РОССИЯ ИМПЕРИЯСИ ва СССР ИСТИБДОДИ

Толиб ЁҚУБ

НЕГА ЎЗБЕКЛАР РОССИЯ ИМПЕРИЯСИ ва СССР ИСТИБДОДИ

ТАЪСИРИДАН ҚУТУЛИШНИ ИСТАШМАЯПТИ?

Nurmuhammad AZIZOV Karikaturasi

1862 йил 19 июньда АҚШ Конгресси қулга эгалик қилиш, қулларнинг ҳар қандай меҳнатидан фойдаланиш, уларга тан жароҳати етказиш ва ўлдиришни таъқиқлаган ҳолда мамлакат бўйлаб қулчиликни бекор қилиш, яъни қулларга озод инсонлар каби муносабатда бўлиш ҳақида қарор қабул қилди. Қулдорлик ҳукм сурган мамлакатларда қул мол даражасида эди – унинг фақат эгаси нима егулик берса ўшани еб-ичиши, кечаси бир неча соат ухлаши, эгаси берган кийимни кийиши, эгаси ва унинг оила аъзоларига сўзсиз бўйсуниши каби “ҳуқуқлари” бор эди, холос, қолган вақтларда эса ишлашга, ишлашга ва яна ишлашга мажбур эди. Конгресс қарорини барча штатлар дарҳол бажара бошлаган эмас – қулдорлик авж олган жанубий штатлар қарорни тан олишмади ва .. шимолий ва жанубий штатлар ўртасида фуқаровий уруш бошланиб кетди. АҚШда, унинг баъзи штатларида, қулдорлик анча йиллар сақланиб қолди. Лекин, кутилмаганда қизиқ бир ҳодиса юз беради – турли жойларда қуллар ўз эгалари ихтиёрига қайтиб кела бошлашади. Кейинчалик олимлар бу феноменни: озодликга, эркин ҳаётга ўргана олмаслик феномени, дея тушунтиришди. Бошқача айтганда, қуллик психологияси (руҳияти), менталитети (зеҳнияти) собиқ қуллар онгига шу қадар сингиб кетган экан-ки, улар осмондан тушган эркинликни ҳазм қила олмаганлар!

Россия империяси ХХ-асрнинг 60-чи йилларидан бошлаб Марказий Осиёда ҳукм сурган Бухоро амирлиги, Қўқон ва Хива хонликларини ишғол қила бошлади. Россияда 1917 йилда содир этилган қуролли давлат тўнтариши натижасида ҳукуматни В.Ленин бошчилигида большевиклар эгаллашди. 1922 йилда тўртта “мустақил” давлат: Россия Социалистик Федератив Совет Республикаси (РСФСР), Украина Социалистик Совет Рнспубликаси (УССР), Белорусия Социалистик Совет Республикаси (БССР) ва Кавказорти Социалистик Федератив Совет Республикаси (КоСФСР) Совет Социалистик Республикалар Иттифоқи (СССР) номи остида янги давлат тузишди. Марказий Осиёда Хоразм Социалистик Совет Республикаси (ХССР), Бухоро Социалистик Совет Республикаси (БССР) ва РСФСРга бўйсундирилган Туркистон Автоном Социалистик Совет Республикаси (ТАССР) тузилди. 1924 йилда мазкур учта “советлар давлати” тугатилиб, ўрнида иккита янги “советлар давлати” – Ўзбекистон ва Туркманистон Совет Социалистик Республикалари ташкил этилди. Россия империяси, кейинчалик СССР деб номланган империяда миллий “социалистик давлатлар”га ҳақиқий миллийлик бериш истаги йўқ эди. Табиий, миллий “социалистик давлат” халқини, миллионлаб одамларни ўз тилидан мосуво (жудо) қилиш қийин, бироқ халқни, миллионлаб одамларни ҳеч бўлмаса ўз тарихидан, анъаналаридан ва қадриятларидан узоқлаштириш қийин эмас. Одатда империялар қарам халқларга ўз тили, анъаналари ва қадриятларини сингдиришга ҳаракат қилиб келишган – инглизлар масалан Ҳиндистон, Шимолий Америка, Австралия, Янги Зеландияда, испанлар Жанубий ва Марказий Америкада, французлар Африканинг қатор мамлакатларида, Саудия араблари Шимолий Африка, Яқин Шарқ, Марказий Осиё ва ҳатто Афғонистон, Ҳиндистон ҳамда Покистонда, руслар эса бепоён Сибирьдан тортиб Узоқ Шарққача бўлган ҳудудларда, Украина, Белорусия, Болтиқбўйи республикалари, Кавказ ва Марказий Осиёда айнан шу сиёсатни олиб боришган.

