ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЯНГИ РАҲБАРЛАРИ ДИҚҚАТИГА

Tolib YOQUBOV

Tolib YOQUBOV

Толиб ЁҚУБОВ

ЎЗБЕКИСТОННИНГ  ЯНГИ  РАҲБАРЛАРИ  ДИҚҚАТИГА

ёҳуд

ИСЛОМ  КАРИМОВ  МЕРОСИ – КОММУНИСТИК  ТУЗУМ  ВА  АТАМАЛАРДАН

ВОЗ  КЕЧИШ  ВАҚТИ  КЕЛДИ

(Тарих ва Таклиф)

1-қисм

Ислом Каримов 1989 йил июнида СССР Компартияси Сиёсий бюроси томонидан Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси (ЎзССР)нинг давлат раҳбари этиб тайинланганда ўзбек тилини мутлақо билмас эди.
У ўқув масканлари мактабни ҳам, институтни ҳам ва, ҳатто, Марксизм-Ленинизм университетини ҳам рус тилида битирган. Руслаштириш сиёсати авж олган пайтда раҳбарлар орасида рус аёлларига уйланиш мода эди. И.Каримов икки марта уйланди, аёлларининг иккаласи ҳам рус миллати (ёки руслашган, чала рус оила)дан бўлган. Яхши эсимда, руслашган ўзбеклар орасида (бошқа миллатлар орасида ҳам) раҳбарлик лавозимларини эгаллаш осон ва юқори эди. Ўз миллатининг тилини билмасдан давлатни бошқариш қийин эканини тушунган И.Каримов дарҳол Ўзбекистон Фанлар Академияси А.Навоий номли тил-адабиёт институтининг директори Бахтиёр Назаровни давлат маслаҳатчиси лавозимига ўтказди. Б.Назаров ўзбек тилини чала-чулпа ҳам билмайдиган И.Каримовни бир йил ичида чала-чулпа гапирадиган одам даражасигача олиб чиқди. И.Каримов ўлганига қадар ўзбек тилида чала-чулпа гапиришдан нарига ўта олмади. Унинг ўзбеклар ва Ўзбекистонга нисбатан муҳаббати шу қадар »юқори» эди. Мен бу гапларни ёш авлод 1989 йилда Москва томонидан Ўзбекистонга қандай шахс раҳбар этиб тайинланганини билиши керак, деган мақсадда ёзмоқдаман.

                Ислом Каримов қонун чиқарувчи орган Олий Мажлисга Ўзбекистон Конституциясининг (1992 йил 8 декабрь) 1-моддасини »Ўзбекистон суверен демократик республика» кўринишида қабул қилдиргани мамлакатда демократик ҳуқуқий давлат тузиш мақсади бўлганлигидан эмас, албатта. Ўша пайтда, 90-чи йиллар бошида, ҳамманинг, шу жумладан дунё демократик ҳамжамиятининг ҳам, нигоҳи СССРдан чиққан янги давлатлар қандай сиёсий йўлни танлайди, деган саволга қаратилган эди. Яхши эсимда, Саудия Арабистони (СА) раҳбарлари ўзларига диндош бўлган Ўзбекистон исломий давлат йўлини танлаши тарафдори эди. СА раҳбарлари амалий қадамларни ҳам қўйишди – икки йил ўзбекистонликлар учун ҳаж сафари бепул бўлди, САнинг Тошкентдаги элчихонаси орқали миллион дона Қуръони Карим бепул тарқатилди, И.Каримов САга сафар қилди, номоз ўқимаса-да, Каъба эшиги унга очилди, у САлик  ўзбек бойлари билан йиғин ўтказди ва уларга ўз сармояларини Ўзбекистон иқтисодига киритишни таклиф қилди. Бироқ, И.Каримов тез орада ниятидан қайтди ва диндор мусулмонларга қарши шафқатсиз уруш очди – қатор диний уламолар ўлдирилди, ўғирлаб кетилганлари бедарак йўқолди, минглаб ёш мусулмон йигитлар қамоққа ташланди. Хуллас, И.Каримов СА раҳбарлари таклиф этган йўлни танламади.

И.Каримов демократик ривожланиш йўлини ҳам танламади, чунки у ашаддий коммунист бўлиб, коммунистик ғоя унинг қон-қонига сингиб кетган эди. СССР коммунистик ғоя устига қурилган давлат бўлиб, унда Ғарб демократиясининг ҳатто »д»си ҳам йўқ эди. 80-чи йиллар охири ва 90-чи йиллар бошида коммунистик истибдодга қарши СССРда бошланган халқ ҳаракатларига И.Каримовнинг қарши чиқиши, коммунистик ғоя, СССР коммунистик давлат сифатида сақланишига тарафдор эканлиги ва Москвага содиқлигини ҳеч бўлмаганда унинг ушбу ҳатти-ҳаракатларидан англаш мумкин:

(а) 1991 йил 5 майда И.Каримов »Известия» газетаси мухбири Д.Орловга интервью беради. Эътибор қилинг – ўша пайтда СССРнинг қатор республикалари аллақачон ўз мустақиллигини эълон қилишган эди. Мухбирнинг »Сиз Ўзбекистоннинг мустақиллиги тарафдоримисиз ёки СССРни сақлаб қолиш тарафдоримисиз» деган саволига И.Каримов »Биз СССРдан чиқмаймиз, биз унга катта қийинчиликлар билан эришганмиз» деб жавоб берди;

(б) Шу санадан 3,5 ой ўтгач, И.Каримов 1991 йил 19 август куни Москвада уюштирилган (ГКЧП –  Государственная комиссия по чрезвычайным ситуациям) давлат тўнтаришини қўллаб-қувватлади. ГКЧП раҳбарлари айнан СССРни сақлаб қолиш учун давлат тўнтаришини уюштиришган эди. Давлат тўнтариши 21 августда бостирилади. Шундан 10 кун ўтгач, И.Каримов шоша-пиша Ўзбекистоннинг мустақиллигини эълон қилди;

(в) И.Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон депутатлар делегацияси Москвада ўтказилган СССР халқ депутатлари съездларида ўзини СССРпараст эканини шармандаларча намойиш қилди, коммунистик тузумга қарши мардонавор курашган академик Андрей Сахаровни ўзбекистонлик депутатлардан бири ҳақорат қилишига йўл қўйди;

(г) Ўзбекистон аҳолиси 1995 йил 1 апрельга қадар СССР Жиноят кодекси, Жиноят процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Фуқаровий кодекси, Фуқаровий процессуал кодекси ва бошқа кодекслар асосида яшади, СССР Жиноят ижроия кодексининг қўлланилиши эса 1997 йилгача давом этди;

(д) И.Каримов 1992 йил 16 январьда Тошкент студентлар шаҳарчасида студентларнинг тинч норозилик намойишини оттириб ташлади. Худди шундай хунрезликлар Бўка, Паркент, Наманган, Денов шаҳарларида ҳам содир этилди. 2005 йил 13 майда Андижон шаҳрида бўлган хунрезлик эса тарих саҳифаларига қора ҳарфлар билан ёзилди.

СИЁСАТ

 

                         Битта одам учун тузилган конституция Авторитар  Конституция (АК) дейилади. АКга демократик қадриятлар номига киритилади, бироқ унга амал қилинмайди. СССР Конституцияси ҳам АК бўлиб, у И.Сталин учун тузилгани ҳаммага маълум. АК давлат бошлиғига турли манипуляция (кўзбўямачилик, лўттибозлик)ни ишлатган ҳолда истаганча айни лавозимда қолишига имконият яратади. АҚШ Конституциясида »АҚШ фуқароси икки муддатдан ортиқ президент лавозимини эгаллаши мумкин эмас», деб ёзилган ва бу муддатни чўзишнинг имкони йўқ. Ўзбекистон Конституцияси »Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас» деб ёзилгани И.Каримовга 24 йил президент лавозимида ўтиришга имкон яратди. Гарчи Конституцияда президентлик муддатини референдум орқали узайтириш мумкин, деган ибора бўлмаса-да, И.Каримовнинг президентлик муддати икки марта референдум ўтказилиб чўздирилди. Ушбу ҳикмат тарихдан маълум: »Ҳокимият инсонни айнитади, мутлоқ ҳокимият эса мутлоқ айнитади» [Власть извращает человека, абсолютная власть извращает абсолютно]. 27 йиллик ҳукмдорлик И.Каримовни мутлоқ айнитди. И.Каримов 2000 йилда президент лавозимига даъвогар бўлмаганда, Ўзбекистонда эса ҳақиқий демократик тузум бўлганда эди, Андижон отилмаган, ўзбеклар Қирғизистонда қирилмаган, қўни-қўшнилар билан ёнқўшнилик алоқалари узилмаган, Ўзбекистон яккамахов давлатга айланмаган, БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари Комитети (ИҲК) йиғилишларида ва ЕҲХТнинг йиллик мажлисларида Акмал Саидов Ўзбекистондаги вазият ҳақида қип-қизил ёлғонни гапира олмаган, минглаб ёш йигитлар сиёсий ва диний мотивлар билан қамалмаган бўлишига мен мутлақо аминман.

Конституция ҳар қандай давлат ҳаётида ўта муҳим ҳужжатдир. У давлат ва халқнинг ҳақиқий юзини кўрсатади. И.Каримов Конституциясидан воз кечиш вақти келди, чунки у давлатнинг ҳам, ўзбек халқининг ҳам халқаро демократик ҳамжамият олдида юзини қора қилиб турибди. Аҳолиси Марказий Осиёда энг катта бўлган Ўзбекистон ривожланган давлатлар билан ҳисоблашишга, ҳамкорлик қилишга, демократик қадриятларни тан олишга маҳкум – ривожланишнинг бошқа йўли йўқ. Хусусий мулкчиликга кенг йўл очиш ва унинг даҳлсизлигини амалда таъминлаш ривожланишнинг асосий омили эканини Ўзбекистоннинг янги раҳбарлари тушуниб етишлари керак. Амалдаги Конституцияда халққа берилган эркинлик ва амалдаги бебурдликни ўнлаб моддаларда кўриш мумкин. Мас., 28-моддада »Ўзбекистон Республикаси фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир» дейилади. Мазкур модда оддий тилда айтганда, очликдан ўлаётган одамга бир тишлам нон бериб: »Бу бир тишлам нонни ейишинг мумкин, лекин ютмайсан, акс ҳолда жазоланасан» деган иддао билан теппа-тенгдир. Бу модда совет давридан қолган, И.Каримов президентлиги даврида оғишмай амалга оширилиб келинаётган ПРОПИСКА ва ОВИР институтларини ҳимоя қилишдан бошқа нарса эмас.

