ҚИСТИР-ҚИСТИР…

              Толиб ЁҚУБ

              Жиззахдаги ҳашаматли тўйхоналар – тўқликданми ёки шўҳликданми?

Кеча кеч соат 7 да тўйга бордим. Қўшнимиз ўғлини уйлантириш тўйини қилди. Бу – Франциядан Жиззахга қайтанимдан кейин мен қатнашган тўйларнинг учинчиси эди. Учта тўйнинг иккитаси “Оқшом”, биттаси “Висол” деган ҳашаматли тўйхонада ўтди. Тўйхоналарнинг ҳашаматлигини таърифлашга тил ожизлик қилади – уларнинг олдида Парижнинг жаҳонга машҳур Лувр музейи ҳам ип ешаолмайди. “Оқшом” тўйхонасини бизнинг Тоқчилиқ қишлоғида туғилиб ўсган бир йигит давлат банкидан бир неча миллиард сўм кредит олиб қурибди. Тўйхона лойиҳасини тошкентлик архитекторлар тайёрлаб беришибди – мен уни (тўйхонани) биринчи марта кўрганимда лол бўлиб қотиб қолдим ва “э, қойил-э” девордим: унинг ички ҳашамидан ҳайратланиб, тўй охиригача ундан кўзимни узолмадим! Бу – биринчидан, Ўзбекистонда архитектура ва иморат қурилишидаги ривожланиш кўзни қувонтирса, иккинчидан, ўзбеклар қўрқмасдан серхаражат йирик лойиҳаларни амалга ошираётганларини кўриб тасаннолар айтгинг келади! Тўйхонанинг баҳайбат залига тўй қатнашувчилари ўтирадиган камида 400 та кресло қўйилган, меҳмонларга чиройли кийинган, кўйлак ёқасига “бабочка” галстук таққан йигитчалар хизмат қилишар экан. Залга бир неча қатор, ҳар бирининг узунлиги камида 5 метр келадиган столлар қўйилган бўлиб, столлар устидаги турли-туман нозу-неъматлар ҳар қандай одамнинг иштаҳасини очвориш даражасида экан. Бундай ажойиботларга кўзим тушгач, ёшлигимизда тўйлар қай шароитда ва қандай ўтганлигини эсладим.

СССР ва И.Каримов пайтидаги тўйлар

Илгари тўй куёвболанинг ҳовлисида ўтарди: ёзда тўйга айтилган одамлар учун ҳовли саҳнида ерга кегиз ва полос устига айлантирма кўрпача тўшаб жой қилинарди. У пайтларда свет йўқ эди – шунинг учун кечки тўйлар керосин ва пилик ёрдамида ғира-шира ёруғлик берадиган осма лампалар ёруғида ўтказиларди. Қишлоқларда онда-сонда учрайдиган “культурний” оилалар бир неча қатор стол-стул териб меҳмонлар учун жой қилинарди, қишда, совуқ кунларда қор ёки ёмғирдан пана қилиш учун терилган стол-стул усти ва ёнларини палатка билан ўрашар эди. Куёвбола ўзига тўқроқ оиладан бўлса, тўйга нари борса юзтача меҳмон – биринчи навбатда яқин қариндош-уруғлар, ёру-биродарлар ва қўни-қўшнилар, иккинчи навбатда эса маҳалла-куйнинг эътиборли “оқсоқол”лари таклиф этиларди, куёвбола ночорроқ оиладан бўлса, меҳмонлар сони 50-60 тадан ошмасди. Бу – СССР пайтидаги гаплар! СССР пайтида ҳам бой-боёнлар бўлган, бироқ мен камбағал оила фарзанди бўлганим сабабли уларнинг ўғил уйлантириш ёки қиз чиқариш тўйларини кўрмаганман. Мен Ислом Каримов даврида қишлоғимизда тўйлар қандай ўтганини яхши эслайман. “Бой бойга боқар, сой сойга оқар” деганларидек, И.Каримов даврида ўзбек жамияти табақалашди – бой хонадонлар тўйни ўзига ўхшаш бойлар учун қиларди ва уларнинг тўйлари “мен сендан кам эмасман” деган шиор остида ўтарди. Бой хонадон тўй қилганда бой яшаган маҳаллада тун давомида свет ҳам, газ ҳам ўчмас эди – камбағал оилалар фақат бойлар тўй қилган кунларда “яйраб-яшнаб” қолишарди, қолган вақтларда эса қишлоқ аҳолисининг жонига фақат таппи-тезак ва шаъм аро кирарди.