Бундай сиёсатни олимлар “инглизлаштириш”, “испанлаштириш”, “французлаштириш”, “руслаштириш” дея аташган. Хўш, “…лаштириш” сиёсатига нималар киради? Улар жуда кўп, мен эса асосийларини санаб ўтаман.

1) Ўз имлоси (алифбоси)ни “тиқиштириш” сиёсати;

2) Исм-шарифларни “…лаштириш” сиёсати;

3) Доҳийлар ва уларнинг портрет (расм)лари ҳамда ҳайкалларига сиғиниш, уларга мақбаралар қуриш сиёсати;

4) Миллий озодлик ҳаракатларини шафқатсиз бостириш сиёсати.

ЭСЛАТМА: Ушбу мақолада мен “шариф” сўзини русча “фамилия” сўзи ўрнида ишлатаман – бу таржима тўғрими-йўқми – буни муҳтарам ўқувчи диққатига ҳавола этаман. Русларда бола туғилгач, унинг метрикасида исми, отчествоси ва фамилияси (ўзбекча: исм, отасининг исми ва шарифи) ёзилади.

Марказий Осиё халқлари (ўзбеклар, тожиклар, туркманлар, қирғизлар, қозоқлар)га ўз имлосини “тиқиштириш” сиёсати, ўйлашимча, араблар истилосидан бошланган бўлса керак – араблар истилосигача бу халқлар қандай имло (алифбо)дан фойдаланганини тарихчи ва ёзувчилар яхши билишади. Биринчи марта Ўзбекистонда арабча алифбо 1929 йилда лотин алифбоси билан алмаштирилди, 1940 йилда эса Ўзбекистон лотин алифбосидан кирилл алифбосига ўтди. 1993 йилда Ўзбекистонда алифбо яна алмашди – президент И.Каримовнинг ташаббуси ортидан кирилл алифбосидан воз кечилди ва яна лотин алифбосига қайтилди. Ҳозир “адабиётшунос Шўҳрат Ризаев ўзбекларни яна кириллга қайтариш ташаббусини қўллаб-қўлтиқлаб чопиб юрибди”, деган гапни эшитдик. Бечора ўзбеклар! Ҳалиям ўзбекларнинг бели ва иродаси бақувват экан – унинг ўрнида бошқа халқ бўлганда ё аллақачон йўқ бўлиб кетарди ёки русга ўхшаган бирорта халқ ичига сингиб кетарди!

Россия империяси босиб олган ҳудудларда “руслаштириш” сиёсати биринчи навбатда маҳаллий халқ вакиллари исм-шарифини руслаштиришдан бошланарди. Марказий Осиё ишғоли пайтида рус армияси билан бирга мазкур ҳудудга, асосан таржимон сифатида, аввалроқ руслашиб бўлган, туркий тилли талайгина татар ва бошқирдлар ҳам кириб келишади. XIX-асрнинг иккинчи ярми (1860-1900 йиллар)дан 1917 йилдаги давлат тўнтаришигача бўлган даврда Россия империясининг Марказий Осиёда олиб борган сиёсатида “руслаштириш” ҳали унчалик сезиларли эмас эди. “Руслаштириш” сиёсати кейинроқ, Россия империяси ҳудудида коммунистик тузум ўрнатилгач авжга чиқди. Ўзбек коммунистлари Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев, Йўлдош Охунбобоев ва бошқалар русларнинг “руслаштириш” сиёсатини бажону-дил қўллаб-қувватладилар. 1926 йилда СССР бўйлаб ўтказилган аҳолини қайд этиш (перепись населения) тадбиридан кейин “руслаштириш” жараёни нафақат Марказий Осиёда, балки СССРнинг рус бўлмаган барча ҳудудларида кенг йўлга қўйилди. СССРда “руслаштириш” сиёсатига арман, гуржи, литва, латвия ва эстон каби халқлар кескин қаршилик кўрсатишди – улар баъзи соҳаларда, масалан: исм-шарифларининг миллийлигини ва ўз алифболарини сақлаб қолишга эришишди – қаршилик шу қадар кучли эди-ки, ҳатто совет пул-купюраларида пулнинг миқдори айни халқларнинг ўз имлосида ёзилди. Мазкур халқлар ўз исм-шарифларида акс этган гўзалликни сақлаб қолдилар: гуржиларнинг исм-шарифларига қаранг – кўзни қувонтиради, қулоққа севимли оҳангдек эшитилади, гуржи шарифини бирорта бошқа халқ шарифи билан адаштира олмайсиз! Арманларда ҳам шу! Бироқ, ўзбеклар, қозоқлар, тожиклар, туркманлар ва қирғизлар бу йўлни танламадилар – улар “руслашган” исм-шарифларни маъқул кўрдилар.

