КУЧЛИ ИҚТИСОДНИНГ БЕЛГИЛАРИ

Толиб ЁҚУБ

КУЧЛИ ИҚТИСОДНИНГ БЕЛГИЛАРИ

Сачраб уйғондингиз, кўзингизни катта-катта очиб атрофга алангладингиз, таниш жойга ўхшамайди, сўрайдиган одам кўринмайди, лекин табиат гўзал, ҳаммаёқ чизиб қўйган расмдай. “Қаер экан бу ер? Кимлар яшар экан бу гўзал жойларда? Бу ер шаҳарми, ё қишлоқми? Қишлоққа ўхшамайди – бизнинг қишлоқларимиз сингари кўчалари чанқир-чунқир эмас. Қаерга келиб қолдим-а?” дея савол берасиз ўзингизга ўзингиз.

Қорин ҳам очинқиради, гулдур-гулдур қилаябди. И-е, ана, бир одам кўринди, мен ўтирган томон келаябди, емакхонани шу одамдан сўрайман. – Ас-салому алайкум, ошна! Шу атрофда у-бу ейдиган чойхонами, ошхонами, борми? Қорин қургур емак талаб қилаябди, қаерга келиб қолганимни тушунмай турибман; – Еxcusez-moi, je ne vous ai pas compris; – И-е, ким экан бу одам? Қайси тилда гапираябди экан-а? Ошна, кимсиз? Қайси тилда гапираябсиз? – S’il vous plaît écrivez quelque chose – voici mon téléphone; [Марҳамат қилиб гапингизни телефонимга ёзинг]; – Бир нарса ёз, деябди, шекилли. Нимани ёзсам экан-а? Миллатим билан қишлоғимнинг номини ёзақолай. Мана, ёздим; – Êtes-vous d’Ouzbékistan? Oh, oh, ce beau pays, j’ai été là! Je suis à votre service. Que voulais vous? [Сиз Ўзбекистонданмисиз? О-о-о, мен у ерга борганман! Жуда ажойиб мамлакат!]; – Мен у-бу нарса еб олишим керак. Емакхонани кўрсатворинг, илтимос; Дарвоқе, бу қайси мамлакат? – Viens avec moi. Je vis près de; France! [Мен билан юринг. Мен яқин жойда яшайман. Бу ер Франция]. Мен Францияга 2006 йил 18 августда учиб келдим. Тилни билмайман, чўнтагимда 10-15 доллар пулим бор, холос. Бироқ, доллар Францияда ўтмас экан – долларни еврога алмаштириш учун уни Парижга почта орқали юбориш керак экан. Ўғлим йилнинг бошида Францияга келган – у ҳам тилни билмайди, тил билмагани учун бирор жойда ишламайди, чўнтаги қуп-қуруқ. Лекин унга ёшлар ётоқхонасидан кичик бир хона беришибди. Мен ёш эмасман, мен у ерда яшашим мумкин эмас. Франция шундай одамлар кўчада қолиб кетишига йўл қўймас экан – бу ерда кечаси тунайдиган, меҳмонхона типидаги бино (ночлежка)лар бор экан. Ночлежка пулсиз, кўчада қолган одамларни кеч соат 17-00 да қабул қилар экан. 2, 3, 4- ўринли хоналарга диван-кроватлар қўйилган, улар оқ чойшаб, кўрпа-ёстиқ, душ, ювинганда артинишга сочиқ билан безатилган. Кеч соат 19-00 да ночлежкага ресторандан икки катта кастрюлда овқат олиб келишади. Ошхонада чўчқа гўши емайдиганларга алоҳида, чўчқа гўшти ейдиганларга алоҳида жой қилинган. Нон, чой ва кофе чекланмаган – истаганингизча олишингиз мумкин.
Эрталаб нонуштага овқат берилмайди, лекин нонушта зўр бўлади – қанд-қурс, чой, кофе, булочка ва бошқа турли-туман егулик билан стол тўлдирилган бўлади. Эрталаб 8-00 да ҳамма ночлежкани тарк этади. Чиқиб кетишингиздан олдин ночлежка маъмурияти қўлингизга чек беради – чек билан истаган ошхона (столовая)га кириб тушлик қилишингиз мумкин. Ҳаммаси бепул! Битта ёмон томони эрталаб 8-00 дан кеч 17-00 гача кўчада юрасиз. Ночлежкада нафақат менга ёки ўғлимга ўхшаган келгиндилар, балки Франциянинг бошқа шаҳар ёки қишлоқларидан келган, бироқ кечаси ётадиган жойи бўлмаган французлар ҳам тунашади. Яна такрорлайман – ҳаммаси бепул! Мен 2006 йил 20 августдан 10 октябрьгача ночлежкада яшадим. 10 октябрьда ўғлим иккаламизга 4 хонали уй беришди – ўғлим ҳам, мен ҳам ишламаганимиз учун уй ҳақини давлат кўтарди. Янги йилга яқин ўғлим иш топиб ишлай бошлади, шундан кейин биз уй ҳақи тўлай бошладик. 2006 йилда шаҳар ичида қатнайдиган автобус чиптаси 1 евро 30 сантим (тийин) эди, ҳозир 1 евро 50 сантим – яъни, 12 йилда автобус чиптаси бор-йўғи 20 сантимга қимматлашди. Одамлар, одатда, автобусга – 1 ойлик, 2 ойлик, …, 6 ойлик, …, 1 йиллик абонемент олишади, шунда автобусда юриш “сув текин” бўлади. Бу – кучли иқтисоднинг бир белгисидир.

