ЯНА МИЛЛИЙ ИСМ-ШАРИФЛАР ҲАҚИДАA

Толиб ЁҚУБОВ

Толиб ЁҚУБОВ

Толиб ЁҚУБ

(Ташаббус)

    Чор Россияси ва СССР пайтида Марказий Осиёда, хусусан ҳозирги Ўзбекистонда, руслаштириш сиёсати олиб борилгани ҳақида минглаб мақолалар ёзилди, турли анжуманларда гапирилди, мустақиллик йилларида мазкур сиёсат оқибатларини йўқотишга чақириқлар бўлди. Ўзбекистон 25 йилдан бери мустақиллик шароитида яшамоқда. Нима ўзгарди? Афсус, ҳеч нарса ўзгарган эмас! Ўша-ўша эски ҳаммом, эски тос! Эски тослардан бири исм-шарифларимизда русча »ов», »ев», »ова», »ева», »вич» ва »на» қўшимчаларнинг ҳанузгача сақланиб қолаётганидир. Бундан ташқари, масаланинг яна-да бемаънироқ бўлган томони мавжуд бўлиб, ўз вақтида туғилганлик гувоҳномаларига ўзбекча исм-шарифлар шунчалик бузиб ёзилган эди-ки, ўқисангиз қусқингиз келади. Интернетда фейсбук каби ижтимоий тармоқлар пайдо бўлгач, бу бемаънилик бўй-баробар мана-ман деб ўзини кўз-кўз қилмоқда. Миллий исм-шарифларни тиклаш масаласи, афсус, ўзбеклар дилининг нозик торларини қитиқлай олмаябди, мазкур масала миллат шон-шарафи ва ифтиҳорини юксакликга кўтаришини чуқур тушунадиган инсонлар гуруҳини ярата олмаябди. Балки бу масала бир кун келиб ижобий ечилар, бироқ мен каби кекса инсонларга ўша кунни кўриш насиб этармикин?

Туғилган болага туғилганлик гувоҳнома (метрика)си ва балоғат ёшига етган инсонга унинг шахсини аниқловчи ҳужжат (паспорт) берувчи ЗАГС (Запись актов гражданского состояния), яъни ФҲҲҚЭ (Фуқаро ҳолати ҳужжатларини қайд этиш), дея аталувчи идораларда асосан руслар ёки русзабон одамларнинг ишлаши СССРда юритилган руслаштириш сиёсатининг асосий ўчоғи эди. Ўзбек тилида истеъмолда бўлган »ў», »қ», »ғ» ва »ҳ» ҳарф (товуш)ларни талаффуз қила олмайдиган рус (ёки русзабон)лар мазкур ҳарфларни ҳужжатларга »у», »к», »г» ва »х» каби ёзаверишди, ҳеч кимдан »Исм-шарифингни мана шундай ёзсам розимисан?» дея сўрашгани ҳам йўқ, ўзбеклар эса »Нега менинг исм-шарифимни бузиб ёздинг?» дея норозилик билдиришгани ҳам йўқ! Яхшиям-ки, туғилганлик гувоҳномаси ва паспорт бир марта берилади! Бола 6 ёшга тўлиб мактабга борганда туғилганлик гувоҳносини алмаштириш керак, деган қонун бўлса нима бўларди? Бола мактабни битиргач, олий ўқув юртига ўқишга кирмоқчи бўлганда паспортингни алмаштириб келасан дейишса нима бўларди? Йигит (қиз) олий ўқув юртини битириб ишга кирмоқчи бўлганда паспортингни янгилаб кел дейишса нима бўларди? МАНА БУНДАЙ БЎЛАРДИ: бир оилада ўғил бола туғилгач, ота-онаси унга Собит деган ном қўйишди. ФҲҲҚЭда болага туғилганлик гувоҳномасини ёзаётган ходим тасодифан »C» ҳарфини тушириб қолдирибди ва боланинг исми Обит бўлибди. Бола мактабга борганда юқорида айтилган қонун бўйича туғилганлик гувоҳномасини алмаштириш лозим бўлгани учун ота-онаси ФҲҲҚЭга боришса, бошқа ходим тасодифан »о» ҳарфини тушириб қолдирибди, боланинг исми эса Бит бўлибди. Бит институтга ўқишга кириш учун парпортини алмаштириш учун паспорт бўлимига борса, ходим тасодифан »б» ҳарфини тушириб қолдирибди. Туғилганда Собит исми берилган бола шундан кейин умрининг охиригача Ит исми билан юрган экан.

