МХХ РАИСИ ИХТИЁР АБДУЛЛАЕВга

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИК ХИЗМАТИ

РАИСИ ИХТИЁР АБДУЛЛАЕВга

————————————————

Толиб ЁҚУБОВ [паспорт бўйича Талиб Якубов]

 

16, rue Marcel Pajotin, Angers, 49000, France

———————————————–

 

МУРОЖААТИ

 

              Муҳтарам Раис жаноблари!

 

              Сизга яна мен, 2006 йил 18 августдан бери Францияда яшаётган Толиб Ёқубов, мурожаат қилмоқдаман. “Яна” деганимнинг сабаби шу-ки, мен Сизга 2015 йилда, ўша пайтда УЯ 64/71 (Жаслиқ) қамоқхонасида сақланаётган куёвим Азам Формонов масаласида икки марта мурожаат қилган, ҳар иккала мурожаатимга Бош прокуратурадан жавоб олган эдим. Мен бу масалада Ўзбекистон Республикасининг собиқ Бош прокурори Р.Қодиров, Олий Суд раиси Б.Мустафоев ва Президенти И.Каримов номига кўплаб мурожаат (ариза, шикоят)лар ёзган бўлсам-да, бироқ юқори лавозимли мазкур давлат арбобларилан мен бирор марта ҳам жавоб олмаганман. Гарчи менинг Сизнинг номингизга йўлланган мурожаатларимга Сирдарё вилояти прокурори Я.М.Очилов ва Қорақалпоғистон Республикаси прокурори А.Палванов жавоб бермаган бўлса-да, куёвим А.Формонов 2017 йил 3 октябрьда озодликга чиқди ва оиласи бағрига қайтди – унинг озод этилишида Сизнинг ҳиссангиз шўбҳасиздир.

 

              Мазкур Мурожаатим аввалида мен Сизни Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик Хизмати Раиси юксак лавозими билан чин қалбимдан табриклайман, ҳамда бу лавозимда, Ўзбекистон халқи манфаати йўлида, кўплаб савобли ишларни амалга оширасиз, деган умидда эканлигимни билдирмоқчиман. Ҳозирги кунларда мамлакат ичкариси ва ташқарисида яшаётган ўзбекистонликлар дунёси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев МХХда бошлаган ислоҳотларни диққат билан кузатиб турибди ва улар (ислоҳотлар), шўбҳасиз, ижобий натижаларга олиб боришини кутишмоқда.

 

              Бироқ, марҳум И.Каримов ва унга бевосита бўйсундирилган Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ)дан қолган оғир меросга бир назар ташламасликнинг иложи йўқ. Бу оғир мерос давлат ҳаётининг барча соҳаларида “мана-ман” деб кўриниб турган бўлса-да, мен унинг фақат учта жиҳатига тўхталмоқчиман.:                                                                                                               (1) И.Каримов даврида Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида” қонуни барча давлат идоралари томонидан оммавий тарзда бузилиб келинди;                                                                                                               (2) Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)га аъзо бўлгач, И.Каримов бошқарган унинг ҳукумати БМТнинг қатор нуфузли ҳужжатлари, жумладан “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси” ва “Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар ҳақида халқаро Пакт”ини тан олган ва ратификация қилган бўлса-да, мазкур халқаро ҳужжатлар жамият ҳаётига заррача ҳам тадбиқ қилинмади;                                                                                                             (3) Гарчи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1-моддасида “Ўзбекистон суверен демократик республика” дейилган бўлса-да, И.Каримов даврида демократия тушунчасини дискредитация қиладиган (обрўсизлантирадиган) ва унга тамоман зид қатор қонун ва фармонлар қабул қилинди.

