КИМДИР ОБОД ЮРТНИ ХАРОБ ҚИЛАДИ, КИМДИР ХАРОБ ЮРТНИ ОБОД ҚИЛАДИ

Толиб ЁҚУБ

               Қишлоғимиздан икки километрча нарида темирйўл разъезди бўлиб, СССР парчалангач, темирйўл ҳам, разъезд ҳам бора-бора харобага айланди. Разъездда пишиқ ғиштдан тикланган 4 хонали иморат бўлиб, атрофда яшовчи аҳоли унинг барча эшик ва деразаларини қўпориб олиб кетишган, иморат ҳувуллаб қолган эди. Ўша пайтда мен Тошкентда, оилам (аёлим ва болаларим) эса Жиззахда, ота-онамдан қолган ҳовлида яшарди. Мен аҳъён-аҳъёнда оиламдан хабар олган Тошкентдан Жиззахга машинамда келганимда шу разъезд ёнидан ўтар эдим. Бир сафар келганимда нимагадир разъезд олдида тўхтадим. Машинадан тушишим билан кўзим ўта хароб ахволда бўлган бир чолга тушди – соқол-мўйлови ўсиб кетган, устидаги кийими йиртиқ, кирдан ранг-рўйини билиб бўлмас даражада эди.

Саломлашдик, танишдик. Чолнинг исм-шарифи Боймуҳаммад Шавелиев бўлиб, миллати туркман экан. Мени ҳайратга солган нарса шу бўлди-ки, бу туркман чол ўта саводхон, денгиз кемаси радисти курсини Туркманистоннинг Красноводск шаҳрида тугатган, қатор йиллар Туркманистон, Озарбойжон ва Россияда ишлаган ва, ҳатто, уч ой Афғонистонда радист сифатида жангу-жадалда қатнашган, тақдир тақазоси билан охирги йилларда Ўзбекистонга келиб, Жиззахдаги разъездда ишлаб қолган экан.

Адашмасам, 1996 йил сентябри бошида Ўзбекистоннинг ҳозирги Президенти Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига ҳоким этиб тайинланганини эшитган эдим. Мен туркман чол масаласида вилоят ҳокими билан учрашишга қарор қилдим. У пайтда ҳоким қабулига кириш қийин эмас эди – ҳокимиятга кириш эшиги олдида ўтирган милиция ходими юқорига қўнғироқ қилди, юқоридан: “Кирсин!” деган топшириқ бўлди, шекилли, милиционер мени ўтказиб юборди. Ҳокимиятга боришдан олдин мен ҳоким номига мурожаатнома ёздим ва унда Боймуҳаммад Шавелиев ҳақида менга маълум бўлган тўлиқ маълумотни келтирдим. Мени ҳокимнинг ёрдамчиси Олимжон Жавлонов қабул қилди. У мурожаатномани ўқиб кўргач: “Толиб ака, сиз анави диванда ўтириб туринг, мен мурожаатномани ҳокимга олиб кираман” деди. Олимжон ҳадеганда келавермади, диванда ўтириб кўзим кетибди, 20 минутча ухлабман. Олимжон қайтгач: “Толиб ака, сизни ҳоким кутаяпти, киринг” деди ва мени ҳокимнинг кабинетига бошлаб борди. Ҳоким мени яхши кутиб олди, ярим соатча сўҳбатлашдик – мен Боймуҳаммад ота ҳақида гапириб бердим. Сўҳбат охирида ҳоким менга: “Толиб ака, эртага яна бир бор ҳокимиятга келинг, мен вилоят ижтимоий таъминот бўлимига бу масала бўйича кўрсатма бераман. У ерда сизга ҳамма ҳужжатларни беришади, сиз ҳужжатларни Жиззах туман ижтимоий таъминот бўлимига топширинг” деди.

