ПИТНАК

ёҳуд

МЕТИН ИРОДАЛИ  АЁЛ
Толиб ЁҚУБ

              Питнак – Хоразм вилоятидаги мўъжазгина шаҳарча. Шаҳарчада: “Сен кимнинг ўғлисан [қизисан]?” деган савол берилмайди, чунки ҳамма бир-бирини танийди. Дармон Султон(ова) питнаклик, тиббиёт ҳамшираси. “Опа, уколимни қиб қўйинг” дея унинг уйига ярим кечаси келсангиз ҳам у: “Йўқ, ухлаяпман, эрталаб келинг” демайди – дарҳол юз-қўлини ювиб ишга киришади. Унинг турмуш ўртоғи Азимбой Султон(ов) – врач, ўзбеклар уни “духтур” дейишарди. Яхши одам. “Қўйнинг оғзидан чўп олмайди”ган одам. Фақат битта камчилиги бўлиб, у ўлгудек ароқни “ҳурмат” қиларди – қўйиб берсангиз, эрталабдан кечгача “қиттай-қиттай” қилиб, ичиб, ўтираверарди. Шунинг учун ҳам бўлса керак, у тез ўлиб кетди –кексайишдан ҳали аломат ҳам кўринмас эди.

Азимбой ва Дармон Султоннинг уч ўғли [Ойбек, Уйғун ва Тўлқин], бир қизи [Зиёда], уч келини ва бир ҳовуч неваралари бўлиб, улар ҳақида бир неча ёқимли сўз ҳам, ёқимсиз сўз ҳам айтишга тўғри келади. Ёқимли сўзлар шундан иборат эди-ки, уч ўғилнинг ҳар бири топармон-тутармон йигитлар бўлиб, уларнинг ҳар бири Питнакда аптека (дорихона) очиб яхшигина даромад қилишарди. Ёқимсиз сўзлар шундан иборат эди-ки, уч ўғилнинг ҳар бирини баъзи одамлар, айниқса ҳуқуқ-тартибот органларининг ходимлари афтини бужмайтириб, худди тез юқадиган касалдай “намозхон” дейишарди. Ҳақиқатан, ака-ука Султон (ов)лар жума ва ҳайит номозларини мачитларда канда қилмай ўқишар эди.

Кўргулик экан, Дармон опанинг қизи Зиёда бошдан-бош ақл-хуши йўқ бўлиб туғилди – у на ейишда, на ичишда ва на бошқа ҳаётий амалиётда ўзи мустақил бир иш қила олмас эди – фақат Зиёда ухлаётган пайтдагина Дармон опа бошқа у-бу иш билан шуғулланиши мумкин эди, холос. Кунлар ортидан кунлар ўтаверди, 1999 йилнинг феврали ҳам кириб келди. Тошкентнинг тўрт нуқтасида террористик амалиёт (портлатиш) лар амалга оширилди. Ўзбекистонда қама-қама бошланди – у Питнакгача етиб келди: ака-ука Ойбек ва Уйғун қамоққа олинди. Суд уларни отувга ҳукм қилди, отув ижро этилди. Шу воқеалардан бироз олдин Тўлқин бедарак йўқолди – у тирикми-йўқми ҳанузгача ҳеч ким билмайди. “Тўлқин Россияда эмиш”, “Тўлқин Россияга кетаётганда адашиб қолган, совуқда музлаб қолиб ўлган”, “Тўлқин тирик, уни қозоқлар қул қилиб ишлатиб юришибди” – бу Дармон опанинг Тўлқин исмли ўғли ҳақида айтилган гапларнинг баъзилари, холос.

Дармон опа ўғиллари масаласида Тошкентга тез-тез келиб турарди. Дармон опа Тошкентга келса менинг Юнусободдаги уйимга кирмасдан кетмас эди – ўша пайтда мен бошқарган Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ)нинг офиси менинг квартирамда бўлиб, у ҳамма вақт гавжум бўларди. Терактларни баҳона қилиб, И.Карим шотирлари асосий зарбани номозхонларга йўналтирди. Дармон опа номозхон аёл бўлиб, номозни канда қилмас, аёллар жамоасига қўшилиб номозини ўқиб оларди. Питнакдан Тошкентга қатнаш осон эмас, ўғиллари масаласи билан шуғулланувчи давлат идораларининг ҳаммаси Тошкентда жойлашган. Дармон опанинг баъзи танишлари: “Опа, Питнак билан Тошкент орасида юрасизми бўзчининг мокисидай уёққа-буёққа қатнайвериб – Питнакдаги ҳовлингизни сотингда, пулига Тошкентдан жажжигина бирхонали уй олинг” дея маслаҳат беришибди. Бу гап Дармон опага маъқул бўлди – Дармон опанинг таниш-билишлари кичик бир ҳовлича излашга тушиб кетишди. Топилмади. Дармон опага таниш бир аёл: “Чирчиқ шаҳрининг шундоқгина бошида кичик бир ҳовличани кўриб келдим. Эртага сизни ўша ҳовличага олиб бораман – ёқса, нархини келишасиз” деди. Хуллас, Дармон опа тез орада “чирчиқлик” бўлиб қолди.

