ЎЗИГА ХОС КУРАШ

Толиб ЁҚУБ

ЎЗИГА ХОС КУРАШ

Низомий номли Тошкент Давлат Педагогика Институти математика факультети декани, бухоролик Азим ака Ҳикматов мени ўлгудек ёмон кўрарди. Менда озроқ бетгачопарлик бор эди – шунинг учун бўлса керак. Бошқа сабаби ҳам бор эди, деб ўйлайман. Азим аканинг иккита зами (ўринбосари) бўлиб, бири қандайдир сабабга кўра замликни топширди. Факультет институтда энг катта факультет бўлгани учун битта зам барча ишни бажаришга улгурмас эди. Азим ака зам бўлишга ҳеч кимни кўндира олмади ва ноилож замликга мени таклиф этди.

Менинг ишга вақтли келадиган одатим бор эди, Азим ака ишга келганда эса мен ўз жойимда деканатнинг бирор иши билан шуғулланиб ўтирганимни кўрарди. Азим ака мен билан саломлашмай ва, ҳатто, қараб ҳам қўймай ўз хонасига кириб кетарди. Мен Азим аканинг топшириқларини эринмай, маромига етказиб бажарганим учун менга оғир ботишдан ўзини тиярди.

Иш юритишда Азим ака даҳо эди: 1) ўта чиройли ва бехато ёзар эди; 2) деканат ҳужжатларини шу қадар пухта тайёрлаб қўяр эди-ки, улардан бирор комиссия бирор хато топганини ҳеч ким кўрмаган. Шунинг учун ҳамма Азим акани “ўта честний одам” дея баҳолашар эди.

Менинг асосий вазифам студентларнинг зачёткалари билан ишлашдан иборат эди – институтда ўша пайтда бир қоида бор эди: ўқув йили тугаши арафасида, ёзги имтиҳонлар тугагач, студентларни курсдан курсга ўтказиш протоколи тузилиб, унинг бир нусхаси ректоратга топширилар эди. Студентнинг “қарзи” бўлса, яъни қишги ёки ёзги имтиҳонлар пайтида бирор (ёки бир неча) зачётдан ёки имтихондан ўтолмай қолса, уни курсдан курсга ўтказиш мумкин эмас эди. Ишга вақтли келаман (буни юқорида айтиб ўтдим), қилиниши лозим бўлган ишларни “шесть секундда” қилиб қўяман, кейин бўш ўтиришга тўғри келади.

Бир куни ўзимга ўзим: “Кел, шу зачёткаларни бошидан оёғигача бир текшириб кўрай, барибир бекор ўтираман-ку!” дедим. Факультетда 850 дан ортиқ студент ўқир эди – демак, 850 дан ортиқ зачёткани варақма-варақ, имтиҳон протоколлари билан бирма-бир солиштириб ўрганиб чиқишим керак! Катта иш! Ишнинг биринчи куниёқ ҳайратга тушдим – ҳар 3-4 зачётканинг бирида “қарз”лар чиқаверди. Эртаси куни катта бир умумий дафтар (общая тетрадь) олиб келиб “қарзлар”ни умумий дафтарга ёза бошладим. 3-курсда ўқийдиган, бироқ нафақат 3-курснинг биринчи чорагидан, балки 1-курс ва 2-курсдан “қарзи” бўлган студентлар борлиги аниқ бўлди. “Қарздорлар” курсдан курсга ўтиб кетаверишган – институт қоидасига тупурилган! Умумий дафтарнинг ярми тўлди. Кўз олдингизга келтиринг – Азим ака ва замдеканлар йиллар давомида маъмурий жиноят содир этиб келишган! Ўша пайтда ўқув ишлари билан шуғулланувчи проректор ўшлик (Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан), математик Муҳаммаджон Сайдаматов эди – ўзи ҳам факультетимизда дарс берарди. Демак, факультетдаги қинғир ишлардан проректор ҳам хабари бўлган, деканат топширган ҳисоботларни олаверган, “Ҳой! Нима қилаяпсизлар? Бу ғирт жиноят-ку!” демаган.