ПРОПИСКА – моҳиятан советлар томонидан фуқарони маълум бир жойга »михлаб қўйиш», уни доимий назорат остида ушлаб туриш учун киритилган эди. Ҳимояланмаган ҳар қандай инсон зулмдан қочади – инсон табиати шундай! И.Каримов эса бошдан-бош мамлакат аҳолисини доимий зулм исканжасида ушлаб туришни ўз сиёсатининг марказига қўйган эди. Буни – одамлар, аҳоли қочиб кетмаслиги учун қилинган бўлса керак! Прописка эса одамни бир жойга »михлаб қўяди» – паспортингда прописка бўлмаса қочиб бўпсан!! ОВИР (Виза ва қайдлаш бўлими) эса дунёда Ўзбекистон ва Шимолий Қурия давлатларидагина яйраб-яшнаб турибди, холос. Баъзи мамлакатлар раҳбарлари: »Биз дунёда энг ривожланган АҚШ, Буюкбритания, Франция, Германия, Япония ва Сингапурга тенглашмоқчимиз» дея фахрланишади, Ўзбекистон раҳбарлари эса мамлакат дунёда тенги йўқ зулмкор Шимолий Қурия билан бир сафда эканидан уялишмайди.

Мамлакат ҳудудида инсонлар ва товар (маҳсулот)нинг эркин ҳаракати давлат қанчалик эркин эканининг ўлчовидир. Прописка ҳукм сурган давлатда эса эркинлик ўлчови = 0 бўлиб, у на ривожланишга ва на халқаро обрўга олиб боради. Прописка мамлакатнинг ривожланиши ва халқаро обрўсини бир марта ўлдирса, ОВИР эса чалажон мамлакатни тамоман ўлдиради. И.Каримов мамлакат ривожланиши ва халқаро обрўсини атайлаб = 0 қилишга ҳаракат қилди – у Ўзбекистонда нафақат коммунистик СССРдан қолган прописка ва ОВИРни сақлаб қолди, балки мамлакат ҳудуди (йўллари)ни блок-постлар билан ҳам тўсиб қўйди – бу амалиёт ҳатто Шимолий Қурияда ҳам бўлмаса керак! Воқиф одамларнинг айтишича, уруш кетаётган Украинада блок-постлар сони Ўзбекистондаги блок-постлар сонидан 10 баробар кам экан. Уруш кетаётган Украинада давлат идоралари темир панжаралар билан ўралган эмас, дейишди воқиф одамлар. »Зато бизда тинч, осмонимиз мусаффо!» дея қичқиришмоқда ўзбекистонлик троллар, Украина эса, уруш кетаётганига қарамай, эркин ва ривожланган давлатлар сафига киришга интилмоқда.

                        Прописка ва ОВИРни юритадиган МХХ ходимлари катта »левый» даромаддан мосуво бўлсалар-да, Ўзбекистоннинг янги ҳукумати бу икки архаик (даққиюнусдан қолган) давлат сиёсатилан зудлик билан воз кечишлари керак.

 

ИҚТИСОД

 

1913 йилгача чор Россиясида 2 миллиондан ортиқ хусусий ер эгаси бўлган деҳқонлар ўз хўжаликларига эга бўлиб, улар етиштирган дон маҳсулотлари нафақат Россиянинг ўзини, балки бутун Европани ҳам бўғдой билан таъминлар эди. 1-жаҳон уруши даври (1914-1917 йиллар)да Россияда деҳқон хўжаликлари таназзулга учради. Ҳукумат ва халқ олдида »Нима қилиш керак?» деган савол кўндаланг бўлди. Турли сиёсий оқимлар ва партиялар ўз программаларини таклиф этишди. Коммунистлар доҳийси В.Ленин эса 1917 йил октябридаги давлат тўнтариши уюштиришидан олдин »Завод ва фабрикалар – ишчиларга!, »Ер – деҳқонларга!»» шиорларини илгари сурди. Давлат тўнтариши натижасида ҳокимият бошига келган В.Ленин ўзининг биринчи декрети билан хусусий мулкчиликни бекор қилди – деҳқонлардан ерни, хусусий завод ва фабрикаларни эса мулк эгаларидан тортиб олди. Россияда хусусий мулкчилик тугатилди, ер, завод ва фабрикалар »давлат» деган мавҳум, на қўли, на оёғи, на кўзи ва на қулоғи бор бир маҳлуққа топширилди.

Россияда РСДРП(б) [В.Ленин тузган ва бошқарган Россия социал-демократик ишчи (большевик)лар партияси]дан бошқа сиёсий партиялар ва уларнинг нашрлари таъқиқланди. Тез орада Россияда фуқаровий уруш ва очарчилик бошланди – миллионлаб одамлар ўлдирилди, халқ хўжалиги яксон бўлди. Россияда К.Маркс ғояларини амалда қўллаган В.Ленин янги иқтисодий сиёсат [НЭП – новая экономическая политика], яъни хусусий мулкчиликка йўл бериш сиёсатини олиб боришга мажбур бўлди. ХХ-асрнинг 30-чи йилларида СССРда И.Сталин томонидан қишлоқ хўжалигида коллективлаштириш, яъни ерга хусусий мулкчиликни бекор қилиб, деҳқонларни колхоз [»коллективное хозяйство» – коллектив хўжалик]ларга уюштириш сиёсати олиб борилди ва бу аксилинсон, аксилхалқ сиёсати СССР парчаланганча давом этди. Ер давлат тасарруфида бўлган совхоз [»советское хозяйство» – совет хўжалиги]лар эса колхозлардан ҳам илгари, 1918 йилдан бошлаб тузила бошлаган эди.

Аҳолисининг салкам 70%и қишлоқ шароитида яшайдиган Ўзбекистонда давлат бошига келган И.Каримов давлат зулмига асосланган самарасиз, коммунистик СССРдан қолган ер сиёсатини бир неча йиллар давом эттирди, у ерни халққа бергиси келмади, ерни давлат мулки сифатида сақлаб қолди. Бироқ, бу сиёсат узоққа чўзилиши мумкин эмас эди. И.Каримов ўзининг катта ички қаршилигига қарамасдан советларнинг колхоз ва совхоз системасидан воз кечишга мажбур бўлди. Бироқ у ич-ичидан коммунист бўлиб, »давлат мулки»дан бошқа мулк формаларини тан олмас эди. Нима қилиш керак? Қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган ер, уруғ, ўғит, ёқилғи, техника, кимъёвий дори ва бошқа ресурсларни давлат тасарруфидан чиқармасдан, »колхоз» ва »совхоз» сўзларини ишлатмасдан бирор бошқа иқтисодий система яратиб бўлармикин? Нега бўлмасин – бўлади! Сенга иқтисод фанлари доктори, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги илмий унвон ва илмий даража бекорга берилмаган-ку! Атрофингдаги кўзингга малайларча тикилиб »Нима қилайлик, хўжайин? Буюринг!» дея қўл қовуштириб туришганини кўрмаябсанми? Академик кўп ўйлаб ўтирмай »фермер хўжалиги» деган иқтисодий системани ўйлаб топди ва уни қишлоқ хўжалигига жорий қилди – сих ҳам куймади, кабоб ҳам, яъни ер давлат мулки бўлиб қолаверди, айни пайтда қишлоқ хўжалигида бир тийинга қиммат янги иқтисодий система яратилди. Бироқ, негадир қишлоқ хўжалигида »болалар меҳнати» ва »мажбурий меҳнат» атамалари пайдо бўлди. Бу атамалар И.Каримовга СССР давридан таниш эди – у КомПартиянинг Қашқадарё вилояти 1-котиби лавозимида ишлаганида совет шанбалик (субботник)лари ва мажбурий меҳнатнинг бошқа турлари авжида эди –  кўча супуришдан тортиб пахта теришгача бўлган мажбурий меҳнат оммавий равишда корхоналарнинг ишчи ва хизматчилари, мактабларнинг маъмурияти ва ўқувчилари, олий ва ўрта таълим ўқув юртларининг студентлари гарданига юклатилган эди. Мажбурий меҳнат ҳақида батафсилроқ фикр юритайлик. Шундай қилиб …

МАЖБУРИЙ  МЕҲНАТ

2-қисм

Яна такрорлайман: Аҳолини қишлоқ хўжалигида мажбурий меҳнатга жалб этиш Ўзбекистонда коммунистик СССР давридан қолган –  СССР даврида мажбурий меҳнат оммавий кўринишда эди. Ўзбекистонда ҳам аҳоли – ишчилар ва хизматчилар, мактаблар маъмурияти ва ўқувчилар, ўрта ва олий ўқув юртлари студентлари оммавий ҳашарларга, кўча супуришдан тортиб пахта теришгача ва, ҳатто, декабрь ойининг ўртасигача кўсак юлишга жалб қилинарди. Бошқача айтганда, мажбурий меҳнат Ўзбекистонга собиқ коммунистик СССРдан мерос бўлиб ўтди ва у И.Каримовнинг Ўзбекистон президентлиги даврида тўлиқ сақланди. Халқни мажбурий меҳнатга жалб қилишгина эмас, халқни мажбурий меҳнатга ЎРГАТИШ авторитар раҳбар учун алоҳида аҳамиятга эга –  мажбурий меҳнатга ўрганган халқ диктатурани сезмайди, унга қарши курашиш уёқда турсин, ҳатто сас ҳам чиқармайди. Ўзбекистоннинг ҳозирги шароитида давлат мажбурий меҳнатдан воз кеча оладими? Жавоб оддий: ЙЎҚ, ВОЗ КЕЧА ОЛМАЙДИ!! Сабаби …

АҚШнинг баъзи штатларида пахта етиштирилади ва пахта 100% машина ёрдамида териб олинади. АҚШда пахта етиштириш жараёни Ўзбекистондагига қараганда тубдан фарқ қилади –  унумдорликни ошириш мақсадида ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ўғитлаш, томчилаб суғориш, пахта терувчи мукаммал машиналар паркини яратиш, пахта далаларидан пахтани қайта ишлаш корхоналарига ташишни осонлаштириш учун уни терим пайтида тойлаш (ва ҳоказо) АҚШда »ипидан игнасигача» ишлаб чиқилган ва бу системада узилиш, ишдан чиқиш ёки бошқа бахтсиз ҳодисалар юз бермайди. Ўзбекистонда буларнинг бирортаси ҳам кўринмайди:

(а) Ерости шўр сувларни қочириш учун СССР пайтида амалга оширилган дренаж-зовурларнинг аллақачон »кўзи бекилиб» қамишзорга айланиб кетган;

(b) Тошкент трактор заводи (ТТЗ) пахта терувчи машиналарни ишлаб чиқаришни тўхтатганига анча йиллар бўлди. ТТЗ машиналари мукаммал бўлмаса-да, СССРнинг охирги йилларида Ўзбекистонда пахтанинг 60%гача қисми машиналар ёрдамида териб олинарди – ҳозир эса бу улуш 0%гача тушиб кетди;             (c) Пахтазорни ўғитлаш ва томчилаб суғориш ҳақида Ўзбекистонда гап ҳам йўқ. Мустақилликнинг илк йилларида Ўзбекистонга Исроил давлатидан бир гуруҳ мутахассислар келишди ва Жиззах вилояти, Пахтакор туманидаги »Самарқандқудуқ» совхози ерларида пахтазорни томчилаб суғоришни йўлга қўйишди. И.Каримов ҳукумати маҳаллий фермерларга бўлган муносабатини Исроиллик мутахассисларга қўлламоқчи бўлди. Эркин иқтисодга ўрганган Исроиллик мутахассислар бир кечада ватанига кетворишди;

(d) Асосийси – И.Каримов даврида ерни хусусийлаштириш ҳақида гап ҳам бўлган эмас. »Бирлик», »Эрк» ва »Озод деҳқонлар» каби мухолиф ташкилотларнинг ерни хусусийлаштириш зарурлиги ҳақидаги талаблари инобатга олинмади. И.Каримов бориб турган коммунист сифатида »ер – давлат мулки» деган сиёсатда қатъий турди;                                                                                                                                        (е) »Ер ўз эгасини топиши керак!» –  бу ўз вақтида И.Каримовнинг севган шиори эди. Бу шиорга учган одамлар ер хусусийлаштирилар экан, деб ўйлашди. Бироқ, коммунист доҳий В.Лениндан бошлаб ҳар қандай коммунист хусусий мулкчиликка тиш-тирноғи билан қарши бўлганини одамлар ҳали тушунмас эди. Халқимизнинг »Қон билан кирган жон билан чиқади» мақоли айнан коммунистларнинг хусусий мулкчиликка бўлган муносабатини англатади. И.Каримовнинг ташаббуси билан »деҳқон» атамаси демократик давлатлар раҳбарлари ва мутахассисларининг қулоғига ёқимли туюладиган »фермер» атамаси билан алмаштирилди. Ер фермерларга ижарага берилди, »Фермер хўжаликлари тўғрисида» деган қонун ҳам қабул қилинди. Мазкур қонунни ўқисангиз кўнглингиз айнийди – қип-қизил демагогия (лўттибозлик). CCCР пайтида колхозчи ва совхоз ишчисининг сиқиб сувини ичадиган, сўкадиган, урадиган, қамоққа ташлайдиган одам колхоз раиси, совхоз директори ва туман партия комитетининг 1-котиби бўлган бўлса, фермерларни сиқиб сувини ичиш, сўкиш, уриш, қамоққа ташлаш туман ҳокимига юклатилди.