12 йил давомида светимиз бор-йўғи 3 марта ўчди, ҳар уч ҳолда свет узоғи билан 10 минут ўчиқ турди – кучли момоқалдироқ бўлганда светни ўчиришар экан. 12 йил давомида газимиз бир марта ҳам узилган эмас.

Францияда менга ўхшаган қари-қартанг, касал, юролмайдиган нотавон одамларга укол ва перевязка қиладиган, яраларини тозалаб дори қўядиган медицина хизмати йўлга қўйилган. Бу хизмат вакиллари касалхоналарда ишлашмайди – улар хизматни беморнинг уйига бориб қилишади.

Мен қандли диабет касалига йўлиққанман. Шу хизмат вакиллари 11 йилдан бери менинг уйимга ҳар куни 2 маҳал келиб инсулин укол қилиб кетишади. Францияда диабетик касаллар учун инсулин текин. Сўрашингиз мумкин: шу 11 йил ичида ўша хизмат ҳамшираси келмай қолгани бўлганми? Бўлган бўлса неча марта? Жавоб: бирор марта ҳам келмай қолгани бўлган эмас!

Яна такрорлайман: БИРОР МАРТА ҲАМ!

Бу – кучли иқтисоднинг яна битта белгисидир!

Уйимиздан бир бекат нарида Geante (ўзбекчаси: Баҳайбат) деган магазин бор. Мен деярли ҳар куни шу магазинга бориб майда-чуйда харид қиламан, кофе ёки чой ичаман, у-бу нарса тановул қиламан. Кассада ҳисоб-китоб қилганда баъзан 1 (бир) сантим ортиб қолади. Шу 1 сантимни кассир қайтиб бермаса, мен ҳеч ҳам хафа бўлмайман. Бироқ, кассир шу 1 сантимни ҳам қўлимга тутқазади. 1 сантим 2006 йилда ҳам 1 сантим эди – ҳозир ҳам 1 сантимлигича турибди. Йўқолиб кетгани йўқ.

