида ишладим, олий педагогика институтлари математика факультетлари студентларига мўлжалланган »Математик логика элементлари» номли иккита китоб ёздим – 1983 ва 1996 йилларда улар нашрдан чиқарилди ва Ўзбекистон олий педагогика институтларида қатор йиллар улардан ўқув қўлланмаси сифатида фойдаланилди. Фуқаровий жамият вакили сифатида мен 1996 йил сентябридан 2009 йил майига қадар Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятини бошқардим, қатор судларда, шу жумладан, куёвим (қизим Озода Ёқубованинг турмуш ўртоғи) Азам Фармоновнинг  1-110/2006-сонли жиноят ишида ҳимоячи сифатида қатнашдим.

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Сиз ҳозирги фаолиятингизни илгари Ўзбекистоннинг янги тарихида кузатилмаган умидбахш бир янгиликдан, яъни Сизга ўзбекистонликлар мурожаат қилишга имкон яратган Виртуал Қабулхона ташкил этишдан бошладингиз – бу қадамингиз фақат мени эмас, ўйлайман-ки, миллионлаб ўзбекистонликларни қувонтирди ва у мамлакатимиз келажаги учун улкан самара беришига мен аминман. Асосийси эса, кўп йиллардан бери ечилмай тўпланиб қолган муаммоларнинг ҳал бўлишига миллионлаб одамларда умид пайдо бўлди. Менинг ушбу мурожаатномам айнан куёвим Азам Фармонов билан боғлиқ бўлиб, унинг тақдирига Сизнинг адолатли ёндошувингиз 10 (ўн) йилдан бери Қорақалпоғистон Республикаси, Қўнғирот тумани, Жаслиқ посёлкасида жойлашган УЯ 64/71 қамоқхонасида сақланаётган маҳкум озодликка чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Азам Фармонов бир неча нопок одамларнинг ҳатти-ҳаракати билан 2006 йил 29 апрель куни қамоққа олинди. 2006 йил 15 июньда жиноий ишлар бўйича Сирдарё вилояти, Янгиер шаҳар суди Азам Фармоновни 9 (тўққиз) йил озодликдан маҳрум этишга ҳукм чиқарди. Мазкур жиноят ишининг суд ишюритувида мен ҳимоячи сифатида қатнашганман, ҳамда тергов ва суд ишюритувларининг барча муҳим ҳужжатларни сақлаганман.

Бироқ, Сирдарё вилоят прокуратурасидан тортиб Президент аппаратигача ёзган шикоятларимнинг бирортасига ҳам жавоб келмади. Масалан, Азам Фармоновга нисбатан қўзғатилган 1-110/2006-сонли жиноят иши бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бўритош Мустафоев номига ёзилган назорат тартибидаги шикоятимга Олий суд жавоб бермади. Озода Ёқубова, »Эзгулик» ҳуқуқбонлик ташкилоти аъзоси Абдураҳмон Ташанов ва Азам Фармонов номидан ёзилган худди шу шикоятга ҳам Олий суд раисидан жавоб келмади. Мамлакатнинг энг нуфузли лавозимларидан бирини эгаллаб турган Бўритош Мустафоевнинг »Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги давлат қонуни йўқдай фуқаролар шикоятига жавоб бермаслигини тушуниб бўлмайди.

2015 йилда Ўзбекистонда Бош прокурор алмашди – 15 йил шу лавозимни эгаллаб турган, менинг ёзган шикоятларимнинг бирортасига ҳам жавоб бермаган Рашитжон Қодиров ўрнига ёш Ихтиёр Абдуллаев Бош прокурор этиб тайинланди. Бу кадр алмашувидан бирор ижобий нарса кутмаган бўлсам-да, мен 2015 йил 24 июньда куёвим Азам Фармоновга нисбатан қўзғатилган 1-110/2006-сонли жиноят иши бўйича И.Абдуллаев номига шикоят йўлладим. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси (ЖПК)нинг 522-527моддалари »Янги очилган ҳолат муносабати билан иш юритиш»га бағишланганигп ва Азам Фармонов ишида янги очилган ҳолат мавжудлигига янги Бош прокурорнинг диққатини қаратдим.

