ҲАЙРОНМАН

              Толиб ЁҚУБ

ИККИ ФИГУРАНТ

ёҳуд

ҲАЙРОНЛИКНИНГ ЧЕКИ ЙЎҚ

Аслида ушбу мақола “Уч фигурант ёҳуд ҳайронликнинг чеки йўқ” дея аталгани тўғри бўларди, бироқ мен уни “Икки фигурант ёҳуд ҳайронликнинг чеки йўқ” дея аташга қарор қилдим. Қароримни тушунтираман. Гап шунда-ки, мен ушбу мақолани бирин-кетин судланган икки фигурант: Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) Сирдарё вилояти бўлимининг раиси Азамжон Фармон, Ўзбекистон Республикасининг 1-чи президенти Ислом Каримнинг тўнғич қизи Гулнора Карим ва ҳали судланмаган Сирдарё вилояти прокурори Азимжон Эргашга бағишламоқчи эдим. Ўйлаб қарасам, Азимжон Эргашни “фигурант” дейиш мушкул, чунки у, юқорида айтганимдай, ҳали судланган эмас! Бироқ, Ўзбекистоннинг 1-чи президенти 2016 йил август ойи охирида бўкиб ароқ ичиб, 2 сентябрь куни Аллоҳга омонатини топширди, яъни, ўлди! Замон ўзгарди. Ўзбекистонни янги президент Шавкат Мирзиё бошқармоқда. И.Карим даврида “ўс…ғи” том тешадиган қатор мулозимлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош Порахўри Рашид Қодир қамоққа олинди – Азимжон Эргаш бир пайтлар унинг 1-чи ўринбосари лавозимида ишлаган. У ўта пихини ёрган мулозим бўлгани сабабли қамалмай қолди. Ҳали навбат келган эмас! Бу – янги раҳбариятнинг сиёсий иродасига боғлиқ!

Бойлик тўплаш бобида Азимжон Эргаш Гулнора Каримнинг “патаги”га ҳам арзимайди, бироқ уни камбағал деб ҳам бўлмайди. У Бош Порахўрнинг 1-чи ўринбосари лавозимида ишлаганда унинг “қўли ҳамма жойга етган”, “ошиғи олчи” бўлган. Тасаввур қилинг – 12 вилоят ва Қорақалпоғистон Республикаси прокуратуралари, уларнинг таркибидаги шаҳар ва туман прокуратуралари бошлиқлари “гаҳ!” десанг “лаббай!” дея оғзингга қараб туришади, “салласини олиб кел!” десанг калласи билан қўшиб олиб келишади – бундай имкониятдан воз кечиб бўладими? Бундай имконият инсонга фақат бир марта берилади – қўл чўзиб уни ушлаб олсанг марра сеники, акс ҳолда тишингнинг кирини сўриб юраверасан! Азимжон Эргаш унга икки қўли билан тармашди ва … беҳисоб бойлик оқиб кела бошлади. Йўқ, ҳаммасини ўзи еган эмас – у тегишли одамларга, масалан, ўзининг шефи Рашид Қодирга, чўзиб ҳам турди. У ҳозир нафақада. Тоқчилиқ элининг маърака-чаракасига деярли бормайди. Унинг заводи ва бир нечта автозаправкалари бор – улардан мўмайгина даромад келиб турибди. Бироқ, ҳар замонда юраги така-пука бўлиб санчиб туради, атрофга аланглаб қарашга мажбур қилади. Қўрқади. Илгари қилган жиноятлари эсига тушади. “Қамоққа олгани бугун келишармикин, ё эртагами?” деган ҳаёл ҳар куни миясига урилади.

2019 йил 6 март куни, Халқаро хотин-қизлар байрами 8-март арафасида www.kun.uz сайти Ислом Каримнинг тўнғич қизи Гулнора Каримга тегишли кўчмас мулклар ҳақида “улкан” мақола чоп этди. “Улкан” сўзи қўштирноқ ичига олингани мақола юзлаб (минглабдир, балки?) сўзлардан иборат экан, дегани эмас – мақоланинг 90% ҳажмини Г.Карим чет элларда сотиб олган барча кўчмас мулк (квартиралар, пентхауслар, уйлар, виллалар ва самолёт)нинг расм (фото)лари эгаллаган. Мана, ўша мақоланинг линки: https://kun.uz/news/2019/03/06/karimova-ishi-talon-toroj-etilgan-pullar-nimalarga-sarflangan   Мақолада Гулнора Каримга тегишли 18 та кўчмас мулк [недвижимость] ва битта самолётнинг расми келтирилган – бу маълумлари! Номаълумларини ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди!

