Ҳар соҳадан бир шингил

 Толиб  ЁҚУБ

СВЕТ МАСАЛАСИДА  ИСЛОМ  КАРИМ  ДАВРИ  ШАВКАТ  МИРЗИЁ ДАВРИДАН АНЧА  ИЛГАРИЛАБ  КЕТИБДИ

[дайжест – ҳар соҳадан бир шингил]

Бундан бирнеча кун аввал тун соат 12,5 бўлганда, мен ҳали компьютерим олдида у-бу нарсалар ёзиб ўтирганимда, кутилмаганда, свет “пўп” этиб ўчиб қолди. Зимистон. Кимдир бурнингга чертиб кетса ҳам ким чертганини билмайсан, киши. “Свет келиб қолар” дея анча кутдим – келмади: “сен кимга айтаяпсан?” демади. Ўйланиб ётдим. Кўзим уйқуга кетгандай бўлувди – тўсатдан, уйқу аралаш, бир воқеа эсимга тушди. Воқеа Ўзбекистонда, И.Карим даврида, мен, ўғлим Олим, келиним Зебо ва учта неварам Доно, Ало ва Холида Франциянинг Angers шаҳрида яшаётган пайтимизда бўлиб ўтган. Биз тез-тез, деярли ҳар куни, ё Жиззахга, ёки Тошкентга телефон қилардик [Францияда уй телефонларига телефон қилиш текин – буни махсус алоқа компанияси ташкил этган]. Истаганча гаплашаверинг – пул ёзилмайди.

Сўҳбатдошларимизга берадиган саволимиз эса битта: “Ўзбекистонда аҳвол қандай – свет борми?” Жавоб ҳам битта: “Свет бор – у бир суткада 4-5 соат берилади, холос”. “Болалар дарсини тайёрлаши, аёлингиз хамир қориши, ўзингиз мол-ҳолга қарашингиз керак. Шунча долзарб ишга 4-5 соат вақт етадими – етмаса керагов! А? Қоронғу-ку! “Пайпаслаб қилавераман” дейсизми? Э, нервингизга балли-ей! Нервингиз ҳам мол боғлайдиган арқондай бўлса кераг-ов, ундайда!

НЕСУН ва  МАШОҚЧИЛАР                                                                                                               

CCCР – тоталитар давлат эди. Тоталитаризм ҳукм сурган давлатда инсон хусусий мулкга эга бўлиши қонун билан “таъқиқланарди”. Мазкур таъқиқ жамиятда “несун” (“ташмачи”) ва “машоқ йиғувчилар” синфини яратди. “ Несун” ким? Тушунтираман. Несун – ҳар қандай завод ёки фабриканинг ишчиси бўлиб, у ҳафтада 5 ёки 6 кун ишлайди, 1 ёки 2 кун дам олади. 1 ой = камида 4 ҳафта. Демак, ишчи 1 ой давомида камида 28 соат станок олдида туриб гайка, шайба, болт (болтча) ва бошқа “майда-чуйда”ларни ясайди. Иш кунининг иш соати тугагач, ишчи уйига кетиш ҳаракатига тушади – у станокни артиб тозалаши, станок атрофини супуриб-сидириши, гайка, шайба, болтча ва бошқа нарсаларни ясашда ишлатган асбоб-ускуналарни жой-жойига қўйишини унутмайди.