Ишни битиргач, умумий дафтарни қўлтиқлаб, проректорнинг қабулига бордим, воқеани гапириб бердим, умумий дафтарни проректорга узатдим, у уни варақлаб кўра бошлади ва … ранги ўчди, анча вақт жим ўтирди, менга эса: “Толиб, сен кетавер, билиб-билиб ишингни қилавер, Азим ака билан ўзим гаплашаман” деди. Гаплашган бўлса керак – эртаси куни Азим ака ишга келгач, одатдагидек индамай хонасига кириб кетавермай, менга заҳархандалик билан: “Менинг хонамга киринг, иш бор” деди. Кирдим. Азим ака фақат битта: “Иккаламиз ишлаша олмас эканмиз – аризангизни ёзинг” деган жумлани айтди, холос. Мен талашиб ўтирмадим – ўша заҳотиёқ аризани ёзиб столининг устига ташладим. Ҳар эҳтимолга қарши умумий дафтарни сақлаб қўйдим.

Кўп ўтмай мени Сайдаматов кабинетига чақиртирди. “У мени бекорга чақиртирмайди, бир иши бўлса керак” деб боришдан олдин умумий дафтарни сумкамга солиб олдим. Борсам, унинг олдида семиз, қорни катта бир одам ўтирибди – у Паркент туманидаги колхоз раиси экан. Проректор менга: “Толиб, сен яқин кунларгача замдекан бўлиб ишлагансан. Бу кишининг қизи курсдан курсга ўтмай қолибди, қарзлари бор экан. Шу қизга ёрдам бериш керак. Сенда қарздорлар ёзилган умумий дафтар бор – шу дафтарни ҳозир олиб кела оласанми? Кимлардан, қайси фанлардан қарзи борлигини мен кўришим керак” деди. Мен: “Бориб олиб келишим шарт эмас, мен уни ҳамма вақт сумкамда кўтариб юраман, мана у” дедим. Дафтардан ўша қизни топдик, қарасак ғиж-ғиж “қарз”. Хуллас, қиз институтни битириб кетди. Лекин менга битта нарса: “Нега проректор кабинетига Азим акани эмас, мени чақиртирди?” деган савол тушунарсиз бўлиб қолди.

Азим аканинг мени ёқтирмаслиги айниқса пахта териш кампанияси пайтида яққол билинарди – у мен бошлиқ бўлган студентлар гуруҳини йўл, совхоз маркази ва сувдан энг узоқ, энг чекка шийпонга жойлаштирар эди. Лекин бизнинг “довруғимиз” узоқ-узоқларга бориб етарди. Сабаби бундай эди. Яшашимиз лозим бўлган шийпон олдида автобуслардан тушгач, мен студентларга баланд овозда: “Ҳеч ким баракга кирмайди! Аввал барак ичини тозалаймиз. Кейин барак ташқарисини тозалаймиз – 50 метр уёғини, 50 метр буёғини! Биринчи бўлиб баракга қизлар жойлашади, улар жойлашиб бўлгач, баракга юк-юкчагини кўтариб йигитлар киришади!” дея бақирардим. Атрофда нима кўп – супургибоп ўт-ўлан кўп, йигитчалар бирпасда юзга яқин супурги боғлашар ва иш бошланиб кетар эди. Ҳаммаёқ топ-тоза, яқин атрофда сув бўлса, барак ичига ва барак “ҳовлиси”га сув сепилади – кўнглинг баҳра топади. Барак ичида икки қават нар қурилган – уни студентлар келгунча совхоз дурадгор-усталар қуриб қўйишади. Нарнинг пастки қаватини қизлар эгаллайди, устки қаватига йигитчалар чиқишади. Баракнинг бир чеккасида кичкина хона икки ўқитувчи ётадиган хона бўлиб, унда иккита темир калавот қўйилган бўларди. Студентлар баракга жойлашиб бўлгач, менда: “Бу йигит-қизларни нима билан “ром” қилсам экан?” деган ўй-ҳаёл пайдо бўларди. Ҳаммаси бўйетган, болалик давридан ўтган, уларни болага ўхшаб алдаб бўлмайди. Бир иш қилишим керак-ки, уларнинг ҳаммаси бўлмаса ҳам, аксар кўпчилиги ишимга “қойил” қолсин, илгари кўрмаган бўлсин, баъзилари ҳатто эшитмаган ҳам бўлсин!

