ШАХСИЙ ва ХУСУСИЙ МУЛК

Толиб ЁҚУБ

 

Ўғлим Олим Ёқуб бир куни: “Дада, шаҳримиз Angers ёнида анчагина катта ташландиқ ер бор экан. Шаҳар мэрияси шу ерни деҳқончиликни биладиган одамларга бўлиб бермоқчи бўлаяпти. Мен ҳам заявка [мурожаатнома] ёзиб бердим. Сиз нима дейсиз, шу ишга?” деб қолди. Мен шоша-пиша: “Тўғри қилибсан. Бобонг мулла Ёқуб машҳур деҳқон бўлганлар. Сен Тошкентда менинг олдимда эмас, сен Жиззахда бобонгнинг олдиларида улғайгансан, бобонгнинг қилган ишларини кўргансан. Қўрқмасдан олавер” дедим. Шаҳар мэрияси ўғлимга эни камида 20 м., бўйи камида 30 м.лик ер ўлчаб берди. Олим ҳар куни ўзининг ишидан қайтгач, апил-тапил овқатланиб, машинасида “дала”га кетадиган бўлиб қолди. У “огород”ига пиёз, редиска, ошқовоқ, бодринг, помидор ва турли кўкатлар экди – шу маҳсулотларни илгари биз магазиндан сотиб олардик, Олимнинг саъй-ҳаракати билан мазкур маҳсулотлар биз (оиламиз)га текин бўлиб қолди.

Маълум-ки, “мулк” тушунчаси уч тоифага бўлинади: шахсий мулк, хусусий мулк ва давлат мулки. Улар орасида энг қудратлиси ва энг “даҳшатлиси” давлат мулки ҳисобланади. Сабаби эса оддий: давлат раҳбарининг давлат мулкини ўз кўзқорачиғидек сақлашдан ташқари давлат мулкига ҳеч қандай алоқаси бўлмаса-да, нодемократик, тоталитар ёки авторитар мамлакатда у атрофидаги нопок мулозимлар ва кучишлатар тизимлар [прокуратура, хавфсизлик хизмати, милиция [полиция], божхона, солиқ инспекцияси ва б.] вакиллари билан “тил топишиб” давлат мулкининг “эгаси”га айланиши, яъни, давлат мулкини экспроприация қилиши [тортиб олиши, ўзлаштириши] мумкин.

Инсоннинг кийиб юрган кийими, миниб юрган велосипеди, мотоцикли ёки машинаси, ўз кучи билан қурган ёки нақд пулига сотиб олган уйи, ҳовлисида боқилиб парвариш қилинаётган 5-10 та товуғи, 3-4 та қўйи, 1-2 та сигири, оиласи ишлатаётган рўзғор асбоб-ускуналар [қозон, чўмич, капкир, лаган, коса, қошиқ, пиёла ва ҳ.] унинг ШАХСИЙ мулки ҳисобланади – шахсий мулк ўз эгасига даромад келтирмайди. Эгасига даромад келтирадиган мулкни эса ХУСУСИЙ мулк дейилади. “Давлат” деган ўта мавҳум тушунчани эшитган бўлсангиз керак – у тирик жонзод ҳам эмас, кийиб юрган кийимингиз [миниб юрган машинангиз, таом пишаётган қозонингиз, болангизнинг бешиги ва ҳ.]ни ушлаб кўришингиз мумкин, бироқ уни [давлатни] ушлаб кўришнинг иложи йўқ! Лекин, унинг мулки бор! Мас., Ислом Карим пайтида ер давлат мулки эди! “Ўзбекистонлик фермерларнинг ҳам ери бўлган-ку!” дейишингиз мумкин. Тўғри, фермернинг ери бўлган –  ери бўлмаса, у пахта, полиз экинлари [қовун, тарвуз, ошқовоқ ва ҳ.]ни етиштира олмайди ёки боғдорчилик билан шуғуллана олмайди. Ҳамма гап масаланинг “лекин”ида – И.Карим даврида ер давлат мулки бўлган! Ҳозир ҳам шундай!