           Мақолада тергов натижалари келтирилади – мана уларнинг баъзилари:                         (А): Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 августдаги ҳукми билан Г.Карим айбланаётган жиноятлар — жумладан, 2 трлн. 91,4 млрд. сўмлик солиқларни тўлашдан бўйин товлашни содир этишда айбдор, деб топилган.                                                                                                                           (В): Жиноят иши бўйича давлат ва фуқаролар манфаатларига етказилган зарарнинг умумий суммаси 1 трлн. 270 млрд. 200 млн. сўм, 1 млрд. 651,8 млн. АҚШ доллари, 26,1 млн. евро — миллий валютада жами 3 трлн. 746,8 млн. сўмни ташкил этади. Нашр бу ўғирланган пулларни халқ фойдаси йўлида нималарга ишлатиш мумкин эди, дея савол қўяди ва қилиниши мумкин бўлган қатор ишлар рўйхатини келтиради. Мана улар:

         – 34 минг кам таъминланган оилага 2 сотихли намунали уй-жой харид қилиш;                                          – 20 минг 200 оилага 4 сотихли 4 хонали намунали уй-жой харид қилиш;                                                  – Тошкент пропискасини қўлга киритиш имконини берувчи янги уйлардан – 10.008 та харид қилиш;  – 12,5 минг км қишлоқ йўлларини асфальт қилиш;                                                                                         – 1 миллиард сўмлик замонавий қишлоқ мактаблардан 3746 та барпо этиш;                                              – 1441 та Миробод туманидаги Ш.Рашид номидаги замонавий маҳалла маркази сингари янги маҳалла гузарлари бунёд этиш;                                                                                                                         – умумий қиймати 254,5 млн. АҚШ доллари бўлган “Саломатлик-3” лойиҳасини тўлиқ 3,5 марта амалга ошириш мумкин: бунда республикамиздаги 172 та туман ва шаҳарлардаги тиббиёт бирлашмаларига ўртача қиймати 700-750 минг АҚШ долларни ташкил этадиган жиҳозлар 3,5 мартадан етказиб берилади.                                                                                                                                                            – маргарин, қуюлтирилган сут ва майонез ишлаб чиқарувчи заводдан 918 та қуриш ва ҳоказо.

  Ўрисча “правосудие” сўзи ўзбек тилига “одил суд” дея таржима қилинган – унинг асосида “адл”, “адлия”, “адолат” каби тушунчалар ётади. Ҳамма соҳада адолат! Ҳамма учун бир хил! Бироқ… И.Карим даврида Бош Порахўр Рашид Қодир ҳар қадамда: “Мана бу президентнинг қизи, унга кўпроқ адолат билан қараш керак, анави оддий деҳқоннинг ўғли, унга адолат кўзи билан қараш шарт эмас!” дерди, унинг 1-ўринбосари, жиззахлик, Тоқчилиқ қишлоғида туғилиб ўсган Азимжон Эргаш эса: “Хўп, бўлади, тақсир! Айтганингиздай бўлади! Прокурорларимиз, қани, бажармай кўришсин-чи, қаерда туришаркин” дея таъзим бажо келтирар эди. Мен ушбу мақолани “Икки фигурант ёҳуд ҳайронликнинг чеки йўқ” дея номладим. Жиноят иши (ж/и)да айбланувчи ёки жиноят содир этишда гумонланувчи шахсни юрист-мутахассислар “фигурант” дейишади. Икки фигурант ким? Бири Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримнинг тўнғич қизи Гулнора Карим, иккинчиси Фарғона вилояти, Бешариқ тумани, Оқмачит қишлоғида қаварган қўлларида кетмон кўтариб умри ўтган деҳқон Турғун Фармоннинг ўғли, “Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти” (ЎИҲЖ) номли ҳуқуқбонлик ташкилотининг раиси Толиб Ёқубнинг куёви Азамжон Фармон! Гулнора Карим “чўчқадай тўқ” бой аёл, Азамжон Фармон эса Гулистон шаҳрида 1(бир) хонали квартираси бўлган ҳуқуқбон йигит.