1994 йилда И.Каримов Ўзбекистоннинг миллий валютаси сўмни жорий қилди. Адашмасам, 1 доллар = 5 сўм эди. У Ўзбекистон миллий валютасини худди совет пулларидай 1 сўм, 3 сўм, 5 сўм, 10 сўм, 25 сўм, 50 сўм, 100 сўм (ва ҳоказо; танга пулларни айтмай қўяқолай!) қилиб босмадан чиқарди. Ўлиши арафасида 1 доллар = 8000 сўм бўлди, яъни сўм 1333 марта қадрсизланди. 1 сўмдан 200 сўмгача бўлган қоғоз пуллар лўлининг иштонидай увадаси чиқиб кетди. Кучли иқтисод шароитида валюта деярли қадрсизланмайди! Geante магазинида товарлар катта столлар устида тахланиб туради. Столнинг олдидан юзлаб одам уёққа, юзлаб одам буёққа ўтиб туради. Сотувчи товарларнинг бошини кўрса охирини кўрмайди – китобини ўқиб ўтираверади. Биров стол устидаги товарнинг ярмини ўмариб кетса ҳам сезмайди.

12 йил давомида Geante магазинида ўғрилик бўлганини биз эшитмадик. Францияда ўғрилик йўқ. 2007 йилда шаҳримизда бир марта ўғирлик бўлди – кечаси икки қоратанли йигит бир ташкилот офисининг деворини тешиб кириб, офис ичидаги 2-3 та компьютерни олиб кетишибди. Эртаси куни эрталаб полиция уларни ушлади, воқеа телевизор орқали эълон қилинди. Бўлди. Шаҳримизда ўғрилик бўлганини бошқа эшитмадик.

Иқтисоди кучли мамлакатда ўғрилик яккам-дуккам бўлиб туриши мумкин, лекин оммавий ўғирликни кўрмайсиз. Ўзбекистонда “Бировнинг мулкини ўғирлаш ҳаром” деб фатво чиқарадиган дин бор, Францияда униси ҳам йўқ, буниси ҳам йўқ! Қизиғ-а!

4 март, 2018 йил; Франция.

 

 

Comments

Мирза-Анвар Абдулла Хамид

Мирза-Анвар Абдулла Хамид Толиб ака, ассалому алейкум!
Саломатмисиз!
Толиб ака, бир таклмф бор. Шу Франция ҳақидаги мақолаларингизни йиғиб, Толиб аканинг Франция таассуротлари, номи билан китоб чиқарсаангиз. Бу китоб қўлма қўл бўлиб ўқийдиган китоб бўлар эди….See More

Саидахмад Ишмурзаев

Саидахмад Ишмурзаев Yaxwi bulardi kitob qilib chiqarsa

Бурхониддин Ортиков

Бурхониддин Ортиков Толиб ака! ОЛЛОХ дардингизга шифо берсин.
Жуда яхши нарсалар хакида езибсиз. Рахмат.
Лекин ислом динига буни кандай алокаси бор?!

Talib Yakubov

Talib Yakubov Францияда черковнинг таъсири, роли жуда кам, йўқ деса ҳам бўлади. Ўғрилик, коррупция деярли йўқ. Одамлар фаровон яшашади. Иқтисоди жуда кучли. Ўзбекистонда бунинг тескариси. Дин кучли – бу ёмон эмас. Бироқ Обидхон-қори Назар каби диндорлар деярли йўқ – умуман йўқ, деса ҳам бўлади. Ислом ўғрилик ва коррупцияни қоралайди, бироқ мамлакатда коррупция ва ўғрилик ҳакалак отиб кетган. Мен шуни айтувдим, Бурхониддин укам.

Talib Yakubov replied · 1 Reply

Мирза-Анвар Абдулла Хамид

Мирза-Анвар Абдулла Хамид Бизда диндорлик ниқобга айланган. Диндорман, дейиш билан мен ўғри эмасман, мен ҳаром ишлар қилмайман, дейишади-ю, бозорда тарозидан уришади, сомсага эшак гўшти қўшишади, чойхоналарда ароқ сотиб тўплаган пулларига ҳажга боришади, ўз жинсий майлларини қондириш учун тўрттадан хотин олишадида, шариатни рўкач қилишади! Хуллас, мунофиқликнинг хамма тури ўзимизда!