Ҳозир Жиззахда аҳвол бутунлай бошқача. Бир танишимнинг айтишича, маиший хизмат соҳасида мамлакатнинг бирор бошқа ҳудуди Жиззахга яқин ҳам боролмас экан – масалан, бизнинг ҳовлимиздан 200 м. наридаги ёнма-ён жойлашган учта чойхонада ҳамма вақт – эрта тонгдан то ярим кечагача – мижозлар тирбанд овқатланиб ўтиришади. Илгари Жиззахда фақат эркаклар чойхоналарда гап-гаштак “ейишар” эди, ҳозир эса аёллар ҳам гап-гаштак ейишадиган, гап-гаштакни эса чойхоналарда ташкил қилишадиган бўлишибди. Менинг аёлим ҳам ўзининг синфдош дугоналари билан гап-гаштак ейишар экан. Бир неча кун аввал унинг навбати келди. Қарасам, у ҳам гаштакни чойхонада уюштирмоқчи бўлаяпти. Запрет қилдим! “Агар гаштакни чойхонада уюштирадиган бўлсанг, мен Францияга қайтиб кетаман!” деб дағдаға қилдим. Йўқ, дағдағамдан қўрқди, шекилли, дарров уйимиздаги зални супур-сидир қилиб, стол-стул тузата бошлади. Залимизда аёлимнинг тирик бўлган 15 та синфдош дугонаси йиғилди! Қолгани ўлиб кетган экан. Муҳтарам ўқувчи, буни хасисликга йўя кўрманг, илтимос – бори шу. “Толиб ака Францияда хасисликга муккасидан кетган экан” деб ўйламанг.

И.Каримовнинг пуллари “қистир-қистир”га ҳам ярамай қолди

Кечирасиз, чалғиб кетдим! Асосий мавзуга қайтаман – асосий мавзу эса: “қистир-қистир” эди. Уни тушунтириш учун “Оқшом” тўйхонасига кириб боришимиз керак. Камида 400 одамга мўлжалланган одамга лиқ тўла баҳайбат зални, залнинг тўрида куёв, келин, куёвнинг бир жўраси ва келиннинг бир дугонаси ўтирадиган безатилган кўшкни, бир гуруҳ хонанда-ю-созандалар мусиқа чалиб ашула айтганда гўзал раққосалар шох ташлаб ўйнашини кўз олдингизга келтиринг. Келтира олдингизми? Яшанг! Шох ташлаб ўйнаётган раққосаларнинг мақсади фақат тўй эгалари ва меҳмонларнинг кўнглини олиш эмас! Асосий мақсади бошқа: тўй эгалари (куёв ва келиннинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари, ёру-дўстлари ва қариндош-уруғлари) ва тўйга таклиф этилган меҳмонлардан имкон қадар мўмай пул ундириш – бошқа мақсаднинг ўзи йўқ! Яъни, имкон қадар “қистир-қистир”ни қиздириш керак! Бунинг учун тўй иштирокчилари “қиттай-қиттай” қилишлари лозим! Шунда “қистир-қистир” авжига минади.