Олий судга ҳар куни юзлаб шикоят, ариза ва бошқа турдаги ҳужжатлар келиб тушади. Табиий, уларнинг ҳаммаси билан танишиш Олий суд раисининг иши эмас – у энг муҳим ишлар билан танишади. Келиб тушган ариза ва шикоятларни ўрганиш учун Олий судда ўнлаб олий юридик билимга эга бўлган, малакали юристлар гуруҳи ишлайди. Улар эса жиноят ишида янги очилган ҳолат мавжуд эканини билмаслиги мумкин эмас – ЯНГИ ОЧИЛГАН ҲОЛАТЛАР БЎЙИЧА ИШЮРИТУВ ЖПКнинг асосий бўлимларидан бири ҳисобланади! Ўз-ўзидан табиий саволлар туғилади: Нега Олий суд раиси ва Олий судда ишлайдиган юқори малакали юристлар Азам Фармонов ишида янги очилган ҳолат мавжудлигини кўришни исташмади? Агар мен кўрсатган янги очилган ҳолат ЖПКга зид бўлса, нега Олий суд мутасаддилари мазкур зиддиятни асослаган ҳолда менинг шикоятимга жавоб ёзишмади? Нега Олий суд раиси Ўзбекистон Республикасининг »Фуқаролар мурожаатлари тўғрисида» қонунига безбетларча тажовуз қилди?

Мазкур саволларга ЯГОНА ҳақиқий тўғри жавоб мавжуд, холос: Олий суднинг юқори малакали юристлари ҳам, Олий суд раиси ҳам 2006 йил 15 июньда жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар суди чиқарган ҳукм сохта ва, демак, ноқонуний эканини жуда яхши билишади – суд ҳукми аввал Сирдарё вилоят суди, кейин эса Олий суд томонидан тасдиқланган – бошқача айтганда, Сирдарё вилоят суди раиси ҳам, Олий суд раиси ҳам мазкур қаллобликка тенг шерик бўлишган! Шундай юқори лавозимли шахслар ўз айбини ўзлари ошкор қилишлари мумкинми? Йўқ, албатта!

2015 йил 24 июньда мен ЎзР Бош прокурори номига ариза ёздим ва жиноий ишда янги очилган ҳолат мавжуд эканлиги туфайли жиноий иш қўзғатишни илтимос қилдим. Менга №12/23-15-445 рақамли, 2015 йил 13 августда юборилган ҳамда Судларда жиноят ишлари кўрилишида прокурор ваколатини таъминлаш бошқармаси бошлиғи У.У.Муҳаммадиев имзолаган жавоб хати келди. Аризани юбориш ҳақида, деб номланган жавоб хати қуйидаги икки жумладан иборат ва у Сирдарё вилояти прокурори, адлия маслаҳатчиси Я.М.Очиловга юборилган:

Фуқаро Т.Ёқубов ва бошқаларнинг А.Фармоновга нисбатан бўлган жиноят ишини янги очилган ҳолат бўйича қайтадан кўриб чиқиш ҳақидаги аризалари кўриб чиқиш учун юборилмоқда. Натижаси ҳақида муаллифларга хабар беришингиз сўралади.

Хато қилмасдан айтиш мумкин-ки, мазкур хат Бош прокуратурадан Сирдарё вилоят прокуратурасига узоғи билан 4 (тўрт) суткада етиб борган, яъни менинг аризам Сирдарё вилояти прокуратурасига етиб борганига 1 (бир) йил 3 (уч) ойдан ошди. Қўзғатилган ҳар қандай жиноят ишида тергов ҳаракатларига муайян ва чекланган муддат ажратилади –  буни прокуратуранинг ҳар бир терговчиси яхши билади ва улар менинг ўргатишимга муҳтож эмас.        Табиий савол туғилади: Нега 1 (бир) йил 3 (уч) ойдан ошганига қарамасдан А.Фармоновнинг биринчи (№1-110/2006) жиноят ишида янги очилган ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган ёки қўзғатилмагани масаласи номаълумлигича қолмоқда? Бунга ажабланишнинг ҳожати йўқ – Ўзбекистонда ҳукумат идораси (Президент аппарати, прокуратура, МХХ, милиция, ҳокимият ва ҳоказо) шаънига ўз мурожаатлари (шикоят, ариза ва ҳоказо)да танқидий фикр билдирган фуқароларга бошдан-бош »ЖАВОБ БЕРМАЙСАН!!» деган тўсиқ қўйилганини ҳозир кўпчилик тушуниб етди. Бу тўсиқни Сирдарё вилоят прокурори Я.М.Очилов »ўзбошимчалик» билан айланиб ўтиши мумкинми? Йўқ – мумкин эмас! Бу – мамлакатда ҳукм сураётган умумий қоида! Бу қоидани ҳукумат мулозимлари камида 25 йилдан бери амалга ошириб келишмоқда!