Студентлар пахта кампанияси пайтида баракда вақтни ўтказиш учун камида 4-5 таси ўзи билан шахмат олиб боришарди. Мен шахматни яхши ўйнардим. Физика-математика фанлари номзоди (кандидати), шахмат бўйича спорт мастери унвонига эга бўлган Коган [исми эсимдан чиқибди] Тошкентдаги танк билим юрти (танковое училище)да ишлаган ҳолда, ҳафтада икки кун бизнинг факультетда рус группаларига соатбай дарс берарди. Дарслар тугагач, шахмат ишқибози бўлган ўқитувчилар Коган билан анча маҳалгача шахмат суришарди. Математика факультетида шахмат “жинниси” хоразмлик доцент Абдулла Дўсимбетов бўлса, физика факультетида шахматни кучли ўйнайдиган наманганлик Аҳмаджон ака Бойдедаев ва гулистонлик Иброҳим ака Исмоилов шахмат “жинниси” эди. Коган ўта вазмин, сиз юз гапирганингизда у бир гапирадиган одам эди. Бир марта мен ҳам Коган билан икки партия шахмат ўйнадим. У одати бўйича шахмат донасини суриб бўлгач, кейинги суришга қадар атрофдагилар билан гаплашиб ўтирарди. Мен унинг эътиборсиз ўйнаётганидан фойдаланиб, чиройли бир комбинация қўллаб унинг шоҳини мот қилдим. Буни кутмаган Коган қизариб кетди ва “Яна бир партия ўйнайлик” деди. Мен рози бўлдим. Аслида рози бўлмаслигим керак эди, чунки мен ҳамма вақт: “Мен мастерни ютганман” деб керилиб юришим мумкин эди. Ўйин бошланди – Коган мени 15 юришда дабдала қилди.

Мен 3 йил Москвада, 2 йил Кишинёвда ўқиганман. У пайтда менга ўхшаган камбағаллар узоқ масофаларга асосан поездда юришарди. Йўл узоқ, Москвагача 3 сутка юриш керак, вақтнинг ўтиши қийин. Нима қилиш керак? Тўғри – кета-кетгунча ё шахмат ўйнайсиз, ё карта ўйнайсиз. Бир марта бир ўрис шахмат тахтасига қарамай шахмат ўйнаётганини кўрдим – у рақиби билан теппа-тенг дона суришар ва аксарият ҳолларда рақибини ютар эди. Мен қизиқиб қолдим ва тахтага қарамай шахмат ўйнашни машқ қила бошладим. Бошида оддий болаларга ҳам ютқазавердим, бироқ аста-секин тахта устидаги вазият кўз ўнгимда турадиган бўлди. Дуранг ва ютуқлар ҳам кўпайди.

Ана шу пахта кампанияси даврида қўл келди – студентлар баракга жойлашиб бўлгач, мен уларга: “Ким мен билан шахмат ўйнайди? Мен тахтага қарамай ўйнайман. Фақат битта йигитча мен айтган юришни бажариб туриши, рақибнинг юришини менга айтиб туриши керак” дедим.

Аввал улар ишонмади, кулишди. Кейин бири мен билан шахмат ўйнашга рози бўлди. У тажрибасизроқ ўйинчи экан – мен уни ҳеч қийналмасдан ютдим. Кейин: “Мен ўйнайман!”, “Мен ўйнайман!” деган бақириқ-чақириқ бошланиб кетди. Бирига ютқаздим, бирини ютдим, бири билан дурангга келишдик. Баракда қизлар кўп эмас эди, улар мен ва йигитчалар орасида бўлаётган “жангу-жадал” билан иши бўлмади, лекин йигитчаларни мен ром қилдим – улар бундан буён “Анави ёнаётган гулханга кир!” десам, ўйлаб ҳам ўтирмай ўзини гулханга ташлайдиган бўлди.

