ПРЕЗИДЕНТга МУРОЖААТ

         ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ  

ШАВКАТ МИРОМОНОВИЧ МИРЗИЁЕВга

 

МУРОЖААТ

 

              Муҳтарам Президент жаноблари!

 

              Биз, Ўзбекистон Республикаси фуқаровий жамияти вакиллари, таниқли ҳуқуқбон, Ўзбекистон Республикаси фуқароси Толиб Ёқубов [паспорт бўйича Талиб Якубов]нинг Ўзбекистонга қайтиши масаласида Сизга мурожаат қилмоқдамиз. Толиб Ёқубов куёви Азам Формонов қамоққа олиниши ортидан 2006 йил июль ойида Ўзбекистондан Францияга чиқиб кетган. У 11 йил давомида халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотлари кўмагида А.Формонов озодлиги йўлида кураш олиб борди. И.Каримовнинг вафоти ва Сизнинг Ўзбекистон Республикаси президенти этиб сайланишингиз ортидан илгари ноҳақ қамалган қатор ҳуқуқбонлар, шу жумладан А.Формонов, журналистлар, сиёсий партия аъзолари ва тадбиркорлар қамоқхоналардан озодликга чиқишди.

 

              Толиб Ёқубов ўзининг 11 йилдан ошиқ умрини хорижда, ватандан узоқда ўтказди, ёши 77 дан ошди. Толиб аканинг ватанга қайтиш орзусини тушуниш қийин эмас – унинг аёли, болалари, кўпсонли неваралари ва қариндош-уруғлари Ўзбекистонда яшашмоқда. Бироқ, Толиб Ёқубов эмин-эркин Ўзбекистонга қайтиб бора олмас экан – маълум бўлишича, 2014 йилда у И.Каримов имзолаган ПФ-4624 фармонга асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан маҳрум этилган экан. Биз қуйида ПФ-4624 фармон мамлакат Конституцияси, “Фуқаролик тўғрисида” қонуни, БМТнинг “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси” ҳамда “Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар ҳақида пакт”ига тамоман зид ҳужжат эканини кўрсатган ҳолда Сиз: 1) ПФ-4624 фармонни бекор қилишни; 2) Толиб Ёқубов Ўзбекистонга бемалол қайтиши учун йўл очишни сўрамоқчимиз.

 

              Айтиш керак-ки, Толиб Ёқубов Ўзбекистонга қайтиш ниятида бўлган ягона шахс эмас. Чет элларда бу ниятни кўзлаган минглаб ўзбекистонликлар яшамоқда. Улар орасида кучга тўлган, ўқимишли ва замонавий мутахассисликларни эгаллаган ёшлар кам эмас. Ўзбекистондан чиқиб кетиш И.Каримов даврининг дастлабки йилларида бошланганини ҳисобга олсак, ҳозир чет элларда ўзбекистонликларнинг янги авлоди пайдо бўлди. Бу авлод ватанга қайтса, бундан Ўзбекистон фақат ютади, асло ютқазмайди.

 

              Ўзбекистон Республикаси 1-чи Президенти Ислом Каримовнинг вафоти ва Сизнинг давлат раҳбари лавозимига сайланишингиз мамлакат тарихида янги саҳифа очди. “Янги саҳифа очилди” деяётганимизнинг маъноси шу-ки, И.Каримов президентлиги даврида ҳукумат томонидан қабул қилинган бир қатор аксилинсон ва аксилхалқ қонун ва қоидалар Сиз бошқараётган ҳукумат томонидан қайта кўриб чиқилиши, уларни Ўзбекистон Республикаси ҳукумати тан олган халқаро ҳужжатларга мослаштириш зарурлиги ва шу билан айни пайтда чет элларда яшаётган кўпсонли ўзбекистонликлар ҳаётида кузатилаётган баъзи нохушликларга барҳам бериш лозимлигига диққатингизни қаратишдир.