Бурхониддин Ортиков

Бурхониддин Ортиков ХУРМАТЛИ МИРЗА АНВАР! Умрида номоз укимаган Р.Кодиров хеч нарсани рукач килмасдан халкимизни миллиадлаб доллар пулини гумдон килди. Яна санасам эснангиз котмасин…
Лекин мен бирорта номозхон Сизни чунтагингиздан( давлат хазинасидан) 100 доллар угирлаSee More

Manage

Фарходхон Мухтаров

Фарходхон Мухтаров Ассалому алайкум Толиб ака. Тезроқ тузалиб кетишингизга тилакдошман. Мана буни ФБда ўқиб қолгандим, балки Сизга ҳам ёрдам берар.https://www.facebook.com/groups/maslahat.uz/permalink/2116231161997221/Manage
Image may contain: food

Гурух Маслахатчиси to Maslahat.uz

Хайрли кеч хаммага, Азиз гурухдошлар, агар кимда-ким якинлари ёки танишлари «Кандли диабет»га чалинган булса, илтимос мана шу тавсияларни когозга чикариб, албатта даволашсин, бу халк табобати хисобланади, Бойсунлик хамюртимиз Рамазон Сатторов уз устида тажриба утказиб, буткул касалликдан ДАВОЛАНИБ СОГЛОМ ХАЁТГА КАЙТГАН !!! ҚАНДЛИ ДИАБЕТНИ ЙЎҚ ҚИЛГАН ОДАМ

У бойсунлик ҳамюртимиз бўлади!

Бундан тўрт йил муқаддам «Сурхон тонги» газетасида ишлаб юрган кезларим тогли Бойсун туманидан бир мактуб келди. Унда бедаво дард сифатида тан олинган қандли диабет касалига чалиниб, қаттиқ ирода ва қатьий режим асосида ўз-ўзини муолажа қилиб, касалликдан буткул халос бўлган бир кишининг тажрибалари баҳоли қудрат баён қилинган эди. Мактубни ўқиб, бу касаллик беморга қанчалик қаттиқ азоблар солишини юрак-юракдан ҳис қилдим. Шу туйғу билан хатни таҳрир қилиб, шу касаллик билан қийналиб юрган инсонларга бир ёрдам бўлар, деган ниятда газетада эълон қилдирдим.

Шундан сўнг қандли диабет касаллигидан шикоят қилган кишиларга ўша хатда баён қилинган муолажаларни тавсия этишга одатландим. Буни қарангки, бу касалликка чалинган кишиларнинг кўпчилиги ўша мақола чоп этилган газетани бир дастур сифатида ёнларида сақлаб, ундаги муолажа усулларидан қўлланиб юрганига дуч келдим. Ва ҳар сафар шу савобли ишга ўз ҳиссамни қўшганлигимдан хурсанд бўлардим.

Бу мақола эьлон қилинганига ҳам анча бўлди. Баьзан кимларгадир зарурат юзасидан юқорида айтилган мақолани тавсия қилсам, ўша, газетадан 1 дона топиб беришимни илтимос қилишади. Бунинг эса иложи йўқ. Биз ана шу имконсизликдан имкон топиб, ўша мақолани «Аёл ва замон» газетасида эълон қилишга қарор қилдик. Ушбу мақолани ўқиб, кимлардир бу бедаво дарддан фориғ бўлса, биз ўз ниятимизга етган ҳисобланамиз.

Ж. Эргашева.

Ёруғ дунёга келган инсон борки, узоқроқ яшашга ҳаракат қилади. «Бедаво» деб тан олинган қанд касаллигига чалинганимда 56 ёшда эдим. Ўша пайтгача ҳамма қатори иситма-тумовларни бошдан ўтказиб юрсамда, ўзимни жуда бардам ҳис қилар эдим. Бу касалликни мен гўё «ўлимимнинг жарчиси» сифатида қабул қилдим. Ичим куяр, ўзимни ниҳоятда беҳол, паришонхотир сезар, оғзим қуриб, тинимсиз сув ичгим келаверди. Бу ҳол 1988 йилнинг июн ойида юз берган эди.