Табиий, тўй иштирокчилари раққосага доллар, евро ёки рубль қистирмайдилар – улар раққосаларга И.Каримов 1994 йилда ишлаб чиққан ва муомулага киритган Ўзбекистон Республикаси миллий валюта (МВ)си сўмни қистирадилар. Бироқ, МВнинг тангалари ва 1000 сўмгача бўлган қоғоз пуллари аллақачон йўқ бўлиб кетган ёки уларни ҳеч ким ҳамёнида кўтариб юрмайди. Гарчи, 500, 1000 ва, ҳатто, 5000 сўмлик қоғоз пуллар муомалада юрган бўлса-да, уларни эркаклар раққосаларга қистиришга уялишади – қистир-қистир учун “ходовой” пуллар 10.000 дан бошланади. Қисқаси, И.Каримовнинг муомалага киритган МВси “қистир-қистир”га ҳам ярамай қолибди. Таққослаш учун икки давлатнинг МВсига эътибор қилинг: узоқ йиллардан бери Озарбойжоннинг МВси “миқ этмай” 1$ = 1,9 манат, Гуржистоннинг МВси лари эса 1$ = 2,1 лари мавқеини эгаллаб турибди. Иқтисоди газ ва нефть сотишдан тушган пулга чамбарчас боғланиб қолган Россия Федерацияси (РФ)нинг МВси “лақашиқилдоқ” бўлиб қолган – дунё бозорида ёқилғиларнинг нархи ошса рубль кучаяди, нарх пасайса рубль пастга қараб шўнғийди.

Миллий валютанинг кучи ва сиёсий тузум

Шу жойда: МВнинг “кучи” сиёсий тузумга боғлиқми ёки боғлиқ эмасми? деган табиий савол туғилади. Тоталитар СССР парчалангандан кейин Озарбойжон ва Ўзбекистонда қип-қизил авторитар сиёсий тузумлар шаклланди – бирида КГБнинг раиси Ҳайдар Алиев, иккинчисида эса СССР коммунистик партияси сиёсий бюросининг аъзоси И.Каримов ўз мамлакатларининг раҳбарларига айланишди ва кўп ўтмай, олдинма-кейин, ўз МВсини ҳаёт (иқтисод)га жорий қила бошлашди. CCCРнинг парчаланиши И.Каримов учун изтиробли бўлди – у Ўзбекистон ССР ўз мустақиллигини эълон қилишидан 3,5 ой илгари, яъни, 1990 йил 5 майда “Известия” газетасининг мухбири Кондрашовга интервью бературиб: “Биз СССРдан чиқмаймиз – биз унга улкан қийинчиликлар билан эришганмиз” деди.

Тоталитар сиёсий тузумни севган инсон унинг пули (МВ)ни ҳам севади – СССРнинг МВси рубль (сўм) эса ўта “кучли” эди. Бу “куч”га СССР қандай эришган? Иқтисод кучли бўлгани учунми? Йўқ! СССР даврида бир неча марта очарчилик ва, ҳатто, қаҳатчилик кузатилган – Украина, Қозоғистон, Россиянинг Поволжьеси ва бошқа ҳудудларда миллионлаб одамлар очарчилик туфайли ўлиб кетишган. Рубль (сўм) доллардан кучли бўлгани учунмикин? Йўқ! Ўша пайтда ҳам “қора бозор” гуркираб ишлаб турарди: банкда 1$ = 0, 65 рубль (сўм), “қора бозор”да эса 1$ = 5 рубль (сўм) эди. Ўзбекистонни қўяверинг, Москвада Ғарб (АҚШ, Буюкбритания, Франция ва бошқа ривожланган мамлакатлар)дан СССР импорт қилаётган жинси каби кийим-кечаклар, кока-кола ва пепси-кола каби ичимликлар ва бошқа “ноёб” товарларни сотиб олиш ниятида одамлар туннинг ярмида “Берёзка” номли магазин олдига турнақатор навбатга чиқишарди [“Берёзка” Москвада чет эл товарларини сотувчи ягона магазин эди].

Бундан-да қизиғи: трамвай ва троллейбусларда чипта (билет) нархи 4 тийин бўлиб, йўловчининг чипта сотувчи кондукторга берган 5 тийинидан кондуктор 1 тийин қайтим бермаса қиёмат-қойим жанжал бошланиб кетарди – одамлар кондуктордан 1 тийин қайтим беришни талаб қилиб “оёғини тираб” тураверишарди! “Савдогар” ва “тадбиркор” ривожланган давлатларда ижобий тушунчалар бўлиб, улар давлат томонидан ҳар томонлама рағбатлантирилар, СССРда эса одамларни савдогарлик ва тадбиркорликда айблаб, жиноий иш очиб, қамашар эди. Хулоса: СССР пайтида МВнинг “кучи” иқтисодиёт эркин ва кучли бўлганлигидан кучли эмас, балки мамлакатда ҳукм сурган репрессив (қатағон) сиёсат туфайли кучли эди.

