СЎЗ КУЧИ

Толиб ЁҚУБ

 

Яратган [Аллоҳ] томонидан инсонга турли кучлар берилган: сўз кучи, нигоҳ кучи, билак кучи, оёқ кучи, ошқозон кучи, … Бу кучларнинг деярли барчаси ё яхшилик [тўқлик, эзгулик, инсонпарварлик, эркпарварлик, …], ёки ёмонлик [очлик, ёвузлик, аксилинсонлик, аксилхалқчилик, …] томон, фақат биттаси [ошқозон кучи] ўз эгасига қарши қаратилган! Мақолада сўз асосан сўз кучи ҳақида боради –  сўз кучининг мазмуни ва моҳияти, жамият ҳаётидаги, яъни, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётдаги ўрнини аниқлашга ҳаракат қилинади, ўз эгасига қарши ишлайдиган куч эса ошқозон кучи бўлиб, у очлик [ўрисчаси: ГОЛОД] билан боғлиқ –  ўрисларнинг у ҳақида қўпол мақоли ҳам бор: “Голод тебе не тётка – она тебя [спрашивать не будет, а возьмет] выеб…т и выбросит” [Мақолнинг ўзбекчаси: “Очлик сенга хола (амма)лик қилмайди –  у сендан сўраб ҳам ўтирмайди – аввал сени у с…кади, кейин улоқтирворади].

Билак ва оёқ кучларини биров яхшиликга, бошқа биров ёмонликга сарфлайди [ишлатади] – у эгасининг дунёқарашига боғлиқ: Франциянинг Angers шаҳрида кўрганим –  серқатнов катта кўча, светофор йўқ йўлак, машиналар тинимсиз ўтиб туришибди, икки қўлида икки тугун кўтарган бир кампир кўчанинг нариги томонига ўта олмай қийналиб турибди, тротуарда 6 та қоратанли ва оқтанли болалар кўринди, улар бир зум [секунд] кампирга қараб туришди, кейин улар зудлик билан учга бўлинди, уларнинг икки бўлаги [4 таси] машиналар ҳаракатини тўхтатди, учинчи бўлаги [2 таси] эса кампирнинг юкини кўчанинг нариги томонига ўтказиб беришди! Болаларга ҳеч ким ялинган ҳам эмас, буюрган ҳам эмас! Уларнинг дунёқараши шундай шаклланган! Билак ва оёқ кучларини ишлатиб босқинчилик қиладиганлар ҳам оз эмас –  улар бугун ёш боладан кеча отаси туғилган кунига совға қилган велосипедни тортиб олишганини эшитганмиз.

Нигоҳ [кўз] кучи ҳар кимга ҳам берилавермайди – у мингтадан биттага берилади! “Миллионтадан биттага” бўлиши ҳам мумкин, балки! “Меҳр – дилда, сеҳр – кўзда” мақоли ҳамма нарсани тушунтиради! Нигоҳ кучини [сеҳрли кўзни] ҳам қўл ва оёқ кучлари каби биров яхшиликга, бошқа биров эса ёмонликга қаратади. Сеҳрли кўз билан касални даволаш ҳам мумкин, шундай кўз билан бир одамнинг бор-будини шилиб олиш ҳам мумкин – бундайларни талай марта кўрганмиз ёки эшитганмиз. Нигоҳ кучидан баъзи сиёсатчилар, яъни, давлат раҳбарлари усталик билан фойдаланишади – улар рақиб давлат раҳбарлари билан сўҳбатлашганда нигоҳининг барча имкониятларини ишга солади ва рақиб давлатнинг илгари яшириб келинган баъзи сир-асрорларини билиб олади. Жосус [шпион]лик ишига ўқитадиган масканларда ўқувчилар биринчи навбатда уларнинг қўл ва оёқ кучига қараб эмас, балки нигоҳ ва сўз кучига қараб танланади. Шу сабабли сеҳрли кўз ва ширин сўз жосусларнинг “нони” ҳисобланади. Сеҳрли кўздан қочиб қутулиш қанчалик қийин бўлса, “ширин” сўздан қочиб қутулиш ҳам шунчалик қийин! Булбулнинг сайрашини эшитишдан чарчамаслик каби!

Сўз кучини чуқурроқ таҳлил этамиз. У – барча кучлар орасида энг кучлиси ҳисобланади. Сўз кучидан, мас., Ислом Каримов ўлгудек қўрқар эди – фақат у эмас, И.Сталин ҳам, М.Цзе-Дун ҳам, Ф.Кастро ҳам, В.Путин ҳам, хуллас – барча-барча диктаторлар сўз кучидан ўлгудек қўрқишган. Савол: Нега демократик мамлакатларда давлат раҳбарлари сўз [матбуот] кучидан қўрқишмайди, тоталитар ва авторитар мамлакатлар раҳбарлари ундан ўлгудек қўрқишади? Жавоб оддий: “Эркин матбуот демократиянинг занжирланган, бироқ тинимсиз ҳуриб турган итидир” деган иборани эшитганмисиз? Эшитмаган бўлсангиз – эшитиб қўйинг- яна такрорлайман: “Эркин матбуот демократиянинг занжирланган, бироқ тинимсиз ҳуриб турган итидир”! Сўз кучи аввало унинг тўғрилиги билан ўлчанади – “Тўғри сўз туққанингга ёқмайди!” дея бекорга айтишмаган-ку! Боланинг сўзи уни дунёга келтирган ота-онасига, ота-онанинг сўзи эса уларнинг боласига ёқмаслиги мумкин экан! Диктаторлар ҳар қандай сўздан эмас, ТЎҒРИ СЎЗдан қўрқишади! Абдували-қори Мирза маърузаларини мен эшитмаганман, бироқ ул зотнинг маърузаларидан баҳраманд бўлган инсонлар билан гаплашганман. Уларнинг айтишича, Абдували-қорининг маърузаларини тинглагани одамлар Андижонга буёғи Тошкент вилоятидан, наригиёғи Сурхандарёдан боришган. Мачит саҳнини қўятуринг –  мачитга сиғмай қолган одамлар маърузани мачит атрофидаги кўчаларга жой қилиб эшитишган.

