СУНЪИЙ ИҚТИДОР (ИНТЕЛЛЕКТ)

Толиб ЁҚУБSham ko`targan ko`r

    9 декабрьда Озодлик Радиоси рус хизматининг сайтида Радио мухбири асл польшалик, бироқ Буюкбританиянинг Кембриж университетида ишлайдиган ёш бир олим билан уюштирган интервьюсини ўқидим. Интервью сунъий иқтидор (интеллект)га бағишланган экан. Сунъий интеллект нима? Маълум-ки, жонли мавжудодлар орасида фақат инсон юксак интеллектга эга – бу ақл, идрок, жонли тил, информацияни излаб топиш, уни ўқиш, кўриш, эшитиш, қайта ишлаш ва узатиш (бошқалар билан »баҳам кўриш»)дир. Ер юзидаги бошқа жонзодларнинг интеллекти инстинкт даражасида бўлиб, у фақат егулик излаш, йўқ бўлиб кетмаслик учун курашиш [жинсий алоқа (ҳайвонлар), уруғ қўйиш (балиқ ва балиқсимонлар), иккига бўлиниш (микроорганизмлар)] орқали ўзининг популяцияси (сони)ни маълум бир даражада ушлаб туришдан иборат, холос. Ҳайвонот дунёсидан фарқли ўлароқ инсон яратувчидир. Бир пайтлар эҳтиёжи учун зарур бўлган барча ишларни инсон ўз қўли ва оёғи воситасида бажарган бўлса, ҳозир у бу ишларни машиналар зиммасига юклади – масалан, қатор ривожланган давлатларда автомобильларни конвейр усулида йиғиш, турли-туман маҳсулотларни қайта ишлаш, уларни қутиларга упаковка қилиш, қутиларни машиналарга ортиш каби ишларни бажарадиган завод-автоматлар ишлаб турибди. Завод-автоматларни инсон бошқариши шарт эмас, уларни инсон ўз интеллекти ёрдамида яратган компьютерлар бошқармоқда. Бошқача айтганда, ҳозирги тарихий жараёнда асосан инсоннинг мускул кучи эмас, унинг интеллектуал қобилияти асосий ролни ўйнамоқда. Мураккаб жараёнларни бошқараётган компьютерлар бора-бора инсон ўрнини эгаллаши мумкинми? Уларнинг »интеллекти» инсон интеллектини йўлда қолдириб кета оладими? »Ақлли» компьютерлар жаҳонни эгаллаб олишга ва шунинг натижасида улар инсониятга душманлик кайфиятида бўлиб катта хавфга айланишга қодирми? Радио мухбирига берган интервьюсида поляк олим »Сунъий интеллект аста-секин жаҳонни эгаллаб олишини биз (инсоният) сезмай қолишимиз мумкин» дея иддао қилади.

