КУТИЛМАГАН ТАШРИФ

(Ҳажвия)

              Шу кечаси азонда дарвозамиз эшигини кимдир таққиллата бошлади. Ҳамма ширин уйқуда, фақат мен компьютерим олдида у-бу нарсаларни ўқиб ўтирган эдим. Апил-тапил кийиндим-да, дарвоза томон югурдим. Совуқ, шамол изиллайди. Тақиллатган ким бўлса ҳам – “бечора совуқдан роса қалтираётган бўлса керак” деган хаёлда дарвоза эшикчасини тез очишга ҳаракат қилдим. Эшикчани очдим-у, қоронғу аралаш қотмадан келган, ёши 40ларга борган бир эркакга кўзим тушди. Танигандай, қаердадир кўргандай бўлдим, “Ҳаҳ, бу кишини қаерда кўрган эканман-а?” деб бир зум қараб турдим, у эса совуқдан тиши-тишига тегмай қалтираб турибди. Гапиролмайди!“Ичкарига киринг, жаноб. Совқотиб қолибсиз. Менинг хонам иссиқ, газ узилмай ёниб турибди. Олдинги Президентимиз Ислом Каримов ўлганига 2 йилдан ошди – у тириклигида газ аҳъён-аҳъёнда бир келар экан, одамлар уйини иситишга таппи-тезак ишлатишар экан. Мана, Франциядан юртимга қайтганимга 2 ой-у 14 кун бўлди – газ тинимсиз ёниб турибди. Юринг, менинг хонам ҳовлининг тўрида. Қўрқманг, итимиз занжир билан боғланган – у ёввойи мушуклар ҳовлига ораласа вовуллайди, фақат.

Кираверинг, тортинманг – бу мен ётадиган, ишлайдиган ва дўстлар билан сўҳбатлашадиган хона. Сиз кўзимга иссиқ кўринаяпсиз – Сиз, мабодо, Франция Президенти Эммануэль Макрон эмасмисиз? И-е, шундайми? Баҳай – Сизни биз томонга қандай шамол учирди? Тинчликми?

– Тинчлик эмас, жаноб Толиб Ёқуб. Эшитгандирсиз, биз бензин ва солярка нархини озроқ кўтаришга қарор қилувдик, нақд балога қолиб кетдик – ҳар куни Франция бўйлаб ўнминглаб одам кўча намойишига чиқаяпти. Яна устига устак ҳаммаси сариқ нимча кийиб олганига ўлайми? Мен ташқи ишлар вазиримиздан эшитганимга қараганда сиз Франциянинг Angers шаҳрида 12 йил яшаб, юртингизга қайтганингизга 2 ой-у 14 кун бўлибди. Биз суриштирдик – Франция аҳолисининг норозилик акциялари бензин ва солярка нархини оширганимиздан эмас экан. Суриштирувларимиз шуни кўрсатди-ки, халқимиз сиз Ўзбекистонга қайтиб кетганингиздан норози экан!

Норозиларнинг бошлиғи билан гаплашсак, у: “Толиб Ёқуб Францияга қайтмагунча биз ҳам норозилик билдиришдан қайтмаймиз!” дейишди. Ҳозир мен билан юрасиз, менинг самолётим Тошкент аэропортида турибди, сиз мен билан Парижга учасиз. Парижга етиб боргач, сизни тўғри Франциянинг асосий телеканали France Televisions офисига олиб боришади, сиз телевидение орқали чиқиш қилишингиз, одамлар сизни кўриши керак! Акс ҳолда ишлар чатоқ, ўзингиз тушунасиз!

  • Бўлди, бўлди! Тушундим! Албатта бораман. Бироқ мен ҳам, Сиз ҳам, ҳали нонушта қилганимиз йўқ. Бир пиёла чой-пой ичволайлик, кейин йўлга чиқамиз. Келишдикми? – дедим мен.

– Йўқ. Чой-пойни қўятуринг, вақт ғанимат, чойни менинг қароргоҳимда ичамиз. Кетдик! – деди Президент Макрон.

– Кетдик! – дедим мен ва Макрон Тошкентдан миниб келган таксига ўтириб Тошкент аэропортига жўнадик. Жиззахдан аэропортгача 3 соат юрилар, Тошкентдан Парижгача эса самолёт 7,5 соат учар экан. Қарасам, Шарль де Голль номидаги Париж аэропортининг ичи, атрофдаги кўчалар одамга тўлиб кетибди.

“Францияга яна хуш келибсиз, мусье Толиб Ёқуб!” дея ёзилган шиорларнинг сони бор саноғи йўқ – қийқириқ, бақир-чақир, ўйин-кулгу – ит эгасига боқмайди! Аэропортдан France Televisions телекомпанияси офисигача бўлган йўлни мен парижликларнинг елкасида бордим – одамлар мени бири олиб, бири қўйиб, елкасига миндириб, лўккиллаб чопиб олиб боришди.