Худди шундай вазиятни шахсан ўзим Тошкентда Обидхон-қори [Тўхтабойвачча] ва Тўлқин-қори [Чуқурсой] имомлик қилган мачитларда кузатганман. Абдували-қори, Обидхон-қори ва Тўлқин-қорининг ягона “айби”: улар одамларга ТЎҒРИ СЎЗни айтишар, ТЎҒРИ АМАЛлар қилишга чорлашар ва ҳаётда ТЎҒРИ ЯШАШга ўргатишарди! Тўлқин-қори ҳозир ҳаётми-йўқми –  билмайман, баъзилар у Чеченистонда рус босқинчиларига қарши урушда ҳалок бўлган дейишади. Абдували-қори Мирза ва ул зотнинг ёрдамчиси Рамазон Маткаримни 1995 йил 29 августда, 23 йил-у 7 ой аввал, куппа-кундуз куни, Тошкент аэропортида, Тошкент-Москва рейси бўйича учишга шайланаётган самолётга чиқаётган барча йўловчилар кўзи ўнгида Ислом Каримов шотирлари ҳибсга олиб “ўғирлаб” кетишган. Абдували-қори Мирза ва Рамазон Маткаримнинг тақдирлари ҳам, Тўлқин-қори тақдири каби, мавҳумлигича қолмоқда – “Абдували-қори Мирза ва Рамазон Маткарим тирикми-йўқми – мен биламан” деган одам 23 йил 7 ой ўтгач ҳам чиқмади. Тахминимча, бу “сир”ни И.Каримнинг энг асосий шотири яхши билади –  у қудратли одам, ҳозир тирик, отаси совет Давлат Хавфсизлик Қўмитаси (ДХҚ)нинг полковниги бўлган, ўзи эронзабон тиллар бўйича мутахассис ҳисобланади, унга давлат тизимида арзимас бир лавозим берилган, вақтини асосан Москвада ўтказади. Кўп сирларни билади. Шунинг учун бўлса керак, Ўзбекистондаги кўп раҳбарлар ундан қўрқиб яшашади. У, жумладан, И.Карим сирларини ҳам яхши билган – одамларнинг айтишича, И.Карим ҳамма вақт ундан ҳадиксираб яшаган.

Мазкур шотир даврида Олий Мажлис депутати Шавриқ Рўзимурод, “Бирлик” Халқ Ҳаракати (БХҲ)нинг Андижон вилояти бўйича раиси Жўрабек Азим, ўзбек-уйғур шоири Эмин Усмон даҳшатли қийноқларга солиниб ўлдирилди, Олий Мажлис дерутатлари Самандар Қўқон ўз умрининг салкам 24 йилини, Мурод Жўра 19 йилини, тадбиркор-олим Рустам Усмон 19 йилини, ёзувчи Мамадали Маҳмуд 17 йилини қамоқхонада ўтказишди. 2005 йилги Андижон қирғини бевосита ва бавосита унинг иштирокида уюштирилган. Андижонда қон оқди. Андижон аҳолиси дунёга тариқдай сочилиб кетди. Андижон ҳанузгача ўзига келолгани йўқ. Андижон воқеаси бўйича халқаро тергов уюштиришга йўл қўйилмади – сабаби маълум: халқаро экспертлар томнидан Андижон воқеаси тергов қилинса эди, хунрезлик мазкур шотир ва унинг энг олий раҳбари томонидан уюштирилгани кундай равшан бўларди! Бунга йўл қўйиб бўлмайди! Чунки Гаага Халқаро Жиноят Суди [ГХЖС] ишга тушиши турган гап! ГХЖС ҳукмидан унинг “шефи” 2016 йил 2 сентябрь куни ўлиб қутилди! У ҳали тирик – уни ГХЖС кутиб турибди. Абдували-қори Мирза, Рамазон Маткарим, Шавриқ Рўзимурод, Жўрабек Азим, Эмин Усмон ва бошқа юзлаб ўлдирилган инсонларнинг арвоҳлари атрофимизда чирқиллаб учиб юришибди – уларнинг талаби қисқа ва битта: БИЗ УЧУН  ЎЧ  ОЛИНГ!!!

(Тамом)

Жиззах вилояти, Ш.Рашид тумани, Тоқчилиқ қишлоғи, Ҳамид Олимжон кўчаси, 27-уй;

28 март 2019 йил.

 

 

Advertisements
Categories: МАҚОЛАЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Create a free website or blog at WordPress.com.