ДЎСТИМИНГ ХАТОСИ

              Толиб ЁҚУБ

              Дўстим Швецияда яшайди. У ўзбекистондалигида Ислом Каримовнинг Ўзбекистонда олиб бораётган сиёсатига қарши курашаётган мухолиф кучларнинг биринчи сафида эди. Шу сабабли бўлса керак, И.Каримов шотирлари уни қамоққа олишди, жисмоний қийноқлар ва руҳий хўрлашлар билан уни синдирмоқчи бўлишди, бироқ синдира олишмади. Вазият оғирлашгандан оғирлашаверди – И.Каримов шотирлари қутурган итдай дуч келган одамни “тишлай бошлади”. Бу уларнинг: “ё жим юрасан, ё чет элларга чиқиб кетасан, ёинки қамаласан – танла!” деган сигнали эди. Яхши эсимда: биринчи бўлиб Ўзбекистонни ўзбекнинг буюк шоири Ёдгор Обид тарк этди – И.Каримов шотирлари унга нисбатан бошдан-оёқ сохта учта жиноий иш қўзғатишди. Мухолиф ташкилот “Бирлик” Халқ Ҳаракати (БХҲ) раиси Абдураҳим Пўлат Ўзбекистондан 1992 йил 20 декабрьда чиқиб кетди. Бироқ, вазият ёмонлашгандан ёмонлашаверди – И.Каримов шотирлари қопағонликни қутурган итдан ҳам оширворишди. Кўпчилик тушунди – бугун қамашмаса, эртага сўзсиз қамашади! Яъни, қопағон ит бугун тишламаса, эртага албатта тишлайди!

              Қаричилик, дўстим Ҳазратқул Худойберди Ўзбекистонни қачон тарк этганини эслай олмадим: бироқ у даставвал Москвага кетганини, уерда бир муддат яшаб Швецияда сиёсий бошпана олганини яхши эслайман. Мен Францияда яшаганимда биз э-майл орқали бир-биримиздан хабар олиб турдик, бир марта дўстим биз яшаган Angers шаҳрига келиб мени беҳад қувонтирди. 2016 йил 2 сентябрьда И.Каримов оёғини узатиб асфаласофилунга кетгач, Ўзбекистонда янги давр бошланди. Мамлакатнинг янги Президенти Шавкат Мирзиёев кимгадир ёқди, кимгадир ёқмади – мамлакат бўйлаб қурилган кўпқаватли арзон уйлардан квартира олган оилалар, шўбҳасиз, Ш.Мирзиёевдан ўта хурсанд. Ш.Мирзиёевни кескин танқид қилаётган ўзбекистонликлар ҳам талайгина – уларнинг аксарияти чет элларда, АҚШ, Швеция ва Канада каби ўта бой давлатларда яшашади. Шуларнинг бири менинг дўстим Ҳазратқул Худойберди: 1) у камида 23 йилдан бери ўта бой Швецияда яшамоқда; 2) чамаси у Ш.Мирзиёевга И.Каримовдан ўта хароб иқтисод, қўғирчоқ Парламент, зулмкор кучишлатар органлар: Рашид Қодиров бошқарган Прокуратура, Зокир Алматов бошқарган Ички Ишлар Вазирлиги, Рустам Иноятов бошқарган Миллий Хавфсизлик Хизмати; 3) И.Каримовнинг 27 йиллик бошқаруви даврида менталитети (зеҳнияти) қуллик даражасига туширилган мамлакат аҳолиси “мерос” бўлиб қолганини ҳали тушуниб етмаган бўлса керак.

            Кейинги пайтларда Ҳ.Худойберди Швеция ва Ўзбекистонни бир-бирига таққослайдиган бир нечта мақола тарқатди. Мен қуйида шу мақолаларнинг учтасининг тўлиқ матнини келтирдим. Мана улар:

Швеция ва Ўзбекистон давлатларининг катталиги деярли бир хил. Швециянинг майдони 450 295 km². Ўзбекистоннинг майдони 448 978 km². Швецияда 10 млн, Ўзбекистонда 33 млн. аҳоли яшайди.