 

              (1) га батафсил тўхталиб ўтирмайман – ўз мурожаатлари (аризалари, шикоятлари, илтимосномалари ва ҳ.)га ҳукумат доираларидан ҳаққоний ва муносиб жавоб ололмаган миллионлаб ўзбекистонликлар буни тасдиқлайдилар. Ягона мисол келтираман: 2005 йил 12 майда мен МХХ раиси Р.Иноятов номига “Считаю своим долгом довести до Вашего внимания нижеследующий факт государственной важности, и надеюсь, что Служба, возглавляемая Вами, обратит ему неподдельный интерес” жумласидан бошланувчи хат йўлладим ва унинг нусхасини Президент Аппаратига юбордим [унинг нусхаси ушбу мурожаатга илова қилинади]. Хатда баён этилган масала давлат аҳамиятига эга дейилган бўлса-да, менга МХХ бошқармаси ҳам, Президент Аппарати ҳам жавоб бермади! Ўзига хос “жавоб”ни милиция ва прокуратура органлари беришди – улар ўғлимга қарши кетма-кет уч марта маъмурий ҳуқуқбузарлик, бир марта жиноят содир этиш айби билан тўртта иш қўзғатишди. Бу ишларнинг ҳаммасида ўғлимни ўзим ҳимоя қилдим ва айблар тамоман сохта эканини исботладим. Ўғлим 2006 йил 9 февральда Францияга чиқиб кетгандан 2,5 ой ўтгач, 2006 йил 29 апрельда куёвим Азам Формоновни қамоққа олишди – буёғини ўзингиз яхши биласиз.

 

              (2) ва (3) да баён этилажак фикр ва мулоҳазалар бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлгани, (3) эса бевосита ўзимнинг тақдирим билан боғлиқ бўлгани сабабли мен уларни биргаликда қараб ўтаман. И.Каримов даврида Ўзбекистонни фуқароларнинг икки катта гуруҳ оқими тарк этди – бири: миллионлаб ўзбекистонликлар иш излаб Россия, Қозоғистон, Жанубий Қурия, Туркия ва ЕИ давлатларига чиқиб кетишди – бундай ҳодиса очарчилик ва, ҳатто, қаҳатчилик, даврида ҳам бўлмаган. Ерости ва ерусти бойликлари бўйича дунёда Ўзбекистонга тенглашадиган давлат камдан-кам. Японияда ерости ва ерусти бойликлари умуман йўқ. Сингапур ҳам шундай. Иқтисодий ва интеллектуал бойлик бўйича бу икки давлат дунёда энг илғор мамлакатлар сафига киради. Ўзбекистонни тарк этган одамларнинг иккинчи оқими сиёсий бошпана излаб чиқиб кетишди. Мен, ўғлим ва келиним шу оқимга кирамиз. Бизга ўхшаганлар ўнминглаб бўлса керак – уларнинг орасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Муҳаммадбобур Маликов каби сиёсий арбоблар, журналистлар, ҳуқуқбонлар, бизнесменлар ва, ҳатто, Олий Мажлис депутатларини кўриш мумкин.

 

              Одамларнинг ватанимиз ҳудудидан оммавий чиқиб кетиши ҳодисаси илгари ҳам бўлган – мас., XIX-асрнинг 50-60-чи йилларидаги Чор Россияси босқини даврида ҳам юзминглаб одамлар Афғонистон, Қашғар, Саудия Арабистони, Туркия ва бошқа давлатларга чиқиб кетишган – бир хили ватанга қайтган, бир хили қайта олмай ватан соғинчида ўлиб кетган. Буни тушуниш қийин эмас – у пайтларда чет элларга қочишга мажбур бўлган ватандошларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ҳозирги БМТ каби нуфузли давлатлараро ташкилотлар бўлмаган. XIX-асрнинг ўртасидан XX-асрнинг охиригача 150 йиллик давр ўтди. Дунё харитасида “Ўзбекистон Республикаси” номли мустақил давлат пайдо бўлди ва у БМТнинг тўлақонли аъзосига айланди. Унинг Конституцияси (1-моддаси)га эса БМТ талабларига тўлиқ мос келадиган “Ўзбекистон суверен ДЕМОКРАТИК республика” деган ибора киритилди.