И.Каримовнинг пул ислоҳоти ва икки миллион сўмлик ҳаром эшак

Энди, муҳтарам ўқувчи, И.Каримов ўтказган пул ислоҳоти тарихини бир эслаб кўринг. У давлат раҳбари бўлгач, бирмунча вақт Ўзбекистонда Россия Федерацияси (РФ)нинг МВсини ишлатиб юрди – бу ўзбек жамиятида норозилик ва танқидларни келтириб чиқарди. Жамиятда юзага келган норозилик ва танқидлардан ақлирасо раҳбар тўғри хулоса чиқарса, пул ислоҳоти соҳасида кучли интеллектуал билимга эга бўлган мутахассислар гуруҳини шакллантириши, уларнинг иштирокида, биринчи навбатда, ривожланган давлатларда ўтказилган пул ислоҳотлари тарихи ва йўлларини ўрганиши лозим эди. И.Каримов шу ишларни қилдими? Йўқ! У ўша пайтда иқтисод фанлари номзоди бўлиб, унинг диссертацияси эркин бозор иқтисодиётига эмас, репрессив совет иқтисодини ўрганишга бағишланган эди – шунинг учун ҳам у Ўзбекистонда бемаъни ва бетаъсир сўм-купонни ишлаб чиқаришга бош-қош бўлди. Тез орада: 1) сўм-купон пуллар ҳожатхоналарда ишлатила бошланди; 2) бозорда ҳаром эшак нархи 2 миллион сўм-купондан ошди. Сўм-купоннинг аянчли аҳволи ҳақида И.Каримов эшитганми-йўқми – билмайман. Ҳар ҳолда, эшитган бўлса керак, деб ўйлайман ва бу маълумот уни МВни жорий қилишга ундаган бўлиши мумкин.

Ҳикоя. Бир неча сатр юқорида “ҳаром эшак” иборасини мен сўм-купон пул бирлигини муомалага киритиш муносабати билан ишлатган эдим. Бу иборани ўзим тўқиб чиқарганим йўқ – бу иборани мен қишлоғимизнинг муайян шахси, кўп йиллар колхозимизда бухгалтер бўлиб ишлаган, Қўзибой амакидан эшитганман. У бизнинг кўчамизга нисбатан перпендикуляр йўналишдаги кўчада яшарди. Қўзибой амаки 2-чи жаҳон уруши пайтида яраланган бўлиб, ўнг оёғи тиззасидан сал тепароқдан кесиб ташланган бўлиб, у урушдан кейин то нафақа чиққунга қадар колхозимиз идорасида узоқ йиллар бухгалтер бўлиб ишлаган эди. Қўзибой амаки икки одам – И.Сталин ва И.Каримовни ўлгудек яхши кўрарди. Қўзибой амаки нафақага чиққач, куннинг илиқ-иссиқ кунларида кўчада, ҳовлисининг дарвозаси олдига қўйилган скамейкада ўтиришни одат қилди – ўтган-кетган ҳар қандай йўловчи тўхтаб, Қўзибой амаки билан салом-алик қилиб, ўтиб кетарди. Қўзибой амаки айниқса мен билан сўҳбатлашишни хуш кўрарди – тўй-тамошо ва бошқа марака-маврудларда менга кўзи тушса бўлди – дарров ёнига чақириб оларди. Одатда у ҳамма вақт ё Сталиндан, ёки Каримовдан гап очарди – уларни мақташдан чарчамас эди.

Мен Қўзибой амакининг кўчасидан ўтсам, у скамейкада ўтирган бўларди, мен эса саломлашмай ўтмас эдим. Салом-алик тугагандан Қўзибой амаки И.Каримовни кўкларга кўтариб мақтай бошларди, мен эса давлат раҳбарини танқид қилишга тушардим. Менинг танқидларим Қўзибой амакининг ғашини келтирарди ва у дарров: “Сенлар нега Каримовни ёмон кўришларингни мен тушунмайман – у унни, мойни, шакарни, чойни ўз вақтида етказиб турган бўлса, сенларга яна нима керак?” деб тутақиб кетарди. Мен индамасдим. Орадан 2-3 ой ўтгач, оилам Жиззахдаги ҳовлимизда яшагани сабабли мен яна Тошкентдан қишлоқдаги уйимизга келдим.