Ишчи яна бир нарсани: у кун давомида ясаган гайка, шайба ва болтчалардан бир ҳовучини чўнтагига ёки гугурт қутичасига жойлаб уйига олиб кетишни ҳеч ҳам унутмайди. Ана шундай ишчиларни оддий халқ: “несун” (“ташмачи”) дея атар эди – улар жамиятда каттагина синфни ташкил этишган. “Несун” ўрис тилида “ўғри” маъносига ҳам эга. “Каттагина синф” шуни англатади-ки, коммунистлар кўкларга кўтарган СССР ўғрилар юрти бўлган. Завод ва фабрикага кириш-чиқиш жойлари (проходная) қаттиқ қўриқланган – ўрисларнинг айтишича, проходнаядан одам тугул, ҳатто “сичқон ҳам сездирмасдан ўтиб кета олмаган”. Савол: Проходнаяда турган қўриқчилар шу йўлакдан юзлаб несунлар ўтиб кетаётганини билишмаганми? Жавоб: Билишган! Жуда яхши билишган! Яна савол: Нега проходная қўриқчилари несунларни ушлашмаган? Жавоб: Ўрислар: “Рука руку моет” [Қўл қўлни ювади] дейишади. Маъноси:  КПСС МК 1-чи котибидан тортиб ҳар бир несунгача – ҳамма ўғри бўлган. И.Карим 1990 йилдан бошлаб Ўзбекистонда “катта несунлик”ни йўлга қўйди – асосий несунлар унинг қизлари бўлди.

И.Карим даврида давлатнинг асосий несунлари фақатгина унинг қизлари эмас эди. Давлатда жуда юқори лавозимни эгаллаган НЕСУН-шахслар мавжуд эди-ки, уларнинг баъзиларини санаб кўрсатмасдан иложимиз йўқ: Рашид Қодир, унинг 1-чи ўринбосари Азимжон Эргаш, ИИ вазири Зокиржон Алмат, МХХни 27 йил бошқарган Рустам Иноят – шулар жумласидандир. Мазкур рўйхатда қайд этилган Р.Қодирни Ўзбекистон Республикасининг қайсидир туман суди, эшитишимизча, 10 (ўн) йилга озодликдан маҳрум этибди. Р.Қодир бош прокурор лавозимида ишлаб турган пайтда мухолифатнинг қатор вакилллари ё ўлдирилди, ёки узоқ муддатли қамоқ жазосига маҳкум этилди. Р.Қодир зулмидан жабр кўрганларнинг “оҳ-воҳ”ини Ўзбекистон одил суди ҳисобга олмайдими?

Энг қизиғи – давлатнинг Азимжон Эргаш, Рустам Иноят, Зокиржон Алмат каби қатор собиқ лавозимли шахслари “еганини майда чайнаб” бемалол юришибди. Ундан-да қизиғи: “кеча президент Ш.Мирзиё яқинда Гулнора Карим ва Рашид Қодирни авф этармиш – бу икки шахс шу кеча-кундузда озодликга чиқармиш” деган гапни эшитдик. Намозхон, ислом дини қонун-қоидаларини мукаммал ўзлаштирган Искандар Худойберган талай йиллардан бери Жаслиқ қамоқхонаси (УЯ 64\71)да сақланмоқда – у сохта айбдар асосида қамоқ жазосига тортилган – буни прокуратура ходимлари ҳам, судьялар ҳам яхши билишади. Лекин, уни қилмаган айби учун “авф этиш” янги президентнинг ҳаёлига ҳам келган эмас.

СССР пайтида бегона одамнинг завод ва фабрикага кириши ва чиқишига қатъиян йўл қўйилмаган – чунки барча завод ва фабрикаларга кириш ва чиқишда пропуск системаси қўлланилган – “пропускинг бўлса кирасан (чиқасан), акс ҳолда, қамаласан”. Бу иддаони ҳар қандай завод ва фабрикага кириш ва чиқишни назорат қилган КГБ илгари сурган.

СССР пайтида “машоқ йиғувчилар” ҳам бўлган – мен уларни болалик давримда ўз кўзим билан кўрганман. Кўз олдингизга келтиринг: кенг дала, пишган бўғдой елпин шабодада чайқалиб турибди, комбайн сап-сариқ бўғдой поясини ўриб кетмоқда, поядан ажраган бўғдой шовуллаб комбайн бункерига бориб тушмоқда. СССР пайтида ўрим комбайнлари мукаммал бўлмаган – улар пишган бўғдойни чала ўрарди, яъни, комбайн лопатка (ямлагич)лари ўрилган барча бўғдойпояларни ўзида ушлаб қола олмай “исрофгарчилик”га йўл қўярди.   Кейинчалик маълум бўлди-ки, мукаммал комбайнларни социалистик СССРда эмас, “ғирт капиталистик” бўлган Францияга ўхшаш давлатлар ишлаб чиқарар экан.

