ИККИ ФАОЛ

РУСЛАШТИРИШ  СИЁСАТИ  ҲАҚИДА

Толиб ЁҚУБ

              Тоқчилиқ қишлоғида иккита фаол йигит бор – бири узоқ йиллар милиция сафларида хизмат қилиб истеъфога чиққан подполковник Орзиқул Ўрол, иккинчиси Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) Жиззах тумани бўлими раиси Мамир Азим. Айтиш лозим-ки, аввало совет армияси ва совет –ўзбек милициясида Орзиқулнинг “суяги қотган” – ўзининг айтишича, у уч марта совет армиясига чақирилган, биринчи марта хизматни Узоқ Шарқдаги Приозёрск шаҳрида, милиция хизматини эса Жиззахда ўтаган. Совет-ўзбек милицияси ўз ходим (кадр)лари соғлиғини ўта қадрлар экан – улар учун Тошкентда махсус даволаниш ва дам олиш маскани (санаторияси) узлуксиз ишлаб туради. Мабодо, собиқ кадр у-бу ишга овора бўлиб даволаниш ва дам олишга бориш ёдидан кўтарилиб кетса, уни санаториядан қўнғироқ қилиб чақириб олишар экан. Фаол йигитларнинг иккаласи ҳам мени ўта ҳурмат қилишади – мен Франциядан қайтган кунларим улар биринчи бўлиб, ҳатто қариндош-уруғларимдан ҳам олдинроқ, мени уйларига таклиф этишиб меҳмон қилишди, меҳмонгарчилик тугагач эса, ҳар иккала хонадондан шоҳи белбоғ ва у-бу нарса ўралган тугун билан ҳовлимга қайтдим.

            Ҳар иккала фаол Тоқчилиқ маҳалласи аҳли манфаати йўлида ўта куйинчак йигитлар экан, яъни, кўчаларнинг абгорлигини, совет даврида қурилган поликлиника тагкурсиси (фундаменти) ерга ботиб кетгани, кичкинтойлар учун ўйин майдончалари ташкил этилмагани; аҳоли учун замонавий маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари йўқлиги, умумий овқатланиш тармоқлари, қариялар учун ҳордиқ чиқариш масканлари (тўйхоналар, чойхоналар, кутубхона) ташкил этилмагани уларнинг юрак-бағрини эзиб юборар экан. Бир куни хонамда ўтирсам, иккала фаол кириб келишди – саломлашдик, бир-биримиздан ҳол-аҳвол сўрадик, бола-чақани суриштирдик, кейин улар асосий мавзуга ўтишди. Асосий мавзу – Тоқчилиқ маҳалласида тўпланиб қолган муаммоларга туман, вилоят, керак бўлса, Республика раҳбарларининг диққатини жалб этиш экан! “Толиб ака, сиз Франциядан қайтгач, давлатимиз президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаатнома ёздингиз – сизга кўплаб давлат идораларидан хатлар келди, уйингизга кўплаб мутахассислар келиб кетишди, фикрингизни ўрганишди. Биз ҳам Тоқчилиқ маҳалласи муаммоларини туман, вилоят, керак бўлса, Республика миқёсида кўтариш, муҳокама қилиш ва ижобий ечим топиш тарафдоримиз. Илтимос, тегишли идораларга маҳалламиз аҳолиси номидан бир мурожаатнома ёзиб берсангиз. Биз маҳалла фаолларининг имзосини тўплаб почта орқали уни тегишли адресларга жўнатамиз” дейишди фаол йигитлар.

              Олийжаноб иш! Бундай ишни ҳар қандай одам ўйлаб-нетиб ўтирмай, қўлидан келса – қилавериши керак! Мен ҳам ўйлаб-нетиб ўтирмай дарҳол ишга киришдим ва мактуб бошига

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ВАЗИРИ Абдулла ОРИФга

Нусхалари: Жиззах вилояти ҳокими Эргаш СОЛИга

Жиззах вилояти Ш.Рашидов тумани ҳокими Зойир МИРЗАга

МУРОЖААТНОМА

кўринишдаги ёзувни битдим. Фаоллар ёнгинамда ўтиришар ва мен компьютерим экранида нималарни ёзаётганимни кўриб туришарди. Бир қарасам, фаолларнинг авзойи бузилгандай кўринди – эътибор бермадим. Мен мурожаатнома матнини ёзиб тугатиб, Тоқчилиқ маҳалласи аҳолиси номидан мурожаатномага имзо чекадиган маҳалладошлар рўйхатини ёза бошладим. Фаолларга яна бир қарасам, уларнинг кайфияти тамоман бузилиб кетибди – мени “еб қўйгандай” ўтиришибди. Сабабини тушунмадим.