Буюк инглиз олими Адам Смит тириклигидаёқ “иқтисод фанининг отаси” номига сазовор бўлган. У 1776 йилда, яъни, XVIII-асрда, иқтисод фанига бағишланган фақат битта китоб ёзиб қолдирган – унинг номи: “Халқлар бойлигининг табиати ва сабаблари ҳақида тадқиқот”. Бўлди! Иқтисод ҳақида бошқа китоб ёзмаган! Бироқ, унинг мазкур китобини иқтисодчилар асрлар оша ўз столи [хонтахтаси] устида сақлашади. А.Смит ишлаб чиққан иқтисодий назария хусусий мулкчиликга асосланган эди – унинг фикрича, хусусий мулкга эга бўлмаган ҳар қандай шахс ўзи ва оиласини боқиш учун иш берувчи бошқа бир шахсга ёлланиб ишлашга мажбур бўлади. Ёлланма ишчи нимадан манфаатдор бўлиши мумкин? Тўғри: 1) камроқ ишлаш; 2) кўпроқ “ейиш”дан манфаатдор бўлади – инсонда нафс балоси бор! Қўштирноқ ичидаги сўз нимани англатади? Бу ҳам тўғри: ейиш – фақат ва нуқул овқат тановул қилиш эмас, ўғирлаш, бировнинг мулкини тортиб олиш ва ўзлаштириш ҳамдир. Бу эса ёлланма ишчини жиноят оламига етаклайди.

Давлатга ёлланиб ишлайдиган инсонлар [ўқитувчи, врач, ҳуқуқтартибот органлари ходими, ишлабчиқариш корхонаси ишчиси ва б.] оиласини боқиш учун нима қилиши керак? Давлат уларга муносиб, оила эҳтиёжини қондирадиган, маош тўлаши керак! “Оила эҳтиёжи” нима билан ва қандай ўлчанади? Оғир савол. Бирдан, ўйламасдан, жавоб топиш қийин. “Давлат”, юқорида айтилганидек, тирик жонзод эмас, у мавҳум бир организм, уни бир гуруҳ, “раҳбарлар” дея аталувчи одамлар бошқаради – унинг кўзи ҳам, қулоғи ҳам, мияси ҳам “раҳбарлар” бўлиб, уларнинг бири “ҳокимият” деган гуруҳни бошқаради. Демократик давлатда унинг ҳуқуқлари қонун билан чегараланган – унинг “оёғи сал тойиб” кетса ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари ва суд уни жавобгарликга тортиши мумкин. Нодемократик давлатда ҳокимият бошлиғи ҳуқуқини чеклайдиган қонун бўлса-да, мазкур қонун умуман “ишламайди” – тўғрироғи, ҳокимият бошлиғи уни “бир чақага олмайди”. Бундай сиёсатга олимлар авторитаризм ва [ёки] тоталитаризм деган ном беришган. Мас., Ўзбекистонда авторитар, СССР ёки Ҳитлер Германиясида тоталитар сиёсат ҳукм сурган. Авторитаризм ва тоталитаризмнинг фарқи нимада? Тоталитар сиёсий тузум қандайдир сиёсий ғоя асосида тузилади –  СССРда коммунизм, Германияда эса нацизм ғояси ҳукм сурган. Авторитар сиёсий тузум эса яккаҳокимликга асосланган бўлиб, унда муқим бир ғоя кузатилмайди. Коммунизм ғояси ҳукм сурган мамлакатда туғилган, улғайган, ўқиган, ишлаган, раҳбарлик лавозимларини эгаллаган Ўзбекистон ССРга раҳбар этиб тайинланган пайтда И.Карим қип-қизил коммунист бўлиб, у, табиий, коммунизм ғоясига содиқ эди.

