СВЕТ ЎЧИШИ ЖОНГА ТЕГДИ

Толиб ЁҚУБ

ДАВЛАТ МОНОПОЛИЯСИ

Қишлоғимизда свет тез-тез ўчиб туради – бир кунда атиги 3-4 марта ўчса, “э, хайрият-эй, 5-10 марта ўчмади-я!” дея суюнамиз. Светимиз кечаси ҳам ўчиб туради. Шуниси чатоқроқ, чунки ҳожатга чиқа олмайсан – ҳожатхонанинг тешигини топиш… буёғини ўзингиз тушунасиз. Ёзда Франциядан меҳмонлар келишини кутиб турибмиз … юракни ҳовучлаб, турган гап! Биз-ку, светсизликга анча ўрганиб қолдик – пайпаслаб бўлса ҳам ҳожатхона тешигини топиб турибмиз. Францияда свет умуман ўчмайди. Бунга ўрганиб қолган меҳмонлар нима қилишаркин? Бошимиз қотиб турибди. Битта йўли – 3-4 та фонарик тайёрлаб қўйиш – бошқа йўли йўқ!

Шу кечаси узоқ ўйланиб ётдим. Уйқу келмайди. Ҳар хил ўй-ҳаёл. Бирдан, “лоп” этиб, бир сўз – “монополия” сўзи миямга урилди. Википедияга қарадим. “Монопо́лия (юнон тилида: μονο — бир; πωλέω — сотаман) — йирик корхона маҳсулотнинг бир ёки бир нечта турини ишлабчиқариш ва сотишни назорат қилса, бозорда рақобат бўлмаса, бозорда фақат битта фирма фаолият олиб борса. бундай. бозор тузилмаси монополия дейилади” дейилибди унда. Бу – шўбҳасиз, иқтисод соҳасидаги монополия. Демак, давлатимиз электроэнергия ишлаб чиқариш ва уни аҳолига сотишни ўзининг монополиясига айлантирибди! Рақиб йўқ, ва, демак, рақобат ҳам йўқ! Рақобат бўлмаган шароитда ўсиш ва ривожланиш тўхтайди. Ҳамма соҳада – иқтисодда ҳам, сиёсатда ҳам, матбуотда ҳам – фарқи йўқ! Ўсиш ва ривожланиш асосида хилма-хиллик ётади. Кўзингизнинг олдига келтиринг: Жиззахда давлатдан ташқари электроэнергия ишлаб чиқарадиган ва уни аҳолига сотадиган 2-3 та хусусий корхона ишлаб турганда эди, светнинг ўчиши кўпаярмиди, камаярмиди? Сўзсиз – камаяр эди! Ҳатто ўчмаслиги ҳам мумкин эди!

Монополия – ёмон нарса. Энг ёмони сиёсат ва матбуотдаги монополиядир – буни Ислом Каримов Республика раҳбари лавозимини эгаллаган кундан бошлаб ўзбек халқи бошидан кечирди. 1989 йилни эсланг – “Бирлик” халқ ҳаракати (БХҲ)нинг кўпминг сонли митинглари бутун Ўзбекистонни зилзиладай титратиб турарди. Шундан кейин И.Каримов “Бирлик” ва “Эрк”нинг барча нашрларини таъқиқ остига олди, мамлакат оммавий ахборот воситалари (ОАВ) эса мамлакат лидерини улуғлашга, унинг “ютуқ”ларини куйлашга мажбур қилинди – бошқача айтганда, Ўзбекистонда ОАВ давлат монополияси ўрнатилди – бу матбуот монополияси эди. Шу билан И.Каримовнинг кўнгли таскин топдими? Йўқ, албатта! Ҳали олдинда сиёсатда ҳам давлат монополиясини ўрнатиш масаласи турган эди. У Ўзбекистон тарихида биринчи марта ўтказилажак умумхалқ президент сайлови кунини, яъни, 1991 йил 29 декабрьни кутди. Сайловни “ютгач”, дарҳол сиёсий кураш майдонидан асосий рақиблар БХҲ ва “Эрк” партиясини йўқ қилишга киришди.

1992 йил охири, 1993 йил бошида эса ҳамма қоча бошлади. Яхши эсимда: шоир Ёдгор Обидга қарши 3 та сохта жиноий иш қўзғатилди ва у биринчи бўлиб Ўзбекистонни тарк этди. БХҲ лидери Абдураҳим Пўлат 1992 йил 20 декабрьда Озарбойжон орқали Туркияга чиқиб кетди, “Эрк” партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳ эса президент сайловида муқобил номзод сифатида қатнашган бўлса-да, тез орада қамоққа олинди ва Ички ишлар вазирлиги ертўласи (подвали)да бир ҳафта ўтириб чиқди. Шу тариқа, “мухолифат”, “мухолиф сиёсий куч” каби атамалар мамлакат ҳаётидан супуриб ташланди, яъни, сиёсатда давлат монополияси ўрнатилди. Давлатнинг матбуот ва сиёсатда ўз монополияларини шакллантириши ҳар қандай авторитар сиёсий система учун асосий таянчларга айланади – И.Каримов шундай “ютуқ”га эришди.