Яна ўзимизнинг жонажон, теша ёки болтадан яхшироқ комбайнларимизга қайтамиз. Чала ўриш натижасида совет комбайни бутун-бутун бошоқларни ерга сочиб [тўкиб, ташлаб] кетаверарди. Айнан номукаммал комбайн “тушириб қолдирган” бошоқлар оч-ялонғоч халқнинг жонига аро кирди – одамлар халта-хуржун кўтариб, комбайн ортида юриб, тўкилган бошоқларни териб юришни одат қилишди. Ҳарна-да! Териб келинган бошоқларни одамлар кели [ўғир]да туюшар – донини ун қилиб ўзлари ейишар, кепагини эса мол-ҳолига едириб кун кечиришар эди.

Халқ – доно, донолар ичида эса ўта доноларни учратиш мумкин – қуйида шуларнинг биттаси ҳақида гап кетади. Баён этилаётган воқеа Ислом Карим давлат раҳбари бўлган пайтда содир бўлган. Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларининг биридаги [ҳудуд ва қишлоқ номларини, ушбу мақола қаҳрамонининг исм-шарифини эслай олмадим – қаричилик-да], қишлоқ мактабида, иқтидорли [талантли] бир йигит физика ва математика фанларидан дарс бериб юрарди. Мен унинг исмини шартли равишда Анвар дея атайман. И.Карим даврида бир суткада свет нари борса 4-5 соат берилган – бу гап юқорида ҳам айтиб ўтилди. Бу ҳолат фақат Тошкентда, ё Самарқандда, ё Фарғонада ва ёки Жиззах бўлган эмас – бу ҳолат бутун Ўзбекистонда шундай бўлган. Бундай ҳолат мақола қаҳрамони яшаб ишлайдиган қишлоқда ҳам шундай бўлган.

Анвар ҳовлисининг шундоқгина ёнида эни бир метр келадиган ариқ бўлиб – тоғли ҳудуд эмасми – ундаги сув шиддат билан оқар, ёш бола билмасдан тушиб кетса, оқизиб ҳам кетиши мумкин экан. Кунларнинг бирида, свет ўчавериб жонига теккан бир пайтда, Анварнинг миясига “лоп” этиб бир фикр келади: “Мен – физикман-ку, ҳовлимнинг шундоқгина ёнида шиддат билан бир ариқ сув оқиб турибди. Ариқ қанча кенг бўлса, ундаги сув шунча секин оқади, ариқ қанча тор бўлса, ундаги сув шунча тез оқади – гидродинамиканинг мазкур ҳақиқатини ўз вақтида швейцариялик физик олим Данило Бернулли исботлаган.

Тўрт қадам нарида шарақлаб, шиддат билан бир ариқ сув оқиб турган бўлса, Худонинг Ўзи: “Ҳой, бандам! Кўзингни оч – Мен шундоққина ёнингдан бир ариқ сувни оқиздириб қўйганман-ку!” деб турганда мен банда нима қилишим керак? Университетда домламиз – у кишини Худо ўз раҳматига олган бўлсин – практика пайтида электр генераторлар ишлаб чиқарадиган цехга олиб борувдилар. Шунда электрогенератор нималигини, у инсонлар ҳаётида қандай роль ўйнашини мен биринчи марта тушундим [уни ўзбек тилига ўгирсак: “электр токи ишлаб берувчи қурилма” бўлади].