Пахта терими бошланди. Менинг гуруҳим барагимиз атрофидаги майдонлар пахтасини бир ҳафта-ўн кунда териб бўлишди. Бизни пахтаси ҳали терилмаган узоқ бир далага юборишди – борадиган йўл деканимиз Азим ака яшайдиган барак олдидан ўтар экан. Биринчи марта ўша баракнинг олдидан ўтаётсак, Азим ака майкачан, юз-қўл артгич дастрўмолни елкасига ташлаган ҳолда кўчага чиқиб турганини кўрдик – юз-қўл ювадиган умывальник кўча томонда, баракнинг орқасида экан. Дарров ҳаёлимга бир шум фикр келди: Азим аканинг ғашига тегадиган, уни кун бўйи ёмон кайфиятга туширадиган бир иш қилишимиз керак, деб ўйладим. Бу – Азим акага қарши ўзига хос кураш бўлиши керак эди.

Кун бўйи ўйланиб юрдим, ҳаёлга пичоққа илинадиган бирор бир фикр келмади. Кечаси, ухлаб ётганимда, чўчиб уйғондим ва … қишлоғимизда ўтадиган “қиз мажлиси” дея аталувчи бир удумда айтиладиган қизлар ашуласи (айтишуви) миямга келди. Оила қизини эрга берса, узатиш тўйидан бир кун олдин қиз ҳовлисида бўлажак келиннинг дугоналари йиғилади, оила баҳоли-қудрат овқат ва пишириқлар тайёрлайди, қизлар ўйин-кулгу қилишади, бўлажак келинга бахту-саодат тилашади. Анашу базму-жамшидни жиззахлилар “қиз мажлиси” дейишади. “Қиз мажлиси” “Жон бургам, азамат бургам!” деган ҳазиломуз қўшиқни ҳамма қизлар биргалашиб айтишганда ўзининг кульминациясига эришади ва шу билан “қиз мажлиси” тугайди. Қизларнинг биттаси айтувчилик (бошловчилик) қилади, қолган қизлар фақат “Жон бургам, азамат бургам!” деб жўр бўлишади. Опаларим турмушга чиққанда шу ашула айтилганда эшитган эдим, илгари тўлиқ билардим, ҳозир шеърнинг 4-5 қатори ёдимда қолган. Мана ўша 4-5 қатори: Бошловчи: Бургам бургамда ётар! Ҳамма: Жон бургам, азамат бургам! Бошловчи: Бургам кўрпамда ётар! Ҳамма: Жон бургам, азамат бургам! Бошловчи: Кўрпамни очиб кўрсам! Ҳамма: Жон бургам, азамат бургам! Бошловчи: Кўзи милтиллаб ётар! Ҳамма: Жон бургам, азамат бургам! Қўшиқнинг давомида бургани ушлашади, уни сўйишади, у фалон ботмон гўшт, фалон ботмон ёғ (мой) қилади, уни номма-ном айтиб таниш-билишларга тарқатишади, калла-пойчасини энг яқин одамга ҳадъя қилишади, қолганини бозорда сотишади. Эртаси куни пахтадан қайтгач, мен студентларга шу ашулани машқ қилишни таклиф қилдим. Аввал ҳайрон бўлишди, тушунишмади, кулишди. Кейин мен бу ашулани декан бараги олдидан ўтаётганимизда айтиб ўтишимизни айтганимда баъзи студентларнинг ҳаёлида унча-мунча нарсалар пайдо бўла бошлади. Студентлар ҳам декан деспотик характерли, ўзгача фикрга чидамсиз, қўпол одам эканлигини сезишарди, бироқ улар ҳали ёш бўлгани сабабли ўз фикрини очиқ айтишга қўрқишар эди. Биз, ёши катталар, ўқитувчилар ҳам гапирганда оғзимизга унчалик эрк бермас эдик – биз ҳам қўрқардик. Мен кучли овозга эга бўлган бир йигитчани танладим, унга ўзимнинг ғоямни тушунтирдим – у рози бўлди. Ҳақиқатан ҳам бошловчи кучли овозли эркак бўлиши керак, чунки ашула хонада эмас, кўчада айтилади. Машқ қила бошладик. Аввал нуқул кулгу бўлди. Жўрлик қинғир-қийшиқ чиқди. Аста-секин қўшиқ яхлит бир кўринишни олди. Қўшиқни декан бараги олдидан биринчи марта айтиб ўтадиган кунимиз студентларни ярим соат вақтлироқ турғаздим, нонуштани сифатли бўлишига ҳаракат қилдик, ҳазил-мутойибалар кўп бўлди. Бунинг устига мен: “Далага борганда бир соат дам!” деб эълон қилдим.