Эртаси куни вилоят ижтимоий таъминот бўлимига бордим, мени бир рус аёл қабул қилди ва менга вилоят ижтимоий таъминот бўлимининг қароридан нусха берди. Қарорда: 1) Б.Шавелиевга 850 сўм нафақа (пенсия) тайинлансин [у пайтда 850 сўм катта пул эди]; 2) Туман касалхонаси врачлари Б.Шавелиевни тиббий кўрикдан ўтказишсин, касалхона бош врачи унинг соғлиғидан бот-бот хабар олиб турадиган ҳамшира ажратсин; 3) Туман ички ишлар бўлими бошлиғи Шароф Назаров Б.Шавелиев хавфсизлигини таъминлаш учун милиция ходимлари назоратини йўлга қўйсин” дейилган экан. Ўша куниёқ мен қарорни Жиззах туман ижтимоий таъминот бўлимига олиб бориб тегишли ходимга топширдим. Бу воқеа 1996 йил октябрь ойида бўлган эди. Ҳар сафар Тошкентдан Жиззахга келганимда Б.Шавелиевдан хабар олиб турдим – янги 1997 йил арафасида вилоят ҳокимлиги Б.Шавелиевга 1 (бир) қоп ун, 10 кг шакар, 10 шиша чигит ёғи ва яна анчагина майда-чуйда совға-салом ташкил этишибди. Шу тариқа мен 1996 йилда Жиззах вилояти ҳокими, Ўзбекистоннинг бўлажак Президенти Ш.Мирзиёев билан учрашдим ва бу учрашув биринчи ва ягона учрашув бўлди – Ш.Мирзиёев 2016 йил 4 декабрьда мамлакат Президенти лавозимига сайланишдан олдин Самарқанд вилояти ҳокими ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимларида фаолият олиб борди.

1991 йил 29 декабрьдан ҳозирга қадар Ўзбекистонни икки инсон – Ислом Каримов ва Шавкат Мирзиёев – бошқарганини кўрдик ва уларнинг фаолияти қандай бўлганини таққослаш имкониятига эга бўлдик. И.Каримов минглаб одамларни, шу жумладан, Олий Мажлис депутатлари, сиёсий партиялар аъзолари, ҳуқуқбонлар, журналистлар, диний уламолар ва бизнесменларни қамоққа тиқди, уларнинг баъзилари изсиз йўқолди. Ш.Мирзиёев юзлаб одамларни, шу жумладан, Олий Мажлис депутатлари, сиёсий партиялар аъзолари, ҳуқуқбонлар, журналистлар ва бизнесменларни қамоқхонадан озод этди. Масалан, И.Каримов даврида Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ)нинг ўнлаб аъзоси, шу жумладан, аёл ҳуқуқбонлар опа-сингил Меҳринисо ва Зулхумор Ҳамдамова қамоққа ташланди, Ш.Мирзиёев эса барча ноҳақдан қамалган депутатлар, сиёсий партиялар аъзолари, ҳуқуқбонлар, журналистлар, диний уламолар ва бизнесменларни озодликга чиқарди. И.Каримов буйруғи билан қамалган Олий Мажлис депутати Самандар Қўқонов салкам 24 йил қамоқда ўтирди, И.Каримов ўлмаганда Самандарнинг умри ҳанузгача қамоқда ўтаверарди – Ш.Мирзиёевнинг шарофати билан у қамоқдан озодликга чиқди ва оиласи бағрига қайтди.                                                                                                                             1-чи ХУЛОСА:  И.Каримов айбсизларни қамади, Ш.Мирзиёев айбсиз қамалганларни озодликга чиқарди!                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                         И.Каримов даврида

 

I} Олий Мажлис депутати Шавриқ Рўзимуродов ва таниқли ўзбек-уйғур шоири Эмин Усмон Ички Ишлар Вазирлиги (ИИВ) ертўласида қийнаб ўлдирилди. Эмин Усмон диний эътиқоди туфайли ўлдирилди. Шавриқ Рўзимуродовнинг ҳам диний эътиқоди кучли эди, бироқ унинг ўлдирилишининг сабаби бутунлай бошқа эди: 1990 йил март ойида Олий Кенгаш [давлатнинг ўша пайтдаги қонун чиқарувчи органи, ҳозирги Олий Мажлис] мажлисида И.Каримовнинг таклифи билан Ўзбекистонда Президент лавозими ташкил этилади. Моҳиятан, бу конституцион давлат тўнтариши эди, чунки Ўзбекистон ССР ҳали СССР таркибида бўлиб, на ЎзССР ва на СССРнинг Конституцияларида “Президент” лавозими ҳақида модда бор эди. Буни И.Каримов яхши билса-да, у мазкур лавозимга ўз номзодини қўйдирди. Шавриқнинг ягона “айби” шу бўлади-ки, у ўша мажлисда И.Каримов номзодига қарши чиқиб: “Ҳой, ўртоқ депутатлар! Бу одамни Президент лавозимига сайлаб бўлмайди! Уни сайласаларинг, у ҳаммангизни ўлдиради! Мен уни Қашқадарё вилоятида ишлаганида яхши биламан!” дея ҳайқиради. И.Каримов шотирлари Шавриқни 2001 йил июнида ўлдиришди. Қатор депутатлар қамоқларга ташланди, ишдан ҳайдалди, мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлишди.