Батамом ҳолдан тойгач, сентябр ойида шифохонага боришга мажбур бўлдим. У ердаги текширишлар қонимда қанд миқдори 20 дан ошиб кетганлигини тасдиқлади. 17 кунлик даволанишдан сўнг қанд миқдори бор-йўғи 1 га пасайгани маълум бўлди. Жуда мазам йўқ. Сувга бўлган чанқоқлик зўрайган, тишлар қимирлаб, милклар яраланган, бадандаги қичишиш ва битмас яра аввалги ҳолатда эди. Айниқса ракдан сўнг қанд касаллигидан ўлиш дардлар ичида иккинчи ўринда туради, -деган сўзлар мени довдиратиб қўйди. Шундан сўнг «ё шу касаллик билан курашиб уни енгишим керак ёки шу касалликка қолиб, ўлимни кутишим керак», -деган саволни ўз олдимга қўйдим. Касалликдан қутулиш учун кураш режасини уза бошладим. Маълумотим -зоотехник, ошқозондаги ошқозон ости безининг қанд, ёғ ва оқсил моддаларини парчалайдиган инсулин, тераксин ва адериалин суюклик гармонларини чиқаришини билардим.

Демак, қориннинг шу жойини эзиш, безларда тўхталиб қолган бу суюқлик гармонини чиқишга мажбурлаш керак. Режадаги биринчи ишим ҳар эрталаб чарчагунча тик тутиб, тиззани букмасдан пастга ҳам бўлиб туришдан бошладим. Парҳезни машқ билан баравар олиб бордим. Буни қарангки, қорнимнинг чап томонидаги oғриқ пасайиб оғзимдаги ёмон ҳид, ацетон ҳиди бир оз камайганини сеза бошладим. Тузалиб кетишимга умид уйғонди. Шу кунларда марказдан чиқадиган «Здоровье» журналида берилган «қанд касаллигига «тапинамбур» деган ўсимлик илдиз мевасининг шифо бўлиши» ҳақидаги мақола кўнглимдаги умидларни яна чуқурроқ илдиз оттирди. Бу мақолада Украина ички секреция безлар академияси сўнгги 2-3 йил ичида минглаб беморларни «тапинамбур»нинг илдизида бўладиган картошка билан даволаб, ҳаётга қайтаргани, бу картошкада ўта совуқ «инулин» моддаси борлиги ёзилган эди. Шундан сўнг қанд касаллигидан қутулиш ҳақидаги режа дастуримга «тапинамбур» ўсимлиги картошкасини ҳам киритдим. Бу режаларни 1989 йилнинг декабр ойигача қатьий режа билан давом эттирдим. Бу шифо йўлларига қўшимча юрак фаолиятини созлаш, хафақонликдан фориғ бўлиш учун ҳам йўл-йўлакай карволол ичиб юрдим, бадандаги яралар қандни қонимда нормада тушганлиги натижасида ўз-ўзича тузалди.

Бугунги кундан бедаво деб тан олинган оғир дарддан фориғ бўлиб олгач, ўзим қўллаган, кўплар билмайдиган муолажа йўлларини ҳеч кимга билдирмаслик инсофдан бўлмайди деган фикрда, ушбу мақолани битишга қарор қилдим. Ичган турли дориларим, жисмоний машқ парҳез «тапинамбур» картошкасининг муолажаси йўлида бир воситачи бўлганлигини бугун ўзим аниқ билиб, қанд каксаллигига чалинган инсонларга ўз тавсияларимни баён қилмоқдаман. Умуман, «тапинамбур» каротошкаси билан даволанишим 1988 йилнинг октябр ойидан 1990 йилнинг январ ойигача давом этди. Шу 16 ой давомида «тапинамбур» картошкасидан пиширилган ҳолда 19-20 килограмм истеьмол қилдим. Касалнинг oғир ва эски, енгил ва янгилигига қараб бу кўрсаткич кунлик истеъмолида 15-20 грамм кўп ё кам бўлиши мумкин. Бемор тапинамбур истеьмолини ўзи белгилайди.

Шундай қилиб 1988 йилнинг октябрида парҳезга қатьий амал қилган ҳолда ҳар куни овқатдан сўнг «тапинамбур» картошкасидан 20-30 грамм истеъмол қилдим.