(f) И.Каримов даврида ер эгасини ўзгартирмади, яъни ер давлатники бўлиб қолаверди. Унинг »Ер ўз эгасини топиши керак!» шиори аслида »Ернинг эгаси давлатдир!» дегани экан.

АҚШда ер хусусий мулк ҳисобланади – у сотилиши ҳам, сотиб олиниши ҳам мумкин. Хусусий мулк АҚШ конституциясига мувофиқ даҳлсиз ҳисобланади – уни зўравонлик билан тортиб олишнинг иложи йўқ. Агар, мас., Питер Смитнинг 100 гектар ери бўлса, у ернинг периметри (чегараси) бўйлаб бир неча жойларга »Бу ернинг эгаси Питер Смит, бу ерга рухсатсиз кириш мумкин эмас» каби ёзув битилган тўртбурчак тахтани қозиқ билан тиклаб қўяди. АҚШда тўппонча ва милтиқ каби қуроллар магазинларда сотилади – сотиб олинган қурол полиция участкасида қайддан ўтказилгач, уни бемалол олиб юриш ёки уйда сақлаш мумкин. АҚШда қуролга болани ёшулли одам билан, оддий одамни қароқчи-каллакесар билан тенглаштирувчи восита сифатида қаралади. Дарҳақиқат, ёшулли одам олдида бола, қароқчи-каллакесар олдида оддий одам турса, табиий, бола ҳам, оддий одам ҳам ҳимоясиз бўлади – ёшулли одам болани уриши ёки хўрлаши, қароқчи-каллакесар эса оддий одамни талаши ва, ҳатто, ўлдириши мумкин. Бола ва оддий одамда қурол бўлса, ёшулли одам ва қароқчи-каллакесар ўзининг қабиҳ ниятини амалга ошириши қийин бўлади. Америкаликларнинг фалсафаси ана шундай!

XVII-XVIII асрларда, ҳозирги АҚШ ҳудудларига Европа, Африка ва бошқа ҳудудлардан миллионлаб одамлар кўчиб бора бошлаган. Ҳали яхлит давлат бўлиб улгурмаган АҚШда билган номаъқулчилигини қилиш, яъни одамларни талаш, ўлдириш, хона-вайрон қилиш каби разилликлар билан шуғулланган гуруҳлар жуда кўп бўлган – »Ёввойи Ғарб» [Дикий Запад] ибораси ўша пайтлардан қолган атама ҳисобланади. Қуролланган кўпсонли бундай гуруҳларни йўқ қилишнинг бирдан-бир чораси уларни шафқатсиз отиб ўлдириш керак, деган қарорга келингач, полицияга қароқчи-каллакесарларни йўқ қилишда катта ҳуқуқлар берилади – қисқа тарихий давр ичида қуролли босқинчилар гуруҳлари ҳам, »Ёввойи Ғарб» атамаси ҳам барҳам топади. Ана шу анъана, яъни қурол сотиб олиш АҚШда ҳозиргача сақланган. Хусусий ерини тажовуздан қурол ёрдамида ҳимоя қилиш ҳам »Ёввойи Ғарб» давридан қолган, дейиш мумкин. Бироқ, АҚШда қурол сотишга қарши бўлган одамлар ҳаракати ҳам етарлича кучли. Айниқса XXI-асрда, турли давлат ва нодавлат ташкилотларига террористик ҳужумлар кўпайгач, бундай ҳаракатни жамият томонидан қўллаб-қувватлаш анча фаоллашди.

Нега мен бу гапларни ёзаётирман? Гап ернинг хусусий мулк бўлишининг афзаллиги ҳақида бормоқда. АҚШ каби ерга хусусий мулк сифатида қараладиган мамлакатларда қишлоқ хўжалиги мамлакат иқтисодининг асосий устунларидан бири ҳисобланади. АҚШнинг ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)и дунё ЯИМининг 20% ташкил этади. Таққослаш учун: Россиянинг ЯИМи дунё ЯИМининг бор-йўғи 1%ини ташкил этади, холос. Бу –  дунёдаги қуруқликнинг 1/7 қисмини эгаллаган, баҳайбат ҳудудга эга бўлган ва чексиз-саноқсиз табиий ресурсларга бой бўлган Россия ва унинг 1/10 ча келмайдиган ҳудудга эга бўлган АҚШнинг ЯИМлари таққослаб бўлмас даражада эканлигини кўрсатади. Аксарият ҳудудларида пахта етиштириладиган Ўзбекистоннинг ЯИМи ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Ер хусусий мулк бўдган давлатларда қатор соҳалар бўйича фермерга ёрдам берадиган ташкилотлар мавжуд бўлиб, улар йилнинг бошида фермер билан шартномалар тузишади. Мас., махсус тадқиқод институтлари дунё бозорларини астойдил ўрганиб чиқади ва шартнома имзоланган йилда қандай маҳсулотлар харидоргир бўлиши, қайси давлатларда маҳсулотингизга талаб юқори бўлиши ҳақида ўз прогноз (башорат)ини беради, фермер эса шу прогнозлар асосида ўз ишини ташкиллаштиради. Прогноз ўзини оқламаса, прогноз берган ташкилот фермерга товон (компенсация) тўлайди. Прогноз тўғри бўлиб чиқса ва фермер катта даромад қилса, у прогноз берган ташкилотга шартномада кўрсатилган маблағни тўлайди. Баъзи ташкилотлар ерни тайёрлаш масаласида ўз мутахассисларини фермерга консультациялар бериш учун унинг ихтиёрига юборади, мутахассислар фермерга янги технологияларни таклиф этади – барча ҳамкорлик ўзаро ишонч асосида олиб борилади. Эътибор қилинг – давлат фермер ва унинг ҳамкорларининг ишига аралашмайди, давлат фақат улардан солиқларни ўз вақтида тўлашни талаб қилади, холос. Ўзбекистонда 25 йил давомида буларнинг бирортасига қараб битта қадам ҳам қўйилмади.

ХУЛОСА:

Ўзбекистонда ер: 1) хусусий мулк; 2) у даҳлсиз; 3) давлат фермер фаолиятига аралашмайди; 4) фермер етиштирган маҳсулотини давлатга топширмайди, у маҳсулотини эркин бозорда сотади; 5) фермер давлат бюджетига солиқ тўлайди, деган қонун қабул қилиниши керак! ЧУНКИ:

(А) Ерни фермерга хусусий мулк сифатида берилиши коррупциянинг илдизини таг-томири билан йўқ қилади.

(Б) И.Каримовнинг »фермер хўжалиги» системасида эса фермер ҳамма нарсада – солярка (тракторлар учун), уруғ (экиш учун), кимъёвий дори (ерни кўпчитиш, ҳашаротларни ўлдириш учун), сув (экинни суғориш учун), ишчи кучи (ғўзани қатқалоғдан чиқариш, чопиқ ва чеканка қилиш, пахтани териш учун) – давлатга қарам қилиб қўйилгани сабабли мамлакатда коррупция ва зўравонлик ҳакалак отиб кетаверади.

(В) Мажбурий меҳнат ҳеч қачон тугамайди.

(Г) Мажбурий меҳнатни тугатиш учун янги ҳукумат қишлоқ хўжалигида алмисоқдан қолган коммунистик усуллардан воз кечиши, яъни ер хусусийлаштирилиши керак! Шундагина мажбурий меҳнатга ҳожат қолмайди!

(Д) Иқтисод фанлар доктори, Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги И.Каримов пахта етиштириш соҳасини ҳатто СССР пайтидаги даражада ҳам ушлаб тура олмади!

(Е) Ўзбек халқи ҳамда давлатни бошқарадиган раҳбарлар коммунистик ғоя ва коммунистик ишюритув утопия (хомҳаёл) эканини тушуниб етишининг вақти келди!

МАЖБУРИЙ МЕҲНАТДАН ҚУТИЛИШНИНГ  ЯНА БИР  ЧОРАСИ

 

                Мен бу чора ҳақида »Пиллачилик» номи остида бир мақола ёзган эдим. Қуйида келтирилаётган лавҳа ўша мақоланинг қисқартирилган бир қисмидир.              

                Мен иқтисодчи ҳам, сиёсатчи ҳам эмасман (13 йил “Бирлик” халқ ҳаракатининг аъзоси бўлганимни ҳисобга олмаганда). Иқтисодий масалалар бўйича ёзганларим ўзимнинг изланишларим эмас. Мен уларни ҳукумат томонидан тан олинмаган, қўллаб-қувватланмаган ва, ҳатто, И.Каримов даврида қатағон қилинган олимлар ва оддий ақлли одамлардан эшитганман. Ҳар қандай сиёсий тузум шароитида жамиятнинг у ёки бу соҳасига етакчилик қила оладиган шахслар етарлича мавжуд бўлади. У медицина бўладими, қишлоқ хўжалигими, таълим-тарбия ёки фан бўладими, ҳатто давлатни бошқаришми – фарқи йўқ – бундай одамларнинг бўлиши кимнингдир ирода-хоҳишига боғлиқ эмас. Бир соҳада кўпроқ, бир соҳада камроқ – фарқи шу, холос. Беш панжа баробар бўлмагандай, ҳар бир соҳада бундай шахслар асосий икки гуруҳга бўлинади: биринчи гуруҳни нияти тоза етакчилар ташкил қилса, иккинчи гуруҳ етакчилар эса нияти бузуқлардан иборат бўлади. Асосий масала шунда-ки, муайян соҳада етакчилик қилиш учун ким олдинроқ отилиб чиқади: нияти тоза одамми ёки нияти бузуғими? Бу айниқса энг катта соҳа-вазифа – давлатни бошқариш соҳасида ўта муҳимдир.  Сингапурда шундай одам Ли Куан Ю бўлган. У давлат бошига келгач, унинг яқин қариндош ва дўстлари бу вазиятдан ўз мақсадларида фойдаланиб қолмоқчи бўлишган. Ли Куан Ю буни сезгач, уларнинг ҳаммасини қамоққа ташлайди ва мамлакатда мисли кўрилмаган ислоҳотлар бошлайди. Сингапур кўп йиллардан бери дунёнинг энг бой ва фаровон давлатларидан бири, дея тан олинади. СССРнинг қулаши билан боғлиқ силсилалик 1989-90 йилларда Ўзбекистонни бошқариш мақсадида ҳаммадан аввал Ислом Каримов ҳаракат бошлади. Натижада Ўзбекистон хароб, ҳеч ким ҳурмат қилмайдиган мамлакатга айланди. Айтинг-чи, Ли Куан Ю ва Ислом Каримовнинг ниятлари қандай бўлган?