Исм-шариф масаласида ўзбеклар ҳозирга қадар ён қўшнимиз тожикларча ҳам бўла олмади – Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонов биринчи бўлиб ўз исм-шарифини »Эмомали Раҳмон» каби ўзгартиргач миллионлаб тожиклар бу масалада президенти ортидан эргашишди. Ўзбекистонда руслаштириш сиёсатига барҳам бериш ва ўз исм-шарифини биринчи бўлиб »Ислом Карим»га ўзгартириш ўзбекларнинг президенти Ислом Каримовнинг ҳаёлига ҳам келмади – у фоний дунёни »Ислам Абдуганиевич Каримов»лигича тарк этди. Қизиғи, халқнинг  миллий, ғоявий, маънавий ва интеллектуал илғор қисми бўлган академик олимлар, шоиру-ёзувчилар ва ўқитувчилар ҳам бу масалада бирорта жўяли иш қилишмади. Қофқоз халқлари ўз исмлари, тиллари, ерлари ва динларини сақлаб қолиш учун босқинчи Россия армиясига қарши, онда-сонда бўлган танаффусларни ҳисобга олмаганда, салкам 300 йил ҳаёт-мамот уруш олиб боришди – енгилиш қанча оғир бўлмасин гуржи ва арманлар ўжарлик билан ҳозиргача ўз миллий исм-шарифларини сақлаб қолдилар. Ҳатто қудратли коммунистик СССР даврида ҳам шахмат бўйича дунё чемпионлари гуржистонлик Мая Чебурданидзе ва Нона Гаприндашвили ўз исм-шарифларини Чебурданова ва Гаприндова, арманистонлик академик Виктор Амбарцумян ва шахмат бўйича жаҳон чемпиони Тигран Петросян ўз исм-шарифларини Амбарцумов ва Петросов  қилиб ўзгартиришмади. Гуржи, арман, литвалик, латвиялик ва эстонияликлар СССР пайтида нафақат ўз исм-шарифлари, балки миллий алифболарини ҳам сақлаб қолдилар – совет рубллари устида пул бирлиги бошқа миллий республика халқлари тилида кирилл имлосида ёзилган бўлса, гуржи, арман, литвалик, латвиялик ва эстонияликлар тилларида эса ўз имлоларида битилган эди.

Бироқ, негадир ислом динига мансуб ўзбек, қозоқ, татар, бошқирд, озарбойжон, тожик, туркман, қирғизлар, ҳамда будда ва шаманизм динларига мансуб Сибирь ва Узоқ Шарқ халқлари Россия империяси босимига 300 уёқда турсин, ҳатто 50 йил ҳам чидашмади ва ўз имлосидан ҳам, исм-шарифидан ҳам осонликча воз кечишди. СССР парчаланаётган пайтда ҳам айнан шу халқлар раҳбарлари ва зиёлилари ё империя парчаланишига тиш-тирноғи билан қарши бўлишди, ё ўзларини пана-панага уришди. Ҳозир Ўзбекистон аҳолиси сонини 32 миллион дейишмоқда. Бу – жуда катта сон. У – гуржилардай 5 миллион эмас. У – эстонлардай 3 миллион эмас. Яна қайси бир миллат билан таққослай? Ана шу 32 миллиондан ўз халқи исми-шарифини руслаштиришдан тамоман халос қилишни чин дилдан истаган ва шу йўлда то ғалабагача тинимсиз курашни мақсад қилган ҳеч бўлмаганда 100 та ўзбек чиқмай турибди!! Бундай инсонлар мутлақо йўқ деб ҳам бўлмайди – ишонмасангиз Абдураҳим Пўлатнинг www.harakat.net сайтига қаранг. Шоирлар Юсуф Жума ва Ёдгор Обид, мухолифат вакиллари Муҳаммад Солиҳ ва Ҳазратқул Худойберди, ислом дини ғояларида содиқ турган Намоз Нормўмин ва Муҳитдин Ширин бу шарафли йўлда бардавом қадам отмоқдалар – бироқ уларнинг ёнида ҳеч ким кўринмайди, айниқса ёшларимиздан ҳеч ким уларга ёрдамга шошилаётгани йўқ!

Оилада нон қолмаса, болалар очликдан чирқилласа, оила бошлиғи бор кучи ва ғайратини нон топишга қаратади. Чунки у болалари очдан ўлишини истамайди! Бутун бошли халқ руслаштириш ботқоғида чўкаётган бўлса, ким бор кучи ва ғайрати билан унга ёрдамга шошилиши керак? Менга ўхшаган ёши 80 ни қоралаб қолган, касалликдан нотавон ҳолга тушган қарияларми ёки билаги кўйлаги енгига сиғмайдиган, онги тошни ёрадиган ёшларми? Ким? Руслар бошқа халқлар ҳудудларини босиб олиш, уларнинг табиий бойликларини ўзлаштириш ва мустамлакачиликка қарши исён қилганларни ўлдириш билан чекланмай, нега уларга нисбатан руслаштириш сиёсатини олиб боришди? Ҳозир ҳудудимиз ўзимизники, табиий бойликларимиздан ҳам яхшими-ёмонми ўзимиз фойдаланаяпмиз ва, ниҳоят, ҳозир ўзбеклар мустамлакачиликка қарши исён қилишларига ҳожат қолмаган пайтда нега улар руслаштириш асоратларидан қутулишга ҳаракат қилишмаябди? Жавоб оддий. Ҳамма гап шунда-ки, ҳудудларни босиб олиш, табиий бойликларни ўзлаштириш ва исёнларни бостириш ШАФҚАТСИЗ КУЧ билан боғлиқ! Руслаштириш эса МИЯ билан боғлиқ! Усталик билан мияга жойлаштирилган нарса асрлар давомида ювилмай тураверади! Биз ҳозир шуни кузатаяпмиз!

