K U N. U Z г а Х А Т

«…Бир ҳақиқатни мен ҳеч иккиланмай айтишим мумкин: чет элларда яшаётган ҳар бир ўзбекистонлик оила ватанга қайтиш орзуси билан яшамоқда, “мен Ўзбекистонга қайтмайман” дегувчиларни санаб чиқиш учун эса икки қўлнинг бармоқлари етарли…»

Муҳтарам www.kun.uz сайти ходимлари!

Мен сизларга чет элларда яшаётган минглаб ўзбекистонликлар олдида турган бир муҳим муаммо ҳақида ёзмоқдаман. Мен ҳақимда сизларда муайян бир тасаввур ҳосил бўлишини истайман ва аввало сизларга ўзим ҳақимда икки оғиз сўзлаб берсам . Мен Низомий номли Тошкент Давлат Педагогика Институти (ТДПИ) математика факультетида турли лавозимларда 30 йил ишладим. 1989 йил февралидан 2002 йил майигача Ўзбекистон “Бирлик” Халқ Ҳаракати (ЎзБХҲ) аъзоси бўлганман. 1992 йил 2 февралда ташкил этилган Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ)нинг таъсисчилар қурултойида қатнашдим ва мазкур ташкилот Бошқарув Ҳайъатининг аъзоси, 1996 йил сентябридан 2003 йил июнигача унинг раиси сифатида фаолият олиб бордим. 2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин ҳукуматнинг кучишлатар тизимлари юзлаб мусулмон йигитларни, ЎзБХҲ, Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси ва ЎИҲЖ аъзоларини терроризмда айблаб жиноий иш қўзғата бошлади, хусусан, ЎИҲЖнинг 18 аъзосига нисбатан жиноий иш қўзғатилди ёки қўзғатиш билан таҳдид қилинди – уларнинг бир қисми қамоққа олинди, бошқалари чет элларга чиқиб кетишга мажбур бўлди.

Шу таҳдид туфайли 2006 йил 9 февральда ўғлим Олим Ёқубов, 18 августда эса менинг ўзим сиёсий бошпана излаб Францияга кетишимизга тўғри келди. 2007 йилда Франция ҳукумати келиним Зебо Ёқубова ва учта неварамга оилани бирлаштириш программасига асосан сиёсий бошпана берди.

Айни пайтда Европа Иттифоқининг деярли барча давлатларида, АҚШ, Канада, Австралия, Жанубий Қурия, Россия Федерацияси каби мамлакатларда, Туркия, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Дубай каби қатор мусулмон давлатларда минглаб ўзбекистонликлар истиқомат қилмоқдалар. Бир ҳақиқатни мен ҳеч иккиланмай айтишим мумкин: чет элларда яшаётган ҳар бир ўзбекистонлик оила ватанга қайтиш орзуси билан яшамоқда, “мен Ўзбекистонга қайтмайман” дегувчиларни санаб чиқиш учун эса икки қўлнинг бармоқлари етарли.

Бироқ, кўпчилик ўзбекистонликлар “чучварани хом санашган экан”. Бунинг сабаби эса оддий: 2014 йилда марҳум президент Ислом Каримов чет элларда яшаётган ўзбекистонликларга бир антиқа “сюрприз” (кутилмаган совға) тайёрлаб қўйган экан – ул зот ПФ-4624 фармонга имзо чекиб чет элларда бошпана олган барча ўзбекистонликларни Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан маҳрум этибди. Шу “кўргулик” мен, ўғлим ва келинимнинг ҳам бошига тушди. Ўзбекистоннинг ҳозирги Президенти Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсатидан илҳомланган, бироқ ПФ-4624 фармондан хабари йўқ бир неча ўзбекистонликлар [масалан, Данияда яшаётган қўқонлик Рафиқ Ғаниев, Швецияда яшаётган жиззахлик Муҳиддин Қурбонов] фармон ҳали кучда тургани сабабли Тошкент аэропортидан ортга қайтарилган.

Муҳтарам дўстлар! Энди “Нега сиз бизга мактуб йўлладингиз?” деган табиий саволингизга жавоб бермоқчиман. Биласизми-билмайсизми – билмайман, бироқ қўрқмасдан айтишим мумкин-ки, www.kun.uz сайтингизни ҳамма бажону-дил ўқийди, унинг чоп этаётган материалларини ҳар куни одамлар орзиқиб кутади. Доғистонлик буюк шоир ва ёзувчи Расул Ҳамзат таъбири билан айтсам: “Сени юзта одам ўқиса, уларнинг бири менман. Агар сепни элликта одам ўқиса, улар орасида мен ҳам борман. Агар сени ўнта инсон ўқиса, бири мен эканлигимга ишонавер. Агар сени икки инсон ўқиса, шўбҳасиз, бири менман. Агар сени битта одам ўқиса – ўша менман. Агар сени ҳеч ким ўқимай қўйса, билгин-ки, Толиб Ёқуб ўлган”!

Шундан келиб чиқиб, www.kun.uz сайти маъмуриятига бир илтимос билан мурожаат қилмоқдаман: Ҳурматли дўстлар! Мен ҳали Франциядалигимдаёқ ПФ-4624 фармон Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролик тўғрисида” қонунига ҳам, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси Парламенти (Олий Мажлис) ратификация қилган, яъни, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонун кучи берилган иккита асосий ҳужжати: “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси” ва “Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Пакт”ига ҳам тамоман зид эканининг тўлиқ исботини келтирган ҳолда мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёевга хат ёздим. Чамаси, Президент маъмурияти ходимлари менинг хатимдаги исботни синчковлик билан ўрганиб чиқишган, ПФ-4624 фармон уч чақага арзимайдиган ҳужжат эканига ишонч ҳосил қилишган. Шунинг натижаси бўлса керак, Франциядан Ўзбекистонга қайтишимга йўл очилди – 2018 йил 27 сентябрьда Тошкентга учиб келдим – Тошкент аэропортида ҳеч қандай муаммо бўлмади.

Мен барча бошқа ватандошларим ҳам Тошкент аэропортида ҳеч қандай муаммога дуч келмасдан она юртига қайтиб келишини истайман. Менинг ёшим 78 да, кекса одамман. Агар сиз ўз сайтингизда ПФ-4624 фармонни бекор қилиш масаласида кучли бир кампания бошласангиз: 1) кекса бир инсонни кўнглини беҳад хушнуд қилган; 2) бу кампания ортидан сиз минглаб ўзбекистонликларни ватанга қайтиш масаласида катта савобга эришар эдингиз.

Менинг яшаш манзилим: Жиззах вилояти, Ш.Рашидов тумани, Тоқчилиқ ҚФЙ, Ҳамид Олимжон СИУ, 51-уй. Уй телефони: + 998722230169

 

Categories: МУРОЖААТЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.