ДАВЛАТ РАҲБАРИНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАСИ

       Толиб ЁҚУБ

Чумолитабиатли халқлар

“Давлат раҳбарининг асосий вазифаси нимадан иборат?” дея сўрасангиз, катта кўпчилик ўйлаб ҳам ўтирмасдан: “Нимадан иборат бўларди – давлатни бошқаришдан иборат-да, шуям саволми?” дея саволингизга савол билан жавоб беради. Аслида ундай эмас! Дунёдаги барча давлатлар ўзларининг сиёсий тузуми, иқтисодининг кучи, халқининг менталитети (зеҳнияти), ёшларнинг интеллектуал баркамоллиги ва турли бошқа жиҳатлари бўйича бир неча гуруҳга мансублигини кўриш мумкин. Мас., АҚШ, Буюкбритания, Канада, Япония, Жанубий Қурия, ёки Европа Иттифоқига кирувчи Германия, Франция ва Швейцария каби мамлакатларда, шўбҳасиз, демократик сиёсий тузум ғалаба қилганини, иқтисодий кучи юксак довонларга кўтарилганини, замонавий билим олиш учун ёшларга кенг имконият ва имтиёзлар берилганини кўрамиз.

Сезгир ва қитмир ўқувчи юқоридаги охирги жумладан кейин: “Нега Хитойни тилга олмадингиз – у ҳозир иқтисодининг кучи бўйича дунёда 2-чи ўринда-ку!” дейиши мумкин. Тўғри, Хитой айни кунда иқтисоди бўйича жаҳоннинг 2-чи мамлакати ҳисобланади. Бироқ, “у бу ютуққа қандай ва ниманинг эвазига эришган?” деган табиий савол туғилади. Жавоб: 1978 йилгача, ашаддий коммунист Мао Цзедун Хитойда давлат раҳбари бўлиб турган даврда ҳар йили миллионлаб одамлар очликдан ўлган. Мао ўлгач, давлат раҳбари этиб сайланган Дэн Сяопин Хитойда иқтисодий ислоҳот ўтказди – у хитойлиларга иқтисодий эркинлик берди, яъни, содда тил билан айтганда, у хитойлиларга: “Иқтисодда билганингни қилавер!” деди, холос. Минглаб йиллар тарихга эга бўлган хитойлилар осмондан чалпак ёғишини кутиб ўтиришмади – улар енг шимариб ишга тушишди. Хитойлилар чумоли табиатли халқ: хитойлик худди чумолидай – эринмайди, чарчамайди, тинмайди, топгани ва сақлаганини беҳуда сарфламайди!

Яхши эсимда: ХХ-асрнинг 80-чи йиллари охирида СССР халқ депутатларининг Москвада ўтган Съездларининг бирида литвалик ва россиялик икки депутат баҳслашиб қолишди: россиялик депутат ҳудуди Ер шари ҳудудининг 1/6 қисмига тенг бўлган РСФСРнинг беҳисоб бойликлари ҳақида тўлқинланиб гапира кетди – “Менделеев жадвалида кўрсатилган барча кимъёвий элементлар РСФСР ҳудудида тиқилиб ётибди; дунёдаги тоза ичимлик суви заҳираси бўйича Байкал кўлига тенг келадиган бирорта сув ҳовзаси йўқ; бепоён ўрмонларимиз бор – ёғоч-тахта, целлюлоза ва қоғоз ишлабчиқаришда дунёда РСФСРга тенглашадиган давлат йўқ (ва ҳоказо)” каби гапларни гапириб узоқ мақтанди. Шундан сўнг минбарга литвалик депутат кўтарилди – ҳамма литвалик депутат нима дер экан, деб қулоғини “динг” қилди. Литвалик депутат гапни чўзиб ўтирмади – у фақат уч жумла билан нутқини тугатди: “Гапингиз тўғри – РСФСРда табиий бойликлар бениҳоя кўп. Бироқ, сиз руслар хитойлик эмаслигини гапирмадингиз. Руслар вино ва ароқ ичиб кўчада думалаб ётишни, хитойликлар эса чумолидай ишлашни хуш кўрадилар” деди у. Залда бир зум сокинлик ҳукм сурди ва … гулдирос қарсаклардан зал “портлаб” кетди!