Мақоланинг “ИҚТИСОД” қисмида мен бир ибратли мисолда нияти тоза иқтисодчи ҳақида ёзмоқчиман. Эсимдан сал кўтарилган, 1989 йилмиди ёки 90-чи йилмиди, мен бир ёш (тахминан 30 ёшларда) ўзбек иқтисодчисининг маърўзасини эшитганман. Бу йигит катта бир йиғин олдида ўша замон учун ўта муҳим бўлган масала – пахта яккаҳокимлиги (монополияси)дан қутилиш йўлини кўрсатиб ҳам, исботлаб ҳам берди.                Унинг асосий ғояси Ўзбекистонда пахтадан бутунлай ёки деярли воз кечиб, мамлакатда ипак қурти боқишга урғу беришдан иборат эди. Совет даврида СССРда бир йилда 40 минг тонна пилла етиштирилган бўлиб, шунинг 30 минг тоннаси Ўзбекистонда, қолган 10 минг тоннаси Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбойжон ва Украинада ишлаб чиқарилган.  Мутахассисларнинг гапига қараганда, Ўзбекистонда қуёш радиацияси кучли бўлгани сабабли  тут баргида пиллақурти учун зарур бўлган модда сифатли бўлиб, шу сабабли сифат бўйича Ўзбекистонда етиштирилган пилла энг юқори навли бўлар экан.

Пилланинг пахтадан асосий фарқи шунда-ки, пилла қанча етиштирилмасин, унга бир ой, нари борса бир ярим ой астойдил меҳнат қилинади. Пахтага ўхшаб деярли бир йил эмас! Буни ҳамма билади. Иқтисодчининг ҳисоб-китоби бўйича Ўзбекистонда тут дарахти плантациялари уч баробар кўпайтирилса, етиштирилаётган пилланинг йиллик ҳажмини 100 минг тоннага чиқариш мумкин экан. Барги ипакқуртининг озуқаси бўлган тут дарахти асосан йўл четларида ўсиши, унинг барг массаси 40 минг тонна пилла етиштиришга етиши, пахтадан деярли воз кечишни ҳисобига беҳисоб ер майдонлари бўшаши ва бу ерларнинг бир қисмида тут плантацияларини барпо этиш мумкинлигини ҳисобга олинса, Ўзбекистонда йилига 100 минг тонна эмас, балки 200 ва ҳатто 300 минг тонна пилла етиштириш мумкин бўлади. Мустақиллик йилларида пиллақурти боқиш даври уркалтак-суркалтак остида ўтадиган бўлиб қолди. Қурт уруғини хонадонларга тарқатадиган одамлар хонадонма-хонадон юришиб, аввал ялиниб-ёлвориб, кейинроқ дўқ-пўписа  билан, мажбурлаб 1 грамм, 2 грамм пиллақурти уруғи ташлаб кетар эдилар. Мен бу ахволни ўзим туғилиб-ўсган қишлоғим мисолида яхши биламан. Одамларнинг пиллақурти боқишдан юз ўгириши давлат меҳнатга муносиб ҳақ бермаслигидан эди. Бу лойиҳанинг қандай афзалликлари бор?

  • Сув миқдори, майдон сатҳи, техника ва ёқилғи тежалиши афзаллиги

 

Пахта миллионлаб гектар майдонни, қиш давомида яхобсув ҳамда баҳор, ёз ва кузнинг беш ойи мобайнида тинимсиз суғоришга кетадиган сувни талаб қилади. Пилла қурти “сув ичмайди”, тутлар эса ҳатто ташландиқ ерларда, йўл чеккаларида ҳам ўсаверади. Тут плантацияларини суғорган тақдирингизда ҳам ишлатилган сув миқдори пахта етиштиришга сарфланадиган сувдан тенгсиз даражада кам бўлади. Бундай шароитда асосий ютуқлардан бири – беҳад катта ер майдони бўшайди ва бу майдонни мамлакатнинг яна икки бойлиги учун, яъни сердаромад мевали дарахтлар ва полиз эканларига ажратиш мумкин. Бу ҳолда ер, сув ва ҳаво экологияси сўзсиз соғломлашиши тушунарли бўлса керак. Пахтазорни ёппасига бостириб суғориш барҳам егач, ерости шўр сувларининг кўтарилиши ва бунинг оқибатида ернинг шўрланиши ҳам барҳам ейиши ўз-ўзидан аёндир. Пахта етиштириш мутлақо ёки деярли бўлмаган шароитда ерни ҳайдайдиган, чигит экадиган, ғўзага ишлов берадиган, терилган пахтани пунктларга ташийдиган техника воситалари, асосан тракторлар ва уларга сарф бўладиган ёқилғига эҳтиёж бўлмайди. Кейинги йилларда Марказий Осиё минтақасида сув муаммоси давлатлараро жанжал даражасига кўтарилмоқда. Мамлакатга сув келадиган асосий дарёлар Аму ва Сир йилдан йилга саёзлашиб бормоқда. Қишлоқ хўжалиги асосан пахтачиликка қаратилган Ўзбекистон вақти келиб бу соҳани ўзгартиришга, тўғрироғи, ундан қисман воз кечишга мажбур бўлиши мумкин. Сувга зориқмаслик йўлларидан бири эса қишлоқ хўжалигини айнан пиллачилик, деҳқончилик ва боғдорчиликка йўналтиришдир.

Меҳнат ва вақтнинг кескин тежалиши афзаллиги 

 

Пахтачиликка қараганда пиллачиликда сарфланадиган меҳнат ва вақт ўн, балки юз баробар кам бўлишини исботлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Пилла қурти боқишда ҳамма операциялар (тут шохларини кесиш, новдадан баргларни ажратиш, баргларни пиллақурт қўйилган сўкичаклар узра яйратиб чиқиш, пиллақурти пилла ўраши учун шувоқли даста босиш ва ҳатто дастадан пиллани териш)ни механизациялаш қийин эмас. Пиллақурти боқишда аҳолини ташвишлантирадиган бир жиҳат шу-ки, илгари мамлакатда пиллақурти боқиладиган махсус бинолар қурилмаган ва бунинг учун оилалар бир ойга ўз яшаш хоналарини бўшатишга мажбур бўлганлар. Иқтисодчининг айтишича, пиллақурти боқиш учун махсус бинолар қурилгани афзал: биринчидан, бу биноларда иссиқлик режимини бир меъёрда ушлаб турувчи электр мосламалар ўрнатиш мумкин (ипакқурт иссиқлик ўзгаришига жуда таъсирчанлиги, ҳаво ҳарорати тасодифан пасайиб кетганда қуртлар қирилиб кетиши эҳтимоли катта бўлиши ҳаммага маълум). Пилла кампанияси ўтгач, бўш турмаслиги учун мазкур бинолардан пилла, мева ва сабзавотларни қайта ишлаш ёки сақлаш омборлари сифатида фойдаланиш мақсадга мувофиқ эканлиги ўз-ўзидан аён. Бундай биноларнинг қурилиши оилаларни ўз уйларини қурт боқиш учун бўшатиш азобидан халос қилади.

Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг бўлмаслиги афзаллиги

Ўзбеклар учун бу проектда энг буюк афзаллик болалар меҳнатининг бўлмаслигидир, болалар ғўза чопиғига ҳам, пахта теришга ҳам, пилла боқиш ва теримига ҳам жалб қилинмайди – болалар мактабда бўлади. Бир пайтлар ўзбеклар баланд бўйли, серқомат одамлар бўлгани ҳақида ёзилган манбаълар бор. Ҳозирги пайтда бу параметрлар бўйича ўзбеклар кўп халқлардан орқада – ўзбек болалари таборо майдалашиб бормоқди. Мол боқувчи халқлардан фарқли ўлароқ ўзбек пахтакори йил давомида энгашиб ишлайди: ер чопади, ғўзани ўтдан тозалайди, чеканка қилади, пахта теради ва ҳ. Бу жисмоний ҳолат одамда ўзига хос зеҳният, қуллик психологиясини шакллантиради. Ноэркин жамият шароитида, ҳукумат томонидан болаларни пахта майдонига ҳайдаб чиқариш, хўрлаш, нормал овқат ва сувдан маҳрум қилиш бу психологияни чуқурлаштиради. Пахта монополиясини йўқ қилиш ўзбек болаларини қуллик психологиясидан қутқариш йўлларидан биридир.

Иқтисодий афзалликлар

 

Мен айтаётган иқтисодчи ўша маърузасида қатор рақамлар ва жадваллар воситасида 100 минг тонна пиллани мамлакатнинг ўзида қайта ишлаб, чет эллардан энг илғор ипак ип йигириш машиналарини сотиб олиб, ипак иплар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, улардан рақобатбардош матолар, кийим-кечак ва бошқа буюмларни ишлаб чиқариб, уларни дунё бозорига киритиб даромад қилинса, бир гектарга ҳам пахта экмасдан Ўзбекистон эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш мумкинлигини исботлаб берди. Мазкур лойиҳа амалга ошишининг ягона шарти сифатида иқтисодчи ҳар бир килограмм етиштирилган пилла учун меҳнаткашга бозор нормалари даражасида ҳақни ўз вақтида тўлашни лозимлигини айтиб ўтди.      Мустақиллик йилларида ҳукумат ва аҳолининг пиллага муносабати қандай бўлди? Бу масалага мен юқорида қисқача тўхталдим. Пиллачиликда замонавий ислоҳотлар ўтказиш лозимлиги ҳукумат, тўғрироғи пилла мафиясининг хаёлига ҳам келган эмас. Ипакқурти боқиш масаласида совет ва мустақиллик даврларини таққосласак, ипакқурти боқиш кўлами ер билан осмонча фарқ қилади. Менинг ёшлик пайтларимда қишлоғимизнинг деярли барча хонадонида пиллақурти боқилар эди. Албатта, совет даврида мажбурий меҳнат амалда бўлганини ҳисобга олсак, ҳондонларнинг бир қисми бу иш билан мажбуран шуғулланган бўлса керак.  Бироқ, кекса отахон ва онахонлар ёшларга: “Пилла бир ойлик иш, бир ой кўз юмиб очгунча ўтиб кетади, бир ой қаттиқ меҳнат қилсанг, мўмайгина ҳақ оласан, бир ёнинг бут бўлади” дея ўгит қилишар эди. Пилла териш пайтида пилласи етилган хонадонга атрофдаги барча хонадонлар бола-чақаси билан ҳашарга чиқар эди. Мустақиллик йилларида аҳолининг пиллачиликка муносабати тубдан ўзгарди. Пилла мафияси пилла топширган одамларга ҳақини йиллаб тўламади. Бор-бора одамлар пиллақурти боқишдан бош торта бошлашди. Ҳукумат қўрқитиш йўлига ўтди, бу ҳам кўнгилгидай натижа бермади. Одамлар бир бирига: “Пилла қурти олавер, ҳеч бўлмаганда ўтинликка шох-шабба йиғиб оласан-ку!” дейдиган бўлишди. Охирги чора сифатида ҳукумат бу вазифани фермерлар гарданига юклади. Оддий хонадондан фарқли фермернинг йўқотадиган нарсаси кўп, уни ҳукумат бир зумда хонавайрон қилиши мумкин. Шундай қилиб Ўзбекистонда пиллачилик соф репрессив сиёсат гирдобига тушди. Табиий, бундай шароитда бу соҳа ривожланишнинг энг орқа сафларида бўлиб қолаверади.

