ТАҚИҚЛАНГАН ТАШКИЛОТ

Tolib Yoqubov-2Толиб ЁҚУБ

ҚАНАҚА  ТАШКИЛОТ  ТАҚИҚЛАНГАН  ҲИСОБЛАНАДИ?

2016 йил 21 октябрьда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Президент вазифасини вақтинчалик бажарувчи Шавкат Мирзиёев »Суд-ҳуқуқ тизимини давомли ислоҳ қилиш, фуқаролар ҳуқуқи ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари ҳақида»ги фармонга имзо чекди. Айтилишича, мазкур фармон суд-ҳуқуқ тизимини давомли демократиялаштириш ва либераллаштириш, суд, ҳуқуқ-тартибот ва назорат органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, аҳолининг одил судга ишончини ошириш, қонун устиворлигини таъминлаш ва жамиятда қонунчиликни мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинган. Авваломбор айтиб ўтиш керак-ки, Ислом Каримов пайтида худди шу тахлитда ёзилган фармонлар ўнлаб марта қабул қилинган. Ўша фармонлардаги »давомли ислоҳ қилиш», »демократиялаштириш», »либераллаштириш», »самарадорлигини ошириш», »аҳоли ишончини ошириш», »қонун устиворлигини таъминлаш», »қонунчиликни мустаҳкамлаш» каби сохта ваъдаларлардаги »…иш» ва »…аш»лардан олдин »чуқур» сўзи ишлатиларди. Бироқ, … мазкур фармонлар ҳаётга татбиқ этилганини халқ кўргани ҳам, эшитгани ҳам йўқ! 2016 йил 21 октябрьда имзоланган фармон Каримов имзолаган фармонларга деярли ҳасан-ҳусандай ўхшашлиги унинг тақдирини ҳам Каримов фармонлари тақдирига ўхшатмасмикин? Илоҳо, ўхшатмасин!

Мен бу гапларим билан муҳтарам Ш.Мирзиёев ва ушбу мақолани ўқийдиган ватандошларимиз диққатини муҳим бир масалага қаратмоқчиман. Бир пайтлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси (ЖК)га 244-2 модда »Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш» киритилган бўлиб, ундаги »диний экстремистик», »сепаратистик» ва »фундаменталистик» атамалари маъно-моҳиятини судланаётган диндор йигит (ёки аёл) уёқда турсин, ҳатто бирорта терговчи ёки судья ҳам билмас ва тушунмас эди. Буни биз ҳуқуқбонлар қатор судларда кузатганмиз. Табиий, суд пайтида судья айбланувчига терговчи томонидан қўйган айбловни ўқиб беради �бу Жиноят-процессуал кодексида кўзда тутилган. Деярли барча судланувчилар »диний экстремистик», »сепаратистик» ва »фундаменталистик» деган атамаларни умрида биринчи марта суд залида эшитганини кўрганмиз. Сабаби оддий: қамоққа олинган диндор йигит (ёки аёл)га ЖКнинг қайси моддалари бўйича айб эълон қилиниши терговчига »юқоридан» туширилади (айтилади). »Юқори» прокуратура, ИИВ ва МХХ Тергов бошқармаси бошлиқларидир. Терговчининг вазифаси эса »юқоридан» туширилган моддалар бўйича тергов олиб боришдан иборат, холос. Гарчи ЖПКнинг 48-моддаси (Гумон қилинувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари)да »Гумон қилинувчи ўзининг нимада гумон қилинаётганини билиш … ҳуқуқига эга» дейилган бўлса-да, бироқ бирорта терговчи мазкур атамаларнинг маъно-моҳиятини айбланувчига тушунтирмаганини биз қамоқ муддатини ўтаб озодликга чиққан ўнлаб одамлардан эшитганмиз. Судьяларнинг »дуб»лигини гапирмаса ҳам бўлади. »Судлар ҳақида»ги қонунда »Судья судланувчига нимада айбланаётганини тушунтириши керак» деган ёзувнинг ўзи йўқ!