              Мен Тоқчилиқ қишлоғи аҳолиси номидан имзо чекувчиларнинг дастлабки рўйхатини ёза бошладим:

               Қурбонбой Худойберди (МФЙ раиси);    

               Латифжон Маматқодир (қишлоқ оқсоқоли);

               Орзиқул Ўрол (истеъфодаги подполковник);

               Мамир Азим (маҳалла фаоли);

               Толиб Ёқуб (физ.-мат. фанлари номзоди, доцент);

                 Ҳазратқул Йўлдош (мактаб директори);

                 Абдураҳмон Абдураҳим (маҳалла фаоли);

                 Азам Фармон (ҳуқуқбон);

              Шу жойга келганимда фаоллар мени тўхтатишди ва … “Абдулла Ориф”ни “Абдулла Арипов”, “Эргаш Соли”ни “Эргаш Салиев”, “Зойир Мирза”ни “Зойир Мирзаев” қилиб ўзгартиришни, улар имзо чекувчилар исм-шарифини “бузиб ёзмаслик”ни ҳам талаб қилишди. Мен унамадим. Мен катта лавозимли давлат мулозимларининг исм-шарифини миллийлаштириб ёзганим уларни қўрқитиб юборибди. Тўғри-да, ўзлари ҳам мурожаатга имзо чекишлари керак-ку! Имзо чекдингми – демак, сен мурожаатнинг “а”дан “я”сигача ҳар бир сўзигагина эмас, ҳар бир ҳарфига ҳам жавобгарликни бўйнингга оласан! Вассалом! Хуллас, фаоллар мурожаатномани флешкага ёзиб олишди ва … маҳалла фаоллари орасида аҳоли номидан имзо тўплашни уюштиришга ваъда беришиб чиқиб кетишди. Бу воқеа бўлганига салкам бир ой бўлди – шундан сўнг фаоллар қорасини ҳам кўрсатишгани йўқ: имзо тўплашдими-йўқми, тўплашмаган бўлса, нега тўплашмади, тўплашган бўлса, мурожаатномани тегишли идораларга тақдим этишдими-йўқми – бу масалалар менга тамоман қоронғу бўлиб турибди.

              Қўрқув – инсон табиатига хос ҳис-туйғу эканини ҳамма билади. Биров қопағон итдан қўрқади, cузишни ўрганмаган одам ҳовузда чўмилишдан қўрқади, баъзи одамлар бевақт ўлимдан қўрқади, бироқ … юқори лавозимли давлат мулозимларининг исм-шарифини миллийлаштириб ёзилишидан қўрққан одамларга биринчи марта дуч келдим – улар менинг маҳалладошларим Орзиқул Ўрол [э, кечирасиз: Ўралов] ва Мамир Азим [Азимов] бўлиб чиқишди. Рўпарангизда кўринган бир одамдан: “Исм-шарифинг нима?” деган саволингизга у: “Андраник Мовсисян” дея жавоб берса, сиз дарҳол ичингизда: “Ҳа-а-а, бу йигит армани экан!” дея ўйлайсиз, “Анзор Котрикадзе” дея жавоб берса, сиз у гуржи (грузин) миллатли инсон экан, деган хулосага келасиз. Марказий Осиё (МО)да, хусусан, ҳозирги Ўзбекистон Республикаси ҳудудида XIX-аср ўрталарила чор Россияси, ХХ-асрнинг 20-чи йилларида Россия большевиклари томонидан олиб борилган руслаштириш сиёсати ўзбек, қозоқ, тожик, туркман ва қирғизларни ўзлигини, хусусан ўз исм-шарифларини тамоман унутишга олиб келди.

              Мустақиллик ўзбекларни руслаштириш сиёсатидан холос этдими? Йўқ, албатта! Мустақиллик арафасида Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси (ЎзССР)га Москва томонидан Ислом Каримов раҳбар этиб тайинланди [23 июнь 1989 йил]. Ўша пайтда у ўзбек тилида чала-чулпа ҳам гапира олмас эди – сабаби эса оддий: 1) И.Каримов болалик йилларини тарбия нуқул рус тилида олиб борилган “Болалар уйи” [Дом ребенка]да ўтказган; 2) ўрта мактабни рус синфида ўқиб битирган; 3) Тошкент Политехника институтида рус гуруҳида ўқиган; 4) у ЎзССР молия вазири, ЎзССР Госплани [Давлат режалаштириш қўмитаси] раиси, ЎзССР коммунистик партияси Қашқадарё вилоят қўмитаси 1-котиби, ЎзССР коммунистик партияси 1-котиби, Тошкент қишлоқ хўжалиги машиналари [Ташсельмаш] ва В.Чкалов номли авиация заводларида турли лавозимларда ишлаганда барча давлат ҳужжатлари рус тилида юритилган; 5) турмуш ўртоқлари Наталья Кучмий ва Татьяна Каримова рус миллатига мансуб аёллар бўлган; 6) мустақиллик йилларининг бошида И.Каримов кутилмаганда ЎзССР ўзбек тили ва адабиёти илмий-тепкшириш институтининг директори Бахтиёр Назаровни давлат маслаҳатчиси лавозимига таклиф этди – тушунган тушунди, тушунмаган ҳайрон бўлиб юраверди: Б.Назаров И.Каримовдай коммунистга қандай маслаҳат бериши мумкин? У ҳеч қандай маслаҳат берган эмас – у унга ўзбек тилини ўргата бошлади. Ўзингиз ўйлаб кўринг: “ўзбеклар ватани” маъносини англатадиган Ўзбекистон дея аталмиш давлатда президент ўзбек тилини билмаслиги кулгулик эмасми?