 

              Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролик тўғрисида” қонуни 1992 йил 2 июльда, Ўзбекистон Республикаси БМТга аъзо бўлган сананинг нари-берисида, И.Каримов томонидан имзоланди ва кучга кирди.

Тез орада Ўзбекистон Республикасининг ҳукумати БМТнинг икки халқаро ҳужжати: “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси” (ИҲУД) ва “Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар ҳақида халқаро Пакт” (ФСҲҲХП)ни тан олди, Олий Мажлис уни ратификация қилди, яъни мазкур халқаро ҳужжатлар Ўзбекистонда юридик кучга эга бўлди. Бироқ, И.Каримов у ёки бу сабабларга кўра бошқа давлатларда муҳожиротда яшаётган ватандошларни ватанга чорлаш давлат программасини эмас, аксинча, 2014 йил 16 июньда ўзини “Ўзбекистон Республикаси фуқаросиман” дея ҳисоблаган ва қўлида Ўзбекистон Республикасининг паспорти бўлган ўзбекистонликларни давлат фуқаролигидан маҳрум этадиган ПФ-4624 сонли Фармонни имзолади… ва ўнминглаб ўзбекистонликлар ватанга қайтиш ҳуқуқидан маҳрум этилди, уларнинг орасида эса 2006 йилда Ўзбекистондан чиқиб кетган мен, ўғлим, келиним ва уларнинг уч фарзандини кўришингиз мумкин.

 

              Бу “янгилик” қанчалик оғир бўлмасин, биз ватанга қайтиш истагимиздан қайтмадик. Жиззахда яшаётган аёлим ва болаларим Ўзбекистон Республикаси Ташқи Ишлар (ТИ) ва Ички Ишлар (ИИ) вазирликларига бу масалада мурожжат йўллашди. ТИВ мулозимлари жавоб ёзишга эринишди, чамаси, бироқ оиламга ИИВ мулозимлари ушбу жавобни юборишибди:

 

              “Ўзбекистон Республикаси

              Ички ишлар вазирлиги

              Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси

              № /22/ 2592 24 ноябрь 2017 йил

 

              Жиззах вилояти, Жиззах тумани, Тоқчилик ҚФЙ да яшовчи Т.Якубовга

              Сизнинг, Ўзбекистон Республикаси фукароси мақоми сақланиб қолган ёки қолмаганлиги ҳақида маълумот олиш масаласида амалий ёрдам сўраб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига йўллаган мурожаатингиз Ўзбекистон республикаси ИИВ МваФРББ томонидан кўриб чиқилди.

Шуни маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16.06.2014 йилдаги ПФ-4624 сонли Фармонига асосан, Сиз Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотгансиз.

Бош бошқарма бошлиғи ўринбосари: Ф.Турсунов”.

             

              Мазкур жавоб барчамизнинг юзимизга қулочкашлаб тортилган шапалоқлан ҳам оғирроқ бўлди. Қандайдир оғир жиноят содир этиб Ўзбекистондан чиқиб кетган бўлсак ҳам майли-я – на мен, на ўғлим ва на келиним жиноий ҳатти-ҳаракат уёқда турсин, ҳатто бирорта “пичоққа илинадиган” маъмурий ҳуқуқбузарлик айбини ҳам содир этган эмасмиз. Францияда яшаганимга салкам 11,5 йил бўлди. Франция фуқаролигидан маҳрум этиш масаласи билан қизиқдим – Франция қонунчиликга асосан икки ҳолда: фуқаро мамлакат миллий манфаатларига хавф туғдирса, ё террористик амалиётни содир этсагина Франция фуқаролигидан маҳрум этилар экан. Табиий саволлар туғилади:

                                                                                                                                                                                                             А) И.Каримов имзолаган ПФ-4624 сонли Фармон Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролик тўғрисида” номли ўз қонуни ва БМТнинг мамлакат Парламенти (Олий Мажлис) ратификация қилган икки ҳужжати, яъни, “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси” ва “Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар ҳақидаги Пакт”ига зид эмасми?                                                                                                                                                                                      И.Каримов имзолаган ПФ-4624 сонли Фармон ва БМТнинг икки ҳужжати талаблари орасидаги зиддиятлар нафақат мавжудлиги, балки улар ғиж-ғиж эканини кўриш ва тушуниш учун уларни ўқиган одам юрист бўлиши мутлақо шарт эмас. Мен қуйида учта муҳим ҳужжат [“Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”, “Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар ҳақида халқаро Пакт” ва Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролик тўғрисида” қонуни]нинг бир неча моддаларини келтираман – ўйлайман-ки, ҳар қандай ақли расо инсон И.Каримов имзолаган ПФ-4624 сонли Фармон бебурд ҳужжат эканини тушуниб етади. Мана улар:

 

             [1].Ҳеч ким фуқароликдан ёки фуқароликни ўзгартириш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмас” [Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролик тўғрисида” қонуни 1-моддасининг 3-қисми];

              [2]. “Ҳар бир инсон ҳар қандай мамлакатдан, шу жумладан ўзининг мамлакатидан чиқиб кетиш ва ўз мамлакатига қайтиб келиш ҳуқуқига эга” [ ИҲУД 13-моддасининг 2-чи қисми];                                                                 [3]. “Ҳеч ким ўзбошимчалик билан ўз фуқаролигидан маҳрум этилиши ёки ўз фуқаролигини ўзгартириш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас” [ИҲУД 15-моддасининг 2-чи қисми];

              [4]. “Ҳеч ким ўзбошимчалик билан ўз мамлакатига кириш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас” [ФСҲХП 12-моддасининг 4-қисми];

              [5]. Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет элда яшаши Ўзбекистон Республикаси фуқаролигининг тўхтатилишига олиб келмайди” [Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролик тўғрисида” қонунининг 7-моддаси];                                                                                                                                                                                          [6]. “Чет элда доимий яшовчи шахс уч йил ичида узрли сабабларсиз консуллик ҳисобига турмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги йўқотилиши мумкин” [Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролик тўғрисид[1]а” қонунининг 21-моддаси 1-қисмининг 2-банди];

              [7]. “Башарти Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ушбу Қонунда баён этилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса халқаро шартнома қоидалари қўлланилади” [Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролик тўғрисида” қонунининг 45-моддаси]

             

              Мазкур моддаларнинг дастлабки бештаси ([1]-[5]) Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан ўз фуқароларини фуқароликдан маҳрум этиши тамоман ноқонуний амалиёт эканини очиқ-ойдин кўрсатиб турибди. [6]-иддао соф СССР КГБнинг маҳсулидир – буни тушуниш қийин эмас. Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролик тўғрисида” қонуни 1992 йилда, Ўзбекистон Республикасининг Миллий Хавфсизлик Хизмати органи ҳали Россия (СССР) КГБсининг тўлиқ назорати остида бўлган пайтда қабул қилинган эди [А.Моргасов, Ғ.Алиев, Р.Иноятов]. 1917 йил октябрида Россия империясида большевиклар томонидан уюштирилган давлат тўнтариши ортидан бошланган фуқаровий уруш натижасида Россияни миллионлаб одамлар тарк этиб ўзга давлатларга чиқиб кетишди. Уларнинг аксарияти олимлар, инженерлар, шифокорлар, шоирлар, ёзувчилар, ҳарбийлар ва бошқа касб эгалари бўлиб, улар орасида большевистик ҳукуматга мухолиф кайфиятдаги одамлар етарлича кўп бўлган. 1917 йилнинг декабрида Ф.Дзержинский томонидан тузилган ВЧК чет элларга чиқиб кетган одамларнинг большевистик ҳукуматга нисбатан бўлган кайфиятини ўрганиш учун ўзининг юзминглаб агентлари ва чет эллардаги дипломатик ваколатхоналари вакилларини жалб қилади. И.Каримов ҳукумати ҳам худди шу йўлни тутди – ўзининг минглаб агентларини чет элларда яшаётган ўзбекистонликларнинг И.Каримов режимига муносабатини ўрганиш учун жўнатди, Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги элчихона ва Консулликларига чет элларга чиқиб кетган ўзбекистонликларни имкон қадар назорат қилиш вазифасини юклади, “чет элда доимий яшовчи шахс уч йил ичида узрли сабабларсиз консуллик ҳисобига турмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги йўқотилиши мумкин” каби бебурд талабларни ўйлаб топди.