Дунёда ким қанча пилла етиштиради?

 

Интернетнинг хабар беришича ҳозирги пайтда пилла етиштиришда энг илғор давлат Хитой бўлиб, у йилига 500 минг тонна пилла тайёрлайди. Бу – дунёда етиштириладиган пилланинг 70% дир. Иккинчи ўринда Ҳиндистон – бу мамлакатда бир йилда 125 минг тонна пилла ҳосили олинади. Ўзбекистон бу қаторда учинчи ўриндадир – унинг йиллик “улуши” 22-25 минг тонна. Бразилия ва Вьетнам каби “пиллакор” мамлакатларда бор-йўғи, мос равишда, 14 минг ва 13 минг тонна пилла етиштирилади, холос. Дунёда пиллачилик билан шуғулланадиган мамлакатлар 40 тагача боради. Мато тўқишга тайёр ипак ипини энг кўп сотиб оладиган мамлакат Италия, киши бошига энг кўп ипакли мато “истеъмол” қиладигани Япония, дунёда энг кўп ипак мато ва кийим сотиб оладигани эса АҚШ экан. Ва ниҳоят, ҳозирги пайтда дунё бозорида 1 (бир) kg пилла ипининг нархи $32 эканини айтиб ўтсак зиён бўлмайди. Бошқача айтганда, ипак, ундан тўқилган ва тикилган буюмларнинг дунёда бозори “чаққон”лиги шўбҳасиздир. Демак, Ўзбекистон ўз иқтисодини асосан пиллачиликка қаратса ютса ютали, асло ютқазмайди. СССР даврида Марғилон ипак матолар тўқиш фабрикаси машҳур эди. Унинг маҳсулотларини ўзбек хотин-қизлари ҳам севиб харид қилишарди. Қаёққа қараманг устида атлас либос лов-лов товланган хотин-қизларга кўзингиз тушарди. Ўзбек атласи фақат Ўзбекистонда эмас, анаънавий пилла етиштирадиган мамлакатларда ҳам машҳур эди. Ипак матолар энг табиий маҳсулот (ипакқурти тут баргини истеъмол қилиб, ўз организмида етиштирган ипак моддаси) бўлгани учун бўлса керак, ипак матолар, хусусан марғилон атласи, дунё аёлларининг севимли кийимлиги бўлиб қолаверади.

Пиллачиликни ривожлантириш пахтачиликдан бутунлай воз кечиш деганими?

 

                Фикримча, пахтадан тамоман воз кечиб бўлмайди. Пахтанинг ўз ўрни бор: медицинани пахтасиз тасаввур этиш қийин, эркакларни шойи либосда кўриш эришли, билишимча Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам эркакларни шойи матолардан узоқ бўлишга, кўпроқ дағал матолардан тикилган кийим кийишга даъват қилганлар. Ўзбекистоннинг иқлими шароитида эркак кишининг пахтали оқ матосидан тикилган кўйлак кийиши айни муддаодир. Одам гигиенасининг ажралмас қисми бўлган сочиқ ҳам пахталик бўлгани маъқул.

Иқтисодни пиллачилик томон буриш ҳам бир зумда бўладиган иш эмас – бунга йиллар кетиши аниқ. Пилла етиштириладиган махсус, кўпфункционал биноларнинг оптимал вариантларини ишлаб чиқиш, уларни қуриш, аста-секин тут плантациялари сатҳини кенгайтириш, пилла етиштиришдаги барча операцияларни бажара оладиган машиналарни лойиҳалаш ва уларни ишлаб чиқаришни ташкил қилиш, пилла ва пахта етиштирадиган ҳақиқий, эркин, мустақил фермерлар синфини шакллантириш, мазкур фаолиятларнинг меъёрий-ҳуқуқий қонунларини ишлаб чиқиш ва ҳаётга жорий қилиш – анча-мунча вақтни талаб қилади. Асосийси, мен мақола бошида айтиб ўтган ёш, холис, узоқни кўра биладиган иқтисодчилар мамлакатда ҳали сақланиб қолган бўлса, уларни уюштириш, давлат томонидан уларга илмий ва амалий ишлар қилиш учун барча шароитларни яратиш, улар мазкур лойиҳанинг жамият ривожига тенгсиз катта ҳисса қўшишини халқ орасида оммавий ахборот воситалари ёрдамида тарғиб қилишлари учун имкониятлар бериш лозим бўлади.

Мақолани ёзишим давомида мен бир таниш фермер билан боғландим ва унинг фикрини сўрадим. Танишим мақола ғоясини тўлиқ қўллаб-қувватлади ва ўзининг таклифини киритди. У тут плантациялари ташкил қилишда тутлар орасини 4 метр қилиб экиш ва плантацияни деҳқонларга бўлиб бериш керак, деди. Тутлар шу тариқа экилса, улар орасида полиз экинлари экиш имконияти бўлади, деди у. Унинг фикрича деҳқон плантация нормал ривожланиши учун жавобгар бўлиши, тутлар орасида эса полиз экинларини етиштириши, даромадидан давлатга солиқ тўлаши, етиштирган маҳсулотини ўзи сотиши, плантация яқинида ўзига кичик бир хонадон ёки шийпон қуриши ҳуқуқига эга бўлиши керак. Битта катта плантация бўлиб берилган бир неча деҳқонларга кичик бир ширкатга бирлашиш, ўз маҳсулотларидан консерва, қуритилган қовун ва мевалар, турли шарбатлар ва бошқа неъматлар тайёрлаш учун мини-завод қуриш, тайёр маҳсулотни чет элларга чиқариш ва бошқа имтиёзлари берилиши керак.

Яна такрорлайман. Янги ҳукумат Ўзбекистонни ривожланган давлатлар сафига олиб чиқмоқчи бўлса, у коммунистик СССР ва ашаддий коммунист И.Каримовдан қолган эски иқтисодий сиёсатдан кескин воз кечиши керак.

            ДЕМОКРАТИК ДУНЁДА – ПОЛИЦИЯ,  ЎЗБЕКИСТОНДА – МИЛИЦИЯ

3-қисм

 

                »Милиция» атамаси асосан дунёдаги энг репрессив давлатларда ишлатилган (хусусан СССРда ҳам). Барча демократик давлатларда бу атама ишлатилмайди. СССР коммунистик блокидан ажралиб чиққан Польша, Чехия, Болгария, Руминия, Словакия, Сербия, Хорватия, Словения (ва бошқа) ҳамда СССР парчалангач, мустақилликка эришган Литва, Латвия, Эстония, Молдова, Грузия, Арманистон, Қозоғистон ва, ҳатто, Туркманистон ҳам »полиция» атамасига ўтишди. Россия ва Украинада »полиция» атамаси яқинда жорий қилинди. Адашмасам, собиқ СССРдан чиққан Ўзбекистон, Тожикистон, Белорусия ва Озарбойжон »милиция» атамаси ҳанузгача кучида турибди –  ҳаммаси репрессив мамлакатлар. Қирғизистон »полиция» атамасига ўтиш серхаражат, давлат камбағал бўлгани учун бу ишни кейинга суриб келаяпти. Ҳуқуқ-тартибот органи ҳисобланган милиция (ва полиция)га давлатнинг ички хавфсизлигини таъминлаш вазифаси юклатилади. Мамлакатда ички хавфсизлик таъминланса, аҳоли тинч яшайди, одамлар ҳадиксирамай ухлайди, атрофдан болалар кулгуси эшитилиб туради, иқтисод соатдай ишлайди, ҳамма билиб-билиб ўз ишини қилаверади. Бундай ҳолатни демократик давлатларда кузатиш мумкин. Қизиғи, демократик мамлакатларда ички хавфсизликни таъминлайдиган полиция ходимлари кўча-кўйда кўринмайди – эрталабдан кечгача кўчада юрсангиз ҳам полиция ходимига кўзингиз тушмайди. Бироқ, полиция участкасига телефон қилсангиз полиция машинаси узоғи билан 5 (беш) минутда айтган ерингизга етиб келади. Аҳён-аҳён кўчада биқинига »police» деган сўз ёзилган машинани кўришингиз мумкин, холос.

Нега Ўзбекистон »полиция» атамасига ўтмади? –  деган табиий савол туғилади. Бир муҳим фактни кўпчилик билмайди. 90-чи йиллар бошида демократик Ғарб Ўзбекистонни демократия томонга буриш мақсадида катта умидлар билан йирик грантлар ажрата бошлади. Шундай давлатлардан бири Франция бўлиб, у ўзининг  Тошкентдаги элчихонаси орқали ўзбек милициясига форма (устки ва бош кийим ҳамда пойафзал), резина калтак (дубинка) ва бошқа эҳтиёжлар учун Ўзбекистон ҳукуматига катта грант ажратди. »Миннатдор» ҳукуматимиз ўзбек милицияси формасини француз полицияси формасига ҳасан-ҳусандай ўхшаш қилиб тикдирди. Бошқача айтганда, милицияни кийинтириш ва жиҳозлаш учун ҳукумат бир тийин ҳам харажат қилмади – ҳаммаси текин бўлди. Бироқ, Ўзбекистон »полиция» атамасига ўтмади. Сабаби оддий: СССР пайтида »милиция» сўзи одамларни қўрқувгв соларди, одамлар хархаша қилаётган боласини »Ҳозир сени милицияга бервораман» деб қўрқтишар эди. Зулмга асосланган ҳар қандай сиёсий тузумда  қўрқув халқни итоатда ушлашнинг асосий қуроли ҳисобланади. Бу қурол ишлаши учун, яъни ундан халқ қўрқиб яшаши учун, у демократик давлатлардагидек кабинетларида ўтириб ишлаши ва фақат одамлар чақиргандагина кўчага чиқиши лозимлиги эмас, балки ҳамма вақт кўчада тўда-тўда бўлиб юриши керак. Ўзбекистонда, айниқса катта шаҳарларда, милиция ходими ўқишга кетаётган (ёки ўқишдан қайтаётган) болалар ва студентлар каби кўча рамзига айланган – қаёққа қарасанг кўзинг милиция ходимига тушади, улар кўчада якка ҳолда эмас, иккитадан, учтадан, …дан бўлиб туришади.