“Электр генератор – жўн нарса – уни айлантирсанг бўлди – ток ишлаб бераверади. Ташлаб юборилган, лекин ҳали камида 10 йил электр токи ишлаб чиқаришга қодир бўлган электр генераторларни мен МТС [Машина – трактор станцияси] ташкилотида юзлабини кўрганман. МТСга борсам, битта эмас, ўнта электр генераторни текинга беришади” дея мулоҳаза қиларди Анвар онда-сонда..

Мақола қаҳрамони МТСга борганда қоровул амаки эски буюмлар омборининг калитини унинг қўлига тутқазаётиб: “Болам, яхши ишга қўл урибсан – бунинг савоби катта. Кераклисини олавер. Ўзинг биласан-ку, йил охирида биз уларнинг ҳаммасини утиль-сырьё топшириб юборамиз” деди. Анвар ташландиқ электр генераторлар орасидан 4 тасини ажратиб олди ва уларни бир қишлоқдошининг машинасида ўз ҳовлисига олиб келди. Анвар олиб келинган генераторларнинг биттасига алоҳида ишлов берди – чангдан ва зангдан тозалади, мойлади, узилган симларни улади ёки алмаштирди, охирида, генератор корпусини янги сувюқмас рангга бўяди.

Ариқдаги тоғдан оқаётган сув тезлиги шиддатли бўлса-да, сув тезлигини ошириш мақсадида Анвар ариқни сунъий торайтириш чорасини ишлаб чиқди – у узунлиги камида 5 м.лик тахталардан узунлиги 5 м. бўлган нов ясади. Нов ариқ ичига ётқизилгач, сув нов бўйлаб икки баробар шиддат билан оқа бошлади. Анвар электрогенераторни новнинг пастки учига ўрнатар экан, аввал унга [электрогенератор ўқининг учига] сув уриладиган металл парраклар ўрнатди. Ҳосил бўлган “электростанция”ни синаб кўрадиган пайт келди – “электростанция”га битта лампочка уланди – парраклар шиддат билан айланган сари лампочканинг ёритиши кескин ошиб борди.

Кейинги 2 кунни Анвар уй хоналари, оғил, тандирхона, ошхона ва ҳожатхонага сим тортиш ва лампочкалар ўрнатишга сарфлади. Тантана шундан кейин, кеч бўлиб, қоронғулик тушганда, бошланди – Анварнинг аёли, болалари, ота-онаси ва қўни-қўшниларининг гувоҳлигида электростанция тўлиқ ишга тушди – ҳаммаёқ ёп-ёруғ, кети узилмас қийқириқ, байрам шукуҳи, оммавий чапак – э-э-э-нимасини айтасиз! Йиғилган одамлар орасида “шивир-кичир” гап-сўз бошланди: “Қўшнимизнинг ҳовлиси тамоман ёришиб кетганидан биз, табиий, хурсандмиз. Лекин, бизлар-чи? Биз қоронғуда ўтираверамизми? Ёки биз ҳам Анвар қўшнимиздек қўлбола электростанция қуришни бошласакмикин?

Қишлоқ катта. Ҳамма бош-бошига электростанция қураверса, давлат индамасмикин ёки бирор чорасини кўрармикин?”. “Э, овозингни ўчир – ҳе, овозинг қуриб кетсин. Ётган илонга тегажоғлиқ қилиб нима фойда кўрасан?” Анвар ўртага чиқди ва оҳиста гап бошлади: “Дўстлар! Қизишманг! Менинг ҳам бир билмас фикримни эшитиб кўринг. Мен қурган электростанция ишлабчиқараётган электр токи ҳамма хонадонга етади – ортиб ҳам қолади. Эртадан бошлаб ҳамма ўз хонадонига электростанциядан етарлича сим (кабель) тортиб келсин. Ҳамма шу ишни бажарса, мен уларни токга улайман. Текинга. Мен ҳеч кимдан пул олмайман. Келишдикми?

