ИНСОНЛАРНИНГ ҚАДИМИЙ ОДАТИ

Толиб ЁҚУБ

ЗИЁРАТ

              Мен Франциядан Ўзбекистонга қайтганимдан кейин мени зиёрат қилгани келган қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар, таниш-нотаниш қишлоқдошлар ва ёру-биродарлар оқимининг бир неча кун давомида кети узилмади. Зиёратга келиб кетаётган одамларни асосан Франциядаги ҳаёт, давлат ҳамда оддий французларнинг сиёсий муҳожирларга нисбатан муносабати ва кўпгина бошқа саволлар қизиқтирарди. Барча саволларга жавоб бериш мушкул эди – қаричилик, қандли диабет касалига чалинганим сабабли, чарчаб қолардим. Зиёрат ёқимли нарса экан – кун қандай ўтиб кетганини билмай қолар экансан. Кейин-кейин мени: зиёратга кимлар келди, кимлар келмади, деган савол ўйлантира бошлади. Аввал зиёратга келганларни [ҳаммасини эмас, табиий – улар юзлаб эди] айтиб ўтай. Гапни аэропортдан бошлайман. Франциядан Ўзбекистонга учиб келганимда мени Тошкент аэропортида 15 тача одам – куёвим Азамжон, қизим Озода, бир неча жиянларим ва бошқа ёру-биродарлар кутиб олишди. Улар орасида қорақалпоғистонлик журналист, И.Карим қамоқхоналарининг бирида узоқ йиллар ўтирган Солижон Абдураҳмонни кўриб кўзларим ёшга тўлди. Ваҳолан-ки, С.Абдураҳмоннинг менга ҳеч қандай қариндошлиги ёки қишлоқдошлиги йўқ.

С.Абдураҳмон узоқ Қорақалпоғистондан бўлса-да, у “ўзимизники”. Лекин мени зиёрат қилган Москвадан бир танишим Тошкентга учиб келди.              Ўзбекистонда бир неча йил ишлаган, кейин фаолиятини Россия Федерацияси [РФ]га кўчирган ва айни пайтда Москвада яшаётган голландиялик собиқ дипломант Тимен Ковенаарг мен Франциядан Ўзбекистонга қайтганимни эшитган ҳамоноқ Тошкентга учиб келибди ва аэропортда мижоз [клиент] кутиб турган таксичилар бирининг машинасига ўтириб Жиззахга жўнабди. Жиззахга етиб келгач, таксичи ўтган-кетганлардан суриштириб, менинг ҳовлим Тоқчилиқ қишлоғида эканлигини билиб олибди. Салом-аликдан кейин куёвим Азамжоннинг таклифи билан ҳовлимдан 200 метр нарида жойлашган учта чойхонанинг бирига йўл олдик. Чойхонада узоқ сўҳбатлашдик, Тимен Ўзбекистонда ишлаган пайтда бўлган ажойиб-ғаройиб воқеаларни эсладик.

Бу икки танишимдан ташқари мени зиёрат қилиш мақсадида Шаҳрихон тумани [Фарғона вилояти]дан Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) аъзоси Нурмуҳаммад Азиз, Тошкент вилояти Ангрен туманидаги Грум қишлоғида яшовчи ЎИҲЖ аъзоси Холхўжа Юнус, Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридан Гулшан Қора ва бошқа таниш-билишлар келиб кетишди. Уларнинг мендан ҳеч қандай қарзи йўқ – улар менинг зиёратимга келишмаса мен уларга зиғирча ҳам эътироз билдирмас эдим. Улар ўзларининг инсонийлик фазилатларини намойиш этдилар, холос. Энди, ушбу мақоланинг давомида кимлар менинг зиёраимга келишмаган қариндош-уруғлар, қўни-қўшни ва собиқ таниш-билишлар ҳақида гап кетади.

Отамиз мулла Ёқуб ва онамиз Баҳринисо уч қиз [Марҳамат, Каромат, Ўғилой] ва икки ўғил [Толиб, Ғани]ни дунёга келтиришган. Айнан, кетма-кет туғилиш Марҳамат, Каромат, Ўғилой, Толиб, Ғани каби бўлган. Марҳамат опам қишлоғимиз Тоқчилиқ аҳолиси орасида биринчи фан номзоди диссертация ёқлаган Аҳмаджон Сағдига турмушга чиқди. Аҳмаджон Сағди Низомий номли Тошкент Давлат Педагогика Институти (ТДПИ) тарих факультетида ишлагани сабабли опам Марҳамат умрининг охиригача Тошкентнинг Оқтепа массивидаги ҳовлисида яшаб ўтди. Улар – Аҳмаджон Сағди ва Марҳамат Ёқуб – икки қиз (Раъно, Фарида) ва уч ўғил (Эркин, Тўлқин, Фарҳод)ни тарбиялаб вояга етказишди. Опам 1993, поччам 1996, қандли диабет касалига йўлиққан жияним Фарида  йилда вафот этишди – улардан гина қилишга менинг асосим йўқ. Бироқ, тирик жиянларим Раъно, Эркин, Тўлқин ва Фарҳод менинг зиёратимга келишМАди.

