КАТТА КОРОБКА

Толиб ЁҚУБ

ҲОКИМИЯТ ОДАМЛАРИ  МЕНДАН  ХАБАР  ОЛИШДИ                                                                               БУ –  НИМАНИНГ  БЕЛГИСИ?

Бир неча кун олдин хонамда, компьютерим олдида, у-бу нарсаларни ўқиб ва ёзиб ўтирувдим. Бир пайт хонамга қаттиқ ҳаяжонланган аёлим кириб келди ва қўрқувданми ёки суюнганданми – билмадим, “ёқа ушлагандай” ҳолатда: “Дадаси, ҳокимиятдан сизни йўқлаб 6 (олти)та одам келди, орасида битта аёл ҳам бор. Икки эркак катта бир коробкани кўтариб дарвозахонада туришибди. Нима қилай – кираверишсинми?” деди. Аввал аччиғим чиқди, бироқ “катта коробка”ни эшитиб “эриб” кетдим. “Чоп, югур, уларнинг ҳаммасини дарров менинг ҳузуримга бошлаб кел!” дедим мен. Аёлим чопганча кетди – 2-3 дақиқа ҳам ўтмай хонамга 5 эркак ва 1 аёл катта картон коробка кўтариб кириб келишди.

Мени, табиий, биринчи навбатда коробка қизиқтирди: “Ичида нималар бор экан-а?! Арзон-гаров нарсаларми ёки қимматбаҳо нарсалар ҳам чиқармикин?! Пул-мул ҳам кўриниб қолар, балки”. Самимий салом-алик бўлди. Эркакларнинг бири коробка қопқоғини очди-да, коробкадан бирин-кетин … Биринчи ўринда у коробкадан сап-сариқ пахта ёғи солинган 5 (беш) литрлик шаффоф пластмасса идишни чиқарди. Тандирда ёпилган 4 (тўрт)тами-6 (олти)тами – эсимда йўқ, чапчаки бозори-нон иккинчи ўринда хонамнинг юзини кўрди. Кейин қанд-қурс, шоколад конфет, наввот, сгущённое молоко, яна анча алламбало нарсалар хонтахта устида пайдо бўлди.

Жиддий гапирадиган бўлсак: кутилмаган ташриф, сандал [танча]дай коробкадан чиқаётган нозу-неъматларга маҳлиё бўлиб, умрини ҳуқуқбонликга сарфлаган, 12 йил муҳожиротда яшаган, 78 ёшли касалманд кексадан хабар олиш кимнинг ташаббуси бўлган, қайси ташкилот бу ташаббусга бош қўшган, қандай мақсад назарда тутилган, қайси ҳокимлик маблағ ажратган – туман ҳокимлигими ёки вилоят ҳокимлигими – сўраш эсимга келмабди. Сўраш эсимга келмаган-у, лекин мутлақо нотаниш инсонлардан совға-салом олиш одамга ёқар экан!

Тўғри-да, туман ҳокимлигига ҳам, вилоят ҳокимлигига ҳам менинг “ўтказиб қўйган” жойим йўқ! Менинг “шоху-бутоғим” ҳам йўқ! Тем более – на туман ҳокимлиги ва на вилоят ҳокимлигининг мендан қўрқадиган жойи йўқ! Мен Франциядан қайтгач, бир ой ўтказиб, турли соҳаларга доир 10 та таклиф билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиё ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ориф номига мурожаатнома йўлладим –  улар асосан электроэнергетика, иқтисод [қишлоқ хўжалигида пахта монокультураси (яккаўсимлик сиёсати)дан воз кечиш], руслаштириш сиёсати, интернет муаммолари ва, ҳатто, пул-кредит соҳасида ислоҳот ўтказиш масалаларига бағишланган эди. Шундан сўнг турли ташкилотлардан келаётган хатларнинг ва ҳовлимга йўқлаб келаётган мулозимларнинг “кети” узилмай қолди – келган хат [жавоб]лар сони 15 дан ошди [Марказий Банк, Олий Мажлис қонунчилик палатаси, Жиззах вилояти ҳокимлиги ва ҳ.]. Нима ўзгарди? Нима ўзгармади? Мазкур саволларнинг биринчисига жавоб тайёр: свет ўчиши кескин камайди! Франциядан қайтганимдан кейин бир ой давомида свет камида 50 [100 марта десам ҳам хато бўлмайди!] марта ўчди. Ҳозир ҳам аҳъён-аҳъёнда ўчиб туради! Лекин сурункали эмас!