Чумоли табиатли халқ битта хитойликлар эмас – японлар ҳам, жанубий карислар ҳам, вьетнамлилар ҳам, сингапурликлар ҳам чумолитабиатли халқ ҳисобланади. Ўзбекистонликлар-чи? Ўзбекистонликлар ҳам чумолидай меҳнатсевар халқлар сирасига кирадими? Афсус, ундай эмас! Тўғри, 14-15-чи асрларда ҳозирги ўзбеклар яшайдиган ҳудудлар (Кеш, Самарқанд ва ҳ.)да барлос қавмидан чиққан Амир Темур империяси дунёнинг ярмини титратиб турган, унинг қўшинлари Москва, Деҳли ва Анқарагача борган, бироқ буюк саркарда ўлгач, фарзандлари орасида ўтган тахт талашиш урушлари империя таназзули билан тугаган. Таназзул XIX-аср ўрталаригача, Россия империяси Марказий Осиё (МО)ни босиб олганга қадар тўхтамади. Аксинча, Бухоро амирлиги ва Қўқон хонлиги ўртасидаги қирғинбарот урушлар ХХ-асрнинг 20-чи йилларида В.Ленин (Ульянов) ва И.Сталин (Жугашвили)нинг большевик тўдалари МОни иккинчи марта босиб олишга йўл очди. Шундай шароитда ўзбек халқи чумолитабиатли халққа айланиши мумкинми? Йўқ, албатта! Мумкин эмас! Советлар даври, И.Каримов даври ўзбек халқида бор бўлган чумолитабиатнинг борини ҳам йўқ қилди.

И.Сталиннинг қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борган колхозлаштириш [Колхоз – коллективное хозяйство, яъни, жамоа хўжалиги] сиёсати, сиёсий ҳаётда юритилган коммунистик ташвиқот (пропаганда), 2-чи Жаҳон уруши, советлар, айниқса И.Каримов даврида Ўзбекистонда монокультура (пахтачилик)га урғу бериш ушбу табиий саволни ўртага чиқаради: Шунча кўргуликлар ўзбек халқини хитойликлар каби чумолитабиатли халққа айлантириши мумкинмиди? Асло!

Чумолитабиатли халқнинг раҳбари чумолитабиатли инсон бўлиши даркор

Ислом Каримов чумолитабиатли раҳбар эдими? Йўқ, албатта! У аввало ўз хавфсизлигини ўйларди – чунки у суиқасддан ўлгудек қўрқар эди. Унинг қўрқоқлиги давлатнинг чумолитабиатли раҳбари тушунчасига тамоман зид эди – чунки чумолитабиатли раҳбар: 1) суиқасддан қўрқмайди; 2) ўз мамлакатига инвестиция (сармоя) жалб қилиш мақсадида бой чет давлатларга имкон қадар тез-тез сафар қилади; 3) ўз мамлакатига бой чет давлатлари раҳбарларини тез-тез сафар қилишга чорлайди. И.Каримов гарчи суиқасддан ўлгудек қўрқса-да, 1992-2015 йиллар оралиғида у Россияга 45 марта сафар қилган эди. Сабаби оддий: Россия “ўзиники” эди! Россияни ҳам ўзига ўхшаш диктаторлар бошқарар эди! “Қарға қарғанинг кўзини чўқиламайди” деганларидай диктатор диктаторга қарши суиқасд уюштиришга йўл қўймайди!

И.Каримов қўрқоқлиги туфайли у хорижий сафарларга камдан-кам чиқар эди. Мас.; у 27 йил давомида Европага бор-йўғи 3 марта борган – у бир сафарида Шимолий Атлантика Альянси [НАТО]нинг Руминия пойтахти Бухарест [Букурешть] шаҳрида ўтган саммитида қатнашган, қолган иккитасида эса Бельгия пойтахти Брюссель шаҳрида Европа Иттифоқи Комиссияси президенти Ж.М.Боррозо билан учрашувга борган, холос. Таққослаш учун: Ш.Мирзиёев 2019 йилда 36 та хорижий сафарда бўлиши кутилмоқда [www.kun.uz хабари]. Мутахассисларнинг фикрича, давлат раҳбарининг асосий вазифаси битта – йил давомида ўнлаб ривожланган давлатларга сафар қилиш ва ўша давлатлардан ўз мамлакатига йирик инвестиция (сармоя)лар кириб келишига эришишдир. И.Каримов шу ишларни қилдими? Йўқ! Яқинига ҳам йўлаган эмас! Ш.Мирзиёев қисқа давр ичида Ҳиндистонга 2 марта бориб келди. Эшитишимча, у биринчи марта борганида Ҳиндистондан 3 миллиард долларлик инвестиция (сармоя) ундириб келган. Ш.Мирзиёев Францияга ҳозирча бир марта борди – эшитишимча, у мазкур бой давлатдан 5 миллиард долларлик сармоя билан қайтган. Бугун, 20.01.2019 куни, у Германия канцлери Ангела Меркельнинг таклифи бўйича Берлинга жўнаб кетди.