              И.Каримовни ўзбек тилида ҳеч бўлмаганда чала-чулпа гапиришга ўргатиш учун Б.Назаров бор кучи билан ҳаракат қилди. Кучи етмади – руспараст И.Каримов ўзбек тилида илгари қандай [чала-чулпа] гапирган бўлса, умрининг охиригача ўшандай [чала-чулпа] гапиришдан нарига ўтмади. Ўзбек тилини давлат тили сифатида Конституцияда акс эттириш масаласида И.Каримов уч пуллик иш қилган эмас – бу ишни “Бирлик” Халқ Ҳаракати (БХҲ)нинг кўпмингли ва шиддатли митинглари амалга оширди. Руспараст И.Каримов мамлакатда руслаштириш сиёсатини олиб боришнинг бошида турди: давлатнинг барча ҳужжатлари аввал рус тилида ёзилди, таржимонлар эса уларнинг бир қисмини ўзбек тилига ўгириб туришди. Саратон (рак) касаллигига чалинган организмни рак ҳужайралари бора-бора тўлиқ эгаллаб олиши каби руслаштириш сиёсати ҳам рак каби ўзбек жамиятини тўлиқ қамраб олди.

              Мен Франциядан қайтганимдан роппа-роса бир ой ўтгач, мамлакат президенти Ш.Мирзиёев ва Бош вазири Абдулла Арипов номига қатор таклифлар билан мурожаатнома йўлладим – шуларнинг бирини мен “СССРдан ҚОЛГАН РУСЛАШТИРИШ СИЁСАТИДАН ВОЗ КЕЧИШ ВАҚТИ КЕЛДИ” дея номладим ва унда, жумладан, “СССР пайтида Арманистон, Гуржистон, Литва, Латвия ва Эстония халқлари руслаштириш сиёсатини қабул қилмадилар, улар ўз тили, алифбоси, маданияти ва кўпгина бошқа қадриятларини сақлаб қолдилар. Яккам, дуккамларни ҳисобга олмаганда, ана шу халқлар вакилларининг барчаси фамилиялари ва отасининг исмига русча “ов”, “ова”, “ев”, “ева”, “вич”, “на” каби “думча”ларни уламадилар. Ютуқ нимада кўринди? Мазкур халқларга мансуб одамларнинг фамилиясини эшитибоқ (ўқибоқ) дунё бўйлаб инсонлар улар қайси миллат вакиллари эканини: “Бу – арман экан”, “Бу – гуржи экан”, “Бу – литвалик экан”, “Бу – латвиялик экан”, “Бу – эстон экан” дея адашмай айтадиган бўлишди” дея ёзган эдим. Йўллаган таклифларим бўйича давлат идораларидан 15 дан зиёд хатлар олдим, бир неча соҳалар вакиллари уйимга келишди ва мен билан сўҳбатлар ўтказишди. Бироқ, … руслаштириш сиёсатидан воз кечиш масаласида ҳеч қандай реакция бўлмади. Чамаси, руслаштириш сиёсати халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган экан – буни бошқача тушунтириш мумкинми? Йўқ, мумкин эмас!

         XIX-аср ва ундан аввал ижод этган мутафаккирлар Алишер Навоий, Муҳаммад Аминхўжа Муқимий, Бобораҳим Машраб, Зокиржон Холмуҳаммад Фурқат ҳамда ХХ-асрда яшаган Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Комил Хоразмий, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Сулаймонўғли Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Усмон Носир, Набихон Чустий, Асқарали Ҳамроали ўғли Чархийнинг исм ва шарифларига қаранг – улар миллийлиги ва жарангдорлиги билан ажралиб туради. Мен шуни орзу қиламан – тириклигимда шуни ўз кўзим билан кўриб қолай, дейман. Ўзбекистонда руслаштириш сиёсати яна неча йил давом этаркин? 5 йилми, 10 йилми, ё 50 йилми? Қанча? Уф-ф-ф, сабрим тугади!

        3 март, 2019 йил;              Жиззах вилояти, Ш.Рашидов тумани, Тоқчилиқ қишлоғи, Ҳамид Олимжон кўчаси, 27-уй.

       

 

 

 

Advertisements
Categories: МАҚОЛАЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Create a free website or blog at WordPress.com.