2-чи ХУЛОСА: 1990 йилда ноқонуний йўл билан ЎзССР Президенти лавозимини эгаллаган И.Каримов кейинги пайтларда ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларини қўпол равишда бузган ҳолда 2 (икки) марта Президент сайловида ғайриқонуний қатнашди ва 2 (икки) марта ғайриқонуний референдум ўтказиб президентлик ваколатини узайтирди.

II} 1998 йилда И.Каримов буйруғи билан Қорақалпоғистон Республикасининг Жаслиқ посёлкаси ҳудудида, Тошкентдан 1500 км нарида, “Борса келмас” дея аталувчи Устюрт платосида сиёсий ва диний мотивлар асосида қамоққа олинган одамлар учун УЯ 64/71 қамоқхонаси қурилди. Мазкур қамоқхонадан юзлаб маҳбусларнинг ўлиги чиқди – шулардан бири “Бирлик” Халқ Ҳаракати Андижон вилояти бўлимининг раиси Жўрабек Азимовнинг жасадини 1999 йилда милиция ходимлари машинада Андижонга олиб келишиб оиласига топширишди. У қамоқда қийнаб ўлдирилганини яшириш учун милиция ходимлари ўликни кўмишдан олдин жасадни ювишга ҳам рухсат беришмади. Ш.Мирзиёев даврида Жаслиқ қамоқхонасида ўтирган барча ҳуқуқбондар ва журналистлар озод этилди. Ҳуқуқбонлар Жаслиқ қамоқхонасидаги қийноқлар ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти “Қийноқларга қарши комитети”га юзлаб шикоятлар юборгач, 2002 йилда мазкур комитетининг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен қамоқхоналарни инспекция қилиш учун Ўзбекистонга келди. И.Каримовнинг буйруғи билан Тео ван Бовен Жаслиқ қамоқхонасига киритилмади. Тео ван Бовен ўзининг ҳисоботида Жаслиқ қамоқхонаси сўзсиз ёпилиши керак, дея айтиб ўтган бўлса-да, И.Каримов уни ёпишни ҳаёлига ҳам келтирмади. Бу ишни Ш.Мирзиёев қилишига мен ишонаман.

3-ХУЛОСА: 90-чи йиллар бошида совет армияси бинар кимъёвий қурол синовини ўтказган Қорақалпоғистоннинг Устюрт платосидаги Жаслиқ посёлкаси ёнида  И.Каримов дунёда энг даҳшатли бўлган қамоқхоналардан бири бўлган УЯ 64/71 қамоқхонасини қурдирди ва унга минглаб одамларни қамади, Ш.Мирзиёев эса унда ўтирган барча ҳуқуқбон, журналист ва бизнесменларни озод этди.

III} Ерости [олтин, кумуш, уран, газ, нефть, қимматбаҳо тошлар, мармар ва ҳоказо] ва ерусти [пахта, пилла, қовун-тарвуз, мева-чева, макка, зиғир-кунжут ва ҳоказо] бойликлари бўйича дунёда Ўзбекистонга тенг келадиган давлат камдан-кам топилади. Олтин қазиб олиш бўйича Ўзбекистон дунёда 6 (ёки 7)-чи ўринни эгаллайди, ҳар йили камида 50 тонна олтин қазиб олинади. Демократик мамлакатларда давлат бошлиғи ҳар йили Парламент депутатлари олдида чиқиш қилиб ерости ва ерусти бойликлари ҳақида ҳисобот беради, ҳисобот матбуотда эълон қилинади, улардан тушаётган маблағлар нималарга сарфланганини халққа билдирилади. Ўзининг 27 йиллик давлат раҳбари сифатидаги фаолияти даврида И.Каримов мамлакатнинг ерости ва ерусти бойликлари ҳақида Олий Мажлис депутатлари олдида бирор марта ҳисобот бердими? Йўқ! Оддий ҳисоб-китоб шуни кўрсатади-ки, 27 йилда Ўзбекистонда камида 1350 тонна олтин қазиб олинган. Бу улкан бойлик қаерда сақланган ва ундан тушган маблағлар нималарга сарфланган? Ҳеч ким билмайди! Газ ҳам шу! Газ Хитойга узлуксиз етказиб турилди, ўзбек хонадонлари эса ўртаасрлардан қолган сандал (танча) атрофида кун кечирди. Бироқ, И.Каримов ўз қизларининг нафсини тийган эмас – улар Ўзбекистон халқининг миллиардлаб доллар пулини ўзлаштиргани, шу пулларга турли мамлакатларда шоҳона уйлар ва бошқа бойликлар сотиб олишгани бўйича Ўзбекистон Бош прокуратураси жиноий иш қўзғатди – бу Ш.Мирзиёев давлат раҳбари этиб сайлангандан кейин юз берди!