Яна иккита янгилик – айни кунларда Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармасида менга Ўзбекистон Республикасининг паспорти расмийлаштирилмоқда [ёзилмоқда] – паспортни, насиб этса, шу кеча-ю кундузда олсам керак. Паспортни олишим заҳотиёқ 12 йиллик нафақа [пенсия]мни олишга ҳаракат бошлайман. Мен 1963 йил Низомий номли Тошкент давлат педагогика институти [ТДПИ] математика факультетини битиргач, қишлоғимиздаги мактабда бир йил, 1964 йил 15 августдан то 1992 йил 2 ноябрьгача эса ўзим ўқиган факультетда турли [лаборант, ассистент, катта ўқитувчи, доцент] лавозимларда 29 йил ишладим. Айнан 1992 йил 2 ноябрь куни мени ишдан маҳрум этишди [ҳайдашди] – содир этган “жиноятларим”: 1) “Бирлик” Халқ Ҳаракати (БХҲ) аъзоси; 2) Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) ҳуқуқбонлик ташкилоти таъсисчиларининг бири эканлигим бўлди.

Ишсизликни Тошкенти-азим кўтармайди. Яшаш керак-ку! Нима қилиш керак? Қўлингдан нима иш келади? Репититорликдан бошқа ҳеч нарса! Мен 1995 йил февралигача репититорлик қилиб кун кечирдим – бора-бора шу ҳам жонга тегар экан, чунки “математикадан дарс олгани ёшлар келармикан ёки келмасмикан, деб эрталабдан кечгача кутиб ўтирасан! Келса – яхши, келмаса – диққат бўласан! Бир куни “лоп” этиб бир нарса эсимга келди. 1990 йил. СССР парчаланиб кетиши ҳаммага аён бўлди. ТДПИ ўзбек филологияси факультети доценти Абдулла Абдураззоқ ташаббуси билан 3-4 та зиёли олимлар йиғилишиб – улар орасида мен ҳам бор эдим – бир масала устида бош қотира бошлашди: “СССР тарқаши аниқ. СССР пайтида ёғоч-тахта, металл, бензин, солярка, саратов уни ва бошқа кўп нарсалар Россиядан теп-текинга келарди. Россия мустақил давлатга айлангач, текинга ҳеч нарса бермайди. Россиядан келадиган нарсаларнинг қайси бирини Ўзбекистоннинг ўзи уддалай олади?” Анашу савол қизғин бахсга айланди. Биров у деди, биров бу деди – умумий маҳраж эса: “Ўзбекистонда зудлик билан терак экишни бошлаш керак!” деган гап бўлди. Йиғин қарор қабул қилди: мазкур масала билан мамлакат президенти Ислом Карим шуғулланиши лозим – бу ишни ундан бошқа ҳеч ким уддалай олмайди!

Олимлар йиғини И.Карим номига юқоридаги талабни ёритган ҳолда хат тайёрлашди, ҳамма унга имзо чекди, хат почта орқали президент маъмуриятига юборилди. Кўп ўтмасдан президент маъмуриятидан жавоб хати келди – унинг қисқа мазмуни: “Ҳукумат 1991 йилда терак етиштириш учун 85.000 [саксон беш минг] гектар ер ажратди”. Гапи [таклифи]миз “ерда қолиб кетмаганидан” ҳаммамиз хурсанд бўлдик. Кутдик. Ана-мана дегунча 1991 йил ҳам келди. Йил охирида Ўзбекистонда 85.000 гектарни қўятуринг – 1 (бир) гектар ерга ҳам терак экилмагани маълум бўлди! Юқорида мен: “Бир куни “лоп” этиб бир нарса эсимга келди” дея ёзувдим. 1995 йил февралида, Тошкентда тирикчилик ўтмай қолганда, И.Карим олимларни безбетларча алдагани эсимга тушди ва туғилиб ўсган қишлоғим Тоқчилиқга жўнадим. Мақсадим: қишлоғимизга яқин жойдан 1 (бир) гектар ер олиш, терак экиш ва уни парвариш этиш билан шуғулланиш! Бўлди! Бошқа дардим йўқ!

Ўша пайтда одамлар қишлоқнинг ҳар қандай масаласи бўйича илгари, советлар даврида, колхоз раиси, кейинги йилларда фермер хўжаликлар уюшмасининг бошлиғи бўлган Мўминжон Қаҳҳор олдига боришарди. Мен ҳам Мўминжон Қаҳҳор қабулига кирдим. У мени яхши кутиб олди. Ташрифимдан кузатилган мақсадимни сўради. Мен: “Менга бир гектар ер беринг” дейишим билан хо-хо-лаб кула бошлади – у мен умримда ҳеч қачон деҳқончилик билан шуғулланмаганимни, мен фақат ўқитувчилик қилганимни яхши биларди. СССР тарқагач, деҳқонлар қишлоқ хўжалиги соҳасида анча эркинликга эришишди. Фарғона водийсида аҳоли кўп, бироқ ер кам бўлгани сабабли водийлик деҳқонлар ер излаб бизнинг қишлоқгача келишадиган бўлишди. Мўминжон Қаҳҳор бундан усталик билан фойдаланди – у ерни водийлик деҳқонларга нақд пулга сота бошлади. Водийлик деҳқонлар қишлоғимиз ҳудудида асосан помидор, бодринг ва ерёнғоқ етиштириш билан шуғулланишар эди.