Ижтимоий тафовутга қаранг – биринчиси давлатнинг биринчи шахси бўлган президентнинг қизи, иккинчиси эса умр бўйи елкасидан кетмон тушмаган деҳқоннинг ўғли! Уларнинг фаолияти нимадан иборат бўлган? Биринчиси ўғри бўлган – у ўзбек халқининг ТРИЛЛИОНлаб сўм пулини ўзлаштирган, ўғирланган пулларга чет элларда ўнлаб уйлар, виллалар, пентхауслар, квартиралар ва, ҳатто, битта самолёт ҳам сотиб олган, иккинчиси инсон ҳуқуқларини, асосан, фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланган – у судларда фермерлар ҳуқуқини текинга ҳимоя қилган! Бу 2006 йилда Ўзбекистон Республикаси Бош Порахўри Рашид Қодирни жиддий ўйлантириб қўйди: НИМА ҚИЛИШ КЕРАК? Ўғрини қамасинми, тўғриними? Гулнорани қамаб бўлмайди – у, биринчидан, президентнинг қизи, иккинчидан, ўзига ўхшаган қип-қизил ўғри!

Лекин, Сирдарё вилояти прокурори Азимжон Эргаш деярли ҳар куни: “Ўртоқ начальник, бизда, Гулистонда, Азамжон Фармон деган ҳуқуқбон каллани ачитворди – у судларда фермерларни ҳимоя қилиб мўмай пул ўғирлашга тўсқинлик қилаяпти! Айтинг, нима қилай?” дея қўнғироқ қилиб турибди. “Бунинг олдини олиш керак – даромад пасайиб кетади!” дея ўйлади Бош Порахўр ва қўлини телефонга чўзди: “Алё, Азиммисан? Гулистондаги анавини қамавор! Тушундингми? Қанча тез бўлса, шунча яхши! Даромад пасаймасин! Пасайса каллангни оламан! Яна бир марта сўраяпман: тушундингми?” “Тушундим, ўртоқ начальник, “шесть секунд”да қаматвораман, бир эмас, икки вилоятда – Сирдарё вилоятида ҳам, Жиззах вилоятида ҳам – ж/и қўзғатишни ташкиллаштираман! Жиноят Жиззах вилоятида эмас, Сирдарё вилоятида содир этилган-ку, дея ажабланманг, ўртоқ начальник! Керак бўлса, учинчи вилоятда ҳам, масалан, Сурхандарё вилоятида ёки Қорақалпоғистон Республикасида ж/и қўзғаттириш мен учун ҳеч гап эмас, ўртоқ начальник!”

Азимжон Эргаш Рашид Қодирнинг ўнг қўли – у илгари унинг 1-ўринбосари лавозимида ишлаган – унинг “айтгани айтган, дегани деган”! Азимжон Эргаш аввал Жиззах вилояти прокуратурасининг махсус ишларни тергов қилиш бўйича катта терговчиси Қаҳҳор Маллага, кейин Сирдарё вилояти Ички Ишлар Бошқармаси (ИИБ) Тергов Бўлими (ТБ) терговчиси подполковник Бозорбой Қодирга телефон қилади ва ҳуқуқбон Азамжон Фармонга нисбатан ж/и қўзғатишни тайинлайди – терговчиларнинг иккаласи ҳам: “Есть, ўртоқ прокурор!” дея розилик билдиришади. Қ.Малла ҳам, Б.Қодир ҳам А.Фармонга нисбатан деярли бир хил ж/и қўзғатиш қарорини қабул қилишади – улар ўз қарорларида А.Фармон ва унинг “жиноий шериги” Алишер Каромат Жиззах вилояти, Даштобод туманида жойлашган автомобилларга ёқилғи қуйиш шаҳобчаси (АЁҚШ) экспедитори Ўктам Маматқулдан товламачилик йўли билан 600.000 сўм [ўша пайтдаги курс бўйича $300] олаётган пайтда Жиззах вилояти прокуратураси ва ИИБ ходимлари томонидан НАҚД ушланганини иддао қилишади.