Ўша куни бир иш билан мен Қўзибой амакининг кўчасига бурилдим. Қарасам, Қўзибой амаки скамейкада ўтирибди, негадир асабийлашгандай кўринди. Бориб салом-алик қилдим. Кетмоқчи бўлиб бир қадам ҳам юрмасимдан у Каримовни бўралаб сўка кетди. Мен ҳайратимни яширгандай бўлиб гапира бошладим: “Ҳай-ҳай, амаки, нега қизишаяпсиз, нега давлат раҳбарини сўкаяпсиз? У унни, мойни, шакарни, чойни ўз вақтида етказиб турган бўлса, сизга яна нима керак?” деб ўзининг гапини ўзига ишлатдим. У бадтар тутақиб кетди ва: “Мен умримда 4 та подшоҳни кўрганман, бироқ бозорда ҳаром эшак 2 миллион сўмдан ортиқ нархда сотилаётганини энди кўрдим” деди Қўзибой амаки тутақиб. (Ҳикоя тугади).

Ўзбекистон Республикасининг сўм-купондан кейинги МВси

Адашмасам, 1994 йил март ойида ҳозирги МВ сўм зарб этилди, ўша йилнинг июнида эса муомалага чиқарилди. Бироқ, айни масалада ҳам И.Каримов советларга содиқ эканлигини сақлаб қолди – ўзбек сўмининг номиналлари СССР рубл (сўм)и номиналларининг худди ўзидай қилиб ишлаб чиқилди! Тангалар ҳам, қоғоз пуллар ҳам худди Ҳасан-Ҳусандай! Тез орада тангалар йўқ бўлиб кетди – уларни, чамаси, нумизматлар коллекциядан, ёки ҳар бир чақани етти рўмолча билан тугадиган Ойша бувининг сандиқчасидан топиш мумкин, холос. Бошида, 1 ўзбек сўми қозоқларнинг 2 тенгесига тенг қилиб, 1$ эса 5 сўм қилиб чиқарилди. Ҳозир АҚШ доллари қора бозорда қанчадан сотилмоқда? Тўғри – ақлингизга балли – 8450 сўмдан ошди! Агар раққосага 10.000 сўм қистирсангиз, ҳамёнингиз буни сезмай ҳам қолади, чунки 10.000 сўм 1$ дан билинар-билинмас кўпроқ бўлади. Олдинги сўм-купонни қўятурайлик, ҳозирги ўзбек МВсини мен чираниб шиширилган шарга ўхшатаман – бундай шарни шишираверсангиз у “пақ” этиб ёрилиб кетади ва бир тийинга арзимайдиган матоҳга айланади. АҚШ долларига қаранг – у дунё бўйлаб азиз валюта ҳисобланади, зарб этилганига эса бир неча аср бўлган! Чунки АҚШнинг иқтисодиёти бениҳоя кучли! Европа Иттифоқининг МВси евро ҳам шу – кучайса кучаяди-ки, асло заифлашмайди.