Бир ойлик шундай муолажадан сўнг уйқум яхшиланди, бадандаги қичишув қолди, тиш милклари текисланиб, тиш мустаҳкамланди оғизда сўлак пайдо бўлди, баданнинг ранги бироз тиниқлашди.

Шу йилнинг ноябр ойида ҳам парҳезга риоя қилган ҳолда 10-20 граммдан картошка истеъмол қилишда давом этдим.

Уйқум янада яхшиланганлигини, баданимдаги қичувлар қолганлигини ҳис этдим. Сув ичиш ҳам камайди. Оғиздаги қўланса ҳид ацетон йўқолди, асабларим бироз бўшашди, ҳар нарсадан жаҳлланиш одатим йўқолди. Лекин, салга қўрқиб турадиган одат ҳам бор эди.

Кейинги икки ойда ҳам парҳезда бўлдим. Лекин онда-сонда палов едим. Энди овқатдан сўнг 10-15 граммдан «тапинамбур» картошкасини истеъмол қилардим.

Умумий аҳволимда орқага қайтиш сезилмади, уйқу яхши, баданда қичув умуман йўқ, оғиздаги ҳидлар ҳам йўқолди. Тиш мустаҳкамланди, фақат ҳамон кўнгилда қандайдир ваҳима, қўрқиш бор эди.

Ундан кейинги уч ой давомида ярим парҳез тартибида овқатландим. Ярим кучли бўлган овқатлар билан бирга кўкатларнинг ҳамма турини, мевалардан олма, анор, ивитилган ўрик, олча, ҳатто ёнғоқ ҳам истеъмол қиладиган бўлдим. Бу ойлар давомида «тапинамбур» картошкасидан овқатдан сўнг, кунига 10-15 грамм едим. Оғзим қуримайдиган бўлиб қолди. Ҳадеб чанқаб сув ичишлар, қўрқув бир оз камайди.

Бу муолажадан кейинги уч ойи айни пишиқчилик ойларига тўғри келди. Кўриб туриб қандай емаслик мумкин? Кам-кам ширинлик истеъмол қила бошладим. Овқатдан сўнг май ойида 10-15 граммдан, июнда 10-15 граммдан, июл ойида 10-15 граммдан «тапинамбур» картошкасидан танаввул қилдим. Йўқотилган 20 килограмм вазнимнинг 10 килограмми тикланди, қўрқиш йўқолди.

1989 йилнинг август, сентябр, октябр ойларида ҳар уч кунда бир марта 10 граммдан, сентябр ойида ҳар уч кунда 10-15 грамм, октябрда oғиз қуришига қараб ҳар уч кунда 5-10 грамм «тапинамбур» картошкаси истеъмол қилар эдим. Қориндаги оғриқлар, қўрқувлар йўқолиб, яшашга ишонч ва умид мустаҳкамланди.

Бундан кейинги уч ой давомида халоскоримга айланган каротошкадан оғиз қуриган пайтлардагина 10-15 грамм истеъмол қилар эдим, холос. Шу уч ойнинг охирги ойи -1990 йилнинг январ ойида эса умуман картошка емадим. Соғлиғим мутлақо тикланган, мақсадимга эришган, шифо топган эдим. Дунёда мендан бахтли одам йўқ эди назаримда. Энди мен бадан тарбия машқларини ўзгача бир завқ, иштиёқ билан бажарар эдим. Бу машқлар, намоз ўқишларим ҳам ўзига яраша наф берди.

Мана ҳозир 79 ёшдаман. Худога минг қатла шукурлар бўлсинки, 1990 йилнинг январидан то 2010 йилнинг шу кунларигача ўзимни жуда соғлом ҳис қилиб келмоқдаман. Айрим дўстларимга мен қанд касаллигига чалинган эдим, шифо топдим десам ишонишмайди.

