СССРнинг ПАРЧАЛАНИШИ ва унинг ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ОҚИБАТЛАРИ (5-қисм)

Толиб Ёқуб: Сохта айблар билан қамалганлар (5-қисм)

Ислом Каримовнинг 80 ёшлик юбилейига бағишланади

5-қисм

 

Искандар Худойберган – диний уламо, Ўзбекистон Республикаси Жиноий Кодексининг 14 та моддаси, хусусан 97-3, 155, 156, 157, 159, 242, 244 моддалари билан айбланган; 2002 йил 28 ноябрда суд ўлим жазоси ҳукмини чиқарган; 2007 йил апрелида ўлим жазоси 20-йиллик қамоқ жазосига алмаштирилган; айни пайтда Жаслиқ қамоқхонаси УЯ 64/71 да сақланмоқда;

Руҳиддин Фахриддин – диний уламо, йирик илоҳиётшунос, 2005 йил 24 ноябрдан бери қамоқда сақланмоқда;

Мамадали Маҳмуд (Эврил Турон) – ёзувчи, “Ўлмас қоялар” романи ва бошқа бир қатор асарлар муаллифи, 1994 йилнинг 3 мартида биринчи марта қамоққа олинган, 1996 йил 6 августда амнистия билан озод этилган; иккинчи марта 1999 йил 26 февралда қамоққа олинган ва 16 йил 7 ой қамоқда сақланган, 2013 йил апрельда озодликга чиққан;

Саидкамол Абут –  таниқли диний уламо, диний эътиқоди туфайли кўп йиллар Ўзбекистон ва Россия қамоқхоналарида ўтирган, Швецияда сиёсий бошпана олган Муҳаммадсолиҳ Абутнинг укаси. Биринчи марта 1999 йил 20 февральда қамоққа олинган, суд уни 17 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган, 2003 йилда амнистия акти билан озодликга чиқарилган; 2008 йил апрель ойида такроран қамоққа олинган, шу кунга қадар қамоқда қолмоқда;

Дилмурод Саййид – журналист, 2009 йил 22 февралда қамоққа олинган, 2010 йилда 12,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган;

Қудратбек Расул – тадбиркор-заргар, сиёсий маҳбус —  2013 йил 6 сентябрдан бери қамоқда;

Рустам Усмон – йирик тадбиркор, иқтисод фанлари доктори, профессор, 300 дан ортиқ монография ва мақолалар муаллифи, 1998 йил февраль ойида қамоққа олинган, 1998 йил 19 октябрьда Андижон вилояти суди томонидан 14 йил озодликдан маҳрум этилган, 2017 йил 15 февральда Жаслиқ қамоқхонасидан озодликга чиқди;

Азам Формон – 2006 йил 29 апрельдан 2006 йил 15 июньга қадар Хавост шаҳридаги УЯ 64/ТИ-3 тергов изоляторида сақланди, шундан сўнг Жаслиқ қамоқхонаси (УЯ 64/71)да жазо муддатини ўтади, 2017 йил 3 октябрида озод этилган –  умрининг11,5 йили қамоқда ўтди;

Аъзам Турғун – ҳуқуқбон, 2008 йил да қамоққа олинган, 2017 йил 7 октябрда озодликга чиқди

Солижон Абдураҳмон – ҳуқуқбон ва журналист, қамоқда 9 йил 4 ой ўтирди, 2017 йил 4 октябрда қамоқдан озод этилди;

               «ЭРК”  ПАРТИЯСИ  ФАОЛЛАРИ  ВА  ПАРТИЯ  РАИСИ  МУҲАММАД  СОЛИҲнинг  УКАЛАРИ

Самандар Қўқон –  йирик тадбиркор, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати, “Эрк” демократик партияси аъзоси, 1993 йилда қамоққа олинган, 2016 йил октябрь ойида озодликга чиққан;

Мурод Жўра – Олий Мажлис депутати, «Эрк” партияси лидерларидан бири, 21 йил 2 ой қамоқда ўтирган (1994 йил 18 сентябрда қамоққа олинган, 2015 йил 12 ноябрьда озод этилган);