Руслаштириш сиёсати оқибатларини йўқ қилиш Ислом Каримов даврида имконсиз эди – бу ҳаммага тушунарли. Ислом Каримов даврида, исм-шарифларни ўзгартириш масаласида ўзбек халқига Парвардигор ҳатто кутилмаган имконият ҳам яратди – биометрик паспорт жорий қилинганда мазкур масалани осон ҳал қилса бўларди, бироқ икки сабабга кўра бу имконият бой берилди: 1) Ислом Каримов бошлиқ ҳукумат ўзбекларга биометрик паспорт бераётганда уларнинг исм-шарифини миллийлаштиришни истамади; 2) Биометрик паспорт жорий этилиши эълон қилинганда халқнинг илғор зиёлилари исм-шарифларни миллийлаштириш ташаббуси билан чиқишдан қўрқишди! Қўлига қилич ушлаган одамни кўз олдига келтиринг – у бир зумда қиличи билан кўп нарсаларни ўзгартириб (бўлаклаб) ташлаши мумкин. Исм-шарифларни миллийлаштириш биометрик паспорт берилаётганда бир зумлик иш эди, бироқ жамиятнинг илғор қисми қўлига »қилич» олишни истамади! Мен қилич сўзини қўштирноқ билан ўрадим. Нега?  Исм-шарифларни миллийлаштириш Боғдод пўлатидан ясалган, уста ўтхонасида ўбдон тоблаган қилич ёрдамида амалга оширилмайди – исм-шарифларни миллийлаштириш халқда миллий ғурурни шакллантириш йўли билан амалга оширилади. Гуржи, арман, литовлик, латвиялик ва эстонияликларда миллий ғурур шаклланган, ўзбек, туркман, татар, бошқирд, қирғиз, қозоқларда эса миллий ғурур ҳали чуқур инидан чиққани йўқ!

Бўлди! Менинг фейсбукдаги дўстларга таклиф этадиган гапим бор. Ҳар биримиз ўз исм-шарифимиздаги »ов», »ев», »ова», »ева», »вич» ва »на» қўшимчаларни олиб ташлайлик. Мен Талиб Якубов (паспортимда ёзилгандай) эмас, Толиб Ёқуб бўлай, қолганларнинг ўз исм-шарифларидан русча қўшимчаларни олиб ташлаш ихтиёрини ўзларига қолдирайлик – улар бу ишни адашмай, чин сидқи-дилдан қиладилар, деган умиддаман. Шундай бўлса-да, мен фейсбукка кириб биринчи дуч келган дўстларимизнинг ҳозирги исм-шарифларини кўчириб олдим Мана улар:

Шухрат Бабажанов, Мавлюда Эгамбердиева, Мирза Анвар Хамидов, Тулкин Караев, Миррахмат Муминов, Алимардон Султонов, Муҳаммадсолиҳ Абутов, Актам Ахмедов, Атабек Усманов, Юлдаш Ачилов, Нигара Хидоятова, Айбек Мумунов, Бахадыр Намазов, Талиб Якубов.

Мен ушбу дўстларимизнинг исм-шарифини мана бундай ёзган бўлар эдим:

Шўҳрат Бобожон, Мавлуда Эгамберди, Мирза Анвар Ҳамид, Тўлқин Қора, Мирраҳмат Мўмин, Алимардон Султон [эшитаяпсизми – қандай жарангдор!], Муҳаммадсолиҳ Обид, Ўктам Аҳмад, Отабек Усмон, Йўлдош Очил, Нигора Ҳидоят, Ойбек Мўмин, Баҳодир Номоз, Толиб Ёқуб.

Энди ҳар иккала рўйхатга кўз ташланг! Фарқни сезаяпсизми? Нима ўзгарди? ЖАВОБ: Оҳанг ўзгарди! Оҳанг жарангдор бўлди! Исм-шарифларга чуқур ва бетакрор мазмун кирди!

Фейсбукда баъзиларнинг юзлаб дўстлари бор. Менинг дўстларим 200 дан кам эмас. Юқорида исм-шарифи келтирилган ўзбеклар ўз дўстларини мазкур ташаббусга қўшилишга даъват этишса, сафимиз кескин ошади. Бизга биринчи қадамда қўшилган дўстларимиз ўз навбатида фейсбукдаги ўзларининг дўстларини ташаббусимизга қўшилишга даъват қилсалар, сафимиз геометрик прогрессия каби орта боради. Қарабсиз-ки, йўқ жойдан ҳайқирган бўрон, шиддатли оқим пайдо бўлади. Бу ҳайқирган бўрон ва шиддатли оқим Ўзбекистонда шаклланаётган янги посткаримов раҳбарларнинг диққатига тушмаслиги мумкин эмас! БОШЛАДИК!!!

9 декабрь, 2016 йил        Франция

Categories: Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.