СССР пайтида ЗАГС (запись актов гражданского состояния – фуқаролар ҳолати ҳужжатлари қайд этиш ёзуви)ларда асосан русзабон одамлар (руслар, украинлар, яҳудийлар ва ҳ.) ҳамда “руслашган” татарлар ишларди. Уларнинг деярли ҳаммаси ўзбек тилини билмас эди, кўпчилиги билишни ҳам истамасди, ўзбек тилидаги “қ”, “ғ”, “ў”, “ҳ” товушларини ҳатто талаффуз ҳам эта олишмас эди. Исмим “Толиб” десангиз “Талиб” деб, шарифим “Ёқубов” десангиз “Якубов” дея ёзишарди. 1957 йилда мен паспорт олгани ЗАГСга борганимда мазкур давлат идораси ходимининг ихтиёри билан мен “Талиб Якубов” бўлиб қолдим ва ҳанузгача “Талиб Якубов” бўлиб юрибман. “Руслаштириш” сиёсати туфайли “Толиб” “Талиб”, “Ғолиб” “Галиб”, “Ғайрат” “Гайрат”, “Қурбон” “Курбан”, “Ҳамид” “Хамид”, “Ўктам” “Уктам”, “Қодир” “Кадир”, “Ойпошшо” “Айпашша”, “Қизлархон” “Кизлархан”, “Жаҳонгул” “Джахангул”га айланди – биров: “Ҳой, номард! Менинг исм-шарифимни бузиб ёзишга сенга ким ҳуқуқ берди?” демади. Ўзбеклар ёппасига “ов”, “ев”, “ова”, “ева”, “вич”, “на” каби “думчали” исм-шарифга ўтишди. Йўқ, ёппасига эмас – ўз тили, ўз халқи, ўз қадриятлари ва ўз анъаналарини ҳурмат қиладиган ва севадиган инсонлар келгиндилар жорий қилган “қадрият”ларни қабул қилишмади: Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Туроб Тўла, Ҳамид Олимжон, Юсуф Жума, Мирза Кенжабек, Амир Худойберди каби минглаб ватансевар ва миллатсеварлар шулар жумласидандир.

Авторитар ва тоталитар сиёсий тузумларнинг асосий белгиси “доҳий” шахсига сиғинишдир. Агар унинг беҳисоб ҳайкаллари хиёбонларда, ҳайкалча (бюст)лари ҳар бир давлат мулозими столи устида, миллионлаб портретлари халқ кўзи ўнгида турмаса, мазза-матрасиз “фикрлари” узундан-узун қизил матоларга битилиб, кўчанинг у томонидан бу томонига тортиб илиб қўйилмаса бундай тузумлар бир кун ҳам яшай олмайди. Ислом Каримов ҳаётлик пайтида унинг ҳайкаллари хиёбонларда тикланмади, унинг бюстлари мулозимлар столи устига қўйилмади. Бироқ, унинг минглаб портретлари ҳар бир катта-кичик шаҳарлар кўчаларига, миллионлаб портретлари ҳар бир мактаб, коллеж, лицей, корхона, давлат ва нодавлат идораларининг ҳар бир хонасига илинди. Бу портретлар оддий қоғозларда эмас, махсус ишланган қоғозларда ва махсус типографияларда тайёрланди – уларни тайёрлашга кетган пуллар И.Каримовнинг чўнтагидан чиққан эмас, ишлатилган пуллар Ўзбекистон халқиники эди. Ўзбекистонда 27 йил авторитар сиёсат юргазган И.Каримов нариги дунёга кетди, бироқ янги ҳукумат негадир унга ҳайкаллар тиклаяпди, мақбара қураяпди, аэропорт ва кўчаларга унинг номи бераяпди. “Бечора Ўзбекистон!” дея яна ҳайқиргинг келади.