Бош прокурор И.Абдуллаев биринчи жавоб хати билан мени илҳомлантириб юборган эди. Мен куёвимнинг иккинчи (2015 йил 1 май) жиноят иши №156673 бўйича ҳам Бош прокурорига шикоят ёздим (рус тилида, 12 ноябрь 2015 йил). Бу сафар ҳам менга Бош прокуратурадан жавоб келди (5 декабрь 2015 йил).  №24/12-15-9950 рақамли жавоб хатида менинг шикоятим Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, адлия маслаҳатчиси И.А.Палвановга юборилгани айтилади ва унда ушбуни ўқиш мумкин:

Для производства проверки и принятия мер направляется обращение Якубова Т. Прошу организовать тщательную и всестороннюю проверку всех приведенных доводов. О результатах прошу сообщить заявителю. Второму адресату для сведения. ПРИЛОЖЕНИЕ: на 4+1 листах.

Начальник отдела писем и обращений граждан, советник юстиции   Амиров Ш.Ш.

№12/23-15-445  ва №24/12-15-9950  хатларда назарда тутилган икки жиноят ишини таққосланса ер билан осмонча фарқни кўриш мумкин: тергови Я.М.Очиловга юклатилган жиноят ишининг салмоғи анча оғир, чунки янги жиноят иши қўзғатилиши, мен юборган шикоят ва ҳужжатлар ўрганилиши, тергов ҳаракатлари (ва ҳоказо) олиб борилиши керак. И.Палвановга жўнатилган хатда эса Қўнғирот туман суди (судья Д.Разов) чиқарган ҳукми қанчалик Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексига тўғри келиши ёки тўғри келмаслиги ҳақида бораётир, холос. Қўнғирот туман судининг судьяси Д.Разов чиқарган ҳукм нафақат қонунга хилоф, балки ўта бебурд экани яққол кўриниб турибди. Судья Д.Разов чиқарган ҳукмнинг бебурдлиги шу қадар равшан-ки, унинг бебурдлигини кўрсатувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодекси 51-моддасининг 6-қисмини “олиб қочиш”нинг асло имкони йўқ! Суд ишюритуви жараёнида судьялар ноқонуний ҳукм чиқариш мақсадида “олиб қочиш” усулини қўллаганларининг мен талай марта гувоҳи бўлганман.

Дарҳақиқат, мазкур модданинг мазкур қисмида: “Давлат айбловчиси қатнашган судда ҳимоячи қатнашиши ШАРТ” дейилган! “Давлат айбловчиси қатнашган судда ҳимоячи қатнашиши МУМКИН” дейилганда эди – бемалол “олиб қочиш” мумкин бўларди. 51-модда каби моддаларни БИР ВАРИАНТЛИ моддалар дейиш мантиқлидир. 2015 йил 1 май куни ўтказилган Қўнғирот туман судининг иштироқчилари кимлар бўлган? Мана улар:

Судда раислик қилувчи –  судья Д.Разов, суд котиби – Б.Тлеуберганов, давлат айбловчиси М.Давлатқиличев, айблов томоннинг гувоҳлари:  Давлатов Пархат Сапарбаевич, Абдимажидов Абдибет Алеутадинович, Джумагулов Суйишбек Тлегенович, Юсупов Дилшод Турамуратович, Торемуратов Собит Оташевич (барчаси УЯ 64/71 жазони ижро этувчи давлат муассасаси ходимлари) ва судланувчи Азам Фармонов.

ЎзР ЖПК 51-моддасининг 6-қисмида “Давлат айбловчиси қатнашган судда ҳимоячи қатнашиши ШАРТ” дейилиши қаёқда қолди? Нега қонунга мутлақо зид ҳолда ҲИМОЯЧИНИНГ ИШТИРОК ЭТИШИ ТАЪМИНЛАНМАДИ?!! Хулоса: Агар И.Палванов (ёки қўл остидаги бирор прокурор) Қўнғирот туман суди судьяси Д.Разовнинг 2015 йил 1 майда А.Фармоновга нисбатан чиқарган ҳукми билан астойдил танишганда эди, мазкур ҳукмни БЕКОР ҚИЛИШдан бошқа қарор қабул қила олмас эди ва ҳукмни бекор қилишга ярим соат вақт кетган бўларди, холос. И.Палванов, салкам бир йилдан бери нимани кутмоқда? Аслини олганда, И.Палванов ҳам, Я.Очилов ҳам ҳеч нарсани кутаётганлари йўқ – улар Ўзбекистонда камида 25 йилдан бери амалда бўлган »ЖАВОБ  БЕРМАЙСАН» деган буйруқни бажаришмоқда! Мазкур буйруқ сиёсатда, яъни давлат бошқарувида, »Мен бошлиқман – сен ахмоқ, сен бошлиқсан – мен ахмоқ» қабилидаги ЎЙИН дейилади. У ўйиннинг илмий номи эса МАЪМУРИЙ ФИРИБГАРЛИКдир. Қўрқмасдан айтиш мумкин-ки, Бош прокурор И.Абдуллаев ҳам, Сирдарё вилояти прокурори Я.Очилов ҳам, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори И.Палванов ҳам маъмурий фирибгарлик билан шуғулланишмоқда!