Абдулла Абдураззоқ –  “Эрк” демократик партияси Марказий Кенгаши аъзоси, 1993 йил 14 сентябрьда қамоққа олинган, 1996 йил 3 июньда озодликга чиққан;

Сафар Бекжон – “Эрк” демократик партияси Марказий Кенгаши аъзоси, 1993 йил 27 июльда қамоққа олинган,

Ҳамидулла Болтабой – “Эрк” демократик партияси вилоят кенгаши аъзоси, 1993 йил март ойида қамоққа олинган, 1996 йил июнь ойида қамоқдан озод этилган;

Иномжон Турсун – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати, “Эрк” демократик партияси Фарғона вилоят кенгашининг раиси, 1993 йил март ойида қамоққа олинган, 1994 йил 2 ноябрьда амнистия актига мувофиқ озод этилган;

Ҳошим Сувон – “Эрк” демократик партияси аъзоси, 1994 йил 6 июньда қамоққа олинган, 1996 йил августда амнистия актига мувофиқ озод этилган;

Муҳаммад Бекжон (қамоқда 18 йил ўтирган – 1999 йил 15 мартда қамоққа олинган, 2017 йил 22 февралда озодликга чиққан);

Рашид Бекжон (қамоқда 12 йил ўтирган – 1999 йил 18 февралда қамоққа олинган, 2011 йил 12 мартда озодликга чиққан);

Комил Бекжон (3 йил 3 ой қамоқда ўтирган – 1999 йил май ойида қамоққа олинган, 2003 йил 27 февралда озод этилган);

III.  И.КАРИМОВ  КАСОФАТИ  ҲАЛИ  АНЧА  ЙИЛЛАР  ЎЗБЕК  ХАЛҚИ  БОШИДАН  АРИМАЙДИ

Халқ бошига келган ҳар қандай касофат бугун келиб эртага даф бўлавермайди. Бир касофат даф бўлмасдан туриб бошқа касофат кириб келавериши мумкин. Ота-онамдан эшитганман: 2-Жаҳон уруши тугаши арафасида бизнинг қишлоқда қизамиқ ўлати (касофати) ёпирилиб келади, қизамиқдан боласи ўлмаган оила камдан-кам қолади, ҳар куни кимлардир ўлган болаларни қабристонга кўмиб келишади.

Эркакларнинг аксарияти урушга кетган, очликдан силласи қуриган аёллар амаллаб рўзғор тебратади. Ҳамма тут пишишини интизор бўлиб кутишади. Оммавий ўлимдан одамларни тут ва қанд лавлаги қутқарди. Битта қизамиқ бўлса майли-я, оғир кунларда қизамиқдан бошқа ўлатлар ҳам одамларнинг силласини қуритади – бора-бора қишлоқда тобут кўтарадиган эркаклар қолмайди.

Урушдан қайтган эркакларнинг бирининг оёғи йўқ, бирининг қўли йўқ, бири кўр, бири кар – бу ҳам ёпирилиб келган касофатларнинг бири эди. Ҳаёт 50-чи йиллар бошида яхши томонга ўзгара бошлади – буни мен ўзим кўрганман – ҳеч бўлмаса одамларнинг қорни бўғдой нонга тўя бошлади.

Ўзбекистон Марказий Осиёда ерости ва ерусти бойлиги энг кўп бўлган давлат эканини ҳамма билади – бу ҳақда мен ҳам кўп ёзганман. Япония ва Сингапурда ҳеч вақо йўқ – на ерости ва на ерусти бойлиги бор! Бири 2-Жаҳон уруши тугаши арафасида атом бомбардировкасини бошидан кечирган, иккаласи ҳам ҳамма нарсани чет эллардан сотиб олади. Коммунистик Хитой бой давлат – унинг ерости ва ерусти бойликлари ўзига етиб ортади.

Бироқ, Хитойда 1978 йилгача ҳар куни юзминглаб одам очликдан ўлган. Сабаби – коммунистик мустабидлик: коммунистик тузум халққа эркин яшашга, эркин тадбиркорлик билан шуғулланишга, ташқи давлатлар билан эркин савдо-сотиқ қилишга йўл қўймайди. В.Ленин, И.Сталин, Р.Мугабе, К.Ир Сен қандай бўлишса, Мао Цзедун ҳам шундай бўлган!