4-чи ХУЛОСА: Ўзбекистоннинг 1-чи Президенти И.Каримов ерости ва ерусти бойликлар бўйича дунёда энг бой мамлакатлардан бири ҳисобланган Ўзбекистонни хароб қилди, Ўзбекистоннинг 2-чи Президенти Ш.Мирзиёев анашу бойликларни Ўзбекистон халқига қайтариш учун бел боғлаши лозим.

IV} “Кимдир обод юртни хароб қилади, кимдир хароб юртни обод қилади” дейишган ўтмиш доноларимиз. СССР тоталитар коммунистик давлат бўлса-да, унинг ҳар бир республикасининг, шу жумладан Ўзбекистон ССРнинг ҳам ўз Фанлар Академия (ЎзФА)си бор эди. Кибернетика институти, Математика институти, Доривор ўсимликлар институти, Ўзбек тили ва адабиёти институти, Ядро физикаси институти, Узумчилик ва виночилик институти, Ботаника боғи ва бошқа илимий-текшириш институтлари ЎзФАнинг фаҳри эди. 90-чи йилларнинг бирида мен шу илмий даргоҳлар ахволи билан қизиқдим – кўрганларим мени даҳшатга туширди: кўп илмий-текшириш институтларининг фаолияти тамоман тўхтаганини, баъзилари номига ишлаб турганини кўрдим – айтишларича, илмий ходимлар бола-чақа боқиш мақсадида бозорларга чиқиб олиб-сотарлиқ билан шуғулланмоқда экан. Кўпқаватли бинолар бўм-бўш, ҳаммаёқ ҳувиллаб ётибди, эшик ва деразалар, ичидаги илмий-тадқиқод ускуналари ўғирлаб кетилган, институтлар бирининг 4-қаватли биносида фақат битта қоровул чол ўтирибди, холос. И.Каримов даврида Тошкент юридик институти, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети ва бошқа олий ўқув юртларида коррупция “гуллаб-яшнади”, саводсиз ва порахўр мутахассислар тайёрлайдиган масканга айланди.

5-ХУЛОСА: И.Каримов ЎзФАни, ўзига хос “обод юрт”ни, хароб қилди. Янги Президент Ш.Мирзиёев олдида бир пайтлар гуллаб-яшнаган ЎзФАни қайтадан тиклаш каби мураккаб вазифа турибди.

V} 1994 йилда, И.Каримов даврида, биринчи марта ўзбек миллий валютаси сўм ишлаб чиқилди ва муомалага киритилди. Ўша пайтда 1(бир) АҚШ доллари 5(беш) сўм, Қозоғистоннинг 2(икки) тенгеси 1(бир) сўм эди. 2016 йилда [И.Каримов ўлган йили] 1(бир) АҚШ доллари 8000 (саккиз минг) ўзбек сўмидан ошди, яъни, ўзбек сўми АҚШ долларига нисбатан 1600 марта қадрсизланди, АҚШнинг 1(бир) доллари эса Қозоғистоннинг 330(уч юз ўттиз) тенгеси қадар бўлди – қолган ҳисоб-китобни ўзингиз қилаверинг! Доллар сотиб олмоқчи бўлган одамлар бозорга сўмни, сал бўрттириб айтадиган бўлсак, қоплаб кўтариб олиб борадиган бўлишди. Бундан иқтисод фанлари доктори, ЎзФА академиги И.Каримов ва унинг содиқ сафдоши, Марказий Банк (МБ)ни ўлганича бошқарган Файзулла Муллажонов иқтисод масаласида шарлатан, тўмтоқ, алдаркўса ва ўғри одамлар бўлганлиги келиб чиқади. Ш.Мирзиёев даврида МБ тизимида кўзга ташланарли ўзгаришларни кузатмоқдамиз. Пул-молия тизимини, иқтисод тамоман “ўтириб қолган” шароитда ислоҳ қилиш осон иш эмас. Ш.Мирзиёев бу ишга дунёнинг турли ривожланган давлатларида фаолият олиб бораётган билимдон ўзбек иқтисодчи олимларни жалб қилиши лозим, деб ўйлайман. Михаил Саакашвили Гуржистонда Президент лавозимига сайлангач, айнан шу йўлни тутган эди – у дунёнинг ривожланган турли давлатларида ўқиган ва ишлаган ёш гуржиларни Гуржистонга таклиф этди, ўз атрофида кучли интеллектуал команда ташкил этди, уларни давлатнинг юксак лавозимларда ишлатди. Бундай ислоҳотлар Гуржистонда тез орада коррупцияга барҳам берди, Полиция идоралари учун девори шаффоб деворли, яъни, ичкариси ташқаридан бемалол кўриниб турадиган бинолар қурилди, коррупция уяси бўлган ДАИ (Давлат Автомобиль Инспекцияси) тугатилди, Гуржистон турист-сайёҳларни ўзига жалб қилувчи обод мамлакатга айланди.