И.Каримов “руслаштириш” сиёсатини билмасмиди? Биларди! Жуда яхши биларди! Ўзи “руслаштириш” сиёсатининг маҳсули эди. У тириклигида “руслаштириш” сиёсатига барҳам бериши мумкинмиди? Мумкин эди, албатта. Масалан, аҳолига биометрик паспорт берилаётган пайтда исм-шарифлардан “ов”, “ев”, “ова”, “ева”, “вич” ва “на”ларни олиб ташлаш, исм-шарифларни ўзбек орфографияси қонун-қоидаларига кўра ёзиш мумкин эди-ку! Аҳолига биометрик паспорт тарқатиш жараёнида “руслаштириш” сиёсатига бемалол барҳам берса бўларди, бироқ И.Каримов атайлаб бу ишни амалга оширишни истамади. Баъзилар: “Бу қийин иш, паспорт олаётган ҳар қандай одам фақат эски паспортни эмас, балки кўпгина бошқа ҳужжатлар (туғилиш гувоҳномаси, мактабни битириш аттестати, олий ўқув юртини битириш, фан номзоди (кандидати), фан доктори, доцентлик, профессорлик, академиклик дипломлари)ни ҳам ўзгартириши керак” дейиши мумкин. Бироқ, бу иддао ечими йўқ масала эмас. Ечим эса оддий: 1) туғилиш гувоҳномаси, мактабни битириш аттестати, олий ўқув юртини битириш, фан номзоди (кандидати), фан доктори, доцентлик, профессорлик, академиклик дипломларини ўзгартиришга эҳтиёж йўқ – улар қандай бўлса шундай қолаверади; 2) давлат идоралари ўзгартирилиши лозим бўлган ҳужжатга у кимга тегишли эканини тасдиқловчи справка (тасдиқлама) беради ва у (тасдиқлама) тегишли ҳужжат (туғилиш гувоҳномаси, мактабни битириш аттестати, олий ўқув юртини битириш, фан номзоди (кандидати), фан доктори, доцентлик, профессорлик, академиклик дипломлари) ичига солиб қўйилади. Тамом – вассалом! Ҳужжат эгаси вафот этгач, у ҳеч кимга керак бўлмай қолади, ҳужжат эгасининг бола-чақаси уни (ҳужжатни) маълум бир пайтгача сандиқда сақлашади, улар ҳам дунёдан ўтгандан кейин уни (ҳужжатни) ҳеч ким ҳатто эсламайди. Менда, масалан, 4 та ҳужжат: мактаб аттестати, олий ўқув юрти, фан номзоди ва доцентлик дипломлари бор. Улар Жиззахдаги уйимда, сандиқ ичида чанг босиб ётибди – уларнинг ҳеч кимга кераги йўқ! Мендан дунё ўтса, уларни ташлаб юбораверса ҳам бўлаверади! Ҳаёт шунақа!

СССРда олиб борилган “руслаштириш” сиёсатининг асосий мақсадларидан бири сунъий тузилган, коммунистлар томонидан халқлар қамоқхонаси (тюрьма народов)га айлантирилган, чет элларга чиқмаслиги, дунёдаги эркин сиёсий тузумларни кўрмаслиги ва ҳатто ўз ватанида эркин юрмаслиги учун паспорт пропискаси ва ОВИР (чет элга чиқиш визаси) системасини жорий қилиб ўз халқини темир парда (железный занавес) ортида ушлаб турган Иттифоқ (Союз) тарқаб кетишидан қўрққан ҳукумат ўз олдига ҳар қандай миллий озодлик ҳаракатини шафқатсиз бостириш масаласини қўйган эди. Бу Иттифоқнинг умри 68 йилга чўзилди – бир асрга ҳам етмади, у “Коммунизм сари олға!” шиори битилган қизил байроқни кўтарган ҳолда 1990 йилда “ўқ тегиб” йиқилди ва жон таслим этди. Унгача у таркибидаги турли халқларнинг минглаб катта-кичик қўзғолонларини бостирди, Европанинг салкам ярмини назоратда ушлаб турди, Шарқий ва Ғарбий Германия орасида тиконли темир панжара-девор қурди ва 1989-90 йилларда шармандаларча Германия ҳамда бутун Европани тарк этди.