Менинг зиёратимга менга еттиёт-бегона одам, голландиялик Тимен Ковенаарг Москвадан келиб кетди, бироқ жияним Раъно советлар даврида отаси катта лавозимларда ишлаган жиззахлик мулозимнинг ўғли Зафар Низомиддинга турмушга чиққан бўлиб, турмуш ўртоғи Жиззах педагогика институтида ишлагани сабабли жияним Раъно ҳозиргача, ҳовлимиздан 3 (уч) километрча нарида жойлашган ҳовлисида яшаса-да, шу пайтгача мени кўргани ҳовлимга оёқ босМАди. Менга нисбатан жиянларимнинг бундай муносабатини тахминан биламан. Гап шунда-ки, поччам Аҳмаджон Сағди вафотига қадар қип-қизил совет интеллигенция [зиёли]си вакили бўлиб, у Ўзбекистонда ижобий сиёсий ўзгаришлар [кўппартиявийлик, матбуот эркинлиги, демократик сиёсий тузумга ўтиш ва ҳоказолар] юз беришига тиш-тирноғи билан қарши эди.

Ўша пайтларда “Бирлик” Халқ Ҳаракати (БХҲ) митинглари Ўзбекистонни зилзиладай титратиб турарди, мен эса БХҲ раҳбарлари уюштирган митингларда сўзга чиқмасам-да, раҳбарлар олға сураётган ғояларни тушуниш учун ҳамма митингларга борар эдим. Поччам коммунист бўлгани учун БХҲ ўтказаётган митингларни қоралар, менинг митингларга боришимни эса жинидан баттар ёмон кўрарди. Яхши эсимда: бир сафар поччамнинг ҳовлисига борганимда у бола-чақаси билан телевизор олдида ўтирган экан. Ўша куни Руминия президенти Николае Чаушеску оломон томонидан тошбўрон қилиниб ўлдирилган бўлиб, телевизорда шу воқеа ҳақида репортаж берилаётган экан. Мен: “Чаушеску замонамизнинг энг даҳшатли диктаторларидан бири эди” дея луқма ташладим. Поччам менга ўқрайиб қаради ва: “Руминияда бу қотилликни “бирлик”чилар уюштирган” деди. Жияним Эркин отасининг бундай бемаъни гапидан норози бўлди, шекилли, отасига кескин бурилди ва: “Дада, нима деяпсиз? Руминияда “Бирлик” нима қилади? Бир гапни айтишдан олдин яхшилаб ўйланг, кейин гапиринг” деди.

Поччам сиёсат бобида ўдгудек қўрқоқ одам эди, мен эса БХҲ митингларига боришни канда қилмадим. Бир сафар қандли диабетга чалинган опамдан хабар олгани поччамнинг ҳовлисига борганимда, у менга заҳархандалик билан: “Бундан буён менинг ҳовлимга оёқ босма” деб хонасига кириб кетди. Шунга ҳам салкам 30 йил бўлибди – шу муддат ичида мен поччамнинг ҳовлисига фақат икки марта бордим: 1993 йил опам, 1996 йил поччам вафот этишганда бордим. Икки сафар ҳам маййитлар қабрга қўйилгач, мен қабристондан чиқиб тўғри Юнусободдаги уйимга кетдим. 2006 йилда ўғлим ва мен олдинма-кейин Ўзбекистондан Францияга чиқиб кетишга мажбур бўлдик. Орадан 22 [йигирма икки] йил ўтди. 22 йил давомида мен Марҳамат опамнинг болалари билан мулоқот қилмадим – улар ҳам мен билан мулоқотга чиқишга ҳаракат қилишмади – биз, тоға ва жиянлар бегоналашиб кетдик. Катта опамнинг болалари мени зиёрат этишга келмагани фикримча шу бегоналашувнинг оқибати бўлса керак.