Аҳоли жон бошига бир йиллик даромад: Расмий маълумотларга қараганда Ўзбекистонда 7 350$, яъни, бир ойда ўртача 712 доллар! Аммо Ўзбекистон ҳукуматининг бу ёлғон рақамларига фақат ахмоқ одамгина ишонади, холос. Масалан, менинг 20дан ортиқ қариндошларимнинг энг бойининг ўртача маоши 110 доллардан ошмайди. Хуллас, бу рақамни 3га бўлсак ва айримлар 200 доллардан кўп топади десак, ҳисоб китобимиз ҳақиқатга сал яқинлашади, яъни, кўпчилик аҳолининг ўртача маоши, боринг ана, 200 доллар десак бўлади. Унда йиллик даромад 2400 доллар бўлади.

 

Швецияда эса фуқароларнинг ўртача йиллик даромади 50 072 доллар! Эллик минг доллар! Ёки беш юз минг крона! Яъни, Ўзбекистон фуқаросининг ўртача йиллик даромадидан 20 баробар кўп! Уларга қўшиб ёзишнинг ҳеч кераги йўқ. Ҳамма нарса мустақил Радио, ТВ ва минглаб мустақил журналистларнинг қаттиқ назорати остида! Бу бойликнинг оддийгина бир мисоли: Энг камбағал, яъни, ҳеч қаерда ишламайдиган Швеция фуқароси (ёки фуқаролиги бўлмаса-да, Швецияда доимий ёки вақтинча яшашга рухсати бўлган келгинди одам)нинг яшаш учун ойлик даромади камида 360 доллар бўлиши керак. Бу аслида ижтимоий ёрдам пули. Фуқаронинг қолган харажатларини – ижара пули, электр пули, дори дармонларга ёрдам пули, бирор ўқишга борса автобус пули ва ҳоказолар. Ҳатто газета пулигача ҳисоблашади ва т ў л а ш а д и!!

 

Хўш, нега ерининг яримини сув ва ўрмон қоплаган, табиати совуқ, йилнинг яримидан кўпида ўртача ҳарорат 15Сдан ошмайдиган, қишлоқ хўжалиги ва озиқ овқат маҳсулотларининг 75 фоизини чет эллардан сотиб оладиган давлатда фуқаролар бу қадар бой, бадавлат ва бахтиёр яшашади? Айни пайтда ерининг катталиги жиҳатидан Швецияга тенг бўлган, аммо ерининг катта қисми ҳосилдор, йилнинг 7-8 ойи иссиқ бўлган, табиати гўзал ва оромбахш, ерга чўп суқсанг униб чиқадиган, барча озиқ овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзи ишлаб чиқарадиган Ўзбекистонда инсонлар бу қадар ночор яшайдилар? Ҳамма гап Швецияда тўғри сиёсат, Ўзбекистонда эса нотўғри сиёсат юритилишида. Тамом вассалом. Додингиз бўлса Худога айтинг. Аммо президентга эмас. Чунки у додингизни на эшитади, эшитсада на бирор жўяли жавоб топиб бера олади! Ҳамма гап юқорида айтилгандек, сиёсатни қандай юритишда. Бу ҳақда атрофлича, ипидан игнасигача, кейинги бўлимда сўз юритамиз.

 

Швеция : Ўзбекистон, 10 : 0.
2-чи қисм. Мен мақоланинг сарлавҳасига Швеция : Ўзбекистон, 10:0 деб ёздим. Нега? Қуйида ўша Ўзбекистон дарвозасига урилган 10та жавобсиз голлар рўйхати билан танишинг:

 

  • Сўз эркинлиги

 Ўзбекистон Конституциясида сўз эркинлиги шундай белгиланган:
“29-модда. Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир”. Швецияда 1734 йилдаёқ “Швеция давлати ҳақида қонун” қабул қилинган ва ўшандаёқ матбуот эркинлиги ҳақида илк бор сўз юритилган. Аммо фақат 1991 йилга келиб сўз эркинлиги ҳақида махсус қонун қабул қилинган. Унинг номи Yttrandefrihetsgrundlagen дейилади. Сўзма сўз таржима қилинса “Фикр билдириш бўйича асосий қонун” бўлади.

Эътибор беряпсизми – биргина фикр билдириш масаласи учун махсус бир қонун қабул қилинган ва унга асосий қонунларнинг кучли мақоми берилган. Ана шунинг ўзиёқ Швецияда сўз, фикр эркинлигининг аҳамияти нақадар катта эканлигини англатиб турибди.