Шундай қилиб …

Давлат раҳбарининг асосий вазифаси нима?. Давлат раҳбарининг асосий вазифаси бир томондан қараганда оддий, иккинчи томондан қараганда эса мураккабдир. Оддийлиги шундан иборат-ки, у чет, имкон қадар бой, давлатлар бошлиқларини ўз мамлакатига сафар қилишга ундаши, қизиқтириши ва мазкур сафарларни аъло даражада ташкил этиши лозим. Давлат раҳбари асосий вазифасининг мураккаблиги шундан иборат-ки, у ўз мамлакатига ривожланган давлатлар бизнес-структуралари томонидан йирик инвестиция (сармоя)лар киритиши икки давлат учун ҳам фойдали тадбир эканига бой давлатлар раҳбарларини ишонтиришдир. Бу ишни Ўзбекистоннинг иккинчи Президенти аъло даражада уддалаётганини ҳар қадамда кўриш мумкин. Кеча, 19.01.2019 куни мен, қизим ва куёвим яна Гулистон шаҳрига бордик. Йўл-йўлакай, қурилган ва қурилаётган кўпқаватли иморатлар, трассалар устида қурилаётган ёки таъмирланаётган кўприклар, куну-тун ишлаб турган дўконлар, магазинлар ва савдо расталарини кўриб ёқа ушладим – ҳаммаёқ электр нурига чўмган, худди кундуздай, кўчалар одамларга тўла!

2006 йилда ўғлим иккаламиз, ноҳақдан қамалиш эҳтимоли пайдо бўлгач, амал-тақал қилиб Ўзбекистондан Францияга қочиб бордик. 2006 йил ва ундан олдин Ўзбекистондаги қамоқхоналар маҳкумларга тўлиб тошган эди – минглаб диндорлар, мухолиф сиёсий партия ва ҳаракатлар аъзолари, ҳуқуқбонлар, журналистлар ва бизнесменлар қамоқхоналар “баланда”сини еб-ичиб, И.Каримов судларининг сохта ҳукми билан қамоқ муддатини ўтаётган эди. Ўғлим иккаламизга омад кулиб боқди – бизни демократик тузум тўлиқ шаклланган Франция қучоқ очиб кутиб олди ва сиёсий бошпана берди. 02.09.2016 куни И.Каримов ўлганини эшитиб ўз қулоқларимизга ишонмадик. “Унинг ўрнига ким келаркин?” деган савол миямиздан аримай қолди. Бир томондан, чет элларда юран ўзбекистонликлар қалбида: “Худо хоҳласа, ватанимизга қайтамиз” деган умид пайдо бўлди. Иккинчи томондан, “Ўзига ўхшаган золим келмасмикин?” деган ҳадик ҳам юзага келди.

Ҳозир ҳам ўша ҳадик кўпчиликда сақланиб турибди, чунки И.Каримов имзолаган, Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролик тўғрисида” қонунига ҳамда БМТнинг Ўзбекистон Республикаси Парламенти Олий Мажлис ратификация қилган, яъни, мамлакат ҳудудида қонун кучини берган икки ҳужжати: “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси” ва “Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Пакт”ига тамоман зид бўлган ПФ-4624 фармон ўз кучини йўқотган эмас. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1-моддасида: “Ўзбекистон – суверен ДЕМОКРАТИК республика” дейилган. Бироқ, дунёдаги демократик тузум ўрнатилган мамлакатлар орасида зиддиятли қонунлар асосида бошқариладиган бирорта ҳам давлатни топа олмайсиз! И.Каримов ўлганига 2 йил-у 5 ой бўлган бўлса-да, унинг ПФ-4624 фармонини тарих ахлатхонасига улоқтиришга бел боғлаган мард инсон ҳанузгача топилгани йўқ.

20.01.2019           Жиззах вилояти, Ш.Рашидов тумани, Тоқчилиқ қишлоғи.

Advertisements
Categories: МАҚОЛАЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Create a free website or blog at WordPress.com.