Халоскорим -«тапинамбур» ўсимлиги кунгабоқарга ўхшагани учун «семичкагул» деб ном қўйдим. У ҳақиқатан ҳам кунгабоқарга ўхшайди, қомати тик, барглари ҳам кунгабоқарникидай катта-катта, гуллари майда. Унумли ерда парвариш қилинса бўйи 2-3 метр, илдизидаги картошканинг жами вазни 3-4 килограммгача бўлади.

Бедаво дарддан қутулиб кетишимга сабабчи бўлган журнални келтириб берган «Дарбанд» жамоа хўжалигининг собиқ мол дўхтири Рустам Азимовга чексиз миннатдорчилигимни билдирган ҳолда, ўз тажрибаларимни сиз азизларга баён қилдим. Ушбу мақолада баён қилинган муолажалар туфайли кимнинг кўнглида умид чироғи ёнса, дарддан фориғ бўлса, ўзимни ниҳоятда бахтиёр ҳис этар эдим.

Рамазон САТТОРОВ, Бойсун тумани.

ҚАНДЛИ ДИАБЕТ

Қандли диабет хасталигидан холис бўлиш мумкинми? Тиббий муолажалардан бошқа давоси борми? Бир сўз билан айтсак, ҳа бор! Айнан мен қанд касаллигидан бутунлай фориғ бўлган инсонман. Бу ҳақда бундан 12-13 йил аввал «Бойсун овози» рўзномасида, вилоят газетасида қандли диабет касаллигидан холис бўлганлигим тўғрисида мақолалар ёзгандим. Мақсадим, мана шу хасталик билан оғриган беморларга маслаҳатлар бериш, уларнинг дардига дармон бўлиш эди. Қувончли томони, ана шу мақолаларим ва берган маслаҳатларим туфайли вилоятимиздаги туманларда яшаётганлар, шунингдек, Бухоро, Самарқанд, Ургут шаҳарларидан мен танлаган йўлни танлаб ана шу дарддан фориғ бўлганлиги тўғрисида менга хат-хабарлар етиб келди.

Хўш, бу мавзуга қайтишимга сабаб нима? Бунинг боиси шу касалликка чалинган беморлар нотўғри даволанганлиги оқибатида ёки муолажа вақтида парҳезни бузганликлари туфайли айрим нохуш ҳолатлар келиб чиққан. Мана ҳозир 77 ёшдаман. Ҳалигача касалхона эшигини кўрганим йўқ. Лекин 1988-1989 йилларда ўзим қанд касаллигига мубтало бўлдим ва қатъий режим асосида тапинамбур картошкасини истеъмол қилиб, ўзимни-ўзим даволадим. Мана 22 йилдирки coғ-саломат яшаб юрибман.

Тапинамбур картошкасини эса уйларда ўстириш мумкин. Октябр ойларига бориб бу ўсимлик картошка боғлаб пишади. Буни қарангки, қанд касаллигини даволовчи инсулин моддаси гиёҳлардан фақат қоқида бор. Демак, тапинамбур то пишиб етилгунча қоқи унинг ўрнини боса олади. Бу ўсимликни мавсумда териб, қуритиб токи тапинамбур пишиб етилгунча ундан истеъмол қилиш мумкин. Шуниси ажабланарлики, бу хасталикка чалинганларни шу кунгача даволаш бир ёқлама олиб борилмоқда. Бу хасталикни даволашда инсулиндан нарёққа ўтилмаяпти. Демак, уни табиий йўллар билан ҳам даволаш мумкин. Тапинамбур ёки қоқи таркибидаги инулин моддаси шундай хусусиятга эгаки, у бемор қонидаги қандни тозалаш билан ошқозон ости безининг фаолиятини даволаб беради. Фақат шуни унутмаслик керакки, тапинамбур картошкасини организм талабидан ортиқча истеъмол қилинса бундай беморлар қандсизлик диабетига ҳам учраши мумкин. Шунинг учун қанд касалига учраган бемор тапинамбур ва қоқини организмга таъсирини ўзи сезган ҳолда уларни истеъмол қилиш, нормасини билиб истеъмол қилсалар. Соғайганларини эса ўзлари сезишади: сув ичишга бўлган талаблари пасаяди, бадандаги яралар битади, оғзидан келадиган ацетон ҳидига ўхшаш ҳам йўқолади, юрак, мия ва буйрак фаолияти яхшиланади, оғриқлар қолади. Ана шундагина тапинамбур картошкаси ва қоқи истеъмол қилишни камайтириш керак.