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Куёвим Азам Фармонов мутлақо айбсиз эканини мен исботлаганман, исботим эса Олий суд раиси Б.Мустафоев номига ёзилган шикоятда келтирилган. Менинг исботим Азам Фармоновга нисбатан қўзғатилган 1-110/2006-сонли жиноят ишнинг 3 (уч)та расмий ҳужжати – (1) Жиззах вилояти прокуратурасининг махсус ишлар бўйича терговчиси Қаҳҳор Маллаев қарори, (2) Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси катта терговчиси Бозорбой Қодиров қарори ва (3) жиноий ишлар бўйича Янгиер шаҳри судининг раиси Эркин Хидирбоев чиқарган ҳукмига асосланган. Мен жиноят ишининг юқорида айтилган учта ҳужжатидан бошқа бирорта ҳужжатдан фойдаланган эмасман. Шунинг ўзи қўзғатилган 1-110/2006-сонли жиноят иш сохта ва ноқонуний эканини яққол кўрсатади. Терговчилар Қ.Маллаев ва Б.Қодиров ўз қарорларида, судья Э.Хилирбоев эса ҳукмда А.Фармоновни товламачилик йўли билан Ўктам Маматқулов деган кимсадан тахминан 300 (уч юз) АҚШ доллари миқдорида пул олганликда айблайди ва, ҳатто, »товламачи» А.Фармонов »жабрланувчи» Ў.Маматқуловдан пул олаётган пайтда Жиззах вилояти прокуратураси ва милицияси ходимлари томонидан Гулистон шаҳрида НАҚД УШЛАНГАНини [русча: задержание с поличным] урғулайди.

Юқорида айтилган тергов ва судга тегишли 3(уч)та ҳужжатдан эса бевосита

(А): 2006 йил 29 апрельда Ў.Маматқулов томонидан А.Фармоновга пул бериш факти бўлмагани;

(Б): 2006 йил 29 апрельда терговчилар ва судья иддао қилган жойда  Жиззах вилояти прокуратураси ва милицияси ходимлари томонидан »товламачи» А.Фармоновни ҳеч қандай ушлаш операцияси (амалиёти)ни ўтказилмагани;

(В): А.Фармоновнинг хибс этилиши 2006 йил 29 апрель куни эрталаб терговчилар ва судья иддао қилган нуқтада эмас, Гулистон шаҳрининг бутунлай бошқа нуқтасида милиция ходимлари томонидан хибс этилгани;

(Г):  А.Фармонов хибс этилиб Гулистон шаҳар ички ишлар бўлимига олиб борилгандан кейин тергов ҳужжатларини тайёрлаш ишлари бошлангани келиб чиқади.

Мен исботимни Олий суд ёки Бош прокуратуранинг ихтиёрий мулозими олдида ҳимоя қилишга тайёрман. Барча керакли маълумотларни менинг блогим https://tolibyoqubov.wordpress.com дан топиш мумкин.

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

2016 йил 12 октябрьда Сиз киритган амнистия актини Ўзбекистон Республикаси Сенати маъқуллаганини мамнуният билан ўқидик. Бу амнистия акти кўплаб маҳкумлар озодликка чиқишига йўл очади, уларнинг оила аъзолари Сизга нисбатан дуода бўладилар, Сизга узоқ ва сермазмун умр, сиҳат-саломатлик, ўзбек халқи манфаати йўлида улкан ютуқларга эришишингизни тилайдилар – мен бунга ишонаман ва аминман. Мен ҳам дуода бўлганлар сафидаман. 76 ёшли кекса бир ўзбекистонлик сифатида менинг дуойим ижобат бўлишини Яратгандан сўрайман. Сиздан ягона тилагим: умрининг 10 (ўн) йилдан ортиқ даврини Жаслиқ қамоқхонасида ўтказган, қандайдир нопок одамларнинг найранги туфайли қамалган, мутлақо бегуноҳ куёвим Азам Фармонов Сиз киритган биринчи амнистия акти ёрдамида озодликка чиқарилишини Сиздан сўраб қолувчи

Толиб ЁҚУБОВман.

БОҒЛАНИШ  УЧУН:

+33(0)241667961     (Франция)

+998911938044  (Озода Ёқубова, Жиззах тумани, Тоқчилиқ ҚФЙ, Ҳамид Олимжон кўчаси, 51-уй)

15 октябрь, 2016 йил.            Франция.

Categories: МУРОЖААТНОМАлар | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.