 

Бу қонун Швецияда жуда эъзозланади ва қаттиқ ҳурмат қилинади. Уни бузишга на қирол, на Бош вазир, нада бошқа бир инсоннинг ҳадди сиғади. Агар кимда ким бировнинг бирор масала бўйича ўз фикрини, у фикр ҳатто ахмоқона бўлса ҳам, эркин ва ошкора гапиргани учун таҳқирласа, камситилса ёки таъқиб қилинса, тамом, бу жиноят ҳисобланади. Ўша камситувчи, таҳқирловчи инсон нафақат жазоланади, балки жамиятда ўз обрўйини ҳам бирпасда йўқотади, чунки Швеция жамиятида бировни гапирган гапи учун камситиш, масхара қилиш ёки таъқиб қилиш энг қўрқоқ одамнинг энг разил иши, дея баҳоланади.

Агар, дейди улар, сиз бировнинг фикрига қарши бўлсангиз, марҳамат, ўз фикрингизни айтинг, у билан тортишинг ва ўз ҳақлигингизни фактлар ва аргументлар билан исбот қилинг. Агар буни эплай олмасангиз овозингизни ўчирингда, рақибга тан беринг! Тамом вассалом! Ўзбекистондачи? Бизда, афсус-ки, тўғри сўзлиги учун, ўз фикрини қўрқмасдан айтгани ва Ҳукуматни қўрқмасдан танқид қилгани учун минглаб мухолифатчилар мана 30 йилдирки тақиқ ва таъқиб остидадирлар! Бу ҳақда кўп гапириш мумкин. Аммо ҳозирча ана шунинг ўзиёқ Ўзбекистон дарвозасига зарб билан урилган биринчи зарба ва биринчи гол. 1:0.

 

  • Давлат бошқарув тизимлариШвецияда уч ҳокимиятнинг бир биридан мустақиллиги ва уларни ҳар бирининг эркин фаолият юритиши ҳамда бир бирига халақит бермаслиги қатъий таъминланган. Улар Қонун қабул чиқарувчи ҳокимият/Парламент, Суд ҳокимияти ва Ижроия ҳокимият/Вазирлар маҳкамасидир. Бу ерда ҳам, юқорида айтилганидек, на қирол, на Бош вазир, на-да бошқа бирор инсон Суд ёки Парламент ишига аралаша олмайди. Судни судьялар, Парламентни у ерда вакиллари ўтирган партиялар ва Ижроия ҳокимияти бўлмиш Вазирлар маҳкамасининг Бош вазири бошқаради. Бирининг иккинчиси билан иши йўқ. Агар бирорта вазир бирор суднинг ишига аралашиб қолгудек бўлса, у ўша соатдаёқ ишдан бўшатилади.                                    

 

Буни амалга оширишда эса асосий рольни халқ оғзида “Тўртинчи ҳокимият” деб эркалаб айтиладиган Матбуот ҳокимияти, яъни, эркин ва мустақил журналистлар амалга оширишади. Улар бунақа хумпар вазирларни бир неча соатдаёқ ўз тегирмонларидан ўтказиб, ўша одамни шу қадар эзиб ташлашади-ки, у бечора ўзи истеьфо бериб, эртасиёқ узоқ бир оролга бир неча ойлик дам олишга кетиб ёпишқоқ журналистлардан қутулади. Ўзбекистондачи? Буни айтмаёқ қўя қолай. Президентнинг ҳамма ҳокимият тизимларининг жиловларини ўз қўлида тутиб туриши ҳеч кимга сир эмас. Маҳаллий ҳокимчаларчи? Улар ўз туманларида судни ҳам, милисани ҳам ва ҳар бир амалдору корхонани ҳам бошқаришга ҳаракат қиладилар. Хуллас Ўзбекистон Конституциясида ёзилганидек уч ҳокимиятнинг мустақиллиги қоғозда, холос! Ҳисоб 2:0 бўлди.

 

Швеция : Ўзбекистон, 10 : 0.

3чи қисм ёки учинчи гол.

 

Икки голдан сўнг сиёсий майдондаги вазият Ўзбекистон командаси учун янада тушкунлик ва тузатиб бўлмас мағлубият сари чўкиб бораётган бўлса, Швеция командаси эса ўз ютуқларидан рўҳланиб янада кучайиб бормоқда. Навбатдаги кураш 3чи голни уриш ҳақида. Бу гол сиёсий партиялар ҳақида. Бу сатрларни ўқиётганлар бу сафар ҳам голни Швеция командаси уришини билиб турибдилар. Билмаганлар учун бу ҳужум ҳақида қисқача хабар: Швецияда 8та партия бор. Ҳаммаси мустақил, улардан иккитаси ҳозир Парламентдаги кўпчилик партияларнинг қўллаб қўвватлаши натижасида Ҳукумат тузиш ва бошқаришни ўз қўлларига олдилар. Улар Социал демократлар ва Яшиллар партияси.