Тоталитар Иттифоқнинг тарқаши, “руслаштириш” сиёсатининг тугатилиши И.Каримовга ўхшаш автократ раҳбарларга ёқмади. Ўзбекистонда “руслаштириш” сиёсатига қарши биринчи бўлиб “Бирлик” Халқ Ҳаракати бош кўтарди – “Бирлик” 1989-90 йилларда “Ўзбек тилим – жону-дилим!” шиори остида кўпсонли халқ митингларини уюштирди ва ўзбек тили Ўзбекистонда давлат тили дея эълон қилинишини талаб этди – И.Каримов ҳукумати истар-истамас бу талабни қондиришга мажбур бўлди. Бироқ, Каримов Каримовлигича қолди – ўзбек тили тўлақонли ва ҳақиқий давлат тили даражасига кўтарилмади. Тўғрироғи, ўзбек тилини ҳақиқий давлат тили даражасига кўтарилишига йўл беришмади. “Руслаштириш” сиёсати қон-қонигача сингиб кетгани учун И.Каримовнинг ўзи умрининг охиригача ўзбек тилида чала-чулпа гапиришдан нарига ўта олмади. 27 йил давомида давлат идораларида ишюритув (давлат ҳужжатларини тайёрлаш) рус тилида олиб борилди, махсус таржимонлар эса уларни ўзбек тилига таржима қилишди. Бундай шароитда исм-шарифларни миллийлаштириш масаласини кўтариш ва уни ижобий ҳал этиш мумкинми? Йўқ, албатта! Бу масалани кўтариш ва унинг ечилишини шиддат билан талаб этиш учун ўзбек ўзбек эмас – гуржи бўлиши керак! Ёки армани бўлиши керак! Ҳеч бўлмаганда литвалик бўлиши керак! Афсус, ўзбекларимиз ўзбеклигича қолди. Юраги дов бермади. Ҳалигача “миқ” этмайди.

Нега ўзбеклар ўз исм-шарифларини руслаштирган, ўзбек тилига паст назар билан қараган ва уни иккинчи даражали тилга айлантирган Россия империяси ва СССР истибдотидан қутулишни исташмаяпти? Нега миллат учун долзарб бўлган бу масалаларни ўзбек зиёлилари баралла кўтариб чиқишмаяпти? Ё И.Каримовдан қолган руспарастлик мерос халқ ва зиёлиларнинг қон-қонигага тамоман сингиб кетганми? Бу нима – қўрқоқликми, лоқайдликми ёки бирор манфаат борми? Ўзбекистон мустақил давлат бўлганига 27 йилдан ошди – бу кичик муддат эмас. Ўзбекистон аҳолиси сони 32 миллионга етди, бутун Марказий Осиёда сон жиҳатдан пешқадам миллат ҳисобланади. Ҳозирги кунда Гуржистон аҳолисининг сони 4 миллионга, Арманистон ва Литванинг аҳолиси сони 3 миллионга ҳам етмайди, Латвияни гапирмаса ҳам бўлади – унинг аҳолисининг сони 2 миллион ҳам эмас. Инсонлар жамиятида, одатда, миқдор ўзгариши (ошиши) сифат ўзгариши (яхшиланиш)га олиб келади – бу иддао фалсафанинг қонунларидан бири ҳисобланади. Йирик халқ тинчлик шароитида йирик ишларни амалда бажаришга қодир бўлиши керак – ҳам жисмоний, ҳам ақлий, ҳам маданий, ҳам маънавий, ҳам иқтисодий ишларни! Инсоният тарихида бу ҳақиқатни қатор халқлар исботлаган – инглизлар, французлар, японлар, немислар ва хитойлилар шулар жумласидандир. Гуржилар, арманлар, литваликлар ва латишлар камсонли халқ бўлишларига қарамай ўз тиллари, ўз алифболари, ўз исм-шарифлари, ўз маданияти каби қадриятлари учун Россия империяси даврида ҳам, СССР даврида ҳам қўрқмасдан кураш олиб боришди. 32 миллионли ўзбеклар эса жим – овоз чиқармайди!

Мен исм-шарифларимизни миллийлаштириш ташаббуси билан фейсбукда ўзбекларга мурожаат чоп этдим ва уни фейсбук саҳифамга қайта-қайта қўйдим. Мақсадим оддий эди – ҳеч бўлмаса фейсбукда ўзбеклар ўз исм-шарифига миллий тус берармикин, фейсбукда бу ҳаракат оммалашиб кетармикин, ўзбекларда шу ишни қилишда бир шиддат пайдо бўлармикин, деб ўйлаган эдим. Натижа қайғули бўлди – фақат 2-3 ўзбек ўз шарифларидан “ов”, “ев”ни олиб ташлашди, холос! Ваҳолан-ки, бу иш маблағ сарфлашни ҳам, ҳужжат алмаштиришни ҳам талаб қилмас эди. Фейсбукдаги ўзбеклар исм-шарифда миллийликни исташмас экан – уларга фисқу-фасод, олди-қочди, бемаъни ва бетасир гаплар бўлса бўлди экан. Афсус!

9 сентябрь, 2017 йил; Франция

Categories: МАҚОЛАЛАР, Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.