Бемор даволаниш даврида қандай парҳезли озуқалар истеъмол қилиши керак?

Сут, қатиқ, қорамол гўшти, қорамол сутидан олинган capиёғ, қаймоқ, эрталаб икки дона тухум, ловия, мош, жайдари нон, кўкатлар, чукури (равоч), роба сингари маҳсулотларни хоҳлаганча ейишлари мумкин.

Қандли диабетта учраган беморлар даволаниш пайтида барча турдаги ширинликлар ўрик, шафтоли, олхўри, гилос, узум, қўй гўшти, қўй сути ва ёғи, балиқ, палов, оқ нон, қовун, нўхат, сумалак ва спиртли ичимликларни мутлақо оғизга олмасликлари тавсия этилади.

Мен табиб эмасман. Фақат шу хасталик билан оғриганларнинг аҳволини кўриб уларга ёрдам бергим, маслаҳатимни аямагим келади. Улар соғайса, мен шунчалик хурсанд бўламан. Одамларнинг соғ-саломат яшаши менга қувонч бахш этади. Бу касалликдан холис бўлишда эса бемор инсонларда сабр-қаноат, чидам бўлиши керак. Озгина вақт ўтгач бу муолажа менга тўғри келмас экан, дея парҳезни бузиб палов, қанд, қовун ва спиртли ичимликлар истеъмол қилаётганларни кўп учратдим. Улар шу касаллик билан қайта хасталаниб, ҳаётлари сўнган, шу касаллик билан вафот этганлар ҳам бор. Лекин муолажаларни ўз вақтида ўтказиб, парҳезга риоя қилган инсонлар ҳозир орамизда яшаб юрибди. Демак, бу касалликдан фориғ бўлиш учун ҳар бир киши чидам билан парҳезга риоя қилган ҳолда озиқлансалар, тузалишлари муқаррардир.

Инулин моддасини фармацевтика заводлари таблетка қилиб ишлаб чиқарсалар, беморларни даволаш анча енгил кўчарди. Бу муаммо бундан ўн йиллар аввал тилга олинган, кўтарилган эди. Ҳозир Россия дорихоналарида инулин моддасини ажратиб, таблетка ҳолида беморларга берилаётганлиги анча наф келтирмоқда.

1994 йили Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига қанд касаллиги тўғрисида қўлёзма жўнатилган тавсияномалар берилган эди. Улар эса вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига кўриб чиқишни тавсия этишган. Вилоятдаги шифокорлар менинг ишимни баҳолаб, раҳматнома эълон қилишди ва беморларга инсулин беришни тўхтатганликларини айтишди. Шунингдек, яқин орада вилоят шифохонаси қошида ва Бойсун касалхонасида тапинамбур картошкаси билан қандли диабет касаллигига чалинганларни даволаш марказлари очишни, бу маҳсулотни кўпайтириш кераклиги ҳақида маслаҳатлашдик. Аммо айтилган гаплар, берилган ваъдалар ўз ҳолича қолиб кетди. Истардимки, менинг бу мулоҳазаларим ўз ўрнини топади ва албатта қандли диабет касаллигининг олдини олиш ва даволаш учун бор имкониятлар ишга солинади.

Рамазон САТТОРОВ,

Бойсун тумани, нафақахўр.

Фарходхон Мухтаров

Фарходхон Мухтаров Ҳикоянгиз жуда равон тилда ёзилибди, жуда информатив.Рахмат.

Фарходхон Мухтаров

Фарходхон Мухтаров Ҳаётингиз ҳақида китоб ёзсангиз бўларкан. Кўпчилик қизиқиб ўқирди деб ўйлайман.
Categories: Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари, Facebook | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.