Сингапурни дунёнинг энг ўқимишли ва бой давлатга айлантирган Ли Куан Ю ҳақида хато тасаввур бор – эмиш-ки, у давлат бошлиғи сифатида ўз фаолиятини бошлаганда қўйган биринчи қадами ўзининг учта энг яқин дўстини қамоққа олдиради!

Бўлмаган гап! Унинг биринчи қадами собиқ метрополия Англиядан катта бир гуруҳ судьяларни Сингапурга олиб келади ва уларга тўлиқ эркинлик беради. 5 йилдан кейин Сингапур таниб бўлмайдиган даражада ўзгариб кетади – Сингапурда коррупция батамом тугатилади!

И.Каримов Ўзбекистоннинг Ленини, Сталини, Мугабеси, Ким Ир Сени, Мао Цзедуни эди. Бу ҳукмдор кимсалар қандай коммунист бўлган бўлсалар, И.Каримов ҳам ич-ичидан шундай коммунист эди. Уларнинг ҳаммаси “давлат мулки” деган мулкни хуш кўришган, улар “хусусий мулк” деган мулкнинг кўчасидан ҳам ўтишмаган. Ривожланган давлатларнинг ҳаммасида ер хусусий мулк қилиб тақсимланган.

“Хусусий мулкга эга бўлмаган одам фақат икки нарса – кўп ейиш ва кам ишлашдан манфаатдор бўлади” – бу гапни 1776 йилда ўзининг “Халқлар бойликлари келиб чиқишининг табиати ва сабаблари ҳақидаги тадқиқот” асарида англиялик иқтисодчи Адам Смит ёзиб кетган. 220 йил олдин, XVIII-асрда, А.Смит кўрган нарсани коммунист И.Каримов ХХ ва ХХI-асрларда кўрмади – ер Ўзбекистонда ҳанузгача давлат мулки бўлиб турибди.

Ер ва бошқа ерости ва ерусти бойликлари хусусий мулкга айланмагунча халқ бой бўлмайди! Хусусий мулки бўлмаган одам олдида фақат икки имконият қолади, холос: ё бирор мулкдор одамга, ё давлатга ёлланади. Қизиғи шунда-ки, у мулкдор одам ҳам, давлат ҳам бойиши учун жон куйдириб ишламайди, ҳаракат ҳам қилмайди – у, А.Смит айтганидай, кўпроқ ейиш (ўғирлаш)дан ва камроқ ишлашдан манфаатдор бўлади.

Мақоланинг 2-қисмида И.Каримов давлат бошига келгач, Ўзбекистонда кузатилган бир феномен (ноёб воъқелик, факт) – аҳолининг оммавий равишда иш излаб бошқа юртларга чиқиб кетиши – ҳақида айтиб ўтган эдим. Мен юқорида Япония ва Сингапур мисолларини бекорга келтирганим йўқ – улар “йўқдан бор” қилишди, И.Каримов эса “бордан йўқ” қилди, яъни Ўзбекистондай бой (ерости ва ерусти) мамлакат иқтисодини абгор ҳолга туширди. Абгорлик сабабларини бирма-бир санаб чиқаман:

1) И.Каримов 1994 йилда пул реформасини ўтказди – биринчи марта миллий валюта (сўм) муомалага киритилди. Қизиғи, миллий валюта номиналлари собиқ СССР валютаси номинали билан бир хил қилиб ишлаб чиқилди: қоғоз пуллар – 1, 5, 10, 25, 50, 100, 200 (ва ҳ.) сўм, тангалар: 1, 2, 3, 5, 10, 15, 20, 50 тийин. Тангаларни қўятуринг, тангалар оддий темир-терсакга айланиб муомаладан чиқиб кетди, тез орада сўмлар ҳам “лўли аёлнинг иштони”дай увадаси чиқиб кетди.