Йўлга чиқдик. Колонна шаҳдам қадамлар билан юриб борарди. Кўтаринки рўҳ ҳаммада баланд эди. Ҳатто қизларнинг кўзлари ёниб турарди – мен уларнинг бирортасида қўрқув кўрмадим. Мен колоннанинг нариги томонида, Азим акага кўринмай юрдим. Баракга яқинлашганимизда Азим ака кўчада экан. Колоннанинг боши баракга етар-етмас мен бошловчига имо қилдим, у гулдираган товушда: “Бургам бургамда ётар!” деб ашулани бошлаб юборди, юзга яқин йигит-қизлар: “Жон бургам, азамат бургам!” дея жўр бўлишди. Азим ака турган жойида қотиб қолди. Колонна 100 метрча ашулани тўхтатмай айтиб борди. Бундай воқеа ТДПИ тарихида илгари бўлмаган. Буни нафақат Азим ака, балки Азим ака яшайдиган баракдаги 100 га яқин студентлар ҳам кўришди – улар ҳам ўша пайтда ювиниб-тараниб ташқарида юришувди.

Бу воқеа катта шов-шувгв айланди. ТДПИ ректорати мени ишдан ҳайдаса керак, деб ўйладим. Йўқ, инда Далага етгач, студентлар лўнгини тагларига тўшаб бир соат дам олишди. Эртаси куни биз яна ашула айтиб ўтдик, бироқ Азим ака кўринмади – у, чамаси, бизни ичкаридан туриб кузатган бўлса керак. Ўша куни институт штабидан одам келиб менинг гуруҳим бошқа далада пахта теримига боришини айтиб кетди. Демак, Азим ака қўрқиб кетиб институт штабига чопган ва бўлган воқеани штаб раҳбарига ўзича тушунтирган. У “бемаъни, бетаъсир” Толибни институт раҳбарияти камида ишдан ҳайдайди, деб ўйлаган бўлса керак. Шов-шув бўлди, рост. Лекин мени нафақат ишдан ҳайдашмади, ҳатто ҳайфсан ҳам эълон этишмади. Бирмунча вақт мен ўқитувчилар орасида “король” бўлиб юрдим.

И-Е, СИЗДА ҲАМ ЮРАК БОРМИ? Мен ҳамма вақт юрагим ўта бақувват деб ҳисоблаб юрардим. Нима бўлди-ю, бир куни юрагим санча бошлади, қўлим билан кўкракнинг юрак томон қисмини эза бошладим, оғриқ эса кучайгандан кучаяверди. Аёлим “скорый” чақирди, 10 кун касалхонада ётиб чиқдим. Даволовчи врач “бир ҳафта дам олинг, ишга чиқманг, мен справка ёзиб бераман” деди. Бир ҳафтадан кейин ишга бордим – одатдагидай, ҳаммадан илгари институтга етиб бордим. Дарс жадвалининг олдида турсам, Азим ака келиб қолди. У мен касалхонада ётганимни биларди ва, табиий, факультет раҳбари сифатида, одамийлик нуқтаи-назаридан, менинг саломатлигим билан қизиқиши лозим эди. Лекин у гапни: “Қаёқларда юрибсиз? Нега шунча вақт кўринмадингиз?” деган саволлар билан бошлади. Мен: “Касалхонада ётдим, юрагим санчиб оғрий бошлади” дея жавоб бердим. Шунда Азим ака: “И-е, сизда юрак ҳам борми?” деди-да, бурилиб деканатга йўл олди.

Мен салкам шокка тушаёздим, дарсни қандай ўтганимни билмайман. Бу воқеа юқорида ҳикоя қилинган, пахта кампанияси пайтида уюштирилган “Қўшиқ” операциясидан олдин бўлиб ўтган эди. Деканнинг гапи менга оғир ботди.