“Қисти-қистир” даврида иқтисодий ва маънавий ривожланиш бўлмайди

Бир қарашда “қистир-қистир” шароитида жамият фаровон яшаётгандай туюлади. Аслида ундай эмас. Французлар ҳам никоҳ тўйи қилишади [католик динига сиғингани сабабли улар суннат тўйи қилишмайди] ва тўйга 30-40, нари борса 50 та меҳмон таклиф этишади – жиззахлилар каби 400 та эмас! Французлар тўйни, одатда, бирор очиқ ёки ёпиқ кафеда уюштирадилар – жиззахлилар каби ҳашаматли тўйхоналарда эмас! Тўйда французлар ҳам ўйин-кулгу қилишади, лекин ўйнаётган аёлларга евро қистиришмайди. Францияда нима кўп – мусиқа ансамбллари кўп – истаганингни таклиф қилавер! Мусиқа асбоблари: гитара, саксофон, бири кичик, иккинчиси эса улкан барабан! Бўлди! Бошқа мусиқа асбоби йўқ! Шовқин децибелларда ўлчангани учун атроф уйларда дам олаётган ва ухлаётган инсонларнинг тинчлигини бузиш қатъиян маън қилинади! Жиззахлиларга ўхшаб иккита дойрачи, иккита карнайчи ва сурнайчи, битта улкан барабанни аёвсиз келтаклаётган барабанчи эмас! Юрагингиз заифроқ бўлса, ёки мен каби кекса одам бўлсангиз тўйга, яхшиси, бормаганингиз маъқул – чунки дойрачилар ва барабанчи мусиқа асбобларини қарсиллатиб урганда юрагингиз ўйнаб тушади, миянгизга эса тош теккандай бўлади. Бундан кейин мен тўйхоналарга бормасликга қарор қилдим – сабаби оддий: менга “қистир-қистир” тўйлар ёқмади ва менда “қистир-қистир” шароитида жамият иқтисодий ва маънавий ривожланишдан тўхтайди, деган қатъий фикр пайдо бўлди.

Буни ўзбекистонлик иқтисодчи олимлар ва маънавият соҳасини эгаллаган инсонлар билмайди ёки тушунмайди, деб ўйлайсизми? Нега улар жим? Нега улар: “Ҳой халойиқ! Тўхтанг! Эс-хушингизни йиғиб олинг! Бу кетишда жамият иқтисодда ҳам, маънавиятда ҳам асло ривожланмайди”, дея бонг уришмайди? Йўқ, билишади, тушунишади! Бироқ, давлат раҳбари И.Каримов 27 йиллик бошқаруви даврида олиб борган сиёсати соғлом иқтисодга ҳам, соғлом маънавиятга ҳам мутлоқ зидлиги кўпчилик мутахассислар ва олимларнинг тафаккурида салбий из қолдирган эди. Мазкур салбий издан бир кунда, бир ойда ёки бир йилда қутулиш мумкинми? Йўқ, қутулиб бўлмайди – мазкур из изсиз йўқолиши учун йиллар ўтиши керак бўлади.

И.Каримов даврида сиёсат, иқтисод, давлат қурилиши ва матбуот ёлғон устига қурилган эди – қаёққа қараманг нуқул ёлғонга кўзингиз тушарди. Бироқ, табиат ва жамият қонунларига кўра ҳар қандай мустабид сиёсий тузум шароитида ҳам жамиятда соғлом кучлар у ёки бу даражада сақланиб қолар экан. И.Каримовнинг 27 йиллик мустабид сиёсий тузуми даврида, гарчи мухолифатнинг юзлаб вакиллари ўлдирилган ёки қамоқларга ташланган, минглаб вакиллари чет эса элларга чиқиб кетишга мажбур бўлган бўлсалар-да, Ўзбекистон ичкарисида соғлом кучлар сақланиб қолганлигини бугунги кун яққол кўрсатмоқда. И.Каримов ўлимидан 2 йил олдин, яъни, 2014 йилда, чамаси, ўлиши ёки ўлдирилишини сезган бўлса керак, чет эллардан бошпана олган ўзбекистонликларни ватанга қайтиш ниятини пучга чиқариш мақсадида матбуотда эълон қилинмаган, Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролик тўғрисида” қонунига ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг Ўзбекистон Республикаси парламенти Олий Мажлис ратификация қилган икки асосий ҳужжати: 1) “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси” ва 2) “Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар ҳақидаги Пакт”га тамоман зид бўлган махфий ПФ-4624 фармонга имзо чекади. Мазкур фармон юриспруденция нуқтаи-назаридан мутлақо ноқонуний ҳужжат эканини англаш учун инсон юрист бўлиши шарт эмас – буни ҳатто ўрта мактабнинг 8-чи синф ўқувчиси ҳам исбот қила олади. Орқаворотдан эшитишимча, айни пайтда ҳукумат доиралари ўша бебурд фармонни бекор қилиш масаласи устида ишламоқда экан. ИншаАллоҳ, мазкур фармон бекор қилинади ва минглаб ўзбекистонликлар ватанига муаммосиз қайтадилар.

