КАРИМОВИЗМ

              Толиб ЁҚУБ

ДЕКАРИМОВИЗМ ва УКРАИНА ТАЖРИБАСИ

            Мақола давомида тилга олинадиган баъзи тушунчалар:

           

Islom KARIMOV

  Деградациярегрессия  de “пастга” сўзи ёрдамида ҳосил қилинган тушунча бўлиб, у аксар ҳолларда тараққиёт (прогресс)га қарама-қарши тушунча сифатида қаралади; Деградация, регрессия — вақт ўтиши билан бирор нарса ёки ҳодиса хоссаларининг ёмонлашиш жараёни, сифатнинг аста-секин ёмонлашуви, пасайиши, табиат ва вақт қонунларига кўра ташқи таъсир натижасида борлиқ (материя)нинг вайрон этилиши; тушкунлик;       

                                                                                                                           Демонтаж  — йиғма конструкцияни бир-биридан ажратиш ёки бус-бутун бинони бузиш йўли билан йўқ қилиш; Демонтаж — қурилиш, машина ва аппаратларни алоҳида қисмларга ажратиш, уларни ўрнатилган жойидан бошқа жойга кўчириш; Демонтаж — ижтимоий тузум, давлат бошқаруви тизими (ва ҳ.)ни йўқ қилиш; Де…  [лотинча: de – ажратиш, йўқ қилиш, бекор қилиш, тугатишни англатувчи тескари амал];  Мисоллар:  дегазация (газсизлаштириш), деблокировать (тўсиқни олиб ташлаш), деморализовать (ахлоқсизлаштириш), яъни,  қуйи томонга ҳаракатланиш, пастлаштириш.                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                 

Инсоният тарихида ўтган ҳар бир тоталитар ёки авторитар сиёсий тузум сиёсат [яъни, давлат бошқаруви], иқтисод, маънавият, маданият ва бошқа барча соҳаларда жамият ҳаётини ўзига ёққан қандайдир ғоя асосида ташкил этиб келган. Гапни узоқ ўтмишга буриб ўтирмасдан, уни XIX-асрда яшаган ва коммунизм ғоясининг асосларини ишлаб чиққан германиялик Карл Марксдан бошлаб қўяқолайлик. Гапни нацизм ғоясига XIX-асрда асос солган иккинчи германиялик шахс Фридрих Ницшедан бошлаш ҳам мумкин. Қизиғи, бу икки шахснинг ғоялари ХХ-асрда, деярли бир пайтда – коммунизм ғояси Россия империяси ҳудудида, нацизм ғояси эса Германиянинг ўзида жамият ҳаётига тадбиқ этилди. Бундан-да қизиғи, ҳар иккала ғоя жамият ҳаётига тинч йўллар билан эмас, аксинча, Россия империясида зўравонлик, инқилоб, фуқаровий уруш, очарчилик ва миллионлаб инсонларнинг ўлими орқали, Германияда эса немис халқининг бошқа халқлардан ирқий устунлигига урғу бериш, жумладан, мамлакатда яшаб жамият ҳаётининг турли жабҳаларида фаолият олиб борган яҳуд миллатига мансуб бўлган инсонларни – миллионлаб олимлар, инженер-техник ходимлар, шифокорлар, рассомлар, ёзувчи ва шоирларни – қамаб, уларга одамга айланмаган маҳлуқ дея қараб, газ камераларида ўлдириш орқали амалга оширилди.

Германияда шаклланган нацизм, Россия империясида шаклланган коммунизм ғоялари бир-бирига “Ҳасан-Ҳусан”дай ўхшайди: бирида сиёсий бошқарувни олиб борган ленин (ульянов)чилар: “Россия социал-демократ ишчилар партияси”ни, иккинчисида эса ҳитлерчилар “Германия миллий-социалистик ишчилар партияси”ни тузишди. Эътибор беринг: ҳар иккала партия номида “социализм” [коммунизмнинг биринчи (дастлабки) босқичи] ва “ишчилар” сўзлари ишлатилган. Аслида, бу икки ғоянинг ҳар бири инсоният тарихида кузатилган ғояларнинг ичида ўзининг ўта аксилинсон ва аксилхалқлиги билан ажралиб турарди. Бу икки аксилинсон ва аксидхалқ ғояларнинг ўзаро кураши инсониятга қимматга тушди – у инсоният тарихида юз берган энг қирғинбарот 2-чи Жаҳон урушини келтириб чиқарди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китоби бўйича бу урушда 70 миллиондан ортиқ инсон ўлдирилган.

2-чи Жаҳон урушидан кейин АҚШ, Буюкбритания ва Франция таркибидаги коалицион кучлар Германия ва Австрияда денацификация, яъни, урушдан кейинги немис ва австрияликлар жамиятларининг маданият, матбуот, иқтисод, таълим, юриспруденция ва сиёсат соҳаларини нацизм ғояси таъсиридан тозалаш жараёнини ташкил этишди. Уруш тугагандан кейин Германияда нацизм тажрибасини енгиб ўтиш иши ўтказилганини кўпчилик таҳлилчилар “хотира сиёсати” соҳасидаги энг муваффақиятли мисоллардан бири дея ҳисоблашади – ўша пайтда мазкур тажрибага асос қилиб “айбни тан олиш” тушунчаси олинди. Миллий айбни тан олиш, кўпчилик қўрққанидек, миллат қиёфасига доғ туширишни мутлоқ англатмайди. Аксинча, миллатда ўзлигини танишга ўзгаришлар киритиш, унинг тарихида содир этилган жиноятлардан кескин воз кечиш ва фуқаровий жамият қадриятлари ҳақида бор овоз билан ҳайқириш имконияти пайдо бўлади.

Россия

2-чи Жаҳон урушигача СССРда коммунистик автократик сиёсий тузум тўлиқ шаклланиб бўлди ва уни В.Ленин (Ульянов)нинг ўлимидан кейин унинг содиқ сафдоши И.Сталин (Жугашвили) бошқара бошлади. Баҳайбат ҳудудга эга бўлган мамлакатнинг номи Совет Социалистик Республикалар Иттифоқи (СССР) бўлса-да, унинг тарихи моҳиятан XVI-асрда бепоён Сибирь ва Узоқ Шарқ ҳудудларини босиб олишдан бошланган. XIX-аср ўрталарида чор Россияси армияси, XX-асрнинг 20-чи йилларида эса ашаддий коммунистлар В.Ленин, И.Сталин, М.Фрунзе ва уларнинг қонхўр бошқа сафдошлари қўл остидаги большевиклар тўдаси томонидан босиб олинган Марказий Осиё [Бухоро амирлиги, Қўқон ва Хива хонликлари], Шимолий Кавказ [Краснодар ўлкаси, Ростов вилояти, Адигея, Чеченистон, Кабардин-Булқор, Ингушистон, Қорачой-Черкес, Доғистон, Ставрополь ўлкаси, Шимолий Осетия республикалари], Кавказорти [Озарбойжон, Гуржистон, Арманистон], Украина, Молдова, Финландия, Бессарабия ва бошқа ҳудудлар СССР, аслида собиқ Россия империяси таркибига ҳарбий куч ишлатиб мажбуран киритилди.

СССР яккапартиявий, яккағоявий ва яккадоҳийлик тоталитар автократик давлат, Совет Иттифоқи коммунистик партияси (КПСС) эса СССРнинг бошқарувчи сиёсий партияси эди. ХХ-аср 20-чи йиллари бошидан 1990 йил мартигача партия (РКП(б), ВКП(б), КПСС каби турли номлар остида, яккапартиявийлик тизими шароитида фаолият юргазди ва мамлакатда сиёсий ҳокимлик қилишга мутлоқ ҳуқуқга эга бўлди, бу эса мамлакатда тоталитар автократик режим ўрнатишга имкон туғдирди. Ушбу мақом мамлакат Конституциясига киритилди – 1936 йилги Конституциянинг 126-моддасида Коммунистик партия меҳнаткашларнинг давлат ва жамоавий ташкилотларининг “бошқарувчи ядроси”, 1977 йилда қабул қилинган СССР Конституциясининг 6-моддага кўра эса  КПСС совет жамиятининг бошқарувчи ва йўналтирувчи кучи, дея эълон қилинди. 1990 йилда партиянинг сиёсий ҳокимлик қилишга конституцион яккаҳокимлиги бекор қилинди, бироқ СССР Конституциясида ҳам КПСС бошқа сиёсий партиялар қаторида алоҳида ажратиб кўрсатилган эди.

СССР парчалангач, унинг қатор республикалари, хусусан, Литва, Латвия, Эстония, Гуржистон, Украина, Арманистон ва Молдовада демократик сиёсий тузум тез ривожлана бошлади, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қозоғистонда эса, аксинча, қип-қизил авторитар сиёсий тузум ўрнатилди. Россия Федерацияси (РФ)да сиёсий кураш оғир кечди ва оғир кечишда давом этмоқда – бу давлатда: 1) Коммунистик партия нафақат сақланиб қолинди, балки унинг депутатлари Давлат Думаси (Парламент)да асосий сиёсий кучлардан бири ҳисобланади; 2) 95 йиллик бир жасад РФ пойтахти Москва шаҳрининг қоқ ўртасида ҳанузгача кўмилмасдан сақланиб турибди – жасаднинг исми-шарифи Владимир Ильич Ульянов (Ленин); 3) Аввал Б.Ельцин, кейин В.Путин ўз мамлакати ҳудудида, Чеченистонда, икки марта қирғинбарот уруш ташкил этишди, минглаб чеченлар ўлдирилди; 4) В.Путин СССРнинг парчаланишини “ХХ-асрнинг энг даҳшатли геосиёсий фалокати” дея баҳолади; 5) В.Путин СССРни тиклаш учун амалий қадамлар қўйди – у: (a) Молдованинг Днестрбўйи вилоятини босиб олди; (b) 2008 йилда Гуржистонга қарши уруш очиб унинг Абхазия ва Жанубий Осетия вилоятларини ишғол қилди; (c) 2014 йил март ойида Украинага тажовуз қилди ва Қрим яриморолини босиб олди; (d) 2014 йил апрель ойидан ҳозирги кунгача Украинанинг Луганск ва Донецк вилоятларида эълон қилинмаган уруш олиб бормоқда.

Ҳикоя: Россия империясида коммунистик тоталитар сиёсий тузумни ўрнатган В.Ульянов ва 1917 йил февраль инқилобидан кейин Умумроссия Муваққат ҳукуматини бошқарган Александр Керенский Симбирск шаҳридаги гимназияда параллель гуруҳларда ўқишган – гимназиянинг директори Фёдор Керенский эса А.Керенскийнинг отаси бўлган. В.Ульянов 1917 йилги давлат тўнтаришини уюштиргач, А.Керенский Россиядан чиқиб кетади ва узоқ муддат, ўлимига қадар, Париж шаҳрида яшайди. Ўлимидан бир муддат олдин у Франциянинг Le Monde газетаси мухбирига интервью беради. Интервью давомида мухбир унга: “Сиз В.Ульянов билан битта гимназияда ўқигансиз, сиз уни яхши танисангиз керак. Кейинчалик сизларнинг ҳаётий йўлларингиз бир-биридан узоқлашиб кетган – у 1917 йилги октябрь инқилобини уюштирган, Россияда мисли кўрилмаган террор [қатағон] бошланган, сиз эса чет элга қочишга мажбур бўлгансиз. Сиз Россия тарихида бўлган учта энг ашаддий террористни санаб бера оласизми?” дея савол беради. А.Керенский қисқа қилиб: “Ленин, Сталин ва Троцкий” дея жавоб беради. (Тамом). Россия тарихини яхши билган инсонлар 1924 йилдан то ҳанузгача В.Ульянов жасади кўмилмай келаётганини: “Бу маҳлуқнинг жасадини Ер ҳам бағрига олгиси келмаяпти” дея тушунтиришганини ўқиганман. Дарҳақиқат, она Ер ашаддий коммунист-террористни қандай ҳам қилиб бағрига олсин?!

Украина

2013 йил 21 ноябрь – 2014 йил 22 февральда асосан Киев шаҳри аҳолиси уюштирган ва амалга оширган “Майдан” инқилоби ортидан Украинада декоммунизация ва денацификация ҳаракати ва амалиёти ўтказилди. Украина парламенти Олий Рада томонидан коммунистик ва национал-социалистик (нацизм) тоталитар режимлари, уларнинг пропагандаси (ташвиқоти) ҳамда рамзлари (символикаси)ни қоралаш ва таъқиқлаш ҳақида қонун қабул қилинди. Шундан кейин Украинада Ленинопад [“Ленинни қулатиш”] кампанияси, яъни, мамлакат бўйлаб Ленин ҳайкалларини қулатиш, бузиб ташлаш, йўқ қилиш бошланди.

Ленин ҳайкалларини қулатиш советларнинг ўтмишдаги сиёсатидан воз кечиш, уларни сақлаш эса унинг аксидан, яъни, советлар сиёсатини тан олишдан иборат, деган фикр мавжуд. Украина халқи Ленин ҳайкалларини қулатиш йўли билан ўтмишдаги советлар сиёсатидан воз кечиш йўлини танлади. Украинада мазкур ҳодисаларни “ленинни қулатиш” деган норасмий ном билан аташга келишилди.

2013 — 2014 йиллардаги сиёсий инқироз даври қулатишлари

Ленин ҳайкалларини оммавий қулатиш, демонтаж қилиш ва бузиб ташлаш Украина марказий вилоятларида 2013—2014 йиллар қишида бошлангшан сиёсий инқироз пайтида юзага келди. Ленин ҳайкаллари Украинанинг ўнлаб аҳоли масканларида қулатилди, демонтаж қилинди ёки яроқсиз ҳолга келтирилди, Украина шарқи (айниқса, Қрим яримороли)да эса бу жараён камроқ кузатилди. Ленинни қулатиш жараёни дастлаб марказий Украинада ўтказилди. 2014 йил ёзи ва кузида Ленинни қулатиш маркази Украинанинг шарқий вилоятларига кўчди. Луганск ва Донецк вилоятларида ҳайкалларнинг бир қисми ҳарбий амалиётлар пайтида бузулган, бошқа бир қисми эса Украина ҳарбийлари аҳоли пунктларини эгаллаганларидан кейин бузиб ташланган. Лениннинг Украинада 1991 йилгача ўрнатилган ҳайкаллари сони 5500 та бўлган. 2013 йил декабрининг бошига қадар улардан 2178 та қолган, яъни, ҳайкалларнинг ярмидан кўпи қулатилган. 2013 йил 8 декабрдан 2015 йил 5 августга қадар Лениннинг яна 778 та ҳайкаллари олиб ташланган, 2016 йил май ойининг охирида Украинада қолган Ленин ҳайкаллари сони 1000 тадан кам бўлган.

2017 йил августига қадар декоммунизация қонунига кўра Украина ҳукумати тасарруфидаги шаҳарларда Лениннинг рўйхатга олинган барча 1320 та ҳайкаллари бузиб ташланди. Корхона ва қишлоқлар ҳудудида рўйхатга кирмай қолган ҳайкаллар қолган бўлса, улар топилгач бузиб ташланиши кўзда тутилган. Ўнлаб йирик монументал ҳайкалларни, жумладан Ленин ҳайкалларини ҳам, СССРнинг монументал ташвиқот музейи учун сақлаш режалаштирилган.

Ўзбекистон

Мен юқорида ХХ-асрда коммунизм ғояси аввал Россия империясида куртак чиқаргани, кейинчалик у СССРда “гуллаб-яшнагани”, Германияда эса нацизм ғояси пайдо бўлгани ва кучга киргани ҳақида айтиб ўтдим. СССР таркибига кирган 15 республиканинг бири Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси [Ўзбекистон ССР] бўлиб, у 1924 йилдан бошлаб дунёда энг йирик коммунистик тоталитар империянинг тўлақонли аъзосига айланади. Қуйида келтирилган маълумотни билиб қўйиш зиён қилмайди – унда қолган 14 та авторитар республикалар рўйхати келтирилган [қавс ичида республиканинг СССР таркибига кирган йили келтирилган]: Украина ССР (1919 й.), Белорусия ССР (1919 й.), Озарбойжон (1920 й.), РСФСР (1922 й.), Арманистон (1922 й.), Туркманистон ССР (1924 й.), Тожикистон ССР (1929 й.), Қозоғистон ССР (1936 й.), Гуржистон (1936 й.), Қирғизистон ССР (1936 й.), Молдавия ССР (1940 й.), Литва ССР (1940 й.), Латвия ССР (1940 й.), Эстония ССР (1940 й.).

             The Foreign Policy журнали ҳар йили дунёдаги 10 та диктатор [яккаҳоким] ҳукмдорнинг исм-шарифини эълон қилади. Ўзбекистонни 27 йил давомида узлуксиз бошқарган Ислом Каримовнинг номини The Foreign Policy журнали дунёдаги 10 та диктатор ҳукмдор сафига киритиб келган. Айни кунларда XXI-аср кечаётган бўлса-да, раҳбарлари чекланмаган ҳукмдорликга эга бўлган ва “диктатор” дея аташга лойиқ давлатлар ҳанузгача сақланиб қолмоқда. Диктаторнинг классик белгиларининг таърифи ушбудир: барча соҳаларда ҳокимият “жилови”ни бир қўлда жамланиши ва мамлакат қонунларини менсимаслик, унинг имиджи (тасвири) эса фақат сиёсий рақибларга қарши қатағонлар ва ўз фуқароларини таъқиб этишга қаратилган бўлади. Баъзи диктатуралар демократик бошқарув ва эркин давлатнинг ташқи белгиларига эга бўлсалар-да, мамлакатда олиб борилаётган реал сиёсат қонунга эмас, давлат бошлиғининг иродасига асосланади.

               2010 йилда The Foreign Policy 23 энг ашаддий диктаторлар рўйхатини эълон қилди. Улар орасида энг “одамхўри” Қурия Халқ Демократик Республикаси (ҚХДР) лидери Ким Чен Ир дея эътироф этилди, унинг ортидан Африка ва Осиё давлатлари бошлиқлари жой олишди. Ўшандан бери дунё анча «демократлашди»: бунга Шимолий Қурия лидери Ким Чен Ир, Ливия Жамахирияси бошлиғи Муамар Қаддофий ва Ҳабашистон бош вазири Мелес Зенауининг ўлими ҳамда Миср президенти Хусни Муборакни ҳокимиятдан кетказиш туртки бўлди. The Foreign Policy ўз саҳифасида инсоният тарихида ўтган энг “кўзга кўринган” ашаддий диктатор (ҳукмдор)лар ушбу рўйхатини келтиради: Адольф Ҳитлер (Германия)Бенито Муссолини (Италия)Иосиф Сталин (СССР)Франсиско Франко (Испания)Антониу де Салазар (Португалия)Николае Чаушеску (Руминия)Анвар Хўжа (Албания)Иосип Броз Тито (Югославия)Фидель Кастро (Куба)Аугусто Пиночет (Чили)Ким Ир Сен (Шимолий Қурия)Мао Цзэдун (Хитой)Пол Пот (Камбоджа)Муаммар Қаддофий (Ливия)Иди Амин (Уганда)Мобуту Сесе Секо (Заир)Жан-Бедель Бокасса (Марказий Африка Республикаси)Саддам Ҳусайн (Ироқ)Ҳофиз Асад (Сурия), Ислом Каримов (Ўзбекистон Республикаси).

            Қуйидаги жадвалга киритилган диктаторлар ўз давлатларида қанча вақт ҳукм сургани ёки сураётгани ҳақида маълумот келтирилган:

Исм-шарифи

(Туғилган ва вафот этган санаси)

Давлат

Бошқарув йиллари

Бошқарув йиллари сони

1

Ким Чен Ир
(194
1 й.т.—2011 й.в.э.)

 Қурия Халқ Демократик Республикаси

1994—2011

17

2

Роберт Мугабе
(1924 
й.т.)

 Зимбабве

1987 — 2017

30

Жан Бедель Бокасса

(1921 й.т. 1996 й.в.э.)

Марказий Африка Республикаси

1966 1979

13

3

Тан Шве
(1933 
й.т.)

 Мьянма

1992 — 2011

18

4

Умар ал-Бошир
(1944 
й.т.)

 Судан

1989 — ҳозиргача

29

5

Гурбангули Бердимуҳамедов
(1957 
й.т.)

 Туркманистон

2007 — ҳозиргача

11

6

Исайя Афеворк
(1946 
й.т.)

 Эритрея

1993 — ҳозиргача

25

7

Ислом Каримов
(1938
й.т.—2016 й.в.э.)

 Ўзбекистон

1989 — 2016

27

8

Маҳмуд Аҳмадинижод
(1956 
й.т.)

 Эрон

2005 —2013

8

9

Мелес Зенауи
(1955
й.т.—2012 й.в.э.)

 Ҳабашистон

(Эфиопия)

1991 — 2012

21

10

Ху Цзиньтао
(1942 
й.т.)

 Хитой Халқ Респубдикаси

2003 — 2013

10

11

Муаммар Каддофий
(1942
й.т.—2011 й.в.э.)

 Ливия Жамаҳирияси

1969 — 2011

42

12

Башар ал-Асад
(1965 
й.т.)

 Сурия

2000 — ҳозиргача

19

13

Идрис Деби
(1952 
й.т.)

 Чад

1990 — ҳозиргача

27

14

Теодоро Обианг Нгема Мбасого
(1942 
й.т.)

 Экваториал Гвинея

1979 — ҳозиргача

38

15

Хусни Муборак
(1928 
й.т.)

 Миср

1981 — 2011

29

16

Яйя Жамме
(1965 
й.т.)

 Гамбия

1996 — 2017

21

17

Уго Чавес
(1954
й.т.—2013 й.в.э.)

 Венесуэла

1999 — 2013

14

18

Блэз Компаоре
(1951 
й.т.)

 Буркина-Фасо

1987 — 2014

27

19

Йовери Мусевени
(1944 
й.т.)

 Уганда

1986 — ҳозиргача

33

20

Поль Кагаме
(1957 
й.т.)

 Руанда

2000 — ҳозиргача

18

21

Рауль Кастро
(1931 г.р.)

 Куба

2008 — 2018

10

22

Александр Лукашенко
(1954 
й.т.)

 Белоруссия

1994 — ҳозиргача

24

23

Поль Бийя
(1933 
й.т.)

 Камерун

1982 — ҳозиргача

36

24

Фидель Кастро

(1926 й.т.– 2016 й.в.э.)

Куба

1959 2008

49

Табиий, жадвал тўлиқ эмас, унга дунёдаги ўнлаб диктаторлар кирмай қолган – бу улар жадвалда келтирилган диктаторлардан яхши томонга фарқ қилади, дегани эмас. Мас., ушбу жадвалга Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, Россия Федерацияси президенти Владимир Путин, Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон ёки Венесуэла президенти Николас Мадурони бемалол киритавериш мумкин. Жадвалнинг муҳим бир жиҳати шундан иборат-ки, ўз сиёсий рақибини ўлдирган, унинг калласи ва гўштини совутгич (холодильник)да сақлаган, ҳар куни ўлдирилган рақибнинг совутгичда сақланган гўштидан тановул қилиб (еб) турган диктаторлар ҳам ундан жой олган – шулардан бири Жан Бедель Бокасса (Марказий Африка Республикаси).

Мазур жадвалга киритилган И.Каримов ўз рақибининг гўштини еганми-емаганми – номаълум, чунки унинг: 1) асосий рақибларидан бири, “Бирлик” Халқ Ҳаракати раиси, Абдураҳим Пўлат 1992 йил 20 декабрьда Ўзбекистонни тарк этиб, аввал Туркияда яшади, 1998 йилдан бошлаб эса АҚШда яшамоқда; 2) иккинчи рақиби “Эрк” партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳ 1991 йил 29 декабрьда муқобил (альтернатив) номзод сифатида президент сайловида қатнашган – табиий, сайловдан олдин, ёки сайлов куни, ёки сайловдан кейин И.Каримов уни ўлдириб гўштини еса, сўзсиз, катта шов-шув бўлиб кетарди. Сайлов ими-жимида ўтди, шов-шувнинг каттаси ҳам, кичиги ҳам бўлган эмас. А.Пўлат ортидан М.Солиҳ ҳам 1993 йил ёзида Ўзбекистондан чиқиб кетди –у Норвегия, Германия, Руминия ва Туркияда яшаган ёки яшамоқда, деган гап халқ орасида юргани маълум. А.Пўлат ҳам, М.Солиҳ ҳам Ўзбекистондан чиқиб кетиб тўғри иш қилишган – агар улар Елена Урлаева, Шўҳрат Рустам ёки Малоҳат Эшонқул кабилардай Ўзбекистонда юраверишганда, И.Каримов, сўзсиз, уларни ўлдириб, гўштини қийма-қийма қилиб, маза қилиб еб ўтирган бўларди.

1992 йилдан бошлаб Ўзбекистондан сонсиз-саноқсиз одамлар чиқиб кетишга мажбур бўлишди – айнан мажбур бўлишди, бекорчиликдан ёки “бир саёҳат қилиб келай” деб эмас, чунки улар олдида танлов турган эди: ё жим юрасан, ё чиқиб кетасан, ёки қамаласан! “Жим юриш” – И.Каримов олиб бораётган сиёсатни танқид қилмасликдан, “чиқиб кетиш” эса – узоқ йиллар ватан, қариндош-уруғ, ёру-биродар ва ўз ҳовлингни қумсаб ажнабий юртларда яшашдан иборат эди. Жим юрмаган ва чиқиб кетмаганлар бирин-кетин қамалди – Самандар Қўқон, Мамадали Маҳмуд, Мурод Жўра, Азам Фармон, Дилмурод Саййид, Аъзам Турғун, Жамшид Карим, Юсуф Рўзимурод, Рустам Усмон шулар жумласидан. Ўзбекистонни 27 йил бошқарган И.Каримов СССРнинг маҳсули эди. Биринчи навбатда у коммунист, иккинчи навбатда диктатор, учинчи навбатда эса ҳар қандай ўзгачафикрлиликга, яъни, ҳар қандай мухолифатга қарши шахс эди – диний бўладими, дунёвий бўладими, илмий бўладими, иқтисодий бўладими – фарқи йўқ! Ўз мақсадига эришиш йўлида И.Каримов ҳеч нарсадан, ҳатто қотилликдан ҳам, қайтмас эди – у буйруқ бермаса, Олий Мажлис депутатлари Тойиба Тўлаган ва Шовруқ Рўзимуродни ҳамда ўзбек-уйғур шоири Эмин Усмонни ўлдиришга, ўз ҳуқуқлари учун норозилик намойишига чиққан кўпминг сонли андижонликларни оттириб ташлашга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмас эди. Қамоқхоналар ва тергов ҳибсхоналари қанча одам қийноқлар қўлланиб ўлдирилганини ҳеч ким санаган эмас – бундай рақамни бўлажак судларда МХХ раҳбари Рустам Иноят, бош прокурор Рашид Қодир ва Ички ишлар вазири Зокир Алмат каби жаллодлар очиқлашлари мумкин.

Мен мақола сарлавҳасида “каримовизм” сўзини ишлатдим – у немис файласуфлари К.Маркс ва Ф.Ницше оммавий муомалага киритган “коммунизм” ва “нацизм” ғоялари каби “жарангдор” бўлмаса-да, моҳиятан улардан қолишмайди – ўзгачафикрлиликга чидамсизлик, яккаҳокимлик [диктатура], давлат қонунлари [Конституцияси]ни менсимаслик, табиий бойликлар бўйича дунёда энг илғор мамлакатлардан бири бўлган Ўзбекистон иқтисодини пахта монокультураси орқали харобага айлантириш, аҳолини, жумладан болаларни, пахта етиштиришда мажбурий меҳнатга жалб этиш, ҳамма соҳада зўравонлик, яъни, эркинликни буғиш, қўшни давлатлар билан “ит-мушук” сиёсатини олиб бориш, қамоқхоналарни маҳбуслар билан максимал тўлдириш, мамлакат ҳаётини тўлиқ прокуратура, милиция ва бошқа махсус хизматлар назорати остида бўлишини ташкил этиш – буларнинг барчаси И.Каримов Ўзбекистон Республикасининг президенти лавозимида ишлаган даврида яққол кузатилган.

Бироқ, “каримовизм” сўзидаги “изм” қўшимчаси уни “коммунизм” ёки “нацизм” каби ғоя дейиш учун етарлими? “Коммунизм” ва “нацизм” ғоялари устамонлик билан йўлга қўйилган пропаганда [ташвиқот] туфайли СССР ва Германияда ўз ортидан ўнлаб миллион одамларни эргаштирди. Савол: Ўзбекистонда ташвиқот қандай эди? Ўзбекистонда “каримовизм” ўз ортидан қанча ўзбекистонликни эргаштира олди? Жавоб: Ўзбекистонда ташвиқот зўр эди – 1) ўз фаолиятини мос равишда 1988 ва 1990 йилда бошлаган “Бирлик” Халқ Ҳаракати ва “Эрк” демократик партияси каби мухолифат кучларнинг ўзларини ҳам, уларнинг нашрларини ҳам И.Каримов ва унинг кучишлатар органлари 1992 йилгача таг-томири билан йўқ қилиб юборган эди; 2) “Ҳуррият” ўша пайтда Ўзбекистонда ҳафтада бир марта битта сони нашр этиладиган мухолиф кайфиятдаги ягона газета эди – адашмасам, 7 та сони нашрдан чиқгач, “Ҳуррият” ҳам ёпилди; 3) Ўзбекистонда нашр этиладиган бошқа газета ва журналлар уйқуга ётаётганда ҳам, уйқудан тураётганда ҳам “Ислом Абдуғаниевич минг йил яшасинлар! Ўзбек халқи бахти-саодати йўлида ҳеч қачон чарчамасинлар!” дейишни унутмасдилар. “Каримовизм” ғояси ўз ортидан қанча одамни эргаштира олганини ҳеч ким санаган эмас, бироқ Ўзбекистонда нашр этилган газета ва журналларнинг минглаб лаганбардор редакторлари ҳамда кучишлатар органларининг миллионлаб ходимлари “каримовизм” ғояси ортидан эргашгани ҳеч ким инкор эта олмайди.

Коммунизм ва нацизм каби ҳар қандай аксилинсон ва аксилхалқ ғоя охир-оқибат жамиятни, ҳатто ўзига тўқ жамиятни ҳам, деградация, яъни, тушкунлик ёқасига олиб келади. Бу яхшими, ёмонми? Коммунизм ғояси СССРдай улкан империя парчаланиб кетишига сабабчи бўлди: 1) унинг ўрнида қатор янги миллий давлатлар дунё юзини кўрди; 2) “Катта ака” (руслар) ва “кичик ука” (СССРнинг бошқа халқлари) каби улуғловчи ва камситувчи тушунчалар тарих ахлатхонасига улоқтирилди; 3) СССР пайтида ҳамиша улуғланадиган “совет демократияси” тушунчаси ёлғон эканлиги ўртага чиқди – Гуржистон, Арманистон, Молдова, Литва, Латвия ва Эстония ҳукуматлари ўз мамлакатларини ҳақиқий ғарбий демократик тузумга ўтказишга бел боғлашди, Германия эса дунёдаги энг демократик давлатларнинг бирига айланди. Демак, коммунизм ва нацизм каби тоталитар ғоялар бора-бора ўзини яратган давлат асосларини емириб, уни “ўлдирар экан” – коммунизм СССРни, нацизм Ҳитлер Германиясини “ўлдирди”.

Ҳозирги Ўзбекистон халқи ва ҳукумати олдида оғир – каримовизм ғоясини таг-томири билан йўқ қилиш – масаласи турибди. Ўзбекистоннинг Германия каби эркин, ривожланган демократик давлатга айланиши мазкур масала қанчалик тез ечилишига боғлиқ!

(Тамом)

13 февраль, 2019 йил;  

Жиззах вилояти, Ш.Рашидов тумани, Тоқчилиқ қишлоғи.

 

Advertisements
Categories: МАҚОЛАЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Create a free website or blog at WordPress.com.