И.Каримовнинг 24 йиллик  президентлик даврида жамият равнақи учун ўта зарур бўлган учта асосий: »Милиция тўғрисида», »Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида» ва »Ўзбекистон Республикаси президенти импичменти тўғрисида» деган қонунлар қабул қилинмади. Ҳуқуқшунос юристлар »ҳуқуқий майдон» [правовое поле] атамасини кўп ишлатишади. Маъноси: давлатнинг ҳар қандай ташкилоти, мамлакатнинг қонун чиқарувчи парламенти шу ташкилот ҳақида қонун чиқармагунча, бу ташкилот ноқонуний ҳисобланади, яъни у ҳуқуқий майдондан ташқарида бўлади – бошқача айтганда бу ташкилотнинг фаолияти, қабул қилган ҳужжатлари (қарорлар, тузилган шартномалар ва ҳоказо) ноқонуний ҳисобланиб, улар сўзсиз бекор қилиниши керак. Ўзбекистонда прокуратура, суд, божхона, солиқ системаси (ва бошқалар) тўғрисида қонун қабул қилинган ва улар, яхшими-ёмонми, ҳуқуқий майдонда фаолият юргизмоқда. Милиция ва МХХ тўғрисида қонун қабул қилинмаганлиги қандай мудҳиш оқибатларга олиб келганини Жиноят-процессуал кодекснинг 345-моддаси (Дастлабки терговнинг мажбурийлиги) яққол кўсатади. Мазкур моддага кўра Жиноят кодексининг  150-163, 182, 223, 248-моддаларида назарда тутилган жиноятларга оид ишлар бўйича дастлабки тергов МХХ терговчилари, 104-113, 120, 122, 123, 127, 130-135, 137-140, 164-166, 168-174, 176-181, 184, 185, 185-1, 188-192, 213, 214, 222, 224, 226-229, 243, 247-250, 259-263, 266-278- моддаларида назарда тутилган жиноятларга оид ишлар бўйича, шунингдек вояга етмаганлар содир этган барча жиноятларга доир ишлар бўйича дастлабки тергов ички ишлар терговчилари томонидан олиб борилади. Бундан ташқари, 167, 244-1, 244-2-моддаларида назарда тутилган жиноятларга оид ишлар бўйича дастлабки тергов ишни қўзғатган орган томонидан олиб борилади.

МХХ ва милиция ҳуқуқий майдондан ташқарида, яъни ноқонуний ташкилотлар бўлгани учун бу давлат органлари қўзғатган жиноят ишлари ноқонуний қўзғатилган дея баҳоланади ва, демак, мазкур жиноят ишларининг барчаси бекор қилиниши, жиноят иши фигуранти сифатида қамалганлар дарҳол озодликга чиқарилиши, оқлаш (реабилитация) амалиёти ўтказилиши, келтирилган моддий ва маънавий зарар қопланиши ҳамда ноқонуний жиноят ишларини қўзғатишда қатнашган барча МХХ ва милиция органлари мулозимлари жазога тортилиши керак. МХХ ва милиция тўғрисида қонунларнинг йўқлиги минглаб инсонларнинг қамалиб кетишига, қамалганлар оилалари мисли кўрилмаган жисмоний ва маънавий азобларга учрашига ҳамда моддий йўқотишларига  сабаб бўлди. И.Каримовдан кейинги раҳбарларнинг ҳуқуқ-тартибот органлари МХХ ва милиция масаласида қўядиган дастлабки қадамлари: 1) МХХ ва милиция тўғрисида қонунлар қабул қилиши; 2) камида 25 йил давомида мазкур икки ташкилот қўзғатган жиноят ишларини бекор қилиши; 3) махсус комиссия барча қўзғатилган (бекор қилинган) ишларни қайтадан кўриб чиқиши; 4) Ўзбекистонда милицияни полиция системасига ўтказишидан иборат бўлиши лозим. Бошқача айтганда мазкур ҳуқуқ-тартибот органларида сифат ўзгариши юз бериши, яъни улар инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилувчи, аҳолини ҳар қандай қўрқитишдан холи бўлган профессионал ходимлардан иборат ташкилотларга айланиши лозим.

Посткаримов раҳбарларда Ўзбекистонни дунё ҳурмат қиладиган ҳуқуқий давлатга айлантириш истаги бўлса, у ҳолда қонун чиқарувчи Олий Мажлис МХХ ва милиция тўғрисидаги қонунлар билан бир қаторда »Ўзбекистон Республикаси президенти импичменти тўғрисида» деган қонунни ҳам қабул қилиши, Сенат эса мазкур учта қонунни тасдиқлаши керак. Сўзсиз, импичмент тўғрисидаги қонун президентликни орзу қилган ҳар қанлай шахсни хушёр тортишга ундайди.

СУД  СИСТЕМАСИ

Давлатнинг прокуратура, милиция, МХХ, суд, солиқ инспекцияси, божхона (ва бошқа) кучишлатар органларини тартибласак, суд системаси биринчи ўринда туриши керак. Сабаби оддий: СУД ДАВЛАТНИНГ АДОЛАТНИ ТИКЛОВЧИ ОХИРГИ ОРГАНИДИР! Прокуратуранинг иккита функцияси бор – 1) фуқаро ҳуқуқини ҳимоя қилиш (асосий функция); 2) фуқаро жиноят содир этган бўлса – жазолаш. Бироқ, прокуратура адолатни тикловчи охирги инстанция (орган) эмас. Милиция, МХХ, суд, солиқ инспекцияси, божхона ва бошқа органлар ҳам худди шундай! Фуқаро адолат излаб милиция, МХХ, суд, солиқ инспекцияси, божхона ва бошқа органлар эшигини қоқавериши, бироқ адолатни топа олмаслиги мумкин. Авторитар давлатларда, хусусан Ўзбекистонда, айнан ана шундай ҳолат кузатилади. Охир-оқибат фуқаро судга мурожаат қилади. Адолатни тикловчи орган суд эканини ҳатто IV-асрда яшаган Римлик файласуф Августин Аврелий ҳам тушунган – унинг »Адолат ва одил суд бўлмаган шароитда давлат қароқчилар тўдасига айланади» деган ҳикмати ҳозиргача кучини йўқотган эмас. Узоқ йиллар давомида биз Ўзбекистонда ушбу тартибни кузатдик: МХХ, прокуратура, милиция, солиқ инспекцияси, божхона, …, суд! Яъни, суд бизнинг кўз ўнгимизда МХХ, прокуратура, милиция, солиқ инспекцияси, божхона (ва бошқа) каби кучишлатар органларининг югурдаги сифатида гавдаланди.

Ушбу мақолани ёзаётганимда мен Ўзбекистон Республикасининг »Судлар тўғрисида» қонунини яна бир бор кўздан кечириб чиқдим. Ўқисангиз мазза қиласиз! Қусиб юбормаслик учун фақат иккита моддани келтиришга кучим етди, холос. Мана улар:

»3-модда. Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади»!

»4-модда. Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловниамалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади»!

Таажжуб, демократик давлатларда прокуратура, полиция, миллий хавфсизлик хизматлари, солиқ инспекцияси, божхона ва бошқа кучишлатар органлари ҳақида гап кетганда биринчи навбатда мазкур ташкилотларнинг оддий фуқарога нисбатан одиллиги ва барча фаолиятини қонунлар асосида юритишлари эътиборга олинади. Юқорида келтирилган  3-моддадаги »фақат» сўзига қараганда Ўзбекистоннинг   прокуратура, милиция, МХХ, солиқ инспекцияси, божхона ва бошқа кучишлатар органларига одиллик хос хусусият эмас экан! Одиллик фақат судга хос хусусият экан! 4-модда »вааще» супер модда – ундаги »фақат» сўзи прокуратура, милиция, МХХ, солиқ инспекцияси, божхона ва бошқа кучишлатар органларида қонунларга умуман бўйсунмаслик даражасида ишлашлари мумкинлиги таъкидланмоқда! Яшшавор, ўғлон!

Кулмайлик, заҳархандалик қилмайлик – аслида шундай! Бир нарсани қўшиб қўйишимиз керак – судлар ҳам аксарият ҳолларда қонунларга умуман бўйсунмаслик даражасида ишлайдилар! Буни, масалан, мен ўз оилам мисолида кўрдим. Мен 2015 йилда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаевга куёвим Азам Фармонов масаласида икки марта ариза ва шикоят билан мурожаат қилдим. Биринчисини Бош прокуратура Сирдарё вилояти прокурори Я.М.Очиловга »Фуқаро Т.Ёқубов ва бошқаларнинг А.Фармоновга нисбатан бўлган жиноят ишини янги очилган ҳолат бўйича қайтадан кўриб чиқиш ҳақидаги аризалари кўриб чиқиш учун юборилмоқда. Натижаси ҳақида муаллифларга хабар беришингиз сўралади» хати билан,  иккинчиси эса Қорақалпоғистон Республикаси прокурори И.Палвановга »Для производства проверки и принятия мер направляется обращение Якубова Т. Прошу организовать тщательную и всестороннюю проверку всех приведенных доводов. О результатах прошу сообщить заявителю. Второму адресату для сведения. ПРИЛОЖЕНИЕ: на 4+1 листах»  хати билан жўнатилган. Биринчи шикоятим Сирдарё вилояти прокурорига етиб борганига 1 (бир) йил-у 3 (уч) ойдан, иккинчи шикоятим эса Қорақалпоғистон Республикаси прокурори И.А.Палвановга етиб борганига 8 (саккиз) ойдан ошди. Бироқ жавоб йўқ! Бу – қонунга [»Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида» қонуни] бўйсунмаслик бўлмаса, »қонунга бўйсунмаслик» иборасини қандай таърифлаш керак?

Аслида, Ўзбекистонда Президент аппаратидан тортиб то Олий Мажлис ва Сенатгача, барча кучишлатар органлари ва барча ҳокимликларгача бўлган давлат структуралари қонунларни уч пулга ҳам олмай ишлашлари ҳозир ҳаммага маълум. Бу – барча авторитар сиёсий системаларнинг касаллигидир. Умид охирги нафасгача тирик туради. Умид эса посткаримов раҳбарлардан – улар аста-секин барча юқори давлат идораларида, барча кучишлатар органларида, барча ҳокимликларда  қонун устиворлигини ўрнатишади. Судларда эса – биринчи навбатда!

МАДАНИЯТ

4-қисм

 

                        СССР юритган руслаштириш сиёсатининг ўзбеклар ҳаётида қолдирган мудҳиш асоратлари айниқса тил, исм-шариф ва алифбода кўринади.