Суд жараёни Янгиер шаҳрида бўлиб ўтди, судга Янгиер шаҳар суди раиси Эркин Хидирбой раислик қилди, мен бошида, ж/ининг суд ишюритувида, судья Э.Хидирбой чиқарган ажрими асосида қонуний ҳимоячи бўлиб қатнашдим. Такрорлайман – мен суд ишюритувининг фақат бошида қонуний ҳимоячи бўлиб суд ишюритувида иштирок этганман, чунки судья Э.Хидирбой терговчилар Қ.Малла ва Б.Қодир судланувчиларга нисбатан қип-қизил сохта ж/и қўзғатишганининг исботини топганимни ўқиб кўриб қўрқиб кетди ва иккинчи ажрими билан мени ҳимоячиликдан чиқариб юборди. Ўша кунларда мен мазкур қонунбузарликларни текшириш ва тегишли қонуний чоралар кўришни сўраб Бош Порахўр Р.Қодирга мурожаат қилдим – жавоб бўлмади. Бу воқеалар 2006 йил 29 апрелидан 15-20 июлигача бўлиб ўтди. Шундан кейин орқамдан эрта-ю кеч шпик одамлар юрганини сезиб қолдим ва ватандан ўзга юртларнинг бирига чиқиб кетиш пайти келганини – Р.Қодир шотирлари менинг ўзимга қарши сохта ж/и қўзғатишни мўлжаллаётганини, тушундим. Мен устимдаги кийимим, ж/и материаллари [2 та ж/и қўзғатиш қарорлари, судья чиқарган 2 та ажрим, ҳукм ва ҳоказо], Жиноят Кодекси (ЖК), Жиноят-процессуал Кодекси (ЖПК) каби 3-4 та китоб билан Юнусободдаги уйимни тарк этдим – аввал Қозоғистонинг Алмати шаҳрига автобусда, у ердан эса Парижга самолётда жўнаб кетдим. Ҳақиқат учун айтишим лозим-ки, юқорида айтилган ҳужжатларнинг бир қисмини Янгиер шаҳар суди ходимаси [исми-шарифи ёдимга келмади] судья Э.Хидирбойга билдирмасдан нусха кўчириб (копия қилиб) берди.

Мен ўғлим, келиним ва 3 та неварам билан Франциянинг Angers шаҳрида яшаган пайтимда Азамжон Фармоннинг ж/и материалларини ипидан-игнасигача қайтадан ўрганиб чиқдим. Ж/и тамоман сохта қўзғатилгани менга кундай равшан бўлди – ж/ишдаги ҳар бир эпизодни мен қайта-қайта ўрганиб чиқдим, уларни қоғозга туширганимда уларга сайқал бердим. Натижада, Азамжон ишидаги қаллобликларнинг инкор этиб бўлмас исботини топдим ва уни Ўзбекистон Республикаси Олий суди (ОС) раиси Бўритош Мустафо номига 4 (тўрт) марта: биринчи марта ўзимнинг номимдан, иккинчисини қизим Озода Ёқуб, учинчисини “Эзгулик” ҳуқуқбонлик ташкилоти аъзоси [ҳозирги пайтда унинг раиси] Абдураҳмон Ташан, тўртинчисини [Азамжон жазони ўтаётган УЯ 64/71 қамоқхонаси бошлиғи Ботир Кенжа орқали] Азамжоннинг ўзининг номидан буюртма хат қилиб жўнатдим – ОСдан тайинли жавоб келмади: фақат бир марта Озода номига: “Сиз турмуш ўртоғингизнинг ж/ишида ҳимоячи бўлиб қатнашмагансиз. Шунинг учун сизнинг шикоятингизни қараб чиқмасликга қарор қилинди” деган мазмунда жавоб юборишган. Аслида, ОС раиси тайинли жавоб беришга ожиз эди. Сабаби оддий: 1) ОС ходимлари менинг исботимдан хато топиша олмаган; 2) агар улар арзимаган бўлса-да, бирор хато топишганда эди, улардан менга: “Сиз исботингизнинг … жойида хатога йўл қўйгансиз – шу сабабли суд ҳукми ўз кучида қолдирилади” кўринишида жавоб келган бўлар эди. Ҳозиргача жим-житлик! Бу орада Б.Мустафонинг ўзи нариги дунёга йўл олди – ҳозир у қилган жиноятлари учун Аллоҳ олдида жавоб бераётган бўлса керак!