6-чи ХУЛОСА:  И.Каримов СССР даврида табиий ва илмий ресурслари энг юқори бўлган республикалардан бири бўлган Ўзбекистоннинг миллий валютаси сўмни 15 йилга етмасдан “лўлининг иштонидай” хароб ҳолга туширди, сўм долларга нисбатан 1600 марта қадрсизланди, коррупция зарпечак каби иқтисодни буғиб ўлдирди; И.Каримов Ш.Мирзиёевга оғир мерос қолдирди. Пул ислоҳотини ўтказмасдан бу оғир меросдан қутулиб бўлмайди. Президент Ш.Мирзиёевнинг режаларидан бири пул ислоҳотини ўтказиш бўлиши лозим.

VI} Ер – Ўзбекистоннинг асосий бойлигидир. У ҳаммани боқади. Ривожланган давлатларда у хусусий мулк сифатида фермерларга бўлиб берилган. Фермер ерини қандай ҳайдайди, қандай ишлов беради, нима экади, нима экмайди – ҳукуматнинг заррача иши йўқ! Фермер солиқ тўласа бўлди! Фермер ўз тумани ҳокими билан иши йўқ, ҳатто уни танимайди, ҳоким минг марта йиғилиш ўтказса ҳам унинг мажлисларига бормайди. И.Каримов ҳам фермер хўжаликларини ташкил қилди, ерларни фермерларга бўлиб берди – бировга 10 гектар, бошқасига 100 гектар. Олий Мажлис ҳатто “Фермер хўжалиги тўғрисида” қонун ҳам қабул қилди – ўқисангиз мазза қиласиз. Қонунга кўра фермер мустақил шахс бўлгани учун унинг ишига аралашишга йўл қўйилмас экан. Амалда эса у қонун ишламади – негадир давлат раҳбари уларни икки қўллаб, ҳокимлар тур деса турадиган, ўтир деса ўтирадиган, ўл деса ўладиган қилиб туман ва вилоят ҳокимлари ихтиёрига топшириб қўйди. Марксизм-Ленинизм таълимотига кўра Октябрь инқилоби натижасида СССР халқлари феодализмдан социализмга ўтиши керак эди. И.Сталин 1936 йилда социализм СССРда тўлиқ ғалаба қозонди, деб эълон қилди. Феодализм даврида ер эгаси феодал, ерга ишлов берадиган одамни эса қарол дейилиб, қарол ҳам феодалнинг мулки ҳисобланарди. ХХ-асрда И.Каримов ер масаласида Ўзбекистонни ўрта асрлар феодал давлатига айлантирди-қўйди: ҳоким – феодал, фермер эса тур деса турадиган, ўтир деса ўтирадиган қарол бўлди. Ҳоким ярим кечагача мажлис қилиши, баъзи фермерларни калтаклаб туриши, ерини ва ҳосилини тортиб олиши авжга минди. И.Каримовнинг бу сиёсати Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ХIX-асрга улоқтирди. Табиий, мазкур сиёсатдан кескин воз кечиб, Ўзбекистонда ер хусусий мулк дея эълон қилиниб, у давлат тасарруфидан чиқарилиши ва ҳақиқий тадбиркорларга бўлиб берилиши керак. Шундагина Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳеч қийналмай ривожланган давлатлар сафига қўшилади.