Мен Европада яшаётганимга 11 йилдан ошди. Европа Иттифоқида муомалада бўлган “евро”нинг 1/100 бўлган 1 “сантим” ҳанузгача қийматини йўқотган эмас – бу ривожланган ва абгор иқтисодларни бир-биридан фарқ қилишнинг асосий белгисидир. 1994 йилда 1$ = 5 сўм бўлган бўлса, ҳозирга келиб 1$ камида 8000 сўм бўлди – сўм салкам 2000 марта қадрсизланди (инфляция даражаси);

2) И.Каримов даврида порахўрлик ва коррупция каби ижтимоий иллатлар ҳакалак отиб кетди – Ли Куанг Ю Сингапурда коррупцияни йўқ қилиш учун Англиядан судьяларнинг катта бир гуруҳини олиб келган бўлса, И.Каримов ўз судьяларидан дунёвий ва диний мухолифатни йўқ қилиш йўлида фойдаланди;

3) 2-Жаҳон урушидан кейин АҚШ “Маршалл плани” доирасида, иқтисоди дабдала бўлган Германия ва Японияни демократия томон йўналтириш мақсадида бу давлатларда ишни банк тизимини ислоҳ қилишдан бошлади – АҚШнинг таниқли банкири Жозеф Дож аввал Германия ишлади ва тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратди.

У тадбиркорлар олдига ягона шарт қўйди: “ Мен корхонаси фақат фойда (доход) билан ишлайдиган тадбиркорга пул бераман, корхонаси зиён билан ишлайдиган тадбиркорга ҳеч қандай пул берилмайди, корхонаси эса ёпилади” – деди у. 2 йил ичида Германия иқтисоди тикланди ва ўсиш бошланди.

Шундан сўнг америкаликлар Жозеф Дожни Японияга жўнатишди, унинг принципи ўзгармади – Япония иқтисоди ўсишга бошлади. И.Каримов СССРдан қолган Тошкент авиация заводи, Тошкент текстил комбинати, Тошкент трактор заводи, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Ўртоқ” фабрикаси, Жиззах уй-жой комбинати каби минглаб корхоналарни таг-томири билан йўқ қилди;

4) СССР пайтида ўзбек деҳқонлари арзимаган пул ва ғалла ҳисобига колхоз ва совхозлар далаларида қулдай ишлар эдилар. И.Каримов бундай хўжаликларнинг моҳиятини эмас, фақат номини ўзгартирди, холос – “колхоз” ва “совхоз” атамалари “фермер хўжалиги” атамасига ўзгартирилди. Бу ўзгартириш кўпроқ феодал тузумга мос эди: ер эгаси – феодал, ерга ишлов берувчи – ерсиз ва ҳуқуқсиз қарол.

И.Каримов даврида: ер эгаси ҳоким (давлат), ерга ишлов берувчи –  ерсиз ва ҳуқуқсиз фермер! Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат бу тузумнинг асосини ташкил қилди – болалар ўз вақтини ўқув юртлари синфларида билим олиш учун эмас, дала-даштда пахта териш билан ўтказа бошладилар, ишчи ва хизматчилар, ўқитувчи ва шифокорлар ўз меҳнатини завод, фабрика, билим даргоҳлари ва касалхоналарга эмас, пахта далаларида ғўза чопиғи ва яганаси, пахта теримига сарфлай бошладилар.

5) И.Каримов даврида нефть ва газга бой Ўзбекистон аҳолиси электр энергияси (свет)га ҳам, уйларини иситиш учун газга ҳам ёлчимади, қишлоқ жойларида кўп хонадонлар таппи-тезакга ўтди. Бир пайтнинг ўзида ўзбек гази узоқ Хитой ва Россиягача етиб борди – пули нимага ишлатилгани мавҳумлигича қолаверди.

Кейин маълум бўлишича, унинг қизлари бу пулларни АҚШ, Европа давлатлари, Россия, Гонконг ва бошқа жойлардан шоҳона уй-жойлар сотиб олишга сарфлашган экан. Ўзбекистон олтин қазиб олишда дунёда 7-чи ўринда туради, бироқ ўзбек олтинлари қаерда сақланаётганини ва ундан келаётган фойда кимнинг ҳамёнига тушаётганини ҳеч ким билмайди – мамлакат раҳбари сифатида 27 йиллик фаолияти давомида у Парламент (Олий Мажлис) депутатлари олдида олтин, кумуш, газ, нефть, уран, қимматбаҳо тошлар, мармар каби бойликлардан тушаётган пуллар ҳақида бир марта ҳам ҳисобот бермади.