2016 йил 2 сентябрьда И.Карим ҳам Б.Мустафо ортидан нариги дунёга равона бўлди – у ҳам ҳозир содир этган беҳисоб жиноятлари учун Парвардигор олдида жавоб бераётган бўлса ажаб эмас. 2016 йил 4 декабрьда сайлов бўлиб ўтди – унда Шавкат Мирзиё президент этиб сайланди, мамлакатда вазият тубдан ўзгарди: И.Карим даврида қамоққа ташланган барча ҳуқуқбонлар, журналистлар, депутатлар, сиёсий ва диний мотивлар билан қамалган инсонлар озодликга чиқишди. Ҳозир Ўзбекистонда, ҳақиқий маънода, барча соҳаларда қурилиш олиб борилмоқда – хусусан, жамиятнинг “зарпечаги” коррупцияга қарши ҳақиқий кураш бошланди – Бош Порахўр Рашид Қодир устидан суд жараёни кетмоқда, ундан хабардор инсонларнинг айтишича, судда давлат қораловчиси Бош Порахўрга умрбод қамоқ жазоси беришни сўрабди! “Қайтар дунё” деб шуни айтса керак! Лекин, Азимжон Эргаш каби пана-панада писиб жон сақлаб юрганлар ҳам оз эмас – ҳали уларга навбат келган эмас. Гулнора Каримга навбат келгандай, Азимжон Эргашга ҳам навбат келади – мен бунга 100% аминман, чунки у Сирдарё вилояти прокурори лавозимида ишлаб турган пайтда куёвим Азамжон Фармонни қамоққа олишга санкция берган – прокурорнинг санкциясисиз Азамжон Фармонни сохта айб билан қамоққа олишга бирорта Қаҳҳор Малла ёки Бозорбой Қодир каби терговчининг ҳадди сиғмасди!

Мақола бошида айтилган ўрисча “правосудие” сўзи ўзбек тилига “одил суд” дея таржима қилинганини – унинг асосида “адл”, “адлия”, “адолат” каби тушунчалар ётишини муҳтарам ўқувчига эслатиб ўтмоқчиман. Ҳамма соҳада адолат! Ҳамма учун бир хил! Табиий саволлар туғилади: 1) И.Карим даврида Ўзбекистондаги суд тизими одилмиди? 2) У кимга нисбатан одил, кимга нисбатан эса ноодил эди? 3) Ўзбекистондаги аксилинсон ва аксилхалқ суд тизимини яратган Ислом Карим, Убайдулла Мингбой, Бўритош Мустафо каби давлат мулозимлари устидан, улар ўлиб кетганига қарамасдан, тарихий судни ташкил қила оладиган мард ўзбек ўғлони (ёки қизи) қачонлардир туғилармикин?! АҚШ маъмурияти 2-Жаҳон уруши тугагач, уни бошлаган нацистлар Германияси бошлиқлари усидан Нюренберг халқаро суд жараёнини ўтказгани каби! Бу одамхўрлар ва уларнинг шотирлари МХХ ва милиция участкалари, тергов изоляторлари ва қамоқхоналарда қанчадан-қанча бегуноҳ инсонларни қийноқлар қўллаб ўлдирворишди! Ҳозирча 3-чи саволга жавоб йўқ. Кутиш керак. Балки, шундай мард инсон келажакда туғилиб қолар! Юқорида санаб ўтилган 3 та саволнинг дастлабки 2 тасига жавоблар кундай равшан. Мана улар: И.Карим даврида Ўзбекистондаги суд тизими порахўр, зулмкор, инсон қиёфасини йўқотган мулозимларга нисбатан одил, оддий халққа нисбатан эса ноодил (адолатсиз) эди; И.Карим даврида Ўзбекистондаги суд тизими одилликга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган!