7-чи ХУЛОСА: Президент Ш.Мирзиёев ва унинг командаси олдида Ўзбекистонда ер ислоҳотини ўтказиш каби буюк ва шарафли вазифа турибди – бу вазифа ерни хусусийлаштиришдир. Бу вазифа амалга оширилса ва фермерларга ҳақиқий эркинлик берилса, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиб нафақат Марказий Осиё, балки Россия Федерацияси, Украинадан то Буюкбританиягача бўлган Европа мамлакатларининг улкан бозорини сўзсиз эгаллаши мумкин.                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                        VII} И.Каримов даврида мамлакатдан аҳолининг оммавий чиқиб кетишининг икки оқими кузатилди – уларни шартли равишда “катта оқим” ва “кичик оқим” дея аташ мумкин. Мазкур оқимлар деярли бир пайтда юзага келди, бироқ уларнинг характери турлича эди – бири ишсизлик ва қашшоқлик, яъни иқтисодий сабабларга кўра, иккинчиси эса ҳукуматнинг сиёсий қатағони туфайли содир бўлди. Катта оқимни бир неча миллион меҳнат муҳожирлари ташкил қилди – улар иш излаб Россия, Жанубий Қурия, Туркия, Қозоғистон ва бошқа давлатларга чиқиб кетишди. Юқорида ерости ва ерусти бойликлари бўйича Ўзбекистон дунёда энг илғор мамлакатлардан бири, дея таъкидланган эди. Шундай шароитда миллионлаб одамларнинг иш излаб бошқа давлатларга чиқиб кетиши фактини тушунтирадиган фақат битта сабаб бор, холос: Ўзбекистон раҳбарияти, биринчи навбатда, Президент И.Каримовнинг иқтисодий сиёсати тамоман ношуд, аксилинсон ва аксилхалқ эканлигидир. Кичик оқим 1992 йил охирида юзага келди – И.Каримов сиёсатига қарши сиёсий кураш олиб борган мухолиф кучлар вакиллари қамалиш ва ҳатто ўлдирилиш хавфи туғилгач мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлишди. Менинг эслашимча, Ўзбекистонни биринчи бўлиб таниқли шоир ва мухолифат вакили Ёдгор Обид тарк этди – кучишлатар тизимлар Ёдгор Обидга нисбатан учта сохта жиноий иш қўзғатишган эди. 1992 йил 20 декабрьда “Бирлик” Халқ Ҳаракати (БХҲ) раиси Абдураҳим Пўлатов, 1993 йил мартида 1991 йил 29 декабрьда ўтган Президент сайловида номзод сифатида қатнашган “Эрк” демократик партияси (ЭДП)нинг раиси Муҳаммад Солиҳ ва Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) раиси Абдуманноб Пўлатов Ўзбекистонни тарк этишди. Мамлакат Парламенти Олий Мажлис депутатлари ҳам И.Каримовнинг қатағон сиёсатидан “бенасиб” қолишмади – уларнинг баъзилари ўлдирилди, баъзилари қамоққа ташланди, баъзилари эса Ўзбекистонни тарк этиб жон сақлашди. Бундай тақдир кўпсонли ҳуқуқбонлар, журналистлар, тадбиркорлар ва жамиятнинг бошқа тоифа вакиллари бошига ҳам тушди. И.Каримовнинг қатағон сиёсати кичик оқим вакилларини нафақат ўз ватанидан, балки у тамоман ноқонуний ПФ-4624 рақамли Фармонни имзолаб уларнинг барчасини Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан  мосуво этди.

8-чи ХУЛОСА: Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев олдида турли мамлакатларда ишлаб юрган миллионлаб меҳнат муҳожирларини Ўзбекистонга қайтариш, уларни ватанда иш ўринлари билан таъминлаш ҳамда 1992 йилдан ҳозиргача чет элларда яшаётган сиёсий қатағон қурбонлари ҳам ватанга қайтиши учун имкон яратиш каби икки улкан ва шарафли вазифа турибди.