Эртаси куни қишлоқдаги ҳамма хонадонларда электр чироқлар чарақлаб ёниб турди. Бироқ, бу шодиёна узоққа чўзилмади: 2 кундан кейин қишлоққа И.Карим шотирлари кириб келишди – уларни қишлоқ оқсоқоли бошлаб келибди. Шотирларнинг бошлиғи гап бошлади: “Ўртоқлар! Бизга қишлоқдошингиз Анвар исмли йигит ноқонуний тадбиркорлик билан шуғулланаяпти, деган маълумот келиб тушди. Ноқонуний тадбиркорлик ёмон нарса – у давлатга катта зарар келтиради. Биз бундай зарарнинг олдини олишимиз керак – йўқса, давлат асфаласофилинга юз тутади. Саволлар борми?  Саволлар бўлмаса, мажлисимизни ёпиқ деб эълон қиламан. Энди, ҳамма, ноқонуний тадбиркорлик билан шуғулланган Анварнинг электростанциясига уланган хонадонлар вакиллари ўз симлари (кабельлари)ни олиб келиб бизга топширади – биз уларни давлат фойдасига ўтказамиз. Тушунарлими? И-е-е, шу оддий ҳақиқатни тушунмайдиганлар ҳам борми ҳали орангизда? Ажабо!

Қани, ҳамма ўз ўрнидан туриб, бирин-кетин, сим-кабельларни йиғиштиришни бошласин-чи, кўрайлик, нима бўларкин! Осмон узилиб ерга тушмаса кераг-ов, чамаси!Ҳой, атлас кўйлакли аёл, болангга қарасанг-чи, намунча у чириллайди, жонга тегиб кетди-ку, унинг чириллаши!Биз буерга эрмак учун келганимиз йўқ-ку, биз буерга давлат иши билан келганмиз – буни муҳтарам оқсоқолингиз ҳам тасдиқлашлари мумкин! Шундайми, тақсир? Ана, ўзлари ҳам бош ирғатиб тасдиқладилар.

Сизларга свет керак бўлса, муҳтарам президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг қабулларига боринглар – ул муҳтарам зот бундай ишларни “шесть секундда” ҳал қиладилар. Кайфиятлари яхши бўлса, албатта! Айни кунларда кайфиятлари унчалик яхши эмас, чунки тўнғич қизлари Гулнорахон чатоқроқ чиқиб қолди. Йўқ, у ўғри эмас – са-а-ал чатоқроқ, холос! Ҳозир, Содиқ Сафо жаноблари Гулнорахонга уйланмоқчи бўлиб астойдил ҳаракат бошлаганлар. Машшойиқларнинг “тенг тенги билан, тезак қопи билан” деганлари шу бўлса керак,деб ўйлайман! Кечирасиз, са-а-ал чалғиб кетдим, чамаси. Сим ва кабельларни йиғиштириб, олиб келиб, бизга топширган барча фуқароларга ўзимизнинг самимий ташаккуримизни билдириб қўймоқчиман.

Раҳмат!

Энди, Анвар исмли йигитнинг ноқонуний тадбиркорлик билан шуғулланишига чек қўйишнинг вақти келди – энди ҳаммамиз ноқонуний қурилган электростанциянинг олдига бориб, уни бузиб ташлашимиз керак. Шундагина муҳтарам президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг кўнгиллари ҳам, бундан ташқари адолат ҳам ўз ўрнида таскин топади. Кетдикми? Кетдик!”

“Кўпчиликдан қуён қочиб қутула олмайди” дейишади донолар. Анвар қурган электростанцияни бузиб ташлаш мақсадида қишлоқ оқсоқоли ўз ортидан И.Карим шотирлари ва 2-3 та: “Менга электр-пелекторинг керак эмас – менга керосинда ишлайдиган жинчироғим ҳам бўлаверади” деган одамлар эргашди. Улар орасида билаги кучга тўлган, қўлида ким кувалда, ким ойболта кўтарган 3-4 та ёш йигитлар ҳам кўринди. “Бузиш – қуриш эмас! Қуришга ҳафталар, ойлар ва баъзан йиллар кетади, бузишга эса бир кун ҳам кўплик қилади – кувалданг ёки ойболтангни 2-3 марта айлантирсанг бўлди: Турумтоғ ҳам яксон бўлади”.