            

             Уларни қўлловчилар – Сўллар партияси (собиқ коммунистлар), Марказчилар (Сентерпартиет) – асосан қишлоқ ҳаёти, фермерларни қўллаш, она табиатни ҳиомя қилиш ва муҳожирларга инсоний муносабатда бўлиш сиёсатини юргизишади. Либераллар ҳақида бир оғиз гап. Бу ерда энг қизиғи шундаки, Сентер ва Либераллар сўнгги сайловда Мухолифат Альянси сафларида ҳукуматни қўлга киритиш учун курашган эдилар. Бу Альянс Мухолифат ядроси бўлган Модераторлар, Либераллар, Сентер ва Христиан демократлардан иборат эди. Аммо сайлов натижаларига кўра Мухолифат кучлари Парламентда кўпчилик ўринларни эгаллай олмадилар. Ҳукуматда ўтирган Социал демократлар ва Яшиллар партияси Сўллар қўллови остида бўла туриб ҳам Парламентдаги кўпчилик ўринларни ололмадилар. 

 

Ҳар икки тараф – Ҳукумат кучлари ва Мухолифат ўртасидаги Ҳукуматни эгаллаш учун сиёсий курашда “пат” вазият, яъни, боши берк кўчага кириб қолиш ҳолати эзага келди. Бундай вазиятнинг юзага келишига асосий сабаб еттинчи партия бўлмиш Швед демократлари партияси бўлди. Бу партия собиқ Миллий демократлар партиясининг янгича кўриниши бўлиб, улар миллатчилик сиёсатини юргизадилар. Улар Швецияга қочқинлар келишини кескин чеклаш, асосан БМТнинг йўлланмаси билан келадиган кичик гуруҳ қочқинларга рухсат бериш, бошқа барча юз минглаб қочқинларга Швеция дарвозаларини ёпиш ва уларга Африка, Осиё давлатларида, улар қочиб чиққан жойларнинг чегараларида махсус лагерлар ташкил қилиб, ўша лагерларда қочқинларга ёрдам кўрсатиш, бошпана сўровчилар билан ўша ерда сўҳбатлар ўтказиш, Швецияда яшовчи келгиндиларга Швеция фуқаролигини беришни кескин чеклаш, барча келгиндиларга Швеция тили, маданияти ва урфу одатларини ўргатиш ва қабул қилишни талаб қилиш каби сиёсатни юргизишади. Улар бу сафар Парламентдаги 19% ўринларни эгаллашди ва яна ўртадаги Тарозибон деб аталувчи рольга эга бўлишди.


Бу дегани улар ҳар икки тараф – ҳукуматда ўтирган партиялар ва Мухолифат альянси билан музокаралар олиб бориши, қайси томон уларнинг шартларини қабул қилса ўша тарафни қўллашга рози эканликларини айтиб келишади, деганидир. Аммо ҳукумат партиялари бу миллатчи партияни ҳамиша инкор қилиб келишади. Мухолифат, аниқроғи, улар ичидаги Модераторлар ва Христиан демократлар эса бу миллиатчи партия билан ҳамкорлик қилишга рози бўлишди. Мақсад эса аниқ – уларнинг овзларидан фойдаланган ҳолда ҳукуматни эгаллашдир. Аммо Сентер ва Либераллар бунга қарши чиқишди ва шу билан Мухолифат Альянсига дарз кетди.                                                                                                                                                                                  

 

Сайловдан сўнг Швецияда ҳукуматсиз вазият юзага келди. Собиқ ҳукумат “Муваққат ҳукумат” деган номни олди. Парламент раиси (Модераторлар партияси вакили) уч ой давомида ҳар бир партия раиси билан бир неча маротаба учрашиб уларга бошқа партиялар билан ўзаро музокаралар ўтказиб ҳукумат тузишга уринишни таклиф қилди. Жуда кўп уринишлардан сўнг ниҳоят Сентер ва Либераллар собиқ ҳукумат вакилларини қўлашга рози бўлганлари учунгина Социал демократлар Яшиллар билан бирга янги ҳукуматни тузиш ҳуқуқини қўлга киритдилар. Сал кам тўрт ойлик қизғин сиёсий курашлардан чарчаган Швецияда сиёсий вазият ниҳоят яна ўзининг сокин маромига қайта бошлади. Қарийб ҳамманинг кўнгли тўлди, кўпчиликнинг истаги билан вазият ўнгланди. Швеция жамиятидаги ана шундай хотиржамлик билан бир неча ойлаб курашиш, шовқин суронли намойишлар ўрнига давра столи атрофида ўтириб маслаҳатлар қилиш санъати орқали кўпчилик фуқароларнинг талабига мос келадиган қарорлар қабул қилиш бу жамиятнинг энг кучли қуролларидан биридир.