БАҲАЙБАТ ЭРКАК

Янги жойда И.Карим шотирлари Дармон опани тинч қўйишмади. Дармон опанинг ҳовличасига дам-ба-дам милиция ходимлари келишиб, бири водопроводини бузиб кетди, иккинчиси келиб электр симларини узиб кетди, учинчиси келиб сохта айб билан протокол тузиб кетди. Ўғиллари масаласида турли идораларга чопавериб, Дармон опа ҳамманинг жонига тегди. Нима қилиш керак? Йўли битта: Дармон опанинг ғашига тегиш, жанжал чиқариш ва Дармон опани 10 суткага қамаш – шундагина у “тинчийди”. Бошқа йўли йўқ! Дармон опа бир сафар Чирчиқдан Тошкентга келганида Чирчиқ шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник [исм-шарифини эслай олмадим] яқинда ҳовличасига келиб, ҳовличадаги ҳамма нарсаларни тепиб, синдириб, ҳовлича эгаларига бақириб, уларни сўкиб ва ҳақоратлаб кетганини гапириб берди.

Шу гапнинг устига, Юнусободдаги уйимга, Голландиянинг Ўзбекистондаги ноформал элчиси Тимен Ковенаарг кириб келди. [Дарвоқе, менинг Франциядан Ўзбекистонга қайтганимни эшитиб, у Москвадан Тошкентга учиб келибди, Тошкентда эса такси ёллаб Жиззахдаги ҳовлимга келиб мени зиёрат қилиб кетди. Айни кунларда у Москвада БМТнинг қандайдир миссиясида ишлар экан]. Дармон опанинг ҳикоясини Тимен ҳам эшитди ва … иккаламиз бирга, Чирчиққа, ўша подполковник билан учрашувга боришга аҳд қилдик. Бордик. Навбатчи милиционерга “начальник (бошлиқ) қабулига кирмоқчимиз” дедик – у йўл бошлади. Начальник хонасига кирдик. Тўрдаги стол ортида бир баҳайбат одам ўтирибди – мен умримда бундай баҳайбат одамни кўрган эмасман. Саломлашдик. “Хў-ў-ўш, гапиринг, тинчликми?” дея сўради начальник ва ён чунтагидан қўл телефонини олиб, уни айлантириб ўйнай бошлади.

“Йўқ, тинчлик эмас. Танишайлик – мен Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг раиси Толиб Ёқубовман. Сизнинг бир неча шоввоз милиционерларингиз, кеча Дармон Султонова ҳовличасига бориб, ҳамма ёқни алғов-далғов қилиб, уриб, синдириб кетишибди. Мана, бу ҳужжатлар гувоҳлар, Дармон опанинг қўни-қўшнилари томонидан тузилган ва имзоланган. Сиз нормал милиционерлар бўлимини бошқараяпсизми ёки бандитлар тўдасиними?” “Мен Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг раиси Толиб Ёқубов бўламан” дейишим биланоқ начальникнинг ранги ўзгарди, кўзи аланг-жуланг атрофга қарар, қўли эса қалтирай бошлади – буни қўли қалтираши туфайли қўл телефони столга “тақ-тақ-тақ” товуш чиқариб урилаётганидан билиш мумкин эди.

“Мен Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг раиси Толиб Ёқубов бўламан” деган жумла баҳайбат гавдали начальникнинг ўтакасини ёрворди, “Мен Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти раисиман” жумласи начальникга “Мен Ўзбекистон Республикаси президентиман” дегандай таъсир этди. Начальник бизга катта ваъдалар берди, у биз билан кўчада хайрлашар экан “керак бўлса, Дармон Султонова ҳовличаси олдида доимий пост ташкил этаман” деди. Машинамиз милиция бўлимидан 100 м. узоқлашгач, машинада кулгу бошланди – ҳаммадан кўпроқ ва завқланиб Тимен Ковенаарг кулди – у анча жойгача ўзини кулгудан тўхтата олмади. 2006 йил августида ўзим чет элга, Францияга, чиқиб кетишга мажбур бўлдим. Шу-шу Дармон опа билан алоқамиз узилди. Кунларнинг бирида “Дармон опа келинлари, ногирон қизи ва неваралари билан Туркияга келибди”, деган гапни эшитдик. Яна қандайдир вақтдан кейин бизга Дармон опа “бола-бақраси” билан Туркиядан Киевга учиб келибди” деган хабарни айтишди. Чамаси, халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотлари Дармон опа оиласининг ахволидан хабардор бўлишган ва уларнинг Тошкент-Истамбул ва Истамбул-Киев маршрутлари бўйича учишнинг барча харажатларини кўтаришган бўлса керак.

МЕТИН ИРОДАЛИ  АЁЛ!

Ҳозир Дармон опа келинлари, ногирон қизи ва неваралари билан меҳмондўст Швецияда яшамоқда. “Худо бир эшикни ёпиб қўйса, бошқа бир эшикни, сўзсиз, очиб қўяди” дейишади донишмандлар. Ислом Карим шотирлари Дармон Султон оиласи олдидаги барча эшикларни ёпиб қўйишди. Бироқ, дунёда қалби пок инсонлар ҳам кам эмас – ўшалар Дармон опа оиласи олдидаги барча эшикларни очиб қўйишди. Дармон опа ва унинг яқинлари менинг ёдимга тез-тез тушиб туришади. Дармон опа ўз ҳаётида улкан қийинчиликларга дуч келди, бироқ синмади. У метин иродали аёл экан. Ҳар қандай 10 та аёлдан 9 таси бу синовларга дош бера олмай ё ўлиб кетарди, ёки синиб одам қиёфатини йўқотар эди. Ўйлашимча, Дармон опа оғишмай, бошини мағрур кўтариб, мардонавор ҳолда Аллоҳнинг синовидан ўтди – мен, Аллоҳнинг қули, Дармон опани Ўз Жаннатига доҳил қилишини сўраб қоламан.

(Тамом)               31 май, 2019 йил;

Жиззах вилояти, Ш.Рашид тумани, Тоқчилиқ қишлоғи, Ҳамид Олимжон кўчаси, 27-уй.

 

Advertisements
Categories: МАҚОЛАЛАР | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.