VIII} Бундан 3 йил илгари Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Рашид Қодиров қамалади, деган гапга – бу гап кимдан чиқишидан қатъий назар – ҳеч ким ишонмас эди. МХХ раиси ўринбосари генерал-майор Ҳаёт Шарифхўжаевнинг қамоққа олиниши мумкинлигини илгари ким кўз олдига келтира олган? Ҳеч ким!. Ўзбекистон Республикаси пенитенциар системаси [Жазони Ижро Этиш Бош Бошқармаси (ЖИЭББ)]ни қатор йиллар бошқарган Абдукарим Шодиевдан одамлар Азроилдан қўрққандай қўрқишар эди. Буларни-ку, қўяверинг – буларни ўрислар “мелкая сошка” дейишади – Ўзбекистонни 27 йил бошқарган Ислом Каримовнинг ўғри қизи Гулнора Каримованинг қамалиши одамларнинг етти ухлаб тушига кирганми? Йўқ! Мен бу ерда эсимга тушган ва Ш.Мирзиёев даврида қамоққа олинган ўнлаб юқори лавозимли давлат мулозимлари рўйхатидан фақат учтасини келтирдим, холос. Ўзимга ўхшаб чет элларда яшаётган ўзбекистонликлар билан гаплашсам: “Эрталаб уйғониб дарров интернетни титкилайман, “Озодлик”, ББС, “Америка овози” каби радиолар сайтини ёки фейсбукни ўқийман. Биринчи навбатда мени: “Яна ким қамалибди?” деган савол қизиқтиради. Деярли ҳар куни И.Каримов шотирларидан бири қамалганини ўқиб кайфиятим кўтарилади” дейишади.

9-чи ХУЛОСА: Президент Ш.Мирзиёев Ўзбекистон давлат мулозимлари сафларида бошлаган улкан тозалаш қадимги юнон афсонасида айтилган Авгий отхонасини ахлатдан тозалашдан ҳам машаққатлироқдир. И.Каримов қолдирган ахлат бу ишга тиш-тирноғи билан қаршилик қилади. Бу қаршиликни енгишда мен Президент Ш.Мирзиёевга улкан муваффақиятлар тилайман.                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                               IX}  1992 йилнинг 16 февралида Тошкентда 4 (тўрт)та кучли портлаш бўлди. Шуларнинг бири “Интерконтенентал” меҳмонхонаси олдидаги Банк биноси орқасида содир этилди. Ўша пайтда 10 тача ҳуқуқбон, жумладан мен ҳам, меҳмонхонанинг мажлислар залида Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) Парламент Ассамблеясининг раиси билан учрашувда ўтирган эдик. Портлаш бўлганда баҳайбат меҳмонхона биноси ларзага келди. Юзлаб одамлар меҳмонхонадан югуриб ташқарига чиқди. Одамларнинг узилган бошлари, ичак-чавақлари ва қони трамвай йўлида ётганини кўрдик. Расмий маълумотга қараганда, 4 та портлашда 16 одам қурбон бўлган. Ҳукумат портлашларда диндорларни ва “Эрк” партияси раиси Муҳаммад Солиҳ ва партиянинг қатор аъзоларини айблади. Портлашлардан кейин негадир Наманган шаҳри ва вилоятидан 80 дан ортиқ одамни тергов органлари қамоққа олишди. Намангандан одамлар оммавий қоча бошлади – улар аввал Тожикистонга, у ердан эса Афғонистонга ўтиб кетишди. Наманганлик Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний Афғонистонда “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати” (ЎИҲ) номли террористик ташкилот тузишди. Кўпчиликнинг фикрича, портлашларни уюштирган кучлар ҳукумат томонидан ҳанузгача аниқ эътироф этилган эмас – кимлардир уларни исломий террорчилар уюштирган деса, кимлардир дунёвий ва диний мухолифатга қақшатғич ва тугал зарба бериш мақсадида ҳукуматнинг ўзи уюштирган дейишди. Портлашлар ўзига хос феноменни келтириб чиқарди: Ўзбекистонда “террорист”, “терроризм”, “давлат душмани” каби сўзлар модага айланди, улар давлат мулозимларининг оғзидан, давлат оммавий ахборот воситалари саҳифалари ва эфиридан аримай қолди. Гўёки автомат кўтариб олган, тишига ханжар тишлаган қароқчилар чегара оша бостириб келаётгандай!

