ЎҒРИНИНГ  ЧЕМПИОНГА  АЙЛАНИШИ

Толиб ЁҚУБ

Мен Болгариянинг пойтахти Софияга икки марта борганман. Офиси Австриянинг Вена шаҳрида бўлган Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Хельсинки Федерацияси (ХХФ)га аъзо бўлган Болгария Инсон Ҳуқуқлари Комитети (БИҲК) ўзининг йиллик мажлисларига мени меҳмон-кузатувчи сифатида икки марта таклиф қилган эди. Бир сафар БИҲКнинг офисидаги китоблар орасида ўрта масофаларга югуриш бўйича бир неча марта Болгария чемпиони бўлган, кейинчалик спорт журналистикаси соҳасида кўп мақолалар ва китоблар ёзган бир журналистнинг рус тилида ёзилган чоғроққина бир китоби менинг диққатимни ўзига тортди – китобнинг 1-2 саҳифасини ўқигач, у мени шу қадар ўзига мафтун этди-ки, мен уни бир ўтиришда ўқиб тугатдим. Китобнинг номини аниқ эслай олмайман, алас-алас эслашимча унинг номи »Менинг ўғри чемпион укагинам»га яқин эди.

 Ўрта масофаларга югуриш бўйича Болгария чемпиони бир кун, йўловчиларга лиқ тўлган автобусда тик турган ҳолда кетаётган бўлган. Европа лўлиси (цигани)га ўхшаш қорамтир чиройли юзли, қўнғироқ сочли бир йигитча унинг диққатини ўзига тортади – у йигитча ёнида турган бир одамнинг чўнтагини кесиб кармончасини ўғирлаётганини кўриб қолади. Ўз навбатида йигитча ҳам ўғрилик қилганини бегона бир одам сезиб қолганини тушунади ва автобус бекатда тўхтаган заҳотиёқ одамларни туртиб-итариб ўзини очиқ эшикка уради. Болгария чемпиони ҳам бўш келмай унинг орқасидан қува бошлайди. Ўзига юз фоиз ишонган чемпион тез фурсатда ўғрини тутиб оламан, деб ўйлайди ва қувишда давом этади. Лекин, тез орада, у бир нарсани сеза бошлайди – ўзи билан ўғри орасидаги масофа қисқармайди, аксинча, масофа узоқлаша боради. Тўсатдан ўғри бола олдида баландлиги салкам 2 метр бўлган девор пайдо бўлади, бироқ у деярли қўл ушламай девордан сакраб ўтиб кетади, Болгария чемпиони эса девордан ўтишда бир неча секунд йўқотади, девордан ўтгач эса ўғри қаёққа қараб қочганини билолмай туриб қолади. Хуллас, у ўғри болани тута олмайди! Лекин унда афсусланиш эмас, аксинча, ўғри болага нисбатан ўзида илиқлик сезади ва қачонлардир барибир уни топаман, деган аҳд қилади.

Бодлгария чемпиони ўғри боланинг юзини яхши эслаб қолади ва қаерга бормасин ёш йигитчаларга тикилиб қараб юради. Орадан анча вақт ўтади. Бир куни у кўчада, қўлидаги иккита чўтка билан одамларнинг пойафзалини мойлаб-тозалаб ўтирган бир йигитчага эътибор қаратади ва 2-3 қадам нарида туриб уни кузата бошлайди. Йигитча пойафзални мойлаб-тозалаб бўлгач, бошини кўтаради, пойафзал эгасидан ишҳақини олади ва … тура қочади – у ҳам кузатиб турган одамни таниб қолади. Бироқ, олдинги муваффақиятсизликдан хулоса чиқарган чемпион икки сакрашда унга етиб олади ва … қучоқлаб бағрига босади:

                –   Қўрқма, мен сенга ёмонлик қилмайман! Аксинча, мен сен билан яқиндан танишмоқчиман. Юр, иккаламиз бир кафеда ўтириб бир филжон-бир филжон кофе ичайлик, танишайлик. Мен сенга қизиқ, сен умуман кутмаган бир таклифни айтмоқчиман, – дейди.

               Йигитча унга эргашади, улар кафега кириб кофе ичиб анча вақт сўҳбатлашишади. Гап орасида йигитчанинг ота-онаси аллақачон ўлиб кетишгани, уларнинг уйини эса бир қариндоши тортиб олгани, бола кўчада қолгани, кунини тиламчилик ва ўғрилик билан ўтказиб юргани, дуч келган пана жойларда ётиб юргани, бир этикдўз чолга қарашиб юргани, чол вафот этгач эса унинг дастгоҳлари, мойлаш чўткалари унга қолганлиги маълум бўлади. Болгария чемпионига боланинг аянчли тақдири қаттиқ таъсир қилади ва у пойафзал мойловчига ўзини таништиради:

               – Мен ўрта масофаларга югуриш бўйича икки карра Болгария чемпиониман. Мен ҳар куни икки маҳал Софиянинг энг катта стадионида машқ қиламан. Ундан ташқари, мен югуриш бўйича ёш спортчилар гуруҳини тузганман ва ҳар куни шу гуруҳ билан ишлайман – ёшларни ўзимнинг тажрибам билан таништираман, уларнинг машқларини кузатаман, хатоларини қайд қиламан, тушунтираман. Ҳозир гуруҳда иқтидори юксак ёшлар пайдо бўлди, улар ўтган ва бўлажак мусобақаларда қатнашиб ўз маҳоратини оширишмоқда. Менинг таклифим эса бундай: сен ҳам ўша гуруҳга қўшил, гуруҳ машқларида қатнаш. Эртага эрталаб соат 8-00 да мен сени стадионда кутаман. Спорт формаси ва кроссовка харид қилиб юрма – стадионда гуруҳнинг чўмиладиган ва дам оладиган алоҳида хоналари бор, бир хонада янги форма ва кроссовкалар турибди, ўшалардан бири сеники бўлади. Келишдикми?