Анвар қурган электростанцияни бузиш учун битта теша ва 10 минут вақт етарли бўлди. Қизиғи: Анвар қурган электростанцияни бузиш жараёнида ёш гўдаклар, аёллар, қишлоқ оқсоқоли ва бир неча кучга тўлган ёш йигитчалар ҳам иштирок этишди – буни юқорида ҳам айтиб ўтдик. Анвар қурган электростанцияни бузиш воқеасини менга гапириб берган дўстимнинг гапига қараганда: 1) бузишнинг бошидан охиригача аёллар тинимсиз, изиллаб йиғлаб туришган; 2) оналарининг йиғлаши сабабини тушунмаган ёш гўдакларнинг йиғиси эса осмону-фалакни тутиб кетган; 3) кучга тўлган ёш йигитчаларга қарасангиз, ҳаммасининг панжалари мушт бўлиб тугилганини, қиёфасидан эса мушт эгаси ҳақиқий изтироб чекаётганини сезиш мумкин эди.

Анвар яшайдиган қишлоқ яна зимистон қоронғуга чўмди – одамлар керосин солинган жинчироқ кўтариб юришга қайтишди: 2-чи жаҳон урушидан кейин СССРда шундай эди – биз, ёш болалар, керосин солинган жинчироқ ёруғида дарс қилиш, китоб ўқиш ёки кечаси мижжа қоқмай, ота-онамиз ёнида ўтириб, пахта даласидан [юлиб] олиб келиб ҳовлига ағдариб кетилган арава-арава ҳўл кўсак чувишга мажбур бўлардик.

Хотима: СВЕТ МАСАЛАСИДА  ИСЛОМ  КАРИМ  ДАВРИ  ШАВКАТ МИРЗИЁ ДАВРИДАН АНЧА ИЛГАРИЛАБ  КЕТИБДИ.

Тўғри-да: И.Карим даврида бир суткада свет 4-5 соат берилган. Шундайми? Шундай! Дальше кетдик. “Қоронғулик бир суткада 12 соат давом этади” десак ва ундан 4-5 соатни минус қилсак, демак, И.Карим даврида ҳақиқий қоронғулик бор-йўғи 7-8 соат давом этган – Ш.Мирзиё давридагидек суткалаб эмас-ку! [Мақола бошига қаранг: мақола бошида мен: “роппа-роса 2 сутка свет ёнмади” дея ёзганман].

Францияда свет яккам-дуккам ҳолларда ўчади, холос. АҚШ, Канада, Австралия, Янги Зеландия, Япония, Жанубий Қурия, Европа Иттифоқи (ЕИ)га кирувчи ва кирмайдиган [мас., Дания, Финландия] барча давлатларда ҳам шу – аҳоли свет ўчаверишидан азият чекмайди. Эътибор қилинг: юқорида санаб ўтилган давлатларнинг ҳаммасида демократик тузум ўрнатилган. Фақат ўрнатилган эмас – мазкур давлатларда демократик тузум оғишмай ишлаб турибди, И.Карим, ёки Ш.Мирзиё давридагидек авторитар сиёсий тузум барқ уриб ишлаб тургани йўқ.

Мен Франциядан Ўзбекистонга қайтгач, бир ой ўтказиб, давлат раҳбари Шавкат Мирзиё ва бош вазир Абдулла Ориф номига 10 та таклиф билан мурожаатнома йўлладим. Шундан сўнг ҳовлимга келаётган давлат мулозимларининг кети узилмай қолди – бироқ 10 та таклифнинг ақалли биттаси ҳам амалга ошмади.