Шу жойга келганда бир сатр юқорида ёзилган фикр, яъни, “И.Карим даврида Ўзбекистондаги суд тизими одилликга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган” деган фикрни тасдиқловчи икки ж/и – Гулнора Карим ва Азамжон Фармонга нисбатан қўзғатилган жиноят ишларини таққослаб кўриш етарли, деб ўйлайман. Ҳақиқатан, Ўзбекистоннинг икки суди – Тошкент вилояти суди ва Янгиер шаҳар суди [Сирдарё вилояти] – мос равишда икки фигурант [Г.Карим ва А.Фармон]га нисбатан ж/и қўзғатишади. Биринчи фигурант давлат ва халқнинг бир неча ТРИЛЛИОН сўмлик мол-мулкини ўзлаштиради (ўғирлайди), Тошкент вилоят суди эса уни 10 (ўн) йиллик уй қамоғи билан “жазолайди”. Негадир биринчи фигурантга нисбатан Ўзбекистон одил судининг “ичи ачийди” ва 10 (ўн) йиллик уй қамоғини 5 (беш) йиллик уй қамоғи билан алмаштиради, яъни, жазо муддатини 2 баробар қисқартиради. Терговчилар иккинчи фигурант А.Фармонга “товламачилик йўли билан Ўктам Маматқул деган шахсдан 600.000 сўм [$300] пул ундирмоқчи бўлди” деган сохта айб қўйишади, суд эса уни 9 (тўққиз) йиллик қамоқ билан жазолайди – у дарҳол Ўзбекистоннинг энг даҳшатли ва энг узоқ [Қорақалпоғистон Республикаси, Қўнғирот тумани, Жаслиқ посёлкасида жойлашган] УЯ 64/71 қамоқхонасига жўнатилади. Бу ҳам етмагандай, 2015 йил 1 майда уни яна суд қилишади ва биринчи суд инстанцияси чиқарган 9 йиллик қамоқ муддатига 5 йил-у 26 кун қамоқ жазосини қўшиб қўйишади.

Мен юқорида муайян икки фигурант – Гулнора Карим ва Азамжон Фармон – мисолида Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат ташкилотлари [прокуратура, милиция, МХХ, Жазони Ижро Этиш Бош Бошқармаси (ЖИЭББ)] ва суд тизими И.Карим даврида нақадар тубанлашиб, коррупция ботқоғига ботиб, аксилинсон ва аксилхалқ тузилмаларга айланиб кетишганини кўрсатдим. Ўзбекистоннинг 27 йиллик тарихида бундай мисолларни минглаб топиш мумкин. Ўзбекистон ГУЛаги [Главное управление лагерей – рус ёзувчиси А.Солженицин қаламига мансуб “Архипелаг ГУлаг” асари номининг бир қисми] Жазони Ижро Этиш Бош Бошқармаси [ЖИЭББ]ни қатор йиллар бошқарган полковник Абдукарим Шоди Ислом Каримнинг энг яқин шотирларидан бири эди – унинг даврида қамалган ва умрининг 11,5 йилини Ўзбекистон ГУЛагида ўтказган Азамжон Фармон қамоқхоналарда мазкур шотир ўрнатган “тартиб”ларни ўз кўзи билан кўриб келди ва унинг жаллодлари томонидан қийнаб ўлдирилган юзлаб маҳкумларни ҳанузгача изтироб билан эслайди. Ҳозир А.Шоди тирикми-йўқми – билмайман: балки тирикдир, балки устози И.Карим каби ўлиб кетгандир – бу менга қоронғу. Агар тирик бўлса, у келажакда ўтказилажак ҳарбий трибунал (суд)да фигурант сифатида қатнашиши шарт – у устози каби ҳаддан кўп инсоннинг умрига зомин бўлди.