Хўш, сунъий интеллект нима? Мен бу саволга жавоб бериш учун гапни узоқдан бошлашга мажбурман. Аввало жонли тил ҳақида қисқача маълумот келтираман. Маълум-ки, ҳар қандай жонли тил (мас., ўзбек тили) дарак, ундов ва сўроқ гаплардан иборатдир. Одатда, »рост» ёки »ёлғон»лиги бирқийматли аниқланадиган дарак гап жумла (русча: высказывание) дейилади. Мас., »Тошкент – Ўзбекистоннинг пойтахти» рост, »25 сони 4 сонига қолдиқсиз бўлинади» эса ёлғон жумладир. Ёзувни қисқартириш мақсадида математик мантиқ (математическая логика) фанида »рост» 1, »ёлғон» эса 0 билан белгиланади. Бироқ, ҳар қандай дарак гап 1 ёки 0 қийматга эга бўлавермайди. Мас., »Париж – чиройли шаҳар» дарак гапга инсонларнинг муносабати қандай? Табиий, бу дарак гапга одамларнинг муносабати ҳар хил бўлиши мумкин: кимдир »Париж – менинг юрагим, менга ундан-да чиройли шаҳар йўқ» дейиши, бошқа бири эса: »Париж менга мутлақо ёқмади, димиқиб ўлдим бир кун юриб, энди Париж елкамнинг чуқурини кўрсин» дейиши ҳам мумкин. Бошқача айтганда, баъзи дарак гапларнинг рост ёки ёлғонлиги субъектив қараш (инсон фактори)га боғлиқ бўлади. Ҳозирги замон компьютерлари фақат жумлалар билан иш кўради – уларда субъектив қараш йўқ! Компьютер фақат 1 ва 0 қийматли информацияни »ўқий олиши» мумкин, холос! Компьютер субъектив қарашга »ўрганган» ҳолдагина сунъий интеллект ҳақида гапириш мумкин. Сўроқ ва ундов гапларнинг рост ёки ёлғонлигини аниқлашнинг имкони йўқ. Сўроқ гап фақат масалани қўйишда ишлатилади, холос. Масаланинг ечими (у мавжуд бўлса) рост ёки ёлғон дарак гапдан иборат бўлади. Ундов гаплар ҳақида гапириш ҳатто маънога эга эмас. Мас., »Яшасин 1 Май!» ундов гап чақириқ бўлиб, дарак гапга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Биз билган, мактаб ва олий ўқув юрларида ўқитиладиган математика фанининг асосини »тўплам» (множество) тушунчаси ташкил қилади. Мас., 1) »Пойтахт шаҳарлар» тушунчасини дунёдаги барча давлатлар пойтахтлари (Тошкент, Вашингтон, Париж, Пекин, Москва, Қоҳира, …) ташкил қилиб, улар битта тўпламга бирлашади. 2) »Жуфт мусбат сонлар» тушунчасини 2 га қолдиқсиз бўлинадиган 2, 4, 6, 8, 10, … ташкил қилиб, улар битта тўплам ҳосил қилишади. 3) »Йиртқич ҳайвонлар» тушунчасини бўри, йўлбарс, арслон, айиқ, тимсоҳ, …лар ташкил қилишади ва улар барча ҳайвонлар орасида алоҳида тўпламга бирлашади. Бундай мисолларни исталганча келтириш мумкин. Шундай қилиб, (а) тўплам берилиши учун унга кирувчи нарса (предмет, элемент)ларнинг умумий хоссаси берилиши, ва (б) қандайдир хосса берилган бўлса, шу хоссага эга бўлган барча нарса (предмет, элемент)лар бир жой (тўплам)га йиғилиши керак. Яна-да аниқроқ айтганда: тўплам ва хосса тушунчалари бир-бирига нисбатан »Ҳасан-Ҳусан» кабидир. Тўплам тушунчасига шу нуқтаи-назардан қаралса, бундай тўплам »тиниқ тўплам (чёткое множество)» дейилади. Тиниқ тўплам чекли бўлиши ҳам (мас., пойтахтлар тўплами ёки йиртқич ҳайвонлар тўплами), чексиз бўлиши ҳам мумкин (мас., жуфт мусбат сонлар тўплами). Тўплам элементларининг умумий хоссаси тўпламнинг характеристик функцияси дейилади. Тиниқ тўпламнинг характеристик функцияси фақат 1 (рост) ва 0 (ёлғон) қийматга эга бўлади. Мисол: А – қандайдир тўплам,  х – унинг ихтиёрий элементи, f(x) – характеристик функцияси (яъни А тўплам элементларининг умумий хоссаси) бўлсин. Агар х = a  А тўпламнинг ихтиёрий элементи бўлса, у ҳолда f(а) ё рост ( f(а) =1), ё ёлғон ( f(а) =0) жумла бўлади.

Шундай қилиб, биз билган, мактаб ва университетда ўқиган математика иккиқийматли мантиқ (двузначная логика) устига қурилган математика бўлиб, у қуйида келтирилган кўпқийматли мантиқ (многозначная логика)нинг хусусий ҳолидир.

Тиниқмас (нечёткие) тўпламлар ҳам мавжудлигини биз »Париж – чиройли шаҳар» дарак гапи мисолида кўрдик. Парижнинг чиройли шаҳарлиги бобида қанча одамдан фикрини сўрасангиз шунча турли-туман жавобни оласиз, яъни савол объекти (Париж)га фақат »Ҳа, чиройли шаҳар» (f(а) =1)) ёки »Йўқ, чиройли эмас» ( f(а) =0)) жавоблардан ташқари яна субъектив қарашдан иборат: »Унчалик эмас. Лондон чиройлироқ деб, ўйлайман» ( f(а) =2/3)), »Э, қўйсангиз-чи, шу Парижингизни. Бир бориб, кейин боргим келмай қолди» ( f(а) =1/3)), »Аҳён-аҳёнда бориб турса бўлади. Кўрадиган яхши музейлари кўп. Лекин ўзимизнинг Стокгольм чиройлироқ» ( f(а )=1/4)) … каби  минглаб чайналиб айтилган жавобларни эшитиш мумкин. Иккита одам бир-бирига ўхшамагандай, уларнинг фикри ҳам бир-бирига мос келмаслиги табиийдир. Компьютер одамларнинг ана шундай субъектив фикрлашини илғаб ололмайди. Демак, ҳозирча сунъий интеллект (одамдай фикрлайдиган машина) яратиш утопия даражасида турибди. Поляк олимнинг иддаоси бўйича бир пайтлар келиб инсонлар яратган машиналар инсониятга сездирмай унинг назоратидан чиқиб кетади ва ўз-ўзини мукаммалроқ қилиб ярата бошлайди. Қарабсиз-ки, сунъий интеллект (машина = компьютер) ўз яратувчиси инсониятга қарши уруш бошлайди, уни тамоман йўқ қилиб ташлайди. Аслида ундай эмас. Инсоният ўзининг гўрковини яратиш учун шу пайтгача бўлган тараққиёт йиғиндисидан улканроқ математик масалани ечиши лозим. У қандай масала? У – тиниқмас математика (нечёткая математика) масаласидир!