Биз бир пайтлар ватанимизда эркин демократик ҳаёт ташкил қиламиз, деб коммунистик тузумга қарши кураш майдонига чиққан эдик. Бироқ, коммунистик тузум тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатди ва биз енгилдик –  одамларимиз қамалди, ўлдирилди, бошқа юртларга қочишга мажбур қилинди. Ўзбекистонда коммунистик тузумнинг умри давом этаяпти ва у қачон тугаши ҳали номаълум. Бироқ, қачон бўлса-да унинг умри тугайди, ўзбеклар ватанига қайтади ва янги ҳаёт бошланади. Ҳозир ўзбеклар зеҳнияти (менталитети)да қуллик руҳияти (психологияси) сақланиб турибди –  мазкур руҳиятни нафақат мавжуд тузум кучайтирган эди, балки узоқ ўтмишдаги мустамлакачилик (колониал) тузум қолдирган қуллик руҳияти таъсирини ўзидан нарига ҳали ҳам улоқтирган эмас. Янги ҳаётда ўзбеклар эркин ва қудратли миллатга айланиши керак ва у курашларда кечади. Кураш енгил бўлмайди –  И.Каримовдан қолган сарқитлар жон-жкҳди билан янгиликларга қаршилик кўрсатишади.

Ушбу мақолада мен ИСМ ва ШАРИФ (фамилия) ҳақида ўз фикримни айтиб ўтмоқчиман. Маълум-ки, И.Каримовгача бўлган даврда халқимиз бўйнига мустамлакачиликнинг даҳшатли бир сарқити илинган, яъни ҳаётнинг имкон қадар кўп соҳаларида руслаштириш сиёсати юргизилган эди. Инсоният тарихида бир қатор кичик халқлар руслаштириш, инглизлаштириш, французлаштириш (ва ҳоказо) натижасида ўз тилларини унутганлар. Ўзбек халқи ҳам шу сиёсатга дуч келган бўлса-да, бироқ ўзбек тили сақланиб қолди. Руслаштириш сиёсатининг хуружи ўз таъсирини ўзбекларнинг исм-шарифларида ўз кучини ҳанузгача сақлаб турибди. Шундан келиб чиқиб, мен ўзимнинг бир орзумни муҳтарам ўқувчиларга айтмоқчиман: ЎЗБЕКЛАР  ЎЗЛАРИНИНГ  АСЛ  ИСМ-ШАРИФЛАРИНИ  ТИКЛАШЛАРИ  КЕРАК!!!

Бу –  ўта оғир ва кенг, бироқ истак бўлса бемалол ҳал қилса бўладиган масаладир. Бу –  биринчи навбатда халқнинг ғурурини тиклайди ва оширади. Дунёдаги бошқа миллат вакиллари инсон қайси миллатга тегишли эканини унинг исм-шарифидан билиб олишлари керак! Грузин, арман, эстон, латвиялик, литвалик, румин, эронлик ва бошқа халқлар исм-шарифига қаранг –  ҳавас қилгулик даражада! СССР даврида руслаштиришга энг кам учраган миллатлар айнан грузин, арман, эстон, литвалик ва латвияликлар бўлди –  улар ўз имло (алфавит)ларини ва исм-шарифларини сақлаб қолишган эди. Совет пуллари устида пулнинг номи ва қиймати барча иттифоқдош халқлар тилида акс эттирилган бўлиб, эстон, литвалик ва латвияликлар тилидаги номланиш лотин имлосида, грузин ва арманлар тилидаги номланишлар ўз имлоларида, қолган бошқа миллатлар тилидаги номланишлар эса рус (кирилл) имлосида акс эттирилган эди. Коммунистик СССРнинг тугатилиши ва эркин ҳаётга ўтишда айнан болтиқбўйи республикалари ҳамда Кавказнинг икки республикаси асосий ролларни ўйнашди.

Исм-шариф масаласида турли ёндашувлар бўлиши мумкин. Мас., французларда биринчи ИСМ, иккинчи ШАРИФ ёзилади (айтилади) –  бу қонун! Европанинг деярли ҳамма мамлакатларида шу қонун амалда. Ўзбеклар биринчи навбатда ўз шарифларидаги “ов”, “ев”, “ова” ва “ева”лардан воз кечишлари керак. Оралиқ “отасининг исми” (отчество)ни нима қиламиз? Русларнинг ўзи “отчество”га қарши эканлигини бундай ифода этишади: “Отчество” патриархат даврининг унсури. “Патриархат” сўзи қадимги юнон тилида айнан “ота ҳукмдорлиги”ни билдирган ва πατριάρχης сўзи, яъни “халқлар отаси” ёки “халқлар доҳийси” сўзидан келиб чиққан. Мас., инсоният тарихида ўтган золим ҳукмдорлардан бўлган В.Ленин ва И.Сталин ана шундай улуғланган. Бу эса қип-қизил тоталитаризм билан боғлиқ тузумга етаклайди. (Тамом). Ҳозирнинг ўзида И.Каримовни “отам”, “отамиз” деяётганлар кам эмас. Бошқача айтганда, исм-шарифда “отчество”ни сақлаш бевосита бўлмаса-да, билвосита доҳийчиликни улуғлашга олиб боради. “Отчество” мусулмон халқларида бўлган эмас, собиқ совет республикаларидан фарқли ўлароқ туркий ва мусулмон халқларда “отчество” ҳозир ҳам йўқ. Европа халқларида эса “отчество” азалдан бўлмаган. Демак, ўзбеклар келажакда исм-шариф танлаган (ҳужжатга ёздирган)да русча “отчество”ни исм-шарифга яқинлаштирмасликлари керак.

Зиқнароқ ўқувчи “Нега ўзингиз исм-шарифингизни ўзгартирмагансиз?” дея сўраши мумкин. Мен исм-шарифимни ўзгартиришга 1991 йилда киришганман. Биринчи қадамим Юнусобод туман “Фуқаролик ҳолатини қайд қилиш” (ЗАГС) бўлимига исм-шарифимни “Толиб Ёқубзода”га алмаштиришни сўраб ариза билан мурожаат қилганман, бироқ ЗАГС ходимлари “Ҳукумат исм-шарифлар ҳақида ҳали қонун қабул қилгани йўқ, биз бу ишни қонунсиз амалга ошира олмаймиз” деган ёзма жавоб беришди. Мен ўша пайтлар Низомий номли Тошкент давлат педагогика институтининг математика факультетида ишлар эдим. Факультет йўлаги (коридори)га дарс жадвали осилган бўларди. Жадвал катакчаларга бўлинган бўлиб, ҳар бир катакчада бир “пара” (90 минутлик) дарс, синф (аудитория) рақами ва ўқитувчининг исм-шарифи ёзилган бўларди. Мен деканатга кириб “Бундан буён дарс жадвалига менинг исм-шарифимни “Толиб Ёқубзода” каби ёзасизлар” деган талаб қўйдим. Аввал жанжал бўлди, бироқ мен ўз талабимдан қайтмадим ва мақсадимга эришдим –  дарс жадвалида “Толиб Ёқубзода” ёзуви 1992 йил 30 ноябргача, сиёсий фаолиятим туфайли мени ишдан ҳайдаганларигача турди. (Тамом).

Туркистон чор Россияси мустамлакаси бўлган пайтда ҳам, СССР даврида ҳам ўз миллий исм-шарифини сақлаб қолган шоир, ёзувчи ва бошқа тоифа зиёлилар кам бўлмаган –  Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон (асли шарифи руслаштирилган Юнусов бўлган, бироқ шоир ундан деярли фойдаланмаган), Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон, Ғофур Ғулом, Акмал Пўлат, Ёдгор Обид, Мирза Кенжабек, Юсуф Жума каби юзлаб (балки минглаб) ижодкорларни эслаш мумкин. Миллатга муносабатни, ким қандай миллатпарварлигини исм-шарифдан-да яхши англатадиган унсур йўқ.  СССР қулагандан кейин исм-шарифларини миллийлаштириш сиёсати Озарбойжон ва Тожикистонда олиб борилди, бироқ охирига етказилмади. Тожикистонда бу жараён тўхтаб қолганининг сабаби маълум –  тожиклар шарифларидан “ов”, “ова”, “ев” ва “ева”ларни олиб ташлай бошлашганда Тожикистонлик меҳнат муҳожирлари Россияда қаттиқ босимга учрашди, руслар уларга иш бермай қўйишди. Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Қирғистонда эса бу ҳаракат умуман бошланмади – чамаси, Тожикистон мисоли уларни бу ишни бошлашдан чўчитди.

Шу ишга чин сидқи-дилидан қатнашишни истаган олим ва уламолар, тилчи ва адабиётчилар, шоир ва ёзувчилар жамиятимизда етарлича топилишига менинг ишончим комил. Айниқса, бу ишга ёшларни кенг жалб қилиш муҳимдир. Ишни нимадан бошлаш керак? Маълум-ки, ўзбекларда исм ҳам, шариф ҳам исмдан иборат. Мас., “Толиб Ёқубов”да “Толиб” ҳам исм, “Ёқуб” ҳам исм, “Муртазо Бўрибоев”да “Муртазо” ҳам исм, “Бўрибой” ҳам исм. Бироқ, ўзбекларда “Анвар Тулкиев”ни ҳам, “Тулки Анваров”ни ҳам тополмайсиз. Русларда бундай эмас –  “Сергей Орлов”да “Сергей” –  исм, бироқ Орёл (Бургут) деган исм йўқ. Демак, менинг фикримча, биринчи навбатда, исмлар мутлақо тўғри ёзилган ҳолда исмлар каталог (жадвал)ини ишлаб чиқиш керак. Каталогда Ўзбекистоннинг турли минтақаларига хос исмлар ҳам акс эттирилиши лозим. Мас., “Тоғай”, “Қоржов” исмларини мен сурхандарёликларда кўп учратганман, бироқ бу исмлар Жиззахда қўйилмайди. Иккинчидан, бачкана исмлар (Учқун, Ўткир ва ҳоказо) жадвалга киритилмаслиги, исм салмоқли бўлиши керак. Мас., “Шокир” ва “Зокир” исмлари болани чақирганда ҳам, улар кексайган пайтда “Шокир бобо” ва “Зокир бобо” дейилганда ҳам салмоқли жаранглайди. Болани ёшлигида “Тойчоқ” десангиз ҳам бўлаверади. Кейин-чи? “Учқун” исм бола ёшлигида ўзига ярашади, бироқ кексайганда “Учқун бобо” дейиш эришдай туюлади.

Аёлларнинг исми гўзал ва ҳикматли бўлиши керак. Кейинги пайтларда аёллар исмида бачканалик ҳакалак отиб кетди. Одамлар қиз бола ҳам қариши мумкинлигини ва уни одамлар номига “момо” сифатини қўшиб чақира бошлашлари лозимлигини унутиб қўйдилар. “Лайло” ҳар қандай қизчага ярашадиган исм, бироқ “Лайло момо” деб мурожаат қилиш, масалан менга, мутлақо ножиддий туюлади. Фазилат, Маҳфират, Ҳикоят ва шу каби бошқа исмлар унутилиб кетди. Бундай исмларни тикламасак тарихни тиклаш қийин бўлади. Илгари “Боймат”, “Шермат”, “Нормат” каби исмлар кўп бўларди. Тушунарли-ки, бу исмлар “Боймуҳаммад”, “Шермуҳаммад”, “Нормуҳаммад” каби исмларнинг бузилган шаклидир. Исм-шарифларни тиклаш лойиҳасида қатнашувчилар “Боймат”, “Шермат”, “Нормат” каби исмларни “Боймуҳаммад”, “Шермуҳаммад”, “Нормуҳаммад” каби исмларга алмаштириш керакми-йўқми, деган савол устида баҳс ўтказганлари маъқул. Балки икки шаклни ҳам сақлаган маъқулдир? Ўзбекларда қўшалоқ исмлар жуда кўп учрайди –  юқорида айтилган “Боймуҳаммад”, “Шермуҳаммад”, “Нормуҳаммад” каби исмлар шулар жумласига киради. “Темурмалик”, “Муҳаммадқодир”, “Мирзапўлат” каби исмлар илгари кўп бўлган. Болаларга қўшалоқ исмлар, масалан, немисларда кўп берилади: “Ганс-Юрген”, “Марк-Георг” каби исмлар ҳар қадамда учрайди.