Бироқ, 1990 йилдан бошлаб СССРда сиёсий вазият кескин ўзгарди – СССР парчаланиб кетди. Буни И.Карим, Нурсултон Назарбой, Сапармират Нияз ва бошқа авторитар бошлиқлар ҳеч ҳам кутмаган эди –  улар аввал нима қиларини билмай туриб қолишди, кейинчалик “Нима қилсак ўзимизга яхши бўлади?” дея коммунизм ғоясини бир четга улоқтиришди ва ўзига хос ҳамда ўзига мос ғоя ўйлаб топишга ҳаракат қилишди. Бошида И.Карим миллий ғоя сифатида “МУСТАҚИЛЛИК” тушунчасини танлади. Бироқ, “мустақиллик” ғоя эмас, “Ўзбекистон Республикаси” дея аталмиш давлатнинг Россия, Украина, Белорус, Литва, Молдова (ва бошқа) каби СССР парча-бўлакларига нисбатан сиёсий ҳолати эди. Оғзига эрк берган баъзи таҳлилчи-экспертлар ҳатто: “Кимдан ва нимадан мустақилсизлар? Масалан, Россиядан мустақилмисизлар?” деган ноўнғай саволлар ҳам беришди. И.Карим бу саволга “пичоққа илинадиган” бирорта жавоб топа олмади.

Муҳокама қилинаётган асосий мавзумиз мулк ҳақида эди – шу мавзуга қайтамиз. И.Карим Ўзбекистон ССР раҳбари лавозимини эгаллагач, бир неча йил СССР пайтидаги “колхоз” [коллективное хозяйство – жамоавий хўжалик] ва “совхоз” [советское хозяйство – советлар хўжалиги] каби колхозчи ва совхоз ишчиларини қулдай ишлатган қишлоқ хўжалиги тизимини сақлаб турди, бироқ пахта монокультураси [қишлоқ хўжалигида якка ўсимлиликга урғу бериш]дан воз кечмади. СССР пайтида барча колхозчилар ва совхоз ишчилари қул бўлган бўлса, И.Карим янги қуллар синфини яратди – янги қулларни “фермер” дейдиган бўлишди. Аслида, Ўзбекистонда ўрта асрлар феодал тузуми шаклланди – туман ва вилоят ҳокимлари феодал, фермерлар эса феодалнинг қароллари ролини ўйнай бошлашди. Қуллар исъён кўтармаслиги учун ўрта асрлар феодали ўз қарамоғида қўриқчилар армиясини сақлашган. Туман ва вилоят ҳокимлари тинчлиги ва адолатсизлигини ўзбек милицияси таъминлади.

Ўзбекистонда ер ҳанузгача давлат мулки ҳисобланади – буни юқорида айтиб ўтдик. Пахта монополияси ҳам ҳанузгача сақланиб турибди. Францияда ер хусусий мулк сифатида фермерлар орасида тақсимланган. Франция дунёда қишлоқ хўжалиги энг ривожланган давлатларнинг бири ҳисобланади. Йили эсимда йўқ – мен таржимон иштирокида бир фермер билан узоқ сўҳбатлашдим. Мен унга ушбу саволларни бердим: “Сизни туман ҳоким [мэр]и чақириб турадими? Чақирса борасизми? У Сиз билан нималар ҳақида гаплашади? Бормасангиз нима бўлади – полиция ходими Сизни уриб-сўкмайдими?” Француз фермер саволларимга ҳайрон бўлди, бир неча секунд жим ўтирди, кейин ғазабнок гапира бошлади: “У мени нега чақириши керак? Унинг менда қандай иши бўлиши мумкин? Ер менинг хусусий мулким, унга туман мэрининг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Мен туман марказига ишим тушса бораман, ишим тушмаса бормайман. Туман мэри мени нега чақириши керак? Чақиришга асоси йўқ! Мен туман марказига йилда фақат бир марта – мэр сайлови куни бораман. Мен билан давлатни битта нарса – солиқ – боғлаб туради. Солиқни ўз вақтида тўлаб турсам бўлди! Қолгани билан ишим йўқ!”

Ўзбекистонда ер хусусийлаштирилиши керак, акс ҳолда Ўзбекистон ҳеч қачон Франция даражасигача кўтарила олмайди. Ваҳоланки, Аллоҳ ватанимизга ажойиб ер, бетакрор иқлим ва меҳнатсевар инсонларни ато этган! Ислом Карим даври ўтди – у энди қайтиб келмайди, иншаАллоҳ!

(Тамом)               14 март 2019 йил

Жиззах вилояти, Ш.Рашид тумани, Тоқчилиқ қишлоғи, Ҳамид Олимжон кўчаси, 27-уй.

Advertisements
Categories: МАҚОЛАЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.