Мен бу мақоламда »тақиқланган ташкилот» тушунчасига эътибор қаратмоқчиман. Қандай ташкилот тақиқланган ҳисобланади? Ташкилот тақиқланиши учун қандай шартлар бажарилиши керак? Ўзбекистонда тақиқланган ташкилот борми? Бўлса, улар матбуотда эълон қилинганми? Жавобни мен охирги саволдан бошламоқчиман: Ўзбекистон матбуотида тақиқланган ташкилот (лар) ҳақида бирорта ҳам мақола (билдириш, эълон) берилган эмас! Ўзбекистонда бирорта ҳам тақиқланган ташкилот йўқ! Ташкилот тақиқланиши учун у давлат рўйхатидан ўтган бўлиши керак прокуратура органларининг тавсиясига кўра суд тавсияда кўрсатилган ташкилотни тақиқлаш ёки тақиқламаслик ҳақида суд қарорини чиқариши ва у матбуотда эълон қилиниши керак. Эрк партияси ва Бирлик Халқ Ҳаракати (БХҲ) мос равишда 1991 йил 3 сентябрь ва 11 ноябрьгача ноформал (давлат рўйхатидан ўтмаган) ташкилотлар бўлган . улар

 юқорида келтирилган саналарда давлат рўйхатидан ўтгач формал (очиқ) ташкилот статусига ўтишди. Ўзбекистонда олдинги асрнинг 80-чи йилларининг охири ва 90-чи йилларнинг бошида бир неча ноформал ташкилотлар фаолият олиб боришган . Наманганда ташкил этилган »Адолат» ва »Ислом лашкарлари», Қўқонда ташкил этилган »Одамийлик ва инсонпарварлик» ташкилотлари шулар жумласидандир. Булардан ташқари, водий вилоятлари ва Тошкентда бир неча ноформал диний ташкилотлар фаолият олиб боришар эди. Давлат рўйхатидан ўтиш масаласига келганда шуни айтиш мумкин-ки, ё бу ноформал ташкилотларнинг раҳбарлари давлат рўйхатидан ўтиш мақсадида Адлия вазирлигига мурожаат қилишга улгуришмаган, ёки уларда бундай истак умуман бўлмаган.

Мас., »Адолат», »Ислом лашкарлари» ҳамда »Одамийлик ва инсонпарварлик» ташкилотлари 1991 йил 29 декабрьда ўтказилган президент сайловидан икки ой ўтгач, яъни 1992 йил мартида шафқатсиз қатағон қилинди �баъзилар чет элларга қочиб қутулди, кўпчилик қамоққа ташланди ва ҳатто ўлдирилди. Давлат рўйхатидан ўтиш мақсадида Адлия вазирлигига мурожаат қилиш қаёқда дейсиз! »Адолат», »Ислом лашкарлари» ҳамда »Одамийлик ва инсонпарварлик» ташкилотларининг раҳбарлари ва оддий аъзоларининг риторика (нутқ)ларида диний атамалар кўп эшитилса-да, мазкур ташкилотлар соф диний ташкилот эмас эди. Соф диний ташкилотлар сафига »Хизб ут-Тахрир», »Таблиғчилар», »Ваҳҳобийлар» ва бошқа бир неча ноформал ташкилотларни киритиш мумкин. Бундай ташкилотлар дунёвийликни, хусусан у ёки бу масалаларда демократик сиёсий тузум билан муносабат ўрнатиш (мас., давлат рўйхатидан ўтиш)ни тан олмайдилар. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1-моддасида »Ўзбекистон … демократик республика» дейилган бўлса-да, Каримов даврида мамлакатда демократиянинг нафақат асл моҳияти, балки ҳиди ҳам сезилмади. Шундай бўлишига қарамасдан диний ташкилотлар давлат рўйхатидан ўтиш масаласини ҳаёлларига ҳам келтирмадилар.

Демак, қандайдир ташкилот тақиқланиши учун, яна такрорлайман, биринчи навбатда у давлат рўйхатидан ўтган бўлиши керак. Бунда давлат рўйхатидан ўтган ташкилот раҳбарлари ташкилот аъзолари ўз фаолиятларини қатъий давлат қонунлари асосида олиб боришларига кафолат беришади. Бироқ, ташкилотнинг қандайдир аъзолари билиб-билмай давлат қонунларини бузишлари мумкин. Шунда давлат органи (мас., прокуратура) ташкилот раҳбарини чақириб ташкилот томонидан қонунбузарлик содир этилгани ҳақида огоҳлантириши керак. Ташкилотнинг барча аъзолари мазкур огоҳлантиришни »қулоққа олсалар» �яхши, олам гулистон. Қулоққа олмай ташкилот аъзолари қонунбузарликни давом эттирсалар-да, давлат ташкилотни дарҳол тақиқлашга ҳақи йўқ. Қонунбузарлик прокуратура томонидан уч марта қайд қилингач, у ташкилотни тақиқлаш ҳақида судга илтимоснома (ходатайство) билан мурожаат қилиши мумкин. Суднинг қарори вожиб, деганларидай, суд ташкилотни тақиқлаш ҳақида қарор қабул қилсагина ташкилот тақиқланган ҳисобланади. Ўзбекистонда прокуратура бундай илтимоснома билан бирор марта судга мурожаат қилган эмас ва, демак, суд бирор марта қандайдир ташкилотни тақиқлаш ҳақида қарор қабул қилган эмас.