 

              Б) И.Каримов имзолаган ПФ-4624 сонли Фармон ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролик тўғрисида” қонунининг 21-моддаси 1-қисмининг 2-бандига Ўзбекистоннинг посткаримов раҳбарияти ўз муносабатини билдирадими? Билдирса – қай шаклда? Билдирмаса – нега? Ягона тўғри муносабат эса: Ўзбекистоннинг посткаримов раҳбарияти ПФ-4624 сонли Фармонни ҳам, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролик тўғрисида” қонунининг 21-моддаси 1-қисмининг 2-бандини ҳам бекор қилишидир! Бошқа йўл йўқ!

Бу саволлар ҳозирги пайтда, бутун прогрессив, демократик ва ривожланган давлатлар раҳбарлари, БМТ, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ), Европа Қайтақуриш ва Тараққиёт Банки (ЕҚТБ), Human Rights Watch, Amnesty International каби (ва бошқа) нуфузли давлатлараро, молиявий ва ҳуқуқбонлик ташкилотлари “Посткаримов Ўзбекистон қандай йўлни танлайди?” дея кўз тикиб турган даврда ўта муҳим мазмун касб этади. Ана шу ягона тўғри муносабат Ўзбекистон Республикасининг ҳозирги ҳукумати ўз Конституциясининг 1-моддаси (“Ўзбекистон суверен демократик Республика»)га содиқ эканини, И.Каримов танлаган авторитар бошқаруви йўлини эмас, балки демократия, эркинлик ва иқтисодий ривожланиш йўлини танлаганини намойиш этган бўлади.

 

              Муҳтарам Раис жаноблари!

 

              Мен кекса одамман, ёшим 77 да. Нариги дунё эшиги ҳам кўрингандай бўлиб турибди. Бу сўзлар Сизнинг қалбингизни юмшатиш учун айтилаётгани йўқ. 11,5 йил давомида мен чет элларда кўпгина ўзбекистонлилар вафот этишганини кузатдим – улар тамоман бегона юртлар тупроғига берилди. Мен бундай тақдирни истамайман – мен Ўзбекистонга қайтишим керак. Мен Францияда яшар эканман Ўзбекистонда укам подполковник Ғанижон Ёқубов, унинг аёли (келиним), қайнонам, поччам (опамнинг турмуш ўртоғи) ва бошқа кўпгина яқинларим ва дўстларим вафот этишди – уларнинг руҳи-покига бир ҳовуч фотиҳа қилиш орзусидаман. Қазо куним етганда бола-чақаларим, қариндош-уруғларим, ёру-биродарларим ва қишлоқдошларим ўзим туғилиб ўсган Тоқчилиқ қишлоғи қабристонига қўйилган ота ва онам ёнига дафн этишлари менинг ягона мақсадимдир.

 

              Ҳурмат ва эҳтиром ила Толиб Ёқубовман.

             

              23 февроль, 2018 йил;      Франция.

             

 

 

 

            100.000  Узбекистан, г. Ташкент, Юнусабадский район, улица Матбуотчилар, 9

Categories: МУРОЖААТЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.