2002 йил сентябрь ойининг бошида мен Тошкентдан Жиззахдаги ҳовлимизга келдим. Ҳовлида чой ичиб ўтирсам қўшнимиз Ҳамид Султон кириб келди. Унинг ҳовлиси ва бизнинг ҳовлимиз орасида фақат битта ҳовли – укам Ғани Ёқубнинг ҳовлиси бор, холос. Унинг айтишича, ўша пайтда, Ҳамид Султон “Пахтабанк”нинг тадбиркорларга кредит бериш бўлимининг бошлиғи лавозимида ишлар, Жиззах вилояти ҳуқуқ-тартибот органи терговчиси [исм ва фамилияси эсимда йўқ] Ҳ.Султонни сохтакорликда айблаб унга нисбатан жиноий иш қўзғатибди. Ўша йилнинг бошида МХХ терговчиси Музаффар [фамилиясини эслай олмадим] Жиззахдаги 8-чи ун комбинати бошлиқлари ва ишчиларига нисбатан жиноят иши очиб тергов жараёнини олиб бораётган экан. Ўша ишда комбинат тайёр маҳсулотлар омбори мудири Шароф [унинг ҳам фамилиясини унутибман]нинг тергови тугагач, айбланувчи Шароф жиноят иш материаллари билан танишиши пайтида мен унинг ҳимоячиси сифатида ишга ўтдим. Ҳамид Султон қатор жиноят ишларида, жумладан Шароф ишида ҳам, мен ҳимоячи сифатида иштирок этганимни яхши биларди.

Ҳамид Султонга нисбатан қўзғатилан жиноят иши терговини Жиззах вилояти, Зомин тумани прокуратураси терговчиси олиб борган экан. Жиноят иши материаллари билан танишиш чоғида Ҳ.Султон иккаламиз ёнма-ён ўтириб ишга киришдик ва жиноят иши ўта сохта эканининг исботини ҳеч қийналмасдан топдик. Мен Ҳ.Султонга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бошдан-оёқ сохта эканининг исботини келтирган ҳолда Жиззах вилояти прокурори Рустам Муҳитдин номига билдиришнома юбордим ва бир халқаро конференцияда иштирок этиш учун Москвага жўнаб кетдим. Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодексига биноан вилоят прокурори жиноят ишини ёпиши ва сохта иш қўзғатган мулозимларни жиноий жавобгарликга тортиши лозим эди. Бироқ, мен Москвадан қайтгач, Ҳ.Султон иши бўйича зудлик билан суд жараёнини ташкил қилишибди, судья эса Ҳ.Султонга 7 (етти) йиллик қамоқ жазосини тайинлаб ҳукм чиқарибди. Ҳ.Султон қамоқда 7 йил эмас, роппа-роса 1 (бир) йил ўтиргач озодликга чиқди.

Яна такрорламоқчиман: Ҳ.Султон дарвозаси билан бизнинг ҳовлимиз дарвозаси орасидаги масофа нари борса 50-60 метр чиқса керак. Менинг Франциядан қайтганимга 7 (етти) ойдан ошди, бироқ қўшним Ҳ.Султон шу пайтгача ҳовлимга келиб: “Толиб ака, мен сиз Франциядан ватанга қайтганингиздан хурсандман. Вақт топиб менинг хонадонимдан бир пиёла чой ичиб кетсангиз ҳаммамиз хурсанд бўлардик” деМАди. Дарвоъқе, мен Францияга чиқиб кетганимдан сал ўтмай Жиззах вилоят прокурори Рустам Муҳитдин қамоққа олинибди ва у жазо муддатини УЯ 64/71 жазони ўташ колониясида, яъни, Жаслиқ посёлкасида ўтабди. Бу – қайтар дунё: ислом дини уламоларининг айтишича Аллоҳ бандаларига: “Бировга зулм қилма – уни ўзингга қайтараман” деган экан.

Ҳ.Султон иши билан шуғулланиб юрганимда менинг ҳуқуқбон-ҳимоячилик фаолиятимни тўхтатиш мақсадида ҳукумат органлари менга қарши Суннат Ўроқ деган қишлоқдошимни олдинги планга чиқаришди. Уларнинг биринчи қадами шу бўлди-ки, С.Ўроқ Жиззах тумани ҳокимига айланди. Ўша кезларда биз, жиззахлик ЎИҲЖ аъзолари, вилоят ҳокимлиги биноси олдида банк ходими Ҳ.Султон ҳимоясига пикетлар уюштирардик – баъзи пикетларимизда 30 дан ортиқ аъзомиз иштирок этарди. Пикетларимиз маҳаллий ҳукмдорларни қаттиқ қўрқитиб юборди – эшитишимизча, улар С.Ўроқни чақириб: “Нима қилсанг қил, фақат анавилар плакат кўтариб туришмасин” дейишибди. Пикетларимизга ижобий ёндошиш ўрнига, пикетларимизга қарши провокация []лар бошланди: бир сафар пикетчиларга спорт коллежи ўқувчилари ҳужум қилишди – улар қўққисдан пикетчиларга ташланиб, улар қўлларида кўтариб турган плакатларни йиртиб ташлашди; яна бир сафар пикетчиларга аёллар тўдаси ҳужум қилди – уларнинг ҳатти-ҳаракатидан ё аёллар наркотиклар таъсирида бўлган, ёки спиртли ичимлик истеъмол қилишган, дея ўйлаш мумкин эди, холос.