“Зулм зулмни келтириб чиқаради” – бу фалсафа қонунларидан биридир. Зулм ҳеч қачон яхшиликни келтириб чиқарган эмас. Мазкур қонунни ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай давлат раҳбари ёдида сақлаши ва унга амал қилиши лозим. И.Каримов Ўзбекистонга давлат раҳбари бўлибди-ки, у мазкур қонуннинг тескарисини ҳаётга қўллаб келди. У СССР Компартияси Сиёсий Бюроси томонидан 1989 йил 23 июньда Ўзбекистон ССР раҳбари этиб тайинлаган кундан бошлаб жамиятдаги дунёвий ва диний мухолифатга қарши зулмни бошлаб юборди. 1989-91 йилларда “Бирлик” ХҲ тинч митингларини куч ишлатиб тарқатиш, 1992 йил 16 январьда Тошкент Талабалар Шаҳарчасида талабаларнинг тинч намойишини оттириш, 1992 йил 16 февральдаги портлашлардан кейин мисли кўрилмаган қатағонлар уюштириш – табиий, қарши зулмни келтириб чиқарди. Афғонистонда тузилган ЎИҲ бевосита И.Каримов сиёсатининг натижасидир.

10-чи ХУЛОСА: Гарчи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1-моддасида: “Ўзбекистон суверен демократик республика” дейилган бўлса-да, И.Каримов мамлакатда демократик қадриятлар шаклланиши ва мустаҳкамланишига тиш-тирноғи билан қарши турди. Ўзбекистоннинг 2-чи Президенти Ш.Мирзиёев И.Каримовнинг мамлакатда демократик қадриятларни буғиш сиёсатини такрорламайди, деган умиддаман.

 

X} Азалдан Марказий Осиё (МО) халқларининг қон-қонига сингиб кетган муносабатлардан бири яхши қўшничилик бўлган. Ўзбеклар, қозоқлар, тожиклар, қирғизлар ва туркманлар ҳамма вақт бир-бири билан олди-берди, савдо-сотиқ, қуда-андачилик қилишган, улар орасида миллатчилик, ирқчилик ва “катта оға”лик бўлмаган. Форсийзабон тожикларни ҳисобга олмаганда МОнинг бошқа халқлари туркий халқлар гуруҳини ташкил қилади – тили бир, дини бир, маданияти бир туркийзабон халқлар. И.Каримовга қадар ҳар қандай ўзбекистонлик Тожикистон курортларида бемалол дам олиб, соғлигини тиклаб келаверарди. Ҳар қандай тожикистонлик, қирғизистонлик, туркманистонлик ва қозоғистонликга ҳам Ўзбекистоннинг бағри кенг очиқ эди. СССР пайтида мазкур бешта республика орасида чегара ҳам бўлмаган – Намангандан Гулистон ёки Жиззахга машинада бормоқчи бўлсангиз Тожикистоннинг Ленинобод вилоятидан ўтадиган йўл энг яқин йўл эди: йўлда на милиция блокпости, на шлакбаум ва на божхона бор эди – бир республикадан қўшни республикага ўтиб қолганингизни билмай қолар эдингиз.

1990 йилда тоталитар СССР парчаланди, МОда бешта мустақил давлат ва улар орасида чегаралар ва чегарачилар пайдо бўлди. Янги давлатлар зудлик билан ўз чегараларини ўрай бошлашди. Ўзбекистон ҳукумати ҳамма давлатлар ичида «ғайратлироқ» чиқди – у Афғонистондан Тожикистон орқали ўтиб келиши мумкин бўлган террористларни пеш қилиб нафақат чегарани тиконли девор билан ўради, балки қўшни Тожикистон билан бўлган чегарага миналар жойлаб қўйди. Миналар портлашидан ўлган ёки ярадор бўлган одамлар сонини ҳеч ким билмайди, портлаб кетган қорамол ва қўй-эчкини эса ҳеч ким санаган эмас. Ҳозир қўшни давлатлар билан муносабат қандай? “Аъло” дейишга ҳали эрта, бироқ янги Президентнинг саъй-ҳаракати билан чегаралар очилди, борди-келди, савдо-сотиқ бошланди, қариндош-уруғлар бир-бирларини топишди. Қисқаси, қалимги туркийлар ибораси билан айтганда уч “Қ”: “Қўй Қўзига Қўшилди” принципи ишга тушди!

11-чи ХУЛОСА: И.Каримов СССР пайтида шаклланган яхши қўшничилик муносабатини хароб қилди, Ш.Мирзиёев эса уни обод қилди!

10 май,  2018 йил;           Франция.

Categories: МАҚОЛАЛАР, Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

w

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.