Парижда телестудия биносига кириш қийин бўлди, анча вақтни олди – сабаби оддий: бино олдида тўпланган оломон мени елкасига миндирган одамни юргани қўймайди! Бино олдида турган минглаб одамларнинг ҳар бири “Мен Толиб акани елкамда бинога олиб кирсам тарихда муҳрланиб қоламан” деган ниятда бир бири билан талашиб-тортишиб кетишди! Бинога кириш эшиги олдигача бўлган 100 метрлик масофани зўрға 1 соатда ўтдик. Амаллаб кирдик! Вой-ву-й-й-й, мунча одам кўп? Ким булар? Э-э-э, журналистларми? Демократиянинг занжирбанд, бироқ доимо вовуллаб турадиган “ит”ларими? Хуш келибсиз, демократия “ит”лари! Айтиб қўяй: сиз менга қарата қанча ирилламанг, яъни, қанча кўп ноқулай савол берманг, мен, Толиб Ёқуб, сиздан асло қўрқмайман – берган ҳар қандай саволингизга ўйлаб ҳам ўтирмай жавоб бераман!

Хў-ў-ў-ш, энди танишайлик: биринчи қаторнинг қоқ ўртасида ўтирган кўзи қисиқ хоним, сиз қаердан келдингиз, қайси нашр вакилисиз? Эҳ-ҳа-а-а, Японияданман, денг! Киодо Цусин жўнатдими сизни? Яхши! Танишганимдан хурсандман. Иккинчи қаторнинг чап қанотида ўтирган ҳабашсифат жаноб: сиз қаердан келганингизни билсак бўладими? И-е, Ҳабашистоннинг ўзиданмисиз? Ўзим ҳам ўйлагандим – нега бу жаноб қоп-қора, деб! Сиз Ethiopian Herald нашрининг мухбиримисиз? Жуда яхши! Императорингиз Хайле Селасие I омон-эсон юрибдиларми? Аллақачон оёқларини чўзворганлар, дедингизми? Э-э-э, яхши бўлмабди – ҳабаш халқи етим бўлиб қолди-да! Бизнинг, гўрингда қўппос теккур, императоримиз ҳам ўлиб кетганига 2 йил-у 3-ойдан 16 кун ошди.

Жаноблар ва хонимлар, мени кечиринг – мен чалғиб кетдим! Мақсадимиз – матбуот конференциясини уюштириш-ку! Президент Эммануэль Макрон Ўзбекистонга бориб ўз самолётларида мени буерга олиб келдилар ва телевидение орқали уч ҳафтадан бери Францияниг барча шаҳарларида “хулиганлик” қилаётган французларга қарата икки оғиз “ширин гап” қилишимни илтимос қилдилар. Ҳозир мен ўша “ширин гап”ларни айтаман, сиз эса уларни бутун дунёга ёйишингиз лозим. Бошладик!

Ҳурматли ва муҳтарам Франция халқи! 2 йил 3 ой 16 кун илгари бўкиб ароқ ичиб ўлиб кетган императоримизнинг қатағон сиёсати туфайли мен 2006 йилда ўғлим, келиним ва учта неварамни олиб Ўзбекистондан Францияга қочиб келдим ва бу гўзал мамлакатда 12 йил яшадим. Французлар ўта меҳрибон ва дилкаш инсонлар экан – биз ҳеч нарсадан камчилик кўрмадик. Ўзбекистонда ҳозир сиёсат тамоман бошқача – мамлакат бўйлаб улкан, бир-биридан чиройли турар жойлар қурилиши амалга оширилаяпти, баъзи шаҳарлар ва қишлоқлар шунчалик ўзгариб кетган-ки, кеча кўрган жойингизни бугун таниёлмайсиз – шуларни ўқиб ва эшитиб мен 12 йиллик айрилиқдан сўнг ватанимга қайтиб келдим. Сизлар эса борни йўқ қилмоқдасиз! Буни анархия дейилади!

Анархия ҳеч кимга мисқолча фойда келтирган эмас, юртни фаровон этган эмас! Мен сизларга анархия яхшиликга олиб бормаслигини тушунтириш учун 2,5 ойдан кейин Францияга қайтиб келдим. Дунёда 10 та бой давлат бўлса, бири Франция, дунёда 2 та бой давлат бўлса, бири, сўзсиз, Франция-ку! Мен буни ўз кўзим билан кўрдим! Бизнинг Ўзбекистонимиз ҳам Франциядай бой давлат бўлишини истайман! Ҳозирги сиёсат давом этса, бўлади ҳам! Эртага мен Ўзбекистонга қайтаман ва Франциядаги воқеаларни кузатаман. Франция халқи мендай кекса бир инсоннинг ўгитларига қулоқ тутади, деган умиддаман.

 

Толиб ЁҚУБ.                     16 декабрь, 2018 йил.

 

 

 

Advertisements
Categories: МАҚОЛАЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Create a free website or blog at WordPress.com.