Пойафзал мойловчи йигитча ўйланиб қолади. Болгария чемпиони унинг жавобини сабр билан кутиб туради. 1-2 дақиқадан кейин йигитча розилигини билдиради. Эртаси куни эрталаб чемпион йиғилган гуруҳ аъзоларига янги ёш аъзо келиб қўшилишини айтади ва улардан унга имкон қадар яхши муносабатда бўлишларини илтимос қилади. Пойафзал тозалагич йигитча стадионга бир соат кечикиб келади – у келганда машқлар бошланган, югурувчилар турли машқларни бажараётган эди. Машқ қилувчилар орасида у чемпионни кўради ва пайтини пойлаб келганидан уни хабардор қилади. Чемпион дарҳол машқини тўхтатиб унга пешвоз чиқади, иккаласи хоналарнинг бирига киришади – у ерда чемпион унга янги форма ва кроссовка беради. Йигитча устини алмаштиргунча чемпион уни ташқарида кутиб туради, кийиниб чиққан йигитчани кўриб лол қолади – унинг фигураси машҳур спортчиларнинг классик фигурасидан қолишмас эди.

Чемпион уни стадион қошидаги Болгариянинг узоқ регионларидан келган спортчиларга мўлжалланган ётоқхонага жойлаштиради. Кунлар кетидан кунлар ўтиб боради, пойафзал мойлагич йигитча барча гуруҳ аъзолари учун »ўзиники» бўлиб қолади, машқларда у катта ютуқларга эриша бошлайди, бир неча мусобақаларнинг пешқадамига айланади. Бироқ, Болгария чемпионати ҳали олдинда бўлиб, у мамлакат чемпионатида қатнашишни ҳаёлига ҳам келтирмас эди. Бора-бора гуруҳда унга тенг келадиган одам қолмади – баъзи мусобақаларда у ҳатто ўз устозидан ҳам олдин финиш чизиғини кесиб ўтди. Югуриш бўйича Болгария чемпионати бир ҳафта давом этди ва у (чемпионат) »ютқазган мусобақани тарк этади» принципи асосида ўтказилди. Бу принцип қуйидагича эди. Барча қатнашувчилар иккитадан жуфтликларга ажратилган бўлиб, ҳар бир жуфтлик стратга чиқар, стартни ютган чемпионатда қатнашишни давом эттирар, ютқазган эса мусобақани тарк этар эди. Ютганлардан эса яна жуфтликлар тузилар ва бу жуфтликлар мусобақанинг иккинчи турини ўтказар эди. Бора-бора икки спортчи асосий финалга, яъни Болгария чемпиони унвони учун стартга чиқар эди.

Асосий финалга Болгария чемпиони ва … собиқ пойафзал мойлагич йигитча чиққани ҳаммани, шу жумладан спорт мутахассисларини шок ҳолатга туширди. Бироқ бундан севинганлар ҳам оз эмас эди – севинганлар орасида Болгария чемптони ҳам бор бўлса-да, бироқ у чемптонликни ўз ўқувчисига осонликча бериб қўймоқчи эмас эди. Устоз ва талаба асосий финал учун старт чизиғи олдига келишганда стадион уларни узоқ давом этган овация (олқиш) билан кутиб олди. Мана, улар олдинга тикилган ҳолда мусобақа судьяси томонидан старт тўппончасидан товушли ўқ отилишини кутиб туришибди – улар стадион йўлаги бўйлаб 10 марта айланиши керак. Ўқ узилди, устоз ва талаба ёнма-ён йўлакларда югуришни бошлашди. Саккизинчи айланишгача улар бир-биридан ортда қолмай югуришди. Бундай мусобақаларни кўравериб кўзи »пишиб кетган» устоз шогирдида чарчаш аломатини умуман кўрмади. Бироқ нега у бир силтов билан олдинлаб кетмаяпти? У нимани кутаяпти? Финишга биринчи бўлиб етиб келишга унда етарлича куч бор-ку! Қизиқ!

Сакказинчи айланиш тугаганда ҳам шогирд устознинг ёнида чопишни давом эттирди. Ҳар замонда шогирдига кўз қирини ташлаб турган устозда миясида туғилган саволнинг ечими яшин тезлигидай пайдо бўлди: ШОГИРД  УСТОЗИДАН  ОЛДИНГА  ЎТИШНИ  АТАЙЛАБ  ИСТАМАЯПТИ!!! Ўнинчи айланиш бошланганда устоз ёнида чопаётган шогирдига овози борича: »ЧОП» дея бақиради. Шогирд устозининг бу бақиришидан сесканиб тушади ва чопишни тезлаштиради. У устозидан 5-6 метр илгарилаб кетади ва финиш чизини биринчи бўлиб кесиб ўтади. Етиб келган устоз уни бағрига босади, терга ботган юзидан ўпади.

03 февраль 2017 йил Франция

Categories: МАҚОЛАЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.