 

              Маълумингиз, И.Каримов президентлиги даврида фуқароларнинг икки катта гуруҳи Ўзбекистонни тарк этди. Бири – миллионлаб ўзбекистонликлар иш излаб Россия, Қозоғистон, Жанубий Қурия, Туркия ва ЕИ давлатларига чиқиб кетишдидир. Бундай ҳодиса очарчилик ва, ҳатто, қаҳатчилик, даврида ҳам бўлмаган. Ваҳолан-ки, ерости ва ерусти бойликлари бўйича дунёда Ўзбекистонга тенглашадиган давлатлар камдан-кам эканлиги маълум. Япония ва Сингапурда ерости ва ерусти бойликлари умуман йўқ. Шундай бўлса-да, иқтисодий ва интеллектуал бойлик бўйича бу икки давлат дунёда энг илғор мамлакатлар сафига киради. Ерости ва ерусти бойликлари беҳисоб бўлган Ўзбекистон раҳбарлари мамлакат иқтисодини халқпарварлик йўналишида ташкил этишган бўлса эди, табиий, ўзбеклар иш излаб чет элларда сарсону-саргардон юришмас эди.

 

              Ўзбекистонни тарк этган одамларнинг иккинчи гуруҳи эса мамлакатда сиёсий ва диний мухолифат аъзолари, ҳуқуқбонлик ҳаракати вакиллари, мустақил журналист ва бизнесменларга нисбатан И.Каримов олиб борган қатағон сиёсати ўлароқ Европа Иттифоқи давлатлари, АҚШ, Буюкбритания, Канада, Австралия, Норвегия, Швейцария, Туркия ва бошқа демократик мамлакатларга сиёсий бошпана излаб чиқиб кетишди ва мазкур давлатларда сиёсий бошпана олишди. Улар бу давлатларда ҳеч қандай дискриминация (камситиш)га учрамадилар – ўзлари иш топиб оила боқдилар, болалари мактаб, коллеж, лицей ва университетларда ўқишди, ишга яроқсиз ногирон ва қариялар беминнат давлат нафақаси билан таъминландилар.

 

              Биринчи гуруҳни ташкил этган меҳнат муҳожирлари хориждан Ўзбекистонга пул жўнатиб тургани учун бўлса керак, улар мамлакатдан бемалол чиқиб, бемалол қайтиб келиш имкониятига эга бўлган бўлса, иккинчи гуруҳни ташкил этган, яъни сиёсий бошпана излаб чиқиб кетган ўзбекистонликлар эса бундай имкониятдан маҳрум этилди. Бу махрум этиш И.Каримовнинг 2014 йил 16 июньда имзо чеккан ПФ-4624 сонли фармонига асосан амалга оширилди. Мазкур фармонга кўра чет элда яшаётган ўзбекистонлик узрли сабабларсиз уч йил ичида Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги Консуллиги ҳисобига турмаса, у Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотадиган бўлди.

 

              Мазкур фармон бир лаҳзада чет элларга сиёсий бошпана излаб чиқиб кетган ўнминглаб ўзбекистонликларни “беватан” қилди. Табиий савол туғилади: ПФ-4624 сонли Фармонда назарда тутилган “фуқароликни йўқотиш” тушунчаси 1992 йил 2 июльда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролик тўғрисида” қонуни ҳамда 1992 йил 2 мартда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)га тўлақонли аъзо бўлган Ўзбекистон Республикасининг ҳукумати тан олган ва уларни ратификация қилган БМТнинг “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси” ва “Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар ҳақида халқаро пакт”и каби халқаро ҳужжатлари моддалари талабларига қай даражада мос келади? Жавоб оддий: Ҳеч қандай! Мана унинг исботи.

             

              Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролик тўғрисида” қонуни 1-моддасининг 3-қисмида “Ҳеч ким фуқароликдан ёки фуқароликни ўзгартириш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмас” дейилган. Бу қонун матни остида президент И.Каримовнинг имзоси турибди. ПФ-4624 фармонни ҳам И.Каримов имзолаган. И.Каримов юрист бўлмаган, бироқ унинг атрофида ўнлаб юқори малакали юристлар бўлган. Нега у давлатнинг бир-бирини тамоман инкор этадиган икки ҳужжатини имзолаган? Бу – тасодифми, янглишмовчиликми ёки атайлаб, ёқуз ният билан қилинганми? Бу ҳолат ПФ-4624 фармон тамоман ноқонуний ҳужжат эканини яққол кўрсатади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролик тўғрисида” қонунининг 7-моддасида “Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет элда яшаши Ўзбекистон Республикаси фуқаролигининг тўхтатилишига олиб келмайди” дейилган. ПФ-4624 фармон Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ратификация қилган БМТнинг ИХУД ва ФСҲХП ҳужжатлари талабларига қанчалик мос келишини, тўғрироғи, мос келмаслигини халқаро ҳужжатларнинг ушбу талаблари очиқ-ойдин кўрсатиб турибди:

 

              “Ҳар бир инсон ҳар қандай мамлакатдан, шу жумладан ўзининг мамлакатидан чиқиб кетиш ва ўз мамлакатига қайтиб келиш ҳуқуқига эга” [ ИҲУД 13-моддасининг 2-чи қисми];                                                                

             “Ҳеч ким ўзбошимчалик билан ўз фуқаролигидан маҳрум этилиши ёки ўз фуқаролигини ўзгартириш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас” [ИҲУД 15-моддасининг 2-чи қисми];

              “Ҳеч ким ўзбошимчалик билан ўз мамлакатига кириш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас” [ФСҲХП 12-моддасининг 4-қисми];

              “Башарти Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ушбу Қонунда баён этилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса халқаро шартнома қоидалари қўлланилади” [Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролик тўғрисида” қонунининг 45-моддаси].

      И.Каримов имзолаган ПФ-4624 сонли Фармон ва БМТнинг икки ҳужжати талаблари орасидаги зиддиятлар нафақат мавжудлиги, балки улар ғиж-ғиж эканини кўриш ва тушуниш учун уларни ўқиган одам юрист бўлиши мутлақо шарт эмас. “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”, “Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар ҳақида халқаро Пакт” ва Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролик тўғрисида” қонунининг юқорида келтирилган бир неча моддалари билан жиддий танишган ҳар қандай ақли расо инсон И.Каримов имзолаган ПФ-4624 сонли Фармон бебурд ҳужжат эканини тушуниб етади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1-моддасида: “Ўзбекистон суверен демократик республика” дейилган. Дунёдаги бирорта ҳақиқий демократик давлат бебурд ҳужжат (қонун, фармон)лар асосида бошқарилмайди.

              Ўзбекистондан чет элларга чиқиб кетганларнинг аксар кўпчилиги демократик давлатларда умргузаронлик қилмоқдалар. Бу давлатларнинг “Фуқаровий кодекс”ига қарасангиз Ўзбекистон Республикасиинг “Фуқаролик тўғрисида” қонунининг 21-моддаси 1-қисмининг 2-банди каби бебурд иборани кўрмайсиз. Масалан, Франциянинг “Фуқаровий кодекси” бўйича мамлакат фуқароси фақат икки ҳолда: 1) у давлат миллий манфаатларига хавф туғдирса; 2) террористик амалиёт содир этса фуқароликдан маҳрум этилади. Толиб Ёқубов Ўзбекистондалигида на маъмурий ҳуқуқбузарлик кодекси ва на жиноят кодекси моддаси билан айбланган – унинг ҳадиксирайдиган жойи йўқ.

 

              Ҳурматли Президент жаноблари!

 

              Ҳамюртимиз Толиб ака Ёқубов ҳеч бир тўсиқларсиз Ўзбекистонга қайтишига йўл очиб беришингизни сўраймиз.                                                                                         

        

 

         Ягона тўғри муносабат эса: Ўзбекистоннинг посткаримов раҳбарияти ПФ-4624 сонли Фармонни ҳам, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролик тўғрисида” қонунининг 21-моддаси 1-қисмининг 2-бандини ҳам бекор қилишидир! Бошқа йўл йўқ!

Бу саволлар ҳозирги пайтда, бутун прогрессив, демократик ва ривожланган давлатлар раҳбарлари, БМТ, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ), Европа Қайтақуриш ва Тараққиёт Банки (ЕҚТБ), Human Rights Watch, Amnesty International каби (ва бошқа) нуфузли давлатлараро, молиявий ва ҳуқуқбонлик ташкилотлари “Посткаримов Ўзбекистон қандай йўлни танлайди?” дея кўз тикиб турган даврда ўта муҳим мазмун касб этади. Ана шу ягона тўғри муносабат Ўзбекистон Республикасининг ҳозирги ҳукумати ўз Конституциясининг 1-моддаси (“Ўзбекистон суверен демократик Республика»)га содиқ эканини, И.Каримов танлаган авторитар бошқаруви йўлини эмас, балки демократия, эркинлик ва иқтисодий ривожланиш йўлини танлаганини намойиш этган бўлади.

 

        

 

        

        

 

 

        

Categories: МУРОЖААТЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.