Тушкунлик (пессимистик) кайфиятдаги ватандош билан сўҳбат

Бугун чет элларнинг биридан бошпана олган ўзбекистонлик бир танишим менга қўнғироқ қилди. Узоқ гаплашдик. Бироқ, у мени, мен эса уни ўз фикримизга ишонтира олмадик – у менга ўта пессимистик (тушкунлик) кайфиятда гапирди, мен эса унинг фикри нотўғри эканига урғу бердим. Қаричилик ва касаллик туфайли мен охири гапиришга ҳам ярамай қолдим ва алоқани узишга мажбур бўлдим. Танишимнинг пессимизми Ўзбекистонда қолган аёли ва фарзандлари томонидан унинг ватанга қайтиши масаласида ҳукумат идораларига йўллаган кўпсонли мурожаатларига давлат мулозимлари жавоб хати юбормаётганларига боғлиқ экан. Мен бунинг сабабини бундай тушунтирдим (чунки ўзим шу фикрда муқимман):

“Биродари азиз! И.Каримов вафотидан кейин Ўзбекистондаги сиёсий ва иқтисодий вазият кескин ўзгарди – буни мен Ўзбекистонга қайтгач ўз кўзим билан кўрдим. Мас., И.Каримов даврида қамалган барча сиёсий маҳбуслар, жумладан, 24 йил қамоқда ўтирган, Олий Мажлис депутати Самандар Қўқонов, 19 йил қамоқда сақланган адиб Мамадали Маҳмудов, барча ҳуқуқбонлар (жумладан менинг куёвим Азам Фармонов), журналистлар (жумладан, “Эрк” партияси аъзоси Юсуф Рўзимуродов, И.Каримовнинг Самарқанд шаҳридаги “психушка”да 11 йилдан ортиқ сақланган жияни Жамшид Каримов) ва диний мотивлар асосида қамоққа ташланган қатор инсонлар озодликга чиқишди. Бироқ, И.Каримов даврида давлат идораларида ишлаган мулозимларнинг бир қисми ҳанузгача давлат лавозимларидан кетган эмас – улар “фуқароларнинг шикоят ва ариза каби мурожаатларига жавоб бермайсан!” деган И.Каримов давридаги талабга содиқ қолишган. Уларнинг ҳаммасини давлат хизматидан бирваракай четлаштиришнинг имкони йўқ – бу бир кунда, бир ойда ва, ҳатто, бир йилда қилинадиган иш эмас. МХХ генерали Шўҳрат Ғуломов умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади, деб ким ўйлаган? Ҳеч ким! Ёки бош прокурор Рашид Қодиров қамоққа олинади, деб ким ҳаёлига келтирган? Ҳеч ким! Бундай мисолларни ўнлаб келтириш мумкин”.

Қизиқ, гап “қистир-қистир”дан бошланган бўлса-да, охири сиёсий масалаларга бориб тақалди – бунинг сабаби оддий: Ўзбекистонда оламшумул сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар бошланди ва давом этмоқда! Янги Президентнинг Ўзбекистон пенитенциар (қамоқхоналар) системаси ва бизнесни юритиш соҳаларида ўтказаётган ислоҳотлари, аҳоли яшаши учун қурилаётган кўпқаватли беҳисоб биноларни кўриб кўзинг қувонади – 27 йил ичида И.Каримов қилмаган ва қилишни истамаган ишларни 2-чи Президент 2 йил ичида амалга оширди. Асосийси, давлат идоралари билан халқ орасида бир-бирини тинглаш ва узоқ йиллардан бери ечилмай ётган масалаларни ҳал қилиш жараёни бошланди. Такрорлайман: И.Каримоқ “а” қилиб кетган масалалар ҳали жуда кўп – уларни ҳал қилиш, И.Каримовнинг сасиб ётган “а”сини тозалаш учун анча вақт кетади. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин! (Тамом).

25 декабрь, 2018 йил.

Жиззах вилояти, Ш.Рашидов тумани, Тоқчилиқ қишлоғи.

 

 

 

Advertisements
Categories: МАҚОЛАЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Create a free website or blog at WordPress.com.