Яқинда, 18 январьда, Россиядан қайтаётган 52 та ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Қозоғистон ҳудудида автобусда содир бўлган ёнғин натижасида куйиб ўлди. Булардан-да илгари ҳар йили юзлаб ўзбекистонлик муҳожирларининг Россиядан ўлиги келиши ҳақида дамба-дам хабарлар тарқатилиб турилар эди.

Бу – сўзсиз Ислом Каримов касофатининг натижасидир. Бу касофат қизамиқ, ўлат, куйдирги ва бошқа ўта хавфли бўлган касалликлар каби кўп йиллар ўзбек жамиятига ўз хуружини уфуриб туради. Мутахассислар “касофат” сўзи “офат” сўзи билан бир хил дейишади.

Балки шундайдир. Қандай бўлишидан қатъий назар у Ўзбекистонни 27 йиллик бошқаруви давомида юрт бошига, халқ бошига ҳамма соҳада – иқтисодда ҳам, сиёсатда ҳам, маданиятда ҳам, маънавиятда ҳам – узоқ йиллар аримайдиган касофат қолдириб кетди.

Унинг одамлари ҳали давлатнинг кўп лавозимларини эгаллаб туришибди, улар ўз устозлари қолдирган касофатларни сақлаб туришга ҳаракат қилаверишади – натижада ўзбек халқининг ўнминглаб асл ўғлонлари ва аёлу-жувонлари қамоқхоналарда қолаверадилар, меҳнат муҳожирларининг ўликлари ўзга юртлардан келаверади, миллионлаб ўзбекистонликлар хориждан ўз ватанига қайтаолмай ватан соғинчи билан яшайверадилар.

Бу дунёда ҳеч нарса абадий эмас – хусусан инсон ҳам. И.Каримов ҳам Ўзбекистон тарихида туш кўргандай ўтиб кетади. Унинг ва унинг шотирлари ўрнига янги инсонпарвар ва халқпарвар раҳбарлар келишади. Мен ҳар куни Жиззахдаги болаларим, Тошкент ва бошқа жойларда яшаётган дўстлар-танишлар билан телефонда гаплашаман. Ҳар сафар менинг уларга берган саволларим: “Ўзбекистонда И.Каримов ўлгани билинадими? Ўзбекистонда ўзгаришлар бўлаяптими?

Янги Президент фаолиятидан одамлар хурсандми?” деган саволларимга улар: “Ҳа, билинади. Ҳа, ўзгаришлар бор. Одамлар қўрқмасдан эркин гапирадиган бўлиб қолишган – илгаридай писиб ўтиришмайди, гапиради, баҳс қилишади. Буни биз яққол кўриб турибмиз. Илгари ҳар соатда ўчавериб лақа-шиқилдоқ бўлиб қолган светимиз ҳам чарақлаб ёниб турибди – ҳар замонда, йўлига, 5-10 минут ўчиб туради. Газимиз ҳам бинойидай келиб турибди – илгаридай устимизга 7 қават кўрпа ёпмаймиз” дейишади.

Янги Президент даврида қатор сиёсий маҳбуслар – сиёсатчилар, ҳуқуқбонлар ва журналистлар озодликга чиқишгани бир фактдир. Диндорлар ҳам яқин келажакда озодликга чиқа бошлашади, деган гаплар юрибди.

Бироқ, ҳали янги Президент олдида И.Каримов даврининг баъзи қудратли шахслари ишлаб туришибди – уларнинг баъзиларини тўғридан-тўғри Лубянка қўллаб-қувватлаб турган бўлса, баъзиларини қариндош-уруғчилик ришталари боғлаб турибди, баъзилари эса ҳаром йўллар билан тўплаган пулларини ишлатиб жон сақлаб туришибди. Уларнинг ҳам вақти ўтади! Тарих кучли нарса – у ҳамма вақт ифлос режимларни ўз ахлатхонасига улоқтирган!

Алҳамду лиллаҳи Роббил аламийн вассолату вассаламу ала хойри холқиҳи ва ала алиҳи ва соҳбиҳи ажмаъийн.

Categories: МАҚОЛАЛАР | Метки: , , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.