Хуллас, исм-шарифларни қайтадан шакллантиришда мен учта йўл кўраяпман: (i) исм ва  шариф кўринишида (бачканаликдан тозаланган, анъанавий исмлар тикланган ва ҳоказо) –  бунда шариф “зода”, “ий”, “ўғли”, “қизи” каби қўшимчалар билан тўлдирилган ҳолда бўлади; (ii) исм, отасининг исми (отчество) ва шарифи кўринишида; (iii) ҳеч қандай қўшимчасиз, французларникидай: биринчи ўринда ИСМ, иккинчи ўринда ШАРИФ турадиган ҳол. Биринчи йўл бўйича исм-шарифларга, мас., “Олим Толибзода”, “Дилобар Эркинзода”, “Азизбек Шокирий”, “Ҳикоят Умарий”, “Тоҳир Абдуғани ўғли”, “Гулноза Илҳом қизи”ни мисол қилиб кўрсатса бўлади. Иккинчи йўлни англаш учун “Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий”ни таҳлил қилиб кўрайлик. Билишимча, “шоҳзода” сўзи “шоҳнинг ўғли”, “шоҳнинг насли” ёки “шоҳнинг вориси” каби мазмунга эга. У ҳолда “Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий” нимани билдиради? Юқоридаги “шоҳзода”дан келиб чиқсак, Ҳамза Ҳакимнинг ўғли (насли, вориси), яъни Ҳаким Ҳамзанинг отаси эканлиги келиб чиқади. Демак, буюк мутафаккир шоир Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ўзининг исм-шарифида (А): ўзининг исми, (Б): отасининг исми (отчествоси) ва (В): шарифига эга бўлган (Ниёз балки бобосининг исмидир?). Иккинчи йўл бирмунча мураккаб, хатолар кўпайишига мойил ва, руслар айтганидай, патриархат даврининг маҳсулидир. Шахсан мен бу йўлни танламас эдим. Учинчи йўл менга энг рационал ва ихчамдай туюлади. Ойдин Абдулла, Қосим Файз, Зилола Баҳром, Турдимурод Эргаш –  рационаллик ва ихчамликни сезаяпсизми? Биринчи ўриндаги Ойдин, Қосим, Зилола ва Турдимурод –  исмлар, Абдулла, Файз, Баҳром ва Эргаш шарифлар бўлиб, мос равишда Ойдин, Қосим, Зилола ва Турдимуродлар отасининг исмидир.

Орамизда миллатпарвар, миллий қадриятларимизни тиклашни чин қалбдан истаган инсонлар жуда кўп. Мас., оғзи коскироқ бўлса-да, “Бирлик” партияси раиси Абдураҳим Пўлат исм-шариф масаласида қатъий фикр (позиция)га эга, унинг укаси Абдуманноб (раҳматлик) ҳам айни фикрда эди. Абдураҳим кўп йиллардан бери Ўзбекистон раҳбарларининг исми-шарифини “Ислом Карим”, “Шавкат Мирзиё”, “Рустам Иноят” каби, худди шунга ўхшаш Қозоғистон президентининг исми-шарифини “Нурсултон Назарбой” каби ёзади. 31 миллионли Ўзбекистонда исм-шарифларни ўзгартириш иши осон эмас – бунинг учун биринчи навбатда ўзбек халқида ўз-ўзини англаши, яъни дунёда исми-шарифидан ўзбек миллати мавжуд экани билиниб турган халқ борлигини намойиш этиш даражасига етиши лозим. Иккинчидан, ўз олдига мазкур масала билан шуғулланишни мақсад қилиб қўйган миллат жонкуярининг улкан армияси пайдо бўлиши керак – бу йўналишдаги асосий машаққат айнан ана шу инсонларнинг гарданига тушади. Учинчидан, исм-шарифларни ўзгартиришнинг иқтисодий муаммолари мавжуд –  бу иш катта маблағни талаб қилади. Мазкур ишни, яъни исм-шарифларни ўзгартиришни Ўзбекистонда биометрик паспортлар жорий қилинган йили амалга оширишда энг қулай пайт эди, бироқ руслаштириш қон-қонига сингиб кетган мавжуд ҳукумат бу ишга қўл урмади.

Менинг иккинчи орзум –  ЎЗБЕК  ТИЛИНИ  ЖИДДИЙ  ИСЛОҲ  ҚИЛИШ  КЕРАКлигидан иборатдир. Бошдаёқ айтиб ўтай –  тилнинг бойлиги гўзаллик ва муҳаббатни чиройли сўзлар билан ифодалашда эмас, тилнинг бойлиги тил ёрдамида ифодаланиши мумкин бўлган информация ҳажми билан ўлчанади. Дунёдаги ҳар қандай нарса –  предмет, воқеа, ўй-ҳаёл, гўзаллик, муҳаббат ва ҳоказолар –  информациядир. Бизнинг ўзимиз информация манбъасимиз ва бир пайтда ҳамма вақт информация ичида юрамиз. Информацияни биз сезги органларимиз ёрдамида оламиз (англаймиз). Машинани кўрсак, дарҳол ҳаёлга кўплаб информация келади –  автомобилнинг маркаси, катта-кичиклиги, ранги, ҳайдовчининг таниш-танишмаслиги ва ҳоказо, ва ҳоказо. Уйда ўтирган одам кўчадан келган овозни эшитибоқ, предметни қўрмаса ҳам, бу товуш ниманики эканини англай бошлайди. Тил (сўзлар ва жумлалар) воситасида тушунчалар ҳосил қилинади. Мас., “Амакивачча –   ака ва уканинг болаларидир”, “Муайян йўлнинг берилган вақт оралиғида босиб ўтилиши тезлик дейилади” ва ҳоказо. Битта тилни билган одамга нисбатан икки тилни билган одам салкам икки ҳисса кўп информацияга эга бўлади. Бир тил информацияга бой, иккинчи тил эса камбағалроқ бўлиши мумкин. Беш юзта одамдан иборат, бироқ ўз тилига эга бўлган халқ (қабила)да бирорта бошқа халқ (қабила)да учрамайдиган тушунча бўлиши мумкин. Бир халқнинг қандайдир жумласини сўзма-сўз таржима қилсангиз, натижа тушунарсиз бўлиши мумкин. Мас., рус тилидаги “Большому кораблю большое плавание” деган жумлани “Катта кемага катта сузиш” каби сўзма-сўз таржима қилсангиз тушунарсиз бир “жумла” келиб чиқади, уни “Катта кемага катта сафар” дея таржима қилсангиз ҳаммаси жой-жойига тушади.

Тил ислоҳоти инсониятга маълум бўлган барча фанлар бўйича терминология (тушунчалар тўплами)ни ишлаб чиқишни талаб қилади. Афсус-ки, фундаментал фанлар бўйича ўзбек тилида терминология ишлаб чиқилган эмас. Шундай экан, демак, Ўзбекистонда оламшумул кашфиётлар пайдо бўлмайди, Нобель мукофоти номзодлари ва совриндорлари чиқмайди, халқимиз умумий тараққиётдан орқада қолиб кетаверади. Инглиз тили бир неча марта ислоҳ қилинди, ихчам ҳолга туширилди ва … дунё тили даражасига кўтарилди. Рус тилини ҳам тил-жонкуярлари камида уч марта ислоҳ қилишди. Рус тилига эътибор қилсангиз унда ажнабий тиллардан олинган сўзлар ғиж-ғиж эканини кўрасиз. Рус тилида “а” ҳарфидан бошланадиган соф русча сўзлар бор-йўғи иккита – “авось” ва “авоська”: қолганларининг ҳаммаси бошқа тиллардан олинган! “Зато” рус тили бой тиллардан бирига айланди. “Автомобиль”, “революция”, “функция”, “авиация”, “медицина”, “биология”, “марка”, “конверт”, “концерт” каби минглаб сўзлар рус тили орқали ўзбек тилига кириб келди. Бу билан ўзбек тили камбағаллашдими? Йўқ –  бойиди! Ўзбек тилида форс ва араб тилларидан кириб келган сўзлар кам эмас, тилимизда уларнинг ўрни беқиёс даражада. Хулоса оддий: бирор информацияни ўзбек тилида ифодалай олмасангиз, уни бошқа тиллардан изланг! Айби йўқ! Фойдаси кўп!

Бир тилдан иккинчи тилга матнни таржима қилиш ҳозирги замоннинг асосий масалаларидан биридир. Ўзга тилда ёзилган матнни тушуниш ўша тилни билмаган кенг омма учун оғир нарса. Бироқ, миллат ривожланиши учун ўзга тилларда ёзилган матнларни ўқиш ва тушуниш ўта зарур эканлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Кенг омманинг ўзга тилларда ёзилган турли хил информацияни ўқиши, ўрганиши, ўз ижодида (мас., илмий ва амалий ишларида) фойдаланиши миллат ривожланишида муҳим роль ўйнайди. Бироқ, ўзга тилларда тарқатилган информациялар шу қадар кўп-ки, ҳатто дунёдаги асосий тиллар дея саналган инглиз, немис, француз, испан, рус ва араб тилларида тарқатилган информацияни профессонал таржимонлар ўзбек тилига таржима қилиб улгурмайди. Нима қилиш керак? Бундай пайтда “машина таржимаси” (машинный перевод) олдинги планга чиқади, яъни бир тилдан иккинчи тилга таржима қиладиган программалар тузиш (ишлаб чиқиш) асосий масалага айланади. “Машина таржимаси”нинг битта “нозик” томони бор: машина, яъни компьютер, инсондан фарқли ўлароқ таржима қилиниши лозим бўлган матнга “ижодий ёндошишни” билмайди – у (матн) программада қандай ёзилган бўлса шундай таржима қилиб кетаверади! Мас., рус тилидан “Большому кораблю большое плавание” жумлани компьютер “Катта кемага катта сузиш” дея таржима қилади, инсон эса бу жумлага “ижодий ёндашади” ва уни “Катта кемага катта сафар” дея таржима қилади. Демак, “машина таржимаси” билан шуғулланувчи (программалар ишлаб чиқарувчи) олимлар олдида ўта мураккаб масала –  программани жонли тилга максимал яқинлаштириш –  масаласи кўндаланг бўлади. Бунинг йўли битта –  тилни ислоҳ қилиш, уни максимал ихчам ҳолга келтиришдир.

Ким қилади бу ишларни? Шу улуғвор ишга журъат боғлаган ўзбеклар орасида олимлар топиладими? Наҳотки 31 миллионли аҳоли орасида бир гуруҳ жасур инсонлар чиқмаса! Чиқади! Мен аминман!

Посткаримов раҳбарлар олдида улуғвор ишлар турибди!

21 октябрь  2016 йил              Франция

Categories: Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.