Мўминжон Қаҳҳорнинг хо-хо-лаб кулишининг сабаби: Толиб помидор, бодринг ёки ерёнғоқ экмоқчи бўлса керак, деб ўйлаган экан! У мендан: “Сиз ҳам помидор, бодринг ёки ерёнғоқ экасизми?” дея сўради у кулиб. Мен: “Йўқ, мен терак экмоқчиман” дедим. Мўминжон Қаҳҳорнинг ранги ўзгарди, кулишдан тўхтади, бирпас менга тикилиб қараб турди. Кейин паст овозда: “Астойдилми гапингиз? Ё мени майна қилаяпсизми?” деди. Мен: “Астойдил. Майна қилиш ниятим йўқ” дедим. Мўминжон Қаҳҳор ўйланиб қолди. Кейин: “Бўлди, келишдик. Агар терак эксангиз, мен сизга 1 гектар эмас, 2 гектар ер бераман. Чунки терак сизга 7-8 йилдан кейин даромад бера бошлайди. Сиз ернинг 1 гектарига терак экинг, иккинчи гектарига эса у-бу нарса экиб тирикчилик қилинг” деди. Менга берилган ер уйимиздан 2-3 км нарида экан. Бориб кўрдим: менга ажратилган ер бир томони катта канал, каналга перпендикуляр ҳолда сув шарақлаб оқаётган катта ариқ билан чегараланган бурчакда жойлашган экан.

Мўминжон Қаҳҳор тантилик қилди: у бир тракторчини юбориб ерни ҳайдатиб, мола бостириб ва жўяклар олдириб берди. Терак учун 30.000 қаламчани Тошкент вилояти, Янгийўл туманида яшайдиган бир дўстим тайёрлаб қўйган экан – қаламчаларни Янгийўлдан олиб келиш учун Мўминжон Қаҳҳор бир юк машинасини жўнатди. Болаларим ёш – катта қизим 18, ўғлим 17, иккинчи қизим 15, учинчи қизим 13 ёшда бўлиб, ҳаммаси аяси ва мен билан 15 мартдан 15 майгача теппа-тенг қаламча экишди. 2006 йил бошида ўғлим, шу йил ўртасида мен Францияга чиқиб кетишга мажбур бўлдик. 12 йиллик айрилиқ йилларида вояга етган теракларимиз оила рўзғорини тебратиб турди. Биз Франциядалигимизда Мўминжон Қаҳҳор вафот этибди. Франциядан қайтганимдан 2 кун ўтгач, мени укамнинг бир ўғли Тоқчилиқ қишлоғи қабристонига олиб борди. У чиройли овозда Қуръони карим сураларини ўқиди: 12 йил ичида бу фоний дунёдан боқий дунёга ўтиб кетган қариндош-уруғлар, ёру-биродарлар ва Мўминжон Қаҳҳор каби қишлоқдошларимизни эсладик.

Мен 2001 йил 15 майда нафақа ёшига етдим, бироқ негадир нафақа идораларига бориб: “Менга нафақа беринглар” деб ялинишни ўзимга эп кўрмадим. Баъзи таниш-билишлар: “Сен ахмоқ экансан. Сен давлатга 30 йил ишлаб берган бўлсанг, давлат нафақани сенга бермай кимга берсин” дейишди. Нафақа масаласида мен давлат идораларига 5 (беш) йил ўтказиб бордим. 2006 йилда дастлабки [май, июнь ва июль] уч ойлик нафақамни ўзим олдим, кейинги ойлар ва йиллардаги нафақаларимни олиши учун кичик қизим номига нотариус тасдиқлаган ишончнома бердим. Бошида нафақамни қизимга ишончнома асосида уч ой беришибди. 3 ойдан кейин: “Нега дадангиз ўзи келиб нафақасини олмаяпти?” дея сўрашибди. Қизим: “Дадам Францияга даволанишга кетган, қандли диабетнинг оғир тури билан касалланган. Дадам тузалиб келгунларича нафақаларини олишимга менга ишончнома бериб кетганлар. Ҳаммаси қонуний” деса: “Дадангиз қайтса нафақасининг олмаган қисмини ҳаммасини берамиз” дейишибди ва нафақамни қизимга беришни тўхтатишибди.

Шундай қилиб, салкам 12 йиллик нафақам давлат ҳамёнида турибди. Уни олсам, қишлоқда мендан бадавлатроқ одамни топиш қийин бўлиб қолади.

(Тамом)               18 апрель;  2019 йил;

Жиззах вилояти, Ш.Рашид тумани, Ҳамид Олимжон кўчаси, 27-уй.

Categories: МАҚОЛАЛАР | Метки: , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Create a free website or blog at WordPress.com.