Йўқ, давлат мулозимлари ҳовлимга қуруқ ўзлари кириб келишгани йўқ – улар 2 (икки) марта, катта-кичик 2 (икки)та картон коробкани тўлдириб, майда-чуйда, у-бу нарсалар билан кириб келишди. Зўр сўҳбатлар уюштиришди. “Биз сизга қайси ишингизда ёрдам берайлик?” дея сўрашди улар. “Мен давлатга 30 йил – 1 йил қишлоғимиз мактабида (1963 й. 15 август – 1964 й. 15 август) оддий ўқитувчи лавозимида, 29 йил Низомий номли Тошкент Давлат Педагогика институтининг математика факультетида (1964 й. 15 августдан то 1992 йил 2 ноябрьгача турли [кичик лаборант, катта лаборант, ассистент, катта ўқитувчи, доцент] лавозимларида ишладим. Математик мантиқ (математическая логика) фани бўйича, Педагогика институтлари математика факультети студентларига мўлжалланган 2 та ўқув қўлланмасини тайёрладим ва улар 1985 ва 1996 йилларда “Ўқитувчи” нашриётида босмадан чиқди. Бироқ, нафақадан дарак йўқ – бировлар: “олса бўлади”, дейишса, бошқа бировлар эса: “нафақангни тушингда кўрасан” дейишади. Тушунмай бошим қотиб қолди: мен ёлғон гапираётганим йўқ-ку – Худога минг қатла шукр, баъзи бирга ишлашган ҳамкасбларим ҳали тирик – шу гувоҳлар менинг гапларимни – “э”, “пэ”си йўқ тўлиқ тасдиқлашади.

Гувоҳларни қўятурайлик – давлат архивларида ҳамма ҳужжатлар бекаму-куст сақланади-ку! Нега давлат менга салкам 13 йиллик нафақамни бермаслиги керак? Бериши керак! Ўзбекистон давлати 13 йил менинг нафақамни ўз эҳтиёжи учун ишлатган, ундан даромад олган, ундан ўзининг баъзи мулозимларига – мас., собиқ бош прокурор Р.Қодир, ёки унинг собиқ 1-чи ўринбосари А.Эргашга маош тўлаган бўлиши мумкин. З.Алмат ва Р.Иноят давлатга текинга ишлаганми? Йўқ, улар ўлиб қолса ҳам текинга ишламайди!

НАФАҚА (ПЕНСИЯ)

Францияда Даниель исмли танишим бор – у ҳам мен каби касб сифатида “математика ўқитувчиси” бўлишни танлаган. Даниель мен каби фақат битта ўқув даргоҳида – Angers шаҳри лицейида ишлаган. Даниель нафақага чиққач, дунё бўйлаб саёҳатларга боришни одат қилди. Баъзан у ҳафталаб ёки, ҳатто, ойлаб “кўринмай қолади”: “Даниель кўринмай қолди-я” дейман келинга. “Даниель Хитойга кетган. Хитойдан у Тошкентга, Ўзбекистон сафарига, борса керак. Даниельга Хитой жуда ёққан – у Хитойга 3 марта борган” дейди келиним. Францияда нафақа жуда катта ва у НАФАҚА ФОНДИ (НФ)да сақланади. Нафақахўр ўз нафақасини қанча сарфламасин – у ошса ошади-ки, асло камаймайди. Сабаби оддий: франциялик тадбиркор (бизнесмен)лар ўз бизнесини ривожлантириш мақсадида НФдан истаганча катта “қарз” олишади, ва уни фоизи билан НФга қайтаришади. Яна такрорлайман: Францияда қария, ногирон ёки боқувчисиз боланинг нафақаси ҳеч қачон камаймайди! Ошиши эса аниқ! Менинг танишим Даниель шунинг учун ҳам дунё кезади – дам қарасангиз уни қора Африканинг бирор мамлакатида, яна бир суриштирсангиз уни АҚШ ёки Буюкбританияда, яна бир қизиқсангиз сайёҳни Франциянинг Жанубий Американинг шимолий-шарқидаги доминиони (ярим мустамлакаси) француз Гвианасида юрганини билиб оласиз.