ЭПИЛОГ (Хулоса)

Салкам 70 йил коммунистик тоталитаризм шароитида яшаган Марказий Осиё (МО) халқлари, хусусан ўзбек халқи, СССРнинг парчаланиши ортидан ўз тақдири ва эркини ўзи белгилайдиган эркин халққа айланмади – у Ўзбекистонда Ислом Карим ўрнатган авторитар сиёсий тузум исканжасига тушиб қолди. Жамиятга ўз ҳукмини ўтказиш мақсадида турли баҳоналарни ўйлаб топиб И.Карим мамлакатда оммавий қатағон сиёсатини бошлаб юборди: Ўзбекистонда советлар тузумига қарши курашган “Бирлик” Халқ Ҳаракати (БХҲ) ва “Эрк” Демократик Партияси (ЭДП) таг-томири билан йўқ қилинди; 1992 йил охирида мухолифат вакиллари чет элларга чиқиб кетишга мажбур қилинди; минглаб диний мухолифат вакиллари қамоқларга ташланди; Абдували-қори Мирза, Обидхон-қори Назарнинг ўғли Ҳусниддин ўғирлаб кетилди – улар ҳозиргача дом-дараксиз. Обидхон-қори Назарнинг ўзини ўлдириш учун И.Карим шотирлари Юрий Жуковский деган қотилни Швецияга жўнатишди, Обидхон-қори 2 йил комада ётди, Швеция суди қотилга умрбод қамоқ жазосини ўташга ҳукм чиқарди; 1999 йилда “Бирлик” ХҲ Андижон вилояти бўлимининг раиси Жўрабой Азим Жаслиқ қамоқхонаси (УЯ 64/71)да, 2001 йилда Олий Мажлис депутати Шавриқ Рўзимурод ва ўзбек-уйғур шоири Эмин Усмон ИИВ ертўласида қийнаб ўлдирилди.

2005 йил 13 майда ҳукумат аскарлари Андижон шаҳри аҳолисининг кўпминг сонли митингини ўққа тутди; И.Карим ўлимидан 2 йил олдин ўзбекистонликларга охирги зарбани бериш мақсадида ПФ-4624 фармонга имзо чекди – натижада у-бу сабабларга кўра чет элларга чиқиб кетган минглаб ўзбекистонликлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан маҳрум бўлишди. Дунёда халқига нисбатан репрессив (қатағон) сиёсат юргизган ва юргизаётган давлатлар талайгина. Бироқ, уларнинг кўпчилиги И.Карим олиб борган репрессив сиёсат олдида ип ешаолмайди. И.Карим ҳеч кимни аямади – унинг даврида ҳўл ҳам, қуруқ ҳам бирдай ёнди: ўзбекистонликлар дунёга сочилиб кетди – уларни энди ким териб олади? Номаълум! СССР парчаланиши арафасида Москвада СССР халқ депутатлари Съезд (Қурултой)и бўлиб ўтди – Ўзбекистондан сайланган депутатлар гуруҳига И.Карим бош бўлиб борди. Ўша пайтда ҳамманинг оғзида фақат битта сўз: МУСТАҚИЛЛИК сўзи янграрди. Яхши эсимда: Съезд минбарида Литва ССР ва РСФСР делегатлари тортишиб қолишди. РСФСР вакили зўр бериб гапира бошлади: “Мана, қаранг, ўзбеклар қўшниси афғонлардан яхши яшашади, улар “мустақил бўламиз” деб қичқираётгани йўқ, сизлар бўлса ҳар қадамда “мустақил бўламиз!” дея қичқирасизлар”. Сўз навбати литвалик депутатга берилди: “Ўзбеклар афғонларга нисбатан яхши яшашларига биз қарши эмасмиз. Биз ўзимизни афғонларга эмас, қўшнимиз шведлар ва финларга таққосламоқчимиз – биз улардай яхши яшашни истаймиз” деди литвалик депутат. Залда бир неча секунд жимлик ҳукм сурди ва … зал қарсаклар ва ҳайқириқлардан “портлаб” кетди. Шунда телевидение оператори камерасини И.Каримга қаратди – у ҳўмрайиб, қизариб-бўзариб ўтирарди.

(Тамом)

Жиззах вилояти, Ш.Рашидов тумани, Тоқчилиқ қишлоғи, Ҳамид Олимжон кўчаси, 27-уй. 

          

Categories: МАҚОЛАЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Create a free website or blog at WordPress.com.