 

Ана шунинг учун ҳам бу жамият 200 йилдан ортиқ давр мобайнида давлатни собитқадамлик билан ривожлантириб ва юксалтириб келмоқда. Унинг энг катта ютуқлари:

  1. Барча ҳокимият тизимлари мустақил;                                   
  2. Сайлов тизими кучли, адолатли ва эркин? 8та мустақил партиялар жамиятнинг келажак сари етакловчи кучларидир;                          
  3. 1 миллиондан ошиқ келгиндилар Швецияда барча билан тенг ҳуқуқларга эгадирлар;
    5) Ҳеч ким ҳеч нарсага зор эмас.
    6) Ҳаммаёқ осойишта, тинч ва саришта.
    7) Ҳамма жойда инсонлар самимий, улар ўртасидаги муносабатлар илиқ ва дўстона.

Ўзбекистон сиёсий майдонидаги вазиятга эътибор берсак бир зумда кайфиятимиз бузилади, чунки бу майдон мозорни эслатади. Бирорта сиёсатчининг овози эшитилмайди. Фақат бир одамнинг овози радиолар, ТВ ва мажлисларда гумбурлаб туради. У – президент овози. Қолганлари эса ана шу президент тайинлаган вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари ўзларининг ёпиқ мажлисларида ҳаддилари сиққунча, овозлари буғилгунча одамларга бақириш, сўкиниш билан оворалар. На оддий инсоний, нада сиёсий маданият деган тушунчалар бор уларда.

 

Мамлакатда номига 5-6та партия бор, аммо уларнинг барчаси Президент ва Ҳукуматни қўш қўллаб қўвватловчи партиялардир, чунки улар аввал бошданоқ шу мақсадларда, яъни ҳукуматни қўлловчи сателлитлар сифатида ҳукумат, аниқроғи Каримов томонидан тузилган партиялардир. Мухолифат кучлари мана 26 йилдир-ки тақиқланган. Бунга сабаб 1993 йилда Каримов шахсан ўзи Парламент минбаридан туриб мухолифат кучларини “қора кучлар” деб атаган эди. Орадан 26 йил ўтиб яқинда янгитдан тузилган Давлат Хавфсизлик Хизматига янги раис этиб сайланган Ихтиёр Абдуллаев мухолифатга, хусусан Ўзбекистон “Бирлик” партиясига қарата шу гапларни такрорлади. Халқнинг етакчи кучлари бўлган мухолифат ҳамон тақиқланган экан ўзбек жамиятида қандай қилиб ўзгаришлар бўлсин? Қандай қилиб бу жамият вакиллари ҳукуматнинг нотўғри сиёсати сабаб юзага келган муаммоларни, ўз дардларини уларни тушунадиган ва ҳукуматга мухолифатда бўлган кучлар билан масалани муҳокама қилсин?

 

Русларнинг мақоли билан айтганда кучукнинг ўлиги айнан ана шу ерга кўмилган, ёки жамиятдаги минглаб муаммолар ва чигал тугунларнинг боши худди шу ерда! Мен нима демоқчиман? Гап шундаки, ҳар бир соҳанинг ўз муттахасислари бор. Агар сиз бозордаги бир новвойдан олган ноннинг таъми ёки бир деҳқондан олган анжирнинг таъми тахир бўлса, эртасига сиз нонни бошқа новвойдан, анжирни эса бошқа деҳқондан оласиз, тўғрими? Агар сиз хасталаниб қолсангиз бир табибга борасиз. Аммо табиб сизнинг дардингизни тушунмаса ва сизга даъво тополмаса, ёки унинг муолижалари ва ёзиб берган дорилари сизга ёрдам бермаса сиз бошқа табибга борасиз, тўғрими?

 

Сиёсат ҳам худди шундай. Қачонки сиз бошингизга тушган муаммолар бўйича кимга боришни билмасангиз ва ниҳоят ўша яшаб турган жойингиздаги ҳоким ёки бошқа бир амалдорга борсангиз-у, лекин улар сизнинг дардингизга қулоқ солишмаса унда нима қиласиз?

Ўша ҳокимдан бошқа ҳокимингиз йўқ, ўша амалдордан бошқа амалдорингиз йўқ. Тўғри, уларнинг тепасида ўтирган раҳбарлари бор, аммо улар узоооооқ Тошкентда ўтиришади.

Бояги мисолни эсланг, новвой билан деҳқонни. Бир қишлоқда бир эмас бир неча новвой , бир неча деҳқон бўлгани учун ҳам сиз ТАНЛОВ имкониятида эга бўлдингиз. Бири ёқмаса иккинчисига бориш имкониятига эгасиз.

 

Хўш, агар ўша ерда сиёсатчи фақат битта бўлса, у ҳам фақат ҳукуматнинг одами бўлса, сиз дардингизни кимга айтасиз?

Ўша сиёсатчини катта акаси ёки отахонигами? Хўш, сизнинг бошингизга муаммоларни туширган кичик сиёсатчи устидан қилган шикоятингизга унинг катта акаси ёки отахони жиддий эътибор беради, уни эмас сизнинг тарафингизни олади деб умид қиласизми? Содда бўлманг биродар! Хуллас, гап шунда-ки, ҳар бир қишлоқ, ҳар бир туман, ҳар бир шаҳар ва ҳатто ҳар бир корхона ва маҳаллада камида иккита, икки лагерь, икки тарафга қарашли сиёсатчи бўлиши лозим. Бири ҳукумат вакили бўлган сиёсатчи, иккинчиси мухолифат вакили бўлган сиёсатчи. Тамом вассалом!

 

Ўша чигал тугунни ечими ана шу ерда ва унинг бошқа ечими йўқ.
Гапни минг айлантирманг, мингта Хорун ар
Рашидни топиб, мингта қишлоққа ҳоким қилиб тайинламанг, фойдаси йўқ. Ўша Хорун ар-Рашид ҳам бир кунмас бир кун барибир хато қилади, аммо ўз хатосини билмаган ҳолда хотиржам хуррагини отиб ётаверади, чунки хатоларни кузатадиган ва уларни дадил, қўрқмасдан айтадиган рақиб у қишлоқда йўқ.  Рақиб йўқ жойда кураш йўқ, рақобат йўқ жойда ривожланиш йўқ. Бу аччиқ ҳақиқатни яқинда ниҳоят Президент Мирзиёев ҳам тан олди. Аммо тан олиш бир нарса, амалда кўрсатиш умуман бошқа нарса. Хуллас Ўзбекистон даврозасига гумбурлаб 3чи гол ҳам кириб кетди. 3:0.

              ДЎСТИМНИНГ АСОСИЙ ХАТОСИ

 

              Мен дўстим Ҳазратқул Худойберди юқорида айтган фикрларини тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Швеция, Франция каби, дунёдаги етук давлатларнинг бири – бунга шўбҳа йўқ! Ўзбекистон собиқ СССРдан ажралиб чиққан энг қолоқ давлатларнинг бири – бунга ҳам шўбҳа бўлмаса керак! Қип-қизил руспараст коммунист И.Каримов Ўзбекистонни 27 йил “бошқарди”. Савол: И.Каримов Ўзбекистонни эмас, Швецияни 27 йил бошқарса, Скандинавиядаги 10 млн аҳолиси бўлган бу давлат, Ҳазратқул айтгандай, баркамол бўлармиди? Унинг зулмидан 30 млн аҳолиси бўлган Ўзбекистондан аҳолининг ярми (15 млн.) мамлакатдан қочиб кетиб жон сақлади-ку! Швеция бўм-бўш мамлакатга айланиши учун И.Каримовга 27 йил эмас, 5 йил етарли бўларди! Ўзбекларнинг жони темирдан экан – 27 йил чидаб беришди! Пластилин каби юмшоқ шведлар 5 йил ичида тамом бўларди! Мен ҳазиллашаётганим йўқ – мен жиддий гапираяпман!

(Тамом)

              3 февраль, 2019 йил;

              Жиззах вилояти, Ш.Рашидов тумани, Тоқчилиқ қишлоғи.

 

Advertisements
Categories: МАҚОЛАЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Create a free website or blog at WordPress.com.