Орадан қанчадир вақт ўтгач, Азим ака оғир касалликка учради – Тошкентнинг энг илғор врачлари даволашди. Қизиғи, касаллик мияда бўлган, мияда ўсимта пайдо бўлган, врачлар эса унинг юрагини даволайверишган. Азим ака касалхонада ётганда миямга: “Ўч оладиган пайт келди. У-бу кўтариб кўргани бораман. Азим акадан ҳол-аҳвол, касалингиз қанақа деб сўрайман. Азим ака: юрак касаллиги экан, деса: И-е, сизда ҳам юрак борми? деб чиқиб кетаман” деган фикр келди. Бозордан бир сетка майда-чуйда олиб №2 ТошМИ касалхонасига Азим акани кўргани жўнадим. Трамвайда кетаётиб ўзимча бўлажак савол-жавобни такрорлаб бордим. №2 ТошМИда касални кўргани келган одам палатага киритилмас, касал учрашувга келган одам билан гаплашиш учун пастга тушар экан. Халат кийган Азим ака пастга тушди, кўришдик, Азим ака менинг келишимни кутмаган, шекилли – роса хурсанд бўлди. Ҳол-аҳвол сўрадим, касаллик билан қизиқдим, Азим ака касаллик юракда эканлигини айтди, бироқ … мен: “И-е, сизда юрак ҳам борми?” дея олмадим! Айтишга 2-3 марта оғиз жуфтладим – барибир айта олмадим. Биз дўстона хайрлашдик. Азим ака даво топгандай бўлиб касалхонадан чиқди, бир ойча уйида дам олди, кейин ишга чиқди. Озроқ ишлагач, яна касали қайтди, яна ётиб қолди. Бу сафар врачлар тўғри диагноз қўйишди – мияда (злокачественная опухоль) ўсимта пайдо бўлган экан. Ўша пайтда СССРда бундай ўсимтани операция йўли билан олиб ташлайдиган ягона мутахассис-академик бўлиб, у Москванинг қайсидир касалхонасида ишлар экан. Академикни Тошкентга чақиришди, у Тошкент врачларининг диагнозини тасдиқлади, бироқ операция учун зарур асбоб-ускуналар Москвада эканлиги, уларни Тошкентга олиб келиш имконсиз эканлигини, касални Москвага олиб бориш кераклигини айтиб Москвага жўнаб кетди. Вақт тиғиз, касал кундан-кун оғирлашиб бораётган пайтда бирдан-бир йўл касални самолётда олиб бориш бўлди. Азим акани “тез ёрдам” машинасида самолётнинг трапи олдигача олиб боришди.

Операция муваффақиятли ўтди, Азим ака соғайиб Тошкентга қайтиб келди, бироқ ишламади, нафақага чиқди. Мен яна кўргани бордим. Азим аканинг суюнганини кўрсангиз! Азим аканинг аёли Хатира опа ҳам математик бўлиб, у ҳам бизнинг факультетда ишлар эди. Азим аканинг ҳовлиси олдида баҳайбат бир туп оқ тут ўсарди. Ўша пайтда тут пишган эди. Хатира опа бирпасда бир лаган тут қоқиб келди. Роса зўр сўҳбат бўлди. Азим ака ўзининг менга нисбатан бўлган ёмон муносабатидан афсусланди, шекилли, очиқдан-очиқ мендан кечирим сўради. Бора-бора Азим ака менинг боришимни орзиқиб кутадиган бўлди, чунки унинг эски қадрдонлари уни тамоман унутишган эди. Касаллик Азим акани барибир енгди – Азим ака 1998 йилда вафот этди. Унинг бир ўғли (Нозим) ва бир қизи бор эди. Уларнинг тақдири менга номаълум.

2 март, 2018 йил; Франция.

Comments

Mexmet Tog'ay Chelebey

Mexmet Tog’ay Chelebey Ajoyib maqola ekan,kam boʻlmang!

Мирза-Анвар Абдулла Хамид

Abdulkadir Abid

Abdulkadir Abid Хаётда бундай одамлар хар кадамда учраб туради. Уларни эговга киёслайман.
Categories: Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари, Facebook | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.