Тиниқмас математикани ўрганиш бобида биринчи илмий ишни АҚШлик Лутфизода (исми эсимда йўқ) 1961 йилда эълон қилди – у ўзининг мақоласини »Тиниқмас тўпламлар» (Нечёткие множества) дея номлаган эди. Лутфизоданинг мақоласи математикада революцион (инқилобий) кайфият уйғотди. Математик олимлар шу пайтгача мисли кўрилмаган йўналишларни ихтиро қилишди – фанга нафақат тиниқмас тўплам тушунчаси, балки »Тиниқмас арифметика» (Нечёткая арифметика), »Тиниқмас геометрия» (Нечёткая геометрия), »Тиниқмас алгебра» (Нечёткая алгебра), …, ва ҳатто »Тиниқмас топология» (Нечёткая топология) тушунчалари кириб келди. Мазкур соҳалар бўйича китоблар нашр қилинди. Бир АҚШлик олим ўз китобининг муқаддимасида 21-аср тиниқмас математика асри бўлади, дея башорат қилгани эсимда. Мен аспирантурада ўқиб юрганимда (1971-75 йиллар) математикада қандайдир етишмовчилик мавжуд эканини алас-алас тушунгандай бўлардим, бироқ ўша »етишмовчилик» нимадан иборатлигини тушунмас эдим. Мен диссертациямни ёқлаганимда таниқли москвалик олим Б.Садовский 1-чи оппонентлик қилди. Кейинчалик биз дўстлашиб кетдик ва менинг ташаббусим билан у икки марта Тошкентга келди. Бир куни мен қўрқа-писа унга ўз фикрларимни айтдим. Садовский дарҳол жонланиб кетди ва: »Бу соҳа ривожлана бошлаганига камида 15 йил бўлди. Менинг ўғлим Алексей ҳам шу соҳада ишлайди. Москвага қайтгач, мен сенга унинг мақолаларини жўнатаман. Ҳозир рус тилида китоблар ҳам чиққан. Битта китоб ҳам жўнатаман» деди. У ваъдасининг устидан чиқди – менга Москвадан салмоқли посилка келди.

Мен Алексейнинг мақолаларини ўқидим, китобни ҳам ўқиб чиқдим. Бу соҳага мендан бошқа ҳеч ким қизиқмади. Нима қилиш керак? Мен мазкур соҳага студентларнинг эътиборини қаратишга қарор қилдим. Битирувчи ўзбек ва рус группаларидан 3-4 та студент мен ташкил қилган семинарга қатнай бошлашди. Шулардан рус группасида ўқийдиган бир ўзбек қиз (исм-шарифи эсимдан чиққан, афсус) институтни битиргач, аспирантурада ўқиш учун олиб қолинди. Мен бор-йўғи доцент бўлганим учун унга илмий раҳбар бўла олмас эдим. У илмий ишни тиниқмас математика методларини педагогикага, аниқроқ айтганда, математика ўқитиш методикасига (Методика обучения математики) тадбиқ этиш масаласига бағишламоқчи бўлди. Бу – янги соҳа эди. Уни оддий қилиб бундай тушунтирса бўлади: музли стадионда коньки устида фигурали учиш мусобақасида спортчининг маҳоратини »ўлчаш» учун 6 та судья қатор ўтиришади, спортчи ўз машқини бажариб бўлгач, судьялар бир пайтнинг ўзида ўзларининг баҳоларини эълон қилишади (картонга ёзилган баҳони кўрсатишади). Баҳолар йиғиндисига қараб ютиб чиққан спортчи аниқланади – буни таҳлилчилар баҳоси (экспертная оценка) дейилади. Юқорида айтилган қиз таҳлилчилар баҳоси методларини педагогикага, аниқроғи,  математика ўқитиш методикасига қўллаш бўйича илмий иш олиб борди. Унга москвалик бир олим илмий раҳбар бўлди, у (қиз) Москвага кетди, диссертация ёқлади, турмушга чиқди ва … алоқаларимиз узилиб қолди. Тақдири менга қоронғу. Менинг Жиззахдаги уйимда математиканинг турли соҳалари бўйича, хусусан тиниқмас математика бўйича,  юзлаб ноёб китоблар сақланмоқда – бироқ улардан фойдаланадиган одам йўқ.

11 декабрь,  2016 йил    Франция

Categories: Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.