Ўзбекистонга қайтамиз. Франциянинг Ўзбекистондан қаери кам? Бебурд савол! Дунёда энг ривожланган давлат, шартли равишда, 10 та десак – бири, сўзсиз, Франция дейишга тўғри келади. Францияда миллий Нафақа Фонди узлуксиз, ғирромлик қилмасдан ва оғишмай ишлаб турибди. Ўзбекистоннинг Франциядан қаери кам? Бу – жиддий сиёсий савол. Гарчи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1-чи моддасидаёқ: “Ўзбекистон суверен демократик республика” дейилган бўлса-да, Ислом Карим даврида “ демократия”нинг “д”си ҳам кузатилмади. Демократик сиёсий тузумда давлат бошлиғи тинч, муқобил вакиллар иштирокида, кўппартиялилик шароитида ўтказилган умумхалқ сайловида сайланиши лозим. “И.Карим биринчи марта Ўзбекистон Республикаси президенти лавозимига 1991 йил 29 декабрьда сайланди” десак ва умрининг охиригача (2016 йил 2 сентябрь) шу лавозимни сақлаб қолганини [қўғирчоқ Саидов, Кетмонов ва бошқалар иштирокида ўтказилган сохта сайловни] эсласак, “Ислом Карим даврида “демократия”нинг “д”си ҳам кузатилмади” деган иддаомиз ўз исботини топади.

Муҳтарам Ш.Мирзиё жаноблари ўзининг ҳар бир чиқишларида бир нарса – туризмни ривожлантиришга урғу бермоқда. Мен биринчи марта 1998 йилда Европага сафар қилдим – сафарим Польша давлатининг пойтахти Варшавада кечди. Мени бир нарса ҳайратга солди: қаёққа қарасанг ҳаммаёқда туристлар: японлар, хитойлилар, жанубий қурияликлар, инглизлар ва, ҳатто, узоқ АҚШликлар гурос-гурос Варшава кўчаларини тўлдириб юришибди. Бироқ, на Варшавада, на Парижда, на Лондонда ва на бошқа пойтахт шаҳарларда ўзбекистонлик туристлар гурос-гурос кўча тўлдириб юришини бир марта ҳам кўрмадим – Ислом Каримнинг ташқи сиёсати “олийжаноб” бўлганлигини шундан билса ҳам бўлади. Сабаби оддий: тоталитар СССР 1990 йилда парча-парча бўлиб, чок-чокидан ситилиб кетган бўлса-да, Ўзбекистонда унинг моҳияти тўлиқ сақланди! Бу фикрга қуйида биз: “ўртоқ И.Карим саъй-ҳаракатлари билан” деган жумлани қўшиб қўямиз.

МЕНИНГ ИККИ  ДЎСТИМ 

Менинг икки дўстим бор

Иккиси ҳам беозор.

Бири одамларга улашар зиё,

Буни кўриб яшнар Мирзиё.

Бирини “свет” дейишди,

Ҳамманинг ақли шошди.

“Газ” аталмиш униси,

Қараб турсин буниси.

Ёқса, сўзсиз, “ёнади”,

Ёқмаса сиздан тонади.

Хитой олди фойдани,

Ютиб кетди пойгани.

Ўзбекга қолди ўтин,

Зато рўзғори бутун.

Ўзбек таппи ёпади,

Шу билан у-бу топади.

Танчага газ керакмас,

Ёнган таппи бўлса бас.

Амаллаб қишдан чиқар,

Соғлиғи ишдан чиқар.

(Тамом)     03.07.2019

Жиззах вилояти. Ш.Рашид тумани, Тоқчилиқ қишлоғи, Ҳамид Олимжон кўчаси, 27-уй.

 

Categories: МАҚОЛАЛАР | Метки: , , | Leave a comment

Post menyusi

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s

Blog at WordPress.com.