Нега 1991 йилда аввал Эрк партияси, кейин БХҲ давлат рўйхатидан ўтказилди? Бу -президент сайловида ютган Каримовнинг легитимлиги учун керак эди, холос. Сайловни ташкил қилиш, сайлов комиссиялари бошлиқларини тайинлаш, жойларда сайлов боришини назорат қилиш, керак бўлса сайловни сохталаштириш тўлиқ Каримов қўлида мужассам бўлган шароитда сайловни Каримов ютмаслиги мумкин эмас эди. Икки мухолиф ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, биринчидан, халқаро демократик ташкилотларга »Мана, биз мухолиф ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказдик, улар бўлажак президент сайловида ҳам қатнашишлари мумкин» деган сигнални йўллаш бўлса, иккинчидан, Каримовга »Мен альтернатив сайловда ютиб чиқдим» дейишга имкон берди ва у ўзининг бир неча нутқларида айнан шу иддаони такрорлади. Яхши эсимда: сайловга 10 кун қолганда БХҲ раҳбарияти Каримов ‘Мен альтернатив сайловда ютиб чиқдим» дейишига имкон бермаслик учун альтернатив номзод Муҳаммад Солиҳ (Салой Мадаминов)га ўз номзодини қайтиб олиш ҳақида хат йўллади �ўша хат матнини мен ёзганман. Муҳаммад Солиҳ БХҲ мурожаатига қулоқ тутмади, сайловда қатнашди ва … ютқазди. Яна такрорлайман: Сайловни ташкил қилиш, сайлов комиссиялари бошлиқларини тайинлаш, жойларда сайлов боришини назорат қилиш, керак бўлса сайловни сохталаштириш тўлиқ Каримов қўлида мужассам бўлган шароитда сайловни Каримов ютмаслиги мумкин эмас эди! Каримов мақсадига эришди ва … 1992 йилда Муҳаммад Солиҳ ва БХҲ раҳбари Абдураҳим Пўлатовга қарши мисли кўрилмаган қувғин бошлади �бири (АП) 1992 йил 20 декабрь, иккинчиси (МС) 1993 йил ўртасида аранг қочиб қутулди.

Қизиғи, 1991 йилда Эрк партияси ва БХҲ давлат рўйхатидан ўтказилган, 1993 октябрь ойида эса бу икки ташкилотнинг Адлия вазирлиги томонидан берилган гувоҳномаси бекор қилинган бўлса-да, шундан кейин ҳам мазкур ташкилотлар тақиқ қилинган эмас, яъни тақиқ ҳақида суд қарор чиқарган эмас. Тақиқлашга асос йўқ эди! Асос бўлса эди, яъни бу ташкилотлар аъзолари қонунчиликни муттасил (камида уч марта) бузиб келган бўлса эди, Ўзбекистон Олий суди »шесть секундда» тақиқ қарорини »ясаб» ташлар эди. Ёлғон бўлмасин, ҳукумат бир марта БХҲ усидан суд уюштирди (йили эсимда йўқ), бироқ шарманда бўлди. БХҲ раҳбарлари айбни тамоман инкор этишди ва Каримов тузган Халқ демократик партия (собиқ коммунистик партия)нинг аъзолари ҳар қадамда қонунбузарлик содир этаётганларига ўнлаб мисоллар келтириб судьяни мулзам этишди. Тош қайтиб ўзига тегишини тушунган ҳукумат БХҲга тош отмай қўйди.

Жиноят кодексининг 242-2 моддаси бўйича фақат диндорларга нисбатан қўлланилди �кўп йиллик ҳуқуқбонлик фаолиятим даврида мазкур модда жамиятнинг бошқа қатламлари вакилларига қўлланилганини мен учратмадим. Бу модда соф репрессив (қатағон) модда эканлиги ва ундан давлат органлари диний мухолифатни йўқ қилиш мақсадида фойдалангани ўз-ўзидан равшан. Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ҳам худди шу мақсадда киритилган ва фойдаланиб келинган моддадир. Бундай моддалар СССР Конституциясида ҳам бор эди (58-модда: Аксилреволюцион фаолият юритиш ва бошқалар), бироқ улар СССРдай қудратли давлатни ўлимдан сақлаб қола олмади. Шуни эсдан чиқармаслик керак!  

12 декабрь, 2016 йил Франция

Categories: Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Метки: | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.