Хуллас, С.Ўроқ гуруҳи уюштирган провокациялар иш бермади – ташкилотимиз аъзолари собитқадамлик билан пикетларни давом эттиришди ва биз ғалабага эришди – Ҳ.Султон қамоқхонада 7 (етти) йил эмас, 1 (бир) йил ўтирди, холос. Мен Франциядалигимда Жиззахдан хабар келди: бир кечаси С.Ўроқ қиш фаслида ўз уйида ухлаб ётганда хонада ёниб турган газ ўчиб қолган, бироз вақтдан кейин газ яна кела бошлаган. С.Ўроқ тунда пешобга чиқиш мақсадида чироқни ёққанда кучли портлаш рўй берган ва унинг бадани, айниқса юзи, қаттиқ куйган [бундай воқеалар И.Карим даврида Ўзбекистонда рўй беришига жамият ўрганиб қолган эди]. Одамларнинг айтишича, ҳозир С.Ўроқ кўчага деярли чиқмас экан – деярли муттасил ўз хонасида ўтирар экан. Мен Франциядан қайтганимга 7 (етти) ойдан ошган бўлишига қарамасдан С.Ўроқ ҳовлимга мени йўқлаб келМАди. Уялса керак. Қайтар дунё!

2-чи жаҳон уруши тугаган йилларнинг бирида отам колхозимиз идорасида қоровул ва колхоз қассоби вазифаларида ишлай бошладилар. Бир куни Самарқанд вилояти [у пайтда Жиззах Самарқанд вилояти таркибида эди] маъмурияти Инат Наврўз исм-шарифли, асли форишлик, тожик миллатига мансуб агроном йигитни колхозимизга ишга жўнатибди ва у кечаси колхоз идорасида ётарди – агроном сўққабош, уй-жойи йўқ, уйланмаган йигит экан. Советлар даврида қирим татарлари ва чеченлар Қозоғистон ССР ва Ўзбекистон ССРга оммавий равишда бадарға қилинган эди. Бизнинг Тоқчилиқ қишлоғига ҳам қирим татарлар ва чеченларнинг 15 (ўнбеш)тача оиласи келиб жойлашди. Баъзи қирим-татар ва чечен оилаларини маҳаллий ҳукумат колхоз аҳолиси ҳовлиларида бўш турган хоналарига жойлаштирди, қирим-татар она [Азиза] ва унинг ягона бола [бўйетган қиз Шўқия (қирим-татарча Шевкие)]сидан иборат бир оилага бўш хона топилмади ва она-бола ҳам колхоз идораси биносида яшай бошлади.

Яхши эсимда: отам ҳар сафар идорадан уйимизга келганларида қўлларида И.Наврўзнинг кир кийимлари тугилган бир тугун бўларди – энам [раҳматлик] ҳар сафар, дарҳол, кир ювишни бошлардилар. Ўша пайтларда ичига чўғ солиб қиздириладиган дазмол [утюг]имиз бор эди. И.Наврўзнинг кир кийимлари ювилиб қуритилгач, энам уларни дазмоллаб ва тахлаб отамнинг қўлларига тутқазардилар. Бошқача айтганда бизнинг оила [ота ва она]миз сўққабош И.Наврўзга беминнат хизмат қилган. Инат ва Шўқия колхоз идораси биносида яшай бошлагач, кунларнинг бирида “дон олишган”, яъни, жинсий алоқа қилишган экан. Кейинроқ Шўқия иккиқат бўлиб қолгани аён бўлгач, улар турмуш қуришга аҳд қилишган. ХХ-аср 60-чи йилларида Ўзбекистон ССР ҳукумати уйлари бетартиб қурилган маҳаллаларни бузиб, уларнинг аҳолисига посёлка типидаги уй-жой қуриш учун ер участкалари бера бошлади. Шунда бизнинг оила ва И.Наврўз оиласи деярли ёнма-ён жойлашган ҳовли-жой қуришди. Қўни-қўшниларимиз И.Наврўз ва Шўқия тирик дейишади, бироқ И.Наврўз илгари бизнинг ҳовлимизга оёқ босмагани каби мен Франциядан қайтгач ҳам ҳовлимизга қадам босМАди.

(Тамом)                             2019 йил, 3 май;

Жиззах вилояти, Ш.Рашид тумани, Тоқчилиқ қишлоғи, Ҳамид Олимжон кўчаси, 27-уй.

 

Advertisements
Categories: МАҚОЛАЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Create a free website or blog at WordPress.com.