Россияда космонавтика давлат монополияси – бу мамлакатда космонавтика масалалари билан шуғулланадиган давлатдан бошқа ташкилот йўқ. АҚШ олимлари космосни ўзлаштириш масалалари билан шуғулланишни бошлаганда ҳам бу фаолият бошида давлатнинг битта ташкилоти NASA (National Aeronautics and Space Administration) турарди, яъни, космонавтика АҚШда ҳам давлат монополияси эди. Ўхшашлик бор-а? Бор! Бироқ, фарқ ҳам борми? Бу ҳам бор! Россия билан АҚШнинг асосий фарқи сиёсий тузумга бориб тақалади – Россияда авторитар, АҚШда эса демократик сиёсий тузум ўрнатилган! Фарқ – Ер билан Осмонча! АҚШда миллиардер Илон Маск хуссусий космонавтикага асос солди ва унинг ракеталарида Марс планетасига учиб боришга тайёр бўлган одамлар командасини шакллантира бошлади. Унинг SpaceX фирмаси Халқаро Космик Станция (ХКС)сига юк олиб борувчи ва ўзи Ерга қайтиб келувчи Dragon кемасини ишлаб чиқди – у шу ишларни бажара оладиган ягона қурилма ҳисобланади. Бошқача сўзлар билан айтганда, АҚШда космонавтика соҳасида давлат монополияси билан бир қаторда ҳусусий бизнес (ташкилот) ҳам фаолият олиб бормоқда. Бир қарашда, давлат монополияси ва хусусий тадбиркорлик бир-бирига қарама-қаршидай туюлади – кучлиси кучсизини янчиб ташлаши керак! Бироқ, ундай эмас! Тўғри, бу икки ташкилот [давлат ва хусусий фирма] бир-бирининг оғзидан “еб” турганини тортиб олишга интилиши керак! Аслида, ундай эмас – улар [давлат ва хусусий фирма]нинг рақобатли “ўйин”идан фақат халқ, яъни, жамият ютади! Демократия шунга асосланган!

“Францияда свет умуман ўчмайди!” – бу гапни мен юз, йўқ –минг, йўқ –миллион марта такрорлашга тайёрман. Бу гапни мен Ўзбекистонга Франциядан қайтиб келганимдан роппа-роса бир ой ўтгач, яъни, 2018 йил 30 октябрьда президент Ш.Мирзиёв ва Бош вазир Абдулла Арипов номига йўллаган мактубимда ёзган эдим. Менга турли давлат идораларидан жавоб хатлари келди, турли соҳа мутахассислари уйимга келиб сўҳбатлашиб кетишди, катта-катта ваъдалар беришди. Бироқ, … кўчамиздаги мактаб биносининг ёнгинасида ўрнатилган, даққиюнусдан қолган трансформаторни янгилашга кучлари етмади. Мустақил бўлганимизга салкам 30 йил бўлган бўлса-да, мамлакатда қатор университетлар ва илмий-текшириш институтлари ишлаб турган бўлса-да, Ўзбекистонда трансформатор ишлаб чиқарадиган битта завод ҳам қурилмабди – трансформатор ва унинг мойи ҳанузгача Россиядан олиб келинар экан! Яқинда бир юк машинаси бехосдан ўша трансформаторни туртиб юборибди – салкаи 2 сутка одамлар қоронғуда ўтиришди.

Оилалар счётчик кўрсатган пулни тўлашмасмикин, мабодо? Қизиқиб кўрдим. Анча одамлар билан сўҳбатлашдим, сўраб – суриштирдим, таниш-билишларга телефон қилиб битта саволга жавоб изладим: “Сизлар, счётчик кўрсатган пулни электросеть корхонасига тўлаяпсизларми ёки светни текинга ёқиб ўтирибсизларми?” Жавоб мени шошириб қўйди: “Нима деяпсиз, ўзи? Сиз электросеть ходими уйингизга келганда: “Ука, тўлашга бугун пулим йўқ, пенсиямни 5 кундан кейин оламан. Илтимос, бир ҳафтадан кейин келинг, свет пулини бажону-дил тўлайман” дея ақалли бир марта гаплашиб кўрганмисиз? Гаплашиб кўрмаган бўлсангиз, гаплашиб кўринг – у нима дейишини ўшанда биласиз: унинг авзойи дарров бузилади, ранги оқаради, қоши чимирилади, қовоғи пирпираб уча бошлайди, кейин … бирдан бақиради: “Нима деяпсан? Сен пенсия олдингми, олмадингми – мени қизиқтирмайди, мени светнинг пули қизиқтиради! Тушундингми? Сигиринг борми? Обчиқ сигирингни! Сигиринг йўқми, қўйинг бордир? Обчиқ қўйни – менга қўй ҳам бўлаверади! И-е, қўйинг ҳам йўқми? Гиламинг бордир, ахир? Ўзинг обчиқасанми гиламни ёки ўзим кириб обчиқайми?”

Электросеть вакилининг бундай муомаласига И.Каримов даврида ҳеч ким ажабланмас эди – улар одамларнинг: “Ўғлимнинг хатна тўйида халққа ош берсам сўяман” дея боқиб юрган қўйини электросеть ходими унинг ҳовлисидан еталаб олиб чиқиб кетганини талай марта кўрганмиз. Улар кирган ҳовлилардан қуруқ чиқишмас эди – ё хонадоннинг қўйи, бузоғи ёки сигирини ҳайдаб кетишарди ёки хонасига солиб ўтирган охирги гиламини машинаси юкхонасига тиқиб олиб кетишар эди – дардингни Худога айт! Мен-ку, ҳаётимнинг 12 йилини ўзига тўқ Францияда ўтказдим, бироқ узоқ хорижда яшасам-да, ватаним Ўзбекистондан узилиб қолмадим – мен унинг ҳаётини узоқдан бўлса-да кузатиб турдим. Электр энергиясини ишлаб чиқарадиган ва уни аҳолига сотадиган ташкилот ўта камбағалдир, балки? У ёғига етказса, бу ёғига етказа олмаётгандир, балки? Суриштирувимизда қатнашган ўнлаб одамларнинг фикрини бир умумий маҳражга келтирсак: “Электросеть ташкилоти “чўчқадан тўқ” деган гап келиб чиқди. “Чўчқадан тўқ” деган ибора нимани билдиришини суриштирсак – электросеть тармоғи ҳисоб-рақамига аҳолидан ҳар ойда ўнлаб миллиард сўм пул тушиши маълум бўлди. Тўғри, ўзбек сўми кучсиз валюта: $1=8404 cўм, лекин дунёда валютаси бундан-да кучсиз давлатлар бўлиб, уларда негадир свет ўчмайди.

Бир муҳим фикрни қайта ва қайта такрорлашга тўғри келади: давлат монополияси ўта хавфли, ўта аксилинсон ва ўта аксилхалқ иллат бўлиб, демократик давлатларнинг назорат органлари (мас., прокуратура) ҳамма вақт унга қарши курашиб келишган. Ўзбекистон Республикаси “Прокуратура тўғрисида” қонунининг 2-моддасидаёқ ушбу даъвога дуч келамиз: [Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг асосий вазифалари] “Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг асосий вазифалари қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишдан иборат”. Чиройли ва гўзал қонун! Амали ҳам чиройли ва гўзал бўлса, у бебаҳо қонунга айланради. Бироқ, … уни амалга оширишда эҳтиёт бўлиш керак, дуч келган прокурорга ишонавериш ярамайди. Масалан, Жиззах ва Сирдарё вилоятларининг собиқ прокурори, илгари Ўзбекистон Республикаси Бош Порахўри (прокурори) Рашид Қодировнинг 1-ўринбосари вазифасида ишлаган, Жиззах тумани Тоқчилиқ қишлоғида туғилиб ўсган Азимжон УрдушеВИЧ ЭргашЕВни бу ишга аралаштириб бўлмайди – у бор нарсани ҳам йўқ қилади.

Ушбу мақолани ёзаётиб, мен ўйланиб қолдим: мақолани кимларга юбориш керак? Кимлар уни жиддий қабул қилади? Унда кўтарилган масалаларни кимлар холисона текшириб, тегишли қарорлар қабул қилади? Шундай инсонлар топилса, оддий халқ миннатдор бўлармикин?

Ўйлаб-ўйлаб, мен мақолани: 1) Ш.Рашидов тумани прокурори; 2) Жиззах вилояти прокурори; 3) Ш.Рашидов тумани ҳокими; 4) Жиззах вилояти ҳокими; 5) Жиззах шаҳри ва Жиззах тумани электросеть корхоналари раҳбарларига, хат адресатга топширилгани ҳақида билдиришнома юбориши шарти билан почта орқали юборишга қарор қилдим.

12 йиллик умрини ўта ривожланган Францияда ўтказган, Ўзбекистон Республикаси президенти Ш.Мирзиёвнинг саъй-ҳаракати билан ватанга қайтган, қандли диабетнинг оғир формасига чалинган, Тоқчилиқ қишлоғида свет ўчавериб жонига теккан, 78 ёшли қария

Толиб ЁҚУБ.

27 февраль, 2019 йил; Жиззах вилояти, Ш.Рашидов тумани, Тоқчилиқ ҚФЙ, Ҳамид Олимжон кўчаси, 27-уй